Ўзбекистон Футбол Федерациясининг
Ижроия Қўмитаси Бюросининг қарорига кўра, футбол бўйича 2018 йилги Олий
лига мусобақаларида 12та жамоа иштирок этади. Бу қарор Олий лигада иштирок
этаётган баъзи клубларни ҳайрон қолдирди. Хусусан, Олий лигада сўнгги ўринларни
эгаллаб турган жамоа мураббийлари бундан очиқчасига норози бўлди. Ўзбекистон
футбол федерациясининг бу қароридан сўнг чемпионатнинг 12-ўринида бораётган самарқанднинг
“Динамо” жамоасида ҳам оғир вазият юзага келди. Мазкур масала юзасидан тайёрланган лавҳа СТВ телеканали “Хабарлар”информацион дастури орқали намойиш этилди.
2017 йилги Олий лига ўйинларининг тугашига атиги 4
тур қолди. Айнан 4 турдан сўнг жорий
йилги мамлакат чемпиони номи аниқланади. Биз бугун ким чемпион бўлиши ҳақида
эмас, балки элитани кимлар тарк этиши ҳақида мулоҳаза қилмоқчимиз.
30 октябрга қадар чемпионатни ким тарк этиши деярли
аниқ эди. Аммо кўпчилик учун оғир кун дея эътироф этиладиган душанба кунида
чиқарилган ЎФФнинг қарори ўзбек футболи мухлисию-мутахасисларини ҳақиқатда оғир
аҳволга солиб қўйди.
Ўзбекистон футбол федерацияси қарорига кўра келаси
йилдан бошлаб Олий лигада 12та жамоа иштирок этади. Айнан ушбу қарор чемприонат
жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган бир қатор жамоаларни ташвишга солиб
қўйди. Олий лиганинг 12-поғонасида бораётган “Динамо” жамоасининг
футболчиларию, мураббийлари ҳам Ўзбекистон футбол федерациясининг бу қарорига
тушунмай қолишди.
ЎФФ томонидан чиқарилган қарор кўпчилик қатори “динамочилар”ни
ташвишга солиб қўйган. Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бу қарорга
келишда барча мутахасисларнинг фикрларини тингланганлигини таъкидлаб ўтганлиги
ҳам баҳсли мулоҳазаларга сабаб бўлди. Боиси футболимиз афсоналаридан бўлмиш Игор
Шквирин ва Вадим Абрамов бу борада улардан ҳеч қандай фикр сўралмаганлигини айтиб
ўтишди. Аслида ҳам федерация барча жамоалар мураббийларининг фикрларига қулоқ
солганми?
“Динамо” жамоасининг машғулотларини кузатгани
марказий ўйингоҳда ташриф буюрар эканмиз, бу ерда ўнгга яқин жонкуяр ишқибозларнинг тўпланиб
турганига гувоҳ бўлдик.
Футбол энг аввало мухлислар учун ўйналади. Афсуски,
Ўзбекистон футбол федерацияси чиқарган қарорда мухлисларнинг талаб ва истаклари
умуман инобатга олинмаган. Қарор ҳаётга жорий этиладиган бўлса, Олий лигада
пойтахтимиз ва бир нечта вилоятлар жамоалари тўп суради холос.
ЎФФнинг ушбу қарори барчани бирдек ҳайрон қолдирган. Элитанинг қуйи ўринлардаги жамоалари
ўйинчиларида эса “биз нима учун футбол ўйнаяпмиз деган савол” пайдо бўлган. Қисқа
қилиб айтганда, футболчилар шок ҳолатида.
Янги мавсумни кўтаринки кайфиятда
бошлаган “Динамо” учун сўнгги 4 тур ўта муҳим аҳамиятга эга. Бой берилган ҳар
бир очко якунда жамоага қимматга тушиши мумкин. Шу боис ҳам мураббийлар
футболчиларнинг руҳини туширмай бор эътиборни ўйинларга жиддий тайёргарлик
кўришга қаратган.
Ўйлаймизки, “Динамо” футболчилари
сўнгги турлардаги ажойиб ўйинлари билан минглаб ишқибозларнинг кўнглидаги
хавотирга ўрин қолдирмайди деган умиддамиз.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий