среда, 15 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ...(Хулоса сиздан)

   ҚЎРҚОҚ ОЛДИН МУШТ КЎТАРАР...
Ҳақиқатдан ҳам халқимизда “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Ўзи айбини яшириш, аниқроқ қилиб айтганда мактабда бўлаётган ишларни оммага тарқалиб кетишини истамаган мактаб директори Жаҳонгир Эшонқулов ва унинг “тарафдорлари”  ўз ҳаққини талаб қилиб, директорга очиқ гапирган тиббиёт ходими Рахмон Мавлонов устидан шикоят қилиб прокуратурага мурожаат қилганига нима дейсиз?
Ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, меҳнат қилиб топаётган ойлигидан асоссиз равишда ушлаб қолмаслигини сўраб мактаб директори Жаҳонгир Эшонқулов ва ҳисобчи Жасур Омоновга очиқ гапирган Рахмон Мавлоновнинг устидан прокуратурага шикоят қилишдан мақсад нима? Директор ўзининг бир нечта тарафкашлари билан биргаликда ҳақиқатни гапирган инсонни “ўйин”дан чиқармоқчими? Балки, Рахмон Мавлонов футбол мактабида фаолиятини давом этирса бошқа қинғир ишлари ҳам очилиб қолишидан қўрқиб шу ишни амалга оширгандир. Буёғи бизга қоронғу.
Бу ҳам етмаганидек, футбол мактабида малакали тренер кадрлар билан таъминлаш, тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини ошириш ҳам шунчаки хўжакурсинга амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт мактабларини малакали тренер кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорга мувофиққ спорт мактабларида фаолият юритаётган мураббийларни тайёрлаш аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Бироқ, мактабда мураббийларнинг малакасини ошириш, уларни аттестациядан ўтказиш талабига мутлоқо роя қилинмаган ҳолда иш юритилмоқда.
Хусусан, ўтган йилнинг сентябр ойида Вали Холёров, Аброр Исматов ва Дурбек Абдувоитовлар аттестациядан ўта олмаган. Аттестациядан ўта олмаган мураббийлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва “Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 37-банди асосида “Аттестацияданўтмаган жисмоний шахс олдинги аттестация бўлган пайтдан бошлаб 1 (бир) ойдан кейин аттестациядан такроран ўтиш” ҳуқуқига қилгилаб қўйилган.
бироқ, орадан салкам олти ой ўтгандан сўнг Вали Холёров, Аброр Исматов аттестациядан ўтган. Тўғри, орадан олти ой ўтган бўлсада мураббийлар аттестациядан ўтгандир. Аммо бу вақт оралиғида уларгаойлик чиқарилиши мумкинми? Ахир олти ой давомида юқорида номлари зикр этилган мураббийлар аттестациядан ўта олишмадику?    
Тўғри, кимдир мураббийлар ҳар ойда аттестация имтиҳонини топшириб ҳар топширганда йиқилган бўлиши мумкин деган фикрга келиши мумкиндир, аммо аттестациядан тўлиқ ўтмасдан туриб ярим йил давомида мактабда ишлаш ва ойлик олиш қайси қонун ҳужжатларига тўғри келади? Амалдаги қонунлар бўйича аттестация комиссияси томонидан “Аттестациядан ўтмади, мутахассис лавозимига мувофиқ эмас” деган қарор қабул қилса, педагог кадрлар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилиши ва қайта аттестацияга жалб этилиши лозим эмасми? Мана шунинг ўзи кадрлар тайёрлаш миллий дастурини қўпол равишда бузилишига кирмайдими?
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлисида Давлат рақобат қўмитасининг раиси Д.Ҳидоятовга “Давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак? Сўзсиз ва биринчи навбатда сиз, қўмита раиси сифатида жавоб беришингиз шарт. Сиз олдинги раҳбарларнинг хатоларини такрорлаб, сусткашлик қилиб ва фақат статистика билан шуғулланиб асосий бўғинни – мамлакатнинг ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни бой беряпсиз” деган танқидий фикрларни билдириб ўтганди.
Хўш, айтингчи футбол тизимидаги бундай камчиликлар, футбол мактабларида бўлаётган бу каби ҳолатларни назорат қиладиган, уни тартибга оладиган ташкилот борми?
Футболнинг, айниқса болалар футболининг бугунги иш усули, фақат ҳисоб-китоб ва маълумотлар эмас, балки амалий ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этмаяптими? Бугун барча соҳа раҳбарлари каби футболга, унинг ривожланишига, қолаверса болалар спортига, уларнинг саломатлигига жавоб берадиган раҳбарлар ҳам ўз иш жойидан четга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб уларнинг дардини, фикрларини тинглаш ва инсон манфаатлари таъминлаш учун ҳаракат қилиш керак эмасми?
Қачонгача спортга, хусусан футболга масъул бўлган мутасадди ходимлар ўз соҳасидаги термин каби “ўйиндан ташқари” ҳолатда қолади?
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг мана иккинчи ойи ҳам ўтиб бормоқда. Хўш, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда спорт, хусусан футбол бўйича қилинган ишларнинг сарҳисобини сўрасалар яна аллақандай ҳисоб-китобларга тўла сохта ҳисоботлар ўқиб бериладими? Қисқаси саволлар кўп. Аммо бунга жавоб берадиган бирор бир мутасадди ходим йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2016 йил 23 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири) виртуал қабулхонаси бугун кўплаб фуқароларимизнинг муаммоларини ҳал қилмоқда. Бугун ўз муаммолари, ҳақ-ҳуқуқлари ва бошқа масалаларини ҳал қилиш учун фуқароларимиз виртуал қабулхонага мурожаат қилишмоқда. Савол туғилади, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлимлари орқали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммони (муаммоларни) қачонгача виртуал қабулхона орқали ҳал қиламиз? Муаммони шу ернинг ўзида ҳал қилишнинг иложи йўқми?

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА...
Бугун футбол ва унинг атрофидаги муаммолар талайгина. Айниқса, вилоятлардаги футбол клублари, шу спорт турига ихтисослашган мактаблардаги аҳвол талаб даражасида эмас. Хусусан, “Динамо-плюс” ПФК ва унинг тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида ҳам. Агар вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланмиш “Динамо” ва унинг тасарруфидаги футбол мактабидаги бугунги ҳолат ўз вақтида ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмаса бугун ғалаба нималигини билмаётган “Динамо” ва Самарқанд футболининг аҳволи бунданда ёмонлашиши аниқ. Бугун муаммони ўз вақтида ҳал қилиш лозим. Акс ҳолда...
Қисқача қилиб Президентимиз таъбири билан айтганда “...Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас”. 
Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди! 

                                                                                                                      Фарҳод НОРБЎТАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий