Тошкентда
ижарада яшайман. Квартира эгаси ҳар замонда ўз уйига меҳмон бўлиб келади. Бу гал
ҳам одатдагидек яна меҳмон бўлиб келди. Бир ўзи эмас, ўғли билан. Кеч бўлиб қолди.
“Хозяйка”нинг уйи шаҳардан узоқда бўлгани учун бугун шу ерда қолишини айтиб,
нариги хонага жойлашди...
Чарчоқ босиб
энди ухлашга тарадду кўра бошлагандим. Бир маҳал қўшни хонадан уй эгаси югуриб
чиқиб ўғлига ёрдам беришини, унга нимадир бўлганини айтиб йиғлаб чақирди. Қўшни
хонага югуриб кирсам ерга хириллаб ётган болага кўзим тушди. Шоша-пиша бориб
оғзини очишга ҳаракат қилдим. Қарасам тили орқага тортаётган экан. Адашмасам бу
касалликни халқ тилида судурги дейишади. Боланинг оғзини очишга ҳар қанча
урунмай кучим етмади. Нима қилишимни билмай қўшнининг эшигини тақиллатдим. Эшикни
очган аёлга уйимизда бир болага судурги бериб қолганини, зудлик билан тез ёрдамга
қўнғироқ қилишини, агар уйда бирор эркак бўлса менга ёрдам беришини сўраб
боланинг олдига ошиқдим.
Бир лаҳзада
бутун подездаги қўшнилар ёрдамга чиқишди. Боланинг оғзини очишга уринар эканман
онасига тилини тортинг, нафас олсин дедим. Аёл бир амаллаб боланинг оғзига қўл
солиши билан бола яна қаттиқ оғзини ёпиб олди. Шу топда бармоғи ўғлининг оғзига қолиб
кетган аёл вой қўлим деб жон борича бақириб юборди. Нима бўлаётганини
англолмайман. Ўй-ҳаёлим боланинг оғзини очиб, нафас олишга ёрдам бериш. Кейин билсам
ўша вақтда ўғлининг оғзида қолиб кетган онанинг бармоғи тирмалаб ташланган
экан.
Бир оғизга тўрт
эркак тармашиб, ўлим билан олишаётган боланинг оғзини очишга эришдик. Бу орада
ёрдамга келган қўшни хотин қошиқ билан тилини босиб унинг нафас олишига кўмаклашди.
Бир оз нафас олган боланинг ҳовури сал пасайган бўлсада, аммо унинг тили яна
тортаётгани учун оғзини маҳкам ушлаб турдик. Бу орада тез ёрдам ҳам етиб келди.
Боланинг аҳволини кўргач тезда биринчи ёрдам сифатида судургига қарши укол қилишди.
Бола бир оз тинчлангандай бўлди...
Азага келган одам
ўз дарди билан йиғлайди деганидек, шифокор даб-дурустдан бемор боланинг “прописка”сини
сўраб қолди. Боланинг оғзини очган ҳолатда жаҳл билан шу ерда, шу квартирада “прописка”да
туради дедим. Онанинг бўлса қулоғига ҳеч гап кирмайди. Фарзандини бу ҳолда
кўриб ҳатто нима қилаётганини ҳам билмайди. Бу орада боланинг касала яна
қайталана бошлади. Шифокор биринчисидан кучли бўлган иккинчи дорини ҳам беморга
юборди. Тўрт эркак дори таъсир қилиб, бола тинчлангунча ушлаб турдик. 4-5
дақиқа ўтар ўтмас унинг судургиси камайгандек бўлди. Вақтдан фойдаланиб тўрт
эркак бир амаллаб болани тез ёрдам машинасига жойлаштирдик...
Тез ёрдам
машинасида касалхонага кетар эканмиз, қўли боғланган бола бақирар, унинг
тепасида турган онаизор ўғлининг номини такрорлашу, калима қайтаришдан бошқа
нарса айтолмасди. Квартирадан 5-6 чақрим узоқда жойлашган Кадешевадаги
касалхонага ҳеч етолмаймиз. Назаримда 5-6 чақрим 50-60 чақримга айлангандек туюларди
менга. Бор ҳаёлим тезроқ шифохонага етиб борсагу, оғриқдан азоб чекаётган
болага шифокорлар ёрдам беришса деган ўй билан кетаётганимда тез ёрдам
машинасидаги шифокор яна боланинг “прописка”си қаердалигини сўради.
Боланинг
азобланаётганини кўрган онанинг ҳаёли ўғлида, қайси саволга нима деб жавоб
бераётганини ҳам билмайди. Унга ёрдам бериш мақсадида ёнида бирга кетаётган
одамларнинг ҳаёли эса унинг омон қолишида бўлган бир вақтда шифокорнинг “прописка”
деган сўзини эшитиб асабларим таранглашиб кетди. Бошқа бир вазият бўлганда
тўғриси шифокорга бошқача муомала қилардим. Балки мушт тушурардим. Афсуски ҳозир
бир боланинг ҳаёти ҳал бўлаяпти.
Бир амаллаб
касалхонага етиб келдик. Бемор болани қабул бўлимига киргиздик. Қисқа текширувдан
сўнг яна ўша савол берилди. “Беморнинг “прописка”си қаерда?”. Дод солгим келди.
Бир инсоннинг ҳаёти қил устида турган вақтдан унинг “прописка”си ҳаммасидан
муҳимми? Бу саволга кейинроқ, балки эртага ҳам жавоб олса бўладику. Афсуски яна
ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”...
Бола реанимация
бўлимига ётқизилиб, тўлиқ шифокорлар назоратига ўтди. Ҳаммамиз биламизки жонлантириш
бўлимига ташқаридан бегона одам кириши мумкин эмас. Шу сабабдан беморнинг
аҳволини фақат шифокорлардан билиш мумкин. Эшик ортида жигарбандининг қай
ҳолатда эканлигини билиш учун сарғайган ота-она. Она бечора тинимсиз йиғлашдан
нарига ўтмайди. Эшик олдида турган ҳамшира, беморнинг аҳволи яхшиланганлигини,
уни навбатчи шифокор текшираётганини айтди. Энди фақат бир имкон қолди. Фақат кутиш.
Бошқа чора йўқ. Менинг ҳам ҳаёлим ичкарида нима бўлаётгани билан андармон. Бироқ
қулоғим остида ҳамон ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Ё тавба, нега
пойтахт шифокорларини беморнинг аҳволидан кўра унинг “прописка”си қизиқтиради. Ёки
жон азобида ётган бемор тузалиши билан қочиб кетадими? Бу саволга вазият
яхшилангандан сўнг ҳам жавоб олса бўладику? Йўқ, ундай эмас. Улар учун энг муҳими
“прописка”. Бемор иккинчи масала. Мен бунга иккинчи бор гувоҳ бўлишим.
Шифокорларда Гиппократ
қасами деган тушунча бор. Оқ халатни кийиб, инсонлар саломатлиги учун хизмат
қиладиган ҳар бир доктор Гиппократ қасамини ичади. Тўғриси бу қасам ҳақида жуда
кўп эшитганман. Гиппократ қасамида нималар ёзилганини билиш мақсадида ўзим ҳам ўша
қасамни ўқиб чиққанман. Не ажабки бирор марта Гиппократ қасамида “Беморнинг “прописка”си
қаерда?” деган савол берилишини эшитмаганман. Агарда яқин орада қасамга беморнинг
“прописка”си сўралсин деган жумла қўшилмаган бўлса албатта.
Ҳаммаси ўтиб
кетди. Навбатчи шифокор боланинг аҳволи яхши эканлиги, эртага янада чуқур ташҳис
қўйиб уни даволаши ва тез орада соғайиб кетишини айтиб бизни хотиржам қилди. Юзида
оз бўлсада хотиржамлик, бироқ, кўнгилда хадик, кўзида ёш олган она ҳамон
йиғлашдан нарига ўтмайди. Хола, йиғламанг! Болангиз яхши. Тез орада соғайиб
кетади дедиму ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқарида сигарет
чекар эканман, боланинг саломатлиги яхши бўлганидан хурсанд бўлсамда, назаримда
кимдир “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган саволни қайта-қайта бераётгандек
туюлаверарди. Гўё бу саволга жавоб бермасам болага ҳеч ким қарамайдигандек. Ҳар
чанд урунмай барибир “прописка” деган сўзни унутишнинг имкони бўлмади. Қайтанга
ўтган йили бўлиб ўтган воқеани эмисга солиб юборди. Бу ҳақида ўша пайти
аламимдан твиттер ва файсбук каби ижтимоий тармоқларда ҳам гапирганман. Тилига “прописка”
боғлаб олган шифокорларни роса қарғаганман ўшанда.
Ўтган йили ёз
ойларида уч ёшли боламнинг тоби қочиб қолди. Тез ёрдам машинасида Уч Қахрамон мавзесида
жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришди. Қабул бўлимига
турган ўрта ёшдаги навбатчи шифокор ўғлимга биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига мени
қаерда “прописка”га туришимни сўради. Қўлимда додлаганча турган боламга ёрдам
кўрсатиш ўрнига шифокорнинг берган саволидан тутақиб кетдим. “Пропискам”
Самарқандда. Ҳозирги аҳволда бунинг нима аҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса биринчи
ёрдамни кўрсатинг деб илтимос қилдим. Дўхтир бўлса “прописка”сиз беморларни
қабул қилолмаслигини айтиб, бизни Республика
юқумли касалликлар шифохонасига боришимизни, у ерда қабул қилишини айтиб
қайтариб юборди.
Йўлда ўғлимнинг
азобланаётганидан эзилиб, “прописка”сиз беморни қабул қилмаган дўхтирдан нафратланиб,
жаҳлим чиқиб Республика юқумли касалликлар шифохонасига етиб келганимни ҳам
билмай қолдим. Тез ёрдам машинасидан тушушим билан шифокорлар қўлимдаги болани
олиб, биринчи ёрдам кўрсатишга тушиб кетди. Худога шукр. Оқ халатнинг ҳаммасида
ҳам доғ бўлмас экан. У ердаги шифокору ҳамширалар менинг кимлигимни, қаерда
ишлашимни энг муҳими ҳатто “пропискам”ни ҳам суриштирмасдан ўғлимни даволашди. Биласизми,
ёзнинг иссиқ кунида мевадан ичи кетиб тоби қочган болам атиги ўн беш дақиқада
ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетди. Қувончимдан йиғлаб юбордим. “Прописка”ни энг
сўнгги даражага қўядиган, инсон ҳаёти ҳар қандай “прописка”дан устун эканлигини
биладиган шифокорлар борлигидан хурсанд бўлиб йиғладим.
Афсуски, бугун яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Пойтахтга келиб
бир нарсани чуқур англаб етдим. “Прописка”сиз одам худди батарекасиз соатга,
моторсиз машинага, қанотсиз қушу, пойдевори йўқ уйга ўхшаб қоларкан.
Тўғриси, кўп
гапларни ёзмоқчи эдиму, афсуски Тошкентда “пропискам” йўқда.
P/S: Судурги
сабаб касалхонага келган беморга яқиндан ёрдам берган шифокорларнинг барчасига рахмат.
Бугун уларнинг саъй-ҳаракати билан бир инсоннинг жони омон қолди. Бир онаизорнинг
кўнгли таскин топди. Юқоридаги гапларим орқали оқ халат соҳибларини қораламоқчи
ё бўлмасам ўз касбига лаёқатсиз демоқчи эмасман. Уларнинг борига шукур. Айнан улар
сабаб қанчадан-қанча беморлар ўз дардига даво топишмоқда. Фақатгина демоқчи
бўлганим, ҳар қандай ҳолатда бўлган беморга тўлиқ ёрдам бериб, сўнг улардан “прописка”
сўраса яхши бўларди. Акс ҳолда Тошкентга келган инсонлар оддий бош оғриғидан
ҳам талвасага тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Фарҳод Норбўтаев
usha propiskachilar gippakrat qasami emas echki qasamini ichgan poroho'r qalloblar
ОтветитьУдалитьOchig'i man ham ikki uch marotaba ishim tushga shu oq xalatlilarga. Manga yaxshilari duch kelganligi uchun ishim shu pechatsiz ham bitib ketdi.
ОтветитьУдалитьMani bir narsa qiziqtiradi: Toshkentdan viloyatga odam borib balnitsaga tushib qolsa manimcha pasportiniyam so'rashmasa kerak. Mehmon ekan deb ko'proq e'tibor berisharmidi???