вторник, 11 декабря 2012 г.

“Андижон”га нима бўляпти


Сўнгги йилларда Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар, вилоят аҳли эришаётган натижалар кўпчиликни бирдек хурсанд қилиб келмоқда. Айниқса, вилоятда олиб борилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бу ерга биринчи бор келган кишига ўзга бир оламга тушуб қолгандек таассурот ўйғотиши табиий. Андижонга меҳмон бўлган киши шаҳарни кезар экан, ҳар қадамда барпо этилаётган замонавий иншоотларни кўриб обод юртнинг бунёдкорлик ишларига ҳавас билан қарайди.
Бевосита Андижон ҳақида гап кетганда ўзбек футболида ўзига хос мавқейга эга бўлган вилоят футболига ҳам алоҳда тўхталиб ўтиш лозим. Аммо минг афсуски, бутун бошли вилоят номи билан тилга олинадиган “Андижон” футбол клубининг сўнгги пайтлардаги натижалари андижонлик миллионлар ўйини ишқибозларини ҳафсаласини пир қилаётгани аниқ. Бир неча йиллар аввал қуйи лигага тушиб кетган жамоа Олий лигада ўз мавқейини тиклаб олгандан сўнг барча унга катта умидлар билан қараган, ҳатто Осиё миқиёсидаги мусобақаларда ҳам иштирок этишни ўз олдиларига мақсад қилганди. Бироқ, клубнинг бир ёқадан бош чиқармасдан ишлаши натижасида қисқа фурсат ичида томир отиб кўкараётган жамоа илдизи билан йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бунинг сабабларини эса оддий бармоқлар билан санаб адоғига етолмайсан киши. Қисқаси, бу йил клуб ҳарқачонгидан оғир аҳволда қолгани аниқ.
Эътибор
Андижон вилоятида футболни ривожлантириш ва уни оммалаштириш борасида қилинаётган ишларни оддий сўз билан ифодалаш қийин. Боиси кўпчилик ёшлар ҳавас қиладиган, замон талабларига жавоб берадиган зарур инфратузилмаларга эга бўлган бир нечта футбол мактаби ҳам айнан мазкур вилоятда фаолият юритмоқда. Шундай экан вилоят ҳокимлиги томонидан футболни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни ҳар қанча ёзсанг кам. Аммо нега мутасадди раҳбарлар вилоятда футболни ривожлантириш борасида тинимсиз меҳнат қилаётган бир вақтда ўша ишларни амалдаги ижросини таъминлайдиган масъулиятли раҳбарлар миллионлар ўйинида керакли натижага эришиш учун эътиборсизлик қилаётганини тушуниш қийин.
Андижон вилояти ҳокими футболга қизиқиши ҳеч кимга сир эмас. Бунга ўзим ҳам бир неча бор гувоҳ бўлганман. Айнан ушбу қизиқиш сабабли бугун “Андижон” футбол клубида ўзига етарли барча имкониятлар яратиб берилган. Ҳар мавсум олдида ҳомийлар томонидан клуб ўзи истаган миқдорда маблағ билан таъминланиши ҳам сўзимиз исботи бўла олади. Аммо нега ҳокимлик томонидан бутун бошли клубга катта эътибор берилаётган бир вақтда клубнинг натижалари тобора қониқарсизлашиб бораётганлиги кўпчилик қатори бизни ҳам ҳайрон қолдириб келмоқда.
Ҳаммамиз биламизки бугун юртимизда “GM Uzbekistan” корхонаси жадаллик билан фаолият юритиб келмоқда. Айнан ушбу корхона “Андижон” футбол клуби ҳомийси эканлигини ҳам биламиз. Тўғрисини айтганда Олий лигадаги баъзи клубларимиз “GM Uzbekistan” корхонасини ўзларига ҳомий бўлишини жуда исташади. Боиси мазкур корхона ҳомийлик борасида бирор маротаба ҳам “Андижон” клубини уялтириб қўйгани йўқ. Халқ тили билан айтганда, ҳар доим кулибнинг егани олдида, емагани кетида туради.
Хўш, шундай экан унда нега клуб тобора парокандаликка юз тутмоқда? Нега ҳокимликнинг назаридан четда қолмайдиган жамоа осмондаги қанотсиз қуш сингари пастга шўнғимоқда?
Бу саволларга жавоб топиш мушкул. Балки футболчилар жамоада ўйнашни истамагани учун атайлаб қониқарсиз ўйин кўрсатишаётгандир. Балки ҳақиқатдан ҳам клубнинг  аҳволи ёмонлашгандир. Балки кимлардир клубнинг қониқарсиз натижаларини ҳокимлик томонидан ажратилаган маблағлар футболчиларга берилмаётганлиги билан изоҳлашар. Агарда ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади деган нақл борлигини унутмаслигимиз лозим.
Футболчилар ва клуб раҳбарияти
Ҳар қандай клубда ўзаро ҳамжиҳатлик катта ютуқларга эришишга сабаб бўлади. Буни узоқ ўтмиш ё бўлмасам европа жамоаларидан мисол қилиб айтишимиз шарт эмас. Оддийгина, жорий йилда ўзининг ёш таркиби билан мамлакатимиз чемпиони бўлган “Пахтакор” ва Осиё чемпионлар лигасида ярим финалга қадар етиб борган “Бунёдкор” жамоалари мисолида олишимиз мумкин. Тўғри, “қалдирғочлар”да ҳам ойлик борасида клуб раҳбарияти билан келишмовчилик бўлди. Ҳатто жамоа футболчилари бир бўлиб ЎФФ котиби Сардор Рахматуллаевга учрашгани ҳам бор гап. Аммо бу тамомила бошқа масала. Қайсидир жиҳатдан бугун ўша муаммо ҳам “қалдирғочлар” учун ҳал қилиб бўлинди. Энг муҳими ҳар қандай шароитда ҳам клубда ҳамжиҳатлик ўзини йўқотмади. Бунинг самарасини эса “Бунёдкор” клубининг ОЧЛда эришган натижаларидан ҳам билиш мумкин.
2012 йилги мавсум тугаганига анча бўлсада, айни пайтда “Андижон” футболчилари клуб раҳбарияти билан тамомила тескари муносабатда бўлиб қолган. Бундай шароитда эса янги мавсум тараддуди ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Айнан ўша тескари муносабат бугун бир вилоят жамоасини пароканда бўлишига олиб келмоқда. Ҳатто, клубнинг аксарият футболчилари янги мавсумда жамоа раҳбариятида сезиларли ўзгариш бўлмас экан келаси йили “Андижон”да қолмаслигини айтиб ўтаётганлари ҳам йўқ эмас.
Хўш, нега футболчилар клубни тарк этишга қаътий киришган? Нега улар жамоани бошқариш тизимидан норози?
Гап тўғридан-тўғри ойлик маош борасига келганда тан олиб айтиш керак жорий йилда Олий лигадаги кўплаб клубларимизда ҳам бу муаммо бўлди. Ҳатто ҳозир ҳам ярим мавсумдаги маошларини ололмаган футболчилар бор. Шундай экан, демак гап фақат ойлик борасида эмас, балки футболчилар билан бўлаётган бошқа муносабатларда. Афсуски, клуб раҳбарияти футболчиларга қандай вадалар берганию, уни қайсиларини амалга оширмагани биз учун қоронғу. Ҳар ҳолда айни пайтда “Андижон” клубидаги футболчилар Фозил Мирзаев клуб бошқарувида қолса жамоада қолмаслигини айтиб ўтишган. Андижонлик ишқибозлар учун энг аянчлиси ҳатто маҳаллий футболчитлар ҳам худди шундай тўхтамга келиб улгуришган. Яна бир бор таъкидлаб ўтаман. Бунинг сабабини футболчилар ва клуб раҳбариятидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Яна бир жиҳат. Мавсумни шов-шувли трансфер билан бошлаган “Андижон” ўз таркибига тажрибали ҳужумчи Владимир Шишеловни ҳам қўшиб олди. Бу водий жамоасининг сўнгги йиллардаги энг катта харидларидан бири бўлди. Аммо нега манашундай тажрибали футболчи жамоани тарк этди. Ваҳолангки, Шишеловнинг клуб билан тузилган шартномасида унга фақат хориж чемпионатларидан таклиф тушсагина “Андижон”ни тарк этишга келишилган эди. Бироқ, иккинчи даврага келиб ҳеч ким кутмаган ҳолда футболчи “Насаф” таркибида пайдо бўлди. Шу топда ўз-ўзидан савол туғилади. Наҳотки, катта маблағ эвазига жамоага жалб этилган Владимир Шишеловнинг бошқа клубга ўтиб кетиш сабалари вилоятдаги футболга мутасади кишиларни бир он бўлсада ўйлашга мажбур қилмаган бўлса.
Боз устига айни пайтда катта-катта ваъдаларга ишониб клуб билан шартнома тузган Владимир Шишелов "Андижон"даги қарзларини ундириб беришларини сўраб Ўзбекистон футбол федерациясининг тегишли бўлимига мурожаат қилишга ҳам улгурган.
Энг қизиғи, “Андижон” клуби келажаги билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси клуб раҳбариятини йиғилишга чақирганда лоаққал номига бўлсада клубдан бирор бир вакилни юбормаганлигини қандай тушиниш мумкин. Ҳар ҳолда ЎзПФЛ йиғинига бормаган клуб раҳбари Фозил Мирзаевга 3 миллион жарима қўллагани ҳам ҳақиқат. Агарда ЎзПФЛ ўз ҳаққини қолдирмаслигини инобатга олсак, клуб қўлланилган жаримани тўлаб бериши аниқ. Энди ўзингиз ўйланг, бундай ҳолда бир неча ойдан бери пешона терисини тўкилиб меҳнат қилган футболчи ўз ҳаққини сўраб кимга мурожаат қилсин. Яна ўша вилоят ҳокимигами?
“Андижон”да пул йўқми?
Юқорида таъкидлаб ўтканимиздек, “Андижон” клубига “GM Uzbekistan” корхонаси ҳомийлик қилади. Бу корхонанинг номини эшитган одамнинг ўзи у ҳомийлик қилаётган жамоанинг иқтисодий салоҳияти оқсаб қолганига ишониши қийин. Маълумотларга қараганда ҳомийлар томонидан клубга жорий йилда 5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилган.
Хўш, ўз ҳисобида шунча миқдордаги пули бўлган жамоа нега футболчиларга ойлик маош тўлашга келганда иқтисодий аҳволи таранглашиб қолди. Наҳотки, футболчиларнинг арз доди кун сайин ошиб бораётган бир вақтда ҳомийлар томонидан ажратилган пуллар қаерга ва нима мақсадларда ишлатилганлиги билан ҳеч ким қизиқмаса? Ахир йил бошида тузиладиган, қолаверса вилоят ҳокими тасдиғидан ўтказиладиган сметада футболчиларнинг ҳам ойлик маоши киритиладику? Ёки, йиллик сметада футболчиларнинг ойилк маоши алоҳида суммада кўрсатиладими? Бордию шундай бўлса, клуб бюджети 5 миллиарддан ҳам кўп эканлигини билиш учун математик бўлиш шарт эмас, назаримда.
Агар ҳақиқатдан ҳам йил бошидаги сметада футболчиларнинг ойлик маошлари ҳам киритилган бўлса, унда нега клуб футболчилардан ҳамон қарздор. Ёки, сметадаги пуллар бошқа мақсадларда, ё бўлмасам кимнигдир манфаатлари учун сарф қилинганмикан? Хўш, бу саволларга қаердан жавоб топиш мумкин. Йиллик сметага қўл қўйган вилоят ҳокимиданми ёки смета пулларини ишлатган клуб раҳбариятидан. Ахир бутун бошли клубга ажратиладиган пулларга минглаб андижонликларнинг ҳам оз бўлсада ҳиссаси борку? Демак, улар ҳам бу саволга жавоб топишга ҳақли.
Андижонлик мухлислар
Андижонлик мухлислар азалдан футболни севиб келган. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда клуб давомли мағлубиятларга учрасада ҳоҳ уйда ҳоҳ сафарда бўлсин жамоани бирдек қўллаб-қувватлаб келмоқда. Энг қизиғи, маълум бўлишича айрим ҳолларда “бургутлар”нинг мухлислари клубда қайси футболчи ўйнаши, клубни ким бошқариши борасида мутасадди раҳбарларга ўзларининг фикрларини баён қилиш ҳуқуқига эга экан. Тўғриси, мухлисларда бундай имконият борлигини билган бошқа клубларимиз андижонлик ишқибозларга ҳавас қилса ажабмас. Қолаверса, мухлислар билан ишлаш қайсидир жиҳатдан клубга бўлган ишончни янада орттиради.
Бироқ, “Андижон” клуби сўнгги йилларда мухлислар ташрифи борасида ҳам катта йўқотишларга эришган. Оддийгина, 2010 йилда “Андижон” иштирокидаги ўйинларда ўртача ҳисобда 11831 нафар мухлис тушган бўлса, 2011 йилда бу кўрсатгич 9769 нафарни ташкил этган. Жорий йилга келиб эса клуб ўйинига тушадиган мухлислар сони 6419 нафарни ташкил этмоқда. Агарда 2010 йилда клуб ўйинларига тушган мухлислар билан 2012 йилда клуб ўйинларига тушган мухлисларни таққослаганда икки йил ичида клуб 5412 нафар мухлисни йўқотган. Бу жорий йилда “Пахтакор” ўйинларига тушган ўртача мухлис сони билан тенг дегани. Қайсидир жиҳатдан қараганда, бу кўрсатгич клуб бир мавсумни мухлисларсиз ўтказгани билан баробар эмасми. Юқоридаги оддий ҳисоб-китоб ҳам клубнинг жар ёқасига нақадар яқин қолганини англатаётгандек, гўё. Минг афсуски, бу борада ҳеч кимнинг бош қотиргиси йўқ. Ёки ўша клубни ривожлантириш, унинг мухлисларини яна стадионга қайтариш учун интиладиган раҳбарни олиб келиш борасида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Клуб фақатгина ҳомийларнинг пулини совуриш билан овора. Хўш, бундай ёмон натижаларга барҳам бериш вақти келмадимикан. Ахир бутун бошли вилоят футболининг орқага кетиши қайсидир ёш тоифасидаги етук кадрларни топишда ҳам муаммога дуч келишимизга сабаб бўлмасмикан? Наҳот Андижон вилоятида вилоят футболи келажагини ўйлайдиган инсон топилмаса?

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Мазкур мақола юзасидан “Андижон” клуби раҳбари Фозилжон Мирзаев ва клуб бош мураббийи Азамат Абдураимов билан ҳам учрашдик. Тез орада клубда юз тутган муаммолар юзасидан жамоа раҳбарларининг ҳам фикр-мулоҳазаларини ўқиш имкониятига эга бўласиз.

понедельник, 10 декабря 2012 г.

ФотоФакт: Ҳакам қаттиқўл бўлмаса...


Андижонда ўтказилган биринчи лига ўтиш турнирида Локомотив БФК (Тошкент) ва Ёзёвончи (Фарғона) жамоалари ўртасидаги учрашуда иккала жамоа вакиллари ўртасида кескин келишмовчилик юзага келди. Мазкур фотофактга биз ортиқча изоҳ беришни истамадик. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг!




четверг, 15 ноября 2012 г.

Нуралиев “шогирдлари” “Пахтакор”га ғалаба келтирди


Нуралиев “шогирдлари” “Пахтакор”га ғалаба келтирди
ёхуд “Машъал” академияни йўқ қилишдан ким манфаатдор

Мазкур мақола сарлавҳасини ўқиб бироз ҳайратланган бўлишингиз табиий. Боиси айни пайтда Қаршида тайёрлов гуруҳи мусобақасида иштирок этаётган “Пахтакор” вакиллари асосий рақиблардан бири саналмиш “Машъал” академия тарбияланувчиларини яқиндагина Дилшод Нуралив қўл остида Осиё чемпиони бўлган Шоҳжаҳон Қиличев ва Отабек Шукуровнинг учрашувда қизил карточка олиб майдонни тарк этиши натижасида ғалабани қўлга киритди. Агарда “Машъал” мураббийлари ўз вақтида Шоҳжахон Аббосовни ҳам “замена” қилмаганида “Пахтакор”нинг ғалабасига Нуралиевнинг яна бир “шогирди” ҳам муносиб ҳисса қўшган бўларди. Яхшиямки муборакликларнинг мураббийи ўзига хос “қизил олиш” ишини кеч бўлсада англаб қолди. Акс ҳолда...
Шу топда кимнингдир ҳаёлига футболда ўйинчининг майдондан четлатилиши табиий ҳол деган фикр ҳам ўтиши мумкин. Аммо “Машъал”даги 11 нафар футболчи орасидан нега айнан ўсмирлар терма жамоаси аъзолари, айнан Дилшод Нуралиевнинг шогирдлари қизил карточка олишини қандай тушиниш мумкин? Қолаверса, бутун турнир давомида гуруҳдаги барча клублар айнан “Пахтакор”нинг найранглари эвазига “Машъал”ни қурбон қилишмоқда. Оддийгина, “Машъал”ни гуруҳдан чиқа олмаслигини таъминлаш учун “Пахтакор”нинг ёрдами билан “Қизилқум” “Навбаҳор” жамоасига 11:0 ҳисобида мағлубиятга учраб берган бўлса, “Навбаҳор” “Машъал” учрашувида водийлик ҳакамнинг сўнгги дақиқаларда олиб берган 11 метрли жарима тўпи эвазига муборакликлар уч очкодан маҳрум бўлишди. Бу томонда эса “Пахтакор”нинг айтганини айтган, деганини деган қилишга тайёр бўлган, “Қизилқум” жамоаси дарвозасига жавобсиз 6 та гол уришга муваффақ бўлган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, “Пахтакор” мураббийлари “Навбаҳор” ва “Қизилқум” жамоалари орқали “Машъал”ни мусобақада қониқарсиз натижага эришишини “таъминлаб” тургандек. Боз устига ўз вақтида ва ҳозир ҳам “Навбаҳор” ва “Қизилқум” “Пахтакор”нинг чизган чизиғидан чиқмай келишини кўпчилик билади. Бунинг сабабини қора ҳарфлар билан катта қилиб ёзишнинг ҳожати ҳам йўқ, назаримда.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “Машъал” тарбияланувчиларига нисбатдан бўлаётган ноҳақликлар жорий йил ҳисобидан биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам Самарқандда ўтказилган ўтиш турнирида “Машъал” тарбияланувчиларига нисбанат ҳакамлар бир неча бор нотўғри қарорлар чиқаришган. Кўҳна шаҳарда ўтказилган “пулка”да айнан “Пахтакор”га қарши учрашувда муборакликларнинг учта голи инобатга олинмагани ҳам бор гап. Натижада, ҳакамларнинг ёрдами билан “Пахтакор” мусобақада ижобий натижа қайт этган бўлса, “Машъал” вакиллари тақдирга тан беришдан бошқа чоралари қолмаганди.
Самарқандда ўтказилган “пулка”да ҳакамларнинг муборакликларга нисбатан очиқ ва ошкора нотўғри қарор чиқарганини эшитиб, ушбу ўйин тавсилотлари юзасидан “Машъал” жамоаси матбуот котиби Ҳайрулла Холиқовга мурожаат қилганимизда бундай баҳсли ўйинларни ўз кўзимиз билан кўрмасдан туриб изоҳ бера олмайман деганди.
Юқоридаги ҳолатлардан сўнг ўз-ўзидан савол туғилади. Нега ҳар бир мусобақада ҳакамлару бошқа мутасадди раҳбарлар “Машъал”га қарши ишламоқда? Жамоанинг мағлубиятга учрашидан кимдир (ёки кимлардир) манфаатдорми?
Ҳеч кимга сир эмаски, жорий йилда “Машъал” жамоаси иқтисодий муаммоларни бошидан кечирмоқда. Шу сабали ҳам ҳатто олий лигада “Машъал”нинг асосий жамоаси ҳам қониқарли натижага эриша олгани йўқ ва клуб элитани тарк этиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Майли бу тамомила бошқа масаладир. Бироқ, айни пайтда миллий терма жамоага муносиб номзодларни чиқариб бераётган ушбу жамоани сақлаб қолиш учун унга ёрдам бериш ўрнига ўлганнинг устига тепгандек ўтказилаётган мусобақаларда “Машъал”га қарши иш тутишининг асл сабаби нимада? Ёки юртимизнинг чекка қишлоқлардаги иқтидорли ёшларни топиш мақсадида тинимсиз меҳнат қилаётган футбол академиясинининг номини булғашдан кимлардир “роҳат” топадими? Ахир пойтахт жамоаларидаги мураббийларҳатто синаб кўришни истамагн ва ўша клубга “сиғмаган” ёш иқтидорли футболчилар айнан “Машъал” жамоасининг очиқкўнгиллиги сабабли футболда ўз ўрнини топиб боряптику.
Яна бир ҳолат, фақат мусобақаларда ижобий натижага эришиш учун бир жамоани ҳакамлар ва бошқа омиллар орқали тамомила яксон қилиш шартмикан? “Машъал”га нисбатан бўлаётган адолатсизликлар фақатгина шоҳсуппага чиқиш учун амалга оширилаётган экан, демак шундай академияни ёмонотлиқ қилишдан кимлардир манфаатдор бўлиши таббий. Афсуски, ўша манфаат ортида турган инсонлар ҳозирча ким эканлигини билишнинг иложи бўлмаяпти.
Тан олиб айта оламизки, ҳар бир мураббий натижа учун ишлайди. Футболнинг талабларининг бир бўғини бу – ғалаба қозонишдир. Аммо эндигина натижага эришаётган пайтингда кимдир сенинг оёғингдан чалиб кетиши ҳар қандай кишига алам қилади. “Машъал”га нисбатан бўлаётган кетма-кет ноҳақликлардан сўнг бунинг асл сабабини билиш мақсадида жамоа мураббийи Дилшод Андаевга мурожаат қилдик.
- “Машъал” академиясига нима сабабдан бундай ноҳақликлар бўлаётганлигини ўзим ҳам тушунмаяпман. Cамарқанддаги ўтиш турнири мусобақасида ҳам бизга нисбатан худди шундай ноҳақликлар бўлганди. Бу гал ҳам ҳамма айнан бизнинг жамоамизга қарши ишламоқда. Менда бир нечта ўйинларнинг видеоёзуви бор. Бундай адолатсизликлардан сўнг ушбу ўйинларнинг ёзивуни Ўзбекистон футбол федерациясига юбормоқчиман, дейди Дилшод Андаев.
Сўнгги пайтларда нима сабабдан “Машъал” жамоасига қарши кўплаб ноҳақликлар бўлаётганини қандай баҳолайсиз?
- Тўғриси, буни ҳозир ўзим ҳам тушунмаяпман. Ҳар ҳолда шогирдларим бирорта учрашувда ўйин борасида мени уялтиргани йўқ. Фақат ҳакамларнинг нотўғри қарори сабаб мусобақада биз ўзимиз кўзлаган натижага эриша олмаяпмиз.
Қисқа вақт ичида “Машъал” жамоасига нисбаттан содир бўлаётган бундай ҳолатларнинг сабаби нима эканлигини билиш очиғи биз учун бироз мушкуллик туғдирмоқда. Ўйлаймизки, тез орада “Машъал” жамоасига нисбатан ҳакамлар ва бошқа шахсланинг нима сабадан тескари ишлаётганинг аниқ сабаблари аниқ бўлади. Зеро халқимизда бир гап бор. Кўза кунда эмас кунида синади. Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.
                                                                                Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 3 ноября 2012 г.

Биринчи лигага ўтиш турнири қаерда бўлади?


Жорий йилги Ўзбекистон биринчи лига мусобақаси якунлангандан сўнг кўпчиликнинг эътибори келаси йилги биринчиликда иштирок этиши лозим бўлган жамоаларга қаратилган. Шу сабабли ҳам кўпчилик янги мавсумда Биринчи лигада қатнашадиган жамоалар номини интиқлик билан кутишмоқда.
Самарқанд ва Андижон вилояти футбол федерациялардан олинган маълумотга кўра, 2013 йилги мавсумда Ўзбекистон Биринчи лига мусобақасида иштирок этиш учун Самарқанднинг «Шердор» ва Андижон вилоятининг «УзДонгЖу» жамоалари қаттиқ курашга киришган. Ўтиш турнирида ғолиб бўлиш ва биринчиликда иштирок этиш учун мазкур жамоалар Биринчи лига ўтиш турнирини ўзларининг вилоятларида ўтказилишини истаб, вилоят футбол федерациялар орқали ЎзПФЛга мурожаат қилиш илинжида турибди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ўтиш турнирини ўтказиш учун Самарқанддан кўра Андижон вилоятининг имконияти катта. Боиси, ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Самарқандда тайёрлов гуруҳлари мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган. Кетма-кет мусобақаларни ўтказиш, қолаверса ҳар бир турнирни фақат (октябрь ойидаги «пулка» ҳам айнан Самарқандда ўтказилган) Самарқандда ўтказилиши сабабли клублар ўртасида норозилик келиб чиқмаслиги учун ҳам ўтиш турнири Андижон вилоятида ўтказилиши мумкин.
Фарҳод Норбўтаев

Изоҳ: Клубларнинг Биринчи лигада ўйнаш иштиёқи кучли эканлиги яхши. Аммо нега ўтиш турнирини «Шердор» ва «УзДонгЖу» жамоалари ўз уйларида ўтказиш учун қаттиқ курашаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Ёки клублар ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деган нақлга амал қилишмоқчими?

пятница, 26 октября 2012 г.

Фойдали ўйинчи (карикатура)


Fk.uz сайтидаги 81 та хатоси бор мақола

"Танкчи" Чех
Мана бу сафар азиз футбол ихлосмандлариЧелсиклубига оид мақоламизни эътиборинга хавола этамиз. Ким ҳақида дейсизми? “Челси”да маҳоратли уйинчилар жуда куп Дрогба, Лампард, Терри, Э. Коул... Бу ўйинчилар хақида "аристократ"лар фанатлари тугул, “Челси”нинг ашаддий рақиблари хам билишади. Йўқ, бугун бу хақда ёзмоқчи эмасмиз. Бугун, "Стемфорд Бриж" нинг "танкист" и, керак бўлса "Челси"нинг барча ғалабаларига энг катта хисса қушган Петр Чех хақида мухлисларга маълумот берамиз.
Дарвозабон — ярим жамоа дейишади. “Челси”нинг кейинги 6 йиллик ғалабалари замирида айнан шу дарвозабонинг хизматлари беқиёс. Хўш, аслида Чех қандай қилиб "аристократ" бўлди, келинг шу хақда гаплашамиз?
Абрамович "Челси"ни сотиб олгандан сўнг, жуда катта харидларни амалга оширди. Клуб тинмасдан футболчиларни сотиб олаверди, олаверди. Ўша уйинчи клубга керакми ёки кераксиз — ахамият касб этмасди. Дунёнинг қаеридадир ярқ этган юлдуз футболчи чиқдими, эртасигаёқ сариқ матбуот дархол “Челси”га унаштириб қўярди. Кимлар келмади дейсиз клубга, баъзилар ўз уйини топди, баъзилар эса аксинча, пастга қараб қулади. Худди шу шов-шувли трансферлар бўлаётган бир пайтда, Абрамович учун "арзимаган пул" (7 млн фунт стерлинг) эвазига Петр Чех клубга келиб қушилди. Деярли икки метрлик дарвозабон Франция чемпионати уртамиёнаси — "Ренн" дан сотиб олинди. Ўша вақтлардаёқ Чех Чехияда анча машхур булиб кетганди. “Спарта” сафида чемпионат рекордини янгилаганди (қаторасига 1000 дақиқа уз дарвозасидан туп олиб чиқмаган). “Спарта” мухлислари дархол рекордчини "Жаноб Нол" лақаби билан сийладилар...
ехиянинг Евро-2004 турнирида биронта хам тўп ўтказмасдан, ярим финалга қадар етиб келишига Чехнинг супер фантастик сейвлари сабаб булди десак янгилишмаймиз. Бундан 2 йил олдин ёшлар ўртасида ўтган Европа чемпионатида Чех бошчилигида Чехия 1-ўринни забт этди ва турнир кашфиёти сифатида рамзий терма жамоадан жой олди. Туманли Альбионга келган "Жаноб Нол"нинг биринчи ўйини “аристократлар”нинг ашаддий рақиби — МЮга қарши ўтказди. Дастлабки уйиндаёқ ажойиб сейвларни амалга ошириб Челсининг ғалабасини таъминлади. Чех бутун мавсум барчани хайрат кўчасига етаклаб, АПЛнинг бутун тарихи давомидаги рекордни янглаб қуйди (1024 дақиқа давомида туп ўтказмади). 
2004 йилнинг декабридан — 2005 йилнинг мартига қадар “Челси” рақиблари учун Чех дарвозаси сехрлаб қўйилди. Мавсум тугагач, АПЛ томонидан мавсумнинг энг яхши дарвозабонига бериладиган "Олтин қулқоп" совринини хақли равишда қулга киритилди.
Кейинги мавсум Чех учун омадли бошланмади. Октябрь ойида, турнинг навбатдаги ўйинида "Рединг"клубига қарши майдонга тушган Чех оғир жарохат олди. “Рединг” футболчиси Стефан Хант билан тўқнашув унинг фаолиятини сўроқ остига қўйди. Унга хатто футбол ўйнашни ман қилиб қуйишганди(операция вақтида Чехнинг боши 30 жойидан тикилади). Барча “Челси” мухлислари чуқур ғамга ботиб қолди. Ахир, Чех атиги бир йил давомида “аристократлар”нинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланиб улгурганди-да. Лекин, Чех футболга қайтиш учун ўзида куч топа олди. 14 ой давомида даволангандан сўнг, майдонга қайтди. Бошида ғалати шлем билан...
Биринчи ўйин тугани ҳамоно, унга бошқа лақаб берилди: "Танкист"! Негалигини ўзингиз жуда яхши биласиз... 
Бу пайтга келиб “Челси”ни машхурлик чўқисига етаклаган Жозе Моуринио ва унинг мураббийлар штаби клуб билан хайрлашган, унинг ўрнини Аврам Грант эгалаганди. Дарвозабонлар учун янги тайинланган мураббий Чехнинг яна ўз сависидаги ўйинини намойиш қилишига имконят яратди. “Эсимда, Кристоф Лоллишон машғулот тугагандан сўнг мен билан қолиб, янада зур берарди машгулотларга. У менинг барча имкониятларимни тўлиқ биларди. Ахир биз у билан "Спарта" да, кейинчалик "Ренн" да хам бирга ишлагандик”, - деб баёнот берганди Танкист.
 Ўша мавсум охирига келиб Чех яна асосий дарвозабон ролини қайтариб олади. Москвада ўтган ЕЧЛ финалида қайтариб булмас зарбаларнинг йўлига ғов булганини хали купчилик эсидан чиқармаган булса керак. Лекин уша кунги суперсейвлар хам “Челси”нинг азалий орзуси ЧЛ кубогини қўлга киритишга етмади. Жамоа сардори Жон Террининг хатоси бутун “Челси” мухлисларини карахт ахволга солиб қуйди. Осмон йиғлади ўша кун... “Аристократлар”нинг ашаддий мухлислари йиғлади уша кун... Афсус , "Москва кўз ёшларга ишонмади"
Кейинги мавсумда Чех “аристократ"лар сафида 54 та учрашувда майдонга тушди, лекин “Челси” негадир олдинги холатда эмасди. Кутилмаган мағлубият уша пайтдаги “аристократ"лар устози Сколарини лавозимидан четлатилишига олиб келди. Унинг ўринини эса Гус Хиддинк эгалади ва жамоа бутунлай бошқача уйин намойиш эта бошлади. ЧЛдаги зафарли онларга эса “Барселона” ярим финалда тусиқ булди. Ўша учрашув хам анча асабий тарзда ўтган ва учрашувни бошқарган ҳакам Эвребени бутун дунёга машхур қилиб юборганди. Ўтган мавсумнинг биринчи ўйиниёқ Чех учун ажойиб бошланди. Супер кубок учун МЮ билан ўйинда пеналтилар сериясида 2 бор зарбани аниқ топиб, “аристократлар”нинг Анчеллотти бошчилигида биринчи соврини(ни)  қўлга киритишда муносиб хиссасини қўшди. Чемпионатда 34 учрашув ўтказди, шундан 17тасини "қуруқ" серияда якунлашга муваффақ бўлди ва 2-бор "олтин қўлқоп" ни қўлга киритди. “Уиган” билан булган ўйинда фаолиятидаги биринчи "қизил карточка"ни маззасини тотиб курди. Ўша ўйин "аристократ"ларнинг кетма-кет 8- ғалабасини тухтатишга замин яратди. Янги йил байрами арафасида клубдаги жарохатлар эпидемияси "Танкист" ни хам четлаб утмади. "Сан-сиро" да “Интер” билан кечган ўйиндаги жарохат Чехнинг жавоб ўйинини утказиб юборишга мажбур қилди. Мавсум охирида Чех яна бир бор “Челси” жонига оро кирди. Англия кубоги финал бахсида “Порсмут” билан ўйинда Боатенг ижросидаги пеналтини, ундан сал олдинроқ эса Фредерика Пикьонннинг 100 фоиз гол билан тугаши аниқ булган зарбасини ақл бовар қилмас тезликда қайтаришга муваффақ бўлади. Ўйин “аристократлар”нинг кичик хисобдаги ғалабаси билан тугади. Учрашув қахрамони эса шубхасиз "Жаноб Нол" булди.
Айни вақтда Чехнинг “Челси” билан шартномаси 2013 йилгача тузилган. Охирги маълумотларга кура шартнома 2016 йилгача чўзилиши мумкин. Ўйлаймизки, Чех хали узоқ йиллар "Аристократ"лар сафида майдонга тушади. Чех ҳаётда хам оддий инсон, бир нечта хайрия ташкилотлари билан ўзаро хамкорлик битимларини тузган. Чехиядаги бир нечта касалхоналар ва ўзи тарбия топган клубга (“Виктория”) бемминат ёрдам курсатиб келади. Бундан ташқари Англиядаги Оксфорд клиникасига хам моддий ёрдам курсатади. "Рединг" билан уйиндаги оғир жарохатидан сунг у шу клиникада операция қилинганди...
Чех ўзи хақида (қизиқарли маълумотлар):
Кумири: Доминак Гашек, хоккей дарвозабони. Болалигимда унга ўхшашни орзу қилардим...
1-голи:16 ёшида Виктория(Пилсене) клуби сафида пеналътидан урган. Пеъналтидан гол уриш бошқа уйинчиларга унчалик завқ бағишламаслиги мумкин, лекин мен дарвазобонман! Бу голни доим эслаб тураман..
Мураббийи: Кристоф Лоллишон. Ҳаётимда жуда кўп мураббийлар менга устозлик қилган, лекин Кристоф Лоллишон мени қайта футболга қайтарган инсон. Бу мураббий олдида бир умр қарздорман...
1-соврини: Ёшлар уртасидаги Европа чемпионати ғолиби. Биз финалгача боргандик, финалда эса француз ёшларини мағлубиятга учратдик. Ўшанда 20 ёшда эдим чемпионатдан олдин мени хеч ким танимасди. Финал ўйинидан сўнг, Европага танилдим..
1-машинаси : “Ваухалл Веcтра”. Аниқ эсимда, Праганинг “Спарта"си билан шартномага имзо қуйганимдан сўнг, бир ой утгач машинали бўлдим. Тўғри, янги эмасди, мен учинчи хайдовчи эдим. Лекин бахтли эдим, ахир бу менинг биринчи машинам эди-да..
Қизиқиши: Енгил атлетика. Мен ушбу спорт тури билан хам жиддий шуғуланганман. 14 ёшимда ўсмирлар уртасида Чехия рекордини янгилагандим (узоқга сакраш 1.87 см). Балки футболни танламаганимда, кучли атлет етишиб чиқармиди. Лекин, хозир бундан афсусда эмасман. Мен ўша пайтда футболни танлаб туғри қарорга келганман..
П.С: Яхшиям ушбу спорт турини танламабсан Чех. Йўқса, “Челси” ишқибозлари сенинг махоратингдан бебахра қоларди. Чех “Челси” билан ЧЛ кубогини қулга киритишни орзу қилар экан. Биз  бу йили “Челси” мазкур  соврини қўлга киритганидан хабардормиз ва "танкчи" ўз мақсадига етганидан мамнунмиз...

Жавоҳирбек

Манба: www.Fk.uz

Қайдасан «Нурафшон»!

Қайдасан «Нурафшон»!
Иттифоқ даврида ўзбек халқи номидан халқаро ареналарда иштирок этиб келган афсонавий «Пахтакор»ни бугун кўпчилик ёши улуғ футбол мухлислари фахр билан тилга олишади. Тарих саҳифаларида қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган 1979 йилнинг 11 август санасини гарчи эсдан чиқариш қийин бўлсада, ўша маъсум кунни халқ жамоасининг эришган ғалабалари билан унутишга ҳаракат қиламиз.  
Биз бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган «Нурафшон» жамоасининг «Пахтакор» клуби билан қандай боғлиқлик жиҳатлари бор, деган савол туғилиши табиий. Обдон ўйлаб қаралганда ҳам уларни ўзаро солиштириб бўлмайди. Аммо вақт ва фурсат, ўзига хос аччиқ қисмат икки жамоанинг бошидан ўтганлиги мазкур клубларни қандайдир боғлиқлик жиҳатлари бор эканлигини намоён қилиб туради. Кўпчилигимиз билмайдиган, бироқ қисқа фурсат ичида футболимиз тарихида улкан из қолдирган Бухоро вилоятининг «Нурафшон» жамоаси ҳам айнан август ойининг қурбонига айланганига нима дейсиз?!
Номингдан айланай
Ўзининг узоқ асрлик улкан тарихига эга бўлган Бухоро вилояти дастлабки жамоасини ўтган асрнинг 60 йилларида ташкил этади. Дастлаб, «Бухоро» номи остида мусобақаларга иштирок этган жамоа кейинчалик «Факел» номи билан вилоят шарафини ҳимоя қилди. 1989 йилга келиб вилоят футбол мутасаддилари жамоага «Нурафшон» номини беришди. 1989 йилга қадар иттифоқ мусобақаларида қуйи поғоналарда юрадиган жамоа «Нурафшон» номи остида Бухоро футболи тарихида улкан ютуқларни қўлга киритишга мувоффақ бўлди.
«Нурафшон»: нур—араб  тилидан олинган бўлиб «нур», «ёғду», афшон—форс  тилидан олинган бўлиб «тарқатувчи» деган маънони беради. Вилоят футболига ўзига хос нур тарқатган жамоа 1989 йилда «буферный» зона мусобақасида ғолиб бўлиб 1990 йилда собиқ иттифоқ иккинчи лига мусобақасининг тўққизинчи зонасида биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. 1991 йилда эса иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасида тўртинчи ўринни қўлга киритишга эришди.
90 йилларда ҳар томонлама бақувват саналадиган «Пахтакор» ва «Нетчи» жамоалари 1992 йилдан илк бор ташкил этилган олий лига мусобақасида рақибларига ҳеч қандай итмконият қолдирмай ғолибликка эришиши тахмин қилинаётган бир вақтда, бўлғуси чемпионларга етарли ташвиш туғдира олган «Нурафшон» мусобақани учинчи ўрин билан якунлади. Ўзбек футболида муносиб ўрин эгаллашга ҳақли бўлган бухороликлар олий лига мусобақасида мақсади жиддий эканлигини намоён этиб бера олди. Ёш ва иқтидорли футболчиларни ўзида жамлаган жамоа аста-секинлик билан мустаҳкам пойдевор ҳосил қилиб 1993 йилги мавсумни ҳам кўтаринки руҳда ўтказишди ва мавсумни бешинчи ўрин билан якунлади. Қисқа вақт оралиғида йилдан-йилга футболчиларнинг маҳорати, жамоанин руҳий тайёргарлиги, энг асосийси клубнинг ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши «Нурафшон»ни ҳар томонлама шакллантириб, мукаммал жамоага айланиб боришига замин ярата олди.
Клуб раҳбариятининг тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг футболчилар билан муносабати, ўйинчиларнинг жамоага бўлган муҳаббати, қолаверса  яратилган кучли база жамоанинг ғолиблик шоҳсуппасига етаклаши турган гап эди. Шу сабаб клубда бир оила бўлиб ҳаракат қилган футболчилар 1994 йилги мавсумда ҳар қандай жамоага етарлича ташвиш туғдира оладиган салоҳиятга эришди. Ўша мавсум «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК каби кучли жамоаларни ортда қолдириб мусобақанинг кумуш медалларини қўлга киритди. Бу бухороликларнинг футболда қилган тинимсиз меҳнатларининг иккинчи меваси эди. Айнан ўша вақтда кўпчилик юртимизда яна бир кучли жамоа шаклланганлигига ишонч ҳосил қилишди. Бу эса ўз-ўзидан келгусида футболимизнинг ривожланиши учун янада улкан пойдевор саналиб, истеъдодли ёшларни кашф этадиган масканга айланаётганидан далолат бериб турарди. Бироқ, 1995 йилги мавсум нафақат бир жамоанинг, балки бутун бошли Бухоро футболини орқага кетишига сабаб бўлди. Худди ўша 1979 йилги «Пахтакор» фожеасидан сўнг юзага келган футболдаги мунгли ҳолат Бухорода ҳам узоқ йиллар давомида ҳукмронлик қилди ва ҳамон давом этиб келмоқда.
Август фожеаси
1995 йилги мавсумни «Нурафшон» ажойиб бошлади. Кетма-кет ғалаба қозониб, чемпионлик курашида фарғоналикларга энг асосий рақиб бўлиши аниқ эди. Аммо 18 турда Бухоро майдонида «Янгиер»­га қарши кечган ўйин нафақат ўша мавсумнинг, умуман сўнгги йигирма йилдаги вилоят футбол тарихи учун улкан бурилиш нуқтаси бўлди. Хуллас, ўйинда бухороликлар ҳисобда олдинга чиқиб оладилар. Рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаётган бир вақтда учрашув ҳаками Сайфиддин Эрматов меҳмонлар фойдасига хато қилади.
Натижада, янгиерлик футболчилар аввалига ҳисобни тенглаштириб, сўнгра бир тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишади. Ҳакамнинг қўпол хатоси сабаб асаблар бузилган яна битта нотўғри қарор мухлисларнинг ҳам мутахасисларнинг ҳам қўзғалишини англатиб турарди. Афсуски, ўша куни фақат янгиерликлар учун ишлаган учрашув ҳаками ўйин тизгинини умуман қўлдан чиқариб юборади. «Нурафшон» жамоасида фаоли иштирок этаётган ҳужумчи Михаил Фоминни ўйиндан четлатади. Натижада эҳтирослар жунбушга келиб, футболчилар ва мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолади ва ўйинни давом эттириш имконияти йўқолади.
Йўқолган чемпион
Мазкур воқеа турнир жадвалида «Нурафшон»дан кейинги ўринда бораётган жамоларга қўл келади. Ўша вақтда чемпионликка интилаётган «Нефтчи», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК чемпионатдаги жиддий рақибини мусобақадан четлатиш ё бўлмасам очколарни олиб қўйиш учун федерациянинг сўнгги қарорини интиқлик билан кутиб туришарди. Орадан қисқа вақт ўтиб 1995 йилнинг 18 август куни содир бўлган воқеа сабабини ўрганиб чиққан федерация «Нурафшон»ни чемпионатдаги қолган 12 та ўйиндан четлатишга қарор қилади ва рақибларга 3:0 ҳисобида ғалаба ёзади. Натижада ўша мавсум чемпиони бўлишга ҳақли давогар бўлган жамоа руҳий жиҳатдан кучли зарбага учрайди.
Бироқ, энг қизиғи шундаки, федерациянинг аралашуви натижасида кетма-кет 12 та ўйинда мағлубиятга учраган жамоа 40 очко тўплаб, кучли бешликдаги ўрнини сақлаб қолади. Фақатгина юқорида тилга олганимиз МҲСК, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» бухороликларни қувиб ўтишга эриша олган холос.
Ўша вақтда «Нурафшон»нинг очколардан маҳрум қилиниши жамоа учун унчалик катта йўқотиш саналмасди. Бироқ, клуб учун энг катта йўқотиш шу бўлдики, деярли ярим йил ўйинсиз қолган жамоа етакчи ва ёш футболчиларидан бирин-кетин ажрала бошлади. 1990 йилда иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасига чиққанда яратилган ажойиб базага путур етди. Тўғри, гарчи жамоа 1996 йилда ҳам кучли бешликни забт этган бўлса-да, аслида жамоа ўзаги тугаб, клубдаги барқарорликни таъминлаш қийинлашиб борарди.
Бу кимга керак эди
Тўғриси, ҳозирда кўпчилигимиз «Нурафшон» ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Чунки, ҳар доим бу жамоа ҳақида гап кетганда ўз-ўзидан 1995 йилги воқеалар эсга олинади. Айнан шу сабаб бу жамоа ҳақида бирор бир футбол мутахасиси гапиришни истамайди. Хўш, аслида бутун бошли вилоят футболини орқага тортишига сабаб бўлган мазкур воқеа кимга керак эди? Ўша вақтда кимнидир чемпион қилиш учун чиқарган қарор аслида тўғри бўлганми? Жамоани биргина хато сабаб чемпионатдан маҳрум қилишга қарор чиқарган ўша вақтдаги федерация бош котиби бўлган Салим Эшмуҳаммедов нимага асолсан бу қарорга келган? Ҳакамларчи? Улар нега айнан ўша ўйинда кўп хато қилган? Нега бутун бошли вилоят футболи қайсидир клубнинг манфаати учун қурбон қилинган? Саволлар кўп. Аммо унга ким жавоб бера олади. Бугун бу саволлар худди мен каби минглаб бухоролик футбол ишқибозларини бирдек қийнаб келаётган бўлса ажабмас. Чунки, футболимиз тарихида янги чемпион саналишига оз қолган жамоани қайсидир манфаат эвазига қурбон қилгани ҳамон уларнинг қалбини тирнаб келаётгани аниқ.
Ўтган йилги мавсумда ҳам худди «Нурафшон» воқеасини эслатувчи ҳолат юзага келди. Олий лиганинг 15-туридан ўрин олган «Шўртан» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг икки жамоа мухлислари ўртасида юзага келган тўқнашув ҳеч кимни эътиборини тортмади. Энг ачинарлиси, ҳатто бу борада профессионал футбол лигамиз ҳеч қарор тугул фикр ҳам билдирмади. Хўш, бу ҳолни манфаатлар тўқнашуви бўлмагани учун деб тушиниш керакми? Ёки аввалроқ чемпион номи аниқ бўлгани учунми? Нега регламент айнан ўша вақтга келганда «ишламай» қолди. Хуллас ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди.   
Ўзига хос статистика
Гарчи ўзининг фаолияти қисқа даврни ташкил этган бўлсада,«Нурафшон» миллий биринчилигимиздаги иштироки фақатгина юқори натижалар билан якунлашга эришган. Келинг мазкур ҳолатни ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Клубнинг дастлакби «Бухоро» номида мусобақаларда иштирок этганида деярли кўзга кўринарли натижага эриша олмади. «Факел» номи остида 1968 йилда иттифоқнинг қуйи мусобақасининг Марказий Осиё зонасида 15-ўрин, бир йил ўтиб жамоа 24 жамоа ичидан 20-ўринни қўлга киритган. «Нурафшон» номининг йўқолишидан сўнг олий лигада яна «Бухоро» номи асосида тўп сурган жамоа миллий биринчилигимизда айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина Ҳаким Фузайлов даврида бир бора турнир жадвалининг 5-поғонасидан ўрин олган. Жамоа бошқарувини Усмон Тошев олгандан сўнг ҳақиқий маънода клубни пароканда бўлишига олиб келди. Жамоа ҳатто бир бора олий лигани тарк этишга ҳам мажбур бўлди.

«Бухоро» номи остида эришган натижаси

Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1997
7-ўрин
«Бухоро»
34
16
5
13
57 - 55
53
1998
7-ўрин
«Бухоро»
30
13
4
13
51-50
43
1999
9-ўрин
«Бухоро»
30
10
7
13
44 - 50
37
2000
5-ўрин
«Бухоро»
38
20
5
13
73 - 60
65
2001
7-ўрин
«Бухоро»
34
15
3
16
57 - 58
48

Юқорида таъкидлаганимиздек, жамоа иттифоқ дарида айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина, «Нурафшон» номини олгандан сўнггина рақибларига етарли даражада муаммо туғдириш билан бир қаторда, мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олган. Жамоага «Нурафшон» номини берган клуб раҳбарияти ғалабалар бардавомлигини таъминлай оладиган футболчиларни жамоага жалб қила олган.
1990 йилги иттифоқ иккинчи лига мусобақасида 38 ўйиннинг 28 тасини рақибларини ранжитиб, 7 бор дуррангни қайт этган. Фақатгина 3 бора мағлубият аламини тортиб кўрган. Тўплар нисбати 116:25 ташкил этган. Қизиғи шундаки, энг яқин таъқибчисини нақд 10 очкога, учинчи ўриндаги «Янгиер» жамоасини 18 очкога ортда қолдира олган.
Бир эътибор беринг-а, «Нураф­шон»нинг нурли йилларида жамоа дарвозасини қўриқлаган, халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерациясининг ўзига хос рўйхатида тилга олинган Александр Тинянов, кўп йиллар жамоа таркибида майдонга тушган етакчи ҳимоячилардан бири, қанотларда ҳам, ҳимоя марказида ҳам ишончли ҳаракат қила олган Андрей Захаров, «Нур тарқатувчилар»нинг илк мавсумда кучли тўртликдан жой олишида ҳал қилувчи факторлардан бири бўлган Мустафо Билолов, ҳам ҳимояда ҳам ярим ҳимояда бирдек самарали ўйнаш имкониятига эга бўлган Геннадий Шарипов, «Нурафшон»нинг 1993-94 йиллардаги ажойиб футбол мавсумида етакчи футболчиси саналган, аммо Хиросимада зафар қучган терма жамоамиз таркибида кумуш жамоа — «Нурафшон» номидан иштирок этолмаган Садриддин Эшмирзаев, 1990-95 йилларда Бухоро футболининг эталони Юрий Агеев ва Михаил Фомин сингари таркиб ўша вақтда ҳақиқий жамоани шакллантира олган. Айнан ушбу футболчилар даврида «Нурафшон» зафарли одимларни ташлай олган. Бундай футболчиларнинг ўйинидан сўнг ҳар қандай бола футболда юксакликка интилиш учун бор куч-ғайрати билан футбол ўйнаши турган гап эди. 
«Нурафшон» номи остида эришган натижаси
Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1992
4-ўрин
«Нурафшон»
32
20
7
5
59 - 23
47
1993
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
46 - 32
35
1994
2-ўрин
«Нурафшон»
30
20
4
6
63 - 31
44
1995
5-ўрин
«Нурафшон»
30
13
1
16
39 - 56
40
1996
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
52 - 39
50

«Нурафшон»ни қайта тиклайлик
Ўзингиз кўриб турганингиздек, тарихдаги рақам ва фактлар, Бухоро футболи тарихида «Нурафшон»нинг ўзига хос ўрни бўлган. Клуб ўзининг қисқа вақт ичида кўплаб жамоалар орзу қиладиган натижага эриша олди. Афсуски, тарихдаги мутхиш хато сабаб нурли жамоанинг нурафшон ёғдулари йўқотилди. Бу футболимиз тарихида аччиқ ҳақиқат бўлиб қолиб кетди.
Тўғриси, баъзида Бухоро футболининг тўхтаб қолишига айнан «Нурафшон»нинг йўқ бўлиши сабаб бўлиб қолгандир деган ҳаёл ўтади. Чунки, бир вақтлар «Пахтакор»нинг фожеаси ўзбек футболи ривожини қанчалик ортга тортган бўлса, «Нурафшон»нинг йўқолиши узоқ тарихга эга бўлган, буюк алломалар етишиб чиққан Бухоро футболи ривожини тўсқинлик қилиб тургандек. Агар иложи бўлса, ўзбек футболи мутасаддилари «Нурафшон» номини қайта тиклаб, руҳий тушкунликка тушиб қолган вилоят футболига янги ҳаёт бағишлаш онлари етиб келгандек. Мазкур ишни айни вақтга амалга оширса, тарихда содир бўлган иккинчи йўқотиш сабаб футболимизнинг ортга кетишини олган бўлардик. Айнан ўшандагина вақт деган бевафо онлар ярим аср азоб бериб келмасди. 
                                                           Фарҳод НОРБЎТАЕВ