пятница, 26 октября 2012 г.

Фойдали ўйинчи (карикатура)


Fk.uz сайтидаги 81 та хатоси бор мақола

"Танкчи" Чех
Мана бу сафар азиз футбол ихлосмандлариЧелсиклубига оид мақоламизни эътиборинга хавола этамиз. Ким ҳақида дейсизми? “Челси”да маҳоратли уйинчилар жуда куп Дрогба, Лампард, Терри, Э. Коул... Бу ўйинчилар хақида "аристократ"лар фанатлари тугул, “Челси”нинг ашаддий рақиблари хам билишади. Йўқ, бугун бу хақда ёзмоқчи эмасмиз. Бугун, "Стемфорд Бриж" нинг "танкист" и, керак бўлса "Челси"нинг барча ғалабаларига энг катта хисса қушган Петр Чех хақида мухлисларга маълумот берамиз.
Дарвозабон — ярим жамоа дейишади. “Челси”нинг кейинги 6 йиллик ғалабалари замирида айнан шу дарвозабонинг хизматлари беқиёс. Хўш, аслида Чех қандай қилиб "аристократ" бўлди, келинг шу хақда гаплашамиз?
Абрамович "Челси"ни сотиб олгандан сўнг, жуда катта харидларни амалга оширди. Клуб тинмасдан футболчиларни сотиб олаверди, олаверди. Ўша уйинчи клубга керакми ёки кераксиз — ахамият касб этмасди. Дунёнинг қаеридадир ярқ этган юлдуз футболчи чиқдими, эртасигаёқ сариқ матбуот дархол “Челси”га унаштириб қўярди. Кимлар келмади дейсиз клубга, баъзилар ўз уйини топди, баъзилар эса аксинча, пастга қараб қулади. Худди шу шов-шувли трансферлар бўлаётган бир пайтда, Абрамович учун "арзимаган пул" (7 млн фунт стерлинг) эвазига Петр Чех клубга келиб қушилди. Деярли икки метрлик дарвозабон Франция чемпионати уртамиёнаси — "Ренн" дан сотиб олинди. Ўша вақтлардаёқ Чех Чехияда анча машхур булиб кетганди. “Спарта” сафида чемпионат рекордини янгилаганди (қаторасига 1000 дақиқа уз дарвозасидан туп олиб чиқмаган). “Спарта” мухлислари дархол рекордчини "Жаноб Нол" лақаби билан сийладилар...
ехиянинг Евро-2004 турнирида биронта хам тўп ўтказмасдан, ярим финалга қадар етиб келишига Чехнинг супер фантастик сейвлари сабаб булди десак янгилишмаймиз. Бундан 2 йил олдин ёшлар ўртасида ўтган Европа чемпионатида Чех бошчилигида Чехия 1-ўринни забт этди ва турнир кашфиёти сифатида рамзий терма жамоадан жой олди. Туманли Альбионга келган "Жаноб Нол"нинг биринчи ўйини “аристократлар”нинг ашаддий рақиби — МЮга қарши ўтказди. Дастлабки уйиндаёқ ажойиб сейвларни амалга ошириб Челсининг ғалабасини таъминлади. Чех бутун мавсум барчани хайрат кўчасига етаклаб, АПЛнинг бутун тарихи давомидаги рекордни янглаб қуйди (1024 дақиқа давомида туп ўтказмади). 
2004 йилнинг декабридан — 2005 йилнинг мартига қадар “Челси” рақиблари учун Чех дарвозаси сехрлаб қўйилди. Мавсум тугагач, АПЛ томонидан мавсумнинг энг яхши дарвозабонига бериладиган "Олтин қулқоп" совринини хақли равишда қулга киритилди.
Кейинги мавсум Чех учун омадли бошланмади. Октябрь ойида, турнинг навбатдаги ўйинида "Рединг"клубига қарши майдонга тушган Чех оғир жарохат олди. “Рединг” футболчиси Стефан Хант билан тўқнашув унинг фаолиятини сўроқ остига қўйди. Унга хатто футбол ўйнашни ман қилиб қуйишганди(операция вақтида Чехнинг боши 30 жойидан тикилади). Барча “Челси” мухлислари чуқур ғамга ботиб қолди. Ахир, Чех атиги бир йил давомида “аристократлар”нинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланиб улгурганди-да. Лекин, Чех футболга қайтиш учун ўзида куч топа олди. 14 ой давомида даволангандан сўнг, майдонга қайтди. Бошида ғалати шлем билан...
Биринчи ўйин тугани ҳамоно, унга бошқа лақаб берилди: "Танкист"! Негалигини ўзингиз жуда яхши биласиз... 
Бу пайтга келиб “Челси”ни машхурлик чўқисига етаклаган Жозе Моуринио ва унинг мураббийлар штаби клуб билан хайрлашган, унинг ўрнини Аврам Грант эгалаганди. Дарвозабонлар учун янги тайинланган мураббий Чехнинг яна ўз сависидаги ўйинини намойиш қилишига имконят яратди. “Эсимда, Кристоф Лоллишон машғулот тугагандан сўнг мен билан қолиб, янада зур берарди машгулотларга. У менинг барча имкониятларимни тўлиқ биларди. Ахир биз у билан "Спарта" да, кейинчалик "Ренн" да хам бирга ишлагандик”, - деб баёнот берганди Танкист.
 Ўша мавсум охирига келиб Чех яна асосий дарвозабон ролини қайтариб олади. Москвада ўтган ЕЧЛ финалида қайтариб булмас зарбаларнинг йўлига ғов булганини хали купчилик эсидан чиқармаган булса керак. Лекин уша кунги суперсейвлар хам “Челси”нинг азалий орзуси ЧЛ кубогини қўлга киритишга етмади. Жамоа сардори Жон Террининг хатоси бутун “Челси” мухлисларини карахт ахволга солиб қуйди. Осмон йиғлади ўша кун... “Аристократлар”нинг ашаддий мухлислари йиғлади уша кун... Афсус , "Москва кўз ёшларга ишонмади"
Кейинги мавсумда Чех “аристократ"лар сафида 54 та учрашувда майдонга тушди, лекин “Челси” негадир олдинги холатда эмасди. Кутилмаган мағлубият уша пайтдаги “аристократ"лар устози Сколарини лавозимидан четлатилишига олиб келди. Унинг ўринини эса Гус Хиддинк эгалади ва жамоа бутунлай бошқача уйин намойиш эта бошлади. ЧЛдаги зафарли онларга эса “Барселона” ярим финалда тусиқ булди. Ўша учрашув хам анча асабий тарзда ўтган ва учрашувни бошқарган ҳакам Эвребени бутун дунёга машхур қилиб юборганди. Ўтган мавсумнинг биринчи ўйиниёқ Чех учун ажойиб бошланди. Супер кубок учун МЮ билан ўйинда пеналтилар сериясида 2 бор зарбани аниқ топиб, “аристократлар”нинг Анчеллотти бошчилигида биринчи соврини(ни)  қўлга киритишда муносиб хиссасини қўшди. Чемпионатда 34 учрашув ўтказди, шундан 17тасини "қуруқ" серияда якунлашга муваффақ бўлди ва 2-бор "олтин қўлқоп" ни қўлга киритди. “Уиган” билан булган ўйинда фаолиятидаги биринчи "қизил карточка"ни маззасини тотиб курди. Ўша ўйин "аристократ"ларнинг кетма-кет 8- ғалабасини тухтатишга замин яратди. Янги йил байрами арафасида клубдаги жарохатлар эпидемияси "Танкист" ни хам четлаб утмади. "Сан-сиро" да “Интер” билан кечган ўйиндаги жарохат Чехнинг жавоб ўйинини утказиб юборишга мажбур қилди. Мавсум охирида Чех яна бир бор “Челси” жонига оро кирди. Англия кубоги финал бахсида “Порсмут” билан ўйинда Боатенг ижросидаги пеналтини, ундан сал олдинроқ эса Фредерика Пикьонннинг 100 фоиз гол билан тугаши аниқ булган зарбасини ақл бовар қилмас тезликда қайтаришга муваффақ бўлади. Ўйин “аристократлар”нинг кичик хисобдаги ғалабаси билан тугади. Учрашув қахрамони эса шубхасиз "Жаноб Нол" булди.
Айни вақтда Чехнинг “Челси” билан шартномаси 2013 йилгача тузилган. Охирги маълумотларга кура шартнома 2016 йилгача чўзилиши мумкин. Ўйлаймизки, Чех хали узоқ йиллар "Аристократ"лар сафида майдонга тушади. Чех ҳаётда хам оддий инсон, бир нечта хайрия ташкилотлари билан ўзаро хамкорлик битимларини тузган. Чехиядаги бир нечта касалхоналар ва ўзи тарбия топган клубга (“Виктория”) бемминат ёрдам курсатиб келади. Бундан ташқари Англиядаги Оксфорд клиникасига хам моддий ёрдам курсатади. "Рединг" билан уйиндаги оғир жарохатидан сунг у шу клиникада операция қилинганди...
Чех ўзи хақида (қизиқарли маълумотлар):
Кумири: Доминак Гашек, хоккей дарвозабони. Болалигимда унга ўхшашни орзу қилардим...
1-голи:16 ёшида Виктория(Пилсене) клуби сафида пеналътидан урган. Пеъналтидан гол уриш бошқа уйинчиларга унчалик завқ бағишламаслиги мумкин, лекин мен дарвазобонман! Бу голни доим эслаб тураман..
Мураббийи: Кристоф Лоллишон. Ҳаётимда жуда кўп мураббийлар менга устозлик қилган, лекин Кристоф Лоллишон мени қайта футболга қайтарган инсон. Бу мураббий олдида бир умр қарздорман...
1-соврини: Ёшлар уртасидаги Европа чемпионати ғолиби. Биз финалгача боргандик, финалда эса француз ёшларини мағлубиятга учратдик. Ўшанда 20 ёшда эдим чемпионатдан олдин мени хеч ким танимасди. Финал ўйинидан сўнг, Европага танилдим..
1-машинаси : “Ваухалл Веcтра”. Аниқ эсимда, Праганинг “Спарта"си билан шартномага имзо қуйганимдан сўнг, бир ой утгач машинали бўлдим. Тўғри, янги эмасди, мен учинчи хайдовчи эдим. Лекин бахтли эдим, ахир бу менинг биринчи машинам эди-да..
Қизиқиши: Енгил атлетика. Мен ушбу спорт тури билан хам жиддий шуғуланганман. 14 ёшимда ўсмирлар уртасида Чехия рекордини янгилагандим (узоқга сакраш 1.87 см). Балки футболни танламаганимда, кучли атлет етишиб чиқармиди. Лекин, хозир бундан афсусда эмасман. Мен ўша пайтда футболни танлаб туғри қарорга келганман..
П.С: Яхшиям ушбу спорт турини танламабсан Чех. Йўқса, “Челси” ишқибозлари сенинг махоратингдан бебахра қоларди. Чех “Челси” билан ЧЛ кубогини қулга киритишни орзу қилар экан. Биз  бу йили “Челси” мазкур  соврини қўлга киритганидан хабардормиз ва "танкчи" ўз мақсадига етганидан мамнунмиз...

Жавоҳирбек

Манба: www.Fk.uz

Қайдасан «Нурафшон»!

Қайдасан «Нурафшон»!
Иттифоқ даврида ўзбек халқи номидан халқаро ареналарда иштирок этиб келган афсонавий «Пахтакор»ни бугун кўпчилик ёши улуғ футбол мухлислари фахр билан тилга олишади. Тарих саҳифаларида қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган 1979 йилнинг 11 август санасини гарчи эсдан чиқариш қийин бўлсада, ўша маъсум кунни халқ жамоасининг эришган ғалабалари билан унутишга ҳаракат қиламиз.  
Биз бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган «Нурафшон» жамоасининг «Пахтакор» клуби билан қандай боғлиқлик жиҳатлари бор, деган савол туғилиши табиий. Обдон ўйлаб қаралганда ҳам уларни ўзаро солиштириб бўлмайди. Аммо вақт ва фурсат, ўзига хос аччиқ қисмат икки жамоанинг бошидан ўтганлиги мазкур клубларни қандайдир боғлиқлик жиҳатлари бор эканлигини намоён қилиб туради. Кўпчилигимиз билмайдиган, бироқ қисқа фурсат ичида футболимиз тарихида улкан из қолдирган Бухоро вилоятининг «Нурафшон» жамоаси ҳам айнан август ойининг қурбонига айланганига нима дейсиз?!
Номингдан айланай
Ўзининг узоқ асрлик улкан тарихига эга бўлган Бухоро вилояти дастлабки жамоасини ўтган асрнинг 60 йилларида ташкил этади. Дастлаб, «Бухоро» номи остида мусобақаларга иштирок этган жамоа кейинчалик «Факел» номи билан вилоят шарафини ҳимоя қилди. 1989 йилга келиб вилоят футбол мутасаддилари жамоага «Нурафшон» номини беришди. 1989 йилга қадар иттифоқ мусобақаларида қуйи поғоналарда юрадиган жамоа «Нурафшон» номи остида Бухоро футболи тарихида улкан ютуқларни қўлга киритишга мувоффақ бўлди.
«Нурафшон»: нур—араб  тилидан олинган бўлиб «нур», «ёғду», афшон—форс  тилидан олинган бўлиб «тарқатувчи» деган маънони беради. Вилоят футболига ўзига хос нур тарқатган жамоа 1989 йилда «буферный» зона мусобақасида ғолиб бўлиб 1990 йилда собиқ иттифоқ иккинчи лига мусобақасининг тўққизинчи зонасида биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. 1991 йилда эса иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасида тўртинчи ўринни қўлга киритишга эришди.
90 йилларда ҳар томонлама бақувват саналадиган «Пахтакор» ва «Нетчи» жамоалари 1992 йилдан илк бор ташкил этилган олий лига мусобақасида рақибларига ҳеч қандай итмконият қолдирмай ғолибликка эришиши тахмин қилинаётган бир вақтда, бўлғуси чемпионларга етарли ташвиш туғдира олган «Нурафшон» мусобақани учинчи ўрин билан якунлади. Ўзбек футболида муносиб ўрин эгаллашга ҳақли бўлган бухороликлар олий лига мусобақасида мақсади жиддий эканлигини намоён этиб бера олди. Ёш ва иқтидорли футболчиларни ўзида жамлаган жамоа аста-секинлик билан мустаҳкам пойдевор ҳосил қилиб 1993 йилги мавсумни ҳам кўтаринки руҳда ўтказишди ва мавсумни бешинчи ўрин билан якунлади. Қисқа вақт оралиғида йилдан-йилга футболчиларнинг маҳорати, жамоанин руҳий тайёргарлиги, энг асосийси клубнинг ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши «Нурафшон»ни ҳар томонлама шакллантириб, мукаммал жамоага айланиб боришига замин ярата олди.
Клуб раҳбариятининг тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг футболчилар билан муносабати, ўйинчиларнинг жамоага бўлган муҳаббати, қолаверса  яратилган кучли база жамоанинг ғолиблик шоҳсуппасига етаклаши турган гап эди. Шу сабаб клубда бир оила бўлиб ҳаракат қилган футболчилар 1994 йилги мавсумда ҳар қандай жамоага етарлича ташвиш туғдира оладиган салоҳиятга эришди. Ўша мавсум «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК каби кучли жамоаларни ортда қолдириб мусобақанинг кумуш медалларини қўлга киритди. Бу бухороликларнинг футболда қилган тинимсиз меҳнатларининг иккинчи меваси эди. Айнан ўша вақтда кўпчилик юртимизда яна бир кучли жамоа шаклланганлигига ишонч ҳосил қилишди. Бу эса ўз-ўзидан келгусида футболимизнинг ривожланиши учун янада улкан пойдевор саналиб, истеъдодли ёшларни кашф этадиган масканга айланаётганидан далолат бериб турарди. Бироқ, 1995 йилги мавсум нафақат бир жамоанинг, балки бутун бошли Бухоро футболини орқага кетишига сабаб бўлди. Худди ўша 1979 йилги «Пахтакор» фожеасидан сўнг юзага келган футболдаги мунгли ҳолат Бухорода ҳам узоқ йиллар давомида ҳукмронлик қилди ва ҳамон давом этиб келмоқда.
Август фожеаси
1995 йилги мавсумни «Нурафшон» ажойиб бошлади. Кетма-кет ғалаба қозониб, чемпионлик курашида фарғоналикларга энг асосий рақиб бўлиши аниқ эди. Аммо 18 турда Бухоро майдонида «Янгиер»­га қарши кечган ўйин нафақат ўша мавсумнинг, умуман сўнгги йигирма йилдаги вилоят футбол тарихи учун улкан бурилиш нуқтаси бўлди. Хуллас, ўйинда бухороликлар ҳисобда олдинга чиқиб оладилар. Рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаётган бир вақтда учрашув ҳаками Сайфиддин Эрматов меҳмонлар фойдасига хато қилади.
Натижада, янгиерлик футболчилар аввалига ҳисобни тенглаштириб, сўнгра бир тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишади. Ҳакамнинг қўпол хатоси сабаб асаблар бузилган яна битта нотўғри қарор мухлисларнинг ҳам мутахасисларнинг ҳам қўзғалишини англатиб турарди. Афсуски, ўша куни фақат янгиерликлар учун ишлаган учрашув ҳаками ўйин тизгинини умуман қўлдан чиқариб юборади. «Нурафшон» жамоасида фаоли иштирок этаётган ҳужумчи Михаил Фоминни ўйиндан четлатади. Натижада эҳтирослар жунбушга келиб, футболчилар ва мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолади ва ўйинни давом эттириш имконияти йўқолади.
Йўқолган чемпион
Мазкур воқеа турнир жадвалида «Нурафшон»дан кейинги ўринда бораётган жамоларга қўл келади. Ўша вақтда чемпионликка интилаётган «Нефтчи», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК чемпионатдаги жиддий рақибини мусобақадан четлатиш ё бўлмасам очколарни олиб қўйиш учун федерациянинг сўнгги қарорини интиқлик билан кутиб туришарди. Орадан қисқа вақт ўтиб 1995 йилнинг 18 август куни содир бўлган воқеа сабабини ўрганиб чиққан федерация «Нурафшон»ни чемпионатдаги қолган 12 та ўйиндан четлатишга қарор қилади ва рақибларга 3:0 ҳисобида ғалаба ёзади. Натижада ўша мавсум чемпиони бўлишга ҳақли давогар бўлган жамоа руҳий жиҳатдан кучли зарбага учрайди.
Бироқ, энг қизиғи шундаки, федерациянинг аралашуви натижасида кетма-кет 12 та ўйинда мағлубиятга учраган жамоа 40 очко тўплаб, кучли бешликдаги ўрнини сақлаб қолади. Фақатгина юқорида тилга олганимиз МҲСК, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» бухороликларни қувиб ўтишга эриша олган холос.
Ўша вақтда «Нурафшон»нинг очколардан маҳрум қилиниши жамоа учун унчалик катта йўқотиш саналмасди. Бироқ, клуб учун энг катта йўқотиш шу бўлдики, деярли ярим йил ўйинсиз қолган жамоа етакчи ва ёш футболчиларидан бирин-кетин ажрала бошлади. 1990 йилда иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасига чиққанда яратилган ажойиб базага путур етди. Тўғри, гарчи жамоа 1996 йилда ҳам кучли бешликни забт этган бўлса-да, аслида жамоа ўзаги тугаб, клубдаги барқарорликни таъминлаш қийинлашиб борарди.
Бу кимга керак эди
Тўғриси, ҳозирда кўпчилигимиз «Нурафшон» ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Чунки, ҳар доим бу жамоа ҳақида гап кетганда ўз-ўзидан 1995 йилги воқеалар эсга олинади. Айнан шу сабаб бу жамоа ҳақида бирор бир футбол мутахасиси гапиришни истамайди. Хўш, аслида бутун бошли вилоят футболини орқага тортишига сабаб бўлган мазкур воқеа кимга керак эди? Ўша вақтда кимнидир чемпион қилиш учун чиқарган қарор аслида тўғри бўлганми? Жамоани биргина хато сабаб чемпионатдан маҳрум қилишга қарор чиқарган ўша вақтдаги федерация бош котиби бўлган Салим Эшмуҳаммедов нимага асолсан бу қарорга келган? Ҳакамларчи? Улар нега айнан ўша ўйинда кўп хато қилган? Нега бутун бошли вилоят футболи қайсидир клубнинг манфаати учун қурбон қилинган? Саволлар кўп. Аммо унга ким жавоб бера олади. Бугун бу саволлар худди мен каби минглаб бухоролик футбол ишқибозларини бирдек қийнаб келаётган бўлса ажабмас. Чунки, футболимиз тарихида янги чемпион саналишига оз қолган жамоани қайсидир манфаат эвазига қурбон қилгани ҳамон уларнинг қалбини тирнаб келаётгани аниқ.
Ўтган йилги мавсумда ҳам худди «Нурафшон» воқеасини эслатувчи ҳолат юзага келди. Олий лиганинг 15-туридан ўрин олган «Шўртан» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг икки жамоа мухлислари ўртасида юзага келган тўқнашув ҳеч кимни эътиборини тортмади. Энг ачинарлиси, ҳатто бу борада профессионал футбол лигамиз ҳеч қарор тугул фикр ҳам билдирмади. Хўш, бу ҳолни манфаатлар тўқнашуви бўлмагани учун деб тушиниш керакми? Ёки аввалроқ чемпион номи аниқ бўлгани учунми? Нега регламент айнан ўша вақтга келганда «ишламай» қолди. Хуллас ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди.   
Ўзига хос статистика
Гарчи ўзининг фаолияти қисқа даврни ташкил этган бўлсада,«Нурафшон» миллий биринчилигимиздаги иштироки фақатгина юқори натижалар билан якунлашга эришган. Келинг мазкур ҳолатни ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Клубнинг дастлакби «Бухоро» номида мусобақаларда иштирок этганида деярли кўзга кўринарли натижага эриша олмади. «Факел» номи остида 1968 йилда иттифоқнинг қуйи мусобақасининг Марказий Осиё зонасида 15-ўрин, бир йил ўтиб жамоа 24 жамоа ичидан 20-ўринни қўлга киритган. «Нурафшон» номининг йўқолишидан сўнг олий лигада яна «Бухоро» номи асосида тўп сурган жамоа миллий биринчилигимизда айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина Ҳаким Фузайлов даврида бир бора турнир жадвалининг 5-поғонасидан ўрин олган. Жамоа бошқарувини Усмон Тошев олгандан сўнг ҳақиқий маънода клубни пароканда бўлишига олиб келди. Жамоа ҳатто бир бора олий лигани тарк этишга ҳам мажбур бўлди.

«Бухоро» номи остида эришган натижаси

Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1997
7-ўрин
«Бухоро»
34
16
5
13
57 - 55
53
1998
7-ўрин
«Бухоро»
30
13
4
13
51-50
43
1999
9-ўрин
«Бухоро»
30
10
7
13
44 - 50
37
2000
5-ўрин
«Бухоро»
38
20
5
13
73 - 60
65
2001
7-ўрин
«Бухоро»
34
15
3
16
57 - 58
48

Юқорида таъкидлаганимиздек, жамоа иттифоқ дарида айтарли натижага эриша олмаган. Фақатгина, «Нурафшон» номини олгандан сўнггина рақибларига етарли даражада муаммо туғдириш билан бир қаторда, мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олган. Жамоага «Нурафшон» номини берган клуб раҳбарияти ғалабалар бардавомлигини таъминлай оладиган футболчиларни жамоага жалб қила олган.
1990 йилги иттифоқ иккинчи лига мусобақасида 38 ўйиннинг 28 тасини рақибларини ранжитиб, 7 бор дуррангни қайт этган. Фақатгина 3 бора мағлубият аламини тортиб кўрган. Тўплар нисбати 116:25 ташкил этган. Қизиғи шундаки, энг яқин таъқибчисини нақд 10 очкога, учинчи ўриндаги «Янгиер» жамоасини 18 очкога ортда қолдира олган.
Бир эътибор беринг-а, «Нураф­шон»нинг нурли йилларида жамоа дарвозасини қўриқлаган, халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерациясининг ўзига хос рўйхатида тилга олинган Александр Тинянов, кўп йиллар жамоа таркибида майдонга тушган етакчи ҳимоячилардан бири, қанотларда ҳам, ҳимоя марказида ҳам ишончли ҳаракат қила олган Андрей Захаров, «Нур тарқатувчилар»нинг илк мавсумда кучли тўртликдан жой олишида ҳал қилувчи факторлардан бири бўлган Мустафо Билолов, ҳам ҳимояда ҳам ярим ҳимояда бирдек самарали ўйнаш имкониятига эга бўлган Геннадий Шарипов, «Нурафшон»нинг 1993-94 йиллардаги ажойиб футбол мавсумида етакчи футболчиси саналган, аммо Хиросимада зафар қучган терма жамоамиз таркибида кумуш жамоа — «Нурафшон» номидан иштирок этолмаган Садриддин Эшмирзаев, 1990-95 йилларда Бухоро футболининг эталони Юрий Агеев ва Михаил Фомин сингари таркиб ўша вақтда ҳақиқий жамоани шакллантира олган. Айнан ушбу футболчилар даврида «Нурафшон» зафарли одимларни ташлай олган. Бундай футболчиларнинг ўйинидан сўнг ҳар қандай бола футболда юксакликка интилиш учун бор куч-ғайрати билан футбол ўйнаши турган гап эди. 
«Нурафшон» номи остида эришган натижаси
Йиллар
Ўрни
Жамоа
Ў
Ю
Д
М
Т-Н
О
1992
4-ўрин
«Нурафшон»
32
20
7
5
59 - 23
47
1993
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
46 - 32
35
1994
2-ўрин
«Нурафшон»
30
20
4
6
63 - 31
44
1995
5-ўрин
«Нурафшон»
30
13
1
16
39 - 56
40
1996
5-ўрин
«Нурафшон»
30
15
5
10
52 - 39
50

«Нурафшон»ни қайта тиклайлик
Ўзингиз кўриб турганингиздек, тарихдаги рақам ва фактлар, Бухоро футболи тарихида «Нурафшон»нинг ўзига хос ўрни бўлган. Клуб ўзининг қисқа вақт ичида кўплаб жамоалар орзу қиладиган натижага эриша олди. Афсуски, тарихдаги мутхиш хато сабаб нурли жамоанинг нурафшон ёғдулари йўқотилди. Бу футболимиз тарихида аччиқ ҳақиқат бўлиб қолиб кетди.
Тўғриси, баъзида Бухоро футболининг тўхтаб қолишига айнан «Нурафшон»нинг йўқ бўлиши сабаб бўлиб қолгандир деган ҳаёл ўтади. Чунки, бир вақтлар «Пахтакор»нинг фожеаси ўзбек футболи ривожини қанчалик ортга тортган бўлса, «Нурафшон»нинг йўқолиши узоқ тарихга эга бўлган, буюк алломалар етишиб чиққан Бухоро футболи ривожини тўсқинлик қилиб тургандек. Агар иложи бўлса, ўзбек футболи мутасаддилари «Нурафшон» номини қайта тиклаб, руҳий тушкунликка тушиб қолган вилоят футболига янги ҳаёт бағишлаш онлари етиб келгандек. Мазкур ишни айни вақтга амалга оширса, тарихда содир бўлган иккинчи йўқотиш сабаб футболимизнинг ортга кетишини олган бўлардик. Айнан ўшандагина вақт деган бевафо онлар ярим аср азоб бериб келмасди. 
                                                           Фарҳод НОРБЎТАЕВ

среда, 30 мая 2012 г.

Қаҳрамон Артикбаев: “Сергелига футбол керак эмас”

Миллионлар ўйинида ҳомийлик жуда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса болаларга футбол сирларини ўргатаётган жамоага ҳомийнинг ўрни ҳам қадри ҳам беқиёс. Шу саббали ҳам ҳукуматимиз томонидан болалар футболини ривожлантириш борасида самарали меҳнат қилаётган клубларнинг моддий техник баъзасини ривожлантириш ва уларга етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш учун маҳаллий ҳокимликлар зиммасига улкан вазифани юлкатишган. Аммо ўзининг зиммасидаги вазифасини унутган айрим ҳокимликлар борки, узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган жамоалардан лоаққал аҳволинг не деб сўрамайди ҳам. Бу эса ўз-ўзидан бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган ёшлар камолотига бўлган лоқайдликни келтириб чиқаради. Лоқайдликнинг натижасини эса тушунтиришнинг хожати йўқ назаримда.
1996 йилда ташкил этилган “Сергели” футбол клуби ўзининг 16 йиллик фаолияти давомида ўзбек футболи учун кўплаб ёш ва иқтидорли футболчиларни етказиб берди. Узоқ йиллик фаолият давомида турли хил қийинчиликларни кўрган жамоа бугунги кунга келиб Сергели туман ҳокимлигининг эътиборсизлиги туфайли қийин аҳволга тушиб қолди. Биз қуйида жамоа раҳбари билан учрашиб клубда юзага келган аҳволни имкон қадар билишга ҳаракат қилдик.

- Қахрамон ака сизни футбол ишқибозлари ўзбек футболида кам сонли собиқ иттифоқ чемпионларидан бири сифатида танишади. Айтингчи ҳозирги фаолиятингиз нималардан иборат?
- Катта футболдан кетганимдан сўнг ўзим яшаб ўсган Сергели туманида футболни ривожлантириш учун бел боғладим. Шу сабабли 1996 йил “Сергели” футбол клубига асос солдим. Жамоани ташкил этганимизда борйўғи икки киши ишлар эдик. Ҳозирги кунга келиб 7 нафар мураббий фаолият юритмоқда. Ҳар бир ёш тоифасига икки нафар мураббий бириктирилган. Уларни бир бирига тандем қилиб қўйганмиз.
- Айни пайтда клубингизда қанча бола шуғулланишмоқда?
- Бугунги кунга келиб 300 нафардан ортиқ болалар клубимиз аъзоси саналади. Уларнинг ҳаммаси туманимиз ёшлари ҳисобланади.
- Клубни ташкил қилишдан кўзланган мақсад нима?
- Асосий мақсад Сергели футболини ривожлантириш. Туманимизда ўсиб келаётган ёш авлодни бўш вақтларини унумли ўтказган ҳолда уларни соғлом ва баркамол бўлиб етишишларига кўмаклашиш.
- Жамоа ҳозирда қандай мусобақаларда иштирок этмоқда?
- Айни пайтда Тошкент шаҳар иккинчи лига чемпионатида иштирок этмоқдамиз. Шу билан биргаликда Тошкент шаҳар халқ таълими бўлими ташкил этган “Болалар лигаси” мусобақасида олтита ёш тоифасидаги болалар жамоамиз  иштирок этиб келмоқда.
- Чемпионатдаги иштирокдан кўзланган мақсад нима?
- Мусобақадан кўзлаган асосий мақсад бу ўзбек футболига муносиб ёш ва иқтидорли болаларни етказиб беришдир.
- Клуб қандай ютуқларга эришган?
- Клубимиз кўплаб ютуқларга эришган ҳатто Мустақиллик Кубогини ҳам олганмиз. Чемпионатларда жамоамиз ҳар доим кучли бешликдан ўрин олиб келишади. Ундан пастга тушмайди. Бошқа жамоалар билан солиштирганда клубнинг негизини фақат ёшлар ташкил этади.
- Футболда ҳозир яратиб берилган шароит билан сизнинг даврингиздаги шароитнинг қандай фарқи бор.
- Ҳозирги шароит билан олдинги шароитни умуман солиштириб бўлмайди. Ҳозир футбол учун барча имкониятлар яратиб берилган. Болалар ўзлари тасаввур қилмайдиган даражада катта имкониятларга эга.
- Шароит яхши деяпсизу, негадир жамоанинг охирги натижалари қониқарли эмасдек?
- Ҳозирги клубларнинг барчаси ўзига яраша ишлаяпти. Кимнингдир имконияти зўр. Кимникидир ёмон. Бевосита ўзимизга келадиган бўлсак, бизда шароит йўқроқ.
- Ўзингиз Пактакор тарбияланувчиси саналасиз. Халқ жамоаси билан солиштирганда клубдаги шароит қандай.
- “Пахтакор” бу “Пахтакор”. У буюк жамоа. Унга яратиб берилган шароитни тил билан изоҳлаш қийин.
- Клубнинг ҳомийлари борми?
- Клубимизга ҳеч ким ҳомийлик қилмайди. Жамоамиз Сергели туман ҳокимлигига қарайди, холос.
- Ҳокимликка тегишли жамоанинг қандай муаммоси бўлиши мумкин?
- Кулбнинг инфраструктураси ёмон. Қолаверса, ҳозир сиз кўриб турган майдон клубга тегишли эмас.
- Кимга тегишли?
- Кимга тегишли эканлигини билмайман. Умуман олганда бизга тегишли эмас. Биз ўйингоҳдан ижара тўлаб фойдаланамиз.
- Сир бўлмаса қанча ижара ҳаққи берасиз?
- Узр, қанча тўлашимизни айтолмайман.
- Шаҳар биринчилигида иштирок этишнинг ўзига яраша шартлари бор. Буларнинг биринчиси бадал пули ҳисобланади. Бу муаммони қандай ҳал этаяпсиз?
- Юқорида айтганимдек, мақсадимиз футболимиз келажаги учун иқтидорли ёшларни кашф этиш. Шу сабабли ҳам лигада асосан ёшлар кучидан фойдаланамиз. Фақатгина тажрибали футболчи сифатида Боҳодир Саидкамолов ёрдамидан фойдаланамиз. Бадал пулига келадиган бўлсак Тошкент шаҳар футбол федерациясига 3 миллион сўм тўлаймиз. Албатта тўловни ота-онала ёрдамида амалга оширмоқдамиз. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Клубни ривожлантириш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмадингизми?
- Тўғриси, бормаган жойим, учрашмаган раҳбарим қолмади. Аммо натижа бўлмади. Шунча югур-югурдан сўнг туманимизда ҳеч кимга футбол керак эмас деган хулосага келдим.
- Сергили туман ҳокимиятигачи?
- Ҳокимиятга ҳам бордим. Аммо туман ҳокимиятида раҳбарларнинг тез-тез ўзгариши сабабли мурожаатимиз қолиб кетаяпти. Ҳар бир янги келган раҳбарга хат ва аризалар берганмиз. Кўрамиз дейишадию, эртаси куни яна бошқа раҳбар келади. Шу сабабали ҳамон мурожаатларимизнинг натижасини кўрганимиз йўқ.
- Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига мурожаат қилмадингизми?
- Тўғриси у ерга мурожаат қилмаганман. Бироқ жамғарма мавсум бошида клубни дарвоза учун сетка ва тўплар билан таъминлади. Бунинг учун уларга рахмат. Аммо бу нарса билан жамоани ривожлантириб бўлмайди. Бу профессионал клуб бўлишга интилаётган жамоа учун хамир учун патир, холос.
- Балки клуб тажрибасиз бўлгани учун эътиборсизлик бўлаётгандир.
- Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Чунки жамоамизнинг ўзига яраша тажрибаси бор. Аммо негадир эътибор йўқ. Клубни ташкил қилганимизга 16 йил бўлди. Бу вақт давомида кўплаб ёш қитидорли футболчиларни етказиб бердик. 16 ёшга кирган клубни тажрибасиз деб ўйлашнинг ўзи нотўғри. Тажрибасиз бўлганимизда сўнгги вақтларда ўзимизнинг аравамизни ўзимиз тортиб келолмасдик.
- Сергелида нечта футбол клуби бор?
- Қ.А: Туманимизда иккита футбол клуби бор. Аммо у клуб бутун Сергели тумани бўйича ишламайди. У клубда иш фаолияти бошқача. Бугун ишласа эртага йўқ. Биз бўлсак 16 йилдан бери ишлаб келамиз ва шу давр мобайнида ўзига яраша қийинчиликларни кўрдик.

Қаҳрамон ака билан суҳбатимиз қизғин тус олган бир вақтда хонага “Сергели” футбол клубида ёрдачи мураббий сифатида фаолият юритаётган Эркин Ғозиев кириб келди ва у киши ҳам суҳбатимизга аралашди.

- Клубда ёш иқтидорли болага олий лига жамоаларидан ҳам қизиқиш борми?
- Э.Ғ: Бизлар катта меҳнат эвазига болаларни тайёрлаймиз. Бироқ ўша бола салгина қармоққа илинадиган бўлгандан сўнг “Пахтаокр” ва “Бунёдкор”га ўхшаган клуб академиялари мураббийлари боланинг ота-онасини ишга солиб уни илиб кетишади. Бу оддий жамоага нисбатан инсофсизлик.
- Қ.А: Профессионал клуб академиялари тайёр кадр билан ишлашади. Биз бўлсак болага нолдан бошлаб тарбия берамиз. Аммо эндигина унинг роҳатини кўраман деб турганингда алдов йўли билан олиб кетиши кишига алам қиларкан.
- Бунинг олдини олиш учун бирор нима ўйлаб кўрмадингизларми?
- Э.Ғ: Назаримда болани ўзи шуғулланаётган жамоада ушлаб қолиш учун қандайдир шартнома тузиш керак. Чет мамлакатларда худди шундай қилишади. Токи, бизда тайёрланаётган бола бизларнинг розилигимизсиз бошқа жамоага ўтолмасин.
- Қ.А: Биздаги иқтидорли бола қайсидир академияга керак бўлдими боланинг ота-онасига эмас, бевосита клуб раҳбариятига, мураббийга мурожаат қилсин. Назаримда ҳозир жамоамизнинг ҳомийси бўлмагани учун ҳам истаган мураббий келиб иқтидорли болани олиб кетмоқда. 
- Балки иқтидорсиз болани ҳам олиб кетишар...
- Э.Ғ: Йўқ. Мен аниқ биламанки, агар боланинг иқтидори бўлмаса “Бунёдкор”га ҳам “Пахтакор”га ҳам таниш-билишсиз ўтиши қийин. Футбол академияларимиз ҳақиқатдан ҳам иқтидорли бола бўлса ҳеч қандай харажатсиз олиши мумкин. Қолганини таниш-билишсиз қабул қилмайди. Буни ҳамма билади.
- Қ.А: Масаланинг яна бир томони болани қабул қилишда бизларда шартнома деган нарса йўқ. Клубга футбол билан шуғулланиш учун келган болани иқтидори бор бўлиши ё бўлмаслигидан қатий назар олаверамиз. Чунки мақсад болаларни тарбиялаш. Уларга футболнинг сир-асрорларини ўргатиш.
- Э.Ғ: Қолаверса, биз натижа учун ўйнамаймиз. Бизга энг муҳими болаларнинг камолоти. Бизнинг меҳнатимиз эвазига қўл остимиздаги бола профессионал фаолиятини йўлга қўя олса бу бизнинг катта ютуғимиз саналади.
- Мураббийликдан бошқа иш ҳам қиласизми?
- Қ.А: Йўқ менинг ҳаётим футбол. Нима қилсам ҳам Сергели футболи учун қилаяпман. Футбол ота касб. Отам ҳам футболчи бўлганлар.
- Натижа учун ўйнамаймиз дейяпсизу, аммо ҳаётда тирикчилик, оилани тебратиш деган муҳим масалалар ҳам бор-ку?
- Қ.А: Тўғриси, бу масалани ота-оналар билан ҳал қиламиз. Клубда бирор бир мураббий ойлик маош олмайди. Уларга қўл остимизда шуғулланган болаларнинг ота-оналари пул ҳомий саналади. Чунки, улар болаларига бераётган тарбиямиз, уларни турли хил нотўғри йўлдан сақлаган ҳолда, спорт билан шуғуллантираётганимиз учун чин кўнгилдан пул беришади. Яна бир гап туманимиздаги 17 болалар ўсмирлар спорт мактабида 2 нафар мураббийимиз ишлайди. Уларнинг маоши бор. Биз ўша 17-БЎСМ билан биргаликда чемпионатда иштирок этамиз. Умуман олганда болалар учун барча ишларни ўз кучимиз ва яна бир бор айтиб ўтаман ота-оналар ёрдами билан қилаяпмиз. Тўғри бир пайтлар ҳокимият билан алоқамиз зўр бўлгани учун улар ҳомийлик қилишган. Ўша вақтларда ҳокимият болалар учун спорт формалари, тўп ва шунга ўхшаш нарсалар бериш билан биргаликда мусобақаларга бориш учун клубга автобус ажратарди. Қисқаси ҳамма нарсани бепул ташкил этиб берарди. Ҳозир бўлса йўқ.
- Ўтган йили Президентимиз томонидан “2011-2012 йилларда республикада футболнинг моддий техник базасини ривожлантириш ва уни янада мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори чиқди. Мазкур қарор асосида туман ҳокимиятига мурожаат қилдингизми?
- Э.Ғ: Бу қарор бўйича ҳам мурожат қилдик. Барибир натижа йўқ.
- Қ.А: (Ўйланиб) Назаримда Сергели туманида футбол ҳеч кимга керак эмас. Футбол фақат ўзимизга керак.
- Кўплаб ёшларни ёмон йўлга кириб кетишдан асраётган жамоага наҳот ҳеч ким ёрдам бермаса. Ахир тўғридан-тўғри ҳокимга мурожжат қилса бўладику?
- Э.Ғ: Ҳокимнинг олдига кириш муаммода.
- Қ.А: Билмадим, ҳокимиятдагилар клубни умуман ўйлашмаяпти. Тўғриси охирги йиллар ҳокимиятга кўп мурожжат қилдим. Аммо фойдаси бўлмади. Хонама-хона юриб чарчаб кетдим. Охири жонимга теккач шу пайтгача уддаладикми, бу ёғига ҳам ўзимиз бир аммалаймиз деб, охири ҳокимиятга ҳам бормай қўйдим. Худога шукурки, бахтимизга ота-оналар боласининг камолотини ўйлаб бизни тўғри тушуниб келмоқда.
- Клубнинг молиявий аҳволи яхши бўлса Биринчи лигада ўйнармидингиз?
- Э.Ғ: Ҳа. Маблағ масаласи яхши бўлса албатта ўйнаймиз.
- Қ.А: Қўшни республика жамоалари билан ҳам расмий ва ўртоқлик ўйинлари ўтказиб турамиз. Қолаверса, ҳар йили ЎзПФЛ Кубогида иштирок этамиз. Демак юқори лигаларда ўйнаш учун бизнинг кучимиз бор. Аммо доимо ўша иқтисодий муаммо ишимизга соя солиб туради.
- Э.Ғ: Жамоани шакллантиришнинг энг асосийси воситаси молиявий аҳволини яхшилаш. Агар клуб ўз иқтисодиётини тиклаб олса қўл остидаги ёшлар билан янада катта натижаларга эришиши мумкин.
- Қ.А: Худога шукур ҳозир ҳам ёмон эмас. Қилаётган ишларимиздан нолимаймиз. Аммо барибир бизга ёрдам керак.
- Ҳокимият томонидан ёрдам бўлмаса битта клубни оёққа турғизиш қийин.
- Қ.А: Ҳа, албатта. Аммо назаримда ҳокимият бизга ёрдам бермайди.
- Э.Ғ: Ёрдам беришигаку берар бироқ, вақт ўтиб бораяпти. Қанчадан-қанча ёшлар бор бу ерда. Уларнинг ҳам камолотини ўйлаш керакку ахир.
- Клуб фойдаланаётган стадион кимга қарайди?
- Қ.А: Билмаймиз.
- Э.Ғ: Бизларга айтишди эгаси бор деб, аммо у киши ким эканлигини билмаймиз.
- Қ.А: Мен бир марта эгасини уч йилча стадионни кўришга келганида узоқдан кўрдим. Кўчанинг бўйида туриб телефон орқали қўнғироқ қилиб ким сизларга рухсат берди бу ёққа киришга, ёки у бу кимга пул тўлаяпсизларми дейишди. Йўқ ҳеч кимга пул тўлаганимиз йўқ, деганимдан сўнг кетишди. Шундан сўнг у инсонни бошқа учратганим йўқ.
- Унда ижара пулини кимга берасизлар?
- Э.Ғ: Қоровулга ва стадионга қараб уни мусобақаларга тайёрлайдиган одамларга берамиз.  
- Қ.А: Тўлайдиган пулларимиз ўйингоҳ хўжайинигача бормайди. Шу ернинг ўзида бўлиниб кетади.
- Балки ҳақиқатдан ҳам кимдир сотиб олгандир?
- Э.Ғ: Биласизми, яқинда бир танишим билан суҳбатлашганимда у стадион шахсий бўлиб кетиши мумкин эмас деб айтди. Агарда жамғарма ҳисобида турган бўлса бу ўйингоҳни сотишга уларнинг ҳаққи йўқ дейишди.
- Қ.А: Гапнинг очиғи, бизлар стадион сотилмоқчими, ёки кимдир сотиб олмоқчими буни билмаймиз.
- Э.А: Халқ учун қурилган ўйингоҳни сотиш умуман мумкин эмас. Қаердадир ўйингоҳ ҳужжатлари бўлиши керак.
- Стадионни кимга тегишли эканлигини маҳалла билмайдими?
- Қ.А: Маҳала ҳам билишмайди. Улар фақат келиб ўйнаб кетишади холос.

Шу топда стадион қоровули Акмал ака (ўзини тўлиқ таништиришни истамади) кириб келди. Биз у кишини ҳам суҳбатга тортик.

- Акмал ака мазкур ўйингоҳ кимга қарашли?
- Акмал ака: ... (жим бўлиб қолди).
- Қ.А: Айтаверинг...
- Акмал ака: Ўйингоҳ шахсий... Бировга қарайди... Қаҳрамон ака ўзингиз биласизку. Ҳаммаси шахсий бир инсонга қарайди... Ўзингиз тушунтиринг...
- Қ.А: Мен тушунтирдим...
- Аниқ кимга қаршалилигини билмайсизми?
- Акмал ака: Ну.... (жим бўлиб). Қахрамон ака сиз биласизку...
- Қ.А: Мен билмайман... Билганим шуки, кимдир ўйингоҳни сотиб олмоқчи. Афсус ҳалигача стадионнинг асл эгаси ким эканлигини тагига етолганимиз йўқ. Ҳозир стадионнинг асл эгаси кимлигини билмаймиз.
- Э.Ғ: Фақат шуниси аниқки, ким сотиб олишидан қатий назар албатта клуб ташкил қилади. Умуман олганда туманимизда стадионлар кўп аммо бу ер бошқача. Гарчи келиш ноқулай бўлсада кўриб турганингиздек кўплаб болалар шу ерга келишади. Ҳатто бошқа жамоалар ҳам келиб ўйнаб кетишади.

ПС: “Сергели” футбол клуби раҳбарлари билан суҳбат жараёнида жамоа шуғулланадиган ўйингоҳ аслида кимга тегишли эканлигини билишга ҳарчанд ҳаракат қилмайлик аммо унинг кимлигини билолмадик. Суҳбатдошларимиздан олган маълумотимизга таянадиган бўлсак, стадион кимнингдир шахсий мулки саналади.
Шу топда савол туғилади. Хўш “Сергели” футбол клуби шуғулланаётган ўйингоҳ аслида кимга тегишли? Агар туман ҳокимияти тасарруфида бўлса унда нега ўйингоҳга масъул бўлган инсонлар стадионнинг мана шундай аҳволга келиб қолган бўлсада бирор бир чора кўргани йўқ. Биз газетамизнинг кейинги сонларида мазкур ҳолат юзасидан Сергели туман ҳокимиятининг фикрлари билан ҳам ўртоқлашамиз.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ суҳбатлашди