пятница, 3 августа 2018 г.

Таълим-тарбияси бўлмаган футбол академиялари оммавий саводсизлик, билимсизликни келтириб чиқаради


2018 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг негизида 14 та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказиш ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолиш белгиланган. 
Мана ушбу қарор чиққанига ҳам тўрт ойдан кўп вақт ўтди. Хўш, ўтган вақт давомида қарорда келтирилган футбол академиялари қандай шакллантирилди. Истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш мақсадида қилинаётган ишларнинг бугунги ҳолати қандай. Футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг ўрнига футбол академияларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор тўғрими? 
Назаримизда академия қуриш режаси – бу ўйламай, фикрланмай қилинган иш. Академия қилишда қарор қабул қилиндию, лекин ҳозирда бирор бир вилоятнинг футбол академиясини аниқ жойи йўқ. Масалан, Бухоро вилоятида футбол академияси шаҳардан 61 километр узоқликда жойлашган Шофиркон туманида бўлиши белгиланган. У жой эса академия талабларига умуман жавоб бермайди. Биринчидан, академиянинг биноси йўқ. Иккинчидан, ЎФАга қишлоқ хўжалик коллежини олиб бердик деб айтишган. Аммо президент қарори асосида қишлоқ хўжалик коллежлари ёпилмаслиги белгиланган. Бухоро аграр вилоят эканлигини ҳисобга олсак, коллеж биноси футбол академияга берилмайди. Демак, бу академияда бино муаммо.  
Самарқандда эса футбол мактаб интернатини академияга айлантириш режалаштирилган. Аслида бу ер ҳам академия талабларига умуман жавоб бермайди. Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида футбол академияси учун 7 гектар ер майдони ажратилган. Аммо ҳалигача бирорта ғишт ҳам қўйилмаган. Аввал ҳам жойи ноаниқ бўлган Қашқадарёда ҳалигача академиянинг жойи аниқ эмас. “Академиячилар” кўчада қолиб кетган. ЎФАга коллеж биноси ва ётоқхона учун қайсидир меҳмонхонани бердик дейилган. Аммо бу ҳам қуруқ гап. Намангандаги аҳволни эшитиб «йиғлагинг» келади. Бўлғуси футбол академияси боғчада жойлашган. Ассоциацияга “Олимпия” стадиони берилганлиги билдирилган бўлсада, бироқ ўйингоҳда “академиячилар”ни қўйишмайди. 
Афсуски, футбол академияларини ташкил этиш бўйича бутун республика бўйича аҳвол шундай. Болалар сараланиб ётибди. Аммо уларни қаерга ўқитишни билишмайди. Ваҳолангки, “2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш” Дастурида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва ЎФА билан ҳамкорликда ижрочиларнинг маблағлари асосида жорий йилнинг июл ойигача футбол академияларини ташкил этиш белгилаб қўйган.  
Бирданига 14 та академия қуриш бу жуда оғир масала. Футбол академияларини ташкил этишни босқичма-босқич амалга ошириш керак. Биргина Қашқадарёдаги академия 11 йил давомида қурилган. Биз эса уч ойда қурмоқчимиз. Ҳатто “Реал” ва “Барселона” академиялари ҳам уч ойда қурилмаган бўлса керак. Бу шошмашошарлик билан ўзини “юқорига” яхши кўрсатиш учун қилинган ишлиги шундоққина кўриниб турибди. Президентга яхши кўриниш учун манашундай қилсак яхши бўлади деб кимнингдир ўйламай чиқарган таклифи сабаб футбол мактаб интернатларида ўқиётган болалар аросат кўчасида қолиб кетган. 
Футбол академиясини молиялаштириш масаласи ҳам мужмал. Нодавлат ташкилотни бюджет маблағи асосида молиялаштиришнинг аниқ йўналиши йўқ. Академияни қайси йўл билан молиялаштириш масаласи ҳам катта сўроқ остида турибди. Қолаверса ҳеч бир мамлакатда давлат ташкилоти нодавлат ташкилотига бўйсуниб иш тутмаса керак.   
Маълумотларга кўра “Бунёдкор” стадионида жойлашган Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси директори Асқар Толибжонов экан. Толибжоновни ўзбек футболига фойдасидан кўра зарари кўп текканлигини ҳамма билади.  Янги талаб бўйича 14 та футбол академияси Республика академиясига болаларни етказиб бериши керак. ЎФАдаги барча академияларни ташкил қилиш раҳбарининг Самарқандда қандай савиядаги мураббийларни академияга тавсия қилганини ҳам кўрдик.
Ҳали футбол академияси қурилмасдан, аниқ бинога эга бўлмасдан туриб болаларни саралашу, у ерга директорларни танлаш бўйича ишларни бошлаб юборгани кишини ўйга толдиради. Аниқ биноси, ойлик маоши, иш режаси йўқ ташкилот қандай қилиб бировни ишга ола билади. Ишга кирадиган инсон ойлиги қанчалигини сўраса, ота-оналар қабул қилинган ўқувчилар қаерга ётади деган саволни берса бунга қандай қилиб жавоб бериш мумкин. Бирор бир ишни қилишдан олдин аниқ бир базани яратиб, сўнг амалга оширса бўладику? 
Масалан Самарқандда академия ташкил қилиниб, биринчи йили фақатгина 5-синфга қабулни қилиш керак. 3-4 йил давомида болаларни шу тарзда қабул қилиб бориш керак. Бу вақт оралиғида 5-4 гектарли майдонда бир нечта стадионларга эга бўлган академияни ҳам қуриб бориш лозим. 6 ойда ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Жаҳон талабларига жавоб берадиган академияни қуриш учун эса 5-4 йил вақт керак бўлади. 
Янги талаб бўйича академияда ўқиш бўлмайди. Болалар бошқа мактабга бориб ўқийди. Бу эса тизимдаги энг катта хато. Академияга келаётган бола ё дарсга ёки машғулотга улгурмайди. Масалан, академияда соат 12да машғулот бошланса 1 километр наридаги мактабга ўқийдиган бола у ерга бориб келгунча 1 соат вақт кетади. Бизда таълим соҳасида аниқ фанлар бўйича дарслар асосан 3-4 соатларда ўтилишини ҳисобга олсак академияда тарбияланаётган бола ё математика ёки физика фанига қатнашмайди. У дарсдан келиб овқатланиб академияга боргунча яна 1 соат вақт ўтади. Бундай ҳолатларда болаларни нафақат футбол ўйнашидан чиқариб юборамиз, балки таълим-тарбияга, Ватанга бўлган меҳрини ҳам йўқотамиз. 
Агар академия шу тарзда ташкил этиладиган бўлса дарс бўлмайди, талим тарбия бўлмайди, болаларда билим бўлмайди, салоҳият бўлмайди. Ўз-ўзидан оммавий саводсизлик, билимсизлик келиб чиқади. Ҳозирда футбол мактаб интернатларида фаолият юритувчи ўқитувчилар, мураббийлар ва тарбиячиларга жавоб бериб, қайтадан мураббийлар саралаб олиниши кўзда тутилган. Биргина Самарқанддаги футбол мактабида ҳозирги кунда 60 нафар ходим ишлайди. Футбол академияси сабабли бугун улар ишсиз қолиш арафасида. Агар бутун республика бўйича ҳисоблайдиган бўлсак ўртача ҳисобда 840 нафар одам ишсиз қолади дегани. ЎФАнинг янги талаби бўйича мураббийлар қайтадан саралаб олинади. Агар самарқанддагидек мураббийлар таниш-билишчилик асосида сараланиб олинса, унда бошқа мураббийлар фаолиятини тугатса ҳам бўлаверади. 
Яна бир гап. Академияда мураббийлар ўқувчиларни мактабга келиб-кетишини назорат қилади дейилган. Агар шундай йўл тутиладиган бўлса бунақада боланинг тарбияси ҳам катта сўроқ остида қолади. Мураббий футбол ўргатсинми ёки бола қачон мактабдан келади, қачон овқат ейди, кечқурун қандай ётибди шуни назорат қилсинми? Ахир бундай йўл тутиш бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. Биз испан ёки инглиз эмасмиз. Бизда назорат керак. Назорат бўлмаса хохлаган ишини қилаверади. ЎФАнинг фаолияти футбол бўлсада, энг аввало таълим-тарбия бериш масаласини илгари қўйиш керак. Таълим-тарбия бўлмаган академияда ҳеч қандай натижа бўлмайди. 
Фикримни яна бир мисол билан тўлдирмоқчиман. “Бунёдкор” академиясининг контенгенти 320 тани ташкил этади. Ҳозирда  шаҳар, туман ва вилоятлардан келган 920 нафар бола академияга қатнайди. Маълумотларга кўра 920 нафар боладан 580 таси ҳеч қаерда ўқимайди. Улар фақат нақд пул бериб машғулотларга қатнашиб келмоқда. Мураббийлар эса эрта, эртадан кейин оламан деб болаларни алдаб юрибди. 
Маълумотларга кўра, “Бунёдкор” академиясини ўрганиш жараёнида ҳаттоки ўқишни ҳам ёзишни ҳам билмайдиган болалар борлиги аниқланган. Улар беш йил умрини ўтказиб, на футболчи бўлган ва на жамиятга керакли инсон бўлиб етишган. Хўш, айтингчи, бу фожеа эмасми? Ўзбек футболининг келажагини шундай қурамизми? Шу тариқа иш тутиладиган бўлса футболни ривожлантирамиз деб, саводсизликни оммалаштириб қўймаймизми?  
Бунақа муаммолар кўп. ЎФА буларнинг ичига кириб ўрганмаган. Кабинетда ўтириб олиб  ҳомийликдан келаётган пулларни еб ётган ташкилот қаердан билсин бунақанги муаммоларни. Аслида муаммо жуда оғир. Бу келажагимиз бўлган ёшларнинг тарбияси, билими билан боғлиқ масала. Футбол академиясининг бу тарзда ташкил этилиши футболни ривожлантириш эмас, балки оммавий билимсизликни келтириб чиқариши аниқ.
Аслида эса ассоциация футбол мактаб интернатларига тегмаслиги керак. Боиси рақобат бўлади. Рақобат бўлган жойда ўсиш бўлади. Болаларда танлаш имконияти туғилади. Қайсиси яхши дарс ва машғулот ўтса ўшанга бориларди. Рақобат бўлса футбол академия ҳам интернат ҳам ўз устида ишларди. Энг муҳими янги иш ўрни яратиларди. Агар шундай рақобатга чидай олса ЎФА футбол мактаби интернати фаолиятига тегмасдан алоҳида футбол академиясини ташкил этиб исботлаб берсин. 
Футбол мактаб интернатларининг ёпилишига уларнинг яхши натижа бермаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аслида эса натижа бермасликнинг бошқа бир сабаблари ҳам бор. Биринчидан мактабларда 9 йиллик ўқиш тизими жорий этилиши натижасида энди натижа кўрсатадиган бола коллежга бошқа мураббий қўл остига ўтиб қолган. Коллежда янги мураббийга мослашгунча орада 3 йил ўтиб кетади. Натижанинг қониқарсиз бўлишининг асосий омилларидан бири шу.
Иккинчидан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил қилинганидан бери сўнгги икки йил мобайнида футбол мактаб интернатлари ўртасида бирорта тайинли мусобақа ташкил қилинмаган. Футбол мактаб интернатларидан яқин икки йил давомида китобинг борми, дафтаринг борми, деб сўраш тугул аҳволинг, шароитинг қандай деб сўрайдиган одам топилмаган. 
Хабарларга кўра, Навоийда академияга директор тайинлаш масаласида қизиқ ҳолат юзага келган. Навоий вилоятидан ЎФАга учта директор келган. Умид Аҳмаджонов биттасига директор бўлишини билдирган бўлса, Асқар Толибжонов бошқасига сен бўласан деган. Яна бирига Шавкат Имомов директор бўлишини билдирган. Натижада ассоциацияда катта жанжал юзага келган. Биттаси спорт бошқармадан йўлланма олиб келган бўлса, биттаси вилоят ҳокими ўринбосари, яна бири эса вилоят ҳокимидан йўлланма олиб борган. Самарқандда эса умри давомида болаларга машғулот ўтмаган инсон директор бўлиш арафасида. Мураббийларнинг ярмидан кўпи вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президентининг яқинлари. 
Бизнинг назаримизда футбол мактаб интернатларини Халқ таълим вазирлиги бошқарса мақсадга мувофиқ бўлади. Боиси, футбол мактаб интернатини тугатган боланинг ҳаммаси ҳам футболчи бўлиб кетмайди. Футболчи бўлолмаган бола ҳаётда ўз йўлини топиш учун бошқа соҳани танлайди. Бошқа соҳада ишлаши учун эса болада билим бўлиш керак. Халқ таълими вазирлиги тизимида бўлса таълим бериш сифатига эътибор қаратилади. Футбол мактаб интернати ёки академияни тугатган бола ҳеч бўлмаганда ўз исм-фамилиясини ёзишни билади. ЎФА эса Халқ таълими тасарруфида бўлган футбол мактаби ва академиясида ўтказиладиган машғулотларни, мусобақаларни назоратга олса кифоя. 
Ҳозирчи, футбол мактаб интернати ўқувчиларини Халқ таълими вазирлиги тасарруфида ўтказиладиган билимлар синовига борса қабул қилмайди. Футбол интернатларига эътибор ҳам бермайди. Бунинг сабаби сўралганда уларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига қарашли эканлиги айтилади. Халқ таълими вазирлиги мактабларга бадий китоблар, ўқув қўлланмалар беради. Футбол интернатларига бўлса йўқ. Умуман олганда раҳбарият томонидан футбол интернатларнинг таълими эътибордан четда қолиб кетган. Агар футбол интернати ва академияси Халқ таълими вазирлиги назоратига ўтса, улардаги таълим сифати яхшиланиши баробарида спортнинг ҳар қандай турини оммалаштириш мумкин.
ЎФА билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг вазифаси эса оддий. Мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш. 

Фарҳод Норбўтаев.