среда, 3 мая 2017 г.

ОЛАРДА КИРАР ЖОНИМ...

Уч ой аввал интернет нашрлари орқали “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида бўлиб ўтаётган воқеалар хусусида “Ўрага сичқон тушди...” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Мазкур мақолада келтирилган фактлар ва футбол мактабида фаолият юритаётган ходимларнинг мурожаатларидан сўнг мактабдаги асл ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Маълумотларга кўра, дастлабки ўрганиш жараёнида салкам 36 миллион сўмлик қинғир ишлар аниқланган. Текширув жараёнида аниқланган маблағнинг 16 миллион сўми “хизмат сафари”даги “ўйинлар” эвазига келиб чиққан бўлса, футбол мактаби ҳисобчисининг “олғирлиги” эвазига 20 миллион сўм ўзлаштирилган. Афсуски, тегишли ташкилотлар ишониб юборган “ревизор” текширув жараёнида аниқланган ҳолатларнинг айримларини кўрмай қолган ёинки кўришни истамаган. Балки футбол мактаби директори ва ҳисобчисининг “илтимоси”га кўра “ревизор” текширувни “енгиллаштиргандир”. Буёғи ҳозирча бизга номаълум.
Тафтишчининг келтирилган маълумотларга асосан ўз ишини шунчаки юзаки амалга оширганлигини қуйидаги ҳолатлар бўйича кўриш мумкин: 2016 йилда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби директорининг имзоси билан мураббий ва ишчи ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор чиқарилган. Буни қарангки, моддий рағбатлантириш тўғрисидаги қарордан кўпчилик ходимлар бехабар қолган. Хусусан, футбол мактаби шифокори Рахмон Мавлонов ўзига чиқарилган бир миллион сўмлик моддий рағбатлантиришни тафтишчи келгандан сўнг хабар топмоқда.
Энди бир ўйлаб кўринг, ўттиздан ошиқ ходимни бошқарган директор ва ҳисобчи ҳар бирининг номига шунча миқдорда байрам пули чиқарган бўлса ва ходимлар бундан бехабар қолса, неча миллион сўм маблағ “туя” қилинганини ҳисоблаш учун математик олим бўлиш шарт эмас. Ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги ҳолатни негадир “ревизор” чуқур ўрганмади? Ёки бу ерда текширувчининг бошқа бир манфаати борми?
Худди шундай, моддий рағбатлантириш тўғрисидаги қарор 2017 йилнинг 6 март куни директорнинг кўрсатмасига асосан мактабда фаолият юритувчи 15 нафар ходимга чиқарилган. Негадир, футбол мактабининг қолган ходимлари моддий рағбатлантиришдан мосуво қилинган? Хўш, нега? Қайси асосга кўра?
Текширувлар жараёнида футбол мактабида мураббий бўлиб ишлайдиган Анвар Мамашариповниг пластик карточкасига 4 миллион сўм пул ташлаб берилганлиги аниқланган. Анвар Мамашариповнинг таъкидлашича, пластик карточкасига 4 миллион сўм пул тушганидан сўнг карточкани футбол мактаби директори Жаҳонгир Эшонқуловга берган.  Кўриниб турибдики, ушбу маблағ ҳам директорнинг чўнтагини излаб топган. Бироқ, тафтишчи мазкур ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан, Анвар Мамашариповнинг қандайдир тилхати билан масалани силлиққина ёпиб юборганлигини тушуниш қийин. Бу пуллар Анвар Мамашариповга қайси асосга кўра берилганлигини текшириш нега “ревизор”нинг ҳаёлидан кўтарилиб қолди?
Мутасадди ташкилот вакиллари “ревизор”га ишонч билдириб ноқоқниний ҳолатларни аниқлаш мақсадида назорат-тафтишчини юборсаю, улар ишонган тафтишчи ўзи билган куйни чалса, қандай қилиб ҳақиқатни юзага чиқариш мумкин. Тафтишчи томонидан асл ҳолатлар яширилса текширилган идоранинг иқтиосдий қинғирликларига унинг ўзи ҳам шерик бўлиб қолмайдими?
Яна бир ҳолат. Футбол мактабидаги автобусни таъмирлаш учун ҳам номаълум фирма ҳисоб рақамига пул кўчирилган. Қизиқ жиҳати шундаги, автобусни таъмирлаш учун ажралитган пулдан негадир ҳайдовчи бехабар қолган. Ўрганишлар жараёнида “ревизор” ходимларнинг умумий ойлик масалаларини ўрганмаган. Кимнингдир ҳаёлига буни нега ўрганиш керак деган фикр келиши мумкин. Аммо Рахмон Мавлоновнинг банкдан чиқарилган ойлик маоши тўғрисидаги маълумот билан ҳисобчининг “ривизорга тақдим этган “даход”даги рақамлар умуман бошқа-бошқа эканлигини ҳисобга олсак, тафтишчи қолган ходимларнинг маошларини ҳам назоратдан ўтказиш керак, назаримда? Афсуски, тафтишчи банк маълумотидан кўра, ҳисобчининг сохта маълумотини ҳақиқий деб топишни лозим деб билган. Хўш, ташфтишчи банкнинг маълумотидан кўра ҳисобчининг маълумотини тўғри деб қабул қилишига ким ёки нима мажбур қилди экан?
            Текширув жараёнида тафтишчининг асл вазифаси нима? Ходимларни ишдан олишми ёки қонунбузарликларни аниқлашми? Футбол мактабини текширувдан ўтказган тафтишчи текширув жараёнида футбол мактабида фаррош бўлиб ишлайдиган Ҳанифа Отамуродова ва Наргиза Рахимовани бу ерда ноқоқнуний ишлаб келаётганини айтиб, уларни ишдан бўшаши лозимлиги ҳақида айтганини қандай тушуниш мумкин. Агар улар ноқонуний ишлаётган бўлса, ўша қонун бузилишини аслида футбол мактаби директори амалга оширмаганми?
Қолаверса, Ҳанифа Отамуродованинг турмуш ўртоғи оламдан ўтган бўлиб, унинг қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Унинг рўзғори айнан мактабдаги ойлик маоши орқали кечади. Бир нафар фарзанди бор Наргиза Рахимованинг ҳам ҳолати деярли шундай. Биргина футбол мактабидаги шифокор Рахмон Мавлоновнинг ойлик маошларидан ушлаб, сохта ҳужжатлар асосида моддий тағбатлантириш пулларини чиқариб ўз манфаати учун ишлатиб юрган директор ва ҳисобчи уларнинг маоши келганда инсофга кириб қолишига ким ишонади. Тафтишчи эса, фаррошларнинг ойлик маошлари тўғри берилганлигини қонуний ўрганиш ўрнига, уларни ишдан бўшатилиши тўғрисида гапириши қанчалик қонунга тўғри келади? “Ревизор”нинг асл мақсади нима ўзи?
2016 йилнинг ёз фаслида “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ушбу таъмирлаш ишларига сал кам 60 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. “Ревизор” эса одатдагидек бу ҳолни ҳам кўришни истамаган? Балки ревизорнинг ишини ҳам ревизор қайта кўриш керакмикин?
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

                    Фарҳод НОРБЎТАЕВ