понедельник, 7 марта 2016 г.

САЛЛА ЎРНИГА КАЛЛА ёхуд “туя” қилинган ўйингоҳ

Спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак деганидир.
Бинобарин, соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.
Ислом Каримов

“Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”. Соғлом авлод сўзлари оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб беради.
Жорий йилнинг 11 феврал куни Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришда эришилган қатор муваффақиятлар ҳақида сўз юритилган эди. Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда спорт – соғлом авлод, соғлом келажак шиори остида болалар спортини ривожлантириш бош мақсадимизга айланганлиги алоҳида тилга олинганди.
Бироқ, баъзида бу шиорга амал қилмай, айрим ҳолларда бошқа бир манфаат сабаб тайёр қурилган спорт майдончалари йўқ қилинмоқдаки бунинг сабабини қаердан қидиришни билмайсан киши.
Истиқлол йилларида ёшларни спортга жалб этиш мақсадида замонавий спорт иншоотлари барпо этилаётган бир вақтда Самарқанд шаҳридаги “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллалари ўртасида жойлашган футбол майдонининг бузиб ташланаётгани кишини таажжубга солади. Салкам ярим асрдан буён мазкур маҳалла болаларининг севимли масканига айланиб қолган футбол майдонини бузишга ва унинг ўрнига кўп қаватли уй қуриш учун рухсат берган шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари наҳотки соғлом авлодни тарбиялаш бош мақсадимиз эканини ҳамон тушуниб етмаган бўлса?!
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасида “Таълим муассаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Аммо SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли бино қурилишига 2015 йилнинг 19 августида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан рухсат берилган. Савол туғилади. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этган ҳолда соғлом турмуш тарзига етаклаш энг асосий мақсад бўлиб турган вақтда наҳотки шаҳар ҳокимлиги тайёр ҳолдаги футбол майдонини йўқотишга рухсат берган бўлса?! Ажабланарлиси шундаки, қурилишга изн беришдан олдин на шаҳар ҳокимияти ва на қурилиш компанияси иккалла маҳалла фуқароларининг бу борадаги фикрларини тинглаб кўрмаган.
Жорий йилнинг январ ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар худудида вояга етмаган болалар ўртасида содир бўлаётган жиноятларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этган шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчиликни кескин танқид қилиб, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошаётган раҳбарларни кескин танқид қилганди. Қизиқ, йиғилишда жиноятчиликни олдини олиш борасида бонг уриб гапирилиб, камчиликлар танқид қилинмоқдаю, аммо негадир ёшларни ёт ғоядан сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзини таъминлаш учун барпо этилган бутун бошли ўйингоҳни бир энли қоғоздаги буйруқ билан бузиб ташлашга рухсат берилмоқда. Бу ерда ҳатто донишманд ҳам мақсаднинг мантиғини тополмаса керак. Муллани айтганини қилу, қилганини қилма дегани шу бўлса ажабмас.
Беш мингга яқин фуқаро истиқомат қиладиган мазкур маҳалланинг ўйингоҳида ҳар йили ёзда маҳалла болалари ўртасида футбол бўйича турли мусобақалар ўтказилиб келинади. Болаларни спортга жалб этиш мақсадида маҳалла ширкати банкдан кредит олиб, ўйингоҳни болалар учун қайта таъмирлаб берган. Маҳалла фаоллари кейинчалик ўзаро келишган ҳолда сунъий қопламали футбол майдончаси қуришни режалаштирганди. Бироқ ҳеч ким кутмаган ҳолда бу ерга кўп қаватли уй барпо этиладиган бўлди.
SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси масъул ходимига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни, шунингдек мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг талаби асосида болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этиш орқали уларни турли хил оқимлардан асрашмақсадимиз бўлиб турган вақтда нега тайёр ўйингоҳни бузаётганини билиш мақсадида мурожаат қилдик. Афсуски, ташкилот масъул ходими бизга бу ҳолатни изоҳлаб беришни ўзига мақул кўрмади.
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз Ислом Каримов “Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади”, деб таъкидлаганди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар – у қайси вазифада ишлаши, қайси бўғинни бошқаришидан қатъи назар, авваламбор ўзининг манфаати билан эмас, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш ҳақида чуқурроқ ўйлаши, узоқроқни кўриши ва жамоатчиликни ўз ортидан эргаштириш учун уларнинг ишончини қозониши керак, дея айтиб ўтганди.
Аммо “Амир Темур” ва “Ўрикзор” маҳалла фаоллари тайёр ўйингоҳни сақлаб қолиш мақсадида шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларга кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ улар қаерга мурожжат қилишмасин масала қурилиш ташкилоти фойдасига ҳал бўлиб келмоқда. Сабаби оддий. Жойни ҳатто келиб ҳам кўрмаган, маҳалла фуқароларининг дардига қулоқ солмаган шаҳар ҳокимининг қарори.
Тайёр спорт майдончасининг йўқолиши муаммонинг бир бўғини бўлса, унинг ўрнига қад ростлаётган кўп қаватли уй ҳам кейинчалик қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан қурилаётган уй ён атрофдаги кўп қаватли уйларда фавқулотда вазият юзага келганда, хусусан ёнғин содир бўлганда, тез тиббий ёрдам ва бошқа ҳолларда қутқарув машиналарининг кириши бирмунча қийинлашади. Зилзила пайтида ҳамма чиқадиган очиқ жой, маракалар ўтказиладиган майдон маҳаллалар аҳолисининг ҳаётини мушкуллаштиради.
2015 йилда Самарқандда болаларни спортга жалб этиш мақсадида 40 та спорт соғломлаштириш иншооти қурилган бўлса, жорий йилда 45 та яна шундай спорт иншоотларини барпо этиш режалаштирилган.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган айнан ана шундай таълим-тарбия, спорт ва маданият масканлари замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлодимиз камол топаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади, дея Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида Президентимиз таъкидлаб ўтганди.
Бироқ салла билан калланинг фарқига бормайдиган, келажак авлод саломатлигини ўз олдига устивор вазифа билиб, улкан мақсадларни кўзлаб иш юритиш ўрнига амалдаги қонунларга итоат этмасдан ўз вазифасини суистеъмол қилаётган шаҳар ҳокимияти вакилларининг тутаётган йўли ҳеч қандай куракда турмайди. Қайсидир йўллар билан ҳоким қарорига эга бўлиб олган қурилиш ташкилотининг айнан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли уй қуришни гапирмаса ҳам бўлади.
Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Қандай оғир бўлмасин, бу гапларни айтишдан мақсад шуки, сиз, ҳурматли депутатлар ва фаоллар билан ўртамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги, ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак", деб айтиб ўтганди Юртбошимиз. "Нега деганда, Энг катта куч – бу ҳақиқатдир. Ҳақиқатга суянган одам ҳеч қачон пушаймон бўлмайди". Афсуски, шаҳар ҳокимиятининг эътиборсизлиги, халқнинг мурожаатини атрофлича ўрганиб чиқилмаяпти. “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаролар излаётган ҳақиқат эшигини топиш эса тобора мушкул ишга айланиб бормоқда. Яна ҳам оддий қилиб айтадиган бўлсак, ҳеч бир мутасадди раҳбар оддий ҳақиқатни кўришни истамаяпти.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ

PS: “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллаларида жойлашган стадионнинг бузиб ташланиши юзасидан кўплаб ташкилотларга мурожаат қилинди. Бироқ фуқароларнинг қилинган мурожаатлари эътиборга олинмай, ҳамон “ёпиғли қозон ёпиғлилигича” қолиб келмоқда. “Соғлом она ва бола” йилида болалар саломатлиги бош мақсадимиз бўлиб турган бир вақтда тайёр ўйингоҳ нега бузиб ташланди? Биз мазкур масала юзасидан мутассади ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.