четверг, 31 марта 2016 г.

ҚУДУҚҚА ТЕРМУЛГАН ҚУДУҚЧАЛИКЛАР

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги тантанали маросимида “Агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди” деган сўзларни алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги кунда соддадил халқимизни осонлик билан алдаш, унинг ишончини қозониб, турли хил ваъдалар билан кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириш ҳоллари учраб туради.
СТВ телеканалида ижод қилувчи журналист Рухсора Ғофурова Пайариқ тумани Қудуқча қишлоғида истиқомад қилувчи аҳолининг шикоят хати асосида журналистик суриштирув ўтказиб, соддадил қишлоқ аҳлини қишлоққа электр энергияси ўтказиб беришда кўзбўямачиликка юз тутган ҳолатларнинг гувоҳи бўлди. Қуйида Рухсора Ғофурованинг Қудуқча қишлоғида яшаётган соддадил қишлоқ аҳлининг муаммолари ҳақидаги журналистик суриштируви билан танишишингиз мумкин.
                                                                                                                  
ЎН БЕШ “ЛИМОН”
Пайариқ тумани  Халқабод  хўжалиги  Қудуқча  қишлоғи  Самарқанд  шаҳридан сал кам 85  километр узоқликда  жойлашган. Ям-яшил  қир-адирлар   гўзал  табиат  қўйнида   умргузоронлик қилишнинг  ўзига  яраша  гашти билан бир қаторда муракаб  жиҳатлари  талайгина.  
Анашу  қийинчиликлардан   чарчаган  қудуқчаликларнинг  бир груҳи  СТВ  телеканалига  мурожат  билан   чикишди. Унда   ёзилишича шу  қишлоқда яшовчи 15 та хўжалик электр  энергияси билан боғлиқ муоммодан азият чекишмокда. Гап шундаки, илгари қишлоқда  100 хўжалик бўлса, ҳозир уларнинг сони 160 тага етган. Шу  боис  бу  ерга  қўйилган  электр  манбаи транспорматори шунча аҳолини бирдек электр билан таъминлашга кучи етмай қолган. Шунинг учун қишлоқдаги 15 та хўжалик алоҳида транспорматор қўйилиши учун туман электр корхонасига мурожат билан чиқишган. Туман мутахассилари эса бу масалада вилоят электр энергияси корхонасига мурожаат қилишган. Масала ижобий ҳал этилиши учун  вилоят электр энергияси ходимлари 15 миллион сўм маблағ сўрашган.
БЕР... БЕР... БЕР
- Ўн бешта хўжалик бир миллион сўмдан йиғиб берганмиз, дейди шу қишлоқда яшовчи Тохир Умиров. - 15 миллион сўм билан қилиб берамиз деб ваъда қилинган. Энди яна уч миллион сўм бераслар, шунда ишларинг битади деб турибди дея сўзида давом этди Тохир ака.  
Қишлоқ аҳолисининг айтишича, сўралган маблағ 15 та хўжаликнинг ҳар биридан бир миллион сўмдан йиғиб етказиб берилган. Ҳатто соҳа ходимлари тамонидан 8 та электр сими ўтказиладиган сим ёғочлар ҳам ўрнатилган. Аммо мана бир неча ойдирки электр симидан дарак йўқ.
- Вилоят электросветга обориб сим олиш учун хужжатларга қўл қўйдирилган. Ҳатто талаблонмага вилоят электр тармоқлари бошлиғи ҳам қўл қўйиб берган, дейди Бўрибой Арзиев. - Аммо бош инженер сим бермай турибди. Биздан яна уч миллион пул сўраяпти. Аммо бу пулни берсак ҳам симни ўтказиб беришига ким кафолат беришини билмаяпмиз. 
Бугун қишлоқ аҳолисини ташвишга соладиган нарса, электр энергияси ходимларига яна 3 миллион сўм йиғиб берадиган тақдирда ҳам иш охиригача етишига ишонч йўқлигида.
- Чорвамиз ҳам манашу 15 метр чуқурликдан чиқадиган сувдан ичади. Буларни ҳам суғоришнинг иложи йўқ, дейди Мамараим Назаров. Олти-етти километр узоқликдаги Тўсинсой деган жойдан суғориб келамиз.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА
Айнан шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят электр  тармоқлари корхонаси  техник масалалар бўйича директори Одил Мейлиевнинг ишхонасида бўлдик. Аммо у кишини иш хонасидан тополмадик. Мутахассисдан интервью олиш биз учун жуда муҳим эди. Шу боис Одил Мейлиев билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ масъул ходимга бир неча бор қўнғироқ қилишимизга қарамасдан у киши телефонини кўтармади. Бир неча дақиқадан сўнг Одил Мейлиевнинг ўзи биз билан алоқага чиқди.
- Кимдир уларни алдаб юрибди. Биз давлат дастури асосида қилиб беришга мажмурмиз. Бизнинг номимизни булғаб, ифлослик қилаётган бўлса эрта бунинг оқибати яхши бўлмайди, дейди Одил Мейлиев. – Бунинг орқасида кимдир турибди. Агар давлат дастурига киритилган бўлса бизда муаммо бўлмайди. Мен бу масалани ўрганиб натижасини сизга айтаман. 
Қудуқча  қишлоғига таббий газ етиб келмаган. Электр энергияси келгани билан ундан  тўлиқ фойдаланишда бир қатор муоммолар бор. Ичимлик суви 20-25 метр чуқурликдан   олинади. Вақти-вақти билан бериладиган электр энергияси билан сувни тортиб олиш мумкин. Бошқа вақтлари барча истеъмолга керакли бўлган сув қўл кучи билан тортиб олинади. 
- Свет йўқлигида, сувни олаётганимизда пақир қудуқнинг ёнига урилиб, олаётган сувимиз ҳам лойқа чиқади. Айрим ҳолларда мажбур  бўлиб ўша лойқа сувни ҳам ичишга мажбур бўламиз. Иложи борича тинитиб ичишга ҳаракат қиламиз, дейди  шу қишлоқда истиқомад қилувчи Мамарим ака Назаров.
- Электр токи кириб келса манашу ерларни жаннатга айлантиришимиз мумкин. Халқимизнинг барчаси меҳнатсевар. Ҳаммаси деҳқончилик билан шуғлланади, дея фикр билдирди Тохир Умиров.  
Бугун айни экин экиладиган қиладиган вакт. Қудуқчаликлар шу боис электр энергияси  кучи билан тортиб олинадиган сувга жуда ҳам мухтож.  Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмайдиган, ўзбекчиликда ҳар ишни харажати бор деб нима деса кўнадиган меҳнаткаш, болажон ва содда халқ яна қаерда ҳам бор. Ахир шундайлардан фойдаланмаса кимдан фойдаланиш мумкин. Аммо шундай фурсатдан ким фойдаланганлиги тез фурсатда аниқ бўлади. Вилоят электр тармоқлари корхонаси мутахассиси Одил Мейлиев бу масалага тезлик билан ойдинлик киритишга ваъда берди. Уйлаймизки электр энергияси корхонаси ходимлари чигаллашган бу муоммони  тезда ҳал этади.
                              Рухсора Ғафурова журналист
    Фирдавс Тошпўлатов тасвирчи
(Мазкур масалага бағишланган кўрсатув 29 март куни СТВ телеканалининг “Хабарлар” информацион дастури ҳамда “Долзарб мавзу” кўрсатувида намойиш этилган)
           
Президентимиз барча тузилмалар, аввало, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш зарур, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича аниқ жазо турлари, ҳуқуқий таъсир чоралари кўзда тутилиши керак.
Оддий халқнинг ишончини поймол қилиб, уларнинг соддадиллигидан фойдаланиб ўз вазифасига панжа орасидан қараётган  баъзи  мутасадди ходимларидан мазкур ҳолат бўйича изоҳни кутиб қоламиз.
         Фарҳод НОРБЎТАЕВ