среда, 30 мая 2012 г.

Қаҳрамон Артикбаев: “Сергелига футбол керак эмас”

Миллионлар ўйинида ҳомийлик жуда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса болаларга футбол сирларини ўргатаётган жамоага ҳомийнинг ўрни ҳам қадри ҳам беқиёс. Шу саббали ҳам ҳукуматимиз томонидан болалар футболини ривожлантириш борасида самарали меҳнат қилаётган клубларнинг моддий техник баъзасини ривожлантириш ва уларга етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш учун маҳаллий ҳокимликлар зиммасига улкан вазифани юлкатишган. Аммо ўзининг зиммасидаги вазифасини унутган айрим ҳокимликлар борки, узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган жамоалардан лоаққал аҳволинг не деб сўрамайди ҳам. Бу эса ўз-ўзидан бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган ёшлар камолотига бўлган лоқайдликни келтириб чиқаради. Лоқайдликнинг натижасини эса тушунтиришнинг хожати йўқ назаримда.
1996 йилда ташкил этилган “Сергели” футбол клуби ўзининг 16 йиллик фаолияти давомида ўзбек футболи учун кўплаб ёш ва иқтидорли футболчиларни етказиб берди. Узоқ йиллик фаолият давомида турли хил қийинчиликларни кўрган жамоа бугунги кунга келиб Сергели туман ҳокимлигининг эътиборсизлиги туфайли қийин аҳволга тушиб қолди. Биз қуйида жамоа раҳбари билан учрашиб клубда юзага келган аҳволни имкон қадар билишга ҳаракат қилдик.

- Қахрамон ака сизни футбол ишқибозлари ўзбек футболида кам сонли собиқ иттифоқ чемпионларидан бири сифатида танишади. Айтингчи ҳозирги фаолиятингиз нималардан иборат?
- Катта футболдан кетганимдан сўнг ўзим яшаб ўсган Сергели туманида футболни ривожлантириш учун бел боғладим. Шу сабабли 1996 йил “Сергели” футбол клубига асос солдим. Жамоани ташкил этганимизда борйўғи икки киши ишлар эдик. Ҳозирги кунга келиб 7 нафар мураббий фаолият юритмоқда. Ҳар бир ёш тоифасига икки нафар мураббий бириктирилган. Уларни бир бирига тандем қилиб қўйганмиз.
- Айни пайтда клубингизда қанча бола шуғулланишмоқда?
- Бугунги кунга келиб 300 нафардан ортиқ болалар клубимиз аъзоси саналади. Уларнинг ҳаммаси туманимиз ёшлари ҳисобланади.
- Клубни ташкил қилишдан кўзланган мақсад нима?
- Асосий мақсад Сергели футболини ривожлантириш. Туманимизда ўсиб келаётган ёш авлодни бўш вақтларини унумли ўтказган ҳолда уларни соғлом ва баркамол бўлиб етишишларига кўмаклашиш.
- Жамоа ҳозирда қандай мусобақаларда иштирок этмоқда?
- Айни пайтда Тошкент шаҳар иккинчи лига чемпионатида иштирок этмоқдамиз. Шу билан биргаликда Тошкент шаҳар халқ таълими бўлими ташкил этган “Болалар лигаси” мусобақасида олтита ёш тоифасидаги болалар жамоамиз  иштирок этиб келмоқда.
- Чемпионатдаги иштирокдан кўзланган мақсад нима?
- Мусобақадан кўзлаган асосий мақсад бу ўзбек футболига муносиб ёш ва иқтидорли болаларни етказиб беришдир.
- Клуб қандай ютуқларга эришган?
- Клубимиз кўплаб ютуқларга эришган ҳатто Мустақиллик Кубогини ҳам олганмиз. Чемпионатларда жамоамиз ҳар доим кучли бешликдан ўрин олиб келишади. Ундан пастга тушмайди. Бошқа жамоалар билан солиштирганда клубнинг негизини фақат ёшлар ташкил этади.
- Футболда ҳозир яратиб берилган шароит билан сизнинг даврингиздаги шароитнинг қандай фарқи бор.
- Ҳозирги шароит билан олдинги шароитни умуман солиштириб бўлмайди. Ҳозир футбол учун барча имкониятлар яратиб берилган. Болалар ўзлари тасаввур қилмайдиган даражада катта имкониятларга эга.
- Шароит яхши деяпсизу, негадир жамоанинг охирги натижалари қониқарли эмасдек?
- Ҳозирги клубларнинг барчаси ўзига яраша ишлаяпти. Кимнингдир имконияти зўр. Кимникидир ёмон. Бевосита ўзимизга келадиган бўлсак, бизда шароит йўқроқ.
- Ўзингиз Пактакор тарбияланувчиси саналасиз. Халқ жамоаси билан солиштирганда клубдаги шароит қандай.
- “Пахтакор” бу “Пахтакор”. У буюк жамоа. Унга яратиб берилган шароитни тил билан изоҳлаш қийин.
- Клубнинг ҳомийлари борми?
- Клубимизга ҳеч ким ҳомийлик қилмайди. Жамоамиз Сергели туман ҳокимлигига қарайди, холос.
- Ҳокимликка тегишли жамоанинг қандай муаммоси бўлиши мумкин?
- Кулбнинг инфраструктураси ёмон. Қолаверса, ҳозир сиз кўриб турган майдон клубга тегишли эмас.
- Кимга тегишли?
- Кимга тегишли эканлигини билмайман. Умуман олганда бизга тегишли эмас. Биз ўйингоҳдан ижара тўлаб фойдаланамиз.
- Сир бўлмаса қанча ижара ҳаққи берасиз?
- Узр, қанча тўлашимизни айтолмайман.
- Шаҳар биринчилигида иштирок этишнинг ўзига яраша шартлари бор. Буларнинг биринчиси бадал пули ҳисобланади. Бу муаммони қандай ҳал этаяпсиз?
- Юқорида айтганимдек, мақсадимиз футболимиз келажаги учун иқтидорли ёшларни кашф этиш. Шу сабабли ҳам лигада асосан ёшлар кучидан фойдаланамиз. Фақатгина тажрибали футболчи сифатида Боҳодир Саидкамолов ёрдамидан фойдаланамиз. Бадал пулига келадиган бўлсак Тошкент шаҳар футбол федерациясига 3 миллион сўм тўлаймиз. Албатта тўловни ота-онала ёрдамида амалга оширмоқдамиз. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Клубни ривожлантириш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмадингизми?
- Тўғриси, бормаган жойим, учрашмаган раҳбарим қолмади. Аммо натижа бўлмади. Шунча югур-югурдан сўнг туманимизда ҳеч кимга футбол керак эмас деган хулосага келдим.
- Сергили туман ҳокимиятигачи?
- Ҳокимиятга ҳам бордим. Аммо туман ҳокимиятида раҳбарларнинг тез-тез ўзгариши сабабли мурожаатимиз қолиб кетаяпти. Ҳар бир янги келган раҳбарга хат ва аризалар берганмиз. Кўрамиз дейишадию, эртаси куни яна бошқа раҳбар келади. Шу сабабали ҳамон мурожаатларимизнинг натижасини кўрганимиз йўқ.
- Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига мурожаат қилмадингизми?
- Тўғриси у ерга мурожаат қилмаганман. Бироқ жамғарма мавсум бошида клубни дарвоза учун сетка ва тўплар билан таъминлади. Бунинг учун уларга рахмат. Аммо бу нарса билан жамоани ривожлантириб бўлмайди. Бу профессионал клуб бўлишга интилаётган жамоа учун хамир учун патир, холос.
- Балки клуб тажрибасиз бўлгани учун эътиборсизлик бўлаётгандир.
- Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Чунки жамоамизнинг ўзига яраша тажрибаси бор. Аммо негадир эътибор йўқ. Клубни ташкил қилганимизга 16 йил бўлди. Бу вақт давомида кўплаб ёш қитидорли футболчиларни етказиб бердик. 16 ёшга кирган клубни тажрибасиз деб ўйлашнинг ўзи нотўғри. Тажрибасиз бўлганимизда сўнгги вақтларда ўзимизнинг аравамизни ўзимиз тортиб келолмасдик.
- Сергелида нечта футбол клуби бор?
- Қ.А: Туманимизда иккита футбол клуби бор. Аммо у клуб бутун Сергели тумани бўйича ишламайди. У клубда иш фаолияти бошқача. Бугун ишласа эртага йўқ. Биз бўлсак 16 йилдан бери ишлаб келамиз ва шу давр мобайнида ўзига яраша қийинчиликларни кўрдик.

Қаҳрамон ака билан суҳбатимиз қизғин тус олган бир вақтда хонага “Сергели” футбол клубида ёрдачи мураббий сифатида фаолият юритаётган Эркин Ғозиев кириб келди ва у киши ҳам суҳбатимизга аралашди.

- Клубда ёш иқтидорли болага олий лига жамоаларидан ҳам қизиқиш борми?
- Э.Ғ: Бизлар катта меҳнат эвазига болаларни тайёрлаймиз. Бироқ ўша бола салгина қармоққа илинадиган бўлгандан сўнг “Пахтаокр” ва “Бунёдкор”га ўхшаган клуб академиялари мураббийлари боланинг ота-онасини ишга солиб уни илиб кетишади. Бу оддий жамоага нисбатан инсофсизлик.
- Қ.А: Профессионал клуб академиялари тайёр кадр билан ишлашади. Биз бўлсак болага нолдан бошлаб тарбия берамиз. Аммо эндигина унинг роҳатини кўраман деб турганингда алдов йўли билан олиб кетиши кишига алам қиларкан.
- Бунинг олдини олиш учун бирор нима ўйлаб кўрмадингизларми?
- Э.Ғ: Назаримда болани ўзи шуғулланаётган жамоада ушлаб қолиш учун қандайдир шартнома тузиш керак. Чет мамлакатларда худди шундай қилишади. Токи, бизда тайёрланаётган бола бизларнинг розилигимизсиз бошқа жамоага ўтолмасин.
- Қ.А: Биздаги иқтидорли бола қайсидир академияга керак бўлдими боланинг ота-онасига эмас, бевосита клуб раҳбариятига, мураббийга мурожаат қилсин. Назаримда ҳозир жамоамизнинг ҳомийси бўлмагани учун ҳам истаган мураббий келиб иқтидорли болани олиб кетмоқда. 
- Балки иқтидорсиз болани ҳам олиб кетишар...
- Э.Ғ: Йўқ. Мен аниқ биламанки, агар боланинг иқтидори бўлмаса “Бунёдкор”га ҳам “Пахтакор”га ҳам таниш-билишсиз ўтиши қийин. Футбол академияларимиз ҳақиқатдан ҳам иқтидорли бола бўлса ҳеч қандай харажатсиз олиши мумкин. Қолганини таниш-билишсиз қабул қилмайди. Буни ҳамма билади.
- Қ.А: Масаланинг яна бир томони болани қабул қилишда бизларда шартнома деган нарса йўқ. Клубга футбол билан шуғулланиш учун келган болани иқтидори бор бўлиши ё бўлмаслигидан қатий назар олаверамиз. Чунки мақсад болаларни тарбиялаш. Уларга футболнинг сир-асрорларини ўргатиш.
- Э.Ғ: Қолаверса, биз натижа учун ўйнамаймиз. Бизга энг муҳими болаларнинг камолоти. Бизнинг меҳнатимиз эвазига қўл остимиздаги бола профессионал фаолиятини йўлга қўя олса бу бизнинг катта ютуғимиз саналади.
- Мураббийликдан бошқа иш ҳам қиласизми?
- Қ.А: Йўқ менинг ҳаётим футбол. Нима қилсам ҳам Сергели футболи учун қилаяпман. Футбол ота касб. Отам ҳам футболчи бўлганлар.
- Натижа учун ўйнамаймиз дейяпсизу, аммо ҳаётда тирикчилик, оилани тебратиш деган муҳим масалалар ҳам бор-ку?
- Қ.А: Тўғриси, бу масалани ота-оналар билан ҳал қиламиз. Клубда бирор бир мураббий ойлик маош олмайди. Уларга қўл остимизда шуғулланган болаларнинг ота-оналари пул ҳомий саналади. Чунки, улар болаларига бераётган тарбиямиз, уларни турли хил нотўғри йўлдан сақлаган ҳолда, спорт билан шуғуллантираётганимиз учун чин кўнгилдан пул беришади. Яна бир гап туманимиздаги 17 болалар ўсмирлар спорт мактабида 2 нафар мураббийимиз ишлайди. Уларнинг маоши бор. Биз ўша 17-БЎСМ билан биргаликда чемпионатда иштирок этамиз. Умуман олганда болалар учун барча ишларни ўз кучимиз ва яна бир бор айтиб ўтаман ота-оналар ёрдами билан қилаяпмиз. Тўғри бир пайтлар ҳокимият билан алоқамиз зўр бўлгани учун улар ҳомийлик қилишган. Ўша вақтларда ҳокимият болалар учун спорт формалари, тўп ва шунга ўхшаш нарсалар бериш билан биргаликда мусобақаларга бориш учун клубга автобус ажратарди. Қисқаси ҳамма нарсани бепул ташкил этиб берарди. Ҳозир бўлса йўқ.
- Ўтган йили Президентимиз томонидан “2011-2012 йилларда республикада футболнинг моддий техник базасини ривожлантириш ва уни янада мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори чиқди. Мазкур қарор асосида туман ҳокимиятига мурожаат қилдингизми?
- Э.Ғ: Бу қарор бўйича ҳам мурожат қилдик. Барибир натижа йўқ.
- Қ.А: (Ўйланиб) Назаримда Сергели туманида футбол ҳеч кимга керак эмас. Футбол фақат ўзимизга керак.
- Кўплаб ёшларни ёмон йўлга кириб кетишдан асраётган жамоага наҳот ҳеч ким ёрдам бермаса. Ахир тўғридан-тўғри ҳокимга мурожжат қилса бўладику?
- Э.Ғ: Ҳокимнинг олдига кириш муаммода.
- Қ.А: Билмадим, ҳокимиятдагилар клубни умуман ўйлашмаяпти. Тўғриси охирги йиллар ҳокимиятга кўп мурожжат қилдим. Аммо фойдаси бўлмади. Хонама-хона юриб чарчаб кетдим. Охири жонимга теккач шу пайтгача уддаладикми, бу ёғига ҳам ўзимиз бир аммалаймиз деб, охири ҳокимиятга ҳам бормай қўйдим. Худога шукурки, бахтимизга ота-оналар боласининг камолотини ўйлаб бизни тўғри тушуниб келмоқда.
- Клубнинг молиявий аҳволи яхши бўлса Биринчи лигада ўйнармидингиз?
- Э.Ғ: Ҳа. Маблағ масаласи яхши бўлса албатта ўйнаймиз.
- Қ.А: Қўшни республика жамоалари билан ҳам расмий ва ўртоқлик ўйинлари ўтказиб турамиз. Қолаверса, ҳар йили ЎзПФЛ Кубогида иштирок этамиз. Демак юқори лигаларда ўйнаш учун бизнинг кучимиз бор. Аммо доимо ўша иқтисодий муаммо ишимизга соя солиб туради.
- Э.Ғ: Жамоани шакллантиришнинг энг асосийси воситаси молиявий аҳволини яхшилаш. Агар клуб ўз иқтисодиётини тиклаб олса қўл остидаги ёшлар билан янада катта натижаларга эришиши мумкин.
- Қ.А: Худога шукур ҳозир ҳам ёмон эмас. Қилаётган ишларимиздан нолимаймиз. Аммо барибир бизга ёрдам керак.
- Ҳокимият томонидан ёрдам бўлмаса битта клубни оёққа турғизиш қийин.
- Қ.А: Ҳа, албатта. Аммо назаримда ҳокимият бизга ёрдам бермайди.
- Э.Ғ: Ёрдам беришигаку берар бироқ, вақт ўтиб бораяпти. Қанчадан-қанча ёшлар бор бу ерда. Уларнинг ҳам камолотини ўйлаш керакку ахир.
- Клуб фойдаланаётган стадион кимга қарайди?
- Қ.А: Билмаймиз.
- Э.Ғ: Бизларга айтишди эгаси бор деб, аммо у киши ким эканлигини билмаймиз.
- Қ.А: Мен бир марта эгасини уч йилча стадионни кўришга келганида узоқдан кўрдим. Кўчанинг бўйида туриб телефон орқали қўнғироқ қилиб ким сизларга рухсат берди бу ёққа киришга, ёки у бу кимга пул тўлаяпсизларми дейишди. Йўқ ҳеч кимга пул тўлаганимиз йўқ, деганимдан сўнг кетишди. Шундан сўнг у инсонни бошқа учратганим йўқ.
- Унда ижара пулини кимга берасизлар?
- Э.Ғ: Қоровулга ва стадионга қараб уни мусобақаларга тайёрлайдиган одамларга берамиз.  
- Қ.А: Тўлайдиган пулларимиз ўйингоҳ хўжайинигача бормайди. Шу ернинг ўзида бўлиниб кетади.
- Балки ҳақиқатдан ҳам кимдир сотиб олгандир?
- Э.Ғ: Биласизми, яқинда бир танишим билан суҳбатлашганимда у стадион шахсий бўлиб кетиши мумкин эмас деб айтди. Агарда жамғарма ҳисобида турган бўлса бу ўйингоҳни сотишга уларнинг ҳаққи йўқ дейишди.
- Қ.А: Гапнинг очиғи, бизлар стадион сотилмоқчими, ёки кимдир сотиб олмоқчими буни билмаймиз.
- Э.А: Халқ учун қурилган ўйингоҳни сотиш умуман мумкин эмас. Қаердадир ўйингоҳ ҳужжатлари бўлиши керак.
- Стадионни кимга тегишли эканлигини маҳалла билмайдими?
- Қ.А: Маҳала ҳам билишмайди. Улар фақат келиб ўйнаб кетишади холос.

Шу топда стадион қоровули Акмал ака (ўзини тўлиқ таништиришни истамади) кириб келди. Биз у кишини ҳам суҳбатга тортик.

- Акмал ака мазкур ўйингоҳ кимга қарашли?
- Акмал ака: ... (жим бўлиб қолди).
- Қ.А: Айтаверинг...
- Акмал ака: Ўйингоҳ шахсий... Бировга қарайди... Қаҳрамон ака ўзингиз биласизку. Ҳаммаси шахсий бир инсонга қарайди... Ўзингиз тушунтиринг...
- Қ.А: Мен тушунтирдим...
- Аниқ кимга қаршалилигини билмайсизми?
- Акмал ака: Ну.... (жим бўлиб). Қахрамон ака сиз биласизку...
- Қ.А: Мен билмайман... Билганим шуки, кимдир ўйингоҳни сотиб олмоқчи. Афсус ҳалигача стадионнинг асл эгаси ким эканлигини тагига етолганимиз йўқ. Ҳозир стадионнинг асл эгаси кимлигини билмаймиз.
- Э.Ғ: Фақат шуниси аниқки, ким сотиб олишидан қатий назар албатта клуб ташкил қилади. Умуман олганда туманимизда стадионлар кўп аммо бу ер бошқача. Гарчи келиш ноқулай бўлсада кўриб турганингиздек кўплаб болалар шу ерга келишади. Ҳатто бошқа жамоалар ҳам келиб ўйнаб кетишади.

ПС: “Сергели” футбол клуби раҳбарлари билан суҳбат жараёнида жамоа шуғулланадиган ўйингоҳ аслида кимга тегишли эканлигини билишга ҳарчанд ҳаракат қилмайлик аммо унинг кимлигини билолмадик. Суҳбатдошларимиздан олган маълумотимизга таянадиган бўлсак, стадион кимнингдир шахсий мулки саналади.
Шу топда савол туғилади. Хўш “Сергели” футбол клуби шуғулланаётган ўйингоҳ аслида кимга тегишли? Агар туман ҳокимияти тасарруфида бўлса унда нега ўйингоҳга масъул бўлган инсонлар стадионнинг мана шундай аҳволга келиб қолган бўлсада бирор бир чора кўргани йўқ. Биз газетамизнинг кейинги сонларида мазкур ҳолат юзасидан Сергели туман ҳокимиятининг фикрлари билан ҳам ўртоқлашамиз.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ суҳбатлашди