суббота, 28 октября 2017 г.

ПАСТДАРҒОМДА 122 МИЛЛИОН СЎМГА КАТАК ҚУРИЛАЯПТИ...МИ?

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг уйга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида арзон нархдаги намунали уйлар қурилиши йўлга қўйилди. Бугун кўплаб фуқароларимиз мазкур уйлардан олишни ўз олдига мақсад қиган. Шу боис ҳам ҳозирги кунда арзон нархдаги намунали уйга бўлган талаб кўп. Бу борада барча вилоятлар имкон қадар қурилиш ишларини амалга оширмоқда. Бироқ, арзон нархдаги намунали уйларнинг сонига эътибор бериб, унинг сифатига панжа орасидан қараш ҳоллари бўлмоқдаки, бу ҳолат фуқароларнинг ҳаётига жидди хавф солувчи (худо кўрсатмасин, оқибати ўлим билан тугаши эҳтимоли катта бўлган) қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари, хусусан интернет нашрларида намунали уйларнинг бугунги аҳволи, уларнинг аянчли манзаралари ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Хабарларда келтирилган фото ва видео тасвирларни кўрган ҳар қандай киши ёқа ушлайди.
2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Қароридан сўнг қурилиш ташкилотлари томонидан уйларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратса керак деган ўй ўтганди ҳаёлдан. Аммо яна “чучварани хом санабман”.
Намунали уйларда қанчалик кўп камчиликлар учраётган бўлса, арзон нархдаги уй-жойларнинг қурилишидаги камчиликлари ҳам аввалгисидан қолишмаяпти. Бу қурилишларда ҳам маблағлар ўзлаштирилмоқда, яшашга яроқсиз, сифати паст уйлар барпо этилмоқда.
Пастдарғом тумани “Камолот” массивида янги лойиҳа асосида қиймати 122 миллион сўм бўлган намунавий уйлар қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги, ушбу ҳудудда уйларга буюртма берган фуқаролар қурилиш жараёнидаги сусткашлик ва камчиликлардан қаттиқ норози эканли тўғрисида ҳамкасбимнинг («СТВ» телеканали мухбири Мўтабар Нурмуҳаммедова) махсус репортажидан сўнг “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақл нақадар тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Туманда ҳам арзон уй-жойлар қурилиши аниқ бўлгач қанчадан-қанча оиланинг қувончи ичига сиғмаганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Уй олиш илинжида ўн эшикни таққиллатишу, эшик ортидаги одамнинг “розилигини олиш”нинг ҳам ўзи бўлмайди. Юзлаб, ҳатто минглаб талабгорлар ичида “Камолот” массивидан арзон нархдаги уйга эга бўлиш ҳуқуқини кўлга киритганларнинг бахтиёрлигинику айтмаса ҳам бўлади.
Ушбу массивдан уй олиш илинжида бир нечта фуқаро тегишли ҳужжатларни тўплаб "Қишлоқ қурилишинвест" инжиниринг компанияси вилоят филиалига топширишган. Ҳатто шартнома тузишиб, янги уй учун 2017 йилнинг январ ойида бошланғич тўловини ҳам тўлаб қўйишган. 
Афсус билан айтишимиз мумкинки, “216-сон таъмирлаш қурилиш” корхонаси томонидан уйлар шунчаки мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида қурилмоқда. Уйнинг деворига ёш боланинг қўли тегиб кетса ҳам қулаб тушиш даражасида. Наҳотки, Самарқанд вилоятида намунали уй қураётган қурилиш ташкилотлари шу даражада кўзбўямачиликка ўтиб кетган бўлса деган савол қийнайди кишини. Шунчаки қўл учида қурилаётган бу уйларнинг қурилиш талабларига жавоб бериши, уларнинг сифати қай даражада эканлигини назорат қиладиган бирор бир жавобгар ташкилот йўқ.
Борлари ҳам ўзаро “сиздан угина, биздан бугина” қабилида “яхши”, “сифатли”, “талабга жавоб беради”, “кўрсатилган ҳамма ишлар тўлиқ бажарилган” деган ёлғон хулосалару, сохта хатлар билан ёпилиб кетмоқда. Жабри эса, яна ўша соддадил уй эгасининг бўйнига. Унинг айби кредитга арзон нархдаги намунали уй олганлигида! (Қурилиш ташкилотларининг бунақанги найрангларини кўриб баъзан, 122 миллионга ўзингни, фарзандингни, оилангни, яқинларингни, дўстларингни ҳаётини хавфга солувчи уй олгунча, 122 минг сўмга чайла қуриб яшаган маъқул эмасмикин деб ўйлаб қоламан)   
Бундай кўзбўямачиликлар қачонгача давом этади. Бу қинғирликларнинг, оддий аҳолини алдашнинг сўнгги куни ҳам бормикан. Қурилиш ташкилотларининг виждони қачон уйғонади. Ҳардоимгидек, охири йўқ саволлар кишини қийнайди.
Қизиқ томони шундаки, янги уй эгалари билан тузилган шартномада уй-жойларнинг топширилиш муддати кўрсатилмаган. Очиқ қолдирилган. Шунчаки оғзаки тарзда мустақиллик байрами арафасида янги уйлар фойдаланишга топширилиши айтилган холос.   
Майли уйлар кеч бўлсада қурилиб битказилар, аммо уйларнинг сифатига ким кафолат беради. Девордаги ғиштларнинг бутунидан кўра, сингани кўп. Айрим деворлар ғишт териш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли қийшиқ қурилган. Деворлар бурчаклари орасида бир неча сантиметрли очиқ жойлар қолган. Цемент қоришмасини қўлга олсангиз уваланиб кетади.  
Хона ичидаги пардевор (перегородка)ни бир қўлингиз билан қимирлатишингиз мумкин. Худо кўрсатмасин, вазни оғирроқ одам бу деворга суянса устига қулаши ҳеч гап эмас. Хўш, бу уйда хонадон эгаси эртага қандай хотиржам яшай олади?  
Қоидага кўра, терилаётган ғиштлар орасига металл симлар қўйилиши керак. Аммо бундай симларни ҳар жойда бир дона учратасиз, холос. Қурувчилар "биз материалнинг борини ишлатамиз-да" деса, қурилиш корхонасининг иш юритувчиси "қурувчиларнинг эсидан чиққандир" дейди. Яна ўша “отангга бор, онангга бор”.
Нима бўлганда ҳам қурилаётган уй-жойлар сифати уй эгаларини хавотирга солмоқда. Қурувчиларнинг айтишича, энди бу деворларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг биргина йўли бор – деворларга сувоқ олдидан темир сетка ўрнатиш керак. Аммо бор-йўғи, симни эплаб ўрнатмаган қурилиш корхонаси қиммат нархдаги темир сетка ўрнатармикан?  
Қисқача қилиб айтганда Пастдарғом тумани “Камолот” массивидаги арзон нархдаги намунали уйларнинг қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Қурилишдаги масъулиятсизлик ва сусткашликдан норозилар сони ортиб бормоқда. Бироқ, аҳолининг дардини эшитадиган, қурилиш ишида ўзгариш қиладиган одамнинг ўзи йўқ?
Афсуски, Пастдарғом туманининг “Камолот” массивида қурилаётган арзон нархдаги намунали уйларнинг бугунги ҳолати ҳақиқаттан ҳам ачинарли аҳволда. Мазкур ташвишли холат юзасидан уй эгалари бир неча бор мутасадди ташкилот раҳбарлари, “Ўзбекистон-24” радиоканалию, “Зарафшон” газетасига ҳам мурожаат қилишган бўлсада, аммо вазият ўзгармаяпти. Нега?
Шу ўринда  ҳақли  бир савол туғилади. Наҳотки, вилоятда бундай “уддабуронлар”ни танобини тортиб қўйишнинг иложи йўқ. Ахир шахсан президентимиз ташаббуси билан қурилаётган уйларнинг айрим мутассадилар томонидан сифатсиз, мутлоқо яроқсиз ҳолатда қуриб берилаётганлигини  кўра-била туриб, лом-лум демаслик инсофданмикан.  
Виждонини аллақачон жиғилдонга айлантирган, таъбир жоиз бўлса, ҳукумат сиёсатига қўл учида қараётган масалага дахлдор айрим ташкилотларнинг кўзбўямачилиги-ю,  қинғир ишлари қачонгача давом этади. Ҳозирча оёғи ердан узилиб, кўзини ёғ қоплаган қурилиш ташкилоти эртага сичқоннинг уйи минг танга бўлиши мумкинлигини бир  ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди, назаримизда. Нима дедингиз?
Биз, бу масалага яна қайтамиз.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий