пятница, 10 февраля 2017 г.

ЎРАГА СИЧҚОН ТУШДИ...


"Агар ҳар бир киши ўз жойида, ўз хизмати доирасида қонунга амал қилиб яшашни ҳаёт тарзига, меҳнатга муносабатнинг ахлоқ нормаларига айлантира олсагина ортиқча назоратга ҳожат қолмайди".
Ислом Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида cўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилиб, бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилганлигини таъкидлаб ўтганди. Ушбу рақамларни келтирар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча раҳбарларга спортни ривожлантириш учун яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак? Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур?, деган сволни ўртага ташлаган эди.
Ҳақиқатда ҳам истиқлол йилларда спортни тез суръатлар билан ривожланишида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, болалар спорти, аёллар спорти ҳамда бугунги кунда аҳолининг энг кўп қатламини ўзига жалб этиб, спорт билан ошно тутинишига сабабчи бўлаётган футболни ривожлантириш мақсадида ўнлаб қарор ва фармонлар эълон қилинди.
            Афсуски, футболни ривожлантириш учун кўплаб қарорлар эълон қилинишига қарамасдан уларнинг ижросини бажаришда йўл қўйилаётган сускаштлик, раҳбарларнинг ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги, худди тиббиёт соҳасидаги бўлгани каби, аҳоли, хусусан болаларни соғлом турмуш тарзига етаклашда бугуннинг асосий омили бўлмиш спортдаги муаммолар ҳам бир жиҳатдан соғлом турмуш тарзини ҳаётган тадбиқ этишда тўсқинлик қилмоқда.
Бугун мамлакатимизда футболга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлсада, аммо яратилган шароитлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, ноқонуний йўллар орқали мўмай даромад илинжида турли қабихликлардан ҳам толмайдиган айрим мансабдор шахслар нафақат юртимиз шанига доғ туширмоқда, балки бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг поймол бўлишига бош омил бўлмоқда. Хусусан, “Динамо-плюс” ПФК ва унинг тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида сўнгги йилларда юз бераётган воқейликлар, раҳбарнинг ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларидан кўра ўзининг манфаатларини устин қўйиши оқибатида биз бугун тарғиб қилаётган инсон манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби футболда ҳам раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, аниқроқ қилиб айтганда тартиб-қоида энг муҳим ҳисобланади. Бироқ, “Динамо” профессионал футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида бўлаётган воқеалар ҳақида сўз юртилганда ҳаммаси қуруқ ишларга, кўзбўймачиликка айланиб бораётган бугун кўпчиликка сир эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев аксар раҳбарлар мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, ҳақиқий аҳволни чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолганини қайд этиб, раҳбарларга хос баланд димоғлик, қоғозбозлик, сансалорлик каби қусурларга алоҳида эътибор қаратган эди. “Фақатгина “ғалаба рапортлари” билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас” дея катта-кичик раҳбарларни огоҳлантирган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтган юқоридаги ҳолатлар сўнгги йилларда “Динамо” футбол клуби ва унинг қошидаги футбол мактабида юз бераётгани, бу сўзлар нақадар ҳақиқат эканлигини яна бир бор исботлади.

АСОСЛАРГА АСОСЛАНМАЙ ЧИҚАРИЛГАН ҚАРОР
Келинг, воқейликни сал аввалроқдан бошласак...
2015 йил 12 январ куни №5-сонли хат билан «Динамо» ПФК биринчи вице-президенти вазифасида ишлаган Фирдавс Каримов вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Зоир Мирзаев ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Фарҳод Магометовга клуб ҳалигача ПФЛ лицензиясини олмагани, лицензиялаштириш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаса ОФК томонидан жаримага тортилиши, жарима пули валютада тўланиши лозимлиги ва шунга ўхшаш бошқа масалалар кўтарилган мазмундаги хат йўллаганди. Мазкур хатга 2015 йил 10 февралдаги №20-сонли хат билан жавоб йўллаган ЎзПФЛ директори Фарҳод Магометов «Динамо» ПФК аллақачон лицензиялаштирилгани, бу борада клуб барча ишларни амалга оширганлиги ва ОФК томонидан ҳеч қандай жаримага тортилмаслиги, айниқса валютада пул тўланмаслигини исботловчи сабабларни кўрсатиб, клуб биринчи вице-президентининг ёзган хати ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тасдиқловчи жавоб хати берганди.  
Гарчи ЎзПФЛ тўлиқ қонуний асосларни келтирган ҳолда клуб хатига жавоб ёзган бўлсада «Динамо»да узоқ йиллардан бери ҳуқуқшунос бўлиб ишлаб янги мавсум олдидан клуб раҳбари бўлган Шуҳрат Ҳотамов (асли исми Шавкат), клуб спорт директори Рустам Истамов, «Динамо-плюс» ПФКнинг ўша вақтдаги биринчи вице-президенти Фирдавс Каримовлар Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, ўзидан юқори турувчи ташкилот раҳбарининг жавоб хатини асоссизга чиқариб ўз билганича «Динамо-плюс» ПФК Президентининг 2015 йил 2 мартдаги 5-П ва айнан шу санадаги 6-К сонли буйруқлари билан футбол мактаби директори Дониёр Юсуповни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб ташлаганди.
Клуб қошидаги футбол мактаби директорини ҳеч қандай асосларга эга бўлмасдан туриб ишдан олиб ташланишига аслида қониқарсиз натижалар сабаб клубдан кетган, жамоанинг айни пайтдаги раҳбари бўлмиш Алишер Латиповни узоқроқдан бўлсада клуб ишларига аралаштириш мақсадида ўйлаб топилган “ўйин”лардан бири эди.
Клуб раҳбарларининг адолатсиз бу “ўйин”идан жабр кўрган директор кўп жойларга мурожаат қилди. Бироқ, сўнгги паллага келганда ҳеч ким адолатни тан олишни истамади. Клуб раҳбарлари ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон профессионал футбол лигаси юборган хатни инобатга олмади. Аниқроқ қилиб айтганда, ўзидан юқори турувчи ташкилотнинг АСОСЛИ ХАТини кимнингдир манфаати учун шунчаки АСОССИЗга чиқарди. Президентимиз таъкидлаганидек, соҳага масъул бўлган раҳбар ходимлар муаммони одатдагидек кабитенда ўтириб ечишди холос. Мана сизга футболга бўлган муносабат. Мана сизга футболнинг энг кичик бўғинга бўлган эътибор.
Хуллас, бу воқеалар ўтди-кетди. Қонунга таянганлар йиғлаб, қонунни бузганларнинг кўчасида байрам бўлганди ўша вақтда. Дониёр Юсупов ишдан олингандан сўнг кўп ўтмай Алишер Латипов клуб тасарруфидаги футбол мактабига директор бўлиб келди. Воқеаларнинг кейингилари шу қадар тезлашиб кетдики, бу орада Алишер Латипов клуб раҳбари бўлиб қолди. Шундан сўнг мактабда ҳам ўзгариш бошланди.
ВАҚТИНЧАЛИК ШОҲ...
Халқимизда муллани айтганини қил, қилганини қилма, деган нақл бор. “Динамо” ПФК раҳбарияти аввалги директорни “Малакаси етарли бўлмаганлиги ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга эмаслиги учун” ишдан бўшатиб юборганди. Бироқ, шундан сўнг “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабига асли мутахассислиги шарқ яккакурашлари турига ихтисослашган Жаҳонгир Эшонқуловни вақтинчалик  директор этиб тайинлади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунида, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил  23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини хамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахасислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сонли қарорининг 1-иловасидаги “Ўзбекистон Республикасидаги Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисида”ги Низомнинг VIII-боб, 57-банди, 2-кичик бандида, спорт мактаби директори олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида беш йил стажга эга бўлган спортнинг мактабда ривожлантириладиган тури бўйича мутахасислардан тайинланиши аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Савол туғилади, амалдаги қонунни кўр-кўрона бузган клуб раҳбарияти янги директорни тайинлашда нега юқоридаги қонунга амал қилишни истамади? Нега малакаси етарли бўлмаган, боз устига ОФК ва ПФЛнинг “А” лицензиясига эга бўлмаган, энг ёмони мутахассислиги шарқ яккакураш турига ихтисослашган ходимни қўйди? Ахир юртимизда қонун ҳамма учун баробар эмасми? Ёки ўз манфаатларидан келиб чиқиб қонун истаганча талқин қилинадими? Хўш, клубнинг бу қонунбузарлигини ким ёки қайси юридик ташкилот изоҳлаб бера олади. Бу каби саволларга қайси масъул ташкилот жавоб беради? Маданият ва спорт ишлари вазирлигими ёки Халқ таълими вазирлигими? Умуман олганда футбол мактабларининг фаолияти қачон назоратга олинади? Қачонгача “салла деса каллани оламиз”?
Балки Жаҳонгир Эшонқулов расман директор эмас, директор вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келмоқда шунинг учун юқоридаги қонун истисно қилинади дейдиганлар ҳам топилар. Балки ростдан ҳам “вақтинчалик директор” учун айрим қонунлар истисно қилингандир? Аммо унинг буйруғи, унинг имзоси асосида қилинаётган ишларчи? Бу ишлар орқали жабр кўраётган мактаб мураббийларининг қонуний ҳуқуқларининг поймол бўлишичи?
Барачамиз учун севимли бўлиб қолган “Иван Васелевич ўз касбини ўзгартиради” деган кинода тарихий шахсни ўрнига имзо қўйишни истамган “вақтинчалик шоҳ” муҳим бир ҳужжатда “вақтинчалик шоҳ вазифасини бажарувчи...” деб имзо қўяди. Эсладингиз-а? Айнан шу имзо фильм сўнггида мулозимлар томонидан аниқланиб, шоҳнинг соҳта эканлиги ошкор бўлади. Бу ҳам майли, бутун бир саройда тўполон бўлганичи?
Жаҳонгир Эшонқулов “вақтинчалик шоҳ” бўлишга шу қадар киришиб кетдики, у ўзига хон кўланкаси майдон бўлиб қолди. Буни қарангки, “вақтинчалик шоҳ”га ҳамроҳлик қилиш учун тезда “Мирославский” ҳам топилиб қолди.

            ҚАЙНАР ХУМЧА...
2016 йилнинг ноябр ойида Қарши шаҳрида 2000 йилда туғилган болалар ўртасида ўтказилган тайёрлов гуруҳи (группа подготовка) мусобақасига бориш Нодир Мардонов ва унинг ёрдамчиси Аброр Исматовларнинг чекига тушди. 
Қизиқ жиҳати шундаки, тайёрлов гуруҳи мусобақасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактабида тарбияланаётган футболчиларнинг атига уч-тўрттасини олган холос. Хўш, жамоа мураббийи таркибдаги қолган футболчиларни қайси футбол мактабидан олган? Бошқа футбол мактабида тайёрланаётган болалар олинган бўлса, бу тайёрлов гуруҳи мусобақасининг низомини очиқдан-очиқ бузилишига сабаб бўлмайдими? Ёки мусобақага қайси футбол мактаби тарбияланувчиси боришидан кўра, ундаги иштирок муҳимми? Қолган жиҳати, аниқроқ қилиб айтганда бошқа қонуний талаблар аҳамиятсизми?
Ажабланарли жиҳати шундаки, асосий таркибини бошқа футбол мактабида шуғулланаётган болалар билан тўлдирилган Нодир Мардонов жамоасига “Динамо-плюс” ПФК тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби ҳисобидан хизмат сафари (командировка) ажратиб берилган. Хўш айтингчи, мактаб мураббийларининг қўл остидаги тарбияланувчи болалари ўрнига бошқа футбол мактабининг болалари боришию, иккинчи мактабнинг ҳисоб рақамидан хизмат сафари учун пул чиқарилиб берилиши қайси қонунчиликка тўғри келади? Ёки бу ерда бошқа бир мақсад борми? Хўш, бундай қинғирликларни назоратга оладиган ташкилот йўқми? Ахир мактаб мураббийлари йиллар давомида ўзбек футболига нафи тегадиган, ҳеч бўлмаганда соғлом вояга етади дея катта бир умидлар билан бола тарбияласаю, мусобақаларга бошқа футбол мактаби болаларини юборилиши қайси низомга тўғри келади?
            Ўтган йилнинг ноябр ойида Навоий шаҳрида профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларнинг 2004 йилда туғилган болалар ўртасида мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада иштирок этган Зариф Шеров шогирдлари учинчи ўрин учун Бухоро жамоасига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ, номаълум сабаларга кўра иккала жамоа учинчи ўрин учун ўтказилиши лозим бўлган ўйида майдонга тушмади. Якунда эса ҳар иккала жамоага учинчи ўринни олди деган диплом берилди.
Мусобақа низомида шундай келтирилган бўлса бу ерда ҳеч қандай қонунбузарлик йўқку деган савол туғилиши мумкин. Бироқ масаланинг иккинчи томони борки, бу ҳол ўтказилмаган ўйин учун хужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят маданият ва спорт бошқармасининг тасдиғидан ўтказилиб, молияга тақдим этган ҳолда бир йил давомида давлат пулини ўзлаштириш. Оддийгина, бир йил давомида бешта ўтказилган (ёки ўтказилмаган) мусобақага худди шундай хужжат қилиб қанчадан қанча маблағни кўкка совуриш мумкин?
Футбол мактабларининг мусобақага бориш-келиши, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлар учун ажратилган пулни ҳисоб-китоб қилиш, аниқроқ қилиб айтганда уни назорат қилиш кимнинг вазифаси? Ваҳолангки, "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиганспорт мактаблари тўғрисидаг"ги Низомнинг 84-моддасида "Спорт мактабининг молия-хўжалик фаолиятини ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун хужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади" деб белгилаб қўйилган. Хўш, давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким жавоб бериши керак? Қайси ваколатли ташкилот футбол мактабидаги молия интизомини назоратга олади?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун ҳар бир йиғилишида раҳбарларнинг масъулиятлиги, уларнинг фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш лозимлиги хусусида айтиб ўтади. Бироқ футбол мактаби директори мактаб касаба уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаган Ғофир Амоновни йиғилишда мураббийларнинг тарафини олгани учун, аниқроғи мактаб жамоасининг йиғилишида деректорга ён босмаганлиги учун мактаб касаба уюшмалари қўмитаси вазифасидан бўшатиб ташлади. Бу ҳам етмаганидек, ўзидан салкам ўттиз ёш каттта, ёши олтмишга яқинлашган Ғофир Амоновни бутун бошли жамоадошлари олдида ҳақорат қилганини қандай тушуниш мумкин? Зўравонликми ёки манманлик? 
Ноҳақ ҳақортланган Ғофир Амонов бу масала юзасидан мактаб касаба уюшмалари қўмитасига (профсоюзга) ариза билан мурожаат қилган. Бироқ, орадан шунча вақт ўтсада бу ҳолатга ҳеч қандай қонуний жавоб қайтарилмаган. Шу ҳолатнинг ўзи фуқароларнинг, ишчи ходимларнинг мурожаатларига бўлган эътиборсизлик эмасми? Қани бу ерда қонун устиворлиги? Қани биз истаётган адолат?

ДАВОМИ БОР...


Фарҳод НОРБЎТАЕВ

четверг, 31 марта 2016 г.

ҚУДУҚҚА ТЕРМУЛГАН ҚУДУҚЧАЛИКЛАР

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги тантанали маросимида “Агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди” деган сўзларни алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги кунда соддадил халқимизни осонлик билан алдаш, унинг ишончини қозониб, турли хил ваъдалар билан кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириш ҳоллари учраб туради.
СТВ телеканалида ижод қилувчи журналист Рухсора Ғофурова Пайариқ тумани Қудуқча қишлоғида истиқомад қилувчи аҳолининг шикоят хати асосида журналистик суриштирув ўтказиб, соддадил қишлоқ аҳлини қишлоққа электр энергияси ўтказиб беришда кўзбўямачиликка юз тутган ҳолатларнинг гувоҳи бўлди. Қуйида Рухсора Ғофурованинг Қудуқча қишлоғида яшаётган соддадил қишлоқ аҳлининг муаммолари ҳақидаги журналистик суриштируви билан танишишингиз мумкин.
                                                                                                                  
ЎН БЕШ “ЛИМОН”
Пайариқ тумани  Халқабод  хўжалиги  Қудуқча  қишлоғи  Самарқанд  шаҳридан сал кам 85  километр узоқликда  жойлашган. Ям-яшил  қир-адирлар   гўзал  табиат  қўйнида   умргузоронлик қилишнинг  ўзига  яраша  гашти билан бир қаторда муракаб  жиҳатлари  талайгина.  
Анашу  қийинчиликлардан   чарчаган  қудуқчаликларнинг  бир груҳи  СТВ  телеканалига  мурожат  билан   чикишди. Унда   ёзилишича шу  қишлоқда яшовчи 15 та хўжалик электр  энергияси билан боғлиқ муоммодан азият чекишмокда. Гап шундаки, илгари қишлоқда  100 хўжалик бўлса, ҳозир уларнинг сони 160 тага етган. Шу  боис  бу  ерга  қўйилган  электр  манбаи транспорматори шунча аҳолини бирдек электр билан таъминлашга кучи етмай қолган. Шунинг учун қишлоқдаги 15 та хўжалик алоҳида транспорматор қўйилиши учун туман электр корхонасига мурожат билан чиқишган. Туман мутахассилари эса бу масалада вилоят электр энергияси корхонасига мурожаат қилишган. Масала ижобий ҳал этилиши учун  вилоят электр энергияси ходимлари 15 миллион сўм маблағ сўрашган.
БЕР... БЕР... БЕР
- Ўн бешта хўжалик бир миллион сўмдан йиғиб берганмиз, дейди шу қишлоқда яшовчи Тохир Умиров. - 15 миллион сўм билан қилиб берамиз деб ваъда қилинган. Энди яна уч миллион сўм бераслар, шунда ишларинг битади деб турибди дея сўзида давом этди Тохир ака.  
Қишлоқ аҳолисининг айтишича, сўралган маблағ 15 та хўжаликнинг ҳар биридан бир миллион сўмдан йиғиб етказиб берилган. Ҳатто соҳа ходимлари тамонидан 8 та электр сими ўтказиладиган сим ёғочлар ҳам ўрнатилган. Аммо мана бир неча ойдирки электр симидан дарак йўқ.
- Вилоят электросветга обориб сим олиш учун хужжатларга қўл қўйдирилган. Ҳатто талаблонмага вилоят электр тармоқлари бошлиғи ҳам қўл қўйиб берган, дейди Бўрибой Арзиев. - Аммо бош инженер сим бермай турибди. Биздан яна уч миллион пул сўраяпти. Аммо бу пулни берсак ҳам симни ўтказиб беришига ким кафолат беришини билмаяпмиз. 
Бугун қишлоқ аҳолисини ташвишга соладиган нарса, электр энергияси ходимларига яна 3 миллион сўм йиғиб берадиган тақдирда ҳам иш охиригача етишига ишонч йўқлигида.
- Чорвамиз ҳам манашу 15 метр чуқурликдан чиқадиган сувдан ичади. Буларни ҳам суғоришнинг иложи йўқ, дейди Мамараим Назаров. Олти-етти километр узоқликдаги Тўсинсой деган жойдан суғориб келамиз.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА
Айнан шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят электр  тармоқлари корхонаси  техник масалалар бўйича директори Одил Мейлиевнинг ишхонасида бўлдик. Аммо у кишини иш хонасидан тополмадик. Мутахассисдан интервью олиш биз учун жуда муҳим эди. Шу боис Одил Мейлиев билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ масъул ходимга бир неча бор қўнғироқ қилишимизга қарамасдан у киши телефонини кўтармади. Бир неча дақиқадан сўнг Одил Мейлиевнинг ўзи биз билан алоқага чиқди.
- Кимдир уларни алдаб юрибди. Биз давлат дастури асосида қилиб беришга мажмурмиз. Бизнинг номимизни булғаб, ифлослик қилаётган бўлса эрта бунинг оқибати яхши бўлмайди, дейди Одил Мейлиев. – Бунинг орқасида кимдир турибди. Агар давлат дастурига киритилган бўлса бизда муаммо бўлмайди. Мен бу масалани ўрганиб натижасини сизга айтаман. 
Қудуқча  қишлоғига таббий газ етиб келмаган. Электр энергияси келгани билан ундан  тўлиқ фойдаланишда бир қатор муоммолар бор. Ичимлик суви 20-25 метр чуқурликдан   олинади. Вақти-вақти билан бериладиган электр энергияси билан сувни тортиб олиш мумкин. Бошқа вақтлари барча истеъмолга керакли бўлган сув қўл кучи билан тортиб олинади. 
- Свет йўқлигида, сувни олаётганимизда пақир қудуқнинг ёнига урилиб, олаётган сувимиз ҳам лойқа чиқади. Айрим ҳолларда мажбур  бўлиб ўша лойқа сувни ҳам ичишга мажбур бўламиз. Иложи борича тинитиб ичишга ҳаракат қиламиз, дейди  шу қишлоқда истиқомад қилувчи Мамарим ака Назаров.
- Электр токи кириб келса манашу ерларни жаннатга айлантиришимиз мумкин. Халқимизнинг барчаси меҳнатсевар. Ҳаммаси деҳқончилик билан шуғлланади, дея фикр билдирди Тохир Умиров.  
Бугун айни экин экиладиган қиладиган вакт. Қудуқчаликлар шу боис электр энергияси  кучи билан тортиб олинадиган сувга жуда ҳам мухтож.  Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмайдиган, ўзбекчиликда ҳар ишни харажати бор деб нима деса кўнадиган меҳнаткаш, болажон ва содда халқ яна қаерда ҳам бор. Ахир шундайлардан фойдаланмаса кимдан фойдаланиш мумкин. Аммо шундай фурсатдан ким фойдаланганлиги тез фурсатда аниқ бўлади. Вилоят электр тармоқлари корхонаси мутахассиси Одил Мейлиев бу масалага тезлик билан ойдинлик киритишга ваъда берди. Уйлаймизки электр энергияси корхонаси ходимлари чигаллашган бу муоммони  тезда ҳал этади.
                              Рухсора Ғафурова журналист
    Фирдавс Тошпўлатов тасвирчи
(Мазкур масалага бағишланган кўрсатув 29 март куни СТВ телеканалининг “Хабарлар” информацион дастури ҳамда “Долзарб мавзу” кўрсатувида намойиш этилган)
           
Президентимиз барча тузилмалар, аввало, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш зарур, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича аниқ жазо турлари, ҳуқуқий таъсир чоралари кўзда тутилиши керак.
Оддий халқнинг ишончини поймол қилиб, уларнинг соддадиллигидан фойдаланиб ўз вазифасига панжа орасидан қараётган  баъзи  мутасадди ходимларидан мазкур ҳолат бўйича изоҳни кутиб қоламиз.
         Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 19 марта 2016 г.

ОҚ ҚОН ХАСТАЛИГИ БИЛАН ОҒРИГАН САМИР ПЎЛАТОВ “СТВ”ДАН МИННАТДОР

“СТВ” телеканали мухбирлари Шахло Аҳророва, Рухсора Ғофурова  ҳамда Зарина Ҳақбердиева 2015 йилнинг декабр ойида информацион дастурлар орқали 9 ёшли Самир Пўлатовнинг оқ қон касаллигига чалингани ҳақида хабар берган эди. Оғир хаста Самир Пўлатовнинг саломатлиги билан боғлиқ лавҳа “СТВ” телеканалида намойиш этилганидан сўнг кўплаб саховатпеша фуқароларимиз унга ёрдам беришди!
Икки ёшлигида шифокорлар томонидан оғир диагноз қўйилиб, шифохонада даволанаётган Самирнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар телекомпаниямиз ходимлар томонидан кузатиб борилди.
Телекомпаниямиз ҳамда Халқ демократик партиясининг “Самарқанд” Халқаро аэропорти бўлимининг ёрдами билан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Тошкентдаги Қон қуйиш ва гематология илмий-тадқиқот институти қошидаги республика шифохонасида Самирнинг бепул даволаниши учун ордер тақдим этилди.
Шундан сўнг Самир Тошкентдаги Қон қуйиш ва гематология илмий-тадқиқот институти қошидаги республика шифохонасида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.
Бугунги кунда Самир Пўлатов Самарқанд кўп тармоқли шифохонасида даволанаяпти. У доимо шифокорлар назоратида.
10 яшар Самирнинг қариндошлари ва яқинлари шундай қийин пайтда маънан қўллаб-қувватлаган ва ёрдам берган ватандошларимизга ҳамда “СТВ” телекомпаниясига миннатдорлигини билдирди.
Оқ қон хасталиги билан оғриган Самир Пўлатовга кўмак бермоқчи бўлган саховатпеша инсонлар Халқ банкининг Самарқанд вилояти бўлимида очилган 20206000900001005101 ҳисоб рақами орқали ўз ёрдамини кўрсатишлари мумкин!
Телефон: +99891-530-20-51 ва  +99891-536-79-55
Самарқанд шаҳри Ғиёсиддин Жамшед кўчаси (собиқ Невский) 14 уй.

Самир Пўлатовнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар “СТВ” телекомпанияси орқали доимий равишда кузатиб борилади.


“СТВ” телекомпанияси доимо халқ билан бирга!

понедельник, 7 марта 2016 г.

САЛЛА ЎРНИГА КАЛЛА ёхуд “туя” қилинган ўйингоҳ

Спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак деганидир.
Бинобарин, соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.
Ислом Каримов

“Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”. Соғлом авлод сўзлари оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб беради.
Жорий йилнинг 11 феврал куни Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришда эришилган қатор муваффақиятлар ҳақида сўз юритилган эди. Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда спорт – соғлом авлод, соғлом келажак шиори остида болалар спортини ривожлантириш бош мақсадимизга айланганлиги алоҳида тилга олинганди.
Бироқ, баъзида бу шиорга амал қилмай, айрим ҳолларда бошқа бир манфаат сабаб тайёр қурилган спорт майдончалари йўқ қилинмоқдаки бунинг сабабини қаердан қидиришни билмайсан киши.
Истиқлол йилларида ёшларни спортга жалб этиш мақсадида замонавий спорт иншоотлари барпо этилаётган бир вақтда Самарқанд шаҳридаги “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллалари ўртасида жойлашган футбол майдонининг бузиб ташланаётгани кишини таажжубга солади. Салкам ярим асрдан буён мазкур маҳалла болаларининг севимли масканига айланиб қолган футбол майдонини бузишга ва унинг ўрнига кўп қаватли уй қуриш учун рухсат берган шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари наҳотки соғлом авлодни тарбиялаш бош мақсадимиз эканини ҳамон тушуниб етмаган бўлса?!
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасида “Таълим муассаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Аммо SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли бино қурилишига 2015 йилнинг 19 августида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан рухсат берилган. Савол туғилади. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этган ҳолда соғлом турмуш тарзига етаклаш энг асосий мақсад бўлиб турган вақтда наҳотки шаҳар ҳокимлиги тайёр ҳолдаги футбол майдонини йўқотишга рухсат берган бўлса?! Ажабланарлиси шундаки, қурилишга изн беришдан олдин на шаҳар ҳокимияти ва на қурилиш компанияси иккалла маҳалла фуқароларининг бу борадаги фикрларини тинглаб кўрмаган.
Жорий йилнинг январ ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар худудида вояга етмаган болалар ўртасида содир бўлаётган жиноятларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этган шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчиликни кескин танқид қилиб, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошаётган раҳбарларни кескин танқид қилганди. Қизиқ, йиғилишда жиноятчиликни олдини олиш борасида бонг уриб гапирилиб, камчиликлар танқид қилинмоқдаю, аммо негадир ёшларни ёт ғоядан сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзини таъминлаш учун барпо этилган бутун бошли ўйингоҳни бир энли қоғоздаги буйруқ билан бузиб ташлашга рухсат берилмоқда. Бу ерда ҳатто донишманд ҳам мақсаднинг мантиғини тополмаса керак. Муллани айтганини қилу, қилганини қилма дегани шу бўлса ажабмас.
Беш мингга яқин фуқаро истиқомат қиладиган мазкур маҳалланинг ўйингоҳида ҳар йили ёзда маҳалла болалари ўртасида футбол бўйича турли мусобақалар ўтказилиб келинади. Болаларни спортга жалб этиш мақсадида маҳалла ширкати банкдан кредит олиб, ўйингоҳни болалар учун қайта таъмирлаб берган. Маҳалла фаоллари кейинчалик ўзаро келишган ҳолда сунъий қопламали футбол майдончаси қуришни режалаштирганди. Бироқ ҳеч ким кутмаган ҳолда бу ерга кўп қаватли уй барпо этиладиган бўлди.
SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси масъул ходимига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни, шунингдек мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг талаби асосида болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этиш орқали уларни турли хил оқимлардан асрашмақсадимиз бўлиб турган вақтда нега тайёр ўйингоҳни бузаётганини билиш мақсадида мурожаат қилдик. Афсуски, ташкилот масъул ходими бизга бу ҳолатни изоҳлаб беришни ўзига мақул кўрмади.
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз Ислом Каримов “Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади”, деб таъкидлаганди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар – у қайси вазифада ишлаши, қайси бўғинни бошқаришидан қатъи назар, авваламбор ўзининг манфаати билан эмас, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш ҳақида чуқурроқ ўйлаши, узоқроқни кўриши ва жамоатчиликни ўз ортидан эргаштириш учун уларнинг ишончини қозониши керак, дея айтиб ўтганди.
Аммо “Амир Темур” ва “Ўрикзор” маҳалла фаоллари тайёр ўйингоҳни сақлаб қолиш мақсадида шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларга кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ улар қаерга мурожжат қилишмасин масала қурилиш ташкилоти фойдасига ҳал бўлиб келмоқда. Сабаби оддий. Жойни ҳатто келиб ҳам кўрмаган, маҳалла фуқароларининг дардига қулоқ солмаган шаҳар ҳокимининг қарори.
Тайёр спорт майдончасининг йўқолиши муаммонинг бир бўғини бўлса, унинг ўрнига қад ростлаётган кўп қаватли уй ҳам кейинчалик қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан қурилаётган уй ён атрофдаги кўп қаватли уйларда фавқулотда вазият юзага келганда, хусусан ёнғин содир бўлганда, тез тиббий ёрдам ва бошқа ҳолларда қутқарув машиналарининг кириши бирмунча қийинлашади. Зилзила пайтида ҳамма чиқадиган очиқ жой, маракалар ўтказиладиган майдон маҳаллалар аҳолисининг ҳаётини мушкуллаштиради.
2015 йилда Самарқандда болаларни спортга жалб этиш мақсадида 40 та спорт соғломлаштириш иншооти қурилган бўлса, жорий йилда 45 та яна шундай спорт иншоотларини барпо этиш режалаштирилган.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган айнан ана шундай таълим-тарбия, спорт ва маданият масканлари замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлодимиз камол топаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади, дея Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида Президентимиз таъкидлаб ўтганди.
Бироқ салла билан калланинг фарқига бормайдиган, келажак авлод саломатлигини ўз олдига устивор вазифа билиб, улкан мақсадларни кўзлаб иш юритиш ўрнига амалдаги қонунларга итоат этмасдан ўз вазифасини суистеъмол қилаётган шаҳар ҳокимияти вакилларининг тутаётган йўли ҳеч қандай куракда турмайди. Қайсидир йўллар билан ҳоким қарорига эга бўлиб олган қурилиш ташкилотининг айнан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли уй қуришни гапирмаса ҳам бўлади.
Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Қандай оғир бўлмасин, бу гапларни айтишдан мақсад шуки, сиз, ҳурматли депутатлар ва фаоллар билан ўртамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги, ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак", деб айтиб ўтганди Юртбошимиз. "Нега деганда, Энг катта куч – бу ҳақиқатдир. Ҳақиқатга суянган одам ҳеч қачон пушаймон бўлмайди". Афсуски, шаҳар ҳокимиятининг эътиборсизлиги, халқнинг мурожаатини атрофлича ўрганиб чиқилмаяпти. “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаролар излаётган ҳақиқат эшигини топиш эса тобора мушкул ишга айланиб бормоқда. Яна ҳам оддий қилиб айтадиган бўлсак, ҳеч бир мутасадди раҳбар оддий ҳақиқатни кўришни истамаяпти.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ

PS: “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллаларида жойлашган стадионнинг бузиб ташланиши юзасидан кўплаб ташкилотларга мурожаат қилинди. Бироқ фуқароларнинг қилинган мурожаатлари эътиборга олинмай, ҳамон “ёпиғли қозон ёпиғлилигича” қолиб келмоқда. “Соғлом она ва бола” йилида болалар саломатлиги бош мақсадимиз бўлиб турган бир вақтда тайёр ўйингоҳ нега бузиб ташланди? Биз мазкур масала юзасидан мутассади ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.

понедельник, 17 августа 2015 г.

«Динамо»ни калтаклашди


Футбол журналистикасига қадам қўйганимдан буён ўзбек футболида бўлаётган кўплаб воқейликларнинг гувоҳи бўлдим. Қайсидир клуб футболчиларга маош бермаган, қайсидир жамоа раҳбари клубни ўзининг шахсий томорқаси қилиб олган. Яна кимдир футбол орқали бойлик орттирмоқда. Ҳатто футболчиларни «разбор»га чақириб ўзига хос «муомала»ни амалга оширгани ҳақида эшитдим. Афсуски футболимиздаги катта муаммоларга кичик муаммога қарагандек қаралаётгани қайсидир жиҳатдан амалга ошираётган ислоҳотларимизни самарасиз қолишига олиб келяпти. Худди шундай аёллар футболида ҳам.
Аёллар футболини ривожлантириш ва уни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон футбол федерацияси қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, клублар қошида аёллар жамоасини ташкил қилиш ва уларни ЎФФ томонидан ташкиллаштирилаётган мусобақаларда иштирокини мунтазам таъминлаш вазифаси қўйилган. Ушбу талабни ҳар бир клуб ўзи тушунган ҳолда талқин қилиб, ўзи билган ишларни амалга оширмоқда. ЎФФ эса чиқарилган қарорларини бажарилишига келганда сусткашликка йўл қўяётгани, клублардан қарор ижросини қатъий талаб қилиши ўрнига андиша сақлаган ҳолда иш тутиши оқибатида эндигина оёққа тураётган аёллар футболи уч-тўрт қадам ташламасданоқ эмаклаб қолмоқда.
Юртимизда аёллар футболини ривожлантириш ва шу орқали уларни соғлом турмиш тарзига жалб этган ҳолда соғлом фарзандларни вояга етказиш бош мақсадларимиздан бирига айланган. Оммавий ахборот воситаларида аёллар спортини ривожлантириш борасида қилаётган ишлар ҳақидаги хабарларни кўриб дилинг қувнайди. Минг афсуски ҳамма жойда ҳам аёллар футболини ривожлантиришда кўнгилдагидек ишлар амалга оширилмаяпти. Эркаклар футболидаги барча кирдикорлар том маънода аёллар футболига ҳам кўчиб бўлган. Сабаби катта футболда узоқ йиллардан бери ишлаб «бўри»га айланиб олган футбол кушандаларидир. Қисқаси ёзаман деса гап кўп. Бошингизни оғритмасдан аёллар футболида бўлган бир воқеани айтиб ўтмоқчиман. Хулоса чиқариш ўзингиздан.
Хуллас, аёллар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган Самарқанднинг «Динамо» аёллар жамоаси қизлари 3-турни ўтказиш мақсадида 9-14 август кунлари Тошкентда бўлишган. Бу вақт оралиғида Ибрагим Билялов бошчилигидаги жамоа «Дунё» меҳмонхонасига жойлашишган. Турнирни яхшими ёмонми ўтказган қизлар меҳмонхонада турган вақтда эркаклар футболида камдан-кам учрайдиган ҳолат юз берди. Тошкентнинг «Пахтакор» аёллар жамоасида тўп сурувчи уч-тўртта қизлар 14 август куни кечаси келиб «Динамо» жамоаси дарвозабони Гўзал Алиқуловани дўппослаб кетишган. Ушбу воқеанинг келиб чиқиш сабаблари менга қоронғу. Ҳар ҳолда гап сўзларга кўра «разбор»чи қизлар ва жабрланувчи дарвозабон ижтимоий тармоқда ўзаро тортишиб қолган. Натижада ушбу тортишувнинг якуни «Дунё» меҳмонхонаси олдидаги муштлашув билан якунланган. Воқеанинг асл сабабини ўрганиб якуний хулосани чиқарадиган керакли ташкилотлар бор. Шунинг учун бу борадаги фикрларни уларга қолдирамиз. Аммо муштлашув чоғида «Динамо» қизлари бош мураббий Ибрагим Билялов ўз шогирдларига етарли даражада ёрдам беролмаган. Жабрланувчи қизни шифохонага олиб бориш ўрнига ўзининг спиртли ичмлик ичганини боҳона қилиб муаммони катталаштиришни, Ички ишлар ходимлари воқеадан бехабар қолишини истаганига тушунмайман.
Ибрагим Билялов ўзининг тинчлигини ўйлаб, ёпиғли қозонни ёпиғли қолдириш мақсадида жабрланувчи Гўзал Алиқуловани ички ишлар ходимларига мурожаат қилишига йўл қўймаганини тушуниб бўлмайди. Энди ўзингиз ўйланг, ёш қизларини ота-оналар бош мураббийга ишониб қўйсаю у ўзининг кайфи билан юрса адолатданми? Камига воқеани сир сақлаб ўзининг амалию клуб раҳбарининг тинчини ўйлаган мураббийдан яна нима кутиш мумкин. Клуб директори Алишер Латипов қаерга қараяпти? Вилоят футбол федерациясичи? Клубдан четлашиб, маълум вақтдан сўнг бир амаллаб таниш-билиш қилиб яна ўзининг эски мансабига қайтиб олган Алишер Латипов қилинган «харажат»ларни қоплашни ўйламасдан, оз бўлсада инсоф ва диёнат билан клубнинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратса бўлмайдими? «Динамо»ни тамомила монопол қилиб олиб, эски ҳамтовоқлар билан нафсни ўйлаш ҳам яхши оқибатларга олиб келмаслигини тушуниб етмадимикан. Қиз боланинг тақдирига шунчалик этиборсиз экан, қолган футболчиларнинг аҳволи қандайлигини тасаввур қилаверинг.
«Динамо»дан Фирдавс Каримов кетиб жамоада энди ўзгариш бўлишини кўпчилик орзу қилганди. Йўқ, гап фақат Фирдавс Каримовнинг ишдан кетишида эмаскан. Унгача ҳам эски «бўрилар» клуб ички тизимини тамомила издан чиқариб бўлган экан. Умуман олганда вилоятда футболни ривожлантириш, юзлаб самарқандлик футболчиларга клубнинг эшиги очиқ бўлиши учун эски «бўрилар»нинг изини йўқотиш зарур.  Вилоят раҳарига олтин вадалар бериб, кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб пулни олишадию, раҳбар эшигидан чиққандан сўнг ўзининг куйини чаладиган одамлар бор экан «Динамо» ҳали бери ижобий натижага эришмайди. Ҳатто аёллар футболида ҳам.
Ҳа, айтганча! Ўзбекистон футбол федерациясида аёллар футболига масъул бўлган ходимлар бу воқеага қандай қараркин. Кўрамиз, биз билган масъуллар воқеанинг асл сабабларини ўрганишар эканми ёки улар ҳам ўрага сичқон тушди гулдир-гуп дегандек иш тутишармикан. Қолганини вақт кўрсатади.


Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Сўнгги пайтларда «Динамо» жамоасида бўлаётган воқеаларни ёзаётганим футболни орқасидан нон топаётган айрим Самарқанд футболидаги «раҳбар»ларга ёқмаётган кўринади. Шунинг учун ҳам мен ҳақимда турли хил ёлғон-яшиқ гапларни айтиб ортимдан ғийбат қилиб юрибди. Ўша ғийбатчиларга айтар гапим: қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади. Ана ўшанда ҳар ким қилган ишига яраша жавоб беради. 

среда, 25 марта 2015 г.

УЧИНЧИ ТАНҚИД

Мақоламиз сарлавҳасини эшитиб бир оз ҳайратланган бўлишингиз табиий. Аммо мавзунинг ичига кирмасдан туриб ўта ҳаяжон ва эҳтиросларингизни ошкор қилишга чоғланмассиз деган умиддамиз. Ушбу ҳаяжону, эҳтиросларни барчасини «оптом» қилиб мақоланинг охирги қисмидаги изоҳлар бўлимига бира-тўла ёзишингиз мумкин.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида жуда муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, журналистика соҳасида аслида қандай қалам тебратиш ёки ижод қилишни футбол нашрлари ва интернет сайтлари кўпчиликка намоён қилиб бўлди. Афсуски, қалам аҳли қилаётган манашундай ижодкорлик «зангори экран» ижодкорларига ҳамон етиб бормагани кишини бироз таажубга солади.
Келинг, масалага сал бошқачароқ ёндошайлик. Юртимизда футболга қизиқувчиларни сони қанчалик кўп эканлигини яна бир бор эслатиш шарт эмас. Шу сабабли ҳам телерадиоканаллар ичида «Спорт» телеканали ўзининг етарлича мухлисига эга бўлиб олди. Минг афсуски мазкур телеканал республикамизнинг узоқ туманлари у ёқда турсин, ҳатто пойтахтга яқин бўлган Самарқанд вилоятининг айрим туманларида сифатли кўрсатмаётганлиги, ё бўлмаса умуман кўришнинг иложи йўқли кишини ўйлашга мажбур қилади. 
Биргина вилоятнинг Ургут, Қўшрабод туманларида тўлқин етиб бормаганлиги сабабли бу ернинг аҳолиси «Спорт» телеканали кўрсатувларини кўришдан мосуво бўлишган. Буларни-ку қўятурайлик, ҳатто вилоят марказига яқин айрим қишлоқларда ҳам эфирнинг сифати қониқарли деб бўлмайди. Энг ачинарлиси, Ургут ва Тайлоқ туманларида Тожикистон Республикасининг иккита канали сифатли тарзда эфирга узатилсаю, ўзимизнинг «Спорт» каналимиз кўрсатмаса роса алам қиларкан кишига. Айниқса терма жамоамиз ўйинлари вақти бу алам икки баравар ортиб кетади. Худди шундай ҳолатни Нуробод туманининг баъзи қишлоқларида ҳам учратишимиз мумкин. Қувонарлиси, Норободлик футбол ишқибозлари миллионлар ўйинига шу қадар қизиққанлиги туфайли «Спорт» телеканали хира-шира кўрсатадиган қишлоқларга бориб томоша қилишар экан. Очиғини айтиш керакки айрим футбол кўрсатувларини миллионлар ўйини ишқибозлари ҳар замонда айнан Тожикистон Республикаси телеканаллари орқали кўришига ичингиз ачийди. Мисол, яқинда бўлиб ўтган “Эл классико” ўйинини ҳам Тожикистоннинг учта телеканали олиб бердию, ўзимизнинг “Спорт” каналимиз ҳатто рекламасини қўйишга ҳам ярамади. Танқидга йўймангу, аммо «Спорт» телеканали ходимларининг ижодларини чеккага суриб, ҳеч ким билмайдиган, кўплар тушунмайдиган, баъзи шарҳларида ҳатто миллатчиликка борадиган Тожикистон телеканали журналистларининг шарҳини эшитиш…
Яна бир жиҳати шундаки, «Спорт» телеканали бугун ўз мавзусидан чеккага чиққан ҳолда сериал каналга айланиб бормоқда. Ишқибозларнинг медасига тегиб кетган Германия чемпионатини ҳисобга олмаганда бошқа чемпионатлар борлигини баъзи интернетдан узоқ футбол ишқибозлари деярли унитаёзди. Алам қиладиган жиҳати шундаки, аввалига транслация учун пул талаб қилмоқда деб Англия, Испания, Италия каби чемпионатларни кўришдан мосуво қилгани етмагандек, Олий лига ўйинларини ҳам кечагидан қолган ошдек ярим кечаси, айрим ҳолларда бир кун ўтгандан сўнг эфирга узатаётганини умуман тушунмайсан киши.
Бир товуққа ҳам дон керак ҳам сув керак деганларидек, «донсиз» қолган «Спорт» телеканали «сув»дан ҳам мосуво бўлишмоқда. «Спорт» телеканалини қанчалик мароқ билан томоша қилсанг, ундаги шарҳловчиларнинг оддий ҳолатдаги хатоларини кўриб шунчалик асаб бузиладики, асти қўяверинг. Айниқса миллий терма жамоамиз ва клубларимизнинг халқаро майдонгади ўйинларини шарҳлаш жараёнида эҳтиросга берилиб кетадиган шарҳловчилар ҳатто ўзлари нима дейишаётганини тушунмай қолишади. Энг қизиғи кўп ҳолларда футболчиларни танимаслиги оқибатида қўпол ҳатоликлар амалга ошириладики, буни оддий сўз билан ифодалаш қийин.
«Спорт» телеканалининг 2012 йилдаги Олий лига 2-туридан ўрин олган «Шўртан» – «Навбаҳор» учрашувидаги ажойиб “қовун тушди” шарҳи кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша шарҳда беллашувнинг иккинчи бўлим охирги 20-дақиқасигача ҳаммаси яхши кетаётган эди. Аммо бош ҳакам Ильгиз Танташев беллашув якунланганини билдирувчи хуштагини чалганида ўйинни шарҳлаган ҳамкасбимиз айтган гапи унча-бунча одамни ёқа ушлашга мажбур қилади. (Шарҳловчи ким эканлигини айтишни лозим деб билмадим). Хуллас, телевиденияда фаолият юритадиган ҳамкасбимиз телетомошабинлар билан қуйидаги сўзларни айтиб хайрлашди: «Учрашувнинг бош ҳаками Игорь Криушенко ўйинни якунловчи хуштагини чалди!». Тўғри, инсон адашади, лекин бу даражада деб ўйламайман, яна билмадим. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатида Игорь Криушенко деган рефери йўқ. У «Шўртан» бош мураббийи ҳисобланади.  Бунчалик эмасда, ўртоқ ҳамкасблар! Балки ўша йили Криушенкони ишдан кетишига айнан ўша журналистнинг “ҳиссаси” ҳам бордир. Яна ким билади дейсиз?! Афсуски бундай хатолар ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.
«Спорт» телеканали ижодкорлари ҳам футболимизда бўлгани каби сонга эътибор бериб сифатни иккинчи даражага олиб келишлари натижасида оддий ва қўпол хатоликларнинг юзага келиши телеканал ижодкорлари учун уятли саналмасмикан?
Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади дейди, халқимиз. Шундай экан биз ўз муаммоларимизни қанчалик яширсак бизни қийнайдиган муаммолар шунчалик кўпаяверади. Айнан мана шундай жиҳат орқали муаммонинг иккинчи тугуни келиб чиқади. Гарчи, биринчи мавзумиз билан ўртадаги боғлиқлик озгина йўқолсада, бизнинг лоқайдлигимиз туфайли бу муаммо олдингисиданда фожиали кўриниш олиши ҳеч гап эмас.
Халқимизда сен менга тегма мен сенга тегмайман деган мақол бор. Биз бугун бу мақолни ҳаётга тадбиқ қилмоқчи эмасмиз. Аниқроғи таҳлил қилмоқчимиз. Бугун бозор иқтисодиёти даврида барчамиз ишга шу қадар шўнғиб кетдикки, ҳатто ёнимиздаги одамларнинг нима иш билан шуғулланишига эътибор ҳам бермай қўйдик. Худди футболдаги каби, ЛОҚАЙД бўлиб бормоқдамиз. Яхшиси, гапни олиб қочмасдан аниқ мақсадга ўтақолайлик.
Бугунги кунга келиб юртимизда тамаки маҳсулотини истеъмол қилувчилар сони шу қадар
кўпайиб кетдики, ҳатто бу борада аниқ бир рақамларни келтиришга ҳам иккиланиб қоласан киши. Энг ёмони кашандаликда ўз жинсига тўғри келмайдиган чекувчиларнинг кўпаяётгани ачинарли. Жамиятимизда эркак ва аёл иш фаолияти қанчалик тенглашган сари уларнинг қилаётган ишлари ва ҳатти ҳаракатлари ҳам шу қадар тенглашмоқда. Ҳатто спортда ҳам. Бундоқ назар ташласак, катта кўчада кетаётганлар орасида биз билган сиполи, одоб-ахлоқда ҳаммага ибрат бўладиган аёллар ва қизларимиз ҳам бемалол сигарет чекиб юришмоқда. Қизлар учун сегарет чекиш қанчалик наф келтиради? Биз айнан манашу саволга жавоб топиш мақсадида кашандалик кўчасига кирган Лола (исми ўзгартирилган) исмли қизни сўзларини тингладик.
- Бу заҳри қотилнинг қанчалик зарар келтиришини биласизми?
- Йўқ билмайман. Билишни ҳам истамайман.
- Турмушга чиққанингиздан кейин-чи, ундан сўнг ҳам сигарет чекасизми?
- Буни вақт кўрсатади.
- Чекишдан қандай фойда топдингиз?
- Дастлаб, асабларимни тинчлантиришга ёрдам берарди. Кейинчалик, чекмасам ўзимни ёмон ҳис қила бошладим.
- Сиз эртага она бўласиз, шундайми? Унинг заҳри балки фарзандингиз қонига ҳам сингар?
- Мана шунақада, чекма дейсизлару яна аллақандай қўрқинчли гапларингиз билан одамни ўтакасини ёрасизлар (сумкасидан навбатдаги сигеретни олиб чека бошлади). Ўзи ҳар куни эшитадиган тана-маломатлар ҳам етиб ортади менга. Хўш, айтингчи, шундай асаббузурликдан кейин ҳам чекмай бўладими? Агар менинг ўрнимда бошқаси бўлганда аллақачон наркоман бўлиб кетарди...
- Мана шу нарсанинг ўрнига бирор бир спорт тури билан шуғулланганингизда балки саломатлигингиз учун фойдалироқ бўлармиди?!
- Тўғри, гарчи спорт билан шуғулланмасамда футболни жуда яхши кўраман. Айниқса,  Роналду ва Месси каби футболчиларнинг суратларидан ҳам анча мунча йиғиб қўйганман.
Эй, воҳ. Бу нима кўргилик. Захри қотил билан ошно тутинган бир ожиза шу ҳолида шунча спорт тури қолиб футболни яхши кўрармиш. Ҳатто жаҳон футболи юлдузларини айрим футболсевар мухлислардан кўра яхши билар экан-а!.. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек
афсус билан айтишимиз мумкинки, бугун орамизда мана шундай қизлар ҳам кўпайиб бормоқда.
«Йўқолган пичоғимнинг сопи олтиндан эди». Бу бежизга айтилмаган. Аммо йўқолган соғлигимизни «олтин сопи»ни қаердан топамиз. Бу катта муаммо. Соғлиқ ҳақида гапиравериб соғлигингизни қочириб қўйган бўлсак керак. Шунинг учун кейинги мавзумизни соғлиқни сақлаш тўғрисида юритсак. Яна ҳам аниқ қилиб айтадиган бўлсак спорт ҳақида, унинг ҳам миллионлар ўйини футбол ҳақида тўхталиб ўтсак.
Бу йил Осиё чемпионлар лигасида тўртта жамоамизнинг иштирок этаётгани кўпчилигимизни қувонтирганди. Минг афсуски ҳозирча “Насаф”дан бошқа жамоаларимиз ишончни оқлаганича йўқ. Қолганлар эса яна ўша эски баҳоналари билан қулоққа лағмон осишдан бошқа ишга ярамаяпти. Ярамаса ҳам керак. Қолаверса, ўтган йиллар давомида ОЧЛда кўпроқ ўрин олгунга қадар қанчалар ишларимизни «фотошоп» қилганимиз ўзимизга аён. Бугун ўша «фотошоп» ишларимиз амалда ўзини кўрсатмоқда. Юртимизга келган ОФК тафтиш комиссиясини алдаб ўзимиз ўйлаган квотани олгандирмиз. Аммо уларнинг ҳаммаси яхши дегани билан ғалвир сувдан кўтарилаётганда эришаётган натижаларимизга бир қарасак аслида ким кимни алдаганини билиш қийин эмас. Тўғри ҳали вақт бор. Жўжани санаш учун кузни кутишимиз керак. Бироқ аслида Осиё Чемпионлар лигасида қай даражада эканлигимизди кечаги ўйинлар айтиб турибди. Мана уч турки араб жамоалари клубларимизнинг асл қиёфасини очиб ташлаяптику? Худди Фонтамас сингари. Олдиндан бир гапни айтишим мумкинки келаси йилга иккита квотани сақлаб қолсак ҳам дўппимизни осмонга отишимиз керак. Чунки айни пайтда асл савиямиз фақат “икки”га баҳоланади. Ундан ортиғи таниш-билиш бўлиши аниқ.
Шу топда бир савол туғилади нега, нима учун бизнинг футболда амалга ошираётган ислоҳотларимиз ўз натижасини бермаяпти? Шунча қилган ҳаракатларимиз бекор кетмоқда. Ахир футболнинг энг катта мутасаддилари келиб бизнинг ишларимиздан хурсанд бўлиб кетганди-ку! Ҳа, хурсанд бўлиб кетганди. Фақат Тошкентга келганлари учун хурсанд бўлиб кетганди. Мабодо ҳаёл олиб бошқа бир вилоятга келганида борми? Буёғини гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, биз уларни йиғидан тўхтата олмасдик. Қўлига даста-даста рўмолча тутсак ҳам уларнинг кўз ёшлари тинмасди.
Бизнинг назаримизда федерация томонидан амалга оширилаётган ислоҳотли ишлар фақатгина пойтахт атрофида айлантириш билан оворамиз. Республикамизнинг қолган вилоятларида эса бунинг аксини кўришимиз мумкин. Кундан-кунга футболни назорат қилиш, унинг камчилигини аниқ ва равшан қилиб кўрсатиш йўқолиб бормоқда. Фақатгина саноқлигина спорт нашрларимиз буни амалга оширишмоқда холос. Уларнинг ҳам аксарияти қоғозга ўраб, монтаж қилиб, ё бўлмасам бир клубнинг манфаатини ҳимоя қилиб эфирга бермоқда. Мана шундай ишлардан сўнг қандай қилиб бизнинг футболимиз ривожлансин.
Бундан бир неча йиллар олдин ҳамкасбларимидан бири вилоят футболининг асл аҳволи хусусида бир-биридан чиройли кўрсатувлар бериб, ҳар бир вилоят футболига танқидий қараш қилиб озми-кўпми ўша жойларда ўзгариш бўлишига туртки бўлганди. Қани бугун ана шундай кўрсатувлар. Қани асл пардани кўтарадиган ижод аҳли. Ҳартугул федерациядан битта мутахасисни олиб вилоят футболини ҳар бир жабҳасини эринмасдан келиб ўз кўзлари билан кўриб, ипидан игнасигача текширса дарё-дарё камчиликларни кўриши турган гап.
Биз фақат бир ойда амалга оширган ишларнинг ҳисоботини оламизу, ундаги рақамларни кўриб натижаси яхши деб қўямиз. Аслида буёғини сув босиб ётганига қизиқмаймиз ҳам. Ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Очиғи эринамиз. Тошкентдан ташқарига чиқишга эринамиз. Бироқ, дам олиш бўлса дунёнинг энг узоқ мамлакатига ҳам борамиз. Эринмаймиз. Пойтахтга Это’o, Инеста, Пуёл, Ривалдо, Роналду ва Сколарини олиб келиш учун миллионлаб пулни сарфлаймизу. Атига юз минг кетадиган йўлга боришни истамаймиз. Чунки биз фақат олишга ўрганганмиз. Беришга эмас.
Шу топда Мирзабек Холмедовни бир аскияси ёдимга тушдиБир жуда кўп сўкинадиган одамни ҳажга юборибди. Зора, худо унга инсоф бериб тилини иймонли сўзлар билан бойитса деб. Хуллас... Ҳа, латифани охиригача айтмасдан юзингизда кулгу пайдо бўлдими? Қойил, зийраклигингизга. Аммо шундай бўлсада латифадаги охирги гапини яна бир бор ёдингизга солсамХуллас, ўша одам шайтонга тош отгандан сўнг меҳмонхонага келса бир тўда ШАЙТОН ўтирган экан. У кириши билан: эй, номард ЎЗИНГНИКИга ҳам тош отасанми, деб уни роса дўппослашган экан.
Мана энди сизга нима демоқчилигимни тушунган бўлсангиз керак. Ўзимникига тош отмай деб, муаммо устига муаммо қўшмоқдамиз. Ёпиғли қозонни ёпиғлигича қолдирмоқдамиз. Биз бир нарсани ҳамон тушуниб етганимиз йўқ. Кўза кунда эмас кунида синишини. Бизнинг бугунги мағлубиятларимиз кўзанинг емирилиши холос. Агар шу тарзда кетаверсак кўзамиз ҳам бир куни дарз кетиши аниқ.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ