понедельник, 17 февраля 2014 г.

“ОДНО”ГА КИРМАГАН ХОТИН

Аёл киши “однокласники”га кирдими – бас! Рўза тутган киши оғзини чайқаса, сув томоғига кетмаса ҳамки, рўзаси очилади – шу оғиз чайқашидан баҳра олади-да! Акбаралининг қизига киракаш Ҳасаннинг ўғли “однокласники” сайтига киришни ўргатаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳаё борми шуларда? Ўзбекчилик деган туйғу қаерда қолди. “Одно”га кирадиган қизни кўрдингизми, қўлингизни ювиб қўлтиққа ураверинг.
Мулла Шокир ҳар куни ишдан қайтиб, маҳалладаги чойхонага чиқади ва кўнгли тортган одамларни атрофига тўплаб, ярим кечгача интернетда шармандаси чиқаётган хотинлар тўғрисида вайсаб ўтиради. Ҳатто, баъзиларини қўл телефонига олиб кўрсатиб ҳам қўяди.
– Азаматнинг хотини пайнет шахобчасида ишлайди, ҳар куни мингта одам билан суҳбатда бўлади. Ахир биттаси бўлсама бошқаси кўз қисади-да! Маликбойнинг хотини қандайдир интернет провайдир ташкилотида ишлайди, унинг ҳам куни интернет чуқалаш билан ўтади. А, бу кун бўйи интернетда бўлганидан сўнг йигитлар билан гаплашса эри билиб ўтирибдими? Илҳомбойнинг синглиси бўлса дастурловчи – интернетда аллақандай дастурлар яратади. Бутун иш фаолияти компьютерда бўлгандан сўнг “одно”га кирмайди деб ким кафолат беради. Ё тавба, шунча касблар бўла туриб қизини интернетга боғлаб қўйган оталарга ҳайронман... Шулар хотини ёки қизини “однокласники”да йигитлар билан гаплашиб ўтирганини кўриб қолсачи, бир баҳона қилса тамом. Ишониб кетаверади.
Интернетга кирадиган хотин-қизларнинг ҳар бир ҳаракатидан мулла Шокир бузуқликка далолат қиладиган талай белгилар топади. “Етти қават парда ичида” ўтирадиган ўз хотини эса булар қаршисида кўзига фаришта бўлиб кўринади. Интернет тугул ҳатто уй телефони ҳам жирингласа, эркак киши бўлса нима дейман деб кўтаргиси келмайди.
Бир куни кечқурун мулла Шокир компьютерда маълумотлар қидирар, хотини бўлса шундоқ ёнгинасида телевизор кўриб ўтирарди. Шу онда компьютердан бир талай эркакларнинг расмлари чиқиб қолди. Хотини беданадай питирлаб, беҳаёликдан қочиб нариги хонага ўтаётганда оёғини столга уриб олди. Оёғи столга ёмон тегди. Андишали хотиннинг кўнгли озди.
– Ахир, мунча! – деди мулла Шокир, – булар оддий расм бўлса, қолаверса сен интернетга кирмасанг, улар жонсиз расм.  
– Улар жонсиз бўлса ҳам эркакларнинг сурати! – деди хотини йиғламсираб.
Мулла Шокир ҳазил билан унинг аламини босмоқчи бўлди:
– Э, ҳали мен сенга интернетни ўргатаман деб юрибман-ку!
Хотин унинг юзига хўмрайиб қаради-да, кейин зарда қилиб ошхонага ўтиб кетди ва ўша томондан унинг овози эшитилди:
– Ҳар кимнинг гўри бошқа... Мен интернетга кириб беҳаёлик кўрмоқчи эмасман. Ундан кўра мана телевизорингизни ҳам йўқ қилиб ташлай қолинг...
У бир ҳафта бўйи қовоғини очмади, уч кеча ошхонадан бери келмади. Мулла Шокир ўша гапини ҳазиллашиб айтганини арз қилиш учун олдига келса тишлар, кетидан келса тепар эди. Бир кечаси гапни хотинининг диёнатли, покдомонлигидан бошлаган эди, хотин анча юмшади.
– Ҳазилингиз қурсин! – деди чироқни ўчираётиб, – интернет кишининг имонини қочиради. Интернет у ёқда турсин, ҳатто компьютерингиз “мишка”сини ҳам ушламайман, деб онт ичганман. Бир куни компьютерингиз ёқиғ қолиб, не вақтгача кўнглим ғаш бўлиб юрдим. Тушимда раҳматлик дадамни кўрдим, мен билан гаплашмайдилар. Гапни кўринг-а, айтгани кишининг юзи чидамайди. Бегона эркакнинг сурати аёл кишини қора қилар эмиш. Тавба қилдим...
– У нима дегани экан?
– Оббо, намунча суюлдингиз? Шунақа суратларга сизнинг ҳам суягингиз йўқ. Нари ётинг! Бегона эркак, кишининг қизлигини эсга солади дейди-да!
– Шунақа гапларни очиқ гапиришадими-а?
– Ё тавба, куни бўйи интернетга ўтириб, йигитлар билан гаплашгандан кейин уяти борми? Қуриб кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да! Тавба қилдим-ей...
Мулла Шокир эртасига чойхонага чиққанда яна интернетда беҳаё суратлару видеолари билан танилган аёллар ҳақида сўзлаб берди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам қўшди.  
– Ахир, биттаси ёши бир жойга борса ҳам мен билан танишмоқликни истади-да! Ўттиздан ўтиб ўтин бўлсанг ҳам ўлмас экансан-да, десам, ўттиздан ўтган бўлсам ҳам кўркамманда, дейди. Ё, тавба!!
Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зерикди шекилли, қаттиқ эснаб, деди:
– Мен сизга айтсам мулла Шокир, гап интернетда эмас. Ярим ишинг интернет билан битадиган замонда бу гапларни гапириш нотўғри. Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, ўзингизга шундай туюлади. Мана, мен сизга айтиб берай. Умримда интернетга кирган одам эмасдим. Яқинда четда ишлайдиган ўғлим билан гаплашиш учун интернет кафега кирдим. Қарасам жуда кўпчилиги қизлар экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга шу қизлар тайёрга ўхшаб кўринди. Шўхлигим тутиб, интернет орқали гапга олдим. Ҳазиллашдим, ирмоқ гаплардан ташладим. Индамаганидан сўнг бир шама қилиб кўрайчи дедим. Жонидан, ҳар куни интернетда ўтирасиз, сиз билан яқинроқ танишайлик деганимни биламан, шармандам чиқишига озгина қолди. Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди. 
Мулла Шокир бу одамни оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди:
– Беҳуда гап! Мана менинг хотиним қандай эканлигини ўзим биламан. Кунда бир дақиқа бўлса ҳам интернетга кирсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди:
– Нега интернетга кирмайди? Интернетга кирмай айнийдиганлар ҳам борку?! Тўғрисини айтайми? Интернетсиз хотин ҳаром ишга яқин бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб қарамасангиз, деразани очиб кўчага мўралайди. Интернетни чекласангиз, уни ўргатувчи чиқиб қизиқишини орттиради. Кун бўйи ишда бўлсангиз ўзи ўргатувчи нима ўргатаётганини қаердан ҳам билардингиз. Компьютер ва интернетни биладиган хотинчи, кўп ҳолларда ишингизга ёрдам беради. Интернетни яхши тушунга одам ҳуда-беҳуда гапларни қилиб ундан беҳаёлик қидирмай балки тўғри мақсадда фойдаланади.
Эҳтимол шундайдир, аммо мулла Шокирнинг хотини покдомон. Агар мулла Шокир ўн йил юзига кулиб қарамаса, инсон ҳаёти бутунлай интернет билан боғланиб қолса, бир ишни битириш учун пиёда юз чақрим босишга тўғри келса ҳам пинагини бузмайди. Ҳар қандай хотин билан иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон эрканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Шокир шундай фикрда: агар фаришта илгари ўтган бўлса – шунинг онаси, энди туғилса – шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса – шу хотиннинг ўзи. Ҳатто уйдан ташқарига чиққанда эркаклардан уялиб бошдан оёқ ўраниб юради. Кўчада юргандачи кўзойнак билан кўзларини ҳам ёпиб оладики уни ким эканлигини англолмайсан киши. Мана сизга хотинлик ибосию аёлнинг шарм-ҳаёси.
Мулла Шокирнинг хотини айнан эри сабаб “одно”да танишиб қолган бу аёл билан интернетда ҳар куни ёзишади. Беҳаёлик бўлмасин деб хотинининг сўзларини мулланинг ўзи печатлаб туради. Ҳол-аҳвол сўрашади. Ҳатто айрим пайтлари уйга келиб меҳмон бўлиб кетишади. Наинки шу чоққача мулла Шокирга товушини эшиттирмаса! Шариатни ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири – мулла Шокирнинг хотини, иккинчиси – шу!
Жуда одобли ва ақилли аёл. Бошқалар билан умуман гаплашмайди. Расмлар ҳақидаку гап бўлиши мумкин эмас. Бировнинг гапларига аралашмайди. Муҳокамаю “класс” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бегоналар билан гаплашмаслик мақсадида ҳатто профилини “закрит” қилиб олган. Бисотида битта дўсти бор. У ҳам бўлса мулла Шокирнинг хотини. У меҳмон бўлганда мулла Шокир бирор бир танишининг уйида қолади, ё бўлмасам қишлоққа кетади. У келган куни мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам бўлиб, истаганча дам олиб келади. Бордию сафарларга чиқадиган бўлса, хотинига тезда “одно”даги дугонасини чақириб, бирга бўлиб туришини айтади. Шу сабабли ҳам бир ҳафта ўн кун сафарга кетса ҳам мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам.
Мулла Шокир сафарга узоқ қолиб кетадиган бўлса хотини:
– Қуриб кетсин, эрим тезроқ келмайди ҳам. Соғинчдан ўлиб бўлдим, узоқ кетиб келсангиз ҳам лоаққал соғиндим деб ўпишни ҳам билмайсиз! – деб гапирса мулла Шокир урушиб беради.  
– Ўзингга муносиб гапни гапир. Енгил бўлма! Дугонанг эшитиб қолса хафа бўлади.
Мулла Шокир сафарга кетадиган бўлиб қолди. Кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб, ўша фариштани чақириш мақсадида унга хат ёзди:
– Синглим, мен ўн кунлик хизмат сафарига кетяпман. Шаҳарда хотинимнинг энг яқин дугонаси фақат сизсиз. Шу боис келгунимча ўртоғингизни ёнига келиб туринг. Ўзингиз келган ва кўрган жой, бемалол айшларингни қилинглар, деб ёзиб юборди.   
Нариги томондан хўп деган жавоб келди. Шаҳарда мулла Шокир ишонадиган ягона хотин ҳам шу. Унинг наздида кўча-куйда юбка, шим кийиб юрадиган аёллар беҳаёдек. Шунинг учун ҳам хотинининг ўша ўраниб юрадиган аёлдан бошқа дугоналари йўқ.
Кетишидан бир кун аввал мулла Шокирнинг хотини эридан ўпкалади.
– Уятга ҳам ўлдирасиз кишини! – дейди йиғламсираб, – ўртоғим ҳар келанида менга бир нарса олиб келади. Мана бу сафар ҳам қуруқ келмабди. Мен бўлсам шу чоққача бирор нима беролганим йўқ. Ўзимку йилда бир нима ё оламан ё олмайман. Келишингизда шу бечорага бир нарса олиб келсангизчи сиз ҳам одам бўлиб.
– Э, девона, ўзи нарсага мухтож бўлса, сенга нарса олиб келармиди! Ҳарна бўлса худонинг бергани, олиб қўябер, яхши гапингни аяма!
– Ҳеч бўлмаса интернетига пул ташлаб юборинг, савоб бўлади. Кейинги сафар узоққа кетганингизда чақиришга хижолат қилмаймиз.
– Хай, майли. Ташлаб қўяман. Аммо мен келгунча сени ёлғиз ташлаб кетмасин. Қўни-қўшнилар билан кирди-чиқди қилманглар.
Хотинининг чеҳраси очилиб кетди-да, бурилиб ошхонага ўтар экан, қизларга хос шўхлик билан айланиб, деди:
– Бир нарсангизни бузиб қўйдим, айтсам урушмайсизми? Тунов куни олиб келган суратингиздаги одамлар худди кишининг афтига қараб турганга ўхшайди. Қолаверса ўша суратга ҳар сафар кўзим тушганида кимдир мени кузатаётгандек туюлаверади. Шунинг учун ҳам тескари қилиб қўймоқчи эдим йиртилиб қолди.
Мулла Шокирнинг аччиғи келди, чунки бу “Маккаи мукаррамани” бир тадбиркор ўртоғидан минг илтимос билан олган эди.
– Ахир, ундаги одамлар ҳаммаси ҳожи-ку!
– Ҳа, ўла қолсин, ҳожи одам эмасми!
Мулла Шокир хотинининг бу ишидан минг афсусланиб, сафар тараддудини кўра бошлади. Озгина вақтдан сўнг хотини билан хайрлашишга умидвор бўлиб турганда кўча эшигидан ёшгина бир хотин кириб келди. Бегона аёлнинг важоҳатидан бунинг уйига ё ўғри тушган ё бўлмасам ўт кетган одамга ўхшарди. Бегона хотин мулла Шокирга бир қарадида ичкарига отилди. Олдида эркак бўлатуриб уялмаганига мулла Шокирнинг ғаши келди ва шундай ибосиз хотинни ичкарига – фаришталар олдига киришини хоҳламади.
– Ҳай, ҳай! Хўш нима ишингиз бор?
Хотин тўғридаги уйга кириб кетди. Мулла Шокир дарғазаб бўлиб ўрнидан турди ва эшик олдига бориб бор товуши билан бақирди.
– Ҳай хотин, дейман, қандоқ беҳаёсан! Жинними ўзи бу...
Шу топда ичкаридан ўз хотинининг товуши эшитилди:
– Ё қанақа хотин бу, бировнинг уйига бостириб киради!..
Нимадир гурсиллаб ерга тушди, нимадир синди. Уйнинг эшиги шарақлаб очилди. Бир лаҳза жимликдан сўнг ҳалиги хотиннинг бақирган товуши эшитилди:
– Худо кўтарсин сен мегажинни! Иккита болам бор! Бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!!
Яна нимадир синди.
– Ҳай, нима гап?! – деди мулла Шокир бўсағада туриб, – синглим, сиз ўзингизни бир четга олинг!
– Нима дейди бу манжалақи!!
Бегона хотин айвонга чиқиб дод устига дод солди. Бир пасда уй қўни-қўшнилар билан тўлди. Мулла Шокир айвоннинг пастидан келиб у хотиннинг эгнидан тортган эди, хотин жон-жаҳти билан бир тепиб оғзи-бурнини қон қилди. Бунга ҳам қаноат қилмай унинг устига ташланди. Ана жанжал. Мана тўполон.
– Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади! Войдод хотинингга қўшгани бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!! Иккита болам бор...
Одамлар ажратмаганда бу хотин мулла Шокирни худди қутирган ит каби ғажиб ташлар энди. Нима бўлаётганига тушунмаётган мулла Шокир қонга беланганча ўзини четга олди. Хотини эшик ёнида деворга суянганча турар, рангги мурданикидай, ўзи қалтирар эди. Бегона хотин хушидан кетиб йиқилди. Икки киши – аёллар кириб, у фариштани уйдан олиб чиқишди. У аёллар кийимини кийиб олиб, камига ҳижоб ўраниб олган ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамма жим қолди. Бу сукунатни етмиш ёшли бир чол бузди. У мулла Шокирга қўлини пахса қилиб деди:

– Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми? Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг! Қўйинг-е, кўчиб кетинг маҳалладан, ё биз кўчиб кетамиз. Ҳаммани шарманда қилдингиз. 
Уйига йиғилган қўни-қўшни орасидан ёшгина қиз қўлига кесак олиб Мулла Шокирга ўқталди.
– Ҳа, ўл, турқинг қурсин! Тошбўрон қилайликми шу билан. Маҳаллада сабиб, ўқувчи қизларга кун бермасану, ўзингни қилган ишингни қара.
Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди. Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб мулла Шокирни янчиб юборди. У ҳозиргина тошбўрон қилмоқчи бўлган қизга қараб, бўғиқ товуш билан ўшқирди:
– Сен гапирма! Сенга ким қўйибди гапиришни! Уста Акбаралининг ўғлига “одно”дан профил очиб бер деб сўраганингни ўзим эшитганман!..
Ҳамма кулиб юборди. Маҳалладошлардан кимдир қичқирди:
– Ҳа, бу кишининг хотини “одно”га кирмаган!
Фарҳод Норбўтаев

P/S: Ҳикояни ўқиб бўлиб, шундоққина Абдулла Қаҳҳорнинг “Майиз емаган хотин” ҳикояси ёдингизга тушдими?! Балки ҳафсалангиз пир бўлгандир. Шундоқ ҳикояни расво қилибди деб. Бироқ домланинг ҳикояси бундан 79 йил аввал ёзилган бўлсада, воқеалар худди бугунгидек назаримда.
Беш қўл баробар эмас. Аммо “Ўргимчак тўри” исканжасида бўлган бугунги кунимизда ижтимоий тармоқларда аёл “қиёфаси”га кириб йигитларимиз билан гаплашаётган “йигитлар”, “Мой мир”да очиқчасига ўзини реклама қилиб танасини баҳолаётган беҳаёлар қанча. Саводсизликнинг ботқоғига айланаётган “однокласники” сайтини гапиришга ҳам уяласан киши. Замонавий кийинишни шариатга тўғри келмаслигини рўкач қилиб ҳижобга ўралиб қаернидир портлатиб, минглаб бегуноҳ инсонларни қурбон қилаётганлар ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Мен бугун аслида шулар ҳақида ёзмоқчийдим. Балки уддаладим балки йўқ билмадиму ҳарқалай Абдулла Қаҳҳорнинг шу ҳикоясидаги ғоя асосида нима демоқчилигимни озгина бўлсада сизга етказа олганимдан хурсандман.
Интернетдан оқилона фойдаланаётган хотин-қизларимиздан эса узр сўраб қоламан!

вторник, 28 января 2014 г.

САМАРҚАНД ФУТБОЛИ

ўзига хос доҳий ва ботқоқдаги футбол ҳақида ҳақиқатлар

Биз раҳбарларга доҳий деб эмас, аввало эл-юрт манфаатини ҳамма нарсадан улуғ қўйиб, унга хизмат қиладиган инсон деб биламиз. Айтиш керакки, доҳийлик эски совет даврига хос иллат бўлиб, унинг қолдиқлари баъзи жойларда ҳозирги вақтда ҳам кўзга ташланиб турибди.
Ислом Каримов

Самарқанд деганда ҳар бир инсон онгида бутун дунё цивилизациясининг маркази бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар ёдга келади. Самарқанд футболи дегандачи? Афсуски, бугун Самарқанд футболи деганда тилга олиб фахрланагидан, кўкраб уриб мақтанадиган, қалам тебратиб таърифлайдиган натижалар қолмади. Боиси, айни пайтга келиб Олий лига ўйинларида вилоят шарафини ҳимоя қилаётган “Динамо” клуби раҳбари ўзининг доҳиёна ишлари сабаб бутун вилоят футболини орқага тортиб келмоқда.
Ўтган йили вилоят ҳокими томонидан клубда туб ислоҳотлар амалга оширилиб жамоа раҳбарлигига Фирдавс Каримов келганди. Бутун ишонч, бутун умид унга қаратилган бир вақтда ҳали бир йил бўлмасдан туриб тарихий бир вилоят футболи орқага кетса кетаяптики, олдинга силжигани йўқ. Жаноб вице-президентнинг футболдаги доҳийлиги сабаб Самарқанд футболи ривожига узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали мураббийдан тортиб эндигина футболга қадам қўяётган болалару, умрини стадионда “Динамо”ни қўллаб-қувватлаш билан ўтказган кекса мухлислари, отасининг қўлидан тутиб футболга ошно бўлаётган мурғак қалбларни ҳам бирдек ранжитиб келмоқда.
Бугунги кунда давлат сиёсатининг устивор вазифалардан бири сифатида ёшларимизни спортга жалб қилиб, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш, келажагимиз эгаларини маънавий онгини ривожлантириб, турли хил ёт оқимлардан асраш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Айнан шуни ҳисобга олган ҳолда Юртбошимиз 2014 йилни “Соғлом бола” йили деб номлагани ҳам бежиз эмас.
Соғлом бола ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ва таъсири янада кучайтириш лозимлигини таъкидлаганини алоҳида эслаш зарур. Бироқ, айни пайтда Самарқанд футболи, хусусан “Динамо” жамоаси ҳақида гап кетганда амалга оширилаётган ишлар бунинг мутлақо акси бўлаётганига гувоҳ бўламиз.
Ҳозирда “Динамо” жамоасида мураббий бўлиб ишлаётган Равшан Ҳайдаровни ҳам мураббий ҳам инсон сифатида ҳурмат қилардим. Кўпчилик футбол мутахассилари Зарафшонда “Қизилқум” жамоасини боши берк кўчага кириб қолганига бош айбдор сифатида Ҳайдаровни кўрсатганда “Динамо”да бутунлай акси бўлишига ишонгандим. Бироқ, чучварани хом санаган эканман. Футболда узоқ йиллардан буён фолият юритиб келаётган инсон кимнингдир манфаати ҳисобига бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Биринчилигида вилоят шарафини ҳимоя қилиб, юздан ортиқ болаларни спортга жалб қилиб келаётган “Регистон” ва “Шердор” жамоаларининг фаолиятини тугатиб, ўрнига “Динамо” тасарруфида бошқа бир жамоа ташкил этишни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат қилишидан асосий мақсад нима эканлигини очиғи англолмадим. Ахир бу икки жамоани йўқотиш орқали бир неча юзлаб самарқандлик ёшларни спортдан йироқлашиб қолишини футболга қизиқмайдиган оддий инсон ҳам биладику.
Тажрибали мутахассис, футболимиз фахрийси сифатида эъзоз этиладиган инсон, узоқ йиллардан бери футболнинг нонини еб келаётган мураббий вилоят ҳокимидан Биринчи лига жамоаларини қисқартиришни, бутун футболни “Динамо” жамоаси, аниқроқ қилиб айтганда Фирдавс Каримов қўлига ўтиши учун ўз имзоси билан хат қилиб беришидан мақсад нима? Айнан ушбу ҳаракатнинг ўзи “Соғлом бола йили” давлат дастурини ҳозирданоқ бузилишига, юзлаб ёшларимизнинг кўчада назоратсиз қолишига сабаб бўлмайдими?
Юртбошимиз ҳар бир йиғилишда ёшларга катта эътибор бериш, уларни иш билан таъминлаш орқали турли хил оқимлардан асраш бугуннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини айтиб турган бир вақтда, бир инсонни вилоят футболи доҳийсига айлантириш учун бир неча юзлаб ёшларни футболга жалб этган жамоаларни йўқотишни талаб қилиш Равшан Ҳайдаровни профессионал мураббий эмаслигидан далолат бермайдими? Фарҳод Магометов Биринчи лигани кучайтирамиз деб турган вақтда ўзи иштирок этадиган чемпионат раҳбарига қарши иш қилишни қандай изоҳлаш керак.
Бир неча йиллар аввал ўз фаолиятини оддий маҳаллалараро футбол жамоаси сифатида бошлаган “Регистон” жамоасида бугун юзлаб болалар футбол билан машғул. Бу жамоа ўз кучи билан Биринчи лиганинг мунтазам иштирокчисига айланган бир вақтда клубни таг-томири билан йўқ қилиш кимга фойда келтиради. Вилоятнинг миллиардлаб маблағини сўраётган “Динамо” жамоасигами ёки шу мурожаат сабаб кўча безорисига айланиб қолиши мумкин бўлган келажак авлодгами? Ё бўлмасам, “Шердор” жамоасини олайлик. Бу жамоа ҳали ёш бўлсада, унинг таркибида ҳам элликдан ортиқ ёшларимиз иш билан таъминланиб, бекор қолишдан, турли хил оқимларга кириб кетишдан асраб қолинмоқдаку?
Юртбошимизнинг янгисини қурмасдан туриб, эскисини бузмайлик деган яхши бир гапи бор. Бироқ салланинг ўрнига каллани олиб келишдан мақсад нима? Ўзбек футболининг келажагига болта уриб, ёшларнинг соғлом ҳаёт тарзидан йироқлашишига айнан Фирдавс Каримов сингари раҳбарлару, Равшан Ҳайдавров каби мураббийлар сабабчи бўлмаяптимикан? Ҳайдаровнинг раҳбарнинг ён-атрофида парвона бўлиб, ўз ишини битиргунча “ака-ака”, “буюринг, хизматингиздамиз” деб тургани лаганбардорликнинг ўзгинаси эмасми?
Ҳаммамиз биламизки ҳозирги кунларда Олий лига жамоалари пойтахтимизда мавсумга тайёргарлик кўришмоқда. Хусусан “Динамо” жамоаси ҳам айни пайтда Тошкентда ўқув-йиғин машғулотларини ўтамоқда. Пойтахтимиздаги “Обод” клубининг сунъий қопламали майдонида “Динамо” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини кўргани бордим. Ўйиндан аввал “Сўғдиёна” жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев яқинда “Шўртан” жамоасига мураббий этиб тайинланган Мухтор Қурбоновга ўтган йили ҳар бир футболчини 1.280.000 сўмлик спорт формалари билан таъминлаганини таъкидлади. Агарда ушбу суммани математик таҳлил қиладиган бўлсак, “Сўғдиёна”да 40 нафар футболчи бор деб фараз қиламиз ва ўша суммани 40 нафар футболчига кўпайтирамиз. Калькуляторингизга 51.200.000 сўмга тенг қийматни кўрсатаётган бўлса сиз ҳисоблашда адашмагансиз.  
Худди шундай футболчиларни кийинтириш мақсадида ўтган мавсум “Динамо” жамоаси 140 миллион сўм сарф қилган. Аммо клубнинг ҳозирги вице-президентига бу сумма маъқул келмай, уни қисқартиришни қатъий талаб қилиб, якунда 84 миллион сўмлик форма олиш тўхтамига келишган. Бутун бошли жамоа учун бу яхши ҳол дейиш мумкиндир. Аммо профессионал футбол клубининг ўринбосарлар таркиби ва бир нечта ходимлари қўпол қилиб айтганда кийимсиз қолганини қандай тушуниш мумкин. Энг қизиғи, клуб раҳбарининг талаби 84 миллион сўм бўлиб, якунда ўша 140 миллион сўм кўчирилганини ҳоҳласангиз пулни тежаш, ҳоҳласангиз пулни ўзлаштириш деб билиш ўзингизга ҳавола. Маълумотларга кўра 2014 йилги мавсумда “Динамо” 220 миллион сўмга футболчиларга форма олишни режалаштириб турибди. Ҳатто бу борада вилоят ҳокимига расмий мурожаат қилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Энди тасаввур қилинг 220 миллионга неча кишини кийинтириш мумкин. Клубнинг режасини билмадиму, аммо ўтган йили “Сўғдиёна” жамоаси кийинган нарх асосида ҳисоблайдиган бўлсак бундай суммага 171 нафар футболчини кийинтириш имкони бор. Хўш айтингчи “Динамо” шунча футболчига форма олмоқчими ёки бундан бошқа мақсад кўзланганми? Агар вилоятнинг учта жамоасини жами футболчилари 171 нафар деб ҳисобласак, ҳар бир клубдан 57 нафар футболчи бир мавсумга етадиган формага эга бўлиш имкони бор. Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади деган гап бор. Аммо халқнинг пулини исроф қилма деган ҳақ гап борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
“Динамо” ва Самарқанд футболида сўнгги бир йил давомида бўлаётган ишларни кўриб наҳотки бутун бошли вилоятда футболни тушунадиган, футболда нима қилиш лозимлигини биладиган мутахассис қолмаган бўлса деган савол туғилади? Ёки бугун вилоятда Самарқанд футболининг доҳийига айланиб қолган Фирдавс Каримовни қилаётган ишларини назорат қиладиган одам қолмадими? Наҳот вилоят футболини алғов-далғов қилиб ташлаётган бу инсоннинг ўзи хон кўланкаси майдон бўлса?
Юртбошимиз ўтган йили Сурхондарё вилояти сессиясида Н.Чориевнинг фаолияти ҳақида тўхталар экан, бир ярим йил олдин катта ишонч билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасига сайлангани, атиги бир ярим йилда бу инсон ишончни оқламаганини алоҳида таъкидлаганди. Фирдавс Каримовнинг “Динамо” бошқарувига келганига энди бир йил бўлган бўлсада бугун вилоят футболи орқага кетаётганини ҳамма кўриб турибди. Наҳотки вилоят ҳокимига Самарқанд футболи инқирозга юз тутганини сезиш учун яна ярим йил керак бўлса. Жаноб вице-президентни кабинетга чақириб асл ҳисобот талаб қилиш вақти келмадимикан? Фирдавс Каримов “Динамо” жамоаси бошқарувига келганидан сўнг ўзининг узоқ йиллик фаолиятини Самарқанд вилоят футболига бағишлаган тажрибали мутахассислар ишсиз қолиб кетаётган бир вақтда, энди учта жамоани бир клубга бириктириб эртанги умидимиз бўлган ёшларни ҳам ишсиз қолдириш арафасида турганига қачонгача панжа орасидан қараб турамиз. Биз ишсизликка, соғлом ҳаётга шундай қараймизми?
Яқинда Самарқандга бориб вилоят футболида эришилаётган натижалар, Биринчи лигадаги “Регистон” ва “Шердор”, Олий лигада ўйновчи “Динамо” ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилиб юртбошимиз ҳар бир маърузасида нақадар ҳақ гапларни гапираётганлигига яна бир бор амин бўлдим.
“Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини билатуриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўлаяпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишларидан мутлақо холос бўлишимиз керак”.
Афсуски, Фирдавс Каримовнинг ён-атрофидаги одамлар, ўзларини андишага олиб, балки ишсиз қолишини ўйлаб вилоят футболини йўқ қилиб юбораётганини бир оғиз бўлсада айтишга урунмаяпти. Энг ёмони вилоят ҳокимига ҳам нотўғри маълумотлар орқали “Динамо” клуби доҳийсининг ишларини сир сақлаб келмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда эй баракатопгур, гап фақат ўзинг ҳақингда эмас, балки эл-юрт манфаати ҳақида борганда ҳаддидан ошган раҳбарни, келинг, эй жаноб, бир гаплашиб олайлик деган гапни айтадиган инсон қолмади. Ҳамма кўзанинг синишини кутиб турибди.
Бу гапларни бекорга яна бир бор эслатмадим. Боиси, яқиндагина пойтахтимизда аёллар ўртасида футзал бўйича ўнинчи бор ташкил этилган миллий чемпионатга старт берилди. Бироқ мазкур мусобақага мунтазам иштирок этиб келаётган собиқ “Шердор” ҳозирги “Динамо плюс” аёллар жамоаси иштирок этмади. Бунинг сабабини билиш мақсадида жамоа мураббийи Ибрагим Биляловга қўнғироқ қилганимда менга ҳеч қандай ахборот бермаслигини айтди. Хўш, бундай мураббийни қандай аташ мумкин. Мансабидан айрилиб қолишдан қўрқадиган андишали мураббийми ёки қорни очу, қулоғи тинч бўлишни истайдиган инсон дебми? Миллиардлаб пулларни айлантираётган клуб ҳеч қандай бадал пулисиз иштирок этиши мумкин бўлган мусобақага юбормаган раҳбарни ким деб аташ керак. Тежамкорми, тадбиркорми?
Ўзбекистон футбол федерацияси, шахсан Мираброр Усмоновнинг ташаббуси билан аёллар футболини ривожлантириш учун аёллар жамоасини Олий лига жамоаларига бириктириб улкан мақсадларни рижалаштирган бир вақтда, олдинлари ҳар бир мусобақага иштирок этиб келган жамоани турнирлардан олиб қолиш Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун масъул бўлган инсоннинг сўзини икки қилиш, унинг чиқарган қарорларига бўйсунмасликдан далолат эмасми? Энди айтингчи, қачонгача футболда олдимизга қўйилган улкан мақсадларни фақат тескарисини қилиб келамиз. Қачонгача салла билан калланинг фарқига бормаймиз.
Ўз нафсини пул билан ўраб олган Фирдавс Каримов ҳақидаги кескин гапларимни ўқиётган инсон балки мени шахсий хусуматда айблар. Бироқ бугун асл ҳақиқат шундай бўлиб турган бўлса, қандай қилиб мақтаб ёзиш мумкин. Сўзимни исботи сифатида ўтган бир йил ичида бўлган бошқа бир воқеаларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. 2013 йилда вилоятнинг футболга тегишли бўлган барча жабҳаларига ўз доҳийлигини кўрсатмоқчи бўлган вице-президент клуб тасарруфидаги мактаб директорини ҳам анча сарсону-саргардон қилишга муваффақ бўлди.
2009 йилда ЎФФ томонидан профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш, болаларни мусобақаларга мунтазам иштирок этишини таъминлаш мақсадида 60 миллион сўм ажратилган. “Динамо” ПФК қошидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби директори ушбу маблағдан унумли фойдаланиб битта “Исузу” русумли автобус олишга мувоффақ бўлган. Афсуски Фирдавс Каримов футбол мактабининг автобусига ҳам кўз олайтиргани, бунинг учун мактаб директорини кўп бора оввора қилганини қайси сўз билан изоҳлаш керак. Агарда автобусни “Динамо” клуби олиб берган бўлсаку тўғри тушуниш мумкиндир. Аммо Ўзбекистон футбол федерацияси ажратган маблағ эвазига келган автобусга эгалик қилишини нафс балоси дейишдан бошқа нарса деб бўлмайди.
Айнан юқорида қайд этилган воқеа Юртбошимиз айтганидек “бу ҳаётда инсонни синовдан ўтказадиган нарса – аввало нафс балосидир. Биз бу ҳақида, ундан огоҳ бўлиш, ундан ўзимизни асраш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин агар иймони суст бўлса, одам нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмайди” деган сўзи нақадар ҳақ эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.
Ўтган йили Самарқанд вилоят ҳокими вилоят клубларига маҳаллий футболчиларни жамоага жалб этишни талаб қилганди. Бироқ, футбол мактабидан чиққан ёш ва иқтидорли болаларни негадир “Динамо”га қабул қилишмаяпти. Хўш, нега? Мактаб директорининг сўзларига кўра ҳозирда 1997 йилда туғилган болалар тўлақонли клуб талабларига жавоб беради. Ҳатто уларнинг 6-7 нафарини “Динамо” мураббийлари рўйхатга ҳам олиб кетишган. Аммо ҳамон улар учун “Динамо” эшиклари ёпиқ. Ўша футболчилар ҳалигача клуб рўйхатида қолиб кетмоқда. Директордан бунинг сабабларини сўраганимда буни ўзи ҳам билмаслигини таъкидлади.
“Динамо” клубида вице-президентнинг амалга ошираётган “ўйинлари”ни инобатга олсак, клуб тасарруфидаги мактабда тарбия топаётган футболчиларни жамоа ўринбосарлар таркибига жалб қилишдан Фирдавс Каримов ҳеч қандай манфаат топмайди. Агар уларни жамоага чақирилса клуб мураббийлардан тортиб раҳбарларигача тайёр пулдан қуруқ қолиши аниқ.
Бугун уч-тўрт одам бир жойга йиғилиб, футболдан гап бошласа майдондан ташқаридаги ўйин қандай эканлигини билиб олиш қийин эмас. Вилоятга борганимда бир нечта футбол учрашувларини кузатишга муваффақ бўлдим. Худди шундай оддий одамлар билан суҳбатлашиб эшитган гапларим мени ҳам ҳайрон қолдирди. Бугун ўзбек футболида ўзига хос ном қозонган, айни дамда Азарбайжоннинг “Нефтчи” клубида фаолият юритаётган Боҳодир Насимовдан “Динамо”нинг асосий таркибига тушиши учун клубнинг ўша пайтдаги мураббийлари пул сўраганини эшитгандим. Аммо футболчининг бахтига Азамат Абдураимовнинг келиши ўша вақтда нафақат “Динамо”нинг, балки ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам доимий аъзосига айланиб қолгани айни ҳақиқат. Бугун Боҳодир Насимовдан сиздан асосий таркибга тушиш учун пул сўрашганми деб сўрашса йўқ дейиши мумкин. Чунки унинг оғир дамлари ортда қолди. Футболчи ўша дамларни эслагиси ҳам келмас. Бироқ унинг яқинлари Насимовнинг қанчалик қийналганию асосий таркибга тушиши учун пул сўраганини ҳалигача гапириб келади. Ҳамма вақт ҳам пул муаммони ҳал қилмайди. Пул ҳеч қачон инсонга истеъдод бермайди. Афсуски ҳозирги пайтда “Динамо” мураббийлари пул билан ёш футболчига иқтидор беришга ҳаракат қилишмоқда. Хўш, ўша иқтидорнинг нархи қанча туради дерсиз. Маълумотларга кўра ҳозирда 100 “кўкидан” 10 та санаган бола ўз-ўзидан “Динамо” аъзосига айланмоқда. Бу гапларни ким айтди дерсиз. Буни ўз ўғлини футболчи қилиб, унинг истиқболини кўриш илинжида, бировга мақтаниб, бировга афсусланиб яна бошқасига ноиложликдан айтган ота-оналар айтишмоқда.
Вилоят футболининг бошига келиб, ҳар икки гапнинг бирида маҳаллий футболчиларни клубга жалб қилаётгани ҳақида оғиз кўпириб, бош мақсадимиз шунга қаратилганлигини айтамизу, нега Омад Тайлоқовни “Андижон”га, Турғун Қобиловни “Сўғдиёна”га бериб юбораяпмиз. Нега Азамат Абдураимов ва Даврон Файзиев кўрган иқтидорни биз кўришни истамаяпмиз. Ёки пул кўзларни кўр қилиб қўймоқдами?
Халқимизда сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деган гап бор. Аммо манфаат бор жойда чўғни ҳам кўз юммай ютса бўларкан. Хабарларга кўра ўтган йили бутун бир бошли жамоани пароканда қилган мураббий Камо Газзаров тез орада Равшан Ҳайдаровга ёрдамчи мураббий сифатида ишга киришиш арафасида турибди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деймизу, нега яна эски ишимизни такрорлайверамиз. Нега “Динамо” учун тўп тепган Учқун Қобиловни футбол интернатига равона қиламизу, яна ўша нафси бузуқларни жамоага таклиф қиламиз. Гарчи ҳеч қайси жамоада “подёмний” расман ёзилмасада ҳатто Иккинчи лигада иштирок этувчи клуб талабига жавоб бермай қолган Максим Колядинга 40 миллион сўм кўтарма пул бериб мураббий қилиб оламиз. Нега профессионал клуб тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби тарбияланувчилари қарзга овқат еб, бировларга ялиниб тўлашадию, футболга ажратилган пуллар “Динамо” ҳисобига ўтказилади. Нега биз фақат савол берамизу, жавобига келганда раддия билан ўзимизни оқлаймиз. Хўш, нега???
Самарқанд футболи, унинг бугунги аҳволи ҳақида сўз юритар эканман марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг “Самарқанд” номли шеъри ёдимга келди. Бир эсланг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Бу буюк бобокалонимизнинг тақдирига битилган шеър. Бу бутун инсониятга коинотни очиб берган аллома ҳақида қасида. Бу ҳар сафар ўқиганда кишиларни йиғлатадиган марсия. Бугун тарих ўзгарди. Ҳақиқат тикланди. Энди бу шеърни бир бора футболга бахшида қилиб ўқинг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Футболини сўраб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Фарҳод Норбўтаев

суббота, 25 января 2014 г.

БЕМОРНИНГ “ПРОПИСКА”СИ ҚАЕРДА?

Тошкентда ижарада яшайман. Квартира эгаси ҳар замонда ўз уйига меҳмон бўлиб келади. Бу гал ҳам одатдагидек яна меҳмон бўлиб келди. Бир ўзи эмас, ўғли билан. Кеч бўлиб қолди. “Хозяйка”нинг уйи шаҳардан узоқда бўлгани учун бугун шу ерда қолишини айтиб, нариги хонага жойлашди...
Чарчоқ босиб энди ухлашга тарадду кўра бошлагандим. Бир маҳал қўшни хонадан уй эгаси югуриб чиқиб ўғлига ёрдам беришини, унга нимадир бўлганини айтиб йиғлаб чақирди. Қўшни хонага югуриб кирсам ерга хириллаб ётган болага кўзим тушди. Шоша-пиша бориб оғзини очишга ҳаракат қилдим. Қарасам тили орқага тортаётган экан. Адашмасам бу касалликни халқ тилида судурги дейишади. Боланинг оғзини очишга ҳар қанча урунмай кучим етмади. Нима қилишимни билмай қўшнининг эшигини тақиллатдим. Эшикни очган аёлга уйимизда бир болага судурги бериб қолганини, зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилишини, агар уйда бирор эркак бўлса менга ёрдам беришини сўраб боланинг олдига ошиқдим.
Бир лаҳзада бутун подездаги қўшнилар ёрдамга чиқишди. Боланинг оғзини очишга уринар эканман онасига тилини тортинг, нафас олсин дедим. Аёл бир амаллаб боланинг оғзига қўл солиши билан бола яна қаттиқ оғзини ёпиб олди. Шу топда бармоғи ўғлининг оғзига қолиб кетган аёл вой қўлим деб жон борича бақириб юборди. Нима бўлаётганини англолмайман. Ўй-ҳаёлим боланинг оғзини очиб, нафас олишга ёрдам бериш. Кейин билсам ўша вақтда ўғлининг оғзида қолиб кетган онанинг бармоғи тирмалаб ташланган экан.
Бир оғизга тўрт эркак тармашиб, ўлим билан олишаётган боланинг оғзини очишга эришдик. Бу орада ёрдамга келган қўшни хотин қошиқ билан тилини босиб унинг нафас олишига кўмаклашди. Бир оз нафас олган боланинг ҳовури сал пасайган бўлсада, аммо унинг тили яна тортаётгани учун оғзини маҳкам ушлаб турдик. Бу орада тез ёрдам ҳам етиб келди. Боланинг аҳволини кўргач тезда биринчи ёрдам сифатида судургига қарши укол қилишди. Бола бир оз тинчлангандай бўлди...
Азага келган одам ўз дарди билан йиғлайди деганидек, шифокор даб-дурустдан бемор боланинг “прописка”сини сўраб қолди. Боланинг оғзини очган ҳолатда жаҳл билан шу ерда, шу квартирада “прописка”да туради дедим. Онанинг бўлса қулоғига ҳеч гап кирмайди. Фарзандини бу ҳолда кўриб ҳатто нима қилаётганини ҳам билмайди. Бу орада боланинг касала яна қайталана бошлади. Шифокор биринчисидан кучли бўлган иккинчи дорини ҳам беморга юборди. Тўрт эркак дори таъсир қилиб, бола тинчлангунча ушлаб турдик. 4-5 дақиқа ўтар ўтмас унинг судургиси камайгандек бўлди. Вақтдан фойдаланиб тўрт эркак бир амаллаб болани тез ёрдам машинасига жойлаштирдик...
Тез ёрдам машинасида касалхонага кетар эканмиз, қўли боғланган бола бақирар, унинг тепасида турган онаизор ўғлининг номини такрорлашу, калима қайтаришдан бошқа нарса айтолмасди. Квартирадан 5-6 чақрим узоқда жойлашган Кадешевадаги касалхонага ҳеч етолмаймиз. Назаримда 5-6 чақрим 50-60 чақримга айлангандек туюларди менга. Бор ҳаёлим тезроқ шифохонага етиб борсагу, оғриқдан азоб чекаётган болага шифокорлар ёрдам беришса деган ўй билан кетаётганимда тез ёрдам машинасидаги шифокор яна боланинг “прописка”си қаердалигини сўради.
Боланинг азобланаётганини кўрган онанинг ҳаёли ўғлида, қайси саволга нима деб жавоб бераётганини ҳам билмайди. Унга ёрдам бериш мақсадида ёнида бирга кетаётган одамларнинг ҳаёли эса унинг омон қолишида бўлган бир вақтда шифокорнинг “прописка” деган сўзини эшитиб асабларим таранглашиб кетди. Бошқа бир вазият бўлганда тўғриси шифокорга бошқача муомала қилардим. Балки мушт тушурардим. Афсуски ҳозир бир боланинг ҳаёти ҳал бўлаяпти.
Бир амаллаб касалхонага етиб келдик. Бемор болани қабул бўлимига киргиздик. Қисқа текширувдан сўнг яна ўша савол берилди. “Беморнинг “прописка”си қаерда?”. Дод солгим келди. Бир инсоннинг ҳаёти қил устида турган вақтдан унинг “прописка”си ҳаммасидан муҳимми? Бу саволга кейинроқ, балки эртага ҳам жавоб олса бўладику. Афсуски яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”...
Бола реанимация бўлимига ётқизилиб, тўлиқ шифокорлар назоратига ўтди. Ҳаммамиз биламизки жонлантириш бўлимига ташқаридан бегона одам кириши мумкин эмас. Шу сабабдан беморнинг аҳволини фақат шифокорлардан билиш мумкин. Эшик ортида жигарбандининг қай ҳолатда эканлигини билиш учун сарғайган ота-она. Она бечора тинимсиз йиғлашдан нарига ўтмайди. Эшик олдида турган ҳамшира, беморнинг аҳволи яхшиланганлигини, уни навбатчи шифокор текшираётганини айтди. Энди фақат бир имкон қолди. Фақат кутиш. Бошқа чора йўқ. Менинг ҳам ҳаёлим ичкарида нима бўлаётгани билан андармон. Бироқ қулоғим остида ҳамон ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Ё тавба, нега пойтахт шифокорларини беморнинг аҳволидан кўра унинг “прописка”си қизиқтиради. Ёки жон азобида ётган бемор тузалиши билан қочиб кетадими? Бу саволга вазият яхшилангандан сўнг ҳам жавоб олса бўладику? Йўқ, ундай эмас. Улар учун энг муҳими “прописка”. Бемор иккинчи масала. Мен бунга иккинчи бор гувоҳ бўлишим.
Шифокорларда Гиппократ қасами деган тушунча бор. Оқ халатни кийиб, инсонлар саломатлиги учун хизмат қиладиган ҳар бир доктор Гиппократ қасамини ичади. Тўғриси бу қасам ҳақида жуда кўп эшитганман. Гиппократ қасамида нималар ёзилганини билиш мақсадида ўзим ҳам ўша қасамни ўқиб чиққанман. Не ажабки бирор марта Гиппократ қасамида “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган савол берилишини эшитмаганман. Агарда яқин орада қасамга беморнинг “прописка”си сўралсин деган жумла қўшилмаган бўлса албатта.
Ҳаммаси ўтиб кетди. Навбатчи шифокор боланинг аҳволи яхши эканлиги, эртага янада чуқур ташҳис қўйиб уни даволаши ва тез орада соғайиб кетишини айтиб бизни хотиржам қилди. Юзида оз бўлсада хотиржамлик, бироқ, кўнгилда хадик, кўзида ёш олган она ҳамон йиғлашдан нарига ўтмайди. Хола, йиғламанг! Болангиз яхши. Тез орада соғайиб кетади дедиму ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқарида сигарет чекар эканман, боланинг саломатлиги яхши бўлганидан хурсанд бўлсамда, назаримда кимдир “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган саволни қайта-қайта бераётгандек туюлаверарди. Гўё бу саволга жавоб бермасам болага ҳеч ким қарамайдигандек. Ҳар чанд урунмай барибир “прописка” деган сўзни унутишнинг имкони бўлмади. Қайтанга ўтган йили бўлиб ўтган воқеани эмисга солиб юборди. Бу ҳақида ўша пайти аламимдан твиттер ва файсбук каби ижтимоий тармоқларда ҳам гапирганман. Тилига “прописка” боғлаб олган шифокорларни роса қарғаганман ўшанда.
Ўтган йили ёз ойларида уч ёшли боламнинг тоби қочиб қолди. Тез ёрдам машинасида Уч Қахрамон мавзесида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришди. Қабул бўлимига турган ўрта ёшдаги навбатчи шифокор ўғлимга биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига мени қаерда “прописка”га туришимни сўради. Қўлимда додлаганча турган боламга ёрдам кўрсатиш ўрнига шифокорнинг берган саволидан тутақиб кетдим. “Пропискам” Самарқандда. Ҳозирги аҳволда бунинг нима аҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса биринчи ёрдамни кўрсатинг деб илтимос қилдим. Дўхтир бўлса “прописка”сиз беморларни қабул қилолмаслигини айтиб, бизни  Республика юқумли касалликлар шифохонасига боришимизни, у ерда қабул қилишини айтиб қайтариб юборди.
Йўлда ўғлимнинг азобланаётганидан эзилиб, “прописка”сиз беморни қабул қилмаган дўхтирдан нафратланиб, жаҳлим чиқиб Республика юқумли касалликлар шифохонасига етиб келганимни ҳам билмай қолдим. Тез ёрдам машинасидан тушушим билан шифокорлар қўлимдаги болани олиб, биринчи ёрдам кўрсатишга тушиб кетди. Худога шукр. Оқ халатнинг ҳаммасида ҳам доғ бўлмас экан. У ердаги шифокору ҳамширалар менинг кимлигимни, қаерда ишлашимни энг муҳими ҳатто “пропискам”ни ҳам суриштирмасдан ўғлимни даволашди. Биласизми, ёзнинг иссиқ кунида мевадан ичи кетиб тоби қочган болам атиги ўн беш дақиқада ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетди. Қувончимдан йиғлаб юбордим. “Прописка”ни энг сўнгги даражага қўядиган, инсон ҳаёти ҳар қандай “прописка”дан устун эканлигини биладиган шифокорлар борлигидан хурсанд бўлиб йиғладим.
Афсуски, бугун яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Пойтахтга келиб бир нарсани чуқур англаб етдим. “Прописка”сиз одам худди батарекасиз соатга, моторсиз машинага, қанотсиз қушу, пойдевори йўқ уйга ўхшаб қоларкан.
Тўғриси, кўп гапларни ёзмоқчи эдиму, афсуски Тошкентда “пропискам” йўқда.

P/S: Судурги сабаб касалхонага келган беморга яқиндан ёрдам берган шифокорларнинг барчасига рахмат. Бугун уларнинг саъй-ҳаракати билан бир инсоннинг жони омон қолди. Бир онаизорнинг кўнгли таскин топди. Юқоридаги гапларим орқали оқ халат соҳибларини қораламоқчи ё бўлмасам ўз касбига лаёқатсиз демоқчи эмасман. Уларнинг борига шукур. Айнан улар сабаб қанчадан-қанча беморлар ўз дардига даво топишмоқда. Фақатгина демоқчи бўлганим, ҳар қандай ҳолатда бўлган беморга тўлиқ ёрдам бериб, сўнг улардан “прописка” сўраса яхши бўларди. Акс ҳолда Тошкентга келган инсонлар оддий бош оғриғидан ҳам талвасага тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Фарҳод Норбўтаев

пятница, 29 ноября 2013 г.

ЯЛОНҒОЧЛАШИБ БОРАЁТГАН САНЪАТ

“Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади”.
Ислом Каримов
“Юксак маънавият енгилмас куч”

Бугунги кунда юртимизда санъатни ривожлантириш ва уни юксак чўққиларга чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни бир сўз билан ифодалаш қийин. Биргина ёш ва иқтидорли қўшиқчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Ниҳол” мукофотининг жорий этилгани мамлакатимизда ёш санъаткорларга бўлган эътиборнинг юксак намунаси сифатида қарашимиз мумкин.
Бугун ғурур билан тилга олишимиз мумкинки, санъат соҳасида ёшларимизга яратилаётган имкониятлар бошқа ҳеч бир мамлакатда бундай даражада эмас. Минг афсуски ўзини санъаткор сифатида эътироф этадиган айрим қўшиқчиларимиз борки ижтимоий тармоқларда ўзининг маънавий бузуқлиги билан, нафақат ўз шани, балки бутун миллат номига доғ тушуриб келмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг бир бўлагига айланиб бўлган. Айниқса, санъат оламининг ёш “юлдузчалари” ўзларини “реклама” қилиш борасида twitter, instagram, facebook ва odnoklasniki каби турли хил ижтимоий сайтлардан муқим ўрин олиши ушбу соҳа вакилларининг ҳар кунлик ишларидан тезда воқиф бўлиш имконини берди. Бироқ ўша ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилаётган санъат вакиллари ибонинг кийимини ечиб, ҳаёнинг юзига парда тортиб қўймоқдаки, буни бир сўз билан шармандагарчиликнинг замонавий кўриниши деса ҳам бўлади.
Бир неча кун аввал facebook ижтимоий тармоғида Тамилла Пивеца номли “профилда” суратлар қўяётган хонанданинг расмлари биз юқорида тилга олган ибо ва ҳаёдан асар ҳам йўқлигини яна бир бор исботлаб берди. Қўшиқчининг шахсий суръатлари билан бойитилган ушбу “профилда” қўйилган расмлар кун сари очиқлашиб бораётгани бугунги санъатимиз ялонғочлашиб бораётганидек тасаввур ўйғотади кишига.
Азал-азалдан инсоннинг маънавий юксалиши унинг ўз авратини либос ёрдамида ёпиши билан чамбарчас боғлиқ. Инсониятнинг либос билан ўраниши ҳамиша тараққиёт маҳсули бўлиб келган. Бироқ, ижтимоий тармоқ “маликаси”га айланган қўшиқчининг белнинг яримигача очиқ расмлари санъатнинг нархини оширмоқчими ёки санъаткорнинг нархини оширмоқчими очиғи буни англаш қийин.
Ўз зийнатларини кўз-кўз қилишни, ахлоқсизликни ҳамда  ҳаёсизликни гўзаллик деб ҳисоблаш бу инсоннинг табий хусусиятларининг бузилишидан ўзга нарса эмас. Холбуки, бу нарса жохиллик ва маънавий бузуқлик белгисидир.
Қўшиқчининг ижтимоий тармоқдаги расмлари тагида қолдирилган изохлар унинг нақадар маънавий бузуқ эканлигини шундоққина айтиб турибди. Гўё бу изоҳлар қўшиқчига олам-олам илҳом бағишлайдию, унинг ортида минглаб қўшиқ яраладигандек. Бироқ, изоҳларнинг ҳаммаси беҳаёликни ифода этувчи таърифлар эканглигини кўрган киши мақсад қўшиқ тинглаш эмас, балки қўшиқчини “тинглаш”ни англаш қийин эмас. Ҳайрон қолдирадиган жиҳати шундаки, тўшакда айтиладиган эркалаш сўзлари қўшиқчига қандай илҳом бағишлайди, буни тушуниш қийин.
Шу топда машҳур адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида қайд этилган “Аёл киши ҳуда-беҳудага ўзини кўзгуга солаверса, ҳушёр бўлинг: бир гап бор...” дея зикр этилган ибораси ёдимга тушди. Юқорида қайд этилган ибора бугун қулоч ёзиб учаётган шоу-бизнес оламидаги айрим аёл қўшиқчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги “ўйини”га аталгандек, гўё.
Санъат оламида Тамила бўлиб ном чиқарган ушбу қўшиқчининг кун сайин бу даражада ялонғочлашиб бораётгани наҳотки ўзига сезилмаётган бўлса? Шу топда бир савол туғилади. Ярим-ялонғоч тарзда тушган ушбу расм орқали “қўшиқчи” нимага эришмоқчи? Ёки эл ичида юрадиган, халқнинг яхши кунларида хизмат қиладиган санъат вакиллари юз бора такрор айтилаётган юксак маънавият тушунчасини худди шу тақлид қабул қилишмоқдами?
Авратни либос билан ўрашдан қочиш ва ўз гўзаллигини кўз-кўз қилиш ва икки жинсни ўзаро шахвоний ишларга ундовчи хирсдан қувват олувчи иллатдир. Бундай ишга интилган ва бунга рози бўлган ҳар қандай кимса қалбидаги ўз номусини сақлаш ҳиссини йўқотади. Энди бир ўйлаб кўрингчи, тананинг яримигача очиб, ўзини санъаткор дея биладиган қўшиқчида номус сақлаш ҳисси бормикан?
Ижтимоий тармоқлардаги беҳаёлик ва ўзини кўз-кўз қилиш инсоний хусусиятларнинг оёқости бўлиши, қизғаниш ҳиссининг йўқолгани ва ҳиссиётнинг заифлашуви, ҳис-туйғуларнинг нобут бўлганини англатмайдими? Хўш, бундай санъат олами вакилларидан ёш авлод қандай қилиб маънавий озуқа олади. Буларнинг ҳаммасига кўз юмиб, катта-катта саҳналарда уларга қачонгача қарсак чалиб тураверамиз. 
Шу ўринда бугунги кун санъат шинавандаларининг ҳам маънавий тушунчаси пастлашиб бораётгани кишини ҳайрон қолдиради. Ширадек овози бўлиб, устида миллий либос кийган қўшиқчига тош отиб, қурбақадек ваққилайдиган, фонограмманинг қули бўлиб олган, аммо ярим ялонғоч қўшиқчини олқиш билан кутиб олишимиз, унинг санъатига эмас, балки танасига маҳлиё бўлиб қарсак чалишимиз бизнинг ҳам маънавий онгимиз пастлигини англатмайдими? Нега бугунги кунда бутун умр тор кўтариб хониш қилган Олмахон Ҳайитова, миллий қадриятларини унутмаган Муножот Йўлчиева сингари қўшиқ куйлаш шу даражада оғир бўлиб боряпти. Ёки ёш қўшиқчиларимиз орасида санъат ниқоби остида бошқа бир эҳтиёжни қондириш урф бўлиб боряптими?
Инкубатордан чиқандек кун сайин кўпайиб бораётган қўшиқчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги беҳаё расмларини қачонгача галерияда қўйилган сурат сингари томоша қилиб тураверамиз. Хўш, айтингчи Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси деган ҳайҳотдек ташкилот қаерга қараяпти. Санъатни тартибга солиш мақсадида ташкил этилган бу ташкилот пулини олишу, лицензия бериш билан машғулми. Ёки санъатимиз шу даражада ялонғоч бўлиб қолдими? Бу ташкилот учун санъаткорларимизнинг маънавий бўшлиқ ва замон ахборот майдонида ўзини “реклама” қилишини назорат қилишнинг имкони йўқми? Балки санъаткорларимиздаги ҳаё ва ибо аллақачон “оммавий маданият” кушандаси сифатида ахлоқсизликка айланиб улгурганми.
Яна бир гап. Халқнинг хизматида юрадиган инсонларнинг қилаётган ишлари шундай бўлса, биз бонг уриб, турли хил катта-катта тадбирларда, мактубу университетларда, коллежу лицейларда маданият ҳақида маъруза ўқиб, томлаб китоб чиқарганимиз ҳавога учиб кетмаяптими?
Мамлакатимизда ёшлар маънавиятини бузилишини олдини олиш мақсадида турли хил чора-тадбирларни амалга ошираётган бир вақтда санъаткорларимизнинг ярим-ялонғоч, очиқ-сочиқ расмларини ижтимоий тармоқлар орқали оммага кўз-кўз қилиши ўзбекчиликка тўғри келадими. Ахир бундай шармандали рамларни глобал тармоқда намойиш этиш нафақат ўзбекчилик, балки мусулмончиликка ҳам тўғри келмаслигини ор нималигини биладиган ўзбекнинг барчаси биладику.
Биз ҳар доим ота-боболаримиздан қолган миллий қадриятлар, ўзбек қизининг ибо-ҳаёси ҳақида бот-бот такрорлаб, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий онгини юксалтиришга ҳаракат қилаётган бир вақтда эл назаридаги қўшиқчиларнинг ҳеч қайси ананаларимизга тўғри келмайдига ҳатти-ҳаракати миллий қадриятларимизни топталишига сабаб бўлмаяптими.
Энди бир ўйлаб кўринг, ёшларимизнинг маънавий тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда санъатимиз “кушандалари”нинг беҳаёликларини қандай изохлаш мумкин. Мамлакатимизга турли хилдаги беҳаёликларни олдини олиш мақсадида аниқ бир қонунлар доирасида ишлаётган бир вақтда, ўзимизнинг ичимиздан чиқаётган ярим-ялонғоч расмларни тарғиб қилаётган ўша қўшиқчиларнинг ҳаракатини қачонгача “класс” ёки “лайк” билан олқишлаб турамиз.
Хўш, айтингчи ёшларимиз маънавиятига зиён етказиб, ўзини уятсиз расмларини кўз-кўз қилаётган қўштирноқ ичидаги санъат вакилларини беҳаё ҳаракатлари учун жазолаш, керак бўлса ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш вақти келмадимикан. Ахир маънавиятсизлик худди рак касалига ўхшаб инсоннинг ичидан емириб, охир оқибат нобут қилиши аниқ.
Сўнгги сўз ўрнида “Юксак маънавият енгилмас куч” китобида айтилган қуйидаги гапларни яна бир бор ёдингизга солиб ўтмоқчиман: ўзбек халқи дунё майдонида куни кеча тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Биз – бой тарих, юксак маданият, буюк маънавият ворисларимиз. Шундай экан ўз маънавиятимиз ва маданиятимизни, энг муҳими ўзлигимизни унутмайлик.
Фарҳод Норбўтаев
журналист

вторник, 15 октября 2013 г.

ҚАЧОНГАЧА ШУНДАЙ БЎЛАР БУ ФУТБОЛ

Ўйиннинг нафи йўқ, йўқ эрур фойда,                                             
Майдонда сохталик, кимга бу жабр.
Термага аталиб қазмоқда қабр,
Қачонгача шундай бўлар бу футбол.                                        
300
Нима бўляпти бизга?!

ЎФФ дегани бир катта гўзар,
Оддий йигитларга солмайди назар.
Бир-бирин ортидан ғийбатни қилар,
Қачонгача шундай бўлар бу футбол.

Мухлисга боқаман доим ғазабда,
Қалбидан сизилиб чиқмоқда алам.
Бир-бирин алдаймиз бу қандай замон,
Қачонгача шундай бўлар бу футбол.

Ёшлари йилларки орзу ғамида,
Афсуски кимлардир қилар қўғирчоқ.
Шайтоннинг ичига кирган бу терма,
Қачонгача шундай бўлар бу футбол.

Ор-номус бир четга сурилиб қолса,
Ўз нафси қурбони бўлса бу футбол.
Терманинг ишлари ажабга солса,
Қачонгача шундай бўлар бу футбол.

воскресенье, 11 августа 2013 г.

“ДИНАМО” ОРТИДАГИ НАЙРАНГЛАР


Бугунги куннинг раҳбар кишиси энг аввало мустақил фикрга, дунёқарашга эга бўлган, замонавий билимлардан хабардор, ўз касбини мукаммал билган, ҳалол, пок ва барча фазилатларни ўзида жамлаган комил инсон бўлиши керак. Айнан шундагина халқнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўла олади. Халқ эса унинг ортидан бориб бунёдкорлик ишларида фаол қатнашади.
Ислом Каримов

Сўнгги кунларда “Динамо” ҳақида шундай гаплар юрибдики, буларнинг барчаси клуб вице-президенти Фирдавс Каримов билан чамбарчас боғлиқ бўлиб боряпти. Тўғри, кўпчилик бўлаётган гап-сўзга клуб раҳбари жавобгар бўлганидан сўнг унинг номи тилга олинади дейиши мумкин. Аммо саккиз ойдан бери бутун бир жамоаю, унинг футболчиларини “қонини ичиб” келиши ҳар қандай инсоннинг ҳам жаҳлини чиқариши турган гап.
Ҳаммамизга маълумки охирги бир ҳафта ичида Александр Клецков масаласи анча гап-сўзларга сабаб бўлди. Муаллиф Бобомурод Абдулла томонидан ёзилган “Самарқандда футболчи “товарми”? мақоласи “Динамо”да юз тутаётган кўпгина аянчли ҳолларни очиб ташлади. Айни пайтда ПФЛ томонидан эркин агент сифатида эълон қилинган украиналик футболчи Владимир Киликевич ҳам деярли қамоқхонага айланиб қолган жамоадан қутулгани учун дўпписини осмонга отиб юрган бўлса ажабмас. Қолаверса, у кўрикдан ўтган “Бухоро” жамоаси футболчини бундай аҳволга солиб қўймаса керак. Ахир айтишадику, сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деб.
Сўзимиз орасида қамоқхона деган совуқ сўзни тилга олганимизга ажабланманг. Боиси клуб айни пайтда ҳақиқатдан ҳам шу даражага келиб қолган. Жамоа базасидан чиқаётган футболчи обдон текширилади. Бу текшириш шу қадар қаттиқ бўладики, ҳатто аэропорту божхонадигалар ҳам ип ечолмай қолади. Нега дейсизми? Клуб раҳбарининг тушунчаси бўйича жамоа футболчилари мисли ўғири. Шу сабабли ҳам уларнинг кириб-чиқиши қаттиқ назорат остига олинган. Ҳатто ўзининг шахсий машинасида базага келган футболчининг чиқишида бензин бакларигача текширилишини қандай тушиниш мумкин. “Динамо”да футболчининг ҳар қадами жарима. Клуб вице-президентининг антиқа қарори асосида футболчилар оладиган маошларини ярмидан кўпини жаримага сарфлаб юборишади. Нега дейсизми? Келинг Владимир Киликевич билан боғлиқ бўлган бир воқеани ёдга олайлик.
Чўкаётган одам чўпга ҳам суянади деганидек, “Динамо” раҳбарияти Киликевични осонлик билан қўйиб юбормади. Қўлидан келганча, аниқроғи тиш-тирноғи билан футболчини жамоада олиб қолиб, унга ўзига хос Александр Клецковга ваъда қилинган жазони ҳам тайёрлаб қўйган эди. Яхшиямки кўп ҳолларда танқидлар дашномига қолиб кетадиган ПФЛ футболчининг ҳуқуқи борасида одил қарор чиқарди. Акс ҳолда...
Маълумотларга кўра “Динамо” футбол клуби ҳуқуқшуноси Шуҳрат Ҳотамов украиналик футболчи Владимир Киликевичнинг маоши қисқартирилганлигига сабаб сифатида унинг спорт маҳорати йўқолганлиги тўғрисида сохта ҳужжат, яъни буйруқ тайёрлаб ПФЛнинг эътирозлар қўмитасига исботламоқчи бўлган.
Бироқ, эътирозлар қўмитаси клуб томонидан чиқарилган қарорда футболчининг ҳам қўли бўлиши, у нима сабабдан ойлиги қисқартирилганини билиши кераклигини айтгандан сўнг жаноб юрист нима дейишни билмай қолган. Хўш, энди айтингчи биргина қўлдан чиқаётган футболчи учун жорий қилинган сохта буйруқлардан қанча-қанчаси чиқарилган экан? Гап фақат буйруқда бўлсаку майли. Аммо унинг ортида миллионлаб балки миллиардлаб маблағнинг ётганлигини англаган киши клубнинг эртанги ҳоли нима билан тугашини ҳозирдан тахмин қилса бўлади.
Энг ачинарлиси, нафақат “Динамо”га, балки кўҳна Самарқанду, гўзал Ўзбекистонга меҳмон бўлган бу футболчининг бизга бўлган фикр-қарашлари ўзгариб кетмадимикин? Биргина Фирдавс Каримовнинг найранглари сабаб бутун дунёда ўзбек футболи ҳақида бўлмағур ахборотлар тарқалиб кетмаслигига кафолат борми? Хўш айтингчи Киликевич Украинага борсаю, у ердаги журналистлар билан суҳбатда бўлса ўзбек, хусусан Самарқанд футболи ҳақида қандай сўзларни айтади? Тасаввур қилаяпсизми?
Ўз муаммолари билан юрган Киликевич билан суҳбатлашганимда футболчилик, ўйин, шартнома, клуб ҳаммасини қўйиб турайлик, инсонийлик жиҳатдан саломингга алик олмайдиган раҳбарни биринчи бор кўришим. Раҳбарда муомала бўлиши керак дея афсус билан гапирди. Хўш, айтингчи. Юртбошимиз юқорида таъкидлаган раҳбарлик хислати аслида шундай бўлиш керакми?
Кези келганда бир гапни айтиб ўтишни лозим топдим. Мавсум аввалида клуб мураббийлари жамоага легионер футболчиларни кўрикдан ўтказиш учун чақиришди. Катта умидлар билан келган украиналик Юрий Мерхел ҳам жамоа назоратида бўлди. Аммо мураббийлар талабига мос келмаган футболчи ўз юртига қайтишда шундай муаммога дуч келдики буни биргина сўз билан изоҳлаш қийин.
Тартиб бўйича жамоага чақирилган легионер футболчиларни келиб-кетиш харажатини клуб ўз зиммасига олади. Бироқ, Фирдавс Каримовнинг буйруғига асосан “Динамо” Юрий Мерхелнинг нафақат келиш харажати, балки кетиш учун ҳам бир сўм бермаган. Бу орада футболчининг оҳ-воҳларию, овворагарчиликларини айтмаса ҳам бўлади. Фақатгина ўша пайтда жамода ишлаган мураббийлар Олег Горвецдан 500 АҚШ доллари миқдорида қарз олиб футболчини юртига кетишига ёрдам берган. Ана энди айтингчи бу иш профессионал футболга тўғри келадими? ПФЛ мана шундай жамоалар учун мусобақа ташкил қилиб беряпти?
Аввал ҳам тўхталиб ўтган форма масаласига яна бир бор тўхталиб ўтсак. Мавсум аввалида жамо футболчиларни кийинтириш мақсадида клуб томонидан 140 миллион сўмлик режа тузилади. Бироқ, бундай катта сумма вице-президент жанобларига ёқмайди ва нархни максимал даражада камайтиришни талаб қилади. Узоқ тортишув ва қисқартирилишлардан сўнг футболчилар 84 миллионга кийинишга мажбур бўлишди. Афсуски, ўша формаларни кийиш жамоа аъзоларининг ҳаммасига ҳам насиб қилмаган. Клубнинг юзи бўлган ўринбосарларнинг кийиниши ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Улар клуб формаси деганда жамоа раҳбарларининг ўғлию қариндоши кийиб юрган, кўкрагида “Динамо” деб ёзилган формаларни орзу қилишади холос.
Клуб ходимлари ортиқча харажатларни камайтириб, пулни бўлар-бўлмас нарсаларга сарфламайдиган раҳбар келганидан хурсанд бўлиб юрган бир вақтда жамоа формаси учун 84 миллион эмас, балки 140 миллион сўм кўчирилганини қандай тушуниш мумкин? Тушунишимиз бўйича 84 миллионга форма олган бўлса, айтингчи қолган 56 миллион сўм қаерга ёки кимнинг чўнтагига кетган?  
Бу биргина ҳолат. Сафар харажатларида нархларни максимал даражада юқори қилиб ёзилиши. Шашлик ваъда қилиниб аслида шўрва бериш ҳолларини ҳисобласа клубнинг пуллари қаерга кетмоқда деган ҳақли савол туғилади. Машғулотларда футболчилар учун сув берилмаслиги, оддийгина ёрдамчи мураббийнинг зиммасига унинг ўз ойлигидан футболчиларни сув билан таъминлашни буюрган жамоа рахбари ҳақиқатдан ҳам клуб пулларини сақлаб қолаяптимикан?
“Динамо” рахбариятининг нафақат эркак футболчилар, балки аёл футболчиларни ҳам ўз ноғорасига “ўйнатиб” юрганлиги ҳам аянчли ҳолдир. Ҳаммамизга маълумки жорий йилдан бошлаб Олий лига клублари қошида аёллар жамолалари ташкил этиш шарти қўйилди. Кўпчилик қатори “Динамо” ҳам бу талабни қондириши шарт эди. Шу асосда олдинги “Шердор” қизлар жамоасининг футболчилари тамомила “Динамо” аёллар жамоасига ўтказиш шарти қўйилди.
Эркакларни чув тушириб юрган одамга аёлга ёлғонлар либосини кийдириб қўйиш ҳайкални кийинтиргандек иш. Айнан Киликевич масаласи билан бир вақтда ПФЛга “Динамо” раҳбарлари устидан шикоят қилган уч нафар қизнинг ҳам дарди оғир. 9 йилдан бери футбол ўйнаб бирор сўм ҳам олмаган қизлар янги жамоага ўтиш чоғида катта тўсиққа келиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Узоқ йиллар давомида сариқ чақасиз бир клуб номини ҳимоя қилган қизлар ишлаган меҳнати учун пул тўлайдиган “Пахтакор” остонасига киришолмай ҳалак. Мана Ўзбекистон футбол федерациясию, Профессионал лигамиз қўяётган талабларга муносабат. Мана аёллар футболини ривожлантириш учун аёлларни қурбон қилиш санъати.
“Динамо” аёллар клубию, унинг бошқарувидаги раҳбардан нолиб юрган қизларнинг бу ҳолга тушиш сабабларини билиш мақсадида жамоанинг собиқ мураббийи Алишер Ахмедов билан суҳбатлашиб масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
- Алишер ака “Динамо” аёллар жамоасининг уч нафар футболчиси ПФЛга шикоят билан келибди. Бунинг сабабини тушунтириб бера оласизми?
- Тўғриси бундан хабарим йўқ. Сабаби айни пайтда мен жамоада ишламаяпман.
- Нега? Ахир мавсум бошида сизни мураббийликка чақиришганку?
- Ҳа, сен ишлаб тур, сени албатта ишга оламан дейишганди. Икки ой ишлаб бердим. Бу вақт оралиғида жамоани қайтадан тузиш ва шакллантириш учун барча керакли ишларни қилдим. Яхши натижага эришиш учун ўз маслаҳатларимни аямадим. Аммо кейин нимадир бўлдию клуб рахбари сен бизга керак эмассан деб қолди. Шундан сўнг мен жамоани тарк этдим. Кейинчалик билсам клубдан 8-9 нафар қизлар ҳам кетиб қолибди.
- ПФЛга шикоят қилиб келган қизлар клубдан ойлик олишмаганини таъкидлашди.
- Тўғри, қизларнинг ҳеч бири ойлик олмай жамоа манфаатини ҳимоя қилиб келган. Жамоа қизларига фақатгина келиб-кетиши учун 500-1000 сўм йўл харажати бериларди холос.
- Кулбни шакллантириш, футболчиларга ойлик бериш учун семета тузилгандир?
- Сметаси бор. Билишимча 100 миллиондан зиёд. Аммо нима сабабдан қизларга ойлик берилмаганини билмайман.
- Жамодан кетган бўлсангиз ҳам унинг тақдири билан қизиқдингизми?
- Албатта, билишимча айни пайтда жамоани Учқун Қобиловга бериш арафасида.
Самарқандда тўп тепиб, тирикчилик қилаётган футболчиларнинг кўпчилиги ойлик масаласида шикоят қилишади. Икки-уч ойлаб маош ололмаётган футболчилар додини кимга айтишни билмайди. “Тежамкор” клуб раҳбаригами ёки жамоани пул билан таъминлайдиган ҳомийларгами? Балки ПФЛга дерсиз? Аммо қаерга мурожжат қилмасин масала барибир “Самарқанд футболи губернатори”га айланиб олган Фирдавс Каримовга бориб тақалади. Вилоят футболида гигемонликни қўлга олган вице-президентсиз ҳеч бир футболчи сариқ чақа ҳам ололмайди.
Оддийгина, Биринчи лигада иштирок этадиган “Регистон” ва “Шердор” жамолари футболчиларга ойлик бериши учун Фирдавс Каримовнинг рухсатини олиши шарт. Бироқ, қуруқ қошиқ оғизни йиртади деганларидек жаноб вице-президент қуруқ қўлларга ҳадеганда рухсат беравермайди. Натижада молиявий муаммоларни ҳал қилиш учун рахбарнинг оғзини ёғлашга тўғри келади. Қандай қилиб дейсизми? Буни Фирдавс Каримовга иши тушган барча билади. Қисқаси, мушук текинга офтобга чиқмайди.
Мазкур мақола юзасидан изланиш олиб боганимда кўпчилик ёзганларингизни бирортаси ҳам ҳоким ўқимайди. Боиси вилоят ҳокимига жамоанинг бундай аҳволини етказишмайди деб нолиб қолишди. Нега, десам ака у ерда ҳам манфаатдорлар борда дейишдан нарига ўтмади. Ўйлаб қолдим, унда вилоят матбуот хизматини нега ташкил қилди экан. Шунча аҳволни кўриб турган, вилоятда бўлаётган воқеаларни ҳокимга етказиб турадиган матбуот хизматининг ҳам Фирдавс Каримовга келганда ручкаси ёзмай, компьютери ишламай, принтери чиқармай қоладими? Ёки оч қорним тинч қулоғим деб вилоят футболи ўлиб борса ҳам жим тураверадими? Бироқ бир ҳақиқат борки, буни асло унутмаслик лозим. Алломалар айтганидек, бир ҳовуч одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ. Мухтасар қилиб Юртбошимиз таъбири билан айтганда мен ақл идрок ва инсонийлик кучлари ғалаба қозониши кераклигига ишонаман.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Бир неча йиллар олдин “2012 йил” деган кино чиқиб қолди. Кинонинг ғояси 2012 йил охирзамон бўлиб, ер юзи йўқ бўлиши ҳақида баён этилган. Бироқ, мана 2013 йилни ҳам ярмидан кўпини ўтказиб олдик. Худога шукрки дунёмиз тинч. Лекин бир нарса борки, Самарқанд футболига бефарқ бўлмаган барчани бирдек ташвишлантиради.  “Динамо” жамоаси вице-президенти Фирдавс Каримов клуб бошқарувини 2018 йилгача бошқариш ҳуқуқига эга. “2012 йил” киносидаги охирзамон гапларига ишонмайману, аммо бу кетишда 2018 йилда “Динамо” “қизил китоб”га киритилган жамоалар қаторидан жой олса ҳеч ҳам ажабланмайман.