среда, 15 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ...(Хулоса сиздан)

   ҚЎРҚОҚ ОЛДИН МУШТ КЎТАРАР...
Ҳақиқатдан ҳам халқимизда “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Ўзи айбини яшириш, аниқроқ қилиб айтганда мактабда бўлаётган ишларни оммага тарқалиб кетишини истамаган мактаб директори Жаҳонгир Эшонқулов ва унинг “тарафдорлари”  ўз ҳаққини талаб қилиб, директорга очиқ гапирган тиббиёт ходими Рахмон Мавлонов устидан шикоят қилиб прокуратурага мурожаат қилганига нима дейсиз?
Ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, меҳнат қилиб топаётган ойлигидан асоссиз равишда ушлаб қолмаслигини сўраб мактаб директори Жаҳонгир Эшонқулов ва ҳисобчи Жасур Омоновга очиқ гапирган Рахмон Мавлоновнинг устидан прокуратурага шикоят қилишдан мақсад нима? Директор ўзининг бир нечта тарафкашлари билан биргаликда ҳақиқатни гапирган инсонни “ўйин”дан чиқармоқчими? Балки, Рахмон Мавлонов футбол мактабида фаолиятини давом этирса бошқа қинғир ишлари ҳам очилиб қолишидан қўрқиб шу ишни амалга оширгандир. Буёғи бизга қоронғу.
Бу ҳам етмаганидек, футбол мактабида малакали тренер кадрлар билан таъминлаш, тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини ошириш ҳам шунчаки хўжакурсинга амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт мактабларини малакали тренер кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорга мувофиққ спорт мактабларида фаолият юритаётган мураббийларни тайёрлаш аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Бироқ, мактабда мураббийларнинг малакасини ошириш, уларни аттестациядан ўтказиш талабига мутлоқо роя қилинмаган ҳолда иш юритилмоқда.
Хусусан, ўтган йилнинг сентябр ойида Вали Холёров, Аброр Исматов ва Дурбек Абдувоитовлар аттестациядан ўта олмаган. Аттестациядан ўта олмаган мураббийлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва “Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 37-банди асосида “Аттестацияданўтмаган жисмоний шахс олдинги аттестация бўлган пайтдан бошлаб 1 (бир) ойдан кейин аттестациядан такроран ўтиш” ҳуқуқига қилгилаб қўйилган.
бироқ, орадан салкам олти ой ўтгандан сўнг Вали Холёров, Аброр Исматов аттестациядан ўтган. Тўғри, орадан олти ой ўтган бўлсада мураббийлар аттестациядан ўтгандир. Аммо бу вақт оралиғида уларгаойлик чиқарилиши мумкинми? Ахир олти ой давомида юқорида номлари зикр этилган мураббийлар аттестациядан ўта олишмадику?    
Тўғри, кимдир мураббийлар ҳар ойда аттестация имтиҳонини топшириб ҳар топширганда йиқилган бўлиши мумкин деган фикрга келиши мумкиндир, аммо аттестациядан тўлиқ ўтмасдан туриб ярим йил давомида мактабда ишлаш ва ойлик олиш қайси қонун ҳужжатларига тўғри келади? Амалдаги қонунлар бўйича аттестация комиссияси томонидан “Аттестациядан ўтмади, мутахассис лавозимига мувофиқ эмас” деган қарор қабул қилса, педагог кадрлар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилиши ва қайта аттестацияга жалб этилиши лозим эмасми? Мана шунинг ўзи кадрлар тайёрлаш миллий дастурини қўпол равишда бузилишига кирмайдими?
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлисида Давлат рақобат қўмитасининг раиси Д.Ҳидоятовга “Давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак? Сўзсиз ва биринчи навбатда сиз, қўмита раиси сифатида жавоб беришингиз шарт. Сиз олдинги раҳбарларнинг хатоларини такрорлаб, сусткашлик қилиб ва фақат статистика билан шуғулланиб асосий бўғинни – мамлакатнинг ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни бой беряпсиз” деган танқидий фикрларни билдириб ўтганди.
Хўш, айтингчи футбол тизимидаги бундай камчиликлар, футбол мактабларида бўлаётган бу каби ҳолатларни назорат қиладиган, уни тартибга оладиган ташкилот борми?
Футболнинг, айниқса болалар футболининг бугунги иш усули, фақат ҳисоб-китоб ва маълумотлар эмас, балки амалий ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этмаяптими? Бугун барча соҳа раҳбарлари каби футболга, унинг ривожланишига, қолаверса болалар спортига, уларнинг саломатлигига жавоб берадиган раҳбарлар ҳам ўз иш жойидан четга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб уларнинг дардини, фикрларини тинглаш ва инсон манфаатлари таъминлаш учун ҳаракат қилиш керак эмасми?
Қачонгача спортга, хусусан футболга масъул бўлган мутасадди ходимлар ўз соҳасидаги термин каби “ўйиндан ташқари” ҳолатда қолади?
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг мана иккинчи ойи ҳам ўтиб бормоқда. Хўш, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда спорт, хусусан футбол бўйича қилинган ишларнинг сарҳисобини сўрасалар яна аллақандай ҳисоб-китобларга тўла сохта ҳисоботлар ўқиб бериладими? Қисқаси саволлар кўп. Аммо бунга жавоб берадиган бирор бир мутасадди ходим йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2016 йил 23 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири) виртуал қабулхонаси бугун кўплаб фуқароларимизнинг муаммоларини ҳал қилмоқда. Бугун ўз муаммолари, ҳақ-ҳуқуқлари ва бошқа масалаларини ҳал қилиш учун фуқароларимиз виртуал қабулхонага мурожаат қилишмоқда. Савол туғилади, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлимлари орқали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммони (муаммоларни) қачонгача виртуал қабулхона орқали ҳал қиламиз? Муаммони шу ернинг ўзида ҳал қилишнинг иложи йўқми?

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА...
Бугун футбол ва унинг атрофидаги муаммолар талайгина. Айниқса, вилоятлардаги футбол клублари, шу спорт турига ихтисослашган мактаблардаги аҳвол талаб даражасида эмас. Хусусан, “Динамо-плюс” ПФК ва унинг тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида ҳам. Агар вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланмиш “Динамо” ва унинг тасарруфидаги футбол мактабидаги бугунги ҳолат ўз вақтида ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмаса бугун ғалаба нималигини билмаётган “Динамо” ва Самарқанд футболининг аҳволи бунданда ёмонлашиши аниқ. Бугун муаммони ўз вақтида ҳал қилиш лозим. Акс ҳолда...
Қисқача қилиб Президентимиз таъбири билан айтганда “...Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас”. 
Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди! 

                                                                                                                      Фарҳод НОРБЎТАЕВ

понедельник, 13 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ.. (Иккинчи қисм)

АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА...
Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабатимиз ўзгариб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланди. Истиқлол даврида биз кўп нарсаларни худдики қайтадан кашф этгандек бўлмоқдамиз. Аёл гўзал бўлса — олам гўзал, аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етаяпмиз, деганди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов.
Халқимизда, кимнидир синаб кўрмоқчи бўлсанг унга мансаб, амал бериб кўр, шундагина унинг ким эканлиги намоён бўлади деган гап бор. Мансаб – вазифа, у раҳбарга масъулият юклайди. Бироқ, масъулият деган ҳоҳлаганини қилади дегани эмас.
“Вақтинчалик директор” ўз мансаб доирасини жиловлай олмаганлиги, аниқроғи раҳбарликка ўтирганидан сўнг босар-тусарини билмай қолганини қўл остида ишлайдиган котиба Мафтуна Олимовани ҳақоратлаганию, унинг дугонаси Гулмира Шодмоновани урганини шунчаки сўз билан таърифлаб бўлмайди. Шуми, бугун биз кўкларга кўтаришимиз лозим бўлган аёлга муносабат, деган аччиқ савол виждони бор инсонни қийнаши табиий. Ўз жиловини билмаган директор котиба ва унинг дугонасини ургани учун Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судида маъмурий жавобгарлик иши кўрилган. Аммо яраштирув асосида иш “ҳал қилган”. Аёл кишига қўл кўтариб, маъмурий яраштириш шарти билан қилмишини ёпиб кетган директор эртага яна шу ишни такрорламаслигига ким кафолат бера олади. Ахир, “ўрганган кўнгил ўрганса қўймас”, деган нақл бежизга айтилмаганку?
Бугун мамлакатимизда кенг миқиёсида ислоҳотлар амалга оширилиб, кам таъминланган оилаларга биринчилардан бўлиб ёрдам бериш, уларни иш билан таъминлаш орқали турмуш тарзини яхшилашга катта эътибор қаратилган. Бугун қайси бир раҳбарнинг оддий аҳоли билан учрашувини кузатмайлик кам таъминлаган, ижтимоий кўмакка мухтож оила вакилларига ёрдам бериш масаласи ўртага ташлайди. Қолаверса, юртимизда “Кам таъминланган оилаларни ижтимоий мухофаза қилиш”, “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамлар тайинлаш ва тўлаш” каби қатор қонуларимизнинг борлиги ҳам Давлатимиз ижтимоий кўмакка муҳтож одамларни ўз мухофазасига олганлигини яна бир бор исботлайди.
Афсуски, ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган оилаларга катта эътибор қаратилаётган бир вақтда “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби директори Жаҳонгир Эшонқуловга мактабда оддийгина фаррош бўлиб ишлайдиган, боқувчисини йўқотиб акасининг қарамоғида қолган Озода Йўлдошеванинг фаррошлик қилиши “маъқул” келмади. Натижада қишни қиш, ёзни ёз демасдан мактаб хоналарни тозалаб, ачинарлиси шу иши учун арзимас маош оладиган Озодага шу иш ҳам кўп кўрилди. Мана сизга кам таъминланган инсонга ёрдам бериш? Ана сизга аёлга бўлган меҳр-оқибат?
Спортда, айниқса футболда жароҳат олиш бу катта азоб. Баъзан шундай жароҳатлар бўладики инсон бир умр тўшакка михланиб қолиши мумкин. Бунга юзлаб спортчиларни мисол қилишимиз мумкин. Шу боис ҳам мамлакатимизда ҳар бир спорт мактабида тиббиёт ходимларига алоҳида ўрин ажратилган. Бу эса ўз навбатида спортчининг саломатлигини назорат қилиб бориш, мусобақаларда олинган жароҳатларда дастлабки тез тиббий ёрдамни кўрсатиш имконини беради. Қолаверса, “Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисида”ги низомнинг 72-бандида Спорт мактабининг тиббиёт ходимлари белгиланган тартибда ўқув-машқ жараёнини, спорт мусобақалари ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳини тиббий таъминлайди, машқ юкламаларининг ҳажми ва мунтазам ўтказилишини назорат қилади, ўқувчи-спортчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларини тузиш ва тасдиқлашда қатнашади, чуқурлаштирилган тиббий текшириш ўтказилишини ташкил этиши белгилаб қўйилган.
Афсуски, футбол мактабида директорнинг эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги эвазига сўнгги марта қачон дори олинганлигини ҳеч ким эслай олмайди. Аниқроқ қилиб айтганда, сўнгги бир йил давомида футбол мактабида атиги бир маротаба дори олинган, холос. Мана сизга қўл остида тарбия топаётган боланинг соғлигига ташкилот раҳбарининг муносабати. Ахир мактабнинг йиллик харажатлар сметасига айнан болаларни турли хил жароҳатлардан сақлаш, уларни машғулот ва мусобақаларда жароҳат олса биринчи тез-тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори воситаларини олиш киритилмаганми? Бордию киритилган бўлса, унда ажратилган пуллар қаерга кетган? Нега сўнгги бир йилдан ошиқ вақт давомида футбол мактаби директорига тиббиёт ходимлари дори олишни айтсада, директор дори олишни ҳаёлига ҳам келтирмаган?  
Қолаверса, футбол мактабида шифокор бўлиб ишлайдиган Рахмон Мавлоновнинг ойлик маошлари бир неча-бор оширилишига қарамасдан унга бериладиган маблағ миқдори эски ҳолича бўлиб келаверган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ шифокорнинг маоши кўтарилиши лозим эди. Бироқ, футбол мактаби директори бугалтер Жасур Омонов мазкур қарор асосида Рахмон Мавлоновга ойлик қўшиб берган бўлсада, амалда эса қўшилган суммани бермаганига нима дейсиз? Шунинг ўзи бировнинг ҳаққини ейиш эмасми? Шу эмасми ўз нафсининг жиловини билмаслик?

ДАВОМИ БОР...


ФАРҲОД НОРБЎТАЕВ

пятница, 10 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ...


"Агар ҳар бир киши ўз жойида, ўз хизмати доирасида қонунга амал қилиб яшашни ҳаёт тарзига, меҳнатга муносабатнинг ахлоқ нормаларига айлантира олсагина ортиқча назоратга ҳожат қолмайди".
Ислом Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида cўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилиб, бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилганлигини таъкидлаб ўтганди. Ушбу рақамларни келтирар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча раҳбарларга спортни ривожлантириш учун яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак? Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур?, деган сволни ўртага ташлаган эди.
Ҳақиқатда ҳам истиқлол йилларда спортни тез суръатлар билан ривожланишида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, болалар спорти, аёллар спорти ҳамда бугунги кунда аҳолининг энг кўп қатламини ўзига жалб этиб, спорт билан ошно тутинишига сабабчи бўлаётган футболни ривожлантириш мақсадида ўнлаб қарор ва фармонлар эълон қилинди.
            Афсуски, футболни ривожлантириш учун кўплаб қарорлар эълон қилинишига қарамасдан уларнинг ижросини бажаришда йўл қўйилаётган сускаштлик, раҳбарларнинг ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги, худди тиббиёт соҳасидаги бўлгани каби, аҳоли, хусусан болаларни соғлом турмуш тарзига етаклашда бугуннинг асосий омили бўлмиш спортдаги муаммолар ҳам бир жиҳатдан соғлом турмуш тарзини ҳаётган тадбиқ этишда тўсқинлик қилмоқда.
Бугун мамлакатимизда футболга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлсада, аммо яратилган шароитлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, ноқонуний йўллар орқали мўмай даромад илинжида турли қабихликлардан ҳам толмайдиган айрим мансабдор шахслар нафақат юртимиз шанига доғ туширмоқда, балки бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг поймол бўлишига бош омил бўлмоқда. Хусусан, “Динамо-плюс” ПФК ва унинг тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида сўнгги йилларда юз бераётган воқейликлар, раҳбарнинг ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларидан кўра ўзининг манфаатларини устин қўйиши оқибатида биз бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби футболда ҳам раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, аниқроқ қилиб айтганда тартиб-қоида энг муҳим ҳисобланади. Бироқ, “Динамо” профессионал футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида бўлаётган воқеалар ҳақида сўз юртилганда ҳаммаси қуруқ ишларга, кўзбўймачиликка айланиб бораётган бугун кўпчиликка сир эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев аксар раҳбарлар мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, ҳақиқий аҳволни чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолганини қайд этиб, раҳбарларга хос баланд димоғлик, қоғозбозлик, сансалорлик каби қусурларга алоҳида эътибор қаратган эди. “Фақатгина “ғалаба рапортлари” билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас” дея катта-кичик раҳбарларни огоҳлантирган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтган юқоридаги ҳолатлар сўнгги йилларда “Динамо” футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида юз бераётгани, бу сўзлар нақадар ҳақиқат эканлигини яна бир бор исботлади.

АСОСЛАРГА АСОСЛАНМАЙ ЧИҚАРИЛГАН ҚАРОР
Келинг, воқейликни сал аввалроқдан бошласак...
2015 йил 12 январ куни №5-сонли хат билан «Динамо» ПФК биринчи вице-президенти вазифасида ишлаган Фирдавс Каримов вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Зоир Мирзаев ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Фарҳод Магометовга клуб ҳалигача ПФЛ лицензиясини олмагани, лицензиялаштириш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаса ОФК томонидан жаримага тортилиши, жарима пули валютада тўланиши лозимлиги ва шунга ўхшаш бошқа масалалар кўтарилган мазмундаги хат йўллаганди. Мазкур хатга 2015 йил 10 февралдаги №20-сонли хат билан жавоб йўллаган ЎзПФЛ директори Фарҳод Магометов «Динамо» ПФК аллақачон лицензиялаштирилгани, бу борада клуб барча ишларни амалга оширганлиги ва ОФК томонидан ҳеч қандай жаримага тортилмаслиги, айниқса валютада пул тўланмаслигини исботловчи сабабларни кўрсатиб, клуб биринчи вице-президентининг ёзган хати ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тасдиқловчи жавоб хати берганди.  
Гарчи ЎзПФЛ тўлиқ қонуний асосларни келтирган ҳолда клуб хатига жавоб ёзган бўлсада «Динамо»да узоқ йиллардан бери ҳуқуқшунос бўлиб ишлаб янги мавсум олдидан клуб раҳбари бўлган Шуҳрат Ҳотамов (асли исми Шавкат), клуб спорт директори Рустам Истамов, «Динамо-плюс» ПФКнинг ўша вақтдаги биринчи вице-президенти Фирдавс Каримовлар Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, ўзидан юқори турувчи ташкилот раҳбарининг жавоб хатини асоссизга чиқариб ўз билганича «Динамо-плюс» ПФК Президентининг 2015 йил 2 мартдаги 5-П ва айнан шу санадаги 6-К сонли буйруқлари билан футбол мактаби директори Дониёр Юсуповни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб ташлаганди.
Клуб қошидаги футбол мактаби директорини ҳеч қандай асосларга эга бўлмасдан туриб ишдан олиб ташланишига аслида қониқарсиз натижалар сабаб клубдан кетган, жамоанинг айни пайтдаги раҳбари бўлмиш Алишер Латиповни узоқроқдан бўлсада клуб ишларига аралаштириш мақсадида ўйлаб топилган “ўйин”лардан бири эди.
Клуб раҳбарларининг адолатсиз бу “ўйин”идан жабр кўрган директор кўп жойларга мурожаат қилди. Бироқ, сўнгги паллага келганда ҳеч ким адолатни тан олишни истамади. Клуб раҳбарлари ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон профессионал футбол лигаси юборган хатни инобатга олмади. Аниқроқ қилиб айтганда, ўзидан юқори турувчи ташкилотнинг АСОСЛИ ХАТини кимнингдир манфаати учун шунчаки АСОССИЗга чиқарди. Президентимиз таъкидлаганидек, соҳага масъул бўлган раҳбар ходимлар муаммони одатдагидек кабитенда ўтириб ечишди холос. Мана сизга футболга бўлган муносабат. Мана сизга футболнинг энг кичик бўғинга бўлган эътибор.
Хуллас, бу воқеалар ўтди-кетди. Қонунга таянганлар йиғлаб, қонунни бузганларнинг кўчасида байрам бўлганди ўша вақтда. Дониёр Юсупов ишдан олингандан сўнг кўп ўтмай Алишер Латипов клуб тасарруфидаги футбол мактабига директор бўлиб келди. Воқеаларнинг кейингилари шу қадар тезлашиб кетдики, бу орада Алишер Латипов клуб раҳбари бўлиб қолди. Шундан сўнг мактабда ҳам ўзгариш бошланди.
ВАҚТИНЧАЛИК ШОҲ...
Халқимизда муллани айтганини қил, қилганини қилма, деган нақл бор. “Динамо” ПФК раҳбарияти аввалги директорни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб юборганди. Бироқ, шундан сўнг “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабига асли мутахассислиги шарқ яккакурашлари турига ихтисослашган Жаҳонгир Эшонқуловни вақтинчалик  директор этиб тайинлади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунида, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил  23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини хамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахасислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сонли қарорининг 1-иловасидаги “Ўзбекистон Республикасидаги Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисида”ги Низомнинг VIII-боб, 57-банди, 2-кичик бандида, спорт мактаби директори олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида беш йил стажга эга бўлган спортнинг мактабда ривожлантириладиган тури бўйича мутахасислардан тайинланиши аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Савол туғилади, амалдаги қонунни кўр-кўрона бузган клуб раҳбарияти янги директорни тайинлашда нега юқоридаги қонунга амал қилишни истамади? Нега малакаси етарли бўлмаган, боз устига ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга бўлмаган, энг ёмони мутахассислиги шарқ яккакураш турига ихтисослашган ходимни қўйди? Ахир юртимизда қонун ҳамма учун баробар эмасми? Ёки ўз манфаатларидан келиб чиқиб қонун истаганча талқин қилинадими? Хўш, клубнинг бу қонунбузарлигини ким ёки қайси юридик ташкилот изоҳлаб бера олади. Бу каби саволларга қайси масъул ташкилот жавоб беради? Маданият ва спорт ишлари вазирлигими ёки Халқ таълими вазирлигими? Умуман олганда футбол мактабларининг фаолияти қачон назоратга олинади? Қачонгача “салла деса каллани оламиз”?
Балки Жаҳонгир Эшонқулов расман директор эмас, директор вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келмоқда шунинг учун юқоридаги қонун истисно қилинади дейдиганлар ҳам топилар. Балки ростдан ҳам “вақтинчалик директор” учун айрим қонунлар истисно қилингандир? Аммо унинг буйруғи, унинг имзоси асосида қилинаётган ишларчи? Бу ишлар орқали жабр кўраётган мактаб мураббийларининг қонуний ҳуқуқларининг поймол бўлишичи?
Барачамиз учун севимли бўлиб қолган “Иван Васелевич ўз касбини ўзгартиради” деган кинода тарихий шахсни ўрнига имзо қўйишни истамган “вақтинчалик шоҳ” муҳим бир ҳужжатда “вақтинчалик шоҳ вазифасини бажарувчи...” деб имзо қўяди. Эсладингиз-а? Айнан шу имзо фильм сўнггида мулозимлар томонидан аниқланиб, шоҳнинг соҳта эканлиги ошкор бўлади. Бу ҳам майли, бутун бир саройда тўполон бўлганичи?
Жаҳонгир Эшонқулов “вақтинчалик шоҳ” бўлишга шу қадар киришиб кетдики, у ўзига хон кўланкаси майдон бўлиб қолди. Буни қарангки, “вақтинчалик шоҳ”га ҳамроҳлик қилиш учун тезда “Мирославский” ҳам топилиб қолди.

            ҚАЙНАР ХУМЧА...
2016 йилнинг ноябр ойида Қарши шаҳрида 2000 йилда туғилган болалар ўртасида ўтказилган тайёрлов гуруҳи (группа подготовка) мусобақасига бориш Нодир Мардонов ва унинг ёрдамчиси Аброр Исматовларнинг чекига тушди. 
Қизиқ жиҳати шундаки, тайёрлов гуруҳи мусобақасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида тарбияланаётган футболчиларнинг атига уч-тўрттасини олган холос. Хўш, жамоа мураббийи таркибдаги қолган футболчиларни қайси футбол мактабидан олган? Бошқа футбол мактабида тайёрланаётган болалар олинган бўлса, бу тайёрлов гуруҳи мусобақасининг низомини очиқдан-очиқ бузилишига сабаб бўлмайдими? Ёки мусобақага қайси футбол мактаби тарбияланувчиси боришидан кўра, ундаги иштирок муҳимми? Қолган жиҳати, аниқроқ қилиб айтганда бошқа қонуний талаблар аҳамиятсизми?
Ажабланарли жиҳати шундаки, асосий таркибини бошқа футбол мактабида шуғулланаётган болалар билан тўлдирилган Нодир Мардонов жамоасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби ҳисобидан хизмат сафари (командировка) ажратиб берилган. Хўш айтингчи, мактаб мураббийларининг қўл остидаги тарбияланувчи болалари ўрнига бошқа футбол мактабининг болалари боришию, иккинчи мактабнинг ҳисоб рақамидан хизмат сафари учун пул чиқарилиб берилиши қайси қонунчиликка тўғри келади? Ёки бу ерда бошқа бир мақсад борми? Хўш, бундай қинғирликларни назоратга оладиган ташкилот йўқми? Ахир мактаб мураббийлари йиллар давомида ўзбек футболига нафи тегадиган, ҳеч бўлмаганда соғлом вояга етади дея катта бир умидлар билан бола тарбияласаю, мусобақаларга бошқа футбол мактаби болаларини юборилиши қайси низомга тўғри келади?
            Ўтган йилнинг ноябр ойида Навоий шаҳрида профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларнинг 2004 йилда туғилган болалар ўртасида мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада иштирок этган Зариф Шеров шогирдлари учинчи ўрин учун Бухоро жамоасига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ, номаълум сабаларга кўра иккала жамоа учинчи ўрин учун ўтказилиши лозим бўлган ўйида майдонга тушмади. Якунда эса ҳар иккала жамоага учинчи ўринни олди деган диплом берилди.
Мусобақа низомида шундай келтирилган бўлса бу ерда ҳеч қандай қонунбузарлик йўқку деган савол туғилиши мумкин. Бироқ масаланинг иккинчи томони борки, бу ҳол ўтказилмаган ўйин учун хужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят маданият ва спорт бошқармасининг тасдиғидан ўтказилиб, молияга тақдим этган ҳолда бир йил давомида давлат пулини ўзлаштириш. Оддийгина, бир йил давомида бешта ўтказилган (ёки ўтказилмаган) мусобақага худди шундай хужжат қилиб қанчадан қанча маблағни кўкка совуриш мумкин?
Футбол мактабларининг мусобақага бориш-келиши, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлар учун ажратилган пулни ҳисоб-китоб қилиш, аниқроқ қилиб айтганда уни назорат қилиш кимнинг вазифаси? Ваҳолангки, "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиганспорт мактаблари тўғрисидаг"ги Низомнинг 84-моддасида "Спорт мактабининг молия-хўжалик фаолиятини ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун хужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади" деб белгилаб қўйилган. Хўш, давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким жавоб бериши керак? Қайси ваколатли ташкилот футбол мактабидаги молия интизомини назоратга олади?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун ҳар бир йиғилишида раҳбарларнинг масъулиятлиги, уларнинг фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш лозимлиги хусусида айтиб ўтади. Бироқ футбол мактаби директори мактаб касаба уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаган Ғофир Амоновни йиғилишда мураббийларнинг тарафини олгани учун, аниқроғи мактаб жамоасининг йиғилишида деректорга ён босмаганлиги учун мактаб касаба уюшмалари қўмитаси вазифасидан бўшатиб ташлади. Бу ҳам етмаганидек, ўзидан салкам ўттиз ёш каттта, ёши олтмишга яқинлашган Ғофир Амоновни бутун бошли жамоадошлари олдида ҳақорат қилганини қандай тушуниш мумкин? Зўравонликми ёки манманлик? 
Ноҳақ ҳақортланган Ғофир Амонов бу масала юзасидан мактаб касаба уюшмалари қўмитасига (профсоюзга) ариза билан мурожаат қилган. Бироқ, орадан шунча вақт ўтсада бу ҳолатга ҳеч қандай қонуний жавоб қайтарилмаган. Шу ҳолатнинг ўзи фуқароларнинг, ишчи ходимларнинг мурожаатларига бўлган эътиборсизлик эмасми? Қани бу ерда қонун устиворлиги? Қани биз истаётган адолат?

ДАВОМИ БОР...


Фарҳод НОРБЎТАЕВ