четверг, 3 августа 2017 г.

ЎЛИКЛАРНИ ТИНЧ ҚЎЙИНГ!!!

Аслида бу ариза ҳам одатдагидек ер масаласи бўлиб, кимдир унга фириб бергану, ерини ололмаётгандир деб ўйлагандим. Аммо...

– 2015 йилнинг ноябр ойида онам вафот этдилар, - дея гап бошлади Таллиота маҳалласи Қиёт қишлоғида яшовчи фуқаро Исломхон Тохиров. – Онамни қўйиш учун қабрни қазишганда қабрдан сув сизиб чиқди. Онамни қабрга тахта, кўрпача ва плёнка қўйиб дафн қилдик. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан бир куни онам тушимга кириб, бутун танаси сув бўлиб ётганлигидан шикоят қилдилар. Ана шундан сўнг менинг тинчлигим йўқолди...

Ўтганларни доимо эслаб туриш ва уларга истиғфор айтиш, хоки туроблари мангу қўним топган қабрларини зиёрат қилиб, озода тутиш, ҳақларига дуо қилиш тирикларнинг исломий ва инсоний бурчидир. Афсуски, айрим фуқаролар ўз манфаатларини устун қўйиши натижасида инсонларнинг руҳи поклари қўним топган қабрларнинг бузилишига сабаб бўлмоқдаки буни шунчаки сўз билан таърифлаб бўлмайди.
Тайлоқ тумани Таллиота маҳалласи Қиёт қишлоғининг “Қаттабоғ” қабристони ҳам бугун айримларнинг манфаатлари эвазига жиддий зарар кўриш остонасида турибди. Қиёт қишлоғининг “Каттабоғ” қабристони чор атрофи сув бўлиб, бир томондан “Қорасув” канали, иккинчи томондан “Мохинур Манзура” фермер хўжалиги ерларини суғориш учун 120 метрли ариқ, учинчи томондан “Муриват Мезон” фермер хўжалигининг узунлиги 140 метр, эни 10 метр ва чуқурлиги 2.5-3 метрга борадиган сунъий тарзда яратилган балиқхонаси қурилган. Тўртинчи томондан эса, қабристон учун ажратилган ерни Туллиота маҳалласида яшовчи фуқаролар ноқонуний тарзда эгаллаб олиб, шахсий манфаатлари учун ғалла ва бошқа экин экиши натижасида қабристондаги қабрлар сувга тўлиб бормоқда.

– Бизни қийнаб келаётган муаммо юзасидан бир йилу етти ойдан бери 14 та ариза ёздик. Тумандаги энг кичик ташкилотдан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва виртуал қабулхонасигача мурожаат қилдик, – дейди Исломхон ака.– Орадан шунча вақт ўтган бўлсада бирор бир ижобий ўзгариш бўлмади. Юборилган аризаларга келган жавоб хатларининг ҳаммасида қабристон атрофидаги ариқлар, балиқхона ноқонуний қурилганлиги, қабристон ери ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги айтилсада, бироқ муаммонинг ечимига келганда ҳеч қайси бир ташкилот “лаббай” деб жавоб бергани йўқ.
Юртимизда ҳар йили муборак айёмлар, қутлуғ кунлар муносабати билан умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, қабристонлар ободонлаштирилади. Наҳотки, Тайлоқ туман ҳокимлиги, туман мусулмонлар идораси ва бошқа мутасадди ташкилотлар салкам икки йилдан бери Қиёт қишлоғи “Каттабоғ” қабристонининг муаммосига парда ортидан қараб келаётган бўлса?! Тадбирларда, учрашувларда қабристонларни ободонлаштириш, унинг атрофини кўкаламзорлаштириш борасида саотлаб бонг уришни биламизу, мана шундай муаммоларга келганда ўзимизни ортга тортамиз. Фуқароларнинг мурожаатларини фақат қуруқ қоғоздагина ҳал этиб қўямиз. Исломхон Тохиров томонидан ёзилган аризалар ҳам мутасадди ташкилотлар томонидан фақатгина жавоб хати билан “ҳал” этилган холос.

Тайлоқ туман ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими бошлиғи А. Жумақуловнинг 2015 йил 12 декабрда йўллаган жавоб хатини ўқиб очиғи ҳеч нимага тушунмадим. Хатда аризани ўрганиш ҳолати қуйидагича баён этилган: (Жавоб хати
таҳрирсиз ҳолда ҳавола этилган) Сизнинг аризангиз юзасидан узингизнинг иштирокингизда кабристон атрофидаги ер майдонлари урганилиб чикилди урганиш жараёнида аризада кабристонга зиён келтираётган деб такидланган арик ва зовурлар кабристоннинг гарб томонида жойлашганлиги маълум булди. Бундан ташкари кабристоннинг шимоли-шарк томонидан корасув канали утганлиги хамда ушбу корасув каналини гарб томонидаги яъни аризада курсатиб утилган ариккаа сув чикариш максадида димиктирилганлиги сабабли асосан кабристонга ушбу корасув каналининг димиктирилганлиги сабабли кабристонга сув сизиб бораётганлиги маълум булди. Ушбу холатларни инобатга олган холда бугунги кунда фойдаланиб келинаётган фермер хужаликлари рахбарлари ва ахоли сувни димиктирмасдан пастки томондан арик олиб сув олишлари мумкинлиги тушунтирилганлигини маълум киламан.
Самарқанд вилояти ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси бошлиғи С. Ҳакимов 2016 йилнинг 12 январ куни И. Тохировга қуйидаги мазмунда жавоб хати йўллаган: Тайлоқ тумани Тепақишлоқ массивида фаолият кўрсатаётган “Мохинур Манзура боғи” фермер хўжалигига тегишли ер майдонига борувчи сув ариқдан қабристонга сув ўтганлиги сабабли, ариза муаллифи Тохиров Исломхон томонидан кўмиб, ёпилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда “Муриват Мезон” фермер хўжалигига қарашли мавжуд эски ариқ ўрнидан “Мохинур Манзура боғи” фермер хўжалиги раҳбарига ариқ олиб, экинларни суғориш имкониятлари борлиги тушунтириб берилганлигини маълум қиламиз.
Тайлоқ туман санитария-эпидимология назорати маркази бош врачи А. Пардақуловнинг2017 йилнинг 10 май куни жавоб хати:Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 0298-11-сонли “Қабристонларни жойлаштириш ва сақлаш тўғрисида”ги, 0227-07-сонли “Ўзбекистон шароитида аҳоли пунктларини лойиҳалаш, қуриш ва жойлаштириш тўғрисида”ги санитария меъёр ва талабларига асосан қабристонлар атрофида санитария ҳимоя зонаси 100 метр деб белгиланган. Шунга асосан қабристон ёнидаги 2 метр масофада қазилган қариқ мазкур меъёр талабларига зид эканлигини маълум қиламан.
Самарқанд вилоят табиатни мухофаза қилиш қўмитаси раиси З. Жамоловнинг жавоб хати: Тайлоқ тумани Таллиота МФЙга қарашли Қиёт қишлоғи худудида жойлашган “Каттабоғ” қабристонига яқин масофага жойлашган “Муриват мезони” фермер хўжалиги томонидан ноқонуний равишда қабристонга 6 метр узоқлик масофада 2.5х10 метр кенгликда балиқхона ташкил қилиш мақсадида ҳовуз қазилганлиги аниқланди.

Ушбу худуддан “Қорасув” каналининг ирмоғи 50 метр, суғориш ариғи 6 метр оралиқ масофадан оқиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлар ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал канал ва коллекторларнинг шунингдек, ичимлик сув таъминотининг даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни мухофаза қилиш зоналари ҳақида”ги Низоми талаблари бўйича Қорасув канали ирмоғи ва суғориш ариғи ирригация тармоғи сувнинг ҳимоя минтақаси 12 метр этиб белгиланган. Ташкил қилинаётган балиқхона қабристонга яқинлиги учун қурилиши ман этилади. Ташкил этилган балиқхона учун ҳовузларни кўмдириш табиатни мухофаза қилиш қўмитаси ваколатига кирмаслигини маълум қиламиз.

Самарқанд вилояти Давлат санитария эпидимология назорати маркази бош врачи О. Бойқобиловнинг 2016 йилнинг 22 декабрида йўллаган жавоб хати:“Каттабоғ” қабристони бир ён деворидан 50 метр оралиқ масофада Қорасув канали оқиб ўтиши, иккинчи ён томондан Барноева Манзура фермер хўжалиги ерларини суғориш учун қабристон деворидан 2-3 метр оралиқ масофада 120 метр узунликдаги ариқ ўтганлиги, шунингдек, “Муриват Мезони” фермер хўжалигига қарашли  балиқхона учун қабристон деворидан 5-6 метр оралиқ масофада эни 10 метр, узунлиги 140 метр ва чуқурлиги 2-3 метрдаги балиқчилик билан шуғулланиш учун сув ҳовузи қазилганлиги оқибатида ҳозирги пайтда қабристон худуди ичидан қабрлар қазишда ерости сувларининг ер юзасига сизиб чиқиб муаммоларни келтириб чиқишига олиб келмоқда ва ушбу маҳаллада яшовчи аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ушбу қабристон атрофида санитария ҳимоя зонасини бузилиши, яъни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 0298-11-сонли “Қабристонларни жойлаштириш ва сақлаш тўғрисида”ги, 0227-07-сонли “Ўзбекистон шароитида аҳоли пунктларини лойиҳалаш, қуриш ва жойлаштириш тўғрисида”ги санитария меъёри ва қоидалари талабларини бузилишига йўл қўйилган. Санитария меъёри ва қоидалари талаблари бўйича санитария ҳимоя зонаси 100 метрдан кам бўлмаслиги лозим.
Шу сабабли “Каттабоғ” қабристони атрофида йўл қўйилган камчиликларни тезда бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимлигига амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида маълумот киритилди.
Тайлоқ туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А. Эгамовнинг жавоб хати: “Катта боғ” қабристони 2011 йилда туман ер мулк кадастр хизмати томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлиб, кадастр хужжатларида қабристон худудидан хўжалик ариқ-зовурлари ўтмаган. Хўжалик ариқ-зовурлари қабристон чегара худудидан қанча масофада жойлашишини туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими гуруҳи, туман ДСЭНМ ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан хулоса берилишини маълум қиламиз.
Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар қабристон атрофида қазилган ариқ ва балиқхона амалдаги қонун талабларига зид равишда қурилганлигини таъкидласада, бироқ, қабристон атрофидаги ариқ ҳалигача мавжуд бўлиб, балиқхона фаолияти ҳамон давом этиб келаётганлигини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар мавжуд қонунларнинг бузилаётганлигига лоқайдлик билан қараб турса?

– “Каттабоғ” қабристонига 1.3 гектар ер майдони қўшиб берилган, - дея сўзида давом этди Исломхон Тохиров. – Афсуски, Таллиота қишлоғида яшовчи фуқаролар Шодиев Амри 0.24 га, Умаров Шодмон 0.08 га, Умаров Шерали 0.06 га ерни ноқонуний тарзда эгаллаб олган. Бу борада ҳам кўп ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Мени бир савол қийнайди. Қабристон учун ажратилган ерни эгаллаб олган фуқароларнинг виждони бормикан? Уларни охират ўйлантирармикан? Ахир ҳамманинг борар ери бир қарич ерку?
Ҳақиқатдан ҳам “Каттабоғ” қабристонининг ери Таллиота қишлоғида яшовчи Шодиев Амри, Умаров Шодмон ва Умаров Шерали томонидан эгаллаб олинган бўлиб бу борада Тайлоқ туман ҳокими П. Ахмедов 2017 йилнинг 30 январ куни Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг раиси Г. Эсановага даъво аризаси юборган.
Даъво аризасида, Тепақишлоқ ҚФЙ Қиёт қишлоғида жойлашган аҳоли умумий фойдаланишдаги Тепақишлоқ массиви еридан фойдаланиш харитасининг 109-контурдаги “Каттабоғ” қабристонинг 0.06 гектар ер майдонини Таллиота маҳалласида яшовчи фуқаро Умаров Шерали томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, якка тартибда уй-жой қуриб олганлиги аниқланиб, 2017 йил 4 январ куни ҳужжатлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 91-моддасида “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини қайтариш суднинг ҳал қилувчи қарорига кўра амалга оширилиши” қайд этилган. Юқоридагиларни инобатга олиб фуқаро Умаров Шерали томонидан Тепақишлоқ ҚФЙ Қиёт қишлоғида жойлашган аҳоли умумфойдаланишдаги Тепақишлоқ массиви фойдаланиш харитасининг 109-контурдаги “Каттабоғ” қабристонининг ер майдони Таллиота маҳалласида яшовчи фуқаро Умаров Шерали томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, якка тартибда уй-жой қуриб олганлиги аниқланди ва эгаллаб олинган ер майдони қонунсиз эгалигидан қайтариб олиб ушбу ер майдонини “Каттабоғ” қабристонига қайтариш лозим эканлиги келтириб ўтилган.

Худди шу мазмундаги даъво аризаси “Каттабоғ” қабристонини ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда эгаллаб олиб ғалла экини экиб олган Умаров Шодмон ва Шодиев Амриларга нисбаттан ҳам юборилган. Аммо негадир мазкур даъво аризасини Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиши пайсалга солиниб келинмоқда. Натижада юборилган даъво аризаси мана олти ойдирки жавобсиз қолиб келяпти.
Хўш, туман ҳокимлиги томонидан “Каттабоғ” қабристонининг ери Таллиота қишлоғи фуқаролари томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда эгаллаб олинганлиги тўғрисида даъво аризаси юборилса-ю, нега Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди бу ишни кўриб чиқишни истамаяпти? Ахир орадан ярим йил ўтиб бўлдику? Туман ҳокимлиги бу масалага қачон жиддий ёндошади?
        Президентимизнинг «журналистлар менинг ёрдамчиларим, ҳақиқат ҳимоячилари», деган сўзларини эшитиб, туман ҳокимлигининг “Қўшчинор” газетасига мазкур муаммони олиб чиқишни сўраб мурожаат қилгандим, дейди Исломхон ака. Ака, қўнинг! Ортиқча бош оғриқни нима кераги бор? - деб жавоб берди газета ходимларидан бири. Шу жавобни эшитдиму журналистларга бўлган ишончим ҳам йўқолди. Сиз ҳам ўзингизни журналистман деб таништиряпсиз-у, очиғи Қиёт қишлоғидаги “Каттабоғ” қабристони муаммосини газета ёки телевидениега кўтариб чиқишингизга ишонмаяпман. 

Фарҳод Норбўтаев,
журналист