понедельник, 2 марта 2020 г.

Самарқандда ялонғоч юрган фуқаролар 15 суткага қамалди

Бугун, 2 март куни Самарқанд шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Самарқанд шаҳрида ялонғоч ҳолатда кўчада юрган фуқароларнинг ишлари юзасидан суд иши бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда. 
Ҳуқуқбузарлар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов 2020 йилнинг 29 февраль куни соат тахминан тунги 23:45 атрофида Самарқанд шаҳар Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуси олдида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг улар маст ҳолатда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, кийимсиз, яланғоч ҳолатда юриб, жамоат тартибини бузган ҳолда майда безорилик содир қилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев ҳам ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасида ҳуқуқбузарлар Ў.Турсунқулов ва Ж.Нурматовларнинг безорилик ҳаракатларига бевосита ёрдам қилиб, кийимларини олиб юрган ҳолда уларни видео тасвирга туширган. Шунингдек, уларнинг беҳаёлик ҳаракатларини интернет тармоғида тарқалиб кетишига сабабчи бўлган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилган.
Мазкур фуқароларнинг ахлоқсиз ҳаракати юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тешилги тартибда судга юборилган.

Ҳуқуқбузарлар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов суд мажлисида айбига иқрорлик билдирди. Улар ҳақиқадтда 29 февраль куни соат тахминан тунги 23:45 атрофида Самарқанд шаҳар Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуси олдида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнг маст ҳолатда таниши Ж.Нурматов билан биргаликда кийимсиз яланғоч ҳолатда юриб жамота тартибини бузган.
уқаролар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов суд мажлисида содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини таъкидлаб, ўзларига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев воқеа содир бўлган куни тунги вақтда У.Турсунқулов ва Ж.Нурматовлар унга қўнғироқ қилиб, Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуаси олдига чақирганлигини билдирди. Уларнинг олдига борган вақтида У.Турсунқулов ва Ж.Нурматов кийимларини ечишиб, унинг автомашинасига қўйган. Сўнг яланғоч ҳолда кўчада юрган. Одамлар уларни видео тасвирга тушириб, интернет тармоғига қўйганлигини таъкидлаб, содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси Ориф Пардаевнинг “Дарё”га маълум қилишича, ҳуқуқбузар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги аниқланиб, унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

воскресенье, 9 февраля 2020 г.

АВТОМАШИНА ГАЗ ЎРНИДА СУВДА ЮРАДИ(МИ?) Самарқандлик “тадбиркор” бунинг уддасидан чиқмоқчи бўлди. Аммо...

Жорий йилнинг 23 январь куни кечки пайт ўзимнинг бошқарувимдаги автомашинанинг суюлтирилган газ ёқилғиси тугаганлиги боис Самарқанд шаҳри, Сўғдиёна массивида жойлашган “Мусаффо” МЧЖга қарашли “Мусаффо петрол” АЁҚШга кириб, автомашинамга 20 литр суюлтирилган газ солдирдим. Газ “заправка” қилгач, АЁҚШдан чиқиб, озгина масофадан сўнг ёнилғини бензиндан газга ўтказдим. Аммо, автомашина юрмади. Аввалига автомобиль двигателида газ ва бензин ёқилғиси тўдаланиб қолгани сабабли шундай бўлди, деб ўйладим. Кейин яна газга қўшиб кўрдим...
Иккинчи маротабада ҳам машина дивигатели газда ўт олмай “ўчиб” қолди. Уловим газга “юрмагач”, яна бензинга ўтказиб, устахонага бордим. Уста олд капотни очиб, ҳамма ускуналарни бирма-бир назоратдан ўтказгач, машинамнинг “инжиқлигини” топди.
У эътиборимни двигателга қаратди ва газ келадиган қувурчани очди. “Фашиллаб” газ ўрнида сув оқа бошлади. Бундан ҳайратга тушгандим. Бунинг сири нимада эканлиги мени ўйлантирарди.
- Бунинг сири сиз газ олган “заправка”да, - деди устанинг шогирди.
Уста автомашинамнинг газ ускуналарини тўлиқ ечиб, тозалаб, қайтадан ўрнатиш кераклигини, бунинг учун эса кўп вақт талаб этилишини айтиб, машинани шу ерда қолдиришим кераклигини таъкилади.

- Ҳалиям омадингиз бор экан, сув моторга ўтиб кетганда етти-саккиз миллион сўмга тушишингиз мумкин эди, - деди уста.
Бу гапни эшитгач жуда асабийлашдим. Бу “заправка”дан менга ўхшаган юзлаб инсонлар автомобили учун газ олиши кўз олдимга келиб, АЁҚШ ходимларини инсофга чақирмоқчи бўлдим.

«Мусаффо петрол» АЁҚШга бориб, автомашинамга газ ўрнида сув “заправка” қилинганини айтдим. Масалага ойдинлик киритиш учун ходимларидан АЁҚШ раҳбарини чақиришларини сўрадим. Бироз фурсатдан сўнг етиб келган АЁҚШ раҳбари (сўраб суриштириб исми Комил эканини билдик) мени тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган товламачи сифатида айблади. Энг қизиқи, у мени бирор оғиз гапириришимга қўймай, оғзидан фақат ҳақоратли сўзлар чиқариб, нафсониятимга тегди. Ёнига тўпланган тўрт-беш нафар гумашталари ҳам унга қўшилиб, мени товламачи, туҳматчи, дея ҳақорат қилишга тушишди. Уларнинг бу ерда жанжал чиқаришдан манфаатдор эканликларини англагач, кетишга мажбур бўлдим.

Бироқ, ҳамма томоша эртаси куни бошланди. Аввалига, “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлимига мурожаат қилдим. Инспекция раҳбари хизмат сафари билан туманга кетганлиги боис, Дилшод исмли бош мутахассисига учрашишимни айтди. Дилшод “Мусаффо петрол” АЁҚШда мен билан бўлган можарони батафсил тинглаб, ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтди. Ҳеч бўлмаганда, автомашинамнинг газ баллонидаги суюқликнинг таркибини ўрганиб беришларини сўрадим. Бироқ, мутахассис инспекцияда газ маҳсулотларининг лабораторияси йўқлигини билдирди.

Шу ўринда бир нечта савол туғилади: биринчидан, шикоят асносидаги мурожаатга ҳеч қандай чора кўраолмаслигини маълум қилган мазкур инспекциянинг функционал вазифаси нималардан иборат? Иккинчидан, ҳатто газ маҳсулотлари таркибини текширадиган лабораторияси мавжуд бўлмаган инспекция мен билан бўлган каби ҳолатларда қандай хулоса бериши мумкин? Учинчи ва асосийси, ушбу инспекцияда газ таркибини текширадиган лаборатория йўқлигини билган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбарига ўхшаган “тадбиркор”лар суюлтирлаган газга сув қўшиши мумкинми? Инспекциядан чиқар эканман, шу каби жавоби йўқ саволлар гирдобида қолдим.

Орадан уч-тўрт соат ўтганидан сўнг, “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи қўнғироқ қилиб, инспекция масъулли “Мусаффо петрол” АЁҚШга бориб ҳолатни ўрганаётганлигини маълум қилди. Бундан қувониб, мен ҳам мазкур тафтишда иштирок этишга иштиёқим борлигини билирдим. У масъул ходими ўша ерда мени кутишини тайинлаб қўйишини айтди. Дарҳол йўлга чиқдим. Аммо, АЁҚШга борганимда инспекция масъули Дилшод ва АЁҚШ раҳбари Комил ака электр энергиясида узулиш бўлганлиги сабаб ҳолатни ўрганишнинг иложи йўқлигини таъкидлашди. Бизга берилган бу “имконият”дан унумли фойдаланиш мақсадида, вазиятдан чиқиш чораларини изладик. Аввал шаҳар, кейин вилоят электр тармоқлари идорасига телефон орқали мурожаат қилдим. Бироз вақт ўтгач ҳар иккала ташкилот ҳам қайта қўнғироқ қилиб, мазкур ҳудудда электр таъминотида узулиш бўлмаганини, АЁҚШда атайлаб “свет” ўчирилганини айтишди.

Томошанинг навбатдагиси, мазкур АЁҚШда автомашиналарга сув қуйилаётганини айтиб, ўнлаб истеъмолчилар жанжал қилаётган бўлсада, автомобилимга газ ўрнига сув қуйилганига хали ҳам ишонч ҳосил қилаолмаётган тадбиркор Комил ака автомобилимга у томондан қуйилган газни ўзининг таниши бўлган устага кўрсатишимизни сўради. Тадбиркорнинг қистови билан инспекция мутахассиси ҳамроҳлигида уста ҳузурига бордик. Ўзини “Элдор” дея таништирган уста эса автомашинамнинг газ баллонига қуйилган суюқлик сув эканлигини тасдиқлади.

Хуллас, ўша куни соҳа мутахассисининг ўрганувидан натижа бўлмади. Тадбиркор эса юзлаб, минглаб истеъмолчиларга “пуллаётган” ушбу суюлтирилган газни харид қилган пайтида завод томонидан бериладиган лаборатория хулосасини кўрсатолмади.

Шу сабаб, икки кун давомида ўз ечимини топаолмаган “машмаша”нинг асосий жумбоқларини баён этишни лозим топдик. Хўш, ушбу тадбиркор истеъмолчиларга қанча сув сотди ва сотаяпти? Ахир бир овқатнинг ачиганини билиш учун уни ҳаммасини ейиш шарт эмас-ку! Бир эмас, икки эмас, ўнга яқин истеъмолчиларнинг шикоятидан керакли хулоса чиқариб савдони тўхтатмаган тадбиркорни қандай аташ мумкин?! Яна, бу ҳолатга тегишли мутасаддилар томошабин бўлиб туришининг сабабини билишни истар эдик. Агар “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбарияти бу борада бирор шикоят бўлгани йўқ, дея ўзини оқласа, унда меннинг жорий йил 24 анвардаги мурожаатимчи? Нега ушбу мурожаатимга ҳозирга қадар жавоб бўлмаяпти?

Дарвоқе, ушбу АЁҚШда бир неча бор бўлсакда бирор марта, бирор кишига харид учун чек берилмади. Бунинг сабабини ўрганишларини сўраб вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилдик, аммо бирор натижа бўлмади.

Ўйлаймизки, мамлкатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган, юзлаб истеъмолчиларни сарсон қилаётган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбариятига ўхшаган “тадбиркор”ларнинг ҳам жиловини тортадиганлар бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу масалани атрофлича ўрганади, деган умиддамиз. Акс ҳолда биз бу мавзуга яна ва яна қайтаверамиз!

Элдор МУҲАММАДИЕВ,
журналист.