вторник, 28 января 2014 г.

САМАРҚАНД ФУТБОЛИ

ўзига хос доҳий ва ботқоқдаги футбол ҳақида ҳақиқатлар

Биз раҳбарларга доҳий деб эмас, аввало эл-юрт манфаатини ҳамма нарсадан улуғ қўйиб, унга хизмат қиладиган инсон деб биламиз. Айтиш керакки, доҳийлик эски совет даврига хос иллат бўлиб, унинг қолдиқлари баъзи жойларда ҳозирги вақтда ҳам кўзга ташланиб турибди.
Ислом Каримов

Самарқанд деганда ҳар бир инсон онгида бутун дунё цивилизациясининг маркази бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар ёдга келади. Самарқанд футболи дегандачи? Афсуски, бугун Самарқанд футболи деганда тилга олиб фахрланагидан, кўкраб уриб мақтанадиган, қалам тебратиб таърифлайдиган натижалар қолмади. Боиси, айни пайтга келиб Олий лига ўйинларида вилоят шарафини ҳимоя қилаётган “Динамо” клуби раҳбари ўзининг доҳиёна ишлари сабаб бутун вилоят футболини орқага тортиб келмоқда.
Ўтган йили вилоят ҳокими томонидан клубда туб ислоҳотлар амалга оширилиб жамоа раҳбарлигига Фирдавс Каримов келганди. Бутун ишонч, бутун умид унга қаратилган бир вақтда ҳали бир йил бўлмасдан туриб тарихий бир вилоят футболи орқага кетса кетаяптики, олдинга силжигани йўқ. Жаноб вице-президентнинг футболдаги доҳийлиги сабаб Самарқанд футболи ривожига узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали мураббийдан тортиб эндигина футболга қадам қўяётган болалару, умрини стадионда “Динамо”ни қўллаб-қувватлаш билан ўтказган кекса мухлислари, отасининг қўлидан тутиб футболга ошно бўлаётган мурғак қалбларни ҳам бирдек ранжитиб келмоқда.
Бугунги кунда давлат сиёсатининг устивор вазифалардан бири сифатида ёшларимизни спортга жалб қилиб, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш, келажагимиз эгаларини маънавий онгини ривожлантириб, турли хил ёт оқимлардан асраш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Айнан шуни ҳисобга олган ҳолда Юртбошимиз 2014 йилни “Соғлом бола” йили деб номлагани ҳам бежиз эмас.
Соғлом бола ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ва таъсири янада кучайтириш лозимлигини таъкидлаганини алоҳида эслаш зарур. Бироқ, айни пайтда Самарқанд футболи, хусусан “Динамо” жамоаси ҳақида гап кетганда амалга оширилаётган ишлар бунинг мутлақо акси бўлаётганига гувоҳ бўламиз.
Ҳозирда “Динамо” жамоасида мураббий бўлиб ишлаётган Равшан Ҳайдаровни ҳам мураббий ҳам инсон сифатида ҳурмат қилардим. Кўпчилик футбол мутахассилари Зарафшонда “Қизилқум” жамоасини боши берк кўчага кириб қолганига бош айбдор сифатида Ҳайдаровни кўрсатганда “Динамо”да бутунлай акси бўлишига ишонгандим. Бироқ, чучварани хом санаган эканман. Футболда узоқ йиллардан буён фолият юритиб келаётган инсон кимнингдир манфаати ҳисобига бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Биринчилигида вилоят шарафини ҳимоя қилиб, юздан ортиқ болаларни спортга жалб қилиб келаётган “Регистон” ва “Шердор” жамоаларининг фаолиятини тугатиб, ўрнига “Динамо” тасарруфида бошқа бир жамоа ташкил этишни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат қилишидан асосий мақсад нима эканлигини очиғи англолмадим. Ахир бу икки жамоани йўқотиш орқали бир неча юзлаб самарқандлик ёшларни спортдан йироқлашиб қолишини футболга қизиқмайдиган оддий инсон ҳам биладику.
Тажрибали мутахассис, футболимиз фахрийси сифатида эъзоз этиладиган инсон, узоқ йиллардан бери футболнинг нонини еб келаётган мураббий вилоят ҳокимидан Биринчи лига жамоаларини қисқартиришни, бутун футболни “Динамо” жамоаси, аниқроқ қилиб айтганда Фирдавс Каримов қўлига ўтиши учун ўз имзоси билан хат қилиб беришидан мақсад нима? Айнан ушбу ҳаракатнинг ўзи “Соғлом бола йили” давлат дастурини ҳозирданоқ бузилишига, юзлаб ёшларимизнинг кўчада назоратсиз қолишига сабаб бўлмайдими?
Юртбошимиз ҳар бир йиғилишда ёшларга катта эътибор бериш, уларни иш билан таъминлаш орқали турли хил оқимлардан асраш бугуннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини айтиб турган бир вақтда, бир инсонни вилоят футболи доҳийсига айлантириш учун бир неча юзлаб ёшларни футболга жалб этган жамоаларни йўқотишни талаб қилиш Равшан Ҳайдаровни профессионал мураббий эмаслигидан далолат бермайдими? Фарҳод Магометов Биринчи лигани кучайтирамиз деб турган вақтда ўзи иштирок этадиган чемпионат раҳбарига қарши иш қилишни қандай изоҳлаш керак.
Бир неча йиллар аввал ўз фаолиятини оддий маҳаллалараро футбол жамоаси сифатида бошлаган “Регистон” жамоасида бугун юзлаб болалар футбол билан машғул. Бу жамоа ўз кучи билан Биринчи лиганинг мунтазам иштирокчисига айланган бир вақтда клубни таг-томири билан йўқ қилиш кимга фойда келтиради. Вилоятнинг миллиардлаб маблағини сўраётган “Динамо” жамоасигами ёки шу мурожаат сабаб кўча безорисига айланиб қолиши мумкин бўлган келажак авлодгами? Ё бўлмасам, “Шердор” жамоасини олайлик. Бу жамоа ҳали ёш бўлсада, унинг таркибида ҳам элликдан ортиқ ёшларимиз иш билан таъминланиб, бекор қолишдан, турли хил оқимларга кириб кетишдан асраб қолинмоқдаку?
Юртбошимизнинг янгисини қурмасдан туриб, эскисини бузмайлик деган яхши бир гапи бор. Бироқ салланинг ўрнига каллани олиб келишдан мақсад нима? Ўзбек футболининг келажагига болта уриб, ёшларнинг соғлом ҳаёт тарзидан йироқлашишига айнан Фирдавс Каримов сингари раҳбарлару, Равшан Ҳайдавров каби мураббийлар сабабчи бўлмаяптимикан? Ҳайдаровнинг раҳбарнинг ён-атрофида парвона бўлиб, ўз ишини битиргунча “ака-ака”, “буюринг, хизматингиздамиз” деб тургани лаганбардорликнинг ўзгинаси эмасми?
Ҳаммамиз биламизки ҳозирги кунларда Олий лига жамоалари пойтахтимизда мавсумга тайёргарлик кўришмоқда. Хусусан “Динамо” жамоаси ҳам айни пайтда Тошкентда ўқув-йиғин машғулотларини ўтамоқда. Пойтахтимиздаги “Обод” клубининг сунъий қопламали майдонида “Динамо” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини кўргани бордим. Ўйиндан аввал “Сўғдиёна” жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев яқинда “Шўртан” жамоасига мураббий этиб тайинланган Мухтор Қурбоновга ўтган йили ҳар бир футболчини 1.280.000 сўмлик спорт формалари билан таъминлаганини таъкидлади. Агарда ушбу суммани математик таҳлил қиладиган бўлсак, “Сўғдиёна”да 40 нафар футболчи бор деб фараз қиламиз ва ўша суммани 40 нафар футболчига кўпайтирамиз. Калькуляторингизга 51.200.000 сўмга тенг қийматни кўрсатаётган бўлса сиз ҳисоблашда адашмагансиз.  
Худди шундай футболчиларни кийинтириш мақсадида ўтган мавсум “Динамо” жамоаси 140 миллион сўм сарф қилган. Аммо клубнинг ҳозирги вице-президентига бу сумма маъқул келмай, уни қисқартиришни қатъий талаб қилиб, якунда 84 миллион сўмлик форма олиш тўхтамига келишган. Бутун бошли жамоа учун бу яхши ҳол дейиш мумкиндир. Аммо профессионал футбол клубининг ўринбосарлар таркиби ва бир нечта ходимлари қўпол қилиб айтганда кийимсиз қолганини қандай тушуниш мумкин. Энг қизиғи, клуб раҳбарининг талаби 84 миллион сўм бўлиб, якунда ўша 140 миллион сўм кўчирилганини ҳоҳласангиз пулни тежаш, ҳоҳласангиз пулни ўзлаштириш деб билиш ўзингизга ҳавола. Маълумотларга кўра 2014 йилги мавсумда “Динамо” 220 миллион сўмга футболчиларга форма олишни режалаштириб турибди. Ҳатто бу борада вилоят ҳокимига расмий мурожаат қилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Энди тасаввур қилинг 220 миллионга неча кишини кийинтириш мумкин. Клубнинг режасини билмадиму, аммо ўтган йили “Сўғдиёна” жамоаси кийинган нарх асосида ҳисоблайдиган бўлсак бундай суммага 171 нафар футболчини кийинтириш имкони бор. Хўш айтингчи “Динамо” шунча футболчига форма олмоқчими ёки бундан бошқа мақсад кўзланганми? Агар вилоятнинг учта жамоасини жами футболчилари 171 нафар деб ҳисобласак, ҳар бир клубдан 57 нафар футболчи бир мавсумга етадиган формага эга бўлиш имкони бор. Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади деган гап бор. Аммо халқнинг пулини исроф қилма деган ҳақ гап борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
“Динамо” ва Самарқанд футболида сўнгги бир йил давомида бўлаётган ишларни кўриб наҳотки бутун бошли вилоятда футболни тушунадиган, футболда нима қилиш лозимлигини биладиган мутахассис қолмаган бўлса деган савол туғилади? Ёки бугун вилоятда Самарқанд футболининг доҳийига айланиб қолган Фирдавс Каримовни қилаётган ишларини назорат қиладиган одам қолмадими? Наҳот вилоят футболини алғов-далғов қилиб ташлаётган бу инсоннинг ўзи хон кўланкаси майдон бўлса?
Юртбошимиз ўтган йили Сурхондарё вилояти сессиясида Н.Чориевнинг фаолияти ҳақида тўхталар экан, бир ярим йил олдин катта ишонч билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасига сайлангани, атиги бир ярим йилда бу инсон ишончни оқламаганини алоҳида таъкидлаганди. Фирдавс Каримовнинг “Динамо” бошқарувига келганига энди бир йил бўлган бўлсада бугун вилоят футболи орқага кетаётганини ҳамма кўриб турибди. Наҳотки вилоят ҳокимига Самарқанд футболи инқирозга юз тутганини сезиш учун яна ярим йил керак бўлса. Жаноб вице-президентни кабинетга чақириб асл ҳисобот талаб қилиш вақти келмадимикан? Фирдавс Каримов “Динамо” жамоаси бошқарувига келганидан сўнг ўзининг узоқ йиллик фаолиятини Самарқанд вилоят футболига бағишлаган тажрибали мутахассислар ишсиз қолиб кетаётган бир вақтда, энди учта жамоани бир клубга бириктириб эртанги умидимиз бўлган ёшларни ҳам ишсиз қолдириш арафасида турганига қачонгача панжа орасидан қараб турамиз. Биз ишсизликка, соғлом ҳаётга шундай қараймизми?
Яқинда Самарқандга бориб вилоят футболида эришилаётган натижалар, Биринчи лигадаги “Регистон” ва “Шердор”, Олий лигада ўйновчи “Динамо” ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилиб юртбошимиз ҳар бир маърузасида нақадар ҳақ гапларни гапираётганлигига яна бир бор амин бўлдим.
“Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини билатуриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўлаяпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишларидан мутлақо холос бўлишимиз керак”.
Афсуски, Фирдавс Каримовнинг ён-атрофидаги одамлар, ўзларини андишага олиб, балки ишсиз қолишини ўйлаб вилоят футболини йўқ қилиб юбораётганини бир оғиз бўлсада айтишга урунмаяпти. Энг ёмони вилоят ҳокимига ҳам нотўғри маълумотлар орқали “Динамо” клуби доҳийсининг ишларини сир сақлаб келмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда эй баракатопгур, гап фақат ўзинг ҳақингда эмас, балки эл-юрт манфаати ҳақида борганда ҳаддидан ошган раҳбарни, келинг, эй жаноб, бир гаплашиб олайлик деган гапни айтадиган инсон қолмади. Ҳамма кўзанинг синишини кутиб турибди.
Бу гапларни бекорга яна бир бор эслатмадим. Боиси, яқиндагина пойтахтимизда аёллар ўртасида футзал бўйича ўнинчи бор ташкил этилган миллий чемпионатга старт берилди. Бироқ мазкур мусобақага мунтазам иштирок этиб келаётган собиқ “Шердор” ҳозирги “Динамо плюс” аёллар жамоаси иштирок этмади. Бунинг сабабини билиш мақсадида жамоа мураббийи Ибрагим Биляловга қўнғироқ қилганимда менга ҳеч қандай ахборот бермаслигини айтди. Хўш, бундай мураббийни қандай аташ мумкин. Мансабидан айрилиб қолишдан қўрқадиган андишали мураббийми ёки қорни очу, қулоғи тинч бўлишни истайдиган инсон дебми? Миллиардлаб пулларни айлантираётган клуб ҳеч қандай бадал пулисиз иштирок этиши мумкин бўлган мусобақага юбормаган раҳбарни ким деб аташ керак. Тежамкорми, тадбиркорми?
Ўзбекистон футбол федерацияси, шахсан Мираброр Усмоновнинг ташаббуси билан аёллар футболини ривожлантириш учун аёллар жамоасини Олий лига жамоаларига бириктириб улкан мақсадларни рижалаштирган бир вақтда, олдинлари ҳар бир мусобақага иштирок этиб келган жамоани турнирлардан олиб қолиш Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун масъул бўлган инсоннинг сўзини икки қилиш, унинг чиқарган қарорларига бўйсунмасликдан далолат эмасми? Энди айтингчи, қачонгача футболда олдимизга қўйилган улкан мақсадларни фақат тескарисини қилиб келамиз. Қачонгача салла билан калланинг фарқига бормаймиз.
Ўз нафсини пул билан ўраб олган Фирдавс Каримов ҳақидаги кескин гапларимни ўқиётган инсон балки мени шахсий хусуматда айблар. Бироқ бугун асл ҳақиқат шундай бўлиб турган бўлса, қандай қилиб мақтаб ёзиш мумкин. Сўзимни исботи сифатида ўтган бир йил ичида бўлган бошқа бир воқеаларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. 2013 йилда вилоятнинг футболга тегишли бўлган барча жабҳаларига ўз доҳийлигини кўрсатмоқчи бўлган вице-президент клуб тасарруфидаги мактаб директорини ҳам анча сарсону-саргардон қилишга муваффақ бўлди.
2009 йилда ЎФФ томонидан профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш, болаларни мусобақаларга мунтазам иштирок этишини таъминлаш мақсадида 60 миллион сўм ажратилган. “Динамо” ПФК қошидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби директори ушбу маблағдан унумли фойдаланиб битта “Исузу” русумли автобус олишга мувоффақ бўлган. Афсуски Фирдавс Каримов футбол мактабининг автобусига ҳам кўз олайтиргани, бунинг учун мактаб директорини кўп бора оввора қилганини қайси сўз билан изоҳлаш керак. Агарда автобусни “Динамо” клуби олиб берган бўлсаку тўғри тушуниш мумкиндир. Аммо Ўзбекистон футбол федерацияси ажратган маблағ эвазига келган автобусга эгалик қилишини нафс балоси дейишдан бошқа нарса деб бўлмайди.
Айнан юқорида қайд этилган воқеа Юртбошимиз айтганидек “бу ҳаётда инсонни синовдан ўтказадиган нарса – аввало нафс балосидир. Биз бу ҳақида, ундан огоҳ бўлиш, ундан ўзимизни асраш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин агар иймони суст бўлса, одам нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмайди” деган сўзи нақадар ҳақ эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.
Ўтган йили Самарқанд вилоят ҳокими вилоят клубларига маҳаллий футболчиларни жамоага жалб этишни талаб қилганди. Бироқ, футбол мактабидан чиққан ёш ва иқтидорли болаларни негадир “Динамо”га қабул қилишмаяпти. Хўш, нега? Мактаб директорининг сўзларига кўра ҳозирда 1997 йилда туғилган болалар тўлақонли клуб талабларига жавоб беради. Ҳатто уларнинг 6-7 нафарини “Динамо” мураббийлари рўйхатга ҳам олиб кетишган. Аммо ҳамон улар учун “Динамо” эшиклари ёпиқ. Ўша футболчилар ҳалигача клуб рўйхатида қолиб кетмоқда. Директордан бунинг сабабларини сўраганимда буни ўзи ҳам билмаслигини таъкидлади.
“Динамо” клубида вице-президентнинг амалга ошираётган “ўйинлари”ни инобатга олсак, клуб тасарруфидаги мактабда тарбия топаётган футболчиларни жамоа ўринбосарлар таркибига жалб қилишдан Фирдавс Каримов ҳеч қандай манфаат топмайди. Агар уларни жамоага чақирилса клуб мураббийлардан тортиб раҳбарларигача тайёр пулдан қуруқ қолиши аниқ.
Бугун уч-тўрт одам бир жойга йиғилиб, футболдан гап бошласа майдондан ташқаридаги ўйин қандай эканлигини билиб олиш қийин эмас. Вилоятга борганимда бир нечта футбол учрашувларини кузатишга муваффақ бўлдим. Худди шундай оддий одамлар билан суҳбатлашиб эшитган гапларим мени ҳам ҳайрон қолдирди. Бугун ўзбек футболида ўзига хос ном қозонган, айни дамда Азарбайжоннинг “Нефтчи” клубида фаолият юритаётган Боҳодир Насимовдан “Динамо”нинг асосий таркибига тушиши учун клубнинг ўша пайтдаги мураббийлари пул сўраганини эшитгандим. Аммо футболчининг бахтига Азамат Абдураимовнинг келиши ўша вақтда нафақат “Динамо”нинг, балки ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам доимий аъзосига айланиб қолгани айни ҳақиқат. Бугун Боҳодир Насимовдан сиздан асосий таркибга тушиш учун пул сўрашганми деб сўрашса йўқ дейиши мумкин. Чунки унинг оғир дамлари ортда қолди. Футболчи ўша дамларни эслагиси ҳам келмас. Бироқ унинг яқинлари Насимовнинг қанчалик қийналганию асосий таркибга тушиши учун пул сўраганини ҳалигача гапириб келади. Ҳамма вақт ҳам пул муаммони ҳал қилмайди. Пул ҳеч қачон инсонга истеъдод бермайди. Афсуски ҳозирги пайтда “Динамо” мураббийлари пул билан ёш футболчига иқтидор беришга ҳаракат қилишмоқда. Хўш, ўша иқтидорнинг нархи қанча туради дерсиз. Маълумотларга кўра ҳозирда 100 “кўкидан” 10 та санаган бола ўз-ўзидан “Динамо” аъзосига айланмоқда. Бу гапларни ким айтди дерсиз. Буни ўз ўғлини футболчи қилиб, унинг истиқболини кўриш илинжида, бировга мақтаниб, бировга афсусланиб яна бошқасига ноиложликдан айтган ота-оналар айтишмоқда.
Вилоят футболининг бошига келиб, ҳар икки гапнинг бирида маҳаллий футболчиларни клубга жалб қилаётгани ҳақида оғиз кўпириб, бош мақсадимиз шунга қаратилганлигини айтамизу, нега Омад Тайлоқовни “Андижон”га, Турғун Қобиловни “Сўғдиёна”га бериб юбораяпмиз. Нега Азамат Абдураимов ва Даврон Файзиев кўрган иқтидорни биз кўришни истамаяпмиз. Ёки пул кўзларни кўр қилиб қўймоқдами?
Халқимизда сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деган гап бор. Аммо манфаат бор жойда чўғни ҳам кўз юммай ютса бўларкан. Хабарларга кўра ўтган йили бутун бир бошли жамоани пароканда қилган мураббий Камо Газзаров тез орада Равшан Ҳайдаровга ёрдамчи мураббий сифатида ишга киришиш арафасида турибди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деймизу, нега яна эски ишимизни такрорлайверамиз. Нега “Динамо” учун тўп тепган Учқун Қобиловни футбол интернатига равона қиламизу, яна ўша нафси бузуқларни жамоага таклиф қиламиз. Гарчи ҳеч қайси жамоада “подёмний” расман ёзилмасада ҳатто Иккинчи лигада иштирок этувчи клуб талабига жавоб бермай қолган Максим Колядинга 40 миллион сўм кўтарма пул бериб мураббий қилиб оламиз. Нега профессионал клуб тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби тарбияланувчилари қарзга овқат еб, бировларга ялиниб тўлашадию, футболга ажратилган пуллар “Динамо” ҳисобига ўтказилади. Нега биз фақат савол берамизу, жавобига келганда раддия билан ўзимизни оқлаймиз. Хўш, нега???
Самарқанд футболи, унинг бугунги аҳволи ҳақида сўз юритар эканман марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг “Самарқанд” номли шеъри ёдимга келди. Бир эсланг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Бу буюк бобокалонимизнинг тақдирига битилган шеър. Бу бутун инсониятга коинотни очиб берган аллома ҳақида қасида. Бу ҳар сафар ўқиганда кишиларни йиғлатадиган марсия. Бугун тарих ўзгарди. Ҳақиқат тикланди. Энди бу шеърни бир бора футболга бахшида қилиб ўқинг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Футболини сўраб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Фарҳод Норбўтаев

суббота, 25 января 2014 г.

БЕМОРНИНГ “ПРОПИСКА”СИ ҚАЕРДА?

Тошкентда ижарада яшайман. Квартира эгаси ҳар замонда ўз уйига меҳмон бўлиб келади. Бу гал ҳам одатдагидек яна меҳмон бўлиб келди. Бир ўзи эмас, ўғли билан. Кеч бўлиб қолди. “Хозяйка”нинг уйи шаҳардан узоқда бўлгани учун бугун шу ерда қолишини айтиб, нариги хонага жойлашди...
Чарчоқ босиб энди ухлашга тарадду кўра бошлагандим. Бир маҳал қўшни хонадан уй эгаси югуриб чиқиб ўғлига ёрдам беришини, унга нимадир бўлганини айтиб йиғлаб чақирди. Қўшни хонага югуриб кирсам ерга хириллаб ётган болага кўзим тушди. Шоша-пиша бориб оғзини очишга ҳаракат қилдим. Қарасам тили орқага тортаётган экан. Адашмасам бу касалликни халқ тилида судурги дейишади. Боланинг оғзини очишга ҳар қанча урунмай кучим етмади. Нима қилишимни билмай қўшнининг эшигини тақиллатдим. Эшикни очган аёлга уйимизда бир болага судурги бериб қолганини, зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилишини, агар уйда бирор эркак бўлса менга ёрдам беришини сўраб боланинг олдига ошиқдим.
Бир лаҳзада бутун подездаги қўшнилар ёрдамга чиқишди. Боланинг оғзини очишга уринар эканман онасига тилини тортинг, нафас олсин дедим. Аёл бир амаллаб боланинг оғзига қўл солиши билан бола яна қаттиқ оғзини ёпиб олди. Шу топда бармоғи ўғлининг оғзига қолиб кетган аёл вой қўлим деб жон борича бақириб юборди. Нима бўлаётганини англолмайман. Ўй-ҳаёлим боланинг оғзини очиб, нафас олишга ёрдам бериш. Кейин билсам ўша вақтда ўғлининг оғзида қолиб кетган онанинг бармоғи тирмалаб ташланган экан.
Бир оғизга тўрт эркак тармашиб, ўлим билан олишаётган боланинг оғзини очишга эришдик. Бу орада ёрдамга келган қўшни хотин қошиқ билан тилини босиб унинг нафас олишига кўмаклашди. Бир оз нафас олган боланинг ҳовури сал пасайган бўлсада, аммо унинг тили яна тортаётгани учун оғзини маҳкам ушлаб турдик. Бу орада тез ёрдам ҳам етиб келди. Боланинг аҳволини кўргач тезда биринчи ёрдам сифатида судургига қарши укол қилишди. Бола бир оз тинчлангандай бўлди...
Азага келган одам ўз дарди билан йиғлайди деганидек, шифокор даб-дурустдан бемор боланинг “прописка”сини сўраб қолди. Боланинг оғзини очган ҳолатда жаҳл билан шу ерда, шу квартирада “прописка”да туради дедим. Онанинг бўлса қулоғига ҳеч гап кирмайди. Фарзандини бу ҳолда кўриб ҳатто нима қилаётганини ҳам билмайди. Бу орада боланинг касала яна қайталана бошлади. Шифокор биринчисидан кучли бўлган иккинчи дорини ҳам беморга юборди. Тўрт эркак дори таъсир қилиб, бола тинчлангунча ушлаб турдик. 4-5 дақиқа ўтар ўтмас унинг судургиси камайгандек бўлди. Вақтдан фойдаланиб тўрт эркак бир амаллаб болани тез ёрдам машинасига жойлаштирдик...
Тез ёрдам машинасида касалхонага кетар эканмиз, қўли боғланган бола бақирар, унинг тепасида турган онаизор ўғлининг номини такрорлашу, калима қайтаришдан бошқа нарса айтолмасди. Квартирадан 5-6 чақрим узоқда жойлашган Кадешевадаги касалхонага ҳеч етолмаймиз. Назаримда 5-6 чақрим 50-60 чақримга айлангандек туюларди менга. Бор ҳаёлим тезроқ шифохонага етиб борсагу, оғриқдан азоб чекаётган болага шифокорлар ёрдам беришса деган ўй билан кетаётганимда тез ёрдам машинасидаги шифокор яна боланинг “прописка”си қаердалигини сўради.
Боланинг азобланаётганини кўрган онанинг ҳаёли ўғлида, қайси саволга нима деб жавоб бераётганини ҳам билмайди. Унга ёрдам бериш мақсадида ёнида бирга кетаётган одамларнинг ҳаёли эса унинг омон қолишида бўлган бир вақтда шифокорнинг “прописка” деган сўзини эшитиб асабларим таранглашиб кетди. Бошқа бир вазият бўлганда тўғриси шифокорга бошқача муомала қилардим. Балки мушт тушурардим. Афсуски ҳозир бир боланинг ҳаёти ҳал бўлаяпти.
Бир амаллаб касалхонага етиб келдик. Бемор болани қабул бўлимига киргиздик. Қисқа текширувдан сўнг яна ўша савол берилди. “Беморнинг “прописка”си қаерда?”. Дод солгим келди. Бир инсоннинг ҳаёти қил устида турган вақтдан унинг “прописка”си ҳаммасидан муҳимми? Бу саволга кейинроқ, балки эртага ҳам жавоб олса бўладику. Афсуски яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”...
Бола реанимация бўлимига ётқизилиб, тўлиқ шифокорлар назоратига ўтди. Ҳаммамиз биламизки жонлантириш бўлимига ташқаридан бегона одам кириши мумкин эмас. Шу сабабдан беморнинг аҳволини фақат шифокорлардан билиш мумкин. Эшик ортида жигарбандининг қай ҳолатда эканлигини билиш учун сарғайган ота-она. Она бечора тинимсиз йиғлашдан нарига ўтмайди. Эшик олдида турган ҳамшира, беморнинг аҳволи яхшиланганлигини, уни навбатчи шифокор текшираётганини айтди. Энди фақат бир имкон қолди. Фақат кутиш. Бошқа чора йўқ. Менинг ҳам ҳаёлим ичкарида нима бўлаётгани билан андармон. Бироқ қулоғим остида ҳамон ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Ё тавба, нега пойтахт шифокорларини беморнинг аҳволидан кўра унинг “прописка”си қизиқтиради. Ёки жон азобида ётган бемор тузалиши билан қочиб кетадими? Бу саволга вазият яхшилангандан сўнг ҳам жавоб олса бўладику? Йўқ, ундай эмас. Улар учун энг муҳими “прописка”. Бемор иккинчи масала. Мен бунга иккинчи бор гувоҳ бўлишим.
Шифокорларда Гиппократ қасами деган тушунча бор. Оқ халатни кийиб, инсонлар саломатлиги учун хизмат қиладиган ҳар бир доктор Гиппократ қасамини ичади. Тўғриси бу қасам ҳақида жуда кўп эшитганман. Гиппократ қасамида нималар ёзилганини билиш мақсадида ўзим ҳам ўша қасамни ўқиб чиққанман. Не ажабки бирор марта Гиппократ қасамида “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган савол берилишини эшитмаганман. Агарда яқин орада қасамга беморнинг “прописка”си сўралсин деган жумла қўшилмаган бўлса албатта.
Ҳаммаси ўтиб кетди. Навбатчи шифокор боланинг аҳволи яхши эканлиги, эртага янада чуқур ташҳис қўйиб уни даволаши ва тез орада соғайиб кетишини айтиб бизни хотиржам қилди. Юзида оз бўлсада хотиржамлик, бироқ, кўнгилда хадик, кўзида ёш олган она ҳамон йиғлашдан нарига ўтмайди. Хола, йиғламанг! Болангиз яхши. Тез орада соғайиб кетади дедиму ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқарида сигарет чекар эканман, боланинг саломатлиги яхши бўлганидан хурсанд бўлсамда, назаримда кимдир “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган саволни қайта-қайта бераётгандек туюлаверарди. Гўё бу саволга жавоб бермасам болага ҳеч ким қарамайдигандек. Ҳар чанд урунмай барибир “прописка” деган сўзни унутишнинг имкони бўлмади. Қайтанга ўтган йили бўлиб ўтган воқеани эмисга солиб юборди. Бу ҳақида ўша пайти аламимдан твиттер ва файсбук каби ижтимоий тармоқларда ҳам гапирганман. Тилига “прописка” боғлаб олган шифокорларни роса қарғаганман ўшанда.
Ўтган йили ёз ойларида уч ёшли боламнинг тоби қочиб қолди. Тез ёрдам машинасида Уч Қахрамон мавзесида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришди. Қабул бўлимига турган ўрта ёшдаги навбатчи шифокор ўғлимга биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига мени қаерда “прописка”га туришимни сўради. Қўлимда додлаганча турган боламга ёрдам кўрсатиш ўрнига шифокорнинг берган саволидан тутақиб кетдим. “Пропискам” Самарқандда. Ҳозирги аҳволда бунинг нима аҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса биринчи ёрдамни кўрсатинг деб илтимос қилдим. Дўхтир бўлса “прописка”сиз беморларни қабул қилолмаслигини айтиб, бизни  Республика юқумли касалликлар шифохонасига боришимизни, у ерда қабул қилишини айтиб қайтариб юборди.
Йўлда ўғлимнинг азобланаётганидан эзилиб, “прописка”сиз беморни қабул қилмаган дўхтирдан нафратланиб, жаҳлим чиқиб Республика юқумли касалликлар шифохонасига етиб келганимни ҳам билмай қолдим. Тез ёрдам машинасидан тушушим билан шифокорлар қўлимдаги болани олиб, биринчи ёрдам кўрсатишга тушиб кетди. Худога шукр. Оқ халатнинг ҳаммасида ҳам доғ бўлмас экан. У ердаги шифокору ҳамширалар менинг кимлигимни, қаерда ишлашимни энг муҳими ҳатто “пропискам”ни ҳам суриштирмасдан ўғлимни даволашди. Биласизми, ёзнинг иссиқ кунида мевадан ичи кетиб тоби қочган болам атиги ўн беш дақиқада ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетди. Қувончимдан йиғлаб юбордим. “Прописка”ни энг сўнгги даражага қўядиган, инсон ҳаёти ҳар қандай “прописка”дан устун эканлигини биладиган шифокорлар борлигидан хурсанд бўлиб йиғладим.
Афсуски, бугун яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Пойтахтга келиб бир нарсани чуқур англаб етдим. “Прописка”сиз одам худди батарекасиз соатга, моторсиз машинага, қанотсиз қушу, пойдевори йўқ уйга ўхшаб қоларкан.
Тўғриси, кўп гапларни ёзмоқчи эдиму, афсуски Тошкентда “пропискам” йўқда.

P/S: Судурги сабаб касалхонага келган беморга яқиндан ёрдам берган шифокорларнинг барчасига рахмат. Бугун уларнинг саъй-ҳаракати билан бир инсоннинг жони омон қолди. Бир онаизорнинг кўнгли таскин топди. Юқоридаги гапларим орқали оқ халат соҳибларини қораламоқчи ё бўлмасам ўз касбига лаёқатсиз демоқчи эмасман. Уларнинг борига шукур. Айнан улар сабаб қанчадан-қанча беморлар ўз дардига даво топишмоқда. Фақатгина демоқчи бўлганим, ҳар қандай ҳолатда бўлган беморга тўлиқ ёрдам бериб, сўнг улардан “прописка” сўраса яхши бўларди. Акс ҳолда Тошкентга келган инсонлар оддий бош оғриғидан ҳам талвасага тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Фарҳод Норбўтаев