Сўнгги йилларда Андижон
вилоятида амалга оширилаётган ишлар, вилоят аҳли эришаётган натижалар
кўпчиликни бирдек хурсанд қилиб келмоқда. Айниқса, вилоятда олиб борилаётган
улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бу ерга биринчи бор келган кишига ўзга
бир оламга тушуб қолгандек таассурот ўйғотиши табиий. Андижонга меҳмон бўлган
киши шаҳарни кезар экан, ҳар қадамда барпо этилаётган замонавий иншоотларни кўриб
обод юртнинг бунёдкорлик ишларига ҳавас билан қарайди.
Бевосита Андижон ҳақида гап
кетганда ўзбек футболида ўзига хос мавқейга эга бўлган вилоят футболига ҳам
алоҳда тўхталиб ўтиш лозим. Аммо минг афсуски, бутун бошли вилоят номи билан
тилга олинадиган “Андижон” футбол клубининг сўнгги пайтлардаги натижалари
андижонлик миллионлар ўйини ишқибозларини ҳафсаласини пир қилаётгани аниқ. Бир
неча йиллар аввал қуйи лигага тушиб кетган жамоа Олий лигада ўз мавқейини
тиклаб олгандан сўнг барча унга катта умидлар билан қараган, ҳатто Осиё
миқиёсидаги мусобақаларда ҳам иштирок этишни ўз олдиларига мақсад қилганди.
Бироқ, клубнинг бир ёқадан бош чиқармасдан ишлаши натижасида қисқа фурсат ичида
томир отиб кўкараётган жамоа илдизи билан йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Бунинг сабабларини эса оддий бармоқлар билан санаб адоғига етолмайсан киши. Қисқаси,
бу йил клуб ҳарқачонгидан оғир аҳволда қолгани аниқ.
Эътибор
Андижон вилоятида футболни
ривожлантириш ва уни оммалаштириш борасида қилинаётган ишларни оддий сўз билан
ифодалаш қийин. Боиси кўпчилик ёшлар ҳавас қиладиган, замон талабларига жавоб
берадиган зарур инфратузилмаларга эга бўлган бир нечта футбол мактаби ҳам айнан
мазкур вилоятда фаолият юритмоқда. Шундай экан вилоят ҳокимлиги томонидан
футболни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни ҳар қанча ёзсанг кам. Аммо
нега мутасадди раҳбарлар вилоятда футболни ривожлантириш борасида тинимсиз
меҳнат қилаётган бир вақтда ўша ишларни амалдаги ижросини таъминлайдиган
масъулиятли раҳбарлар миллионлар ўйинида керакли натижага эришиш учун
эътиборсизлик қилаётганини тушуниш қийин.
Андижон вилояти ҳокими
футболга қизиқиши ҳеч кимга сир эмас. Бунга ўзим ҳам бир неча бор гувоҳ
бўлганман. Айнан ушбу қизиқиш сабабли бугун “Андижон” футбол клубида ўзига
етарли барча имкониятлар яратиб берилган. Ҳар мавсум олдида ҳомийлар томонидан
клуб ўзи истаган миқдорда маблағ билан таъминланиши ҳам сўзимиз исботи бўла
олади. Аммо нега ҳокимлик томонидан бутун бошли клубга катта эътибор
берилаётган бир вақтда клубнинг натижалари тобора қониқарсизлашиб бораётганлиги
кўпчилик қатори бизни ҳам ҳайрон қолдириб келмоқда.
Ҳаммамиз биламизки бугун
юртимизда “GM Uzbekistan” корхонаси жадаллик билан фаолият юритиб келмоқда.
Айнан ушбу корхона “Андижон” футбол клуби ҳомийси эканлигини ҳам биламиз.
Тўғрисини айтганда Олий лигадаги баъзи клубларимиз “GM Uzbekistan” корхонасини
ўзларига ҳомий бўлишини жуда исташади. Боиси мазкур корхона ҳомийлик борасида
бирор маротаба ҳам “Андижон” клубини уялтириб қўйгани йўқ. Халқ тили билан
айтганда, ҳар доим кулибнинг егани олдида, емагани кетида туради.
Хўш, шундай экан унда нега
клуб тобора парокандаликка юз тутмоқда? Нега ҳокимликнинг назаридан четда
қолмайдиган жамоа осмондаги қанотсиз қуш сингари пастга шўнғимоқда?
Бу саволларга жавоб топиш
мушкул. Балки футболчилар жамоада ўйнашни истамагани учун атайлаб қониқарсиз
ўйин кўрсатишаётгандир. Балки ҳақиқатдан ҳам клубнинг аҳволи ёмонлашгандир. Балки кимлардир
клубнинг қониқарсиз натижаларини ҳокимлик томонидан ажратилаган маблағлар
футболчиларга берилмаётганлиги билан изоҳлашар. Агарда ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса,
халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади деган нақл
борлигини унутмаслигимиз лозим.
Футболчилар ва клуб раҳбарияти
Ҳар қандай клубда ўзаро
ҳамжиҳатлик катта ютуқларга эришишга сабаб бўлади. Буни узоқ ўтмиш ё бўлмасам
европа жамоаларидан мисол қилиб айтишимиз шарт эмас. Оддийгина, жорий йилда
ўзининг ёш таркиби билан мамлакатимиз чемпиони бўлган “Пахтакор” ва Осиё
чемпионлар лигасида ярим финалга қадар етиб борган “Бунёдкор” жамоалари
мисолида олишимиз мумкин. Тўғри, “қалдирғочлар”да ҳам ойлик борасида клуб
раҳбарияти билан келишмовчилик бўлди. Ҳатто жамоа футболчилари бир бўлиб ЎФФ
котиби Сардор Рахматуллаевга учрашгани ҳам бор гап. Аммо бу тамомила бошқа
масала. Қайсидир жиҳатдан бугун ўша муаммо ҳам “қалдирғочлар” учун ҳал қилиб
бўлинди. Энг муҳими ҳар қандай шароитда ҳам клубда ҳамжиҳатлик ўзини йўқотмади.
Бунинг самарасини эса “Бунёдкор” клубининг ОЧЛда эришган натижаларидан ҳам
билиш мумкин.
2012 йилги мавсум
тугаганига анча бўлсада, айни пайтда “Андижон” футболчилари клуб раҳбарияти
билан тамомила тескари муносабатда бўлиб қолган. Бундай шароитда эса янги
мавсум тараддуди ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Айнан ўша тескари муносабат
бугун бир вилоят жамоасини пароканда бўлишига олиб келмоқда. Ҳатто, клубнинг
аксарият футболчилари янги мавсумда жамоа раҳбариятида сезиларли ўзгариш бўлмас
экан келаси йили “Андижон”да қолмаслигини айтиб ўтаётганлари ҳам йўқ эмас.
Хўш, нега футболчилар
клубни тарк этишга қаътий киришган? Нега улар жамоани бошқариш тизимидан
норози?
Гап тўғридан-тўғри ойлик
маош борасига келганда тан олиб айтиш керак жорий йилда Олий лигадаги кўплаб
клубларимизда ҳам бу муаммо бўлди. Ҳатто ҳозир ҳам ярим мавсумдаги маошларини
ололмаган футболчилар бор. Шундай экан, демак гап фақат ойлик борасида эмас,
балки футболчилар билан бўлаётган бошқа муносабатларда. Афсуски, клуб
раҳбарияти футболчиларга қандай вадалар берганию, уни қайсиларини амалга
оширмагани биз учун қоронғу. Ҳар ҳолда айни пайтда “Андижон” клубидаги
футболчилар Фозил Мирзаев клуб бошқарувида қолса жамоада қолмаслигини айтиб
ўтишган. Андижонлик ишқибозлар учун энг аянчлиси ҳатто маҳаллий футболчитлар
ҳам худди шундай тўхтамга келиб улгуришган. Яна бир бор таъкидлаб ўтаман.
Бунинг сабабини футболчилар ва клуб раҳбариятидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Яна бир жиҳат. Мавсумни
шов-шувли трансфер билан бошлаган “Андижон” ўз таркибига тажрибали ҳужумчи
Владимир Шишеловни ҳам қўшиб олди. Бу водий жамоасининг сўнгги йиллардаги энг
катта харидларидан бири бўлди. Аммо нега манашундай тажрибали футболчи жамоани
тарк этди. Ваҳолангки, Шишеловнинг клуб билан тузилган шартномасида унга фақат
хориж чемпионатларидан таклиф тушсагина “Андижон”ни тарк этишга келишилган эди.
Бироқ, иккинчи даврага келиб ҳеч ким кутмаган ҳолда футболчи “Насаф” таркибида
пайдо бўлди. Шу топда ўз-ўзидан савол туғилади. Наҳотки, катта маблағ эвазига
жамоага жалб этилган Владимир Шишеловнинг бошқа клубга ўтиб кетиш сабалари
вилоятдаги футболга мутасади кишиларни бир он бўлсада ўйлашга мажбур қилмаган
бўлса.
Боз устига айни пайтда катта-катта ваъдаларга ишониб клуб билан
шартнома тузган Владимир Шишелов "Андижон"даги қарзларини ундириб беришларини сўраб Ўзбекистон
футбол федерациясининг тегишли бўлимига мурожаат қилишга ҳам улгурган.
Энг
қизиғи, “Андижон” клуби келажаги билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон
профессионал футбол лигаси клуб раҳбариятини йиғилишга чақирганда лоаққал
номига бўлсада клубдан бирор бир вакилни юбормаганлигини қандай тушиниш мумкин.
Ҳар ҳолда ЎзПФЛ йиғинига бормаган клуб раҳбари Фозил Мирзаевга 3 миллион жарима
қўллагани ҳам ҳақиқат. Агарда ЎзПФЛ ўз ҳаққини қолдирмаслигини инобатга олсак,
клуб қўлланилган жаримани тўлаб бериши аниқ. Энди ўзингиз ўйланг, бундай ҳолда
бир неча ойдан бери пешона терисини тўкилиб меҳнат қилган футболчи ўз ҳаққини
сўраб кимга мурожаат қилсин. Яна ўша вилоят ҳокимигами?
“Андижон”да пул йўқми?
Юқорида таъкидлаб
ўтканимиздек, “Андижон” клубига “GM Uzbekistan” корхонаси ҳомийлик қилади. Бу
корхонанинг номини эшитган одамнинг ўзи у ҳомийлик қилаётган жамоанинг
иқтисодий салоҳияти оқсаб қолганига ишониши қийин. Маълумотларга қараганда
ҳомийлар томонидан клубга жорий йилда 5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ
ажратилган.
Хўш, ўз ҳисобида шунча
миқдордаги пули бўлган жамоа нега футболчиларга ойлик маош тўлашга келганда
иқтисодий аҳволи таранглашиб қолди. Наҳотки, футболчиларнинг арз доди кун сайин
ошиб бораётган бир вақтда ҳомийлар томонидан ажратилган пуллар қаерга ва нима
мақсадларда ишлатилганлиги билан ҳеч ким қизиқмаса? Ахир йил бошида
тузиладиган, қолаверса вилоят ҳокими тасдиғидан ўтказиладиган сметада
футболчиларнинг ҳам ойлик маоши киритиладику? Ёки, йиллик сметада
футболчиларнинг ойилк маоши алоҳида суммада кўрсатиладими? Бордию шундай бўлса,
клуб бюджети 5 миллиарддан ҳам кўп эканлигини билиш учун математик бўлиш шарт
эмас, назаримда.
Агар ҳақиқатдан ҳам йил
бошидаги сметада футболчиларнинг ойлик маошлари ҳам киритилган бўлса, унда нега
клуб футболчилардан ҳамон қарздор. Ёки, сметадаги пуллар бошқа мақсадларда, ё
бўлмасам кимнигдир манфаатлари учун сарф қилинганмикан? Хўш, бу саволларга
қаердан жавоб топиш мумкин. Йиллик сметага қўл қўйган вилоят ҳокимиданми ёки
смета пулларини ишлатган клуб раҳбариятидан. Ахир бутун бошли клубга
ажратиладиган пулларга минглаб андижонликларнинг ҳам оз бўлсада ҳиссаси борку?
Демак, улар ҳам бу саволга жавоб топишга ҳақли.
Андижонлик мухлислар
Андижонлик мухлислар
азалдан футболни севиб келган. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда клуб давомли
мағлубиятларга учрасада ҳоҳ уйда ҳоҳ сафарда бўлсин жамоани бирдек
қўллаб-қувватлаб келмоқда. Энг қизиғи, маълум бўлишича айрим ҳолларда
“бургутлар”нинг мухлислари клубда қайси футболчи ўйнаши, клубни ким бошқариши
борасида мутасадди раҳбарларга ўзларининг фикрларини баён қилиш ҳуқуқига эга
экан. Тўғриси, мухлисларда бундай имконият борлигини билган бошқа клубларимиз
андижонлик ишқибозларга ҳавас қилса ажабмас. Қолаверса, мухлислар билан ишлаш
қайсидир жиҳатдан клубга бўлган ишончни янада орттиради.
Бироқ, “Андижон” клуби
сўнгги йилларда мухлислар ташрифи борасида ҳам катта йўқотишларга эришган.
Оддийгина, 2010 йилда “Андижон” иштирокидаги ўйинларда ўртача ҳисобда 11831
нафар мухлис тушган бўлса, 2011 йилда бу кўрсатгич 9769 нафарни ташкил этган.
Жорий йилга келиб эса клуб ўйинига тушадиган мухлислар сони 6419 нафарни ташкил
этмоқда. Агарда 2010 йилда клуб ўйинларига тушган мухлислар билан 2012 йилда
клуб ўйинларига тушган мухлисларни таққослаганда икки йил ичида клуб 5412 нафар
мухлисни йўқотган. Бу жорий йилда “Пахтакор” ўйинларига тушган ўртача мухлис
сони билан тенг дегани. Қайсидир жиҳатдан қараганда, бу кўрсатгич клуб бир
мавсумни мухлисларсиз ўтказгани билан баробар эмасми. Юқоридаги оддий
ҳисоб-китоб ҳам клубнинг жар ёқасига нақадар яқин қолганини англатаётгандек,
гўё. Минг афсуски, бу борада ҳеч кимнинг бош қотиргиси йўқ. Ёки ўша клубни
ривожлантириш, унинг мухлисларини яна стадионга қайтариш учун интиладиган
раҳбарни олиб келиш борасида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Клуб фақатгина
ҳомийларнинг пулини совуриш билан овора. Хўш, бундай ёмон натижаларга барҳам
бериш вақти келмадимикан. Ахир бутун бошли вилоят футболининг орқага кетиши
қайсидир ёш тоифасидаги етук кадрларни топишда ҳам муаммога дуч келишимизга
сабаб бўлмасмикан? Наҳот Андижон вилоятида вилоят футболи келажагини ўйлайдиган
инсон топилмаса?
Фарҳод НОРБЎТАЕВ
P/S: Мазкур мақола юзасидан “Андижон” клуби раҳбари Фозилжон Мирзаев ва
клуб бош мураббийи Азамат Абдураимов билан ҳам учрашдик. Тез орада клубда юз
тутган муаммолар юзасидан жамоа раҳбарларининг ҳам фикр-мулоҳазаларини ўқиш
имкониятига эга бўласиз.