понедельник, 2 марта 2020 г.

Самарқандда ялонғоч юрган фуқаролар 15 суткага қамалди

Бугун, 2 март куни Самарқанд шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Самарқанд шаҳрида ялонғоч ҳолатда кўчада юрган фуқароларнинг ишлари юзасидан суд иши бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда. 
Ҳуқуқбузарлар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов 2020 йилнинг 29 февраль куни соат тахминан тунги 23:45 атрофида Самарқанд шаҳар Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуси олдида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг улар маст ҳолатда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, кийимсиз, яланғоч ҳолатда юриб, жамоат тартибини бузган ҳолда майда безорилик содир қилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев ҳам ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасида ҳуқуқбузарлар Ў.Турсунқулов ва Ж.Нурматовларнинг безорилик ҳаракатларига бевосита ёрдам қилиб, кийимларини олиб юрган ҳолда уларни видео тасвирга туширган. Шунингдек, уларнинг беҳаёлик ҳаракатларини интернет тармоғида тарқалиб кетишига сабабчи бўлган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилган.
Мазкур фуқароларнинг ахлоқсиз ҳаракати юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тешилги тартибда судга юборилган.

Ҳуқуқбузарлар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов суд мажлисида айбига иқрорлик билдирди. Улар ҳақиқадтда 29 февраль куни соат тахминан тунги 23:45 атрофида Самарқанд шаҳар Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуси олдида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнг маст ҳолатда таниши Ж.Нурматов билан биргаликда кийимсиз яланғоч ҳолатда юриб жамота тартибини бузган.
уқаролар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов суд мажлисида содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини таъкидлаб, ўзларига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев воқеа содир бўлган куни тунги вақтда У.Турсунқулов ва Ж.Нурматовлар унга қўнғироқ қилиб, Саттепо масканида жойлашган “Эркин савдо” мажмуаси олдига чақирганлигини билдирди. Уларнинг олдига борган вақтида У.Турсунқулов ва Ж.Нурматов кийимларини ечишиб, унинг автомашинасига қўйган. Сўнг яланғоч ҳолда кўчада юрган. Одамлар уларни видео тасвирга тушириб, интернет тармоғига қўйганлигини таъкидлаб, содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси Ориф Пардаевнинг “Дарё”га маълум қилишича, ҳуқуқбузар Ўктамжон Турсунқулов ва Жамшид Нурматов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳуқуқбузар Хуррам Донабоев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги аниқланиб, унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

воскресенье, 9 февраля 2020 г.

АВТОМАШИНА ГАЗ ЎРНИДА СУВДА ЮРАДИ(МИ?) Самарқандлик “тадбиркор” бунинг уддасидан чиқмоқчи бўлди. Аммо...

Жорий йилнинг 23 январь куни кечки пайт ўзимнинг бошқарувимдаги автомашинанинг суюлтирилган газ ёқилғиси тугаганлиги боис Самарқанд шаҳри, Сўғдиёна массивида жойлашган “Мусаффо” МЧЖга қарашли “Мусаффо петрол” АЁҚШга кириб, автомашинамга 20 литр суюлтирилган газ солдирдим. Газ “заправка” қилгач, АЁҚШдан чиқиб, озгина масофадан сўнг ёнилғини бензиндан газга ўтказдим. Аммо, автомашина юрмади. Аввалига автомобиль двигателида газ ва бензин ёқилғиси тўдаланиб қолгани сабабли шундай бўлди, деб ўйладим. Кейин яна газга қўшиб кўрдим...
Иккинчи маротабада ҳам машина дивигатели газда ўт олмай “ўчиб” қолди. Уловим газга “юрмагач”, яна бензинга ўтказиб, устахонага бордим. Уста олд капотни очиб, ҳамма ускуналарни бирма-бир назоратдан ўтказгач, машинамнинг “инжиқлигини” топди.
У эътиборимни двигателга қаратди ва газ келадиган қувурчани очди. “Фашиллаб” газ ўрнида сув оқа бошлади. Бундан ҳайратга тушгандим. Бунинг сири нимада эканлиги мени ўйлантирарди.
- Бунинг сири сиз газ олган “заправка”да, - деди устанинг шогирди.
Уста автомашинамнинг газ ускуналарини тўлиқ ечиб, тозалаб, қайтадан ўрнатиш кераклигини, бунинг учун эса кўп вақт талаб этилишини айтиб, машинани шу ерда қолдиришим кераклигини таъкилади.

- Ҳалиям омадингиз бор экан, сув моторга ўтиб кетганда етти-саккиз миллион сўмга тушишингиз мумкин эди, - деди уста.
Бу гапни эшитгач жуда асабийлашдим. Бу “заправка”дан менга ўхшаган юзлаб инсонлар автомобили учун газ олиши кўз олдимга келиб, АЁҚШ ходимларини инсофга чақирмоқчи бўлдим.

«Мусаффо петрол» АЁҚШга бориб, автомашинамга газ ўрнида сув “заправка” қилинганини айтдим. Масалага ойдинлик киритиш учун ходимларидан АЁҚШ раҳбарини чақиришларини сўрадим. Бироз фурсатдан сўнг етиб келган АЁҚШ раҳбари (сўраб суриштириб исми Комил эканини билдик) мени тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган товламачи сифатида айблади. Энг қизиқи, у мени бирор оғиз гапириришимга қўймай, оғзидан фақат ҳақоратли сўзлар чиқариб, нафсониятимга тегди. Ёнига тўпланган тўрт-беш нафар гумашталари ҳам унга қўшилиб, мени товламачи, туҳматчи, дея ҳақорат қилишга тушишди. Уларнинг бу ерда жанжал чиқаришдан манфаатдор эканликларини англагач, кетишга мажбур бўлдим.

Бироқ, ҳамма томоша эртаси куни бошланди. Аввалига, “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлимига мурожаат қилдим. Инспекция раҳбари хизмат сафари билан туманга кетганлиги боис, Дилшод исмли бош мутахассисига учрашишимни айтди. Дилшод “Мусаффо петрол” АЁҚШда мен билан бўлган можарони батафсил тинглаб, ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтди. Ҳеч бўлмаганда, автомашинамнинг газ баллонидаги суюқликнинг таркибини ўрганиб беришларини сўрадим. Бироқ, мутахассис инспекцияда газ маҳсулотларининг лабораторияси йўқлигини билдирди.

Шу ўринда бир нечта савол туғилади: биринчидан, шикоят асносидаги мурожаатга ҳеч қандай чора кўраолмаслигини маълум қилган мазкур инспекциянинг функционал вазифаси нималардан иборат? Иккинчидан, ҳатто газ маҳсулотлари таркибини текширадиган лабораторияси мавжуд бўлмаган инспекция мен билан бўлган каби ҳолатларда қандай хулоса бериши мумкин? Учинчи ва асосийси, ушбу инспекцияда газ таркибини текширадиган лаборатория йўқлигини билган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбарига ўхшаган “тадбиркор”лар суюлтирлаган газга сув қўшиши мумкинми? Инспекциядан чиқар эканман, шу каби жавоби йўқ саволлар гирдобида қолдим.

Орадан уч-тўрт соат ўтганидан сўнг, “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи қўнғироқ қилиб, инспекция масъулли “Мусаффо петрол” АЁҚШга бориб ҳолатни ўрганаётганлигини маълум қилди. Бундан қувониб, мен ҳам мазкур тафтишда иштирок этишга иштиёқим борлигини билирдим. У масъул ходими ўша ерда мени кутишини тайинлаб қўйишини айтди. Дарҳол йўлга чиқдим. Аммо, АЁҚШга борганимда инспекция масъули Дилшод ва АЁҚШ раҳбари Комил ака электр энергиясида узулиш бўлганлиги сабаб ҳолатни ўрганишнинг иложи йўқлигини таъкидлашди. Бизга берилган бу “имконият”дан унумли фойдаланиш мақсадида, вазиятдан чиқиш чораларини изладик. Аввал шаҳар, кейин вилоят электр тармоқлари идорасига телефон орқали мурожаат қилдим. Бироз вақт ўтгач ҳар иккала ташкилот ҳам қайта қўнғироқ қилиб, мазкур ҳудудда электр таъминотида узулиш бўлмаганини, АЁҚШда атайлаб “свет” ўчирилганини айтишди.

Томошанинг навбатдагиси, мазкур АЁҚШда автомашиналарга сув қуйилаётганини айтиб, ўнлаб истеъмолчилар жанжал қилаётган бўлсада, автомобилимга газ ўрнига сув қуйилганига хали ҳам ишонч ҳосил қилаолмаётган тадбиркор Комил ака автомобилимга у томондан қуйилган газни ўзининг таниши бўлган устага кўрсатишимизни сўради. Тадбиркорнинг қистови билан инспекция мутахассиси ҳамроҳлигида уста ҳузурига бордик. Ўзини “Элдор” дея таништирган уста эса автомашинамнинг газ баллонига қуйилган суюқлик сув эканлигини тасдиқлади.

Хуллас, ўша куни соҳа мутахассисининг ўрганувидан натижа бўлмади. Тадбиркор эса юзлаб, минглаб истеъмолчиларга “пуллаётган” ушбу суюлтирилган газни харид қилган пайтида завод томонидан бериладиган лаборатория хулосасини кўрсатолмади.

Шу сабаб, икки кун давомида ўз ечимини топаолмаган “машмаша”нинг асосий жумбоқларини баён этишни лозим топдик. Хўш, ушбу тадбиркор истеъмолчиларга қанча сув сотди ва сотаяпти? Ахир бир овқатнинг ачиганини билиш учун уни ҳаммасини ейиш шарт эмас-ку! Бир эмас, икки эмас, ўнга яқин истеъмолчиларнинг шикоятидан керакли хулоса чиқариб савдони тўхтатмаган тадбиркорни қандай аташ мумкин?! Яна, бу ҳолатга тегишли мутасаддилар томошабин бўлиб туришининг сабабини билишни истар эдик. Агар “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбарияти бу борада бирор шикоят бўлгани йўқ, дея ўзини оқласа, унда меннинг жорий йил 24 анвардаги мурожаатимчи? Нега ушбу мурожаатимга ҳозирга қадар жавоб бўлмаяпти?

Дарвоқе, ушбу АЁҚШда бир неча бор бўлсакда бирор марта, бирор кишига харид учун чек берилмади. Бунинг сабабини ўрганишларини сўраб вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилдик, аммо бирор натижа бўлмади.

Ўйлаймизки, мамлкатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган, юзлаб истеъмолчиларни сарсон қилаётган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбариятига ўхшаган “тадбиркор”ларнинг ҳам жиловини тортадиганлар бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу масалани атрофлича ўрганади, деган умиддамиз. Акс ҳолда биз бу мавзуга яна ва яна қайтаверамиз!

Элдор МУҲАММАДИЕВ,
журналист.

среда, 29 мая 2019 г.

“Озодлик”ка чиққан видео ҳеч қандай асосга эга эмаслиги аниқланди

Жорий йилнинг 14 май куни “Озодлик” радиосида “Давлат диспансери бўлатуриб, хусусий шифохонада даволанишга мажбурмиз” сарлавҳаси остида видео тарқатилди. Видеода самарқандлик Фаррух Раҳимов қандли диабет касаллигига чалинган отаси Нуриддин Раҳимовни 30 апрель  куни даволатиш учун Самарқанд вилоят эндокринология диспансерига олиб борганлигини билдирган.
– Ундан аввал ҳам камида 5 марта мурожаат қилдим. Бир ярим йилдан бери бош шифокор “жой ҳам, “сахар”ни даволайдиган врач ҳам йўқ” дейди. Охирги марта жуда қўпол муомала қилди. Беморлар 6-7 ойлаб навбат кутар экан. Ноилож дадамни хусусий клиникага ётқиздим. 6 ойдан кейин яна даволатишимиз керак. Аммо вилоят эндокринология диспансеридан умид йўқ. Давлат шифохоналар қуриб бераётган бўлса, нега биз хусусий клиникаларга қатнашимиз керак, деган ваажларни келтириб, мазкур ҳолатни журналистлар келиб ўрганишини сўраб мурожаат қилган.
“Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев мазкур ҳолат бўйича жрналистик суриштирув олиб борди.
Самарқанд вилоят эндикринология диспансери 2018 йилда 60 нафар беморни даволаш имкониятига эга бўлган. 2019 йилнинг 6 майдан диспансернинг янги биноси фойдаланишга топширилиб, бир вақтнинг ўзида 120 нафар беморни даволаш имконияти яратилган.
Самарқанд вилоят эндикринология диспансерининг бўлим бошлиғи Азиза Юсупованинг маълум қилишича, “Озодлик”ка мурожаат қилган фуқаро Фаррух Раҳимов отасини инсульт олганлигини баҳона қилиб бирор маротаба беморни диспансерга олиб келмаган. Фуқаро Фаррух Раҳимов отасини диспансерга олиб келмаганлиги бўлим бошлиғи А.Юсупова билан бўлиб ўтган суҳбат видео тасвирида аксини топди. 
Шунингдек, ўзаро бахслашувлар ёзиб олинган видео ва аудио ёзувларда диспансернинг бош шифокори фуқаро Фаррух Раҳимовга агар отангиз инсульт олиб юролмайдиган бўлса мутахассисимиз бориб кўрикдан ўтказади. Ҳақиқатдан ҳам инсульти оғир бўлса, унда неореанимация бўлими мавжуд шифохонада даволанишлари кераклигини айтган. Аммо фуқаро бу сўзларга эътибор қаратмаган. Бу ҳолатни бемор Нуриддин Раҳимовни бир неча марта даволаган шифокор эндокринолог Азиза Мунисова ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича диспансернинг бош шифокори Гулзода Негматова фуқаро Ф.Раҳимовга отасини уйига бориб мутахассис кўригини ташкил этиш кераклигини билдирсада, беморнинг ўғли бош шифокорнинг таклифини рад этиб чиқиб кетган.
Самарқанд вилоят эндикринология диспансери шифокорлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида Фаррух Раҳимов бир неча бор диспансерга келишига қарамай бирор марта отасини кўрикдан ўтказиш учун олиб келмаганлигини ойдинлашди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундакки, намойиш этилган видеода фуқаро Ф. Раҳимов отасини мазкур диспансерга бир ярим йилдан буён даволатиш учун жойлаштира олмаётганини билдирган. Аммо, ўрганиш вақтида шифокорлар бизга тақдим этган касаллик варақасидан билиш мумкинки бемор Нуриддин Раҳимов 2018 йилда икки маротаба, яъни 2018 йилнинг 23 февралидан 5 мартгача, сўнг 22 сентябридан 2 октябригача айнан вилоят эндокриналогия диспансерида даволанган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, Фаррух Раҳимов отасини ётқизиш керак деб, ҳар сафар тушдан сўнг мурожаат қилган. Диспансер тартиб-қоидаларига кўра, беморлар ётқизилиши учун эрталабки лаборатория текширувлари зарур. Беморлар соат 12:00га қадар тиббий кўрикдан тўлиқ ўтказилиб, сўнг даволаниш учун ётқизилади.
– Охирги марта мен беморнинг ўғли билан 4  май куни суҳбатлашганман. (Айнан ўша куни фуқаро Ф.Раҳимов томонидан “Озодлик”ка видео тасвир жўнатилган.) Келган куни ҳам Фаррух Раҳимовдан отангизни олиб келдингизми деб сўрадим. У эса отаси уйда эканлигини маълум қилгач, унда эртага эрталаб олиб келинг, тибий кўрикдан ўтказиб, ётқизишимизни билдирдим, -дейди вилоят эндикринология диспансери бўлим бошлиғи Азиза Юсупова. – Мен ўзим иккинчи қаватда ишлайман, агарда отангиз юқори қаватга чиқа олмайдиган бўлса биринчи қаватдан жой қилиб берамиз ва диспансеримизнинг энг яхши шифокорлари назоратида бўлишини айтдим. Ф.Раҳимов хўп деб чиқиб кетиб, қайтиб келмади.
Бемор Н. Раҳимов диспансерда даволанган вақтида муассасанинг невропотолог, кардиолог, окулист кўригидан ўтказилган экан. Диспансер эндокринологи Азиза Мунисова маълум қилишича, беморда қандли диабет касаллигидан ташқари буйрак ва юрак билан боғлиқ касаллиги ҳам аниқланганлиги сабабли мутахасислар беморга вилоят ихтисослашган тиббиёт муассасаларида даволанишни давом эттиришини тавсия этган.
Яна бир эътиборли томони, амалдаги меъёрий талабларга кўра, вилоят ихтисослаштирилган муассасаларига, жумладан, вилоят эндокринология диспансерида ётиб даволаниш учун яшаш ҳудудидаги поликлиника мутахассиси кўригидан ўтиб, йўлланма асосида келиш керак. Бироқ, Ф.Раҳимов ҳеч қандай йўлланмасиз келиб, отасини ётқизишини талаб қилган. Ваҳолангки, тартиб бўйича тўғридан-тўғри келиб ётишга йўл қўйилмайди. Қолаверса, бемор Н.Раҳимов яшаш манзили бўлган Самарқанд туманидаги тиббиёт бирлашмасида ҳам қандли диабет билан оғриган касалларни даволаш учун 20 ўринли бўлим мавжуд. 
– Бугунги кунда Самарқанд  вилоятида  қандли диабет касаллиги билан оғриган 26 минг нафар бемор бор. Бизлар бир вақтнинг ўзида барча касалларни шифохонага жойлай олмаймиз. Қолаверса, қандли диабет касаллигидан ташқари 4 мингга яқин бошқа эндопотолог касалликлар ҳам бор. Улар ҳам шифохонада ётиб даволанишни исташади. Шунинг учун бу ерда даволанаётган барча беморлар йўлланма асосида тартиб билан даволанади. Буни ҳам тўғри тушуниши керак. Айнан ана шундай ноқулайликлар келиб чиқмаслиги учун, аҳоли сони кўп бўлган Каттақўрғон, Пастдарғом, Ургут, Нарпай ва Самарқанд туманларида ҳам қандли диабет билан оғриган беморлар учун даволаш ўринлари ажратилган, -дейди вилоят эндикринология диспансери бўлим бошлиғи Азиза Юсупова.
Журналистик суриштирув давомида мазкур муассасада даволанаётган беморлар билан суҳбатлашдик. Қандли диабет касаллиги билан оғриган бемор Хайринисо Ортиқова 5 йилдан буён даволаниб келаётганлиги, бу вақт оралиғида диспансерда ҳеч қандай муаммо бўлмаганлигини билдириб ўтди.
– Бир йилда баъзан икки марта, баъзан бир марта ётиб даволанаман. Бирор маротаба навбат кутиб қолганим йўқ. Доимо йўлланма билан келиб, тартиб бўйича навбатга ёздириб, тиббий кўриклардан ўтиб, сўнг даволанишга ётаман.  Ҳозир ётиб даволанаётган палатам ҳам бўлим шифокорлари хонасининг рўпарасида жойлашган. Уларнинг кирган-чиққанини, қандай беморлар келганини ҳаммасини кўриб, кузатиб ўтираман. Бу ердаги кўплаб шифокорларнинг қўлида даволандим, уларнинг ҳаммаси беморларга алоҳида эътибор билан қарайди, дейди Хайринисо Ортиқова. – Бир неча кун олдин кимдир келиб отаси инсульт олганлигини, аммо шу ерга келиб даволатмоқчилигини билдирди. Шифокорлар унга тушунтиришди. Отасини олиб келишини айтишди. Бироқ шифокорларнинг тушунтиришига қарамай, уларнинг гапига қулоқ солмади.  У фуқаро йўқ жойдан жанжал чиқариб, бақир-чақир қилиб шифокорларнинг ҳам бу ерда даволанаётган беморларнинг ҳам асабини бузди. Отасини олиб келмасдан, уни ётқизишини талаб қилди. Ўша фуқаро (Ф.Раҳимовни назарда тутмоқда) шифокорларни ноҳақ айблади. Мен қаерда бўлса ҳам уни ноҳақлиги бўйича гувоҳлик бера оламан.
Фаррух Раҳимов “Озодлик”ка йўллаган видео мурожаатида отасини хусусий клиникада даволаётганлигини иддао қилган. Журналистик суриштирув давомида бемор Н.Раҳимов “Боховуддин фарм” хусусий клиникасида қандли диабет кассаллиги бўйича эмас, балки буйракдаги касаллик бўйича даволанганлиги аниқланди. Бу ҳақида клиника раҳбари олий тоифали уролог, тиббиёт фанлари номзоди Захриддин Камолов қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Нуриддин Раҳимовни 35 йилдан буён танийман. У илк бор менга мурожаат қилганида иккала буйрагида тош борлиги аниқланган. Ўша вақтда буйракни операция қилиш учун имконият йўқлиги сабабли Н.Рахимовни Москвага операция қилиш учун юборганмиз, дейди Захриддин Камолов. – Май ойларининг бошида менга келиб шу ерда даволанишини айтди. Мен бу ер хусусий шифохона эканлигини, қўлида иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган маълумотномаси асосида давлат муассаларида бепул даволаниш имконияти борлигини айтдим. Бироқ, аввал ҳам мен даволаганлигимни айтиб шу ерда даволанаман деб туриб олди.
Захриддин Камоловнинг такидлашича, Н.Раҳимов буйраги оғриганлиги сабабли даволаниш учун ўз ихтиёри билан келган.
Суриштирувлар вақтида фуқаро Фаррух Раҳимов вилоят эндокриналогия маркази  шифокорларига отасини даволатиш учун асоссиз талаб қўйиб, мавжуд тартиб-қоидаларни  бузган ҳолда иш тутишни мақсад қилганлиги ойдинлашди. Фаррух Раҳимовни барчага маълум бўлган оддийгина талаб ва тартибга риоя қилмай, нотўғри маълумот асосида “Озодлик”ка йўллаган видеомурожаати остида нима мақсад ётганлиги бизга қоронғу. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Бемор отасини шифохонага кўрикка олиб келмасдан, бутун бошли вилоят эндокриналогия диспансери устидан бўхтон уюштирган Фаррух Раҳимовга отасининг соғлигидан кўра, “Озодлик”ка видео йўллаш муҳимроқ бўлиб туюлдими?

пятница, 3 августа 2018 г.

Таълим-тарбияси бўлмаган футбол академиялари оммавий саводсизлик, билимсизликни келтириб чиқаради


2018 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг негизида 14 та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказиш ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолиш белгиланган. 
Мана ушбу қарор чиққанига ҳам тўрт ойдан кўп вақт ўтди. Хўш, ўтган вақт давомида қарорда келтирилган футбол академиялари қандай шакллантирилди. Истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш мақсадида қилинаётган ишларнинг бугунги ҳолати қандай. Футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг ўрнига футбол академияларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор тўғрими? 
Назаримизда академия қуриш режаси – бу ўйламай, фикрланмай қилинган иш. Академия қилишда қарор қабул қилиндию, лекин ҳозирда бирор бир вилоятнинг футбол академиясини аниқ жойи йўқ. Масалан, Бухоро вилоятида футбол академияси шаҳардан 61 километр узоқликда жойлашган Шофиркон туманида бўлиши белгиланган. У жой эса академия талабларига умуман жавоб бермайди. Биринчидан, академиянинг биноси йўқ. Иккинчидан, ЎФАга қишлоқ хўжалик коллежини олиб бердик деб айтишган. Аммо президент қарори асосида қишлоқ хўжалик коллежлари ёпилмаслиги белгиланган. Бухоро аграр вилоят эканлигини ҳисобга олсак, коллеж биноси футбол академияга берилмайди. Демак, бу академияда бино муаммо.  
Самарқандда эса футбол мактаб интернатини академияга айлантириш режалаштирилган. Аслида бу ер ҳам академия талабларига умуман жавоб бермайди. Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида футбол академияси учун 7 гектар ер майдони ажратилган. Аммо ҳалигача бирорта ғишт ҳам қўйилмаган. Аввал ҳам жойи ноаниқ бўлган Қашқадарёда ҳалигача академиянинг жойи аниқ эмас. “Академиячилар” кўчада қолиб кетган. ЎФАга коллеж биноси ва ётоқхона учун қайсидир меҳмонхонани бердик дейилган. Аммо бу ҳам қуруқ гап. Намангандаги аҳволни эшитиб «йиғлагинг» келади. Бўлғуси футбол академияси боғчада жойлашган. Ассоциацияга “Олимпия” стадиони берилганлиги билдирилган бўлсада, бироқ ўйингоҳда “академиячилар”ни қўйишмайди. 
Афсуски, футбол академияларини ташкил этиш бўйича бутун республика бўйича аҳвол шундай. Болалар сараланиб ётибди. Аммо уларни қаерга ўқитишни билишмайди. Ваҳолангки, “2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш” Дастурида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва ЎФА билан ҳамкорликда ижрочиларнинг маблағлари асосида жорий йилнинг июл ойигача футбол академияларини ташкил этиш белгилаб қўйган.  
Бирданига 14 та академия қуриш бу жуда оғир масала. Футбол академияларини ташкил этишни босқичма-босқич амалга ошириш керак. Биргина Қашқадарёдаги академия 11 йил давомида қурилган. Биз эса уч ойда қурмоқчимиз. Ҳатто “Реал” ва “Барселона” академиялари ҳам уч ойда қурилмаган бўлса керак. Бу шошмашошарлик билан ўзини “юқорига” яхши кўрсатиш учун қилинган ишлиги шундоққина кўриниб турибди. Президентга яхши кўриниш учун манашундай қилсак яхши бўлади деб кимнингдир ўйламай чиқарган таклифи сабаб футбол мактаб интернатларида ўқиётган болалар аросат кўчасида қолиб кетган. 
Футбол академиясини молиялаштириш масаласи ҳам мужмал. Нодавлат ташкилотни бюджет маблағи асосида молиялаштиришнинг аниқ йўналиши йўқ. Академияни қайси йўл билан молиялаштириш масаласи ҳам катта сўроқ остида турибди. Қолаверса ҳеч бир мамлакатда давлат ташкилоти нодавлат ташкилотига бўйсуниб иш тутмаса керак.   
Маълумотларга кўра “Бунёдкор” стадионида жойлашган Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси директори Асқар Толибжонов экан. Толибжоновни ўзбек футболига фойдасидан кўра зарари кўп текканлигини ҳамма билади.  Янги талаб бўйича 14 та футбол академияси Республика академиясига болаларни етказиб бериши керак. ЎФАдаги барча академияларни ташкил қилиш раҳбарининг Самарқандда қандай савиядаги мураббийларни академияга тавсия қилганини ҳам кўрдик.
Ҳали футбол академияси қурилмасдан, аниқ бинога эга бўлмасдан туриб болаларни саралашу, у ерга директорларни танлаш бўйича ишларни бошлаб юборгани кишини ўйга толдиради. Аниқ биноси, ойлик маоши, иш режаси йўқ ташкилот қандай қилиб бировни ишга ола билади. Ишга кирадиган инсон ойлиги қанчалигини сўраса, ота-оналар қабул қилинган ўқувчилар қаерга ётади деган саволни берса бунга қандай қилиб жавоб бериш мумкин. Бирор бир ишни қилишдан олдин аниқ бир базани яратиб, сўнг амалга оширса бўладику? 
Масалан Самарқандда академия ташкил қилиниб, биринчи йили фақатгина 5-синфга қабулни қилиш керак. 3-4 йил давомида болаларни шу тарзда қабул қилиб бориш керак. Бу вақт оралиғида 5-4 гектарли майдонда бир нечта стадионларга эга бўлган академияни ҳам қуриб бориш лозим. 6 ойда ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Жаҳон талабларига жавоб берадиган академияни қуриш учун эса 5-4 йил вақт керак бўлади. 
Янги талаб бўйича академияда ўқиш бўлмайди. Болалар бошқа мактабга бориб ўқийди. Бу эса тизимдаги энг катта хато. Академияга келаётган бола ё дарсга ёки машғулотга улгурмайди. Масалан, академияда соат 12да машғулот бошланса 1 километр наридаги мактабга ўқийдиган бола у ерга бориб келгунча 1 соат вақт кетади. Бизда таълим соҳасида аниқ фанлар бўйича дарслар асосан 3-4 соатларда ўтилишини ҳисобга олсак академияда тарбияланаётган бола ё математика ёки физика фанига қатнашмайди. У дарсдан келиб овқатланиб академияга боргунча яна 1 соат вақт ўтади. Бундай ҳолатларда болаларни нафақат футбол ўйнашидан чиқариб юборамиз, балки таълим-тарбияга, Ватанга бўлган меҳрини ҳам йўқотамиз. 
Агар академия шу тарзда ташкил этиладиган бўлса дарс бўлмайди, талим тарбия бўлмайди, болаларда билим бўлмайди, салоҳият бўлмайди. Ўз-ўзидан оммавий саводсизлик, билимсизлик келиб чиқади. Ҳозирда футбол мактаб интернатларида фаолият юритувчи ўқитувчилар, мураббийлар ва тарбиячиларга жавоб бериб, қайтадан мураббийлар саралаб олиниши кўзда тутилган. Биргина Самарқанддаги футбол мактабида ҳозирги кунда 60 нафар ходим ишлайди. Футбол академияси сабабли бугун улар ишсиз қолиш арафасида. Агар бутун республика бўйича ҳисоблайдиган бўлсак ўртача ҳисобда 840 нафар одам ишсиз қолади дегани. ЎФАнинг янги талаби бўйича мураббийлар қайтадан саралаб олинади. Агар самарқанддагидек мураббийлар таниш-билишчилик асосида сараланиб олинса, унда бошқа мураббийлар фаолиятини тугатса ҳам бўлаверади. 
Яна бир гап. Академияда мураббийлар ўқувчиларни мактабга келиб-кетишини назорат қилади дейилган. Агар шундай йўл тутиладиган бўлса бунақада боланинг тарбияси ҳам катта сўроқ остида қолади. Мураббий футбол ўргатсинми ёки бола қачон мактабдан келади, қачон овқат ейди, кечқурун қандай ётибди шуни назорат қилсинми? Ахир бундай йўл тутиш бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. Биз испан ёки инглиз эмасмиз. Бизда назорат керак. Назорат бўлмаса хохлаган ишини қилаверади. ЎФАнинг фаолияти футбол бўлсада, энг аввало таълим-тарбия бериш масаласини илгари қўйиш керак. Таълим-тарбия бўлмаган академияда ҳеч қандай натижа бўлмайди. 
Фикримни яна бир мисол билан тўлдирмоқчиман. “Бунёдкор” академиясининг контенгенти 320 тани ташкил этади. Ҳозирда  шаҳар, туман ва вилоятлардан келган 920 нафар бола академияга қатнайди. Маълумотларга кўра 920 нафар боладан 580 таси ҳеч қаерда ўқимайди. Улар фақат нақд пул бериб машғулотларга қатнашиб келмоқда. Мураббийлар эса эрта, эртадан кейин оламан деб болаларни алдаб юрибди. 
Маълумотларга кўра, “Бунёдкор” академиясини ўрганиш жараёнида ҳаттоки ўқишни ҳам ёзишни ҳам билмайдиган болалар борлиги аниқланган. Улар беш йил умрини ўтказиб, на футболчи бўлган ва на жамиятга керакли инсон бўлиб етишган. Хўш, айтингчи, бу фожеа эмасми? Ўзбек футболининг келажагини шундай қурамизми? Шу тариқа иш тутиладиган бўлса футболни ривожлантирамиз деб, саводсизликни оммалаштириб қўймаймизми?  
Бунақа муаммолар кўп. ЎФА буларнинг ичига кириб ўрганмаган. Кабинетда ўтириб олиб  ҳомийликдан келаётган пулларни еб ётган ташкилот қаердан билсин бунақанги муаммоларни. Аслида муаммо жуда оғир. Бу келажагимиз бўлган ёшларнинг тарбияси, билими билан боғлиқ масала. Футбол академиясининг бу тарзда ташкил этилиши футболни ривожлантириш эмас, балки оммавий билимсизликни келтириб чиқариши аниқ.
Аслида эса ассоциация футбол мактаб интернатларига тегмаслиги керак. Боиси рақобат бўлади. Рақобат бўлган жойда ўсиш бўлади. Болаларда танлаш имконияти туғилади. Қайсиси яхши дарс ва машғулот ўтса ўшанга бориларди. Рақобат бўлса футбол академия ҳам интернат ҳам ўз устида ишларди. Энг муҳими янги иш ўрни яратиларди. Агар шундай рақобатга чидай олса ЎФА футбол мактаби интернати фаолиятига тегмасдан алоҳида футбол академиясини ташкил этиб исботлаб берсин. 
Футбол мактаб интернатларининг ёпилишига уларнинг яхши натижа бермаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аслида эса натижа бермасликнинг бошқа бир сабаблари ҳам бор. Биринчидан мактабларда 9 йиллик ўқиш тизими жорий этилиши натижасида энди натижа кўрсатадиган бола коллежга бошқа мураббий қўл остига ўтиб қолган. Коллежда янги мураббийга мослашгунча орада 3 йил ўтиб кетади. Натижанинг қониқарсиз бўлишининг асосий омилларидан бири шу.
Иккинчидан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил қилинганидан бери сўнгги икки йил мобайнида футбол мактаб интернатлари ўртасида бирорта тайинли мусобақа ташкил қилинмаган. Футбол мактаб интернатларидан яқин икки йил давомида китобинг борми, дафтаринг борми, деб сўраш тугул аҳволинг, шароитинг қандай деб сўрайдиган одам топилмаган. 
Хабарларга кўра, Навоийда академияга директор тайинлаш масаласида қизиқ ҳолат юзага келган. Навоий вилоятидан ЎФАга учта директор келган. Умид Аҳмаджонов биттасига директор бўлишини билдирган бўлса, Асқар Толибжонов бошқасига сен бўласан деган. Яна бирига Шавкат Имомов директор бўлишини билдирган. Натижада ассоциацияда катта жанжал юзага келган. Биттаси спорт бошқармадан йўлланма олиб келган бўлса, биттаси вилоят ҳокими ўринбосари, яна бири эса вилоят ҳокимидан йўлланма олиб борган. Самарқандда эса умри давомида болаларга машғулот ўтмаган инсон директор бўлиш арафасида. Мураббийларнинг ярмидан кўпи вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президентининг яқинлари. 
Бизнинг назаримизда футбол мактаб интернатларини Халқ таълим вазирлиги бошқарса мақсадга мувофиқ бўлади. Боиси, футбол мактаб интернатини тугатган боланинг ҳаммаси ҳам футболчи бўлиб кетмайди. Футболчи бўлолмаган бола ҳаётда ўз йўлини топиш учун бошқа соҳани танлайди. Бошқа соҳада ишлаши учун эса болада билим бўлиш керак. Халқ таълими вазирлиги тизимида бўлса таълим бериш сифатига эътибор қаратилади. Футбол мактаб интернати ёки академияни тугатган бола ҳеч бўлмаганда ўз исм-фамилиясини ёзишни билади. ЎФА эса Халқ таълими тасарруфида бўлган футбол мактаби ва академиясида ўтказиладиган машғулотларни, мусобақаларни назоратга олса кифоя. 
Ҳозирчи, футбол мактаб интернати ўқувчиларини Халқ таълими вазирлиги тасарруфида ўтказиладиган билимлар синовига борса қабул қилмайди. Футбол интернатларига эътибор ҳам бермайди. Бунинг сабаби сўралганда уларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига қарашли эканлиги айтилади. Халқ таълими вазирлиги мактабларга бадий китоблар, ўқув қўлланмалар беради. Футбол интернатларига бўлса йўқ. Умуман олганда раҳбарият томонидан футбол интернатларнинг таълими эътибордан четда қолиб кетган. Агар футбол интернати ва академияси Халқ таълими вазирлиги назоратига ўтса, улардаги таълим сифати яхшиланиши баробарида спортнинг ҳар қандай турини оммалаштириш мумкин.
ЎФА билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг вазифаси эса оддий. Мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш. 

Фарҳод Норбўтаев.

пятница, 27 апреля 2018 г.

ПФЛ СЎЗИДА ТУРМАДИ! СЎНГГИ УМИД САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ТУРОБЖОН ЖЎРАЕВДАН!

Инсонийлик мезони нима? Бу саволнинг жавобини бундан салкам олти аср олдин буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари айтиб кетган эди:
Одамий эрсанг демагил одамий,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.
Инсонийликнинг мезони шу! Ҳар бир киши
модомики, инсон деган буюк рутбага муносиб бўлишни истар экан, у ўзгалар дардига шерик, ҳамдард ва ҳаммаслак бўлишга маҳкумдир. 
Афсуски бу дунёда инсонийлик тушунчаси ҳаммада ҳам баравар бўлавермайди. Айниқса, кўз ўнгингда кимдир ҳаётда яшаши, бу ёруғ дунёнинг бир неча дақиқалари учун курашаётган бир вақтда, унинг сабабчилари шунчаки, ақлан ўзини четга тортиб, моддий ва маънавий ёрдамни бермай турса, оғир дард билан курашаётган инсон дардига яна юз бор дард қўшилиши турган гап.
2014 йилнинг 24 октябрь куни Тошкентда
«Локомотив»га қарши кечган ўйин Сирожиддин Сайфиев учун профессионал фаолиятидаги сўнггиси бўлди. Ўша ўйинда у «Динамо» учун борини бериб ўйнади. Аммо 84-дақиқада содир бўлган ўша машум воқеа ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Алам қиладигани шундаки, жароҳатдан сўнг тез тиббий ёрдам машинасида уни пойтахтдаги «Травматология ва ортопедия республика илмий текшириш институти» шифохонасига олиб келишди. Бироқ футболчининг ортидан «Динамо» клуби раҳбариятидан ҳеч ким бормади. Ҳол-аҳвол ҳам сўралмади. Тақдир экан ўша оғир кунларни ҳам енгиб ўтган Сирожиддинни кутилмаганда бошқа бир дард қамраб олди. Ҳеч ким кутмаганда у саратон касаллигига чалинди.
Бу хабарни эшитиб қанчадан-қанча инсонлар карахт аҳволга тушиб қолди. Кўпчилик, унинг бу дардга йўлиқққанига ишонмади ҳам. Бу гаплар шунчаки ёлғон дея эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Аммо аччиқ бир ҳақиқат шунда эдики, умрини «Динамо» жамоаси ва Самарқанд футболига бағишлаган Сирожиддин Сайфиев оғир дардга чалингани рост эди.
Сирожиддин Сайфиевнинг оёғи сингандан сўнг бошидан кечирган кечинмаларини аввал ҳам ёзган эдим. Бу сафар ҳам уни такрорлаш ниятим йўқ. Аммо бугун бетоб бўлиб, ҳаётда беш кун бўлсада яшашга умид қилган инсонни «Динамо» клуби раҳбарияти йиллар давомида алдаб келаётганлигини айтмасам бўлмайди. 
Ҳа, бугун саратон касаллиги сабаб ўлим билан
курашаётган Сайфиевни “Динамо” клуби раҳбари Шуҳрат Ҳотамов ва футболни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Жўраевлар мана неча йилдирки “қулоғига лағмон” илиб келмоқда. Айнан уларнинг найранглари, ёлғонлари, сохта маълумотлари, клубдаги, умуман Самарқанд футболида қилаётган молиявий ўғирликлари сабаб бугун миллионлаб самарқандлик футбол ишқибозларининг севимли ўйинчиси бўлган Сирожиддин Сайфиев Москвада пулсиз қолиб кетди.
- Мен бу ерда (Москвада) ҳаёт билан курашаяпман! Яқинларим, дўстларим билан яна аввалгидек бирга бўлиш учун ҳаракат қиляпман. Аммо “Динамо” клуби раҳбари Шуҳрат Ҳотамов ва фонд бошлиғи Бахтиёр Жўраевлар неча йилдирки мени алдаб, пешона терим билан топган пулларимни бермаяпти. Натижада мана икки ҳафтадирки муолажани ололмаяпман. Бу ерда муолажасиз ўтаётган ҳар бир куним ҳаётимга зиён. Ҳар дақиқа мен учун ғанимат. Аммо улар буни тушунмаяпти. Тушунишни истамаяпти. 
Оғир хасталикка чалинган Сирожиддин Сайфиевдан “Динамо” клуби раҳбарияти ўша вақтда 60 милион сўм ойлик маоши ва мукофот пулларидан қарздор эди. Минг бир машақат билан ўша пулларнинг 20 миллион сўмини олди холос. Бугун эса клуб раҳбарияти яна 40 миллион сўм пулини бермаган. Бироқ, клубнинг расмий сайтида нафақат футболчини, балки бутун бир халқни алдаб Сирожиддин Сайфиев олдидаги ойлик маош қарзларини ҳисоб-китоб қилиб тўлади деган ёлғон
хабар тарқатилди. Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу хабар клуб раҳбари ва фонд бошлиғининг қистови асосида қўйилганлиги аниқ бўлди. 
- Зоир Мирзаев вилоятда ҳоким вақтларида Бахтиёр Жўраев ва Шуҳрат Ҳотамов вилоят ҳокимлиги томонидан ёзма равишда тасдиқланган кафолат хатининг ижросини таъминламади. Кафоат хатида 2015 йил 1 октябригача қарзлар тўлиқ тўлаб берилиши аниқ қилиб кўрсатилганди. Кейин, 2016 йилнинг май ойида ЎФФда бўлган йиғилишда яна ўшалар ёзган аризамни қайтариб олсам пулингни берамиз деб иккинчи бор алдашди, - дейди Сирожиддин Сайфиев. – Яна бир бор алданганлигимни билганимдан сўнг шахсан ўзим вилоят ҳокимининг қабулида бўлдим. Вилоят ҳокими уларга қарзларни узиш бўйича топшириқ берди. Лекин барибир улар пул бермади. Кейин, 2017 йилнинг апрел ойида халқимиз ва клубларимиз томонидан хайрия акцияси ўтказилганда, клуб 20 миллион пластик карточкамга ташлаб, ҳамма қарзларини тўладик деб ёлғон маълумот берди. Охирги марта 2018 йилнинг март ойида клуб раҳбарларига қолган иккита ойлик ва олтита мукофот пулларини беришини, у пулларга мен Москва шаҳрига навбатдаги даволанишни ўташ учун боришимни айтганимда, улар ҳокимият пул бермаганлигини, бу ерда мен ҳам, клуб ҳам айбдор эмаслигини айтишди. Ҳоҳласанг, 10-15 миллион қилиб беришимиз мумкин, лекин уни ҳам қачон пул бўлса дейишди. Мана бир ойдирки Москвада муолажасиз кутиб ўтирибман.  
Ҳозирги кунда клуб футболчидан 40 миллион сўм ойлик маош ва мукофот пулдан қарздор. Бу сўзимизга клуб мутасаддилари эътироз билдириб, ҳокимият қилинган смета пулларини бермаганлиги сабаб қарздор бўлиб қолганликларини баҳона қилишлари мумкин. Аммо фонд раҳбари Бахтиёр Жўраев 2018 йилги мавсум бошидан “Динамо” жамоасининг ПРО лига 1-турдаги сафар учрашуви ва ундан кейинги ўйинлари олдидан футболчиларга 2017 йилдаги ойлик маошларидан қолган қарздорлик сифатида икки-уч бора пул ташлаб берди. Буни “Динамо”да тўп тепупчи виждони бор исталган футболчидан сўрасангиз тасдиқлайди. 
Хўш, айтингчи, тўрт мучаси соғ бўлган футболчилар учун ўтган йилдан қолган қарзлари тўлаб берилаяптию, бугун ҳаётда яшаш учун курашаётган Сирожиддин Сайфиевни неча йиллардан бери қолиб келаётган ойлик маошлари нега тўланмай келинмоқда. Хўш, энди ўйлаб кўрингчи, ҳокимият ўтган йили пул бермади деган баҳона қанчалик асосли бўла олади? Ўзига керак бўлганда 2018 йилда футбол учун ажратилган пулларни 2017 йилги қарзлар учун ишлатиш мумкину, оғир хасталикка чалинган, энг муҳими “Динамо” учун жон куйдириб ўйнаган футболчининг пулларига келганда ҳокимият пул бергиси келмай қоладими?
Бошқаларни билмадиму, менинг назаримда клуб раҳбарияти ва фонд ҳамкорликда ўша пулни аллақачон “туя” қилиб бўлган. Алал оқибатда бугун ўша пулни чўнтагидан тўлаб беришни исташмаяпти.
Мени бир савол қийнайди. бутун бошли вилоят, дунё цивилизациясига ҳисса қўшган, дунё тан олган шаҳарда оғир хаста бўлиб қолган футболчининг қарзларини бериш учун пул топилмай қолсая! Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевларнинг одатий боҳонаси битта. Ҳокимият пул бермаяпти. Ўз-ўзидан ҳар қандай инсонда ҳокимият ва ҳокимга нисбатан нафрат уйғонмоқда. Аслида ҳақиқатдан ҳам ҳокимият “Динамо”га пул бермаяптими? Менимча бу Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевнинг ҳокимиятни “печка” қилиб мухлислар олдида ўзини оқлашнинг оддий йўли.  Боиси, “Динамо” жамоаси учун 2015 йилда 5 миллиард, 2016 йилда салкам 4 миллиард, 2017 йилда 12 миллиард, 2018 йилда 12 миллиард 800 миллион сўмлик смета қилиб келинган ва ўша пуллар клубга берилган. Футбол фонди ва клуб раҳбариятининг виждони бўлса ушбу маблағлар ичидан Сирожиддиннинг пулларини тўлаб бермасмиди! Оддий мухлисларга доимо, ҳокимни айбдор қилиб келадиган бундай ноинсофлардан яна нимани кутиш мумкин.
Мен касбим тақазоси билан Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраевни бугунги фаолияти, халқ билан бирга ишлашига кўп бора амин бўлганман. Ҳар қандай масалани эътибордан четда қолдирмай, унинг ечимини топиб келганига гувоҳ бўлганман. Ўйлайманки, бугун тирик қолиш ва бу дунё ҳавосидан яна нафас олиш учун курашаётган Сирожиддин Сайфиевга ҳам Самарқанд вилоят ҳокимлиги алоҳида эътибор қаратади. Сирожиддин учун пешона териси билан ҳалол ишлаб топган ойликларини берса кифоя. Шундай салоҳияти кенг, довруғи бутун дунёга машҳур Самарқандда биргина футболчининг ойлик маошини олиши шу қадар муаммога айланиб кетмаса керак, назаримда. 
Ҳа, айтганча! Бугун футболни ривожлантириш
йўлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси қилаётган ишларга ортиқча таърифнинг кераги йўқ. Айниқса, тартиб интизомни бузган жамоаларга қатъиятлик билан кўрилаётган жазолар бугун клублар ўз ишларига тўғри ёндошишига сабаб бўлмоқда. Мухлисларни стадионда сўкингани, футболчиларнинг майдондаги қўпол ҳаракати, ва ҳатто оддийгина галустук тақмаганлиги учун отни калласидек жарима тортишни биладиган ташкилот наҳотки бир инсоннинг тақдири, унинг бу дунёда яшаш учун қилаётган ҳаракатига келганда қўлидан ҳеч нима келмаса. 
Сирожиддин Сайфиев ойлик маошларини олиш учун бир неча бор ЎФА ва ПФЛга мурожаат қилди. Аммо улар ҳам Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевнинг “лағмонлари”га алданиб қолишди. Ахир Сирожиддин Сайфиев ушбу ташкилот вакилларига хайрия ўтказиб пул йиғиб беринглар демаяптику. У шунчаки ҳалол ишлаб топган пулларини олишда ёрдам беришни, мавжуд муаммони керак бўлса вилоят ҳокими Туробжон Жўраевга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб тўғри тушунтириш кераклигини ва даволаниш учун ўз ойликларини тезроқ олиб беришларини сўраб мурожаат қилган холос.  
Манашундай ҳаёт билан курашаётган футболчиларга, умуман футболчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига беэътиборлик бўлса, футбол бўйича тузилаётган меморандумларнинг нима кераги бор бизга. ЎФА футболчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бўйича ҳам қатъий қарор чиқариш вақти келди назаримда. Ахир, Сиррожиддин каби ойлик маошларини ололмай юрган футболчилар қанча? 

четверг, 21 декабря 2017 г.

ЎФФ ҚАЕРГА ҚАРАБ КЕТЯПТИ


Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади
Ш. Мирзиёев

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилгани, шу асосда йил давомида олиб борилган тизимли ишлари самарасида давлат идораларининг халққа бўлган эътибори кучайди. Умри бино бўлиб амалдор деганда ўз идорасидан чиқмайдиган, мажлислардан бўшамайдиган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга оёқ босмайдиган олиймақом бир зот бўлиб қолганлар бугун оддий халқнинг дардини тингламоқда.
Катта-кичик раҳбарлар пастга тушиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Одамлар билан мулоқотга киришиб, уларни тингламоқда. Бугун мансабдор бўлиш – оддий одамлар билан бирга яшаш, бирга ишлаш, халқни рози қилишдан иборатлигини барча раҳбарлар тушуниб етди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак-да!
Ўзбекистон футбол федерациясига янги президентнинг сайланиши мамлакатимизда миллионлар ўйинида ҳам туб бурилиш бўлишига умид учқунини очганди. Айниқса, тизимда узоқ йиллар давомида керак бўлган янги қонни Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги янгиланган федерация ходимлари амалга оширишини кўпчилик интизорлик билан кутишганди. Очиғи кўпчилик қатори мен ҳам федерациянинг илк иши офисда ўриндиққа михланиб қолган амалдорларни курсисини қимирлатиб, юртимизнинг ҳар бир худудида футболнинг асл ҳолатини ўрганиб зарур чора-тадбирлар қилишини ўйлагандим.
Эсингиздами, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг илк ишини вилоятлардаги ҳолатларни ўрганиш билан бошлаган эди. Жойлардаги муаммоларни ўрганиб, уни бартараф этиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар бериб, унинг ижросини қаттиқ назорат остига олганди.
Умид Аҳмаджоновнинг ЎФФ президенти бўлганидан сўнг ишни худди шу талқинда бошлаб, вилоятлардаги футбол мактаблари, умуман футболга ихтисослашган соҳанинг муаммоларини ўрганиш билан бошлашига шахсан мен умид қилгандим. Афсуски ундай бўлмади. Сафар хориждан бошланди. Футболимизнинг асл касаллигига даъвони ўзимиздан эмас, хориждан излади. Натижада йиллар давомида илдизи чириб кетган болалар футболидаги муаммолар яна четга сурилди. Бугун ҳамма ўз кабинетидан ташқарига чиқиб, оддий халқнинг дардини тинглаётган бир вақтда футболга алоқадор бўлган федерациянинг ходимлари мамлакатда бўлаётган ислоҳотлардан, Президент сиёсатидан бехабар эканлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.
Афсуски, ЎФФнинг дастлабки қарориданоқ кўпчиликнинг умидлари саробга айланди. Янги раҳбарият ҳам ҳақиқий аҳволни ўрганиш ўрнига илгаригидек қоғозлардаги оддий хаспўшлашдан нарига ўтмади. Нега дейсизми? Буни асослаш учун узоққа бориш шарт эмас. Ўзбекистон футбол федерацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда клубларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнининг ўзи ҳаммасини кўрсатиб қўйди. ЎФФ ишонган ишчи гуруҳи ҳам шунчаки хўжакурсинга ишламоқда. Қайси ташкилот бир неча соатда муаммони ўрганиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда бир кун битта вилоятнинг муаммосини ўрганганда ҳам бошқа гап эди.
Келиб фақат ҳужжатларгаю қоғозларга қараб баҳо бериш яна ўзимизни ўзимиз алдашимиздан далолат бермайдими? Нега профессионалликка интилаётган ЎФФ ўз ишига чин дилдан ёндошмаяпти? Шуми федерациянинг футболни ривожлантириш лойиҳаси? Шуми футбол стратегиясига муносабат. Наҳотки, ЎФФ ва ПФЛ мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини тушунмаётган бўлса. Ахир қоғозларда битилган ёлғонлар қисқа вақт ичида бўй кўрсатаётганлигини бугун ҳамма биляптику?
Вилоятларда футбол клубларининг аҳволини ўрганиб юрган “ишчи гуруҳ”нинг бирорта аъзоси  асл ҳолатни кўргани йўқ. Ҳаммаси фақат қоғозларга ўралашиб қолган. Асл муаммо эса ўша қоғозлар ортида ётибди. Федерациянинг бирор бир мутасадди ходими оммавий ахборот орқали кўрган муаммоси хусусида сўз юритмаяпти. Сабаби нимада. Чунки уларни фақат қоғозбозлик қизиқтиради. Улар кабинетда ўтириб ишлашга ўрганган. Давлатнинг энг катта ташкилот раҳбарларига ўхшаб 15-20 кунлаб вилоятларга юриш федерациядаги ходимлар учун эриш туюлади. Улар туфлисига чанг тушишини истамайди. Хўш, нега бутун бошли ЎФФ ўзининг вилоятлардаги ўрганишларини бирор бир оммавий ахборот воситаларида кўрсатишни ўзига эп билмади. Нега ўзининг иш жараёнини сир сақлашга ҳаракат қиляпти. Бундай йўл тутишдан мақсад нима? Нега ўз стратегиясини ишлаб чиққан ташкилот ўзининг стратегиясига амал қилмаяпти? Аслида ЎФФ оммавий ахборот воситаларига суяниши керак эмасмиди?
Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлади. Бу мақолни бекорга эсламадик. Сўнгги пайтларда ЎФФнинг чиқарган антиқа қарорлари кўпчиликни ёқа ушлашга мажбур қилмоқда. Уларни санаб яна асабингизни бузиш ниятимиз йўқ. Ўзи шундоқ ҳам керакгидан ортиқ эътирозлар билдирилди. Керагидан кўп муҳокама этилди. Аммо Вадим Абрамов борасида чиқарилган қарор ҳаммасидан ошиб тушди. ЎФФнинг норматив тестлар ҳақидаги қарорларига ўз норозилигини билдирган Абрамовнинг номуайян муддатга футболдан четлатилиши ОАВни оғзини ёпиш учун ташланган илк катта қадам эмасми? Нега дейсизми? Ўзбек футболидаги муаммоларни очиқ ва ошкора санаб ўтадиган кам сонли мутахассислардан бирига нисбатан чиқарилган бундай қарор бошқаларни жим юришга мажбур қилади. Хўш айтингчи, бу “фикрни бўғиш”, “оғизни ёпиш”, “сўз эркинлигига” тўсиқ қўйиш эмасми? Бу Президентнинг очиқ ва ошкоралик сиёсатига қарши юриш эмасми? Ёки федерациядагилар ўзга сайёраликларми?
            Абрамовнинг номуайян муддатга кетишини ЎФФ томонидан ОАВни “оғзини ёпиш” иши сифатида бекорга қарамадик. Сабаби қуйироқда тўхталиб ўтамиз. Ундан аввал бир гапни айтмоқчиман. 12 сентябрга қадар журналистлар томонидан федерация ва профессионал лига қанчалик танқид қилинмасин бирорта ходимни журналистга босим ўтказганини эслай олмайман.
Ҳатто Бабаян кескин танқид қилинганда ҳам бирорта журналистга тазйиқ бўлганини йўқ. Аммо ЎФФга янги қон бўлиб келган ходимларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига бўлган муносабати ташкилот уч ойни ичида қай даражага келиб қолганлигини кўрсатиб қўйди. Савол туғилади: янгиланган ЎФФ ва ПФЛ ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетмоқда? Чиқарилаётган қарорлар учун ўз фикрини билдирган мутахассисга номуайян чеклов қўйган ташкилот ходимлари федерация чиқарган қарорлари учун ўзининг фикрини билдирган журналистга очиқчасига таҳдид қилишини қандай тушуниш мумкин. Ёки ЎФФ янги ходимларини “разборчи”лар билан тўлдиряптими. Бугун журналистларнинг танқидини кўтаролмаётган федерация ходимидан эртага қандай ижобий ишни кутиш мумкин. Балки бу мақоладан сўнг мен ҳам футболдан номуайян муддатга четлатиларман. Аммо нега ҳали ҳеч нимани қойиллатмаган федерация ходимига чоралар кўрилмайди?
Журналистларни “қишлоқи” деб ҳақорат қилган ЎФФ вакилини ишдан олиб, унинг ўрнига масалани биратўла “ҳал” қилиб қўядиган бошқа бир “Эгамбердиевлар” олиняптими? Алининг ўрнига Валининг келишидан нима наф. Бу ёмғирдан қочиб дўлга йўлиққанимизни билдирмаяптими?
Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. Бу бугун Президентимиз томонидан ҳар бир учрашувда айтилаётган гап. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият яратилмоқда. Шу боис ҳам турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Афсуски, футбол соҳасида ишлаётган айрим ходимларнинг инсонларга ёрдам бериш ўрнига уларни сарсон қилишмоқда. Аниқроғи уларни устидан очиқча кулишмоқда. Шуми биз орзу қилган янги федерациянинг шаффофлиги. Федерациянинг виждони қаерда қолди? Ёки виждон 12 сентябрда алмашиб кетдими?
Нима деганимни тушунган бўлсангиз керак. “Ориат доно” радиосида Бобур Акмалов, Хайрулла Ҳамидов ва Жамолиддин Бобожонов биргаликда заиф эшитувчилар ва сўзлашда нуқсони бўлган ногиронлар жамоси мураббийи Рустам Бердиев билан ўтказилган интервьюни яна бир бор тинглаб кўринг. Бу борада кўп оғир гапларни ёзмоқчи эдим. Аммо бугун давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган одамларга ёрдам кўрсатилаётган бир вақтда ногиронларни устидан очиқчасига кулган ЎФФ ходими учун бир инсон бисотидаги энг номақбул сўзларни ишлатишни ҳам ҳайф деб билдим.
            ЎФФ қарорларини танқид қилган мутахассисга номуайян чеклов қўйган федерация олдига ёрдам сўраб борган ногиронларни “аёллар формаси билан” ахмоқ қилган ходимига наҳотки чора кўролмаса? Ёки ночорларни устидан кулиш улар учун шарафми? Аслида шундай номақбул ишни қилиб мамлакат шанини бутун дунёга шарманда қилаётган одамни кимлигини аниқлаб футболдан номуайян муддатга эмас, балки аниқ қилиб бир умр четлатиш керак эмасми? Йил давомида барча ҳаракатлар инсон манфаати учун деган даъватларга бўлган муносабат шуми ЎФФни?
            Суҳбат давомида минг азобда Таиландга бориб Жаҳон чемпиони бўлиб келган ва якунда Жаҳон Чемпиони бўлган ногиронлар жамоаси мураббийи Рустам Бердиевдан журналист Бобур Акмаловнинг «Тила тилагингни» деган маънода берган саволига оддийгина қилиб “тренировка қилиб туришимиз учун зал ажратиб беришларини илтимос қиламан” деди...
            Тўғириси йиғлагим келди. Миллионлаб маблағни кўкка совураётган, тўрт мучаси соғ бўлган турли ёшдаги терма жамоа вакиллари мусобақаларда гуруҳдан чиққани учун қўша-қўша мошина беришни билган федерация ҳатто тақдирлаш маросимига чақирмагани учун ерга кириб кетса бўлмасмиди.
Адолатнинг катта-кичиги бўлмас экан, тоифаси бўларкан. Манфаатлиси бўларкан. Лабановни ҳаракати учун “Насаф”ни жазолаган, камчилигини айтган мутахассисни “номуайян” қилган федерациядан бундан ортиғини кутишнинг ўзи кулгили.
            Ўйлайманки, кимдир ўша ногиронларнинг ютуғини албатта Президентимиз Шавкат Мирзиёевга етказади. ЎФФ бермаган эътирофни албатта давлатимиз раҳбари кўрсатади. Аслида улар шунга муносиб. Соғломлари уддалай олмаган ишни улар бажаришди. Хўш, айтингчи қани Ёшлар Иттифоқи. “Келажак бунёдкори” медали Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса кўшаётган йигитларга берилиш керак эмасми? Қани спорт қўмитаси. Шу йигитларга ҳеч бўлмаса машғулот учун текинга спорт зал қилиб бера олмайдими? Қани параолимпия қўмитаси Президентимизнинг Жаҳон Чемпионларини рағбатлантириш қарорига мувофиқ доимий тўловни амалга оширмайдими? Ёки унинг учун ҳам таниш-билишчилик қилиш керакми? Қани ЎФФ?! Айтингчи, қаерда қолди виждон? Шу масалани ҳам порталга ёзиш керакми энди?
            Тўрт мучаси соғ одамларга тўп тарқатиб, стадионда ит-мушук бўлишни Япониядан ўрганиб келгандан кўра ўша ногиронларга шароит қилиб берса бўлмасмиди ПФЛ? “Насаф”дан, “Бухоро”дан тушган пулларга лоаққал ўн дона тўп берса бўлардику. Ахир улар учун бегона бўлган Таиланд қила олдику бу ишни. Наҳотки Шавкат Мирзиёев ногиронларни уй-жой билан таъминлаётган бир вақтда Ўзбекистон футбол федерациясидек нуфузли ташкилот 11 нафар ногирон бўлсада Жаҳон Чемпиони бўлган ўғлонларга тузукроқ совға бера олмаса. Бугунги жамиятдан, бугунги давлат сиёсатидан узилиб бораётган федерация ҳам қачонлардир Президентга ҳисобот берадику. Ахир шаҳар бедарвоза эмаску?. Миллионлаб халқнинг қарғиши бир кун уришинига наҳот ақли етмаса буларнинг.  
            Театрлаштирилган тақдимот маросимига асл чемпионларни чақиришни ўзига эп билмаган федерациядан яна нима кутиш мумкин.  
Бугун ҳар биримиз, бутун халқимиз кўраётган ва сезаётган ҳақиқат шуки, мамлакатимизда давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Аммо ЎФФ эмас. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизда чуқур жорий қилинмоқда. Аммо ЎФФнинг иши эмас. Бу мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин эканини такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Аммо ЎФФ эмас?
Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган, барча бўғиндаги раҳбарлар учун ҳаёт қоидасига, фаолиятнинг бош мезонига айланиши лозим бўлган қуйидаги сўзларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман:
«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.  Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. 
Шунда халқимиз биздан рози бўлади. 
Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. 
Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади». 
Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 
Сўнгги сўз ўрнида ижтимоий тармоқда ёзилган бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Давлат федерация ишига аралашса, ФИФА жамоаларни барча мусобақалардан четлатади, а? Розиман!!! Аммо тепадан аралашув бўлмаса, бу кетишда (тууууут, тууууууут тууууут, туууууууууууут)...!
                                                                                                  Фарҳод НОРБЎТАЕВ

среда, 22 ноября 2017 г.

Шукуровми ёки Шукруллаев: ЎФФ можаронинг сабабига қизиқармикан?!

     Ўзбек футболида икки саволга жавоб топиш жуда мушкул. Бири келишилган ўйинлар бўлса, иккинчиси ёши урилган футболчилар. Аслида икки масалага ҳам виждонан ёндошилса Олий лиганинг сон саноқсиз келишилган ўйинларию, болалар футболида ёши кичрайтирилган минглаб “болалар”ни топиш муаммо эмас. Ҳаммаси масалага виждонан ёндошишда.

       Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Умид Аҳмаджонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилда зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала хусусида тўхталиб ўтганди. Кўтарилган масалалар ичида болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш ва футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар белгилаб олиниши келтириб ўтилган.
       Янги таркибдаги федерация фаолиятига ҳам икки ойдан ошди. Аммо бу борада бирор бир салмоқли иш олиб борилаётганлиги сезилгани йўқ. Барча ҳамон эскича қарашлар билан юрибди. Айнан шу сабаб ҳам ўтказилаётган мусобақаларда масъулларнинг ўзгармаган қарашлари натижасида болалар футболида ҳам коррупцияю, қинғирликлар, футболчиларнинг ёшларини сохталаштиришу, келишилган ўйинлар авжига чиққан. ЎФФ бундай қарашларга қачон барҳам бериши ҳозирча номаълум.  
     
2-8 ноябр кунлари Фарғона шаҳрида ЎФФ томонидан 2006-2007 йилларда туғилган болалар ўртасида Олий лига қошидаги Болалар ўсмирлар футбол мактаблари биринчилиги ўтказилди. Мазкур турнир ўзининг одатий “анъаналари” билан бошқа мусобақалардан асло фарқ қилгани йўқ. Ҳакамларнинг биз ўрганиб қолган ўша-ўша ҳаракатлари, турнирда қатнашган жамоалар таркибида ёши катта болаларнинг иштироки, ҳакамларнинг кўп ҳолларда мусобақа мезбонига ёрдам бериши ва бошқа ҳолатлар. Хуллас, янгиланган ЎФФнинг ҳам ПФЛнинг ҳам ўзгаргани кўринмаган.  
      Афсус билан айтиш мумкинки, бизда футбол турнирларини ўтказишда ёзилмаган қонун бор. Мусобақа мезбони биринчилик ғолиби бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда кучли учликка кириши шарт! Бутун мусобақа давомида барча ҳаракатлар шунга қаратилади. Ахир, ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деб бежиз айтилмаганку! Афсуски, ЎФФ ташаббуси билан Фарғонада ўтказилган мусобақа ҳам бундан мустасно бўлмади! Ўрганган кўнгил ўртанса, нима қилсин.
       ЎФФнинг Олий лига жамоалари қошидаги футбол мактаблари ўртасидаги биринчиликда иштирок этиши юзасидан юборган хати, шунингдек, мусобақа регламентида турнирда 2006-2007 йилларда туғилган болалар иштирок этиши белгилаб қўйилган. Афсуски, бу борада ҳамма жамоалар ҳам регламентдан келиб чиққан ҳолда иш тутмаган. Аксарият жамоаларда 2-3 нафар, айримларида эса ҳатто 5-6 нафаргача “ўқланган” футболчиларнинг борлиги бизда болалар футболининг савияси ачинарли аҳволда эканлигини яна бир бор намоён қилди.
       Фарғонада ўтказилган мусобақанинг бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Турнирда иштирок этган “Динамо” ва “Шўртан” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг “Динамо” мураббийлари “Шўртан” жамоасида 1-рақамда ҳаракат қилган Сардор Шукуров, 11-рақамда ўйнаган Бунёд Абдурахмонов ва 17-рақамда ҳаракатланган Аброр Рахматуллаевларнинг ёшлари бўйича шубҳа қилиб, ўйин қайдномасига ўз эътирозларини билдиришган.  
       Ушбу масала ЎФФ ходими, Фарғона вилоят футбол федерацияси раҳбари ҳамда иккала жамоа вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилган. Бу борадаги баҳсли вазиятни қуйидаги видео орқали ҳам кўришингиз мумкин.
       Ўрганиш жараёнида “Шўртан” жамоаси мураббийи ўйинга қайдномага киритилмаган футболчини тушурганлиги аниқланганлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Футболчининг исми атайлаб ўзгартирилганми ёки бошқа сабабми бу ҳозирча бизга қоронғу (Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича маълумотлар тўпланмоқда).
       Фарғонада ўтказилган мусобақа давомида “Шўртан” жамоаси билан боғлиқ масала ортидан ўтган йили Навоийда ўтказилган бошқа бир мусобақада иштирокчи жамоалар ўртасида келишилган ўйинлар бўлиб ўтганлиги бизни ажаблантирди. Иккала жамоа мураббийлари билан бўлиб ўтган суҳбатда “Шўртан” жамоаси (клуб қошидаги футбол мактаби назарта тутилмоқда) Самарқанд жамоасига ютқазиб берганини айтган. Энг қизиғи, бу ишга Самарқанд вилоят футбол федерацияси масъулларининг аралашгани бизни ёқа ушлашга мажбур қилди. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин. Ана сизга болалар футболидаги найрангбозлик. Мана сизга болалар футболининг бугунги аҳволи.
       Ўзбекистон футбол федерациясида футболдаги коррупцияни олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди дейилганига ҳам кўп бўлди. ЎФФ президентининг шахсан назоратида бўладиган бўлинма қочон ўз фаолиятини бошлайди? Иш бошланганидан сўнг ўша қўмита виждонан иш юритишига ким кафолат бера олади. Хуллас, саволлар кўп.
Олий лига 29-турида Қаршида “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўйини ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Унинг ортидан чиқарилган қарорларнику айтмаса ҳам бўлади. Ўша ўйинда ҳаракат қилган ва гол урган Бобур Абдухолиқовга оид қизиқ воқеа юзасидан журналист Нодирхўжа Йўлдошев қуйидагича изоҳ қолдирган эди: “Агар "Бунёдкор" скаутлари уни кўриб Тошкентга олиб кетаман демаганларида ҳозир уни кўрмаётган бўлар эдик-ми? Бундан бир неча йил аввал тайёрлов гуруҳи мусобақасида ёши тоза бўлгани учун катталар ичида захирада ўтирарди. Лекин шундай бўлсада, "Бунёдкор" скаутларини назарига тушган. Ота-онаси билан гаплашиб иш ҳал қилинганида “Насаф” бекорга у назарга тушмаган бўлса керак деб, отаси билан келишиб клубда олиб қолган ва секин аста иккинчи лигага “заявка” қилган. Кейин дублга, мана асосий таркибда бугун авжига чиқди. Аслида бундай йўқ бўлиб кетган ўйинчилар қанча?
   Дарҳақиқат, болалар футболидаги анашундай қинғирликлар сабаб бугун ҳақиқатда истеъдодли болалар эътибордан четда қолиб кетмаяптими? Қанчадан-қанча иқтидор эгалари мураббийларнинг қурбонига айланмаяптими? 
   Эътиборингизни “Динамо” ва “Шўртан” мураббийлари ўртасида бўлиб ўтган яна бир суҳбатга қаратмоқчиман. Суҳбатда мусобақада иштирок этган “Бухоро” жамоаси вакилларида 2003-2004 йилда туғилган болалар ҳам борлиги айтиб ўтилган. Бундан кўриниб турибдики, биз юқорида тилга олганимиздек, кўплаб жамоаларда ёши кичрайтирилган футболчилар иштирок этган. Фақат қайси жамоада нечтадан ёши кичрайтирилган футболчилар ўйнагани ҳозирча номаълум. Ҳарҳолда, суҳбатда ёши катта болалар борлиги аниқ айтиб ўтилган. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин.
Футбол ўйнаш, уни бошқариш учун ақл керак. Ўша ақлни ишлатиш учун эса юрак. Агар бошқарув юраги йўқ  инсонлар қўлига ўтадиган бўлса, футбол ўлади. Ўйлаймизки, Ўзбекистон футбол федерациясининг масъуллари томонидан Фарғонада ўтказилган мусобақа ва у билан боғлиқ барча ҳолатлар тўлиқ ўрганиб чиқилади. Бу жараёнга имкон бўлса журналистларни ҳам жалб этган ҳолда, вазият холис ва адолатли кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Яна бир гап. Ҳисобида миллиардлаб маблағи бўлган федерация наҳотки болалар иштирокидаги мусобақага бадал пули талаб қилса. Фарғонада ўтказилган мусобақага 700.000 сўм маблағ бадал пули қўйганини очиғи тушуниш қийин. Болалар футболи учун 5-10 миллион пул наҳотки арзимаса? Ахир, болалар бизнинг келажагимиз эмасми? (Бу мавзуга ҳали қайтамиз)
Хулоса ўрнида болалар футболи ҳақида сўз кетганда доимо эсланадиган гапни яна бир бор ёдга олмоқчиман. Футбол афсонаси Пеле бутун умрини  бахш қилган ўйин билан хайрлашув пайтида: “Болаларни асранг!” деганди. Бу иборани тагида чуқур маъно бор.
Болаларни асранг, футболга мурғак нигоҳ билан боқаётган болаларни...
Ҳакамнинг таъсири сабаб мағлубиятга учраган ҳамда кўзига ёш олган болаларни ...

Давоми бор...

Фарҳод НОРБЎТАЕВ
журналист