вторник, 18 декабря 2012 г.

Азамат Абдураимов: “Андижон”нинг ички тизимини ўзгартириш керак”


- Азамат ака “Андижон” клубида қандай муаммолар борки, клуб олий лигада ижобий натижаарга эриша олмаяпти?
- Муаммо кўп. Таҳлил қилиб кўрсак, сўнгги йилларда клуб чемпионатда охирги ўринларни олиб келяпти. Андижон ҳар доим яхши жамоа бўлиб келган. Охирги икки йилда жамоа олий лигада қолиш учун курашган. Ва ниҳоят бу йил жамоа элитани тарк этди. Олий лигада қолиш учун клубда ҳеч қандай имконият қолмади.
- Клубнинг бугунги аҳволга тушиб қолишининг сабаби нимада?
- Биринчи навбатда клубда профессионал бўлмаган раҳбарият иш юритяпти. Биринчи йил жамоа яхши ўйнаса, иккинчи йил жамоага янги мураббий келади ва у ёмон натижа қайд этса тезда айбдор сифатида мураббий кўрсатилади. Бу жараённи оддийгина таҳлил қилиб кўрилса, бу ерда нафақат футболчи ёки мураббий, балки клуб раҳбариятининг ҳам хатоси катта. “Андижон” клубида профессионал ишлаш тизими йўқ. Тўғри, натижанинг ёмон бўлишига футболчи ва мураббийнинг ҳам ўзига яраша хатоси бор. Аммо энг биринчи навбатда клубни бошқаришда ўз ишига профессианал бўлган мутахасислар ишлаши лозим.
Олий лиганинг бошқа жамоаларида ўзига яраша тизими бор. Олайлик, “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Пахтакор” жамоаларининг ўз тизими бор ва ўша тизим профессионал талабларга тўлақонли жавоб беради. Бу клубларда ҳар бир ходим зиммасига юклатилган маъсулиятни тўғри англаган ҳолда ўз ишини билиб қилади. Мисол учун клуб спорт директори спорт ишларини бажаради. “Андижон”да ҳам спорт директори лавозимида ишлайдиган одам бор. Лекин у одам нима билан шуғулланаётганини ҳеч ким билмайди.
- Жамоани ички тизимини яхшилаш учун нима қилиш керак?
- Жамоа профессионал даражада ўйнаши учун клубнинг ички тизимини яхшилашимиз керак. Бунинг учун тизимни ўзгартиришимиз шарт. Ўз лавозимига маъсул одамлар зиммасидаги ишини тўғри бажариши лозим. Ҳар бир жамоанинг президенти бўлади. Бироқ, клубдаги асосий бошқарувни ижрочи директор амалга оширади. “Андижон”нинг барча бошқариш ҳуқуқини клуб ижрочи директори Фозилжон Мирзаев бажаради. Бу билан айтмоқчиманки барча ишларни шу одамнинг ўзи ҳеч қандай маслаҳатсиз қиляпти.
Мисол учун ҳозирги кунда футболчиларнинг уч ойлик маоши берилгани йўқ. Футболчилардан қарздор. Шунга ўхшаш муаммоли саволлар жуда кўп. Ўйлашимча биринчи бўлиб клубнинг ишлаб чиқариш тизимини текшириб чиқиш керак. Биринчи навбатда клубга сарфланган пулларни қаерга кетганини ва нима мақсадларда ишлатилганини билишимиз лозим.
 “Андижон” клубида ўйнаётган ёки ўйнамоқчи бўлган футболчилар ойлик маош борасидаги  муаммоларни ўйлаши керак эмас. Чунки, пул бермайдиган жамоага ҳеч қайси футболчи келмайди. Ахир уларни ҳам оиласи ўзига яраша тирикчилиги бор.
- Гап-сўзларга кўра агарда келаси йили Фозил Мирзаев “Андижон” бошқарувида қолса янги йилда жамоани кўплаб футболчилар тарк этишни мақсад қилиб турган экан. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳа, футболчилар худди шундай фикрда. Мен бир нечта футболчилар билан гаплашиб кўрдим. Уларнинг кўпчилиги агар пул бермаса ва келаси йили Фозил Мирзаев жамоада қолса клубни тарк этишини айтган. Чунки, ҳозир у бизларни алдамоқда. Пулни ўз вақтида беришни истамайди. Бу жиддий масала. Шунинг учун бу масалани вилоят ҳокими алоҳида ўрганиб чиқиши керак.
Тез орада ҳоким билан учрашиб клубни ривожлантириш ва уни ички тизимини яхшилаш борасида ўз таклифимни киритаман. Ўйлайманки, ҳоким бизнинг таклифимизни кўриб уни қўллаб-қувватлайди деган умиддаман.
“Андижон” клубининг ҳозирги кундаги муаммоси бу футболчилар ойлиги билан боғлиқми?
- Ҳозирги энг катта муаммомиз бу жамоани олий лигада қолиш масаласи бўлиб турибди. Агарда биз элитада қолмай, биринчи лигага тушиб кетсак ҳам ўйлаб қўйган ишларни амалга оширамиз. Умуман олганда клубни қайта ташкил этамиз. Жамоага ўз ишининг профессионал ходимларини чақириб клубни ёшартирган ҳолда тамолила янги куч билан ишламоқчимиз. Мен жамоа биринчи лигага тушиб кетса ҳам имконият берса клубда қолмоқчиман. Худо хохласа клуб олий лигада қолса янада яхши бўлади.
- Маълумотларга қараганда “Андижон” келаси йили ҳам Олий лигада ўйнашга яқин турган экан. Ҳатто бу борада сиз ПФЛ директори Фарҳод Магомедов билан учрашишга ҳам улгурган экансиз?
- Ҳозир ҳеч нима аниқ эмас. Қолаверса, Фарҳод Магометов билан яқин дўстмиз. Аммо бир нарсани ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Спортнинг ҳам ўз қонунлари бор. Агарда “Андижон” Олий лигага чиқса бу бизнинг дўстлигимиз учун амалга ошмаган бўлади. Тўғри, Олий лигада қолиш ёки қолмаслик борасида ПФЛ директори билан гаплашдим. Аммо мен ундан клубни лигада қолдирайлик деб сўраганим йўқ. Барча масалаларни ҳал қиладиган ЎФФ ва уни оқилона юритаётган Мираброр Усмонов бор. Ўйлайманки футболсевар андижонликлар учун жамоа Олий лигада қолси яхши бўларди. Қолаверса, клубнинг ҳомийси ҳам яхши. Балки ўтган йилга ўхшаб бирор бир жамоа элитада ўйнашни истамай қолар. Олайлик, ҳозир “Гулистон”да шароитлар талаб даражасида эмас. Жиззахда айни пайтда стадионнинг ўзи йўқ. Шу билан бирга “Сўғдиёна”нинг молиявий муаммолари бор. Агар бу жиҳатларини ҳисобга олса, “Андижон”ни қолгани яхши. Бордию, “Гулистон” ёки “Сўғдиёна”нинг имкониятлари паст даражада баҳоланиб “Андижон”ни Олий лигада қолишига рухсат берса бу бутун бир андижонликлар учун ЎФФнинг катта совғаси бўлади.
- Клуб натижаларининг пасайиб кетишида кимни айбдор деб биласиз?
- Жамоани қониқарсиз натижа қайд этишида бир кишини айблаш ноўрин. Бу ерда Аверяновни ҳам Мирзаевни ҳам айби бор. Менимча энг катта хатони Аверянов қилган. У ўн йил ҳеч қаерда ишламади. Футбол тезда ривожланяпти. Кечаги машғулотлар бугун янада такомиллашиб боряпти. У бизнинг футболдаги ҳақиқатларимизни билмади. Қолаверса, машғулотлар жараёнини ташкил этиш пойдеворини яхши йўлга қўймади. Футболчиларни нотўғри танлади.
Биринчи даврада улар охирги ўринда эмас эди. Иккинчи даврада тажрибали футболчиларни қўйиб юборганлиги жамоани оғир аҳволга олиб келди. Владимир Шишеловнинг жамоадан кетиши энг катта йўқотиш бўлди. Ахир тажрибаси йўқ, жисмонан кучсиз футболчилар билан натижага эришиб бўлмайди. Натижани ёмон бўлишига Фозил Мирзаевни ҳам айбдор деб ҳисоблаш ноўрин. Биз бирга ишлаганимизда у ҳам имкон қадар жамоани Олий лигада қолиши учун курашди. Аммо барибир ҳеч қандай асосларсиз тажрибали футболчи саналган Владимир Шишеловнинг қўйиб юборилганлигини ҳеч ким тушунмайди.
- Владимир Шишеловнинг клубдан кетиши сабаблари ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Хўш, аслида унинг шартномасидаги келишув қандай эди?
- У билан тузилган шартнома аслида қандай эканлигини билиб бўлмайди. Ҳатто “Насаф” тўғридан-тўғри Фозил Мирзаевнинг ўзига чиқиб, футболчини сотиб олган деган гаплар ҳам бор. Тўғриси, клуб Шишелов орқали қандай фойда кўрганини ҳеч ким билмайди. Фозил ака Шишиловни қўйиб юбориб, унга ҳеч қандай ойлик тўламаймиз деганди. Аммо мана у ўз ҳаққини талаб қилиб ЎФФга мурожаат қилиб бўлди.
Ўзингиз ўйланг, жамоа билан аниқ бир келишув асосида шартнома тузган футболчини қандай қилиб қўйиб юбориш мумкин? Хўш, айтингчи қандай қилиб қўйвориш мумкин. Жавобини тушунтириб берингчи менга? Мен нега Фозил Мирзаевни профессионал эмас деяпман. Чунки у футболчини ҳеч қандай шартомага асосланмаган, ҳеч қандай компенсация пули олмасдан қўйиб юборди. Бугун Шишелов клубни судга берган, Фозил Мирзаевни эмас. Чунки Шишеловнинг пулларини у ўз ҳисобидан тўламайди. Клуб уни маошларини тўлаб бериши керак. Фозил Мирзаев бўлса ҳокимга уни қўйиб юбобордик, унга пўл тўламаймиз деганди.
Ҳатто федерация клуб раҳбарини айнан шу масала юзасидан йиғилишга чақирганда у касал эканлигини боҳона қилди. Натижада клубга 3 миллион жарима қўллади. Ваҳолангки ўша чақирув пайтлари у тўй қилаётган эди. Бу профессионализим эмас. Ишни бундай олиб бориш керак эмасди. Ўзининг ўрнига бошқа бир инсонни юбориб ЎФФга ҳолатни тушунтирса бўлардику? Мавсумнинг сермаҳсул тўпураридан бири бўлган футболчини шартномада келтирилганидек, хориж чемпионати кўрсатилмасдан қўйиб юборилиши мумкинми? Агарда бошқа чемпионат клуби бўлганда буни тушуниш мумкин эди. Ҳар бир футболчи кучли чемпионатда тўп суришни истайди. Аммо ойлик маош тўламадинг, ҳеч нима қилмадинг деб клубни тарк этишни қандай тушуниш мумкин. Қани ўша ишлар борасидаги расмий ҳужжатлар. Кўрдингизми бу ўз ишига профессионал ёндашув эмас.
Мен мураббийман. Шунинг учун ҳам натижаларга жавоб бераман. Фозил Мирзаев буни сўрашга ҳақли. Аммо у ўз ишига жавоб беролармикан. Нима учун ўз вақтида ойлик тўланмаяпти? Нега футболчиларга етарли шарт-шароитлар яратиб берилмаяпти. Ушбу ишларни ўз вақтида амалга ошириб қўйса бўладику. Шунинг учун ҳам клубнинг маблағи қаерга ишлатилгани, нимага сарфланганини билиш учун жамоада аудит текширувини ўтказиш керак. Клуб пуллари қаерга кетди? Смета асосида тасдиқланган маблағни клубнинг ҳомийси берган. Футболчиларнинг кўпчилиги ойликларини ололмаган. Шу боис уни жамоанинг натижасига жавобгар дея олмайман. У аввал ўзининг ишига жавоб берсин. Мен уни билдим. У профессионал одам эмас. У бошқарувни билмайдиган одам. Мен уни айбламоқчи эмасман. Аммо у ўз ишига жавоб берсин.
Фозил Мирзаевнинг олдинги қилган ишларининг миси чиқаётгани учун у одам билан ишламайман. Чунки бу одам орқамдан турли хил гап сўзларни тарқатмоқда. Менинг ўрнимга бошқа мураббийларни олиб келмоқчи.
- Сиз Владимир Шишеловнинг шартномасини кўрдингизми?
- Йўқ, кўрган эмасман. У раҳбар. У биринчи маротаба клубда ишлаётгани йўқ. Қолаверса, кўплаб футболчилар билан шартнома имзолаган. Футболчиларнинг шартномасида ҳамма нарса аниқ қилиб кўрсатилиши керак. Шишелов бизга керакмиди? Керак эди?  
- Азамат ака бу йил ҳатто “Андижон” келишилган ўйинларда иштирок этди деган гап ҳам бўлди.
- Ҳамма биладики, келишилган учрашувлар бор. Лекин бу борада кимнидир айблаш жуда қийин. Чунки, бу жуда жиддий айблов. Қўлингда бирор бир исботинг бўлмаса қийин. Менга ҳам бир нечта уй ва сафар учрашувларида ўйинларни келишиш бўйича таклиф билан чиқди. Биз “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Насаф” билан ўйда, “Нефтчи” билан эса сафарда ўйнадик. Ушбу клублар билан келишилган ўйинлар бўлди деёлмайман, аммо улар ўйинларни сотиш таклифи билан чиқишди. Бу йил “Локомотив”, “Насаф” “Пахтакор” жамоалари чемпионлик учун курашишди. Тўғри, ўйинларда бизлар ютқаздик. Лекин ҳалол ўйнаб, ҳақиқий курашган ҳолда мағлуб бўлдик. Мен қўрқмасдан вилоят ҳокимлиги, андижонлик футбол мухлислари ва фан клуб раҳбарига қараб шуни айта оламанки, мен ва менинг футболчиларим бирорта ўйинни сотгани йўқ.
“Пахтакор”га имкониятни бой берган 4:2 ҳисобидаги ўйинни ўз кўзлари билан кўришди. Биз 2:0 ҳисобида ютаёган “Насаф”га 4-3 ҳисобида имкониятни бой бердик. Биз ҳимоядаги хатоларимз эвазига ютқазиб қўйдик. Чунки бизнинг ҳимоямиз жуда ҳам кучсиз эди.
Ўзимнинг эшитишим бўйича Фозил Мирзаев ўрнимга кимнидир олиб келиш учун “Насаф” билан бўлган ўйинни сотган деган миш-мишларни тарқатиб юрибди. Ўйини сотишда мен ва дарвозабон Юрий Цой айибдор сифатида кўриляпти. Сиз айтингчи, қандай қилиб бир киши билан ўйинни сотиш мумкин. Қандай қилиб мен билмайман. Ўйлаб кўринг қандай қилиб мен бошқа жамоага ютақизиб бераман дейишим мумкин. Демак мен қайсидир футболчига сен ўйинни сотасан дейишим керак. Сен гол урма, сен гол ўтказиб юбор дейишим керак. Шундайми? “Насаф” билан ўйиндан сўнг фан клуб бошлиғи Нодир Тўйчиев келиб Юрий Цой ва мени ўйинни сотганлигим тўғрисида гапиришаётганини айтди. Мен Нодирга айтдим кел ўйинни таҳлил қилиб кўрамиз, “Насаф” билан ўйиндан олдин жамоанинг асосий ўйинчиси саналмиш ҳимоячи Ильдар Маматказин, Мақсуд Ҳайитов ва ҳимоячи Икром Ибрагимов ва Алишер Тўхтасинов эди. Алишер Тўхтасинов ярим ҳимоячи, аммо Азиз Ғуломхўжаевнинг жароҳат олиши натижасида ўрнига уни ҳимояга қўйгандим. Энди вазиятни таҳлил қилиб кўрамиз. “Насаф” билан ўйиндан олдин Фарғонада “Нефтчи” билан ўйнадик. Ўша ўйингача Ильдар Маматказиннинг сариқ карточкалар сони учтага етганди. “Нефтчи” билан ўйнаяпмиз. Ҳисоб 2:0.  
Бурчак тўпи оширилди. Дарвозабон тўпни ушлаб олганда Ильдар Маматказин дарвозабонга ҳалақит бериб у ушлаган тўпни қўлидан тушириб юбориб гол уряпти. Унинг бу иши учун ҳакам сариқ карточка кўрсатди ва унинг сариқ карточкалар сони тўрттага етди. Шундай қилиб у “Насаф”га қарши ўйнашдан маҳрум бўлди. “Насаф”нинг иккинчи мураббийи ким, унинг амакиси. Бундан келиб чиқяптики у сариқ карточкани атайлаб олган.
Демак, “Насаф” билан ўйиндан олдин Ильдар Маматказин ўйнамаслиги аниқ бўлгандан сўнг менда Даврон Турсунов, Мақсуд Ҳайитов,  Алишер Тўхтасинов ва Икром Иброҳимов қоляпти. Захирада эса Азиз Жўраев. Жўраев “Насаф” билан ўйиндан бир кун олдин жамоага келиб қўшилди. Чунки у оилавий сабабларга кўра Тошкентга кетиб 10 кун машғулотларга қатнаша олмаганди.  
Ўйиннинг бошланишида биз икки ҳужумчи билан ўйнадик. Чунки ғалаба қозонишни истагандим. Учрашув бошида биз 2:0 ҳисобида ютяпмиз. Бу вақт оралиғида Шоҳрух Гадоев Рустам Аъзамов ўйнаётган қанотдан тинимсиз ҳужум уюштираяпти. Ғалабани сақлаб қолиш учун ярим ҳимоячи Рустам Аъзамов ўрнига ҳимоячи Дониёр Усмоновни майдонга тушириб беш киши билан ҳимояни кучайтирдим. Бу вақтда Артур Геворкян жаримадан гол урди. Бутун ўйин давомида битта шу голни Юрий Цой ўз хатоси билан ўтказиб юборди дейиш мумкин. У ҳам 50-50. Наҳотки Цой ўйинни сотган деб ўйлаб қолдим. Ахир ҳеч ким билмайдику. Бу биринчи гол.
Иккинчи вазият. Алишер Тўхтасинов хато қиляпти, “Насаф”нинг қайсидир ярим ҳимоячиси тўпни жарима майдонига етказиб беряпти. Даврон Турсунов Владимир Шишелов билан курашда имкониятни бой бериб, уни қўйиб юборяпти ва у икки метр масофадан гол урмоқда. 2:2.
Иккинчи бўлим бошланишидан олдин мен шогирдларимга жарима майдонида қўполлик қилмаслигини айтдим. Мана кўрдиларинг Геворкян жаримадан гол урди. Агар жарима майдонида қўполлик қилсанглар ҳакам пунальти бериши ҳам мумкин дедим. Иккинчи бўлимда жарима майдонимизда Икром Иброҳимов мезбонлар ўйинчисини йиқитди ва пенальти белгиланди. Демак Икром Иброҳимовни ўйинни сотди дейишим мумкинми? Йўқ, чунки танафусда унга эҳтиёт бўлишини айтгандим. У вазият қурбони бўлди. Ҳисоб 2:3. Тўртинчи голда “Насаф” тўп узатяпти Мақсуд Ҳайитов хато қиляпти ва Геворкян осонлик билан Юрий Цой дарвозасига гол уряпти. Хўш айтингчи қайси вазиятда Цой ўйинни сотган. Мана сизга вазиятларни тушунтирдим. Фақат битта вазиятдаги голни, яъни Геворкян жарима тўпида урган голни атайлаб ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Дамов этамиз. Даврон Турсунов ва Алишер Тўхтасинов Шишеловни ушламагани учун айбдор бўляпти. Демак улар сотибди-да? Учинчи голни Икром Ибрагимов атайлаб пенальти олиб бергани учун сотибдида, шундайми? Шундай қилиб Юрий Цой, Алишер Тўхтасинов, Даврон Турсунов, Икром Иброҳимов ўйинни сотган эканда. Охирги гол. Узоқ тўп узатиши бўляпти, Мақсуд Ҳайитов хатога йўл қўйиб Артур Геворкян билан тўп учун курашда имкониятни бой берди ва Геворкян гол урди. Энди ўйинни сотганлар қаторига Мақсуд Ҳайитовни ҳам қўшиш керак эканда?
Мен Цойни ҳеч қачон ўйинни сотган деб ўйламайман. У бундай футболчи эмас. Бу гап қаердан чиқди билмадим. Учрашувдан сўнг Баҳром Ҳакимов келиб ўйинни Юрий Цой 60 миллионга сотилганлигини айтаяпти. Кейин ўзимга айтаяпти, нима эмишки биз ўйинни сотган эканмиз. Бу гап биринчи ўринда мухлислар орасида тарқалиб, Фозил Мирзаевга етиб боряпти.
Улар менга чиқишди. Рад этганман. Мен бунақа ўйинни ўйнамайман. 60 миллионни кимдир ўйлаб чиққан. Ким билади дейсиз балки Баҳром Ҳакимов менинг жойимга ўтиришни истаётгандир. Шунинг учун ҳам бу гапларни тарқатган.
“Пахтакор” билан ўйинда ҳакам “Андижон”га қарши ишлагани ҳақида кўп гапирилди. Ҳатто “Андижон” келишилган бир ўйинда ҳакамнинг пулини бермагани учун “Пахтакор” билан ўйинда атайлаб сизларга қарши қарорлар чиқарган экан.
“Пахтакор” билан ўйинда Толибжонов бизларни синдирди. Мен унинг юзига ўйинни умуман бошқара олмаганлигини айтганман. Чунки у ўйинда бизни ўлдирди. Унга “Пахтакор” ўзи кучли жамоа. Бундай қилиб ёрдам бериш керак эмасди деганман. Ўша ўйинда тўртинчи гол ўйиндан ташқари ҳолатда. Биринчи гол Ильдар Маматказинга қўполлик қилган ҳолда урилган. Кейин эса қизил карточка нотўғри берилганди. Ўйиндан сўнг ҳакамнинг устидан шикоят ёздим.  У мендан кечирим сўради. Мен сендан кечирим сўрайман, ўртамиздаги яхши алоқа йўқолмасин, бошқа ўйинда ёрдам бераман деди. Ҳатто Фозил Мирзаев ҳам ёзиб ўтирманг деди. Мен уларга шунчаки қараб турмаслигимни айтдим. Бир ўйлаб кўринг, ҳакамга кимдир 30 миллион, яна кимдир 60 миллион пул берса, кейин ўша ўйинни ҳакам тўғри бошқарадими? Нима дейсиз?
Вилоят ҳоким сизни жамоада қолишингиз борасида нима деяпти?
Ҳоким билан тез орада учрашамиз. У киши билан учрашиб биринчи навбатда клуб ички тизими ҳақида гаплашаман. Энг аввало клубнинг тизими, кейин клубда ишловчилар ва жамоа раҳбарияти ҳақида гаплашамиз. Андижон вилоят ҳокими футболни яхши кўради ва тушунади. Ҳоким билан гаплашиб бир неча йил ишлашимни, бунинг учун имконият яратиб беришини сўрайман. Қисқа муддат ичида жамоани шакллантириб бўлмайди. Ҳаммаси учун вақт керак. Мураббий астойидил ишласа албатта натижа бўлади. Биргина, мен ўнта ўйинда менгача бўлган ўйинга қадар урилган голдан кўп урдик.
- Жамоа Олий лигани тарк этса клубдан кетасизми?
- Жамоа бирини лигада тушиб кетса ҳам мен шу жамоада қоламан. Клубни фаолиятини яхшилаб, уни Олий лигага қайтариш учун бор кучим билан ишлайман. Бунинг учун имконият яратиб берилса бўлди.
- Сир бўлмаса клубда қандай ишларни қилишни режалаштираяпсиз?
- Аввало ички тизим. Кейин футбол академияси билан алоқани яхшилаш лозим. Сўнгра вилоят иккинчи лига, ёшлар таркиби билан ишлаш, фарм клуб ва охирида асосий таркиб билан ишлашни йўлга қўямиз. Агарда ушбу режа амалга ошса биринчи навбатда вилоятда футболчилар муаммоси бўлмайди. Академияда таҳсил олаётган болаларни шунчаки тўпни тепиш эмас, балки уларга ҳужумкор футбол сирларини ўргатиш йўлларини қўямиз. Бу тизимда мақсад натижа эмас, балки уларнинг профессионал маҳоратини ошириш. Натижа аста-секин бўлади. Худди “Барселона” сингари. Чунки “Барселона”нинг ўз академияси бор.
Германияда бўлганимда у ерда ҳужумкор футболга катта эътибор қаратишига гувоҳ бўлганман. Ўзбек футболига ҳам худди шундай ҳужумкор ўйинни ташкил қилишни йўлга қўйишимиз керак.
Айнан ҳужумкор футболни ташкил қилиш орқали клубнинг ўйин сифати даражасини кўтариш ниятидаман. Тўғри бу дегани худди “Барселона” каби 4-3-3 тактика асосида ўйнаш керак дегани эмас. Балки биз 4-5-1 тактикаси асосида ҳам ҳужумкор ўйинни ташкил қиламиз. Энг муҳими мукаммал ўйин кўрсатиш биринчи мақсад саналади. Агарда худду шу тизми остида иш олиб борсак сўнг клубга келган бола техник ва тактик жиҳатдан тезда мослашади. Чунки у пастдан ўша босқичларни мукаммаллаштириб келган бўлади.
Бу ишларни амалга ошириш учун аввало клуб президенти, клуб директори мураббий ва энг асосийси спорт директорининг маъсулиятлилиги биринчи омил саналади. Клбуда бош мураббийлик тез ўзгаради. Бугун мен бўлсам эртага бошқаси келади. Спорт директори футбол академияси, иккинчи лига ва ўринбосарлар таркибидаги футболчиларни бирлаштириб асосий таркибга энг яхшиларини тавсия қиладиган инсон бўалди. Бу лавозимдаги инсон ички тизимдаги кўп нарсани ўз бўйинига олади. “Андижон” клуби учун ўша ернинг футболини яхши биладиган, маҳаллий халқ севган инсон бўлиши керак. “Бунёдкор” ва “Пахтакор”да худди шундай вазифани бажарадиган инсонлар бор.
- Маълумотларга кўра келаси йил “УзДонгЖу” Биринчи лигада иштирок этар экан. Бу клуб билан “Андижон”нинг алоқаси қандай?
- Бирнчи лигада иштирок этадиган “УзДонгЖу” “Андижон” клубининг фарм жамоаси бўлиб қолади. Унда тўп сурадиган иқтидорли футболчилар “Андижон” клубга жалб қилинади.  
- Бу йил “Андижон” клубининг асосий таркиб футболчилари ёмон ўйин кўрсатган бўлса, ўринбосарлар аксинча совриндорлар қаторига кирди. Бу клубда ёшлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилганидан далолатми?
- Бу йил ўринбосарларимиз учинчи ўринни олди. Ниманинг эвазига, албатта ёши катта футболчиларнинг ўйини эвазига. Хўш бу бизга нима беради. “Пахтакор”нинг ўринбосарлари 1993-1994 йилда туғилган, “Бунёдкор” жамоасида ҳам худди шундай. Улар биринчи ўринни олмади. 4-5 ўринда. Аммо айнан ўша ёш тоифадаги футболчилар тез орада асосий таркиб учун етук кадр бўлиб етишади. Биз ёши катта футболчиларни қўйиб натижа учун курашдик. Келаси йил ундай бўлмайди. Янги мавсумда 1994 йилда туғилган болаларни ўринбосарлар таркибида ўйнатиш ниятидамиз. 1990-1991 йилда туғилган болалар фарм клубда ўйнайди. Ҳозир улар асосий таркибда ўйнашга тажрибаси етишмайди. Тажриба орттириши учун биринчи лигада тўп суриши керак. Футболга ҳар ким турли ёшда кириб келади. Кимдир 16, кимдир 18 яна кимдир 22 ёшда келади. Уларнинг тажрибаси ҳам ҳар хил. Шу сабабли ҳам биринчи навбатда фам клубдан уларга жой бериб маҳоратини оширамиз.
- Андижонда истеъдодли футболчилар борми?
- Нафақат Андижонда, балки бутун Ўзбекистонда кўплаб истеъдодли футболчилар бор. Биз эса ўша истеъдодли футболчилар билан ишлашимиз керак. Агарда “Динамо” жамоасида ишлаган вақтларда Боҳодир Насимов билан унинг индивидуал маҳорати устида ишламаганимизда у бугунгидек футболчи бўлолмас эди. Бу биринчидан. Иккинчидан мураббийлар футболчилар билан кўпроқ ишлаши керак.
Худди шундай Салим Мустафоевни олайлик. 2009 йилда уни ўринбосарлар таркибига қўйдим. У бошида икки ой ўйинларга тушмасдан фақат шуғулланиб юрди. Кейин Турғун Қобилов, Омад Тайлоқов каби иқтидорли футболчилар ҳам қўшилди. Айнан шуларнинг ҳисобига асосий таркибда ўрин олган, аммо ҳеч қандай ўйин кўрсатолмайдиган футболчиларни жамоадан ҳайдадим. Спартак Муртозоев, Олег Горвец ва бир нечта футболчиларни ҳайдадим. Ҳатто Мустафоевнинг отаси ўғлини асосий таркибда ўйнатишимни истамади. У ўғлини хато қилиб қўйишидан қўрқди. Аммо мен барибир уни асосий таркибга туширдим. Тўғри у хато қилди. “Нефтчи” билан сафардаги ўйинда ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Аммо уни устида ишлаб, унинг психологиясини тўғирлаб мана бугун терма жамоага номзод футболчилар даражасига олиб чиқдим.
Худди шундай истеъдодли футболчилар Андижонда ҳам кўп. Фақат уларнинг устида мақсадли аниқ режа асосида ишлаш керак. Биргина Акмал Жўрабоевни олайлик. Унинг ҳам устида ишласа ўсадиган бола.
- Сиз клубга келиб легионерлардан кўра кўпроқ маҳаллий ёш футболчиларга эътибор қаратдингиз. Қолаверса, тажрибали футболчилардан кўра ёшларга ишонч билдирдингиз?
- Бир нарсани унутмайлик, футболчи клубда легионерми, демак у маҳаллий футболчилардан иккита кўп гол уришга мажбур. Ёшларга эътибор қаратганим шундаки, тажрибали футболчи саналган Мўйдин Мамазулунов 7-8 та ўйинда бирорта ҳам гол уролмади. Ҳатто легионер футболчилардан ҳам наф бўлмади. Шунинг учун ҳам уларни захирага ўтқазиб, уларнинг ўрнига Акмал Жўрабоев ва Алишер Тўхтасиновга имкония бердим. Натижада Акмал Жўрабоев тўртта ўйинда иккита, ярим ҳимоячи Алишер Тўхтасинов бешта ўйинда иккита гол урди.
- Самимий ва очиқ суҳбатингиз учун рахмат
- Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, менга пул ёки бошқа нарсалар муҳим эмас. Менга клубда ишлаш учун имконият берилса хурсанд бўлардим. Агарда “Андижон” биринчи лигага тушиб кетса ҳам мен жамоада мураббийлик қилиб, уни Олий лигага олиб чиқмоқчиман. Умуман Андижон футболини кўтариш учун бор кучим билан меҳнат қиламан.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ суҳбатлашди

  

четверг, 13 декабря 2012 г.

Баҳромжон Давлатов карикатурачи назарида


Сўнгги пайтнинг энг шов-шувли воқеаси бу "Бунёдкор" жамоаси бош директори ва вице президенти Баҳромжон Давлатовнинг "қалдирғочлар" бошқарувини тарк этгани бўлди. Бу кутилмаган хабар барчани бирдек ҳайрон қолдирган бўлса ажабмас. Айрим футбол сайтларида Давлатовнинг кутилмаганда клубни тарк этишини ўзининг саломатлиги билан боғлиқлигини айтиб ўтди. Эндиликда собиқ вице-президентнинг ҳақиқатдан ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммо брлигини “Бунёдкор” матбуот хизмати ҳам айтиб ўтди. Бироқ, айрим футбол хабарномалари клубдаги молиявий масалалар асосида Баҳромжон Давлатов шу қарорга келганини ёзишгани ҳам бор гап.
Биринчи сабаб қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини билмадигу, ҳар ҳолда жорий йилда "Бунёдкор" футболчиларининг бир неча бор ЎФФга шикоят қилиб борганлиги клубдаги иқтисодий муаммолар сабаб Баҳромжон Давлатов футболни тарк этганлигига ишора қилиб турибди. Қисқа фурсат ичида барчани бирдек тилига тушган "Бунёдкор" клуби атрофидаги воқеалар карикатурачи рассомчиларимиз эътиборидан ҳам четда қолмади. Қуйида иқтидорли мўйқалам соҳиби Маҳмуджон Эшонқуловнинг клуб билан боғлиқ карикатурасини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Хулосани эса ўзингиз чиқариб олаверинг!




P/S: Баҳромжон Давлатовнинг нима сабабдан футболни тарк этганлиги унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Муҳими айнан ушбу инсоннинг сай-ҳаракатлари эвазига "қалдирғочлар" бу йил нуфузи жиҳатдан Осиёда биринчи ўринда турадиган Осиё чемпионлар лигаси мусобқасининг ярим финалга етиб боришига муваффақ бўлди. Қолаверса, ўзбек футболига етук кадрларни етказиб бераётган “Машъал” академиясини ташкил қилишда ҳам бу инсоннинг меҳнатлари катта. Ўзбек футболидаги амалга оширган меҳнатлари учун  Баҳромжон Давлатовга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз ва келгуси фаолиятига омад тилаймиз.

вторник, 11 декабря 2012 г.

“Андижон”га нима бўляпти


Сўнгги йилларда Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар, вилоят аҳли эришаётган натижалар кўпчиликни бирдек хурсанд қилиб келмоқда. Айниқса, вилоятда олиб борилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бу ерга биринчи бор келган кишига ўзга бир оламга тушуб қолгандек таассурот ўйғотиши табиий. Андижонга меҳмон бўлган киши шаҳарни кезар экан, ҳар қадамда барпо этилаётган замонавий иншоотларни кўриб обод юртнинг бунёдкорлик ишларига ҳавас билан қарайди.
Бевосита Андижон ҳақида гап кетганда ўзбек футболида ўзига хос мавқейга эга бўлган вилоят футболига ҳам алоҳда тўхталиб ўтиш лозим. Аммо минг афсуски, бутун бошли вилоят номи билан тилга олинадиган “Андижон” футбол клубининг сўнгги пайтлардаги натижалари андижонлик миллионлар ўйини ишқибозларини ҳафсаласини пир қилаётгани аниқ. Бир неча йиллар аввал қуйи лигага тушиб кетган жамоа Олий лигада ўз мавқейини тиклаб олгандан сўнг барча унга катта умидлар билан қараган, ҳатто Осиё миқиёсидаги мусобақаларда ҳам иштирок этишни ўз олдиларига мақсад қилганди. Бироқ, клубнинг бир ёқадан бош чиқармасдан ишлаши натижасида қисқа фурсат ичида томир отиб кўкараётган жамоа илдизи билан йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бунинг сабабларини эса оддий бармоқлар билан санаб адоғига етолмайсан киши. Қисқаси, бу йил клуб ҳарқачонгидан оғир аҳволда қолгани аниқ.
Эътибор
Андижон вилоятида футболни ривожлантириш ва уни оммалаштириш борасида қилинаётган ишларни оддий сўз билан ифодалаш қийин. Боиси кўпчилик ёшлар ҳавас қиладиган, замон талабларига жавоб берадиган зарур инфратузилмаларга эга бўлган бир нечта футбол мактаби ҳам айнан мазкур вилоятда фаолият юритмоқда. Шундай экан вилоят ҳокимлиги томонидан футболни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни ҳар қанча ёзсанг кам. Аммо нега мутасадди раҳбарлар вилоятда футболни ривожлантириш борасида тинимсиз меҳнат қилаётган бир вақтда ўша ишларни амалдаги ижросини таъминлайдиган масъулиятли раҳбарлар миллионлар ўйинида керакли натижага эришиш учун эътиборсизлик қилаётганини тушуниш қийин.
Андижон вилояти ҳокими футболга қизиқиши ҳеч кимга сир эмас. Бунга ўзим ҳам бир неча бор гувоҳ бўлганман. Айнан ушбу қизиқиш сабабли бугун “Андижон” футбол клубида ўзига етарли барча имкониятлар яратиб берилган. Ҳар мавсум олдида ҳомийлар томонидан клуб ўзи истаган миқдорда маблағ билан таъминланиши ҳам сўзимиз исботи бўла олади. Аммо нега ҳокимлик томонидан бутун бошли клубга катта эътибор берилаётган бир вақтда клубнинг натижалари тобора қониқарсизлашиб бораётганлиги кўпчилик қатори бизни ҳам ҳайрон қолдириб келмоқда.
Ҳаммамиз биламизки бугун юртимизда “GM Uzbekistan” корхонаси жадаллик билан фаолият юритиб келмоқда. Айнан ушбу корхона “Андижон” футбол клуби ҳомийси эканлигини ҳам биламиз. Тўғрисини айтганда Олий лигадаги баъзи клубларимиз “GM Uzbekistan” корхонасини ўзларига ҳомий бўлишини жуда исташади. Боиси мазкур корхона ҳомийлик борасида бирор маротаба ҳам “Андижон” клубини уялтириб қўйгани йўқ. Халқ тили билан айтганда, ҳар доим кулибнинг егани олдида, емагани кетида туради.
Хўш, шундай экан унда нега клуб тобора парокандаликка юз тутмоқда? Нега ҳокимликнинг назаридан четда қолмайдиган жамоа осмондаги қанотсиз қуш сингари пастга шўнғимоқда?
Бу саволларга жавоб топиш мушкул. Балки футболчилар жамоада ўйнашни истамагани учун атайлаб қониқарсиз ўйин кўрсатишаётгандир. Балки ҳақиқатдан ҳам клубнинг  аҳволи ёмонлашгандир. Балки кимлардир клубнинг қониқарсиз натижаларини ҳокимлик томонидан ажратилаган маблағлар футболчиларга берилмаётганлиги билан изоҳлашар. Агарда ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади деган нақл борлигини унутмаслигимиз лозим.
Футболчилар ва клуб раҳбарияти
Ҳар қандай клубда ўзаро ҳамжиҳатлик катта ютуқларга эришишга сабаб бўлади. Буни узоқ ўтмиш ё бўлмасам европа жамоаларидан мисол қилиб айтишимиз шарт эмас. Оддийгина, жорий йилда ўзининг ёш таркиби билан мамлакатимиз чемпиони бўлган “Пахтакор” ва Осиё чемпионлар лигасида ярим финалга қадар етиб борган “Бунёдкор” жамоалари мисолида олишимиз мумкин. Тўғри, “қалдирғочлар”да ҳам ойлик борасида клуб раҳбарияти билан келишмовчилик бўлди. Ҳатто жамоа футболчилари бир бўлиб ЎФФ котиби Сардор Рахматуллаевга учрашгани ҳам бор гап. Аммо бу тамомила бошқа масала. Қайсидир жиҳатдан бугун ўша муаммо ҳам “қалдирғочлар” учун ҳал қилиб бўлинди. Энг муҳими ҳар қандай шароитда ҳам клубда ҳамжиҳатлик ўзини йўқотмади. Бунинг самарасини эса “Бунёдкор” клубининг ОЧЛда эришган натижаларидан ҳам билиш мумкин.
2012 йилги мавсум тугаганига анча бўлсада, айни пайтда “Андижон” футболчилари клуб раҳбарияти билан тамомила тескари муносабатда бўлиб қолган. Бундай шароитда эса янги мавсум тараддуди ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Айнан ўша тескари муносабат бугун бир вилоят жамоасини пароканда бўлишига олиб келмоқда. Ҳатто, клубнинг аксарият футболчилари янги мавсумда жамоа раҳбариятида сезиларли ўзгариш бўлмас экан келаси йили “Андижон”да қолмаслигини айтиб ўтаётганлари ҳам йўқ эмас.
Хўш, нега футболчилар клубни тарк этишга қаътий киришган? Нега улар жамоани бошқариш тизимидан норози?
Гап тўғридан-тўғри ойлик маош борасига келганда тан олиб айтиш керак жорий йилда Олий лигадаги кўплаб клубларимизда ҳам бу муаммо бўлди. Ҳатто ҳозир ҳам ярим мавсумдаги маошларини ололмаган футболчилар бор. Шундай экан, демак гап фақат ойлик борасида эмас, балки футболчилар билан бўлаётган бошқа муносабатларда. Афсуски, клуб раҳбарияти футболчиларга қандай вадалар берганию, уни қайсиларини амалга оширмагани биз учун қоронғу. Ҳар ҳолда айни пайтда “Андижон” клубидаги футболчилар Фозил Мирзаев клуб бошқарувида қолса жамоада қолмаслигини айтиб ўтишган. Андижонлик ишқибозлар учун энг аянчлиси ҳатто маҳаллий футболчитлар ҳам худди шундай тўхтамга келиб улгуришган. Яна бир бор таъкидлаб ўтаман. Бунинг сабабини футболчилар ва клуб раҳбариятидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Яна бир жиҳат. Мавсумни шов-шувли трансфер билан бошлаган “Андижон” ўз таркибига тажрибали ҳужумчи Владимир Шишеловни ҳам қўшиб олди. Бу водий жамоасининг сўнгги йиллардаги энг катта харидларидан бири бўлди. Аммо нега манашундай тажрибали футболчи жамоани тарк этди. Ваҳолангки, Шишеловнинг клуб билан тузилган шартномасида унга фақат хориж чемпионатларидан таклиф тушсагина “Андижон”ни тарк этишга келишилган эди. Бироқ, иккинчи даврага келиб ҳеч ким кутмаган ҳолда футболчи “Насаф” таркибида пайдо бўлди. Шу топда ўз-ўзидан савол туғилади. Наҳотки, катта маблағ эвазига жамоага жалб этилган Владимир Шишеловнинг бошқа клубга ўтиб кетиш сабалари вилоятдаги футболга мутасади кишиларни бир он бўлсада ўйлашга мажбур қилмаган бўлса.
Боз устига айни пайтда катта-катта ваъдаларга ишониб клуб билан шартнома тузган Владимир Шишелов "Андижон"даги қарзларини ундириб беришларини сўраб Ўзбекистон футбол федерациясининг тегишли бўлимига мурожаат қилишга ҳам улгурган.
Энг қизиғи, “Андижон” клуби келажаги билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси клуб раҳбариятини йиғилишга чақирганда лоаққал номига бўлсада клубдан бирор бир вакилни юбормаганлигини қандай тушиниш мумкин. Ҳар ҳолда ЎзПФЛ йиғинига бормаган клуб раҳбари Фозил Мирзаевга 3 миллион жарима қўллагани ҳам ҳақиқат. Агарда ЎзПФЛ ўз ҳаққини қолдирмаслигини инобатга олсак, клуб қўлланилган жаримани тўлаб бериши аниқ. Энди ўзингиз ўйланг, бундай ҳолда бир неча ойдан бери пешона терисини тўкилиб меҳнат қилган футболчи ўз ҳаққини сўраб кимга мурожаат қилсин. Яна ўша вилоят ҳокимигами?
“Андижон”да пул йўқми?
Юқорида таъкидлаб ўтканимиздек, “Андижон” клубига “GM Uzbekistan” корхонаси ҳомийлик қилади. Бу корхонанинг номини эшитган одамнинг ўзи у ҳомийлик қилаётган жамоанинг иқтисодий салоҳияти оқсаб қолганига ишониши қийин. Маълумотларга қараганда ҳомийлар томонидан клубга жорий йилда 5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилган.
Хўш, ўз ҳисобида шунча миқдордаги пули бўлган жамоа нега футболчиларга ойлик маош тўлашга келганда иқтисодий аҳволи таранглашиб қолди. Наҳотки, футболчиларнинг арз доди кун сайин ошиб бораётган бир вақтда ҳомийлар томонидан ажратилган пуллар қаерга ва нима мақсадларда ишлатилганлиги билан ҳеч ким қизиқмаса? Ахир йил бошида тузиладиган, қолаверса вилоят ҳокими тасдиғидан ўтказиладиган сметада футболчиларнинг ҳам ойлик маоши киритиладику? Ёки, йиллик сметада футболчиларнинг ойилк маоши алоҳида суммада кўрсатиладими? Бордию шундай бўлса, клуб бюджети 5 миллиарддан ҳам кўп эканлигини билиш учун математик бўлиш шарт эмас, назаримда.
Агар ҳақиқатдан ҳам йил бошидаги сметада футболчиларнинг ойлик маошлари ҳам киритилган бўлса, унда нега клуб футболчилардан ҳамон қарздор. Ёки, сметадаги пуллар бошқа мақсадларда, ё бўлмасам кимнигдир манфаатлари учун сарф қилинганмикан? Хўш, бу саволларга қаердан жавоб топиш мумкин. Йиллик сметага қўл қўйган вилоят ҳокимиданми ёки смета пулларини ишлатган клуб раҳбариятидан. Ахир бутун бошли клубга ажратиладиган пулларга минглаб андижонликларнинг ҳам оз бўлсада ҳиссаси борку? Демак, улар ҳам бу саволга жавоб топишга ҳақли.
Андижонлик мухлислар
Андижонлик мухлислар азалдан футболни севиб келган. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда клуб давомли мағлубиятларга учрасада ҳоҳ уйда ҳоҳ сафарда бўлсин жамоани бирдек қўллаб-қувватлаб келмоқда. Энг қизиғи, маълум бўлишича айрим ҳолларда “бургутлар”нинг мухлислари клубда қайси футболчи ўйнаши, клубни ким бошқариши борасида мутасадди раҳбарларга ўзларининг фикрларини баён қилиш ҳуқуқига эга экан. Тўғриси, мухлисларда бундай имконият борлигини билган бошқа клубларимиз андижонлик ишқибозларга ҳавас қилса ажабмас. Қолаверса, мухлислар билан ишлаш қайсидир жиҳатдан клубга бўлган ишончни янада орттиради.
Бироқ, “Андижон” клуби сўнгги йилларда мухлислар ташрифи борасида ҳам катта йўқотишларга эришган. Оддийгина, 2010 йилда “Андижон” иштирокидаги ўйинларда ўртача ҳисобда 11831 нафар мухлис тушган бўлса, 2011 йилда бу кўрсатгич 9769 нафарни ташкил этган. Жорий йилга келиб эса клуб ўйинига тушадиган мухлислар сони 6419 нафарни ташкил этмоқда. Агарда 2010 йилда клуб ўйинларига тушган мухлислар билан 2012 йилда клуб ўйинларига тушган мухлисларни таққослаганда икки йил ичида клуб 5412 нафар мухлисни йўқотган. Бу жорий йилда “Пахтакор” ўйинларига тушган ўртача мухлис сони билан тенг дегани. Қайсидир жиҳатдан қараганда, бу кўрсатгич клуб бир мавсумни мухлисларсиз ўтказгани билан баробар эмасми. Юқоридаги оддий ҳисоб-китоб ҳам клубнинг жар ёқасига нақадар яқин қолганини англатаётгандек, гўё. Минг афсуски, бу борада ҳеч кимнинг бош қотиргиси йўқ. Ёки ўша клубни ривожлантириш, унинг мухлисларини яна стадионга қайтариш учун интиладиган раҳбарни олиб келиш борасида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Клуб фақатгина ҳомийларнинг пулини совуриш билан овора. Хўш, бундай ёмон натижаларга барҳам бериш вақти келмадимикан. Ахир бутун бошли вилоят футболининг орқага кетиши қайсидир ёш тоифасидаги етук кадрларни топишда ҳам муаммога дуч келишимизга сабаб бўлмасмикан? Наҳот Андижон вилоятида вилоят футболи келажагини ўйлайдиган инсон топилмаса?

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Мазкур мақола юзасидан “Андижон” клуби раҳбари Фозилжон Мирзаев ва клуб бош мураббийи Азамат Абдураимов билан ҳам учрашдик. Тез орада клубда юз тутган муаммолар юзасидан жамоа раҳбарларининг ҳам фикр-мулоҳазаларини ўқиш имкониятига эга бўласиз.

понедельник, 10 декабря 2012 г.

ФотоФакт: Ҳакам қаттиқўл бўлмаса...


Андижонда ўтказилган биринчи лига ўтиш турнирида Локомотив БФК (Тошкент) ва Ёзёвончи (Фарғона) жамоалари ўртасидаги учрашуда иккала жамоа вакиллари ўртасида кескин келишмовчилик юзага келди. Мазкур фотофактга биз ортиқча изоҳ беришни истамадик. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг!