пятница, 10 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ...


"Агар ҳар бир киши ўз жойида, ўз хизмати доирасида қонунга амал қилиб яшашни ҳаёт тарзига, меҳнатга муносабатнинг ахлоқ нормаларига айлантира олсагина ортиқча назоратга ҳожат қолмайди".
Ислом Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида cўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилиб, бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилганлигини таъкидлаб ўтганди. Ушбу рақамларни келтирар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча раҳбарларга спортни ривожлантириш учун яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак? Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур?, деган сволни ўртага ташлаган эди.
Ҳақиқатда ҳам истиқлол йилларда спортни тез суръатлар билан ривожланишида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, болалар спорти, аёллар спорти ҳамда бугунги кунда аҳолининг энг кўп қатламини ўзига жалб этиб, спорт билан ошно тутинишига сабабчи бўлаётган футболни ривожлантириш мақсадида ўнлаб қарор ва фармонлар эълон қилинди.
            Афсуски, футболни ривожлантириш учун кўплаб қарорлар эълон қилинишига қарамасдан уларнинг ижросини бажаришда йўл қўйилаётган сускаштлик, раҳбарларнинг ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги, худди тиббиёт соҳасидаги бўлгани каби, аҳоли, хусусан болаларни соғлом турмуш тарзига етаклашда бугуннинг асосий омили бўлмиш спортдаги муаммолар ҳам бир жиҳатдан соғлом турмуш тарзини ҳаётган тадбиқ этишда тўсқинлик қилмоқда.
Бугун мамлакатимизда футболга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлсада, аммо яратилган шароитлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, ноқонуний йўллар орқали мўмай даромад илинжида турли қабихликлардан ҳам толмайдиган айрим мансабдор шахслар нафақат юртимиз шанига доғ туширмоқда, балки бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг поймол бўлишига бош омил бўлмоқда. Хусусан, “Динамо-плюс” ПФК ва унинг тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида сўнгги йилларда юз бераётган воқейликлар, раҳбарнинг ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларидан кўра ўзининг манфаатларини устин қўйиши оқибатида биз бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби футболда ҳам раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, аниқроқ қилиб айтганда тартиб-қоида энг муҳим ҳисобланади. Бироқ, “Динамо” профессионал футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида бўлаётган воқеалар ҳақида сўз юртилганда ҳаммаси қуруқ ишларга, кўзбўймачиликка айланиб бораётган бугун кўпчиликка сир эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев аксар раҳбарлар мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, ҳақиқий аҳволни чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолганини қайд этиб, раҳбарларга хос баланд димоғлик, қоғозбозлик, сансалорлик каби қусурларга алоҳида эътибор қаратган эди. “Фақатгина “ғалаба рапортлари” билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас” дея катта-кичик раҳбарларни огоҳлантирган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтган юқоридаги ҳолатлар сўнгги йилларда “Динамо” футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида юз бераётгани, бу сўзлар нақадар ҳақиқат эканлигини яна бир бор исботлади.

АСОСЛАРГА АСОСЛАНМАЙ ЧИҚАРИЛГАН ҚАРОР
Келинг, воқейликни сал аввалроқдан бошласак...
2015 йил 12 январ куни №5-сонли хат билан «Динамо» ПФК биринчи вице-президенти вазифасида ишлаган Фирдавс Каримов вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Зоир Мирзаев ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Фарҳод Магометовга клуб ҳалигача ПФЛ лицензиясини олмагани, лицензиялаштириш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаса ОФК томонидан жаримага тортилиши, жарима пули валютада тўланиши лозимлиги ва шунга ўхшаш бошқа масалалар кўтарилган мазмундаги хат йўллаганди. Мазкур хатга 2015 йил 10 февралдаги №20-сонли хат билан жавоб йўллаган ЎзПФЛ директори Фарҳод Магометов «Динамо» ПФК аллақачон лицензиялаштирилгани, бу борада клуб барча ишларни амалга оширганлиги ва ОФК томонидан ҳеч қандай жаримага тортилмаслиги, айниқса валютада пул тўланмаслигини исботловчи сабабларни кўрсатиб, клуб биринчи вице-президентининг ёзган хати ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тасдиқловчи жавоб хати берганди.  
Гарчи ЎзПФЛ тўлиқ қонуний асосларни келтирган ҳолда клуб хатига жавоб ёзган бўлсада «Динамо»да узоқ йиллардан бери ҳуқуқшунос бўлиб ишлаб янги мавсум олдидан клуб раҳбари бўлган Шуҳрат Ҳотамов (асли исми Шавкат), клуб спорт директори Рустам Истамов, «Динамо-плюс» ПФКнинг ўша вақтдаги биринчи вице-президенти Фирдавс Каримовлар Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, ўзидан юқори турувчи ташкилот раҳбарининг жавоб хатини асоссизга чиқариб ўз билганича «Динамо-плюс» ПФК Президентининг 2015 йил 2 мартдаги 5-П ва айнан шу санадаги 6-К сонли буйруқлари билан футбол мактаби директори Дониёр Юсуповни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб ташлаганди.
Клуб қошидаги футбол мактаби директорини ҳеч қандай асосларга эга бўлмасдан туриб ишдан олиб ташланишига аслида қониқарсиз натижалар сабаб клубдан кетган, жамоанинг айни пайтдаги раҳбари бўлмиш Алишер Латиповни узоқроқдан бўлсада клуб ишларига аралаштириш мақсадида ўйлаб топилган “ўйин”лардан бири эди.
Клуб раҳбарларининг адолатсиз бу “ўйин”идан жабр кўрган директор кўп жойларга мурожаат қилди. Бироқ, сўнгги паллага келганда ҳеч ким адолатни тан олишни истамади. Клуб раҳбарлари ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон профессионал футбол лигаси юборган хатни инобатга олмади. Аниқроқ қилиб айтганда, ўзидан юқори турувчи ташкилотнинг АСОСЛИ ХАТини кимнингдир манфаати учун шунчаки АСОССИЗга чиқарди. Президентимиз таъкидлаганидек, соҳага масъул бўлган раҳбар ходимлар муаммони одатдагидек кабитенда ўтириб ечишди холос. Мана сизга футболга бўлган муносабат. Мана сизга футболнинг энг кичик бўғинга бўлган эътибор.
Хуллас, бу воқеалар ўтди-кетди. Қонунга таянганлар йиғлаб, қонунни бузганларнинг кўчасида байрам бўлганди ўша вақтда. Дониёр Юсупов ишдан олингандан сўнг кўп ўтмай Алишер Латипов клуб тасарруфидаги футбол мактабига директор бўлиб келди. Воқеаларнинг кейингилари шу қадар тезлашиб кетдики, бу орада Алишер Латипов клуб раҳбари бўлиб қолди. Шундан сўнг мактабда ҳам ўзгариш бошланди.
ВАҚТИНЧАЛИК ШОҲ...
Халқимизда муллани айтганини қил, қилганини қилма, деган нақл бор. “Динамо” ПФК раҳбарияти аввалги директорни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб юборганди. Бироқ, шундан сўнг “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабига асли мутахассислиги шарқ яккакурашлари турига ихтисослашган Жаҳонгир Эшонқуловни вақтинчалик  директор этиб тайинлади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунида, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил  23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини хамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахасислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сонли қарорининг 1-иловасидаги “Ўзбекистон Республикасидаги Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисида”ги Низомнинг VIII-боб, 57-банди, 2-кичик бандида, спорт мактаби директори олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида беш йил стажга эга бўлган спортнинг мактабда ривожлантириладиган тури бўйича мутахасислардан тайинланиши аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Савол туғилади, амалдаги қонунни кўр-кўрона бузган клуб раҳбарияти янги директорни тайинлашда нега юқоридаги қонунга амал қилишни истамади? Нега малакаси етарли бўлмаган, боз устига ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга бўлмаган, энг ёмони мутахассислиги шарқ яккакураш турига ихтисослашган ходимни қўйди? Ахир юртимизда қонун ҳамма учун баробар эмасми? Ёки ўз манфаатларидан келиб чиқиб қонун истаганча талқин қилинадими? Хўш, клубнинг бу қонунбузарлигини ким ёки қайси юридик ташкилот изоҳлаб бера олади. Бу каби саволларга қайси масъул ташкилот жавоб беради? Маданият ва спорт ишлари вазирлигими ёки Халқ таълими вазирлигими? Умуман олганда футбол мактабларининг фаолияти қачон назоратга олинади? Қачонгача “салла деса каллани оламиз”?
Балки Жаҳонгир Эшонқулов расман директор эмас, директор вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келмоқда шунинг учун юқоридаги қонун истисно қилинади дейдиганлар ҳам топилар. Балки ростдан ҳам “вақтинчалик директор” учун айрим қонунлар истисно қилингандир? Аммо унинг буйруғи, унинг имзоси асосида қилинаётган ишларчи? Бу ишлар орқали жабр кўраётган мактаб мураббийларининг қонуний ҳуқуқларининг поймол бўлишичи?
Барачамиз учун севимли бўлиб қолган “Иван Васелевич ўз касбини ўзгартиради” деган кинода тарихий шахсни ўрнига имзо қўйишни истамган “вақтинчалик шоҳ” муҳим бир ҳужжатда “вақтинчалик шоҳ вазифасини бажарувчи...” деб имзо қўяди. Эсладингиз-а? Айнан шу имзо фильм сўнггида мулозимлар томонидан аниқланиб, шоҳнинг соҳта эканлиги ошкор бўлади. Бу ҳам майли, бутун бир саройда тўполон бўлганичи?
Жаҳонгир Эшонқулов “вақтинчалик шоҳ” бўлишга шу қадар киришиб кетдики, у ўзига хон кўланкаси майдон бўлиб қолди. Буни қарангки, “вақтинчалик шоҳ”га ҳамроҳлик қилиш учун тезда “Мирославский” ҳам топилиб қолди.

            ҚАЙНАР ХУМЧА...
2016 йилнинг ноябр ойида Қарши шаҳрида 2000 йилда туғилган болалар ўртасида ўтказилган тайёрлов гуруҳи (группа подготовка) мусобақасига бориш Нодир Мардонов ва унинг ёрдамчиси Аброр Исматовларнинг чекига тушди. 
Қизиқ жиҳати шундаки, тайёрлов гуруҳи мусобақасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида тарбияланаётган футболчиларнинг атига уч-тўрттасини олган холос. Хўш, жамоа мураббийи таркибдаги қолган футболчиларни қайси футбол мактабидан олган? Бошқа футбол мактабида тайёрланаётган болалар олинган бўлса, бу тайёрлов гуруҳи мусобақасининг низомини очиқдан-очиқ бузилишига сабаб бўлмайдими? Ёки мусобақага қайси футбол мактаби тарбияланувчиси боришидан кўра, ундаги иштирок муҳимми? Қолган жиҳати, аниқроқ қилиб айтганда бошқа қонуний талаблар аҳамиятсизми?
Ажабланарли жиҳати шундаки, асосий таркибини бошқа футбол мактабида шуғулланаётган болалар билан тўлдирилган Нодир Мардонов жамоасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби ҳисобидан хизмат сафари (командировка) ажратиб берилган. Хўш айтингчи, мактаб мураббийларининг қўл остидаги тарбияланувчи болалари ўрнига бошқа футбол мактабининг болалари боришию, иккинчи мактабнинг ҳисоб рақамидан хизмат сафари учун пул чиқарилиб берилиши қайси қонунчиликка тўғри келади? Ёки бу ерда бошқа бир мақсад борми? Хўш, бундай қинғирликларни назоратга оладиган ташкилот йўқми? Ахир мактаб мураббийлари йиллар давомида ўзбек футболига нафи тегадиган, ҳеч бўлмаганда соғлом вояга етади дея катта бир умидлар билан бола тарбияласаю, мусобақаларга бошқа футбол мактаби болаларини юборилиши қайси низомга тўғри келади?
            Ўтган йилнинг ноябр ойида Навоий шаҳрида профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларнинг 2004 йилда туғилган болалар ўртасида мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада иштирок этган Зариф Шеров шогирдлари учинчи ўрин учун Бухоро жамоасига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ, номаълум сабаларга кўра иккала жамоа учинчи ўрин учун ўтказилиши лозим бўлган ўйида майдонга тушмади. Якунда эса ҳар иккала жамоага учинчи ўринни олди деган диплом берилди.
Мусобақа низомида шундай келтирилган бўлса бу ерда ҳеч қандай қонунбузарлик йўқку деган савол туғилиши мумкин. Бироқ масаланинг иккинчи томони борки, бу ҳол ўтказилмаган ўйин учун хужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят маданият ва спорт бошқармасининг тасдиғидан ўтказилиб, молияга тақдим этган ҳолда бир йил давомида давлат пулини ўзлаштириш. Оддийгина, бир йил давомида бешта ўтказилган (ёки ўтказилмаган) мусобақага худди шундай хужжат қилиб қанчадан қанча маблағни кўкка совуриш мумкин?
Футбол мактабларининг мусобақага бориш-келиши, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлар учун ажратилган пулни ҳисоб-китоб қилиш, аниқроқ қилиб айтганда уни назорат қилиш кимнинг вазифаси? Ваҳолангки, "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиганспорт мактаблари тўғрисидаг"ги Низомнинг 84-моддасида "Спорт мактабининг молия-хўжалик фаолиятини ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун хужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади" деб белгилаб қўйилган. Хўш, давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким жавоб бериши керак? Қайси ваколатли ташкилот футбол мактабидаги молия интизомини назоратга олади?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун ҳар бир йиғилишида раҳбарларнинг масъулиятлиги, уларнинг фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш лозимлиги хусусида айтиб ўтади. Бироқ футбол мактаби директори мактаб касаба уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаган Ғофир Амоновни йиғилишда мураббийларнинг тарафини олгани учун, аниқроғи мактаб жамоасининг йиғилишида деректорга ён босмаганлиги учун мактаб касаба уюшмалари қўмитаси вазифасидан бўшатиб ташлади. Бу ҳам етмаганидек, ўзидан салкам ўттиз ёш каттта, ёши олтмишга яқинлашган Ғофир Амоновни бутун бошли жамоадошлари олдида ҳақорат қилганини қандай тушуниш мумкин? Зўравонликми ёки манманлик? 
Ноҳақ ҳақортланган Ғофир Амонов бу масала юзасидан мактаб касаба уюшмалари қўмитасига (профсоюзга) ариза билан мурожаат қилган. Бироқ, орадан шунча вақт ўтсада бу ҳолатга ҳеч қандай қонуний жавоб қайтарилмаган. Шу ҳолатнинг ўзи фуқароларнинг, ишчи ходимларнинг мурожаатларига бўлган эътиборсизлик эмасми? Қани бу ерда қонун устиворлиги? Қани биз истаётган адолат?

ДАВОМИ БОР...


Фарҳод НОРБЎТАЕВ