понедельник, 17 февраля 2014 г.

“ОДНО”ГА КИРМАГАН ХОТИН

Аёл киши “однокласники”га кирдими – бас! Рўза тутган киши оғзини чайқаса, сув томоғига кетмаса ҳамки, рўзаси очилади – шу оғиз чайқашидан баҳра олади-да! Акбаралининг қизига киракаш Ҳасаннинг ўғли “однокласники” сайтига киришни ўргатаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳаё борми шуларда? Ўзбекчилик деган туйғу қаерда қолди. “Одно”га кирадиган қизни кўрдингизми, қўлингизни ювиб қўлтиққа ураверинг.
Мулла Шокир ҳар куни ишдан қайтиб, маҳалладаги чойхонага чиқади ва кўнгли тортган одамларни атрофига тўплаб, ярим кечгача интернетда шармандаси чиқаётган хотинлар тўғрисида вайсаб ўтиради. Ҳатто, баъзиларини қўл телефонига олиб кўрсатиб ҳам қўяди.
– Азаматнинг хотини пайнет шахобчасида ишлайди, ҳар куни мингта одам билан суҳбатда бўлади. Ахир биттаси бўлсама бошқаси кўз қисади-да! Маликбойнинг хотини қандайдир интернет провайдир ташкилотида ишлайди, унинг ҳам куни интернет чуқалаш билан ўтади. А, бу кун бўйи интернетда бўлганидан сўнг йигитлар билан гаплашса эри билиб ўтирибдими? Илҳомбойнинг синглиси бўлса дастурловчи – интернетда аллақандай дастурлар яратади. Бутун иш фаолияти компьютерда бўлгандан сўнг “одно”га кирмайди деб ким кафолат беради. Ё тавба, шунча касблар бўла туриб қизини интернетга боғлаб қўйган оталарга ҳайронман... Шулар хотини ёки қизини “однокласники”да йигитлар билан гаплашиб ўтирганини кўриб қолсачи, бир баҳона қилса тамом. Ишониб кетаверади.
Интернетга кирадиган хотин-қизларнинг ҳар бир ҳаракатидан мулла Шокир бузуқликка далолат қиладиган талай белгилар топади. “Етти қават парда ичида” ўтирадиган ўз хотини эса булар қаршисида кўзига фаришта бўлиб кўринади. Интернет тугул ҳатто уй телефони ҳам жирингласа, эркак киши бўлса нима дейман деб кўтаргиси келмайди.
Бир куни кечқурун мулла Шокир компьютерда маълумотлар қидирар, хотини бўлса шундоқ ёнгинасида телевизор кўриб ўтирарди. Шу онда компьютердан бир талай эркакларнинг расмлари чиқиб қолди. Хотини беданадай питирлаб, беҳаёликдан қочиб нариги хонага ўтаётганда оёғини столга уриб олди. Оёғи столга ёмон тегди. Андишали хотиннинг кўнгли озди.
– Ахир, мунча! – деди мулла Шокир, – булар оддий расм бўлса, қолаверса сен интернетга кирмасанг, улар жонсиз расм.  
– Улар жонсиз бўлса ҳам эркакларнинг сурати! – деди хотини йиғламсираб.
Мулла Шокир ҳазил билан унинг аламини босмоқчи бўлди:
– Э, ҳали мен сенга интернетни ўргатаман деб юрибман-ку!
Хотин унинг юзига хўмрайиб қаради-да, кейин зарда қилиб ошхонага ўтиб кетди ва ўша томондан унинг овози эшитилди:
– Ҳар кимнинг гўри бошқа... Мен интернетга кириб беҳаёлик кўрмоқчи эмасман. Ундан кўра мана телевизорингизни ҳам йўқ қилиб ташлай қолинг...
У бир ҳафта бўйи қовоғини очмади, уч кеча ошхонадан бери келмади. Мулла Шокир ўша гапини ҳазиллашиб айтганини арз қилиш учун олдига келса тишлар, кетидан келса тепар эди. Бир кечаси гапни хотинининг диёнатли, покдомонлигидан бошлаган эди, хотин анча юмшади.
– Ҳазилингиз қурсин! – деди чироқни ўчираётиб, – интернет кишининг имонини қочиради. Интернет у ёқда турсин, ҳатто компьютерингиз “мишка”сини ҳам ушламайман, деб онт ичганман. Бир куни компьютерингиз ёқиғ қолиб, не вақтгача кўнглим ғаш бўлиб юрдим. Тушимда раҳматлик дадамни кўрдим, мен билан гаплашмайдилар. Гапни кўринг-а, айтгани кишининг юзи чидамайди. Бегона эркакнинг сурати аёл кишини қора қилар эмиш. Тавба қилдим...
– У нима дегани экан?
– Оббо, намунча суюлдингиз? Шунақа суратларга сизнинг ҳам суягингиз йўқ. Нари ётинг! Бегона эркак, кишининг қизлигини эсга солади дейди-да!
– Шунақа гапларни очиқ гапиришадими-а?
– Ё тавба, куни бўйи интернетга ўтириб, йигитлар билан гаплашгандан кейин уяти борми? Қуриб кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да! Тавба қилдим-ей...
Мулла Шокир эртасига чойхонага чиққанда яна интернетда беҳаё суратлару видеолари билан танилган аёллар ҳақида сўзлаб берди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам қўшди.  
– Ахир, биттаси ёши бир жойга борса ҳам мен билан танишмоқликни истади-да! Ўттиздан ўтиб ўтин бўлсанг ҳам ўлмас экансан-да, десам, ўттиздан ўтган бўлсам ҳам кўркамманда, дейди. Ё, тавба!!
Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зерикди шекилли, қаттиқ эснаб, деди:
– Мен сизга айтсам мулла Шокир, гап интернетда эмас. Ярим ишинг интернет билан битадиган замонда бу гапларни гапириш нотўғри. Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, ўзингизга шундай туюлади. Мана, мен сизга айтиб берай. Умримда интернетга кирган одам эмасдим. Яқинда четда ишлайдиган ўғлим билан гаплашиш учун интернет кафега кирдим. Қарасам жуда кўпчилиги қизлар экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга шу қизлар тайёрга ўхшаб кўринди. Шўхлигим тутиб, интернет орқали гапга олдим. Ҳазиллашдим, ирмоқ гаплардан ташладим. Индамаганидан сўнг бир шама қилиб кўрайчи дедим. Жонидан, ҳар куни интернетда ўтирасиз, сиз билан яқинроқ танишайлик деганимни биламан, шармандам чиқишига озгина қолди. Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди. 
Мулла Шокир бу одамни оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди:
– Беҳуда гап! Мана менинг хотиним қандай эканлигини ўзим биламан. Кунда бир дақиқа бўлса ҳам интернетга кирсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди:
– Нега интернетга кирмайди? Интернетга кирмай айнийдиганлар ҳам борку?! Тўғрисини айтайми? Интернетсиз хотин ҳаром ишга яқин бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб қарамасангиз, деразани очиб кўчага мўралайди. Интернетни чекласангиз, уни ўргатувчи чиқиб қизиқишини орттиради. Кун бўйи ишда бўлсангиз ўзи ўргатувчи нима ўргатаётганини қаердан ҳам билардингиз. Компьютер ва интернетни биладиган хотинчи, кўп ҳолларда ишингизга ёрдам беради. Интернетни яхши тушунга одам ҳуда-беҳуда гапларни қилиб ундан беҳаёлик қидирмай балки тўғри мақсадда фойдаланади.
Эҳтимол шундайдир, аммо мулла Шокирнинг хотини покдомон. Агар мулла Шокир ўн йил юзига кулиб қарамаса, инсон ҳаёти бутунлай интернет билан боғланиб қолса, бир ишни битириш учун пиёда юз чақрим босишга тўғри келса ҳам пинагини бузмайди. Ҳар қандай хотин билан иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон эрканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Шокир шундай фикрда: агар фаришта илгари ўтган бўлса – шунинг онаси, энди туғилса – шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса – шу хотиннинг ўзи. Ҳатто уйдан ташқарига чиққанда эркаклардан уялиб бошдан оёқ ўраниб юради. Кўчада юргандачи кўзойнак билан кўзларини ҳам ёпиб оладики уни ким эканлигини англолмайсан киши. Мана сизга хотинлик ибосию аёлнинг шарм-ҳаёси.
Мулла Шокирнинг хотини айнан эри сабаб “одно”да танишиб қолган бу аёл билан интернетда ҳар куни ёзишади. Беҳаёлик бўлмасин деб хотинининг сўзларини мулланинг ўзи печатлаб туради. Ҳол-аҳвол сўрашади. Ҳатто айрим пайтлари уйга келиб меҳмон бўлиб кетишади. Наинки шу чоққача мулла Шокирга товушини эшиттирмаса! Шариатни ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири – мулла Шокирнинг хотини, иккинчиси – шу!
Жуда одобли ва ақилли аёл. Бошқалар билан умуман гаплашмайди. Расмлар ҳақидаку гап бўлиши мумкин эмас. Бировнинг гапларига аралашмайди. Муҳокамаю “класс” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бегоналар билан гаплашмаслик мақсадида ҳатто профилини “закрит” қилиб олган. Бисотида битта дўсти бор. У ҳам бўлса мулла Шокирнинг хотини. У меҳмон бўлганда мулла Шокир бирор бир танишининг уйида қолади, ё бўлмасам қишлоққа кетади. У келган куни мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам бўлиб, истаганча дам олиб келади. Бордию сафарларга чиқадиган бўлса, хотинига тезда “одно”даги дугонасини чақириб, бирга бўлиб туришини айтади. Шу сабабли ҳам бир ҳафта ўн кун сафарга кетса ҳам мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам.
Мулла Шокир сафарга узоқ қолиб кетадиган бўлса хотини:
– Қуриб кетсин, эрим тезроқ келмайди ҳам. Соғинчдан ўлиб бўлдим, узоқ кетиб келсангиз ҳам лоаққал соғиндим деб ўпишни ҳам билмайсиз! – деб гапирса мулла Шокир урушиб беради.  
– Ўзингга муносиб гапни гапир. Енгил бўлма! Дугонанг эшитиб қолса хафа бўлади.
Мулла Шокир сафарга кетадиган бўлиб қолди. Кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб, ўша фариштани чақириш мақсадида унга хат ёзди:
– Синглим, мен ўн кунлик хизмат сафарига кетяпман. Шаҳарда хотинимнинг энг яқин дугонаси фақат сизсиз. Шу боис келгунимча ўртоғингизни ёнига келиб туринг. Ўзингиз келган ва кўрган жой, бемалол айшларингни қилинглар, деб ёзиб юборди.   
Нариги томондан хўп деган жавоб келди. Шаҳарда мулла Шокир ишонадиган ягона хотин ҳам шу. Унинг наздида кўча-куйда юбка, шим кийиб юрадиган аёллар беҳаёдек. Шунинг учун ҳам хотинининг ўша ўраниб юрадиган аёлдан бошқа дугоналари йўқ.
Кетишидан бир кун аввал мулла Шокирнинг хотини эридан ўпкалади.
– Уятга ҳам ўлдирасиз кишини! – дейди йиғламсираб, – ўртоғим ҳар келанида менга бир нарса олиб келади. Мана бу сафар ҳам қуруқ келмабди. Мен бўлсам шу чоққача бирор нима беролганим йўқ. Ўзимку йилда бир нима ё оламан ё олмайман. Келишингизда шу бечорага бир нарса олиб келсангизчи сиз ҳам одам бўлиб.
– Э, девона, ўзи нарсага мухтож бўлса, сенга нарса олиб келармиди! Ҳарна бўлса худонинг бергани, олиб қўябер, яхши гапингни аяма!
– Ҳеч бўлмаса интернетига пул ташлаб юборинг, савоб бўлади. Кейинги сафар узоққа кетганингизда чақиришга хижолат қилмаймиз.
– Хай, майли. Ташлаб қўяман. Аммо мен келгунча сени ёлғиз ташлаб кетмасин. Қўни-қўшнилар билан кирди-чиқди қилманглар.
Хотинининг чеҳраси очилиб кетди-да, бурилиб ошхонага ўтар экан, қизларга хос шўхлик билан айланиб, деди:
– Бир нарсангизни бузиб қўйдим, айтсам урушмайсизми? Тунов куни олиб келган суратингиздаги одамлар худди кишининг афтига қараб турганга ўхшайди. Қолаверса ўша суратга ҳар сафар кўзим тушганида кимдир мени кузатаётгандек туюлаверади. Шунинг учун ҳам тескари қилиб қўймоқчи эдим йиртилиб қолди.
Мулла Шокирнинг аччиғи келди, чунки бу “Маккаи мукаррамани” бир тадбиркор ўртоғидан минг илтимос билан олган эди.
– Ахир, ундаги одамлар ҳаммаси ҳожи-ку!
– Ҳа, ўла қолсин, ҳожи одам эмасми!
Мулла Шокир хотинининг бу ишидан минг афсусланиб, сафар тараддудини кўра бошлади. Озгина вақтдан сўнг хотини билан хайрлашишга умидвор бўлиб турганда кўча эшигидан ёшгина бир хотин кириб келди. Бегона аёлнинг важоҳатидан бунинг уйига ё ўғри тушган ё бўлмасам ўт кетган одамга ўхшарди. Бегона хотин мулла Шокирга бир қарадида ичкарига отилди. Олдида эркак бўлатуриб уялмаганига мулла Шокирнинг ғаши келди ва шундай ибосиз хотинни ичкарига – фаришталар олдига киришини хоҳламади.
– Ҳай, ҳай! Хўш нима ишингиз бор?
Хотин тўғридаги уйга кириб кетди. Мулла Шокир дарғазаб бўлиб ўрнидан турди ва эшик олдига бориб бор товуши билан бақирди.
– Ҳай хотин, дейман, қандоқ беҳаёсан! Жинними ўзи бу...
Шу топда ичкаридан ўз хотинининг товуши эшитилди:
– Ё қанақа хотин бу, бировнинг уйига бостириб киради!..
Нимадир гурсиллаб ерга тушди, нимадир синди. Уйнинг эшиги шарақлаб очилди. Бир лаҳза жимликдан сўнг ҳалиги хотиннинг бақирган товуши эшитилди:
– Худо кўтарсин сен мегажинни! Иккита болам бор! Бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!!
Яна нимадир синди.
– Ҳай, нима гап?! – деди мулла Шокир бўсағада туриб, – синглим, сиз ўзингизни бир четга олинг!
– Нима дейди бу манжалақи!!
Бегона хотин айвонга чиқиб дод устига дод солди. Бир пасда уй қўни-қўшнилар билан тўлди. Мулла Шокир айвоннинг пастидан келиб у хотиннинг эгнидан тортган эди, хотин жон-жаҳти билан бир тепиб оғзи-бурнини қон қилди. Бунга ҳам қаноат қилмай унинг устига ташланди. Ана жанжал. Мана тўполон.
– Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади! Войдод хотинингга қўшгани бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!! Иккита болам бор...
Одамлар ажратмаганда бу хотин мулла Шокирни худди қутирган ит каби ғажиб ташлар энди. Нима бўлаётганига тушунмаётган мулла Шокир қонга беланганча ўзини четга олди. Хотини эшик ёнида деворга суянганча турар, рангги мурданикидай, ўзи қалтирар эди. Бегона хотин хушидан кетиб йиқилди. Икки киши – аёллар кириб, у фариштани уйдан олиб чиқишди. У аёллар кийимини кийиб олиб, камига ҳижоб ўраниб олган ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамма жим қолди. Бу сукунатни етмиш ёшли бир чол бузди. У мулла Шокирга қўлини пахса қилиб деди:

– Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми? Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг! Қўйинг-е, кўчиб кетинг маҳалладан, ё биз кўчиб кетамиз. Ҳаммани шарманда қилдингиз. 
Уйига йиғилган қўни-қўшни орасидан ёшгина қиз қўлига кесак олиб Мулла Шокирга ўқталди.
– Ҳа, ўл, турқинг қурсин! Тошбўрон қилайликми шу билан. Маҳаллада сабиб, ўқувчи қизларга кун бермасану, ўзингни қилган ишингни қара.
Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди. Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб мулла Шокирни янчиб юборди. У ҳозиргина тошбўрон қилмоқчи бўлган қизга қараб, бўғиқ товуш билан ўшқирди:
– Сен гапирма! Сенга ким қўйибди гапиришни! Уста Акбаралининг ўғлига “одно”дан профил очиб бер деб сўраганингни ўзим эшитганман!..
Ҳамма кулиб юборди. Маҳалладошлардан кимдир қичқирди:
– Ҳа, бу кишининг хотини “одно”га кирмаган!
Фарҳод Норбўтаев

P/S: Ҳикояни ўқиб бўлиб, шундоққина Абдулла Қаҳҳорнинг “Майиз емаган хотин” ҳикояси ёдингизга тушдими?! Балки ҳафсалангиз пир бўлгандир. Шундоқ ҳикояни расво қилибди деб. Бироқ домланинг ҳикояси бундан 79 йил аввал ёзилган бўлсада, воқеалар худди бугунгидек назаримда.
Беш қўл баробар эмас. Аммо “Ўргимчак тўри” исканжасида бўлган бугунги кунимизда ижтимоий тармоқларда аёл “қиёфаси”га кириб йигитларимиз билан гаплашаётган “йигитлар”, “Мой мир”да очиқчасига ўзини реклама қилиб танасини баҳолаётган беҳаёлар қанча. Саводсизликнинг ботқоғига айланаётган “однокласники” сайтини гапиришга ҳам уяласан киши. Замонавий кийинишни шариатга тўғри келмаслигини рўкач қилиб ҳижобга ўралиб қаернидир портлатиб, минглаб бегуноҳ инсонларни қурбон қилаётганлар ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Мен бугун аслида шулар ҳақида ёзмоқчийдим. Балки уддаладим балки йўқ билмадиму ҳарқалай Абдулла Қаҳҳорнинг шу ҳикоясидаги ғоя асосида нима демоқчилигимни озгина бўлсада сизга етказа олганимдан хурсандман.
Интернетдан оқилона фойдаланаётган хотин-қизларимиздан эса узр сўраб қоламан!