среда, 25 марта 2015 г.

УЧИНЧИ ТАНҚИД

Мақоламиз сарлавҳасини эшитиб бир оз ҳайратланган бўлишингиз табиий. Аммо мавзунинг ичига кирмасдан туриб ўта ҳаяжон ва эҳтиросларингизни ошкор қилишга чоғланмассиз деган умиддамиз. Ушбу ҳаяжону, эҳтиросларни барчасини «оптом» қилиб мақоланинг охирги қисмидаги изоҳлар бўлимига бира-тўла ёзишингиз мумкин.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида жуда муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, журналистика соҳасида аслида қандай қалам тебратиш ёки ижод қилишни футбол нашрлари ва интернет сайтлари кўпчиликка намоён қилиб бўлди. Афсуски, қалам аҳли қилаётган манашундай ижодкорлик «зангори экран» ижодкорларига ҳамон етиб бормагани кишини бироз таажубга солади.
Келинг, масалага сал бошқачароқ ёндошайлик. Юртимизда футболга қизиқувчиларни сони қанчалик кўп эканлигини яна бир бор эслатиш шарт эмас. Шу сабабли ҳам телерадиоканаллар ичида «Спорт» телеканали ўзининг етарлича мухлисига эга бўлиб олди. Минг афсуски мазкур телеканал республикамизнинг узоқ туманлари у ёқда турсин, ҳатто пойтахтга яқин бўлган Самарқанд вилоятининг айрим туманларида сифатли кўрсатмаётганлиги, ё бўлмаса умуман кўришнинг иложи йўқли кишини ўйлашга мажбур қилади. 
Биргина вилоятнинг Ургут, Қўшрабод туманларида тўлқин етиб бормаганлиги сабабли бу ернинг аҳолиси «Спорт» телеканали кўрсатувларини кўришдан мосуво бўлишган. Буларни-ку қўятурайлик, ҳатто вилоят марказига яқин айрим қишлоқларда ҳам эфирнинг сифати қониқарли деб бўлмайди. Энг ачинарлиси, Ургут ва Тайлоқ туманларида Тожикистон Республикасининг иккита канали сифатли тарзда эфирга узатилсаю, ўзимизнинг «Спорт» каналимиз кўрсатмаса роса алам қиларкан кишига. Айниқса терма жамоамиз ўйинлари вақти бу алам икки баравар ортиб кетади. Худди шундай ҳолатни Нуробод туманининг баъзи қишлоқларида ҳам учратишимиз мумкин. Қувонарлиси, Норободлик футбол ишқибозлари миллионлар ўйинига шу қадар қизиққанлиги туфайли «Спорт» телеканали хира-шира кўрсатадиган қишлоқларга бориб томоша қилишар экан. Очиғини айтиш керакки айрим футбол кўрсатувларини миллионлар ўйини ишқибозлари ҳар замонда айнан Тожикистон Республикаси телеканаллари орқали кўришига ичингиз ачийди. Мисол, яқинда бўлиб ўтган “Эл классико” ўйинини ҳам Тожикистоннинг учта телеканали олиб бердию, ўзимизнинг “Спорт” каналимиз ҳатто рекламасини қўйишга ҳам ярамади. Танқидга йўймангу, аммо «Спорт» телеканали ходимларининг ижодларини чеккага суриб, ҳеч ким билмайдиган, кўплар тушунмайдиган, баъзи шарҳларида ҳатто миллатчиликка борадиган Тожикистон телеканали журналистларининг шарҳини эшитиш…
Яна бир жиҳати шундаки, «Спорт» телеканали бугун ўз мавзусидан чеккага чиққан ҳолда сериал каналга айланиб бормоқда. Ишқибозларнинг медасига тегиб кетган Германия чемпионатини ҳисобга олмаганда бошқа чемпионатлар борлигини баъзи интернетдан узоқ футбол ишқибозлари деярли унитаёзди. Алам қиладиган жиҳати шундаки, аввалига транслация учун пул талаб қилмоқда деб Англия, Испания, Италия каби чемпионатларни кўришдан мосуво қилгани етмагандек, Олий лига ўйинларини ҳам кечагидан қолган ошдек ярим кечаси, айрим ҳолларда бир кун ўтгандан сўнг эфирга узатаётганини умуман тушунмайсан киши.
Бир товуққа ҳам дон керак ҳам сув керак деганларидек, «донсиз» қолган «Спорт» телеканали «сув»дан ҳам мосуво бўлишмоқда. «Спорт» телеканалини қанчалик мароқ билан томоша қилсанг, ундаги шарҳловчиларнинг оддий ҳолатдаги хатоларини кўриб шунчалик асаб бузиладики, асти қўяверинг. Айниқса миллий терма жамоамиз ва клубларимизнинг халқаро майдонгади ўйинларини шарҳлаш жараёнида эҳтиросга берилиб кетадиган шарҳловчилар ҳатто ўзлари нима дейишаётганини тушунмай қолишади. Энг қизиғи кўп ҳолларда футболчиларни танимаслиги оқибатида қўпол ҳатоликлар амалга ошириладики, буни оддий сўз билан ифодалаш қийин.
«Спорт» телеканалининг 2012 йилдаги Олий лига 2-туридан ўрин олган «Шўртан» – «Навбаҳор» учрашувидаги ажойиб “қовун тушди” шарҳи кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша шарҳда беллашувнинг иккинчи бўлим охирги 20-дақиқасигача ҳаммаси яхши кетаётган эди. Аммо бош ҳакам Ильгиз Танташев беллашув якунланганини билдирувчи хуштагини чалганида ўйинни шарҳлаган ҳамкасбимиз айтган гапи унча-бунча одамни ёқа ушлашга мажбур қилади. (Шарҳловчи ким эканлигини айтишни лозим деб билмадим). Хуллас, телевиденияда фаолият юритадиган ҳамкасбимиз телетомошабинлар билан қуйидаги сўзларни айтиб хайрлашди: «Учрашувнинг бош ҳаками Игорь Криушенко ўйинни якунловчи хуштагини чалди!». Тўғри, инсон адашади, лекин бу даражада деб ўйламайман, яна билмадим. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатида Игорь Криушенко деган рефери йўқ. У «Шўртан» бош мураббийи ҳисобланади.  Бунчалик эмасда, ўртоқ ҳамкасблар! Балки ўша йили Криушенкони ишдан кетишига айнан ўша журналистнинг “ҳиссаси” ҳам бордир. Яна ким билади дейсиз?! Афсуски бундай хатолар ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.
«Спорт» телеканали ижодкорлари ҳам футболимизда бўлгани каби сонга эътибор бериб сифатни иккинчи даражага олиб келишлари натижасида оддий ва қўпол хатоликларнинг юзага келиши телеканал ижодкорлари учун уятли саналмасмикан?
Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади дейди, халқимиз. Шундай экан биз ўз муаммоларимизни қанчалик яширсак бизни қийнайдиган муаммолар шунчалик кўпаяверади. Айнан мана шундай жиҳат орқали муаммонинг иккинчи тугуни келиб чиқади. Гарчи, биринчи мавзумиз билан ўртадаги боғлиқлик озгина йўқолсада, бизнинг лоқайдлигимиз туфайли бу муаммо олдингисиданда фожиали кўриниш олиши ҳеч гап эмас.
Халқимизда сен менга тегма мен сенга тегмайман деган мақол бор. Биз бугун бу мақолни ҳаётга тадбиқ қилмоқчи эмасмиз. Аниқроғи таҳлил қилмоқчимиз. Бугун бозор иқтисодиёти даврида барчамиз ишга шу қадар шўнғиб кетдикки, ҳатто ёнимиздаги одамларнинг нима иш билан шуғулланишига эътибор ҳам бермай қўйдик. Худди футболдаги каби, ЛОҚАЙД бўлиб бормоқдамиз. Яхшиси, гапни олиб қочмасдан аниқ мақсадга ўтақолайлик.
Бугунги кунга келиб юртимизда тамаки маҳсулотини истеъмол қилувчилар сони шу қадар
кўпайиб кетдики, ҳатто бу борада аниқ бир рақамларни келтиришга ҳам иккиланиб қоласан киши. Энг ёмони кашандаликда ўз жинсига тўғри келмайдиган чекувчиларнинг кўпаяётгани ачинарли. Жамиятимизда эркак ва аёл иш фаолияти қанчалик тенглашган сари уларнинг қилаётган ишлари ва ҳатти ҳаракатлари ҳам шу қадар тенглашмоқда. Ҳатто спортда ҳам. Бундоқ назар ташласак, катта кўчада кетаётганлар орасида биз билган сиполи, одоб-ахлоқда ҳаммага ибрат бўладиган аёллар ва қизларимиз ҳам бемалол сигарет чекиб юришмоқда. Қизлар учун сегарет чекиш қанчалик наф келтиради? Биз айнан манашу саволга жавоб топиш мақсадида кашандалик кўчасига кирган Лола (исми ўзгартирилган) исмли қизни сўзларини тингладик.
- Бу заҳри қотилнинг қанчалик зарар келтиришини биласизми?
- Йўқ билмайман. Билишни ҳам истамайман.
- Турмушга чиққанингиздан кейин-чи, ундан сўнг ҳам сигарет чекасизми?
- Буни вақт кўрсатади.
- Чекишдан қандай фойда топдингиз?
- Дастлаб, асабларимни тинчлантиришга ёрдам берарди. Кейинчалик, чекмасам ўзимни ёмон ҳис қила бошладим.
- Сиз эртага она бўласиз, шундайми? Унинг заҳри балки фарзандингиз қонига ҳам сингар?
- Мана шунақада, чекма дейсизлару яна аллақандай қўрқинчли гапларингиз билан одамни ўтакасини ёрасизлар (сумкасидан навбатдаги сигеретни олиб чека бошлади). Ўзи ҳар куни эшитадиган тана-маломатлар ҳам етиб ортади менга. Хўш, айтингчи, шундай асаббузурликдан кейин ҳам чекмай бўладими? Агар менинг ўрнимда бошқаси бўлганда аллақачон наркоман бўлиб кетарди...
- Мана шу нарсанинг ўрнига бирор бир спорт тури билан шуғулланганингизда балки саломатлигингиз учун фойдалироқ бўлармиди?!
- Тўғри, гарчи спорт билан шуғулланмасамда футболни жуда яхши кўраман. Айниқса,  Роналду ва Месси каби футболчиларнинг суратларидан ҳам анча мунча йиғиб қўйганман.
Эй, воҳ. Бу нима кўргилик. Захри қотил билан ошно тутинган бир ожиза шу ҳолида шунча спорт тури қолиб футболни яхши кўрармиш. Ҳатто жаҳон футболи юлдузларини айрим футболсевар мухлислардан кўра яхши билар экан-а!.. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек
афсус билан айтишимиз мумкинки, бугун орамизда мана шундай қизлар ҳам кўпайиб бормоқда.
«Йўқолган пичоғимнинг сопи олтиндан эди». Бу бежизга айтилмаган. Аммо йўқолган соғлигимизни «олтин сопи»ни қаердан топамиз. Бу катта муаммо. Соғлиқ ҳақида гапиравериб соғлигингизни қочириб қўйган бўлсак керак. Шунинг учун кейинги мавзумизни соғлиқни сақлаш тўғрисида юритсак. Яна ҳам аниқ қилиб айтадиган бўлсак спорт ҳақида, унинг ҳам миллионлар ўйини футбол ҳақида тўхталиб ўтсак.
Бу йил Осиё чемпионлар лигасида тўртта жамоамизнинг иштирок этаётгани кўпчилигимизни қувонтирганди. Минг афсуски ҳозирча “Насаф”дан бошқа жамоаларимиз ишончни оқлаганича йўқ. Қолганлар эса яна ўша эски баҳоналари билан қулоққа лағмон осишдан бошқа ишга ярамаяпти. Ярамаса ҳам керак. Қолаверса, ўтган йиллар давомида ОЧЛда кўпроқ ўрин олгунга қадар қанчалар ишларимизни «фотошоп» қилганимиз ўзимизга аён. Бугун ўша «фотошоп» ишларимиз амалда ўзини кўрсатмоқда. Юртимизга келган ОФК тафтиш комиссиясини алдаб ўзимиз ўйлаган квотани олгандирмиз. Аммо уларнинг ҳаммаси яхши дегани билан ғалвир сувдан кўтарилаётганда эришаётган натижаларимизга бир қарасак аслида ким кимни алдаганини билиш қийин эмас. Тўғри ҳали вақт бор. Жўжани санаш учун кузни кутишимиз керак. Бироқ аслида Осиё Чемпионлар лигасида қай даражада эканлигимизди кечаги ўйинлар айтиб турибди. Мана уч турки араб жамоалари клубларимизнинг асл қиёфасини очиб ташлаяптику? Худди Фонтамас сингари. Олдиндан бир гапни айтишим мумкинки келаси йилга иккита квотани сақлаб қолсак ҳам дўппимизни осмонга отишимиз керак. Чунки айни пайтда асл савиямиз фақат “икки”га баҳоланади. Ундан ортиғи таниш-билиш бўлиши аниқ.
Шу топда бир савол туғилади нега, нима учун бизнинг футболда амалга ошираётган ислоҳотларимиз ўз натижасини бермаяпти? Шунча қилган ҳаракатларимиз бекор кетмоқда. Ахир футболнинг энг катта мутасаддилари келиб бизнинг ишларимиздан хурсанд бўлиб кетганди-ку! Ҳа, хурсанд бўлиб кетганди. Фақат Тошкентга келганлари учун хурсанд бўлиб кетганди. Мабодо ҳаёл олиб бошқа бир вилоятга келганида борми? Буёғини гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, биз уларни йиғидан тўхтата олмасдик. Қўлига даста-даста рўмолча тутсак ҳам уларнинг кўз ёшлари тинмасди.
Бизнинг назаримизда федерация томонидан амалга оширилаётган ислоҳотли ишлар фақатгина пойтахт атрофида айлантириш билан оворамиз. Республикамизнинг қолган вилоятларида эса бунинг аксини кўришимиз мумкин. Кундан-кунга футболни назорат қилиш, унинг камчилигини аниқ ва равшан қилиб кўрсатиш йўқолиб бормоқда. Фақатгина саноқлигина спорт нашрларимиз буни амалга оширишмоқда холос. Уларнинг ҳам аксарияти қоғозга ўраб, монтаж қилиб, ё бўлмасам бир клубнинг манфаатини ҳимоя қилиб эфирга бермоқда. Мана шундай ишлардан сўнг қандай қилиб бизнинг футболимиз ривожлансин.
Бундан бир неча йиллар олдин ҳамкасбларимидан бири вилоят футболининг асл аҳволи хусусида бир-биридан чиройли кўрсатувлар бериб, ҳар бир вилоят футболига танқидий қараш қилиб озми-кўпми ўша жойларда ўзгариш бўлишига туртки бўлганди. Қани бугун ана шундай кўрсатувлар. Қани асл пардани кўтарадиган ижод аҳли. Ҳартугул федерациядан битта мутахасисни олиб вилоят футболини ҳар бир жабҳасини эринмасдан келиб ўз кўзлари билан кўриб, ипидан игнасигача текширса дарё-дарё камчиликларни кўриши турган гап.
Биз фақат бир ойда амалга оширган ишларнинг ҳисоботини оламизу, ундаги рақамларни кўриб натижаси яхши деб қўямиз. Аслида буёғини сув босиб ётганига қизиқмаймиз ҳам. Ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Очиғи эринамиз. Тошкентдан ташқарига чиқишга эринамиз. Бироқ, дам олиш бўлса дунёнинг энг узоқ мамлакатига ҳам борамиз. Эринмаймиз. Пойтахтга Это’o, Инеста, Пуёл, Ривалдо, Роналду ва Сколарини олиб келиш учун миллионлаб пулни сарфлаймизу. Атига юз минг кетадиган йўлга боришни истамаймиз. Чунки биз фақат олишга ўрганганмиз. Беришга эмас.
Шу топда Мирзабек Холмедовни бир аскияси ёдимга тушдиБир жуда кўп сўкинадиган одамни ҳажга юборибди. Зора, худо унга инсоф бериб тилини иймонли сўзлар билан бойитса деб. Хуллас... Ҳа, латифани охиригача айтмасдан юзингизда кулгу пайдо бўлдими? Қойил, зийраклигингизга. Аммо шундай бўлсада латифадаги охирги гапини яна бир бор ёдингизга солсамХуллас, ўша одам шайтонга тош отгандан сўнг меҳмонхонага келса бир тўда ШАЙТОН ўтирган экан. У кириши билан: эй, номард ЎЗИНГНИКИга ҳам тош отасанми, деб уни роса дўппослашган экан.
Мана энди сизга нима демоқчилигимни тушунган бўлсангиз керак. Ўзимникига тош отмай деб, муаммо устига муаммо қўшмоқдамиз. Ёпиғли қозонни ёпиғлигича қолдирмоқдамиз. Биз бир нарсани ҳамон тушуниб етганимиз йўқ. Кўза кунда эмас кунида синишини. Бизнинг бугунги мағлубиятларимиз кўзанинг емирилиши холос. Агар шу тарзда кетаверсак кўзамиз ҳам бир куни дарз кетиши аниқ.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ