четверг, 21 декабря 2017 г.

ЎФФ ҚАЕРГА ҚАРАБ КЕТЯПТИ


Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади
Ш. Мирзиёев

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилгани, шу асосда йил давомида олиб борилган тизимли ишлари самарасида давлат идораларининг халққа бўлган эътибори кучайди. Умри бино бўлиб амалдор деганда ўз идорасидан чиқмайдиган, мажлислардан бўшамайдиган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга оёқ босмайдиган олиймақом бир зот бўлиб қолганлар бугун оддий халқнинг дардини тингламоқда.
Катта-кичик раҳбарлар пастга тушиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Одамлар билан мулоқотга киришиб, уларни тингламоқда. Бугун мансабдор бўлиш – оддий одамлар билан бирга яшаш, бирга ишлаш, халқни рози қилишдан иборатлигини барча раҳбарлар тушуниб етди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак-да!
Ўзбекистон футбол федерациясига янги президентнинг сайланиши мамлакатимизда миллионлар ўйинида ҳам туб бурилиш бўлишига умид учқунини очганди. Айниқса, тизимда узоқ йиллар давомида керак бўлган янги қонни Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги янгиланган федерация ходимлари амалга оширишини кўпчилик интизорлик билан кутишганди. Очиғи кўпчилик қатори мен ҳам федерациянинг илк иши офисда ўриндиққа михланиб қолган амалдорларни курсисини қимирлатиб, юртимизнинг ҳар бир худудида футболнинг асл ҳолатини ўрганиб зарур чора-тадбирлар қилишини ўйлагандим.
Эсингиздами, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг илк ишини вилоятлардаги ҳолатларни ўрганиш билан бошлаган эди. Жойлардаги муаммоларни ўрганиб, уни бартараф этиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар бериб, унинг ижросини қаттиқ назорат остига олганди.
Умид Аҳмаджоновнинг ЎФФ президенти бўлганидан сўнг ишни худди шу талқинда бошлаб, вилоятлардаги футбол мактаблари, умуман футболга ихтисослашган соҳанинг муаммоларини ўрганиш билан бошлашига шахсан мен умид қилгандим. Афсуски ундай бўлмади. Сафар хориждан бошланди. Футболимизнинг асл касаллигига даъвони ўзимиздан эмас, хориждан излади. Натижада йиллар давомида илдизи чириб кетган болалар футболидаги муаммолар яна четга сурилди. Бугун ҳамма ўз кабинетидан ташқарига чиқиб, оддий халқнинг дардини тинглаётган бир вақтда футболга алоқадор бўлган федерациянинг ходимлари мамлакатда бўлаётган ислоҳотлардан, Президент сиёсатидан бехабар эканлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.
Афсуски, ЎФФнинг дастлабки қарориданоқ кўпчиликнинг умидлари саробга айланди. Янги раҳбарият ҳам ҳақиқий аҳволни ўрганиш ўрнига илгаригидек қоғозлардаги оддий хаспўшлашдан нарига ўтмади. Нега дейсизми? Буни асослаш учун узоққа бориш шарт эмас. Ўзбекистон футбол федерацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда клубларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнининг ўзи ҳаммасини кўрсатиб қўйди. ЎФФ ишонган ишчи гуруҳи ҳам шунчаки хўжакурсинга ишламоқда. Қайси ташкилот бир неча соатда муаммони ўрганиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда бир кун битта вилоятнинг муаммосини ўрганганда ҳам бошқа гап эди.
Келиб фақат ҳужжатларгаю қоғозларга қараб баҳо бериш яна ўзимизни ўзимиз алдашимиздан далолат бермайдими? Нега профессионалликка интилаётган ЎФФ ўз ишига чин дилдан ёндошмаяпти? Шуми федерациянинг футболни ривожлантириш лойиҳаси? Шуми футбол стратегиясига муносабат. Наҳотки, ЎФФ ва ПФЛ мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини тушунмаётган бўлса. Ахир қоғозларда битилган ёлғонлар қисқа вақт ичида бўй кўрсатаётганлигини бугун ҳамма биляптику?
Вилоятларда футбол клубларининг аҳволини ўрганиб юрган “ишчи гуруҳ”нинг бирорта аъзоси  асл ҳолатни кўргани йўқ. Ҳаммаси фақат қоғозларга ўралашиб қолган. Асл муаммо эса ўша қоғозлар ортида ётибди. Федерациянинг бирор бир мутасадди ходими оммавий ахборот орқали кўрган муаммоси хусусида сўз юритмаяпти. Сабаби нимада. Чунки уларни фақат қоғозбозлик қизиқтиради. Улар кабинетда ўтириб ишлашга ўрганган. Давлатнинг энг катта ташкилот раҳбарларига ўхшаб 15-20 кунлаб вилоятларга юриш федерациядаги ходимлар учун эриш туюлади. Улар туфлисига чанг тушишини истамайди. Хўш, нега бутун бошли ЎФФ ўзининг вилоятлардаги ўрганишларини бирор бир оммавий ахборот воситаларида кўрсатишни ўзига эп билмади. Нега ўзининг иш жараёнини сир сақлашга ҳаракат қиляпти. Бундай йўл тутишдан мақсад нима? Нега ўз стратегиясини ишлаб чиққан ташкилот ўзининг стратегиясига амал қилмаяпти? Аслида ЎФФ оммавий ахборот воситаларига суяниши керак эмасмиди?
Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлади. Бу мақолни бекорга эсламадик. Сўнгги пайтларда ЎФФнинг чиқарган антиқа қарорлари кўпчиликни ёқа ушлашга мажбур қилмоқда. Уларни санаб яна асабингизни бузиш ниятимиз йўқ. Ўзи шундоқ ҳам керакгидан ортиқ эътирозлар билдирилди. Керагидан кўп муҳокама этилди. Аммо Вадим Абрамов борасида чиқарилган қарор ҳаммасидан ошиб тушди. ЎФФнинг норматив тестлар ҳақидаги қарорларига ўз норозилигини билдирган Абрамовнинг номуайян муддатга футболдан четлатилиши ОАВни оғзини ёпиш учун ташланган илк катта қадам эмасми? Нега дейсизми? Ўзбек футболидаги муаммоларни очиқ ва ошкора санаб ўтадиган кам сонли мутахассислардан бирига нисбатан чиқарилган бундай қарор бошқаларни жим юришга мажбур қилади. Хўш айтингчи, бу “фикрни бўғиш”, “оғизни ёпиш”, “сўз эркинлигига” тўсиқ қўйиш эмасми? Бу Президентнинг очиқ ва ошкоралик сиёсатига қарши юриш эмасми? Ёки федерациядагилар ўзга сайёраликларми?
            Абрамовнинг номуайян муддатга кетишини ЎФФ томонидан ОАВни “оғзини ёпиш” иши сифатида бекорга қарамадик. Сабаби қуйироқда тўхталиб ўтамиз. Ундан аввал бир гапни айтмоқчиман. 12 сентябрга қадар журналистлар томонидан федерация ва профессионал лига қанчалик танқид қилинмасин бирорта ходимни журналистга босим ўтказганини эслай олмайман.
Ҳатто Бабаян кескин танқид қилинганда ҳам бирорта журналистга тазйиқ бўлганини йўқ. Аммо ЎФФга янги қон бўлиб келган ходимларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига бўлган муносабати ташкилот уч ойни ичида қай даражага келиб қолганлигини кўрсатиб қўйди. Савол туғилади: янгиланган ЎФФ ва ПФЛ ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетмоқда? Чиқарилаётган қарорлар учун ўз фикрини билдирган мутахассисга номуайян чеклов қўйган ташкилот ходимлари федерация чиқарган қарорлари учун ўзининг фикрини билдирган журналистга очиқчасига таҳдид қилишини қандай тушуниш мумкин. Ёки ЎФФ янги ходимларини “разборчи”лар билан тўлдиряптими. Бугун журналистларнинг танқидини кўтаролмаётган федерация ходимидан эртага қандай ижобий ишни кутиш мумкин. Балки бу мақоладан сўнг мен ҳам футболдан номуайян муддатга четлатиларман. Аммо нега ҳали ҳеч нимани қойиллатмаган федерация ходимига чоралар кўрилмайди?
Журналистларни “қишлоқи” деб ҳақорат қилган ЎФФ вакилини ишдан олиб, унинг ўрнига масалани биратўла “ҳал” қилиб қўядиган бошқа бир “Эгамбердиевлар” олиняптими? Алининг ўрнига Валининг келишидан нима наф. Бу ёмғирдан қочиб дўлга йўлиққанимизни билдирмаяптими?
Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. Бу бугун Президентимиз томонидан ҳар бир учрашувда айтилаётган гап. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият яратилмоқда. Шу боис ҳам турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Афсуски, футбол соҳасида ишлаётган айрим ходимларнинг инсонларга ёрдам бериш ўрнига уларни сарсон қилишмоқда. Аниқроғи уларни устидан очиқча кулишмоқда. Шуми биз орзу қилган янги федерациянинг шаффофлиги. Федерациянинг виждони қаерда қолди? Ёки виждон 12 сентябрда алмашиб кетдими?
Нима деганимни тушунган бўлсангиз керак. “Ориат доно” радиосида Бобур Акмалов, Хайрулла Ҳамидов ва Жамолиддин Бобожонов биргаликда заиф эшитувчилар ва сўзлашда нуқсони бўлган ногиронлар жамоси мураббийи Рустам Бердиев билан ўтказилган интервьюни яна бир бор тинглаб кўринг. Бу борада кўп оғир гапларни ёзмоқчи эдим. Аммо бугун давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган одамларга ёрдам кўрсатилаётган бир вақтда ногиронларни устидан очиқчасига кулган ЎФФ ходими учун бир инсон бисотидаги энг номақбул сўзларни ишлатишни ҳам ҳайф деб билдим.
            ЎФФ қарорларини танқид қилган мутахассисга номуайян чеклов қўйган федерация олдига ёрдам сўраб борган ногиронларни “аёллар формаси билан” ахмоқ қилган ходимига наҳотки чора кўролмаса? Ёки ночорларни устидан кулиш улар учун шарафми? Аслида шундай номақбул ишни қилиб мамлакат шанини бутун дунёга шарманда қилаётган одамни кимлигини аниқлаб футболдан номуайян муддатга эмас, балки аниқ қилиб бир умр четлатиш керак эмасми? Йил давомида барча ҳаракатлар инсон манфаати учун деган даъватларга бўлган муносабат шуми ЎФФни?
            Суҳбат давомида минг азобда Таиландга бориб Жаҳон чемпиони бўлиб келган ва якунда Жаҳон Чемпиони бўлган ногиронлар жамоаси мураббийи Рустам Бердиевдан журналист Бобур Акмаловнинг «Тила тилагингни» деган маънода берган саволига оддийгина қилиб “тренировка қилиб туришимиз учун зал ажратиб беришларини илтимос қиламан” деди...
            Тўғириси йиғлагим келди. Миллионлаб маблағни кўкка совураётган, тўрт мучаси соғ бўлган турли ёшдаги терма жамоа вакиллари мусобақаларда гуруҳдан чиққани учун қўша-қўша мошина беришни билган федерация ҳатто тақдирлаш маросимига чақирмагани учун ерга кириб кетса бўлмасмиди.
Адолатнинг катта-кичиги бўлмас экан, тоифаси бўларкан. Манфаатлиси бўларкан. Лабановни ҳаракати учун “Насаф”ни жазолаган, камчилигини айтган мутахассисни “номуайян” қилган федерациядан бундан ортиғини кутишнинг ўзи кулгили.
            Ўйлайманки, кимдир ўша ногиронларнинг ютуғини албатта Президентимиз Шавкат Мирзиёевга етказади. ЎФФ бермаган эътирофни албатта давлатимиз раҳбари кўрсатади. Аслида улар шунга муносиб. Соғломлари уддалай олмаган ишни улар бажаришди. Хўш, айтингчи қани Ёшлар Иттифоқи. “Келажак бунёдкори” медали Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса кўшаётган йигитларга берилиш керак эмасми? Қани спорт қўмитаси. Шу йигитларга ҳеч бўлмаса машғулот учун текинга спорт зал қилиб бера олмайдими? Қани параолимпия қўмитаси Президентимизнинг Жаҳон Чемпионларини рағбатлантириш қарорига мувофиқ доимий тўловни амалга оширмайдими? Ёки унинг учун ҳам таниш-билишчилик қилиш керакми? Қани ЎФФ?! Айтингчи, қаерда қолди виждон? Шу масалани ҳам порталга ёзиш керакми энди?
            Тўрт мучаси соғ одамларга тўп тарқатиб, стадионда ит-мушук бўлишни Япониядан ўрганиб келгандан кўра ўша ногиронларга шароит қилиб берса бўлмасмиди ПФЛ? “Насаф”дан, “Бухоро”дан тушган пулларга лоаққал ўн дона тўп берса бўлардику. Ахир улар учун бегона бўлган Таиланд қила олдику бу ишни. Наҳотки Шавкат Мирзиёев ногиронларни уй-жой билан таъминлаётган бир вақтда Ўзбекистон футбол федерациясидек нуфузли ташкилот 11 нафар ногирон бўлсада Жаҳон Чемпиони бўлган ўғлонларга тузукроқ совға бера олмаса. Бугунги жамиятдан, бугунги давлат сиёсатидан узилиб бораётган федерация ҳам қачонлардир Президентга ҳисобот берадику. Ахир шаҳар бедарвоза эмаску?. Миллионлаб халқнинг қарғиши бир кун уришинига наҳот ақли етмаса буларнинг.  
            Театрлаштирилган тақдимот маросимига асл чемпионларни чақиришни ўзига эп билмаган федерациядан яна нима кутиш мумкин.  
Бугун ҳар биримиз, бутун халқимиз кўраётган ва сезаётган ҳақиқат шуки, мамлакатимизда давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Аммо ЎФФ эмас. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизда чуқур жорий қилинмоқда. Аммо ЎФФнинг иши эмас. Бу мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин эканини такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Аммо ЎФФ эмас?
Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган, барча бўғиндаги раҳбарлар учун ҳаёт қоидасига, фаолиятнинг бош мезонига айланиши лозим бўлган қуйидаги сўзларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман:
«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.  Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. 
Шунда халқимиз биздан рози бўлади. 
Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. 
Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади». 
Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 
Сўнгги сўз ўрнида ижтимоий тармоқда ёзилган бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Давлат федерация ишига аралашса, ФИФА жамоаларни барча мусобақалардан четлатади, а? Розиман!!! Аммо тепадан аралашув бўлмаса, бу кетишда (тууууут, тууууууут тууууут, туууууууууууут)...!
                                                                                                  Фарҳод НОРБЎТАЕВ

среда, 22 ноября 2017 г.

Шукуровми ёки Шукруллаев: ЎФФ можаронинг сабабига қизиқармикан?!

     Ўзбек футболида икки саволга жавоб топиш жуда мушкул. Бири келишилган ўйинлар бўлса, иккинчиси ёши урилган футболчилар. Аслида икки масалага ҳам виждонан ёндошилса Олий лиганинг сон саноқсиз келишилган ўйинларию, болалар футболида ёши кичрайтирилган минглаб “болалар”ни топиш муаммо эмас. Ҳаммаси масалага виждонан ёндошишда.

       Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Умид Аҳмаджонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилда зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала хусусида тўхталиб ўтганди. Кўтарилган масалалар ичида болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш ва футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар белгилаб олиниши келтириб ўтилган.
       Янги таркибдаги федерация фаолиятига ҳам икки ойдан ошди. Аммо бу борада бирор бир салмоқли иш олиб борилаётганлиги сезилгани йўқ. Барча ҳамон эскича қарашлар билан юрибди. Айнан шу сабаб ҳам ўтказилаётган мусобақаларда масъулларнинг ўзгармаган қарашлари натижасида болалар футболида ҳам коррупцияю, қинғирликлар, футболчиларнинг ёшларини сохталаштиришу, келишилган ўйинлар авжига чиққан. ЎФФ бундай қарашларга қачон барҳам бериши ҳозирча номаълум.  
     
2-8 ноябр кунлари Фарғона шаҳрида ЎФФ томонидан 2006-2007 йилларда туғилган болалар ўртасида Олий лига қошидаги Болалар ўсмирлар футбол мактаблари биринчилиги ўтказилди. Мазкур турнир ўзининг одатий “анъаналари” билан бошқа мусобақалардан асло фарқ қилгани йўқ. Ҳакамларнинг биз ўрганиб қолган ўша-ўша ҳаракатлари, турнирда қатнашган жамоалар таркибида ёши катта болаларнинг иштироки, ҳакамларнинг кўп ҳолларда мусобақа мезбонига ёрдам бериши ва бошқа ҳолатлар. Хуллас, янгиланган ЎФФнинг ҳам ПФЛнинг ҳам ўзгаргани кўринмаган.  
      Афсус билан айтиш мумкинки, бизда футбол турнирларини ўтказишда ёзилмаган қонун бор. Мусобақа мезбони биринчилик ғолиби бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда кучли учликка кириши шарт! Бутун мусобақа давомида барча ҳаракатлар шунга қаратилади. Ахир, ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деб бежиз айтилмаганку! Афсуски, ЎФФ ташаббуси билан Фарғонада ўтказилган мусобақа ҳам бундан мустасно бўлмади! Ўрганган кўнгил ўртанса, нима қилсин.
       ЎФФнинг Олий лига жамоалари қошидаги футбол мактаблари ўртасидаги биринчиликда иштирок этиши юзасидан юборган хати, шунингдек, мусобақа регламентида турнирда 2006-2007 йилларда туғилган болалар иштирок этиши белгилаб қўйилган. Афсуски, бу борада ҳамма жамоалар ҳам регламентдан келиб чиққан ҳолда иш тутмаган. Аксарият жамоаларда 2-3 нафар, айримларида эса ҳатто 5-6 нафаргача “ўқланган” футболчиларнинг борлиги бизда болалар футболининг савияси ачинарли аҳволда эканлигини яна бир бор намоён қилди.
       Фарғонада ўтказилган мусобақанинг бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Турнирда иштирок этган “Динамо” ва “Шўртан” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг “Динамо” мураббийлари “Шўртан” жамоасида 1-рақамда ҳаракат қилган Сардор Шукуров, 11-рақамда ўйнаган Бунёд Абдурахмонов ва 17-рақамда ҳаракатланган Аброр Рахматуллаевларнинг ёшлари бўйича шубҳа қилиб, ўйин қайдномасига ўз эътирозларини билдиришган.  
       Ушбу масала ЎФФ ходими, Фарғона вилоят футбол федерацияси раҳбари ҳамда иккала жамоа вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилган. Бу борадаги баҳсли вазиятни қуйидаги видео орқали ҳам кўришингиз мумкин.
       Ўрганиш жараёнида “Шўртан” жамоаси мураббийи ўйинга қайдномага киритилмаган футболчини тушурганлиги аниқланганлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Футболчининг исми атайлаб ўзгартирилганми ёки бошқа сабабми бу ҳозирча бизга қоронғу (Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича маълумотлар тўпланмоқда).
       Фарғонада ўтказилган мусобақа давомида “Шўртан” жамоаси билан боғлиқ масала ортидан ўтган йили Навоийда ўтказилган бошқа бир мусобақада иштирокчи жамоалар ўртасида келишилган ўйинлар бўлиб ўтганлиги бизни ажаблантирди. Иккала жамоа мураббийлари билан бўлиб ўтган суҳбатда “Шўртан” жамоаси (клуб қошидаги футбол мактаби назарта тутилмоқда) Самарқанд жамоасига ютқазиб берганини айтган. Энг қизиғи, бу ишга Самарқанд вилоят футбол федерацияси масъулларининг аралашгани бизни ёқа ушлашга мажбур қилди. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин. Ана сизга болалар футболидаги найрангбозлик. Мана сизга болалар футболининг бугунги аҳволи.
       Ўзбекистон футбол федерациясида футболдаги коррупцияни олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди дейилганига ҳам кўп бўлди. ЎФФ президентининг шахсан назоратида бўладиган бўлинма қочон ўз фаолиятини бошлайди? Иш бошланганидан сўнг ўша қўмита виждонан иш юритишига ким кафолат бера олади. Хуллас, саволлар кўп.
Олий лига 29-турида Қаршида “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўйини ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Унинг ортидан чиқарилган қарорларнику айтмаса ҳам бўлади. Ўша ўйинда ҳаракат қилган ва гол урган Бобур Абдухолиқовга оид қизиқ воқеа юзасидан журналист Нодирхўжа Йўлдошев қуйидагича изоҳ қолдирган эди: “Агар "Бунёдкор" скаутлари уни кўриб Тошкентга олиб кетаман демаганларида ҳозир уни кўрмаётган бўлар эдик-ми? Бундан бир неча йил аввал тайёрлов гуруҳи мусобақасида ёши тоза бўлгани учун катталар ичида захирада ўтирарди. Лекин шундай бўлсада, "Бунёдкор" скаутларини назарига тушган. Ота-онаси билан гаплашиб иш ҳал қилинганида “Насаф” бекорга у назарга тушмаган бўлса керак деб, отаси билан келишиб клубда олиб қолган ва секин аста иккинчи лигага “заявка” қилган. Кейин дублга, мана асосий таркибда бугун авжига чиқди. Аслида бундай йўқ бўлиб кетган ўйинчилар қанча?
   Дарҳақиқат, болалар футболидаги анашундай қинғирликлар сабаб бугун ҳақиқатда истеъдодли болалар эътибордан четда қолиб кетмаяптими? Қанчадан-қанча иқтидор эгалари мураббийларнинг қурбонига айланмаяптими? 
   Эътиборингизни “Динамо” ва “Шўртан” мураббийлари ўртасида бўлиб ўтган яна бир суҳбатга қаратмоқчиман. Суҳбатда мусобақада иштирок этган “Бухоро” жамоаси вакилларида 2003-2004 йилда туғилган болалар ҳам борлиги айтиб ўтилган. Бундан кўриниб турибдики, биз юқорида тилга олганимиздек, кўплаб жамоаларда ёши кичрайтирилган футболчилар иштирок этган. Фақат қайси жамоада нечтадан ёши кичрайтирилган футболчилар ўйнагани ҳозирча номаълум. Ҳарҳолда, суҳбатда ёши катта болалар борлиги аниқ айтиб ўтилган. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин.
Футбол ўйнаш, уни бошқариш учун ақл керак. Ўша ақлни ишлатиш учун эса юрак. Агар бошқарув юраги йўқ  инсонлар қўлига ўтадиган бўлса, футбол ўлади. Ўйлаймизки, Ўзбекистон футбол федерациясининг масъуллари томонидан Фарғонада ўтказилган мусобақа ва у билан боғлиқ барча ҳолатлар тўлиқ ўрганиб чиқилади. Бу жараёнга имкон бўлса журналистларни ҳам жалб этган ҳолда, вазият холис ва адолатли кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Яна бир гап. Ҳисобида миллиардлаб маблағи бўлган федерация наҳотки болалар иштирокидаги мусобақага бадал пули талаб қилса. Фарғонада ўтказилган мусобақага 700.000 сўм маблағ бадал пули қўйганини очиғи тушуниш қийин. Болалар футболи учун 5-10 миллион пул наҳотки арзимаса? Ахир, болалар бизнинг келажагимиз эмасми? (Бу мавзуга ҳали қайтамиз)
Хулоса ўрнида болалар футболи ҳақида сўз кетганда доимо эсланадиган гапни яна бир бор ёдга олмоқчиман. Футбол афсонаси Пеле бутун умрини  бахш қилган ўйин билан хайрлашув пайтида: “Болаларни асранг!” деганди. Бу иборани тагида чуқур маъно бор.
Болаларни асранг, футболга мурғак нигоҳ билан боқаётган болаларни...
Ҳакамнинг таъсири сабаб мағлубиятга учраган ҳамда кўзига ёш олган болаларни ...

Давоми бор...

Фарҳод НОРБЎТАЕВ
журналист 

четверг, 2 ноября 2017 г.

СЎНГГИ ҚАРОР МАШМАШАЛАРИ

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси Бюросининг қарорига кўра, футбол бўйича 2018 йилги Олий лига мусобақаларида 12та жамоа иштирок этади. Бу қарор Олий лигада иштирок этаётган баъзи клубларни ҳайрон қолдирди. Хусусан, Олий лигада сўнгги ўринларни эгаллаб турган жамоа мураббийлари бундан очиқчасига норози бўлди. Ўзбекистон футбол федерациясининг бу қароридан сўнг чемпионатнинг 12-ўринида бораётган самарқанднинг “Динамо” жамоасида ҳам оғир вазият юзага келди. Мазкур масала юзасидан тайёрланган лавҳа СТВ телеканали “Хабарлар”информацион дастури орқали намойиш этилди.
2017 йилги Олий лига ўйинларининг тугашига атиги 4 тур қолди. Айнан  4 турдан сўнг жорий йилги мамлакат чемпиони номи аниқланади. Биз бугун ким чемпион бўлиши ҳақида эмас, балки элитани кимлар тарк этиши ҳақида мулоҳаза қилмоқчимиз.   
30 октябрга қадар чемпионатни ким тарк этиши деярли аниқ эди. Аммо кўпчилик учун оғир кун дея эътироф этиладиган душанба кунида чиқарилган ЎФФнинг қарори ўзбек футболи мухлисию-мутахасисларини ҳақиқатда оғир аҳволга солиб қўйди.
Ўзбекистон футбол федерацияси қарорига кўра келаси йилдан бошлаб Олий лигада 12та жамоа иштирок этади. Айнан ушбу қарор чемприонат жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган бир қатор жамоаларни ташвишга солиб қўйди. Олий лиганинг 12-поғонасида бораётган “Динамо” жамоасининг футболчиларию, мураббийлари ҳам Ўзбекистон футбол федерациясининг бу қарорига тушунмай қолишди.
ЎФФ томонидан чиқарилган қарор кўпчилик қатори “динамочилар”ни ташвишга солиб қўйган. Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бу қарорга келишда барча мутахасисларнинг фикрларини тингланганлигини таъкидлаб ўтганлиги ҳам баҳсли мулоҳазаларга сабаб бўлди. Боиси футболимиз афсоналаридан бўлмиш Игор Шквирин ва Вадим Абрамов бу борада улардан ҳеч қандай фикр сўралмаганлигини айтиб ўтишди. Аслида ҳам федерация барча жамоалар мураббийларининг фикрларига қулоқ солганми?
“Динамо” жамоасининг машғулотларини кузатгани марказий ўйингоҳда ташриф буюрар эканмиз,  бу ерда ўнгга яқин жонкуяр ишқибозларнинг тўпланиб турганига гувоҳ бўлдик.  
Футбол энг аввало мухлислар учун ўйналади. Афсуски, Ўзбекистон футбол федерацияси чиқарган қарорда мухлисларнинг талаб ва истаклари умуман инобатга олинмаган. Қарор ҳаётга жорий этиладиган бўлса, Олий лигада пойтахтимиз ва бир нечта вилоятлар жамоалари тўп суради холос.
ЎФФнинг ушбу қарори барчани бирдек ҳайрон қолдирган. Элитанинг қуйи ўринлардаги жамоалари ўйинчиларида эса “биз нима учун футбол ўйнаяпмиз деган савол” пайдо бўлган. Қисқа қилиб айтганда, футболчилар шок ҳолатида.  
Янги мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган “Динамо” учун сўнгги 4 тур ўта муҳим аҳамиятга эга. Бой берилган ҳар бир очко якунда жамоага қимматга тушиши мумкин. Шу боис ҳам мураббийлар футболчиларнинг руҳини туширмай бор эътиборни ўйинларга жиддий тайёргарлик кўришга қаратган.
Ўйлаймизки, “Динамо” футболчилари сўнгги турлардаги ажойиб ўйинлари билан минглаб ишқибозларнинг кўнглидаги хавотирга ўрин қолдирмайди деган умиддамиз.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 28 октября 2017 г.

ПАСТДАРҒОМДА 122 МИЛЛИОН СЎМГА КАТАК ҚУРИЛАЯПТИ...МИ?

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг уйга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида арзон нархдаги намунали уйлар қурилиши йўлга қўйилди. Бугун кўплаб фуқароларимиз мазкур уйлардан олишни ўз олдига мақсад қиган. Шу боис ҳам ҳозирги кунда арзон нархдаги намунали уйга бўлган талаб кўп. Бу борада барча вилоятлар имкон қадар қурилиш ишларини амалга оширмоқда. Бироқ, арзон нархдаги намунали уйларнинг сонига эътибор бериб, унинг сифатига панжа орасидан қараш ҳоллари бўлмоқдаки, бу ҳолат фуқароларнинг ҳаётига жидди хавф солувчи (худо кўрсатмасин, оқибати ўлим билан тугаши эҳтимоли катта бўлган) қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари, хусусан интернет нашрларида намунали уйларнинг бугунги аҳволи, уларнинг аянчли манзаралари ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Хабарларда келтирилган фото ва видео тасвирларни кўрган ҳар қандай киши ёқа ушлайди.
2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Қароридан сўнг қурилиш ташкилотлари томонидан уйларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратса керак деган ўй ўтганди ҳаёлдан. Аммо яна “чучварани хом санабман”.
Намунали уйларда қанчалик кўп камчиликлар учраётган бўлса, арзон нархдаги уй-жойларнинг қурилишидаги камчиликлари ҳам аввалгисидан қолишмаяпти. Бу қурилишларда ҳам маблағлар ўзлаштирилмоқда, яшашга яроқсиз, сифати паст уйлар барпо этилмоқда.
Пастдарғом тумани “Камолот” массивида янги лойиҳа асосида қиймати 122 миллион сўм бўлган намунавий уйлар қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги, ушбу ҳудудда уйларга буюртма берган фуқаролар қурилиш жараёнидаги сусткашлик ва камчиликлардан қаттиқ норози эканли тўғрисида ҳамкасбимнинг («СТВ» телеканали мухбири Мўтабар Нурмуҳаммедова) махсус репортажидан сўнг “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақл нақадар тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Туманда ҳам арзон уй-жойлар қурилиши аниқ бўлгач қанчадан-қанча оиланинг қувончи ичига сиғмаганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Уй олиш илинжида ўн эшикни таққиллатишу, эшик ортидаги одамнинг “розилигини олиш”нинг ҳам ўзи бўлмайди. Юзлаб, ҳатто минглаб талабгорлар ичида “Камолот” массивидан арзон нархдаги уйга эга бўлиш ҳуқуқини кўлга киритганларнинг бахтиёрлигинику айтмаса ҳам бўлади.
Ушбу массивдан уй олиш илинжида бир нечта фуқаро тегишли ҳужжатларни тўплаб "Қишлоқ қурилишинвест" инжиниринг компанияси вилоят филиалига топширишган. Ҳатто шартнома тузишиб, янги уй учун 2017 йилнинг январ ойида бошланғич тўловини ҳам тўлаб қўйишган. 
Афсус билан айтишимиз мумкинки, “216-сон таъмирлаш қурилиш” корхонаси томонидан уйлар шунчаки мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида қурилмоқда. Уйнинг деворига ёш боланинг қўли тегиб кетса ҳам қулаб тушиш даражасида. Наҳотки, Самарқанд вилоятида намунали уй қураётган қурилиш ташкилотлари шу даражада кўзбўямачиликка ўтиб кетган бўлса деган савол қийнайди кишини. Шунчаки қўл учида қурилаётган бу уйларнинг қурилиш талабларига жавоб бериши, уларнинг сифати қай даражада эканлигини назорат қиладиган бирор бир жавобгар ташкилот йўқ.
Борлари ҳам ўзаро “сиздан угина, биздан бугина” қабилида “яхши”, “сифатли”, “талабга жавоб беради”, “кўрсатилган ҳамма ишлар тўлиқ бажарилган” деган ёлғон хулосалару, сохта хатлар билан ёпилиб кетмоқда. Жабри эса, яна ўша соддадил уй эгасининг бўйнига. Унинг айби кредитга арзон нархдаги намунали уй олганлигида! (Қурилиш ташкилотларининг бунақанги найрангларини кўриб баъзан, 122 миллионга ўзингни, фарзандингни, оилангни, яқинларингни, дўстларингни ҳаётини хавфга солувчи уй олгунча, 122 минг сўмга чайла қуриб яшаган маъқул эмасмикин деб ўйлаб қоламан)   
Бундай кўзбўямачиликлар қачонгача давом этади. Бу қинғирликларнинг, оддий аҳолини алдашнинг сўнгги куни ҳам бормикан. Қурилиш ташкилотларининг виждони қачон уйғонади. Ҳардоимгидек, охири йўқ саволлар кишини қийнайди.
Қизиқ томони шундаки, янги уй эгалари билан тузилган шартномада уй-жойларнинг топширилиш муддати кўрсатилмаган. Очиқ қолдирилган. Шунчаки оғзаки тарзда мустақиллик байрами арафасида янги уйлар фойдаланишга топширилиши айтилган холос.   
Майли уйлар кеч бўлсада қурилиб битказилар, аммо уйларнинг сифатига ким кафолат беради. Девордаги ғиштларнинг бутунидан кўра, сингани кўп. Айрим деворлар ғишт териш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли қийшиқ қурилган. Деворлар бурчаклари орасида бир неча сантиметрли очиқ жойлар қолган. Цемент қоришмасини қўлга олсангиз уваланиб кетади.  
Хона ичидаги пардевор (перегородка)ни бир қўлингиз билан қимирлатишингиз мумкин. Худо кўрсатмасин, вазни оғирроқ одам бу деворга суянса устига қулаши ҳеч гап эмас. Хўш, бу уйда хонадон эгаси эртага қандай хотиржам яшай олади?  
Қоидага кўра, терилаётган ғиштлар орасига металл симлар қўйилиши керак. Аммо бундай симларни ҳар жойда бир дона учратасиз, холос. Қурувчилар "биз материалнинг борини ишлатамиз-да" деса, қурилиш корхонасининг иш юритувчиси "қурувчиларнинг эсидан чиққандир" дейди. Яна ўша “отангга бор, онангга бор”.
Нима бўлганда ҳам қурилаётган уй-жойлар сифати уй эгаларини хавотирга солмоқда. Қурувчиларнинг айтишича, энди бу деворларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг биргина йўли бор – деворларга сувоқ олдидан темир сетка ўрнатиш керак. Аммо бор-йўғи, симни эплаб ўрнатмаган қурилиш корхонаси қиммат нархдаги темир сетка ўрнатармикан?  
Қисқача қилиб айтганда Пастдарғом тумани “Камолот” массивидаги арзон нархдаги намунали уйларнинг қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Қурилишдаги масъулиятсизлик ва сусткашликдан норозилар сони ортиб бормоқда. Бироқ, аҳолининг дардини эшитадиган, қурилиш ишида ўзгариш қиладиган одамнинг ўзи йўқ?
Афсуски, Пастдарғом туманининг “Камолот” массивида қурилаётган арзон нархдаги намунали уйларнинг бугунги ҳолати ҳақиқаттан ҳам ачинарли аҳволда. Мазкур ташвишли холат юзасидан уй эгалари бир неча бор мутасадди ташкилот раҳбарлари, “Ўзбекистон-24” радиоканалию, “Зарафшон” газетасига ҳам мурожаат қилишган бўлсада, аммо вазият ўзгармаяпти. Нега?
Шу ўринда  ҳақли  бир савол туғилади. Наҳотки, вилоятда бундай “уддабуронлар”ни танобини тортиб қўйишнинг иложи йўқ. Ахир шахсан президентимиз ташаббуси билан қурилаётган уйларнинг айрим мутассадилар томонидан сифатсиз, мутлоқо яроқсиз ҳолатда қуриб берилаётганлигини  кўра-била туриб, лом-лум демаслик инсофданмикан.  
Виждонини аллақачон жиғилдонга айлантирган, таъбир жоиз бўлса, ҳукумат сиёсатига қўл учида қараётган масалага дахлдор айрим ташкилотларнинг кўзбўямачилиги-ю,  қинғир ишлари қачонгача давом этади. Ҳозирча оёғи ердан узилиб, кўзини ёғ қоплаган қурилиш ташкилоти эртага сичқоннинг уйи минг танга бўлиши мумкинлигини бир  ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди, назаримизда. Нима дедингиз?
Биз, бу масалага яна қайтамиз.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 7 октября 2017 г.

БОЛАЛАР ФУТБОЛИДАГИ НАЙРАНГБОЗЛИК

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарияти мамлакатимизда футболни тубдан ислоҳ қилишнинг янги режаларини ишлаб чиқмоқда. Федерация президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилга эътиборни кучайтириши айтиб ўтилган.
Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган бешта устувор масала бор. Булар орасида болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш, шунингдек, футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатларга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар белгилаб олиниши кўзда тутилган. Энг асосийси белгиланган устивор вазифаларни бажаришда оммавий ахборот воситалари билан доимо ҳамкорлик қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Ҳар бир мамлакатда футболни ривожлантиришда энг асосий бўғин бу болалар футболи ҳисобланади. Болалар футболида йўл қўйилган ҳар бир хато келажакда ўзининг салбий натижасини кўрсатиши аниқ. Минг афсуски, болалар футболидаги муаммолар, мавжуд камчиликлар, уларни ўз вақтида бартараф этилмагани бугун ўзининг аламли ва аччиқ натижасини кўрсатиб келмоқда. Жаҳон чемпионатидан мосуво бўлган катталар ортидан кичиклар ҳам Осиё чемпионатидан қуруқ қолишди. Бунда эса энг асосий омил сифатида болалар футболидаги таниш-билишчилик, болаларни ёшини кичрайтириш, ёки ёши катта футболчини кичик ёшдаги болалар мусобақасида ўйнатиш, ким ғолиб бўлиши кераклигини олдиндан белгилаш (кўп ҳолларда мусоба мезбони ғолиб бўлиши шарт) каби салбий иллатлар ва бошқа кўплаб омиллар сабаб бўлмоқда.
Йиллар давомида бундай ҳолатга панжа орасидан қаралиши натижасида бугун ўша эски қолипдан чиқолмайдиган футболдаги айрим масъуллар ҳамон ўз ишига юзаки боқиб, футболдаги мавжуд қонунларни, талабларни ўзи билганча тадбиқ этиб келишмоқда. (Футболимиздаги бундай найрангларни амалга оширувчи масъул раҳбар ва мураббийларни ҳали бери ўзгаришига ишониш қийин)
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан анъанавий тарзда Олий ва Биринчи
лига клублари қошидаги футбол мактаблари ўртасида турли ёш тоифасидаги болалар ўртасида тайёрлов гуруҳи мусобақалари ўтказилиб келинади. Жорий йилнинг 26 апрел куни ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометов томонидан тасдиқланган тайёрлов гуруҳи мусобақасининг Низомида 2001-2002 ва 2003-2004 йилда туғилган болалар ўртасида турнирни ўтказиш қоидалари аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Еттита гуруҳда икки босқичда ўтказиладиган мусобақага ПФЛ томонидан белгиланган худудий федерация раҳбарлари жавобгар қилиб белгиланган бўлиб, улар зиммасига тўлиқ Низом асосида турнирни ўтказиш вазифаси юклатилган. Мусобақа давомида Низомда кўрсатилган қоидалар бузилса жамоаларга қонуний чоралар кўрилиши белгиланган.
Аммо бу борада тайёрлов гуруҳи мусобақаларини ўтказилишига масъул бўлган худудий федерация раҳбарларининг ҳаммаси ҳам турнир Низоми асосида иш кўрмайди. Ёки кўришни истамайди. Боиси федерация томонидан зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган бешта масалалар қаторидан ўрин олган келишилган ўйинлар ва футболдаги коррупция ёинки шахсий адоват каби иллатлар бунга йўл қўймайди.
ЎФФ ва ПФЛ тасарруфида ўтказиладиган ҳар бир ўйинда учрашув қайдномаси (протокол) тўлдирилиши шарт. Ўйиндан сўнг қайдноманинг иккинчи бетида келтирилган ҳар бир ҳолат бўйича ЎФФ ва ПФЛ регламенти, шунингдек, мусобақа Низоми асосида тегишли қарорлар чиқарилади. Афсуски, болалар футболида қайдноманинг аҳамияти йўқ. (Қайднома (протокол) борасида сал кейинроқ тўхталамиз)
2017 йилнинг 14 июл куни 2003-2004 йилда туғилган болалар ўртасида тайёрлов гуруҳи республика биринчилигининг 5-гуруҳидан ўрин олган “Сўғдиёна” (Жиззах) ва “Динамо” (Самарқанд) футбол мактаблари тарбияланувчилари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтди. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган учршувда меҳмон жамоа майдон эгалари томонидан мусобақа Низомида белгиланган ёшдан катта ўйинчи тушганлигини тахмин қилишди.   
Хусусан, ўйинда 73-рақамда Алижон Ахматов номи остида ёши катта футболчи ҳаракат қилганлигига эътироз билдириш. 73-рақамдаги (унинг асли исм-шарифи Алижон Ахматов эканлигини “Сўғдиёна” мураббийи исботлаб бера олмаган) футболчи майдонга 40-дақиқада (77-рақамда ҳаракат қилган Муҳаммаджон Сувонқулов ўрнига) туширилди. Ўйинга тушиши билан 73-рақамдаги футболчи пенальтидан гол уришга муваффақ бўлди (41-дақиқада). Негадир учрашув ҳаками қайдномага гол муаллифи сифатида 11-рақамда ҳаракат қилган мезбонлар ўйинчиси Асадбек Отамуродов номини қайд этган. Қайд этганда ҳам пенальтидан эмас, балки ўйинда гол урилганлиги сифатида киритган. 43-дақиқада 73-рақамдаги (Алижон Ахматов) футболчи ўзининг иккинчи голини уришга муваффақ бўлди. 73-рақамдаги футболчи майдонда 26 дақиқа ҳаракат қилганидан сўнг, аниқроғи керакли натижа қайд этилгандан сўнг 66-дақиқада (21-рақамдаги Бегижон Икромов ўрнига) алмаштирилди. Ҳақиқатда исми Алижон Ахматов эканлиги шубҳа қилинган 73-рақамдаги футболчини майдондаги болалардан ёши катта эканлиги шундоққина билиниб турарди. (Ҳолатни ушбу видео орқали ҳам кўришингиз мумкин.) 
Учрашув тугаганидан сўнг 73-рақамда ҳаракат қилган Алижон Ахматовнинг лицензияси сўралиб, футболчининг ўзи чақирилганда “Сўғдиёна” жамоаси вакиллари ҳамда учрашув ҳакамлари уни чақириб келишдан бош тортишган. Шунингдек, ўйин давомида майдонда мезбон жамоанинг футболчиси рақами йўқ формада ҳаракат қилган.
65-дақиқада учрашув ҳаками кутилмаганда тўп аутга чиқиб кетгандан сўнг “Динамо” жамоасининг 3-рақамдаги ўйинчисига ҳеч қандай сабабсиз қизил карточка кўрсатиб ўйиндан четлатган. Бу ҳолатга “Динамо” мураббийи Алишер Ахмедов эътироз билдирганда, бундан 10-15 дақиқа аввалги қўполлиги учун кўрсатдим деган. Мана сизга болалар футболини ўлдиришни энг осон ва оддий йўли. Ҳали футболда ҳеч нимани кўрмаган болаларнинг руҳини синдириш ортида қандай мақсад кўзланган. Ёки бунинг ортида манфаатдор шахслар борми?!
Мазкур ҳолатлар бўйича ўйин куни ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометов номига Алишер Ахмедов томонидане билдирги ёзилган. Ушбу билдиргини Самарқанд вилоят футбол федерацияси Магометовга етказишини айтишган. Билдирги етиб бордими ёки йўқ ҳозирча бизга қоронғу! (Ўзининг қинғирликлари очилиб кетмаслиги учун ҳам юбормаганлиги аниқроқ назаримизда). Аммо мана орадан шунча вақт ўтган бўлсада мутасадди ташкилот томонидан бу борада ҳеч қандай муносабат билдирилгани йўқ.
Биз юқорида тилга олган аҳамияти йўқ қайднома ҳақида шу ерда тўхталиб ўтсак. Учрашувдан сўнг “Динамо” клуби мураббийи Алишер Ахмедов  “Сўғдиёна” жамоасининг 73-рақамли ўйинчиси ёши катта эканлиги ва сўраган вақтда ўйинчи бўлмаганлиги учун эътироз билдириб ўйин қайдномасининг “норозилик ҳақидаги хабарлар” қисмига ёзиб қолдирган.
Аммо негадир мусобақага масъул бўлган назоратчилар “протокол”даги эътирозни икки ойдан кўп вақт ўтган бўлишига қарамасдан кўриб чиқишгани йўқ. 
Нега? Нима сабабдан кўрилмаяпти?
Энг қизиғи, 21 июл куни Самарқандда бўлиб ўтган жавоб учрашувида Жиззахдаги ўйинда 73-рақамда Алижон Ахматов номи остида ўйнаган футболчи 10-рақамда Комилжон Қаххоров номидан ҳаракат қилган. Бироқ икки ҳолатда ҳам на гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Шуҳрат Сайфуллаев, на ПФЛ томонидан муносабат билдирилгани йўқ.
Бир жиҳатга диққат билан эътибор қаратишингизни сўраймиз. Дастлабки ўйинда 73-рақамда ҳаракат қилган футболчи Алижон Ахматов номи остида, жавоб ўйинида эса 10-рақамда Комилжон Қаххоров номи остида ҳаракат қилган. Бу ердаги яна бир чигал масала шундаги, агар юқоридаги икки футболчи ростдан ўз ёшида қайд этилган бўлса, унда нега ўйинларда битта шахс иккита ном билан майдонга туширилди? Ҳолатлар шуни кўрсатяптики, ҳар иккала ўйиннинг биттасида бир футболчи (73-рақам ёки 10-рақамли футболчи) қайдномага (протоколга) киритилмаган ҳолда ўйинда иштирок этган бўлиб чиқмаяптими? Ёки аксинча, ўйинларда битта ёши катта футболчи иккита ном остида майдонга туширилган ҳисобланмаяптими? (Ўйлаймизки ПФЛ тез орада бунга ҳам аниқлик киритади)
Мусобақани ўтказиш Низомининг 5-боби (Условия и сроки провединие соревнований) 5.5
бандига кўра ўйинда “заявка” қилинмаган футболчи ҳаракат қилса қоидани бузган жамоага техник мағлубият ёзилиши белгиланган (5.5. За неявку команды  на игру, ей засчитывается техническое поражение (-:+), а команде соперника победа (+:-).
Шунингдек, ушбу бобнинг 5.10 бандида жамоалар таркибида ёши катта ёки “заявка” қилинмаган футболчини ўйинга туширса ўйинда техник мағлубият қайд этилади деб белгилаб қўйилган. (5.10. В случае обнаружения в команде, в составе которой играл подставной футболист (старше установленного возраста или не заявленный), команде зачистывается техническое поражение в данном матче)
Қолаверса, ушбу 5-бобнинг 5.4 қисмида меҳмон жамоа ўйиндаги қайси рангли футболкада ҳаракат қилишини танлаши, ҳар бир футболчининг формасида қайдномада кўрсатилган рақами бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Агар футболкада ўйинчининг рақами қайд этилмаса ўйинга қўйилмаслиги аниқ қилиб белгиланган. (5.4. Право выбора цвета формы предоставляется команде “гостей”. Каждый футболист должен иметь на футболке номер, соответствующий номеру в протоколе. Футболист, не имеющий номера на футболке, к игре не допускается.)
5-гуруҳ ўйинларини ҳалол ва виждонан ўтишига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти Шуҳрат Сайфуллаев негадир “протокол”да кўрсатилган эътирозларни кўришни ҳоҳламади ва ҳамон ҳоҳламаяпти? Хўш, нега? Нима сабабдан Шуҳрат Сайфуллаев бу ишни кўришни истамади. Ёки истамаяпти? Балки, ўша ўйинларда “Сўғдиёна” жамоаси мураббийи ҳақиқатда бировнинг номидан бошқа бир ёши катта (ёки рўйхатда қайд этилмаган) футболчи  туширганини Шуҳрат Сайфуллаевга тушунтириб, ундан бу борада сиздан угина, биздан бугина қабилида иш тутганмикан?!
Балки, Шуҳрат Сайфуллаев ва Алишер Ахмедов ўртасидаги келишмовчилик сабаб 5-гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти эътирозларни кўриб чиқмаётгандир?! (Сўнгги маълумотларга кўра Алишер Ахмедов “Нафис” мини-футбол клубида футболчи ва мураббий бўлиб ишлаган йилларида ойликларни ололмаганлиги, шунингдек ҳалигача меҳнат дафтарчаси берилмаётганлиги сабабли Шуҳрат Сайфуллаев билан келишмовчилик юзага келган. Тахминимизча айнан шу сабабли Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти мавжуд ишни кўриб чиқишни истамаяпти. Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталиб ўтамиз) 
Ҳозирча бунинг аниқ сабаблари бизга қоронғу. Ҳар ҳолда мавжуд ҳолат бўйича шикоят билдирган “Динамо” жамоаси бош мураббийи Алишер Ахмедовнинг аризасига ҳамон панжа орасидан қараб келинаяпти. ПФЛни бу ишга нега эътибор қаратмаётганлиги эса футболимиздаги таниш-билишчилик борлигини кўрсатиб тураётгандек, назаримизда! (Яна бир бор такрорлаб ўтмоқчиман. Фарҳод Магометовга Алишер Ахмедов ёзган билдирги Самарқанд вилоят футбол федерацияси томонидан юборилмаган бўлиши ҳам мумкин)
Ўзбекистон футбол федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов журналистлар билан
бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Дунё тажрибасидан маълумки, раҳбариятнинг ишига баҳо бериш учун оммавий ахборот воситалари 100 кун ўтишини кутишади. Умид қиламанки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам ана шу 100 кунлик ўта мураккаб даврни яхши босиб ўтади. Бу давр оралиғида Федерация ичида ва ташқарисида кўп янгиликлар бўлади. Бу янгиликлар эса Сиз Ўзбекистон Футбол Федерациясидан фахрланишингиз учун амалга оширилади», дея гапириб ўтган эди.
Юқорида айтиб ўтилган ҳолат бўйича “Динамо” клуби мураббийининг мурожаатига 85 кун бўлди. Шунча кун оралиғида на 5-гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти Шуҳрат Сайфуллаев, на Прфессионал футбол лигаси Бош директори Фарҳод Магометовдан жавоб келмади. ЎФФ Президенти журналистлар билан учрашувга таъкидлаган 100 кун ўтишига ҳам саноқли кунлар қолди. Қани шу муҳлатдан сўнг Низомда келтирилган талаблар асосида жавобни ким берар экан. Шуҳрат Сайфуллаевми, Фарҳод Магометовми ёки ЎФФми?
Ҳақиқат қарор топадими ёки йўқ. Буни вақт кўрсатади.


Фарҳод НОРБЎТАЕВ

четверг, 3 августа 2017 г.

ЎЛИКЛАРНИ ТИНЧ ҚЎЙИНГ!!!

Аслида бу ариза ҳам одатдагидек ер масаласи бўлиб, кимдир унга фириб бергану, ерини ололмаётгандир деб ўйлагандим. Аммо...

– 2015 йилнинг ноябр ойида онам вафот этдилар, - дея гап бошлади Таллиота маҳалласи Қиёт қишлоғида яшовчи фуқаро Исломхон Тохиров. – Онамни қўйиш учун қабрни қазишганда қабрдан сув сизиб чиқди. Онамни қабрга тахта, кўрпача ва плёнка қўйиб дафн қилдик. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан бир куни онам тушимга кириб, бутун танаси сув бўлиб ётганлигидан шикоят қилдилар. Ана шундан сўнг менинг тинчлигим йўқолди...

Ўтганларни доимо эслаб туриш ва уларга истиғфор айтиш, хоки туроблари мангу қўним топган қабрларини зиёрат қилиб, озода тутиш, ҳақларига дуо қилиш тирикларнинг исломий ва инсоний бурчидир. Афсуски, айрим фуқаролар ўз манфаатларини устун қўйиши натижасида инсонларнинг руҳи поклари қўним топган қабрларнинг бузилишига сабаб бўлмоқдаки буни шунчаки сўз билан таърифлаб бўлмайди.
Тайлоқ тумани Таллиота маҳалласи Қиёт қишлоғининг “Қаттабоғ” қабристони ҳам бугун айримларнинг манфаатлари эвазига жиддий зарар кўриш остонасида турибди. Қиёт қишлоғининг “Каттабоғ” қабристони чор атрофи сув бўлиб, бир томондан “Қорасув” канали, иккинчи томондан “Мохинур Манзура” фермер хўжалиги ерларини суғориш учун 120 метрли ариқ, учинчи томондан “Муриват Мезон” фермер хўжалигининг узунлиги 140 метр, эни 10 метр ва чуқурлиги 2.5-3 метрга борадиган сунъий тарзда яратилган балиқхонаси қурилган. Тўртинчи томондан эса, қабристон учун ажратилган ерни Туллиота маҳалласида яшовчи фуқаролар ноқонуний тарзда эгаллаб олиб, шахсий манфаатлари учун ғалла ва бошқа экин экиши натижасида қабристондаги қабрлар сувга тўлиб бормоқда.

– Бизни қийнаб келаётган муаммо юзасидан бир йилу етти ойдан бери 14 та ариза ёздик. Тумандаги энг кичик ташкилотдан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва виртуал қабулхонасигача мурожаат қилдик, – дейди Исломхон ака.– Орадан шунча вақт ўтган бўлсада бирор бир ижобий ўзгариш бўлмади. Юборилган аризаларга келган жавоб хатларининг ҳаммасида қабристон атрофидаги ариқлар, балиқхона ноқонуний қурилганлиги, қабристон ери ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги айтилсада, бироқ муаммонинг ечимига келганда ҳеч қайси бир ташкилот “лаббай” деб жавоб бергани йўқ.
Юртимизда ҳар йили муборак айёмлар, қутлуғ кунлар муносабати билан умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, қабристонлар ободонлаштирилади. Наҳотки, Тайлоқ туман ҳокимлиги, туман мусулмонлар идораси ва бошқа мутасадди ташкилотлар салкам икки йилдан бери Қиёт қишлоғи “Каттабоғ” қабристонининг муаммосига парда ортидан қараб келаётган бўлса?! Тадбирларда, учрашувларда қабристонларни ободонлаштириш, унинг атрофини кўкаламзорлаштириш борасида саотлаб бонг уришни биламизу, мана шундай муаммоларга келганда ўзимизни ортга тортамиз. Фуқароларнинг мурожаатларини фақат қуруқ қоғоздагина ҳал этиб қўямиз. Исломхон Тохиров томонидан ёзилган аризалар ҳам мутасадди ташкилотлар томонидан фақатгина жавоб хати билан “ҳал” этилган холос.

Тайлоқ туман ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими бошлиғи А. Жумақуловнинг 2015 йил 12 декабрда йўллаган жавоб хатини ўқиб очиғи ҳеч нимага тушунмадим. Хатда аризани ўрганиш ҳолати қуйидагича баён этилган: (Жавоб хати
таҳрирсиз ҳолда ҳавола этилган) Сизнинг аризангиз юзасидан узингизнинг иштирокингизда кабристон атрофидаги ер майдонлари урганилиб чикилди урганиш жараёнида аризада кабристонга зиён келтираётган деб такидланган арик ва зовурлар кабристоннинг гарб томонида жойлашганлиги маълум булди. Бундан ташкари кабристоннинг шимоли-шарк томонидан корасув канали утганлиги хамда ушбу корасув каналини гарб томонидаги яъни аризада курсатиб утилган ариккаа сув чикариш максадида димиктирилганлиги сабабли асосан кабристонга ушбу корасув каналининг димиктирилганлиги сабабли кабристонга сув сизиб бораётганлиги маълум булди. Ушбу холатларни инобатга олган холда бугунги кунда фойдаланиб келинаётган фермер хужаликлари рахбарлари ва ахоли сувни димиктирмасдан пастки томондан арик олиб сув олишлари мумкинлиги тушунтирилганлигини маълум киламан.
Самарқанд вилояти ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси бошлиғи С. Ҳакимов 2016 йилнинг 12 январ куни И. Тохировга қуйидаги мазмунда жавоб хати йўллаган: Тайлоқ тумани Тепақишлоқ массивида фаолият кўрсатаётган “Мохинур Манзура боғи” фермер хўжалигига тегишли ер майдонига борувчи сув ариқдан қабристонга сув ўтганлиги сабабли, ариза муаллифи Тохиров Исломхон томонидан кўмиб, ёпилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда “Муриват Мезон” фермер хўжалигига қарашли мавжуд эски ариқ ўрнидан “Мохинур Манзура боғи” фермер хўжалиги раҳбарига ариқ олиб, экинларни суғориш имкониятлари борлиги тушунтириб берилганлигини маълум қиламиз.
Тайлоқ туман санитария-эпидимология назорати маркази бош врачи А. Пардақуловнинг2017 йилнинг 10 май куни жавоб хати:Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 0298-11-сонли “Қабристонларни жойлаштириш ва сақлаш тўғрисида”ги, 0227-07-сонли “Ўзбекистон шароитида аҳоли пунктларини лойиҳалаш, қуриш ва жойлаштириш тўғрисида”ги санитария меъёр ва талабларига асосан қабристонлар атрофида санитария ҳимоя зонаси 100 метр деб белгиланган. Шунга асосан қабристон ёнидаги 2 метр масофада қазилган қариқ мазкур меъёр талабларига зид эканлигини маълум қиламан.
Самарқанд вилоят табиатни мухофаза қилиш қўмитаси раиси З. Жамоловнинг жавоб хати: Тайлоқ тумани Таллиота МФЙга қарашли Қиёт қишлоғи худудида жойлашган “Каттабоғ” қабристонига яқин масофага жойлашган “Муриват мезони” фермер хўжалиги томонидан ноқонуний равишда қабристонга 6 метр узоқлик масофада 2.5х10 метр кенгликда балиқхона ташкил қилиш мақсадида ҳовуз қазилганлиги аниқланди.

Ушбу худуддан “Қорасув” каналининг ирмоғи 50 метр, суғориш ариғи 6 метр оралиқ масофадан оқиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлар ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал канал ва коллекторларнинг шунингдек, ичимлик сув таъминотининг даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни мухофаза қилиш зоналари ҳақида”ги Низоми талаблари бўйича Қорасув канали ирмоғи ва суғориш ариғи ирригация тармоғи сувнинг ҳимоя минтақаси 12 метр этиб белгиланган. Ташкил қилинаётган балиқхона қабристонга яқинлиги учун қурилиши ман этилади. Ташкил этилган балиқхона учун ҳовузларни кўмдириш табиатни мухофаза қилиш қўмитаси ваколатига кирмаслигини маълум қиламиз.

Самарқанд вилояти Давлат санитария эпидимология назорати маркази бош врачи О. Бойқобиловнинг 2016 йилнинг 22 декабрида йўллаган жавоб хати:“Каттабоғ” қабристони бир ён деворидан 50 метр оралиқ масофада Қорасув канали оқиб ўтиши, иккинчи ён томондан Барноева Манзура фермер хўжалиги ерларини суғориш учун қабристон деворидан 2-3 метр оралиқ масофада 120 метр узунликдаги ариқ ўтганлиги, шунингдек, “Муриват Мезони” фермер хўжалигига қарашли  балиқхона учун қабристон деворидан 5-6 метр оралиқ масофада эни 10 метр, узунлиги 140 метр ва чуқурлиги 2-3 метрдаги балиқчилик билан шуғулланиш учун сув ҳовузи қазилганлиги оқибатида ҳозирги пайтда қабристон худуди ичидан қабрлар қазишда ерости сувларининг ер юзасига сизиб чиқиб муаммоларни келтириб чиқишига олиб келмоқда ва ушбу маҳаллада яшовчи аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ушбу қабристон атрофида санитария ҳимоя зонасини бузилиши, яъни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 0298-11-сонли “Қабристонларни жойлаштириш ва сақлаш тўғрисида”ги, 0227-07-сонли “Ўзбекистон шароитида аҳоли пунктларини лойиҳалаш, қуриш ва жойлаштириш тўғрисида”ги санитария меъёри ва қоидалари талабларини бузилишига йўл қўйилган. Санитария меъёри ва қоидалари талаблари бўйича санитария ҳимоя зонаси 100 метрдан кам бўлмаслиги лозим.
Шу сабабли “Каттабоғ” қабристони атрофида йўл қўйилган камчиликларни тезда бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимлигига амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида маълумот киритилди.
Тайлоқ туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А. Эгамовнинг жавоб хати: “Катта боғ” қабристони 2011 йилда туман ер мулк кадастр хизмати томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлиб, кадастр хужжатларида қабристон худудидан хўжалик ариқ-зовурлари ўтмаган. Хўжалик ариқ-зовурлари қабристон чегара худудидан қанча масофада жойлашишини туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими гуруҳи, туман ДСЭНМ ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан хулоса берилишини маълум қиламиз.
Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар қабристон атрофида қазилган ариқ ва балиқхона амалдаги қонун талабларига зид равишда қурилганлигини таъкидласада, бироқ, қабристон атрофидаги ариқ ҳалигача мавжуд бўлиб, балиқхона фаолияти ҳамон давом этиб келаётганлигини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар мавжуд қонунларнинг бузилаётганлигига лоқайдлик билан қараб турса?

– “Каттабоғ” қабристонига 1.3 гектар ер майдони қўшиб берилган, - дея сўзида давом этди Исломхон Тохиров. – Афсуски, Таллиота қишлоғида яшовчи фуқаролар Шодиев Амри 0.24 га, Умаров Шодмон 0.08 га, Умаров Шерали 0.06 га ерни ноқонуний тарзда эгаллаб олган. Бу борада ҳам кўп ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Мени бир савол қийнайди. Қабристон учун ажратилган ерни эгаллаб олган фуқароларнинг виждони бормикан? Уларни охират ўйлантирармикан? Ахир ҳамманинг борар ери бир қарич ерку?
Ҳақиқатдан ҳам “Каттабоғ” қабристонининг ери Таллиота қишлоғида яшовчи Шодиев Амри, Умаров Шодмон ва Умаров Шерали томонидан эгаллаб олинган бўлиб бу борада Тайлоқ туман ҳокими П. Ахмедов 2017 йилнинг 30 январ куни Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг раиси Г. Эсановага даъво аризаси юборган.
Даъво аризасида, Тепақишлоқ ҚФЙ Қиёт қишлоғида жойлашган аҳоли умумий фойдаланишдаги Тепақишлоқ массиви еридан фойдаланиш харитасининг 109-контурдаги “Каттабоғ” қабристонинг 0.06 гектар ер майдонини Таллиота маҳалласида яшовчи фуқаро Умаров Шерали томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, якка тартибда уй-жой қуриб олганлиги аниқланиб, 2017 йил 4 январ куни ҳужжатлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 91-моддасида “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини қайтариш суднинг ҳал қилувчи қарорига кўра амалга оширилиши” қайд этилган. Юқоридагиларни инобатга олиб фуқаро Умаров Шерали томонидан Тепақишлоқ ҚФЙ Қиёт қишлоғида жойлашган аҳоли умумфойдаланишдаги Тепақишлоқ массиви фойдаланиш харитасининг 109-контурдаги “Каттабоғ” қабристонининг ер майдони Таллиота маҳалласида яшовчи фуқаро Умаров Шерали томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, якка тартибда уй-жой қуриб олганлиги аниқланди ва эгаллаб олинган ер майдони қонунсиз эгалигидан қайтариб олиб ушбу ер майдонини “Каттабоғ” қабристонига қайтариш лозим эканлиги келтириб ўтилган.

Худди шу мазмундаги даъво аризаси “Каттабоғ” қабристонини ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда эгаллаб олиб ғалла экини экиб олган Умаров Шодмон ва Шодиев Амриларга нисбаттан ҳам юборилган. Аммо негадир мазкур даъво аризасини Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиши пайсалга солиниб келинмоқда. Натижада юборилган даъво аризаси мана олти ойдирки жавобсиз қолиб келяпти.
Хўш, туман ҳокимлиги томонидан “Каттабоғ” қабристонининг ери Таллиота қишлоғи фуқаролари томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда эгаллаб олинганлиги тўғрисида даъво аризаси юборилса-ю, нега Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди бу ишни кўриб чиқишни истамаяпти? Ахир орадан ярим йил ўтиб бўлдику? Туман ҳокимлиги бу масалага қачон жиддий ёндошади?
        Президентимизнинг «журналистлар менинг ёрдамчиларим, ҳақиқат ҳимоячилари», деган сўзларини эшитиб, туман ҳокимлигининг “Қўшчинор” газетасига мазкур муаммони олиб чиқишни сўраб мурожаат қилгандим, дейди Исломхон ака. Ака, қўнинг! Ортиқча бош оғриқни нима кераги бор? - деб жавоб берди газета ходимларидан бири. Шу жавобни эшитдиму журналистларга бўлган ишончим ҳам йўқолди. Сиз ҳам ўзингизни журналистман деб таништиряпсиз-у, очиғи Қиёт қишлоғидаги “Каттабоғ” қабристони муаммосини газета ёки телевидениега кўтариб чиқишингизга ишонмаяпман. 

Фарҳод Норбўтаев,
журналист