пятница, 26 октября 2012 г.

Қайдасан «Нурафшон»!

Қайдасан «Нурафшон»!
Иттифоқ даврида ўзбек халқи номидан халқаро ареналарда иштирок этиб келган афсонавий «Пахтакор»ни бугун кўпчилик ёши улуғ футбол мухлислари фахр билан тилга олишади. Тарих саҳифаларида қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган 1979 йилнинг 11 август санасини гарчи эсдан чиқариш қийин бўлсада, ўша маъсум кунни халқ жамоасининг эришган ғалабалари билан унутишга ҳаракат қиламиз.  
Биз бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган «Нурафшон» жамоасининг «Пахтакор» клуби билан қандай боғлиқлик жиҳатлари бор, деган савол туғилиши табиий. Обдон ўйлаб қаралганда ҳам уларни ўзаро солиштириб бўлмайди. Аммо вақт ва фурсат, ўзига хос аччиқ қисмат икки жамоанинг бошидан ўтганлиги мазкур клубларни қандайдир боғлиқлик жиҳатлари бор эканлигини намоён қилиб туради. Кўпчилигимиз билмайдиган, бироқ қисқа фурсат ичида футболимиз тарихида улкан из қолдирган Бухоро вилоятининг «Нурафшон» жамоаси ҳам айнан август ойининг қурбонига айланганига нима дейсиз?!
Номингдан айланай
Ўзининг узоқ асрлик улкан тарихига эга бўлган Бухоро вилояти дастлабки жамоасини ўтган асрнинг 60 йилларида ташкил этади. Дастлаб, «Бухоро» номи остида мусобақаларга иштирок этган жамоа кейинчалик «Факел» номи билан вилоят шарафини ҳимоя қилди. 1989 йилга келиб вилоят футбол мутасаддилари жамоага «Нурафшон» номини беришди. 1989 йилга қадар иттифоқ мусобақаларида қуйи поғоналарда юрадиган жамоа «Нурафшон» номи остида Бухоро футболи тарихида улкан ютуқларни қўлга киритишга мувоффақ бўлди.
«Нурафшон»: нур—араб  тилидан олинган бўлиб «нур», «ёғду», афшон—форс  тилидан олинган бўлиб «тарқатувчи» деган маънони беради. Вилоят футболига ўзига хос нур тарқатган жамоа 1989 йилда «буферный» зона мусобақасида ғолиб бўлиб 1990 йилда собиқ иттифоқ иккинчи лига мусобақасининг тўққизинчи зонасида биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. 1991 йилда эса иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасида тўртинчи ўринни қўлга киритишга эришди.
90 йилларда ҳар томонлама бақувват саналадиган «Пахтакор» ва «Нетчи» жамоалари 1992 йилдан илк бор ташкил этилган олий лига мусобақасида рақибларига ҳеч қандай итмконият қолдирмай ғолибликка эришиши тахмин қилинаётган бир вақтда, бўлғуси чемпионларга етарли ташвиш туғдира олган «Нурафшон» мусобақани учинчи ўрин билан якунлади. Ўзбек футболида муносиб ўрин эгаллашга ҳақли бўлган бухороликлар олий лига мусобақасида мақсади жиддий эканлигини намоён этиб бера олди. Ёш ва иқтидорли футболчиларни ўзида жамлаган жамоа аста-секинлик билан мустаҳкам пойдевор ҳосил қилиб 1993 йилги мавсумни ҳам кўтаринки руҳда ўтказишди ва мавсумни бешинчи ўрин билан якунлади. Қисқа вақт оралиғида йилдан-йилга футболчиларнинг маҳорати, жамоанин руҳий тайёргарлиги, энг асосийси клубнинг ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши «Нурафшон»ни ҳар томонлама шакллантириб, мукаммал жамоага айланиб боришига замин ярата олди.
Клуб раҳбариятининг тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг футболчилар билан муносабати, ўйинчиларнинг жамоага бўлган муҳаббати, қолаверса  яратилган кучли база жамоанинг ғолиблик шоҳсуппасига етаклаши турган гап эди. Шу сабаб клубда бир оила бўлиб ҳаракат қилган футболчилар 1994 йилги мавсумда ҳар қандай жамоага етарлича ташвиш туғдира оладиган салоҳиятга эришди. Ўша мавсум «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК каби кучли жамоаларни ортда қолдириб мусобақанинг кумуш медалларини қўлга киритди. Бу бухороликларнинг футболда қилган тинимсиз меҳнатларининг иккинчи меваси эди. Айнан ўша вақтда кўпчилик юртимизда яна бир кучли жамоа шаклланганлигига ишонч ҳосил қилишди. Бу эса ўз-ўзидан келгусида футболимизнинг ривожланиши учун янада улкан пойдевор саналиб, истеъдодли ёшларни кашф этадиган масканга айланаётганидан далолат бериб турарди. Бироқ, 1995 йилги мавсум нафақат бир жамоанинг, балки бутун бошли Бухоро футболини орқага кетишига сабаб бўлди. Худди ўша 1979 йилги «Пахтакор» фожеасидан сўнг юзага келган футболдаги мунгли ҳолат Бухорода ҳам узоқ йиллар давомида ҳукмронлик қилди ва ҳамон давом этиб келмоқда.
Август фожеаси
1995 йилги мавсумни «Нурафшон» ажойиб бошлади. Кетма-кет ғалаба қозониб, чемпионлик курашида фарғоналикларга энг асосий рақиб бўлиши аниқ эди. Аммо 18 турда Бухоро майдонида «Янгиер»­га қарши кечган ўйин нафақат ўша мавсумнинг, умуман сўнгги йигирма йилдаги вилоят футбол тарихи учун улкан бурилиш нуқтаси бўлди. Хуллас, ўйинда бухороликлар ҳисобда олдинга чиқиб оладилар. Рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаётган бир вақтда учрашув ҳаками Сайфиддин Эрматов меҳмонлар фойдасига хато қилади.
Натижада, янгиерлик футболчилар аввалига ҳисобни тенглаштириб, сўнгра бир тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишади. Ҳакамнинг қўпол хатоси сабаб асаблар бузилган яна битта нотўғри қарор мухлисларнинг ҳам мутахасисларнинг ҳам қўзғалишини англатиб турарди. Афсуски, ўша куни фақат янгиерликлар учун ишлаган учрашув ҳаками ўйин тизгинини умуман қўлдан чиқариб юборади. «Нурафшон» жамоасида фаоли иштирок этаётган ҳужумчи Михаил Фоминни ўйиндан четлатади. Натижада эҳтирослар жунбушга келиб, футболчилар ва мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолади ва ўйинни давом эттириш имконияти йўқолади.
Йўқолган чемпион
Мазкур воқеа турнир жадвалида «Нурафшон»дан кейинги ўринда бораётган жамоларга қўл келади. Ўша вақтда чемпионликка интилаётган «Нефтчи», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК чемпионатдаги жиддий рақибини мусобақадан четлатиш ё бўлмасам очколарни олиб қўйиш учун федерациянинг сўнгги қарорини интиқлик билан кутиб туришарди. Орадан қисқа вақт ўтиб 1995 йилнинг 18 август куни содир бўлган воқеа сабабини ўрганиб чиққан федерация «Нурафшон»ни чемпионатдаги қолган 12 та ўйиндан четлатишга қарор қилади ва рақибларга 3:0 ҳисобида ғалаба ёзади. Натижада ўша мавсум чемпиони бўлишга ҳақли давогар бўлган жамоа руҳий жиҳатдан кучли зарбага учрайди.
Бироқ, энг қизиғи шундаки, федерациянинг аралашуви натижасида кетма-кет 12 та ўйинда мағлубиятга учраган жамоа 40 очко тўплаб, кучли бешликдаги ўрнини сақлаб қолади. Фақатгина юқорида тилга олганимиз МҲСК, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» бухороликларни қувиб ўтишга эриша олган холос.
Ўша вақтда «Нурафшон»нинг очколардан маҳрум қилиниши жамоа учун унчалик катта йўқотиш саналмасди. Бироқ, клуб учун энг катта йўқотиш шу бўлдики, деярли ярим йил ўйинсиз қолган жамоа етакчи ва ёш футболчиларидан бирин-кетин ажрала бошлади. 1990 йилда иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасига чиққанда яратилган ажойиб базага путур етди. Тўғри, гарчи жамоа 1996 йилда ҳам кучли бешликни забт этган бўлса-да, аслида жамоа ўзаги тугаб, клубдаги барқарорликни таъминлаш қийинлашиб борарди.
Бу кимга керак эди
Тўғриси, ҳозирда кўпчилигимиз «Нурафшон» ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Чунки, ҳар доим бу жамоа ҳақида гап кетганда ўз-ўзидан 1995 йилги воқеалар эсга олинади. Айнан шу сабаб бу жамоа ҳақида бирор бир футбол мутахасиси гапиришни истамайди. Хўш, аслида бутун бошли вилоят футболини орқага тортишига сабаб бўлган мазкур воқеа кимга керак эди? Ўша вақтда кимнидир чемпион қилиш учун чиқарган қарор аслида тўғри бўлганми? Жамоани биргина хато сабаб чемпионатдан маҳрум қилишга қарор чиқарган ўша вақтдаги федерация бош котиби бўлган Салим Эшмуҳаммедов нимага асолсан бу қарорга келган? Ҳакамларчи? Улар нега айнан ўша ўйинда кўп хато қилган? Нега бутун бошли вилоят футболи қайсидир клубнинг манфаати учун қурбон қилинган? Саволлар кўп. Аммо унга ким жавоб бера олади. Бугун бу саволлар худди мен каби минглаб бухоролик футбол ишқибозларини бирдек қийнаб келаётган бўлса ажабмас. Чунки, футболимиз тарихида янги чемпион саналишига оз қолган жамоани қайсидир манфаат эвазига қурбон қилгани ҳамон уларнинг қалбини тирнаб келаётгани аниқ.
Ўтган йилги мавсумда ҳам худди «Нурафшон» воқеасини эслатувчи ҳолат юзага келди. Олий лиганинг 15-туридан ўрин олган «Шўртан» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг икки жамоа мухлислари ўртасида юзага келган тўқнашув ҳеч кимни эътиборини тортмади. Энг ачинарлиси, ҳатто бу борада профессионал футбол лигамиз ҳеч қарор тугул фикр ҳам билдирмади. Хўш, бу ҳолни манфаатлар тўқнашуви бўлмагани учун деб тушиниш керакми? Ёки аввалроқ чемпион номи аниқ бўлгани учунми? Нега регламент айнан ўша вақтга келганда «ишламай» қолди. Хуллас ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди.   
Ўзига хос статистика
Гарчи ўзининг фаолияти қисқа даврни ташкил этган бўлсада,«Нурафшон» миллий биринчилигимиздаги иштироки фақатгина юқори натижалар билан якунлашга эришган. Келинг мазкур ҳолатни ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Клубнинг дастлакби «Бухоро» номида мусобақаларда иштирок этганида деярли кўзга кўринарли натижага эриша олмади. «Факел» номи остида 1968 йилда иттифоқнинг қуйи мусобақасининг Марказий Осиё зонасида 15-ўрин, бир йил ўтиб жамоа 24 жамоа ичидан 20-ўринни қўлга киритган. «Нурафшон» номининг йўқолишидан сўнг олий лигада яна «Бухоро» номи асосида тўп сурган жамоа миллий биринчилигимизда айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина Ҳаким Фузайлов даврида бир бора турнир жадвалининг 5-поғонасидан ўрин олган. Жамоа бошқарувини Усмон Тошев олгандан сўнг ҳақиқий маънода клубни пароканда бўлишига олиб келди. Жамоа ҳатто бир бора олий лигани тарк этишга ҳам мажбур бўлди.

«Бухоро» номи остида эришган натижаси

Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1997
7-ўрин
«Бухоро»
34
16
5
13
57 - 55
53
1998
7-ўрин
«Бухоро»
30
13
4
13
51-50
43
1999
9-ўрин
«Бухоро»
30
10
7
13
44 - 50
37
2000
5-ўрин
«Бухоро»
38
20
5
13
73 - 60
65
2001
7-ўрин
«Бухоро»
34
15
3
16
57 - 58
48

Юқорида таъкидлаганимиздек, жамоа иттифоқ дарида айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина, «Нурафшон» номини олгандан сўнггина рақибларига етарли даражада муаммо туғдириш билан бир қаторда, мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олган. Жамоага «Нурафшон» номини берган клуб раҳбарияти ғалабалар бардавомлигини таъминлай оладиган футболчиларни жамоага жалб қила олган.
1990 йилги иттифоқ иккинчи лига мусобақасида 38 ўйиннинг 28 тасини рақибларини ранжитиб, 7 бор дуррангни қайт этган. Фақатгина 3 бора мағлубият аламини тортиб кўрган. Тўплар нисбати 116:25 ташкил этган. Қизиғи шундаки, энг яқин таъқибчисини нақд 10 очкога, учинчи ўриндаги «Янгиер» жамоасини 18 очкога ортда қолдира олган.
Бир эътибор беринг-а, «Нураф­шон»нинг нурли йилларида жамоа дарвозасини қўриқлаган, халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерациясининг ўзига хос рўйхатида тилга олинган Александр Тинянов, кўп йиллар жамоа таркибида майдонга тушган етакчи ҳимоячилардан бири, қанотларда ҳам, ҳимоя марказида ҳам ишончли ҳаракат қила олган Андрей Захаров, «Нур тарқатувчилар»нинг илк мавсумда кучли тўртликдан жой олишида ҳал қилувчи факторлардан бири бўлган Мустафо Билолов, ҳам ҳимояда ҳам ярим ҳимояда бирдек самарали ўйнаш имкониятига эга бўлган Геннадий Шарипов, «Нурафшон»нинг 1993-94 йиллардаги ажойиб футбол мавсумида етакчи футболчиси саналган, аммо Хиросимада зафар қучган терма жамоамиз таркибида кумуш жамоа — «Нурафшон» номидан иштирок этолмаган Садриддин Эшмирзаев, 1990-95 йилларда Бухоро футболининг эталони Юрий Агеев ва Михаил Фомин сингари таркиб ўша вақтда ҳақиқий жамоани шакллантира олган. Айнан ушбу футболчилар даврида «Нурафшон» зафарли одимларни ташлай олган. Бундай футболчиларнинг ўйинидан сўнг ҳар қандай бола футболда юксакликка интилиш учун бор куч-ғайрати билан футбол ўйнаши турган гап эди. 
«Нурафшон» номи остида эришган натижаси
Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1992
4-ўрин
«Нурафшон»
32
20
7
5
59 - 23
47
1993
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
46 - 32
35
1994
2-ўрин
«Нурафшон»
30
20
4
6
63 - 31
44
1995
5-ўрин
«Нурафшон»
30
13
1
16
39 - 56
40
1996
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
52 - 39
50

«Нурафшон»ни қайта тиклайлик
Ўзингиз кўриб турганингиздек, тарихдаги рақам ва фактлар, Бухоро футболи тарихида «Нурафшон»нинг ўзига хос ўрни бўлган. Клуб ўзининг қисқа вақт ичида кўплаб жамоалар орзу қиладиган натижага эриша олди. Афсуски, тарихдаги мутхиш хато сабаб нурли жамоанинг нурафшон ёғдулари йўқотилди. Бу футболимиз тарихида аччиқ ҳақиқат бўлиб қолиб кетди.
Тўғриси, баъзида Бухоро футболининг тўхтаб қолишига айнан «Нурафшон»нинг йўқ бўлиши сабаб бўлиб қолгандир деган ҳаёл ўтади. Чунки, бир вақтлар «Пахтакор»нинг фожеаси ўзбек футболи ривожини қанчалик ортга тортган бўлса, «Нурафшон»нинг йўқолиши узоқ тарихга эга бўлган, буюк алломалар етишиб чиққан Бухоро футболи ривожини тўсқинлик қилиб тургандек. Агар иложи бўлса, ўзбек футболи мутасаддилари «Нурафшон» номини қайта тиклаб, руҳий тушкунликка тушиб қолган вилоят футболига янги ҳаёт бағишлаш онлари етиб келгандек. Мазкур ишни айни вақтга амалга оширса, тарихда содир бўлган иккинчи йўқотиш сабаб футболимизнинг ортга кетишини олган бўлардик. Айнан ўшандагина вақт деган бевафо онлар ярим аср азоб бериб келмасди. 
                                                           Фарҳод НОРБЎТАЕВ

Комментариев нет: