понедельник, 7 марта 2016 г.

САЛЛА ЎРНИГА КАЛЛА ёхуд “туя” қилинган ўйингоҳ

Спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак деганидир.
Бинобарин, соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.
Ислом Каримов

“Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”. Соғлом авлод сўзлари оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб беради.
Жорий йилнинг 11 феврал куни Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришда эришилган қатор муваффақиятлар ҳақида сўз юритилган эди. Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда спорт – соғлом авлод, соғлом келажак шиори остида болалар спортини ривожлантириш бош мақсадимизга айланганлиги алоҳида тилга олинганди.
Бироқ, баъзида бу шиорга амал қилмай, айрим ҳолларда бошқа бир манфаат сабаб тайёр қурилган спорт майдончалари йўқ қилинмоқдаки бунинг сабабини қаердан қидиришни билмайсан киши.
Истиқлол йилларида ёшларни спортга жалб этиш мақсадида замонавий спорт иншоотлари барпо этилаётган бир вақтда Самарқанд шаҳридаги “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллалари ўртасида жойлашган футбол майдонининг бузиб ташланаётгани кишини таажжубга солади. Салкам ярим асрдан буён мазкур маҳалла болаларининг севимли масканига айланиб қолган футбол майдонини бузишга ва унинг ўрнига кўп қаватли уй қуриш учун рухсат берган шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари наҳотки соғлом авлодни тарбиялаш бош мақсадимиз эканини ҳамон тушуниб етмаган бўлса?!
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасида “Таълим муассаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Аммо SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли бино қурилишига 2015 йилнинг 19 августида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан рухсат берилган. Савол туғилади. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этган ҳолда соғлом турмуш тарзига етаклаш энг асосий мақсад бўлиб турган вақтда наҳотки шаҳар ҳокимлиги тайёр ҳолдаги футбол майдонини йўқотишга рухсат берган бўлса?! Ажабланарлиси шундаки, қурилишга изн беришдан олдин на шаҳар ҳокимияти ва на қурилиш компанияси иккалла маҳалла фуқароларининг бу борадаги фикрларини тинглаб кўрмаган.
Жорий йилнинг январ ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар худудида вояга етмаган болалар ўртасида содир бўлаётган жиноятларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этган шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчиликни кескин танқид қилиб, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошаётган раҳбарларни кескин танқид қилганди. Қизиқ, йиғилишда жиноятчиликни олдини олиш борасида бонг уриб гапирилиб, камчиликлар танқид қилинмоқдаю, аммо негадир ёшларни ёт ғоядан сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзини таъминлаш учун барпо этилган бутун бошли ўйингоҳни бир энли қоғоздаги буйруқ билан бузиб ташлашга рухсат берилмоқда. Бу ерда ҳатто донишманд ҳам мақсаднинг мантиғини тополмаса керак. Муллани айтганини қилу, қилганини қилма дегани шу бўлса ажабмас.
Беш мингга яқин фуқаро истиқомат қиладиган мазкур маҳалланинг ўйингоҳида ҳар йили ёзда маҳалла болалари ўртасида футбол бўйича турли мусобақалар ўтказилиб келинади. Болаларни спортга жалб этиш мақсадида маҳалла ширкати банкдан кредит олиб, ўйингоҳни болалар учун қайта таъмирлаб берган. Маҳалла фаоллари кейинчалик ўзаро келишган ҳолда сунъий қопламали футбол майдончаси қуришни режалаштирганди. Бироқ ҳеч ким кутмаган ҳолда бу ерга кўп қаватли уй барпо этиладиган бўлди.
SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси масъул ходимига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни, шунингдек мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг талаби асосида болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этиш орқали уларни турли хил оқимлардан асрашмақсадимиз бўлиб турган вақтда нега тайёр ўйингоҳни бузаётганини билиш мақсадида мурожаат қилдик. Афсуски, ташкилот масъул ходими бизга бу ҳолатни изоҳлаб беришни ўзига мақул кўрмади.
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз Ислом Каримов “Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади”, деб таъкидлаганди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар – у қайси вазифада ишлаши, қайси бўғинни бошқаришидан қатъи назар, авваламбор ўзининг манфаати билан эмас, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш ҳақида чуқурроқ ўйлаши, узоқроқни кўриши ва жамоатчиликни ўз ортидан эргаштириш учун уларнинг ишончини қозониши керак, дея айтиб ўтганди.
Аммо “Амир Темур” ва “Ўрикзор” маҳалла фаоллари тайёр ўйингоҳни сақлаб қолиш мақсадида шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларга кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ улар қаерга мурожжат қилишмасин масала қурилиш ташкилоти фойдасига ҳал бўлиб келмоқда. Сабаби оддий. Жойни ҳатто келиб ҳам кўрмаган, маҳалла фуқароларининг дардига қулоқ солмаган шаҳар ҳокимининг қарори.
Тайёр спорт майдончасининг йўқолиши муаммонинг бир бўғини бўлса, унинг ўрнига қад ростлаётган кўп қаватли уй ҳам кейинчалик қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан қурилаётган уй ён атрофдаги кўп қаватли уйларда фавқулотда вазият юзага келганда, хусусан ёнғин содир бўлганда, тез тиббий ёрдам ва бошқа ҳолларда қутқарув машиналарининг кириши бирмунча қийинлашади. Зилзила пайтида ҳамма чиқадиган очиқ жой, маракалар ўтказиладиган майдон маҳаллалар аҳолисининг ҳаётини мушкуллаштиради.
2015 йилда Самарқандда болаларни спортга жалб этиш мақсадида 40 та спорт соғломлаштириш иншооти қурилган бўлса, жорий йилда 45 та яна шундай спорт иншоотларини барпо этиш режалаштирилган.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган айнан ана шундай таълим-тарбия, спорт ва маданият масканлари замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлодимиз камол топаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади, дея Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида Президентимиз таъкидлаб ўтганди.
Бироқ салла билан калланинг фарқига бормайдиган, келажак авлод саломатлигини ўз олдига устивор вазифа билиб, улкан мақсадларни кўзлаб иш юритиш ўрнига амалдаги қонунларга итоат этмасдан ўз вазифасини суистеъмол қилаётган шаҳар ҳокимияти вакилларининг тутаётган йўли ҳеч қандай куракда турмайди. Қайсидир йўллар билан ҳоким қарорига эга бўлиб олган қурилиш ташкилотининг айнан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли уй қуришни гапирмаса ҳам бўлади.
Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Қандай оғир бўлмасин, бу гапларни айтишдан мақсад шуки, сиз, ҳурматли депутатлар ва фаоллар билан ўртамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги, ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак", деб айтиб ўтганди Юртбошимиз. "Нега деганда, Энг катта куч – бу ҳақиқатдир. Ҳақиқатга суянган одам ҳеч қачон пушаймон бўлмайди". Афсуски, шаҳар ҳокимиятининг эътиборсизлиги, халқнинг мурожаатини атрофлича ўрганиб чиқилмаяпти. “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаролар излаётган ҳақиқат эшигини топиш эса тобора мушкул ишга айланиб бормоқда. Яна ҳам оддий қилиб айтадиган бўлсак, ҳеч бир мутасадди раҳбар оддий ҳақиқатни кўришни истамаяпти.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ

PS: “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллаларида жойлашган стадионнинг бузиб ташланиши юзасидан кўплаб ташкилотларга мурожаат қилинди. Бироқ фуқароларнинг қилинган мурожаатлари эътиборга олинмай, ҳамон “ёпиғли қозон ёпиғлилигича” қолиб келмоқда. “Соғлом она ва бола” йилида болалар саломатлиги бош мақсадимиз бўлиб турган бир вақтда тайёр ўйингоҳ нега бузиб ташланди? Биз мазкур масала юзасидан мутассади ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.

понедельник, 17 августа 2015 г.

«Динамо»ни калтаклашди


Футбол журналистикасига қадам қўйганимдан буён ўзбек футболида бўлаётган кўплаб воқейликларнинг гувоҳи бўлдим. Қайсидир клуб футболчиларга маош бермаган, қайсидир жамоа раҳбари клубни ўзининг шахсий томорқаси қилиб олган. Яна кимдир футбол орқали бойлик орттирмоқда. Ҳатто футболчиларни «разбор»га чақириб ўзига хос «муомала»ни амалга оширгани ҳақида эшитдим. Афсуски футболимиздаги катта муаммоларга кичик муаммога қарагандек қаралаётгани қайсидир жиҳатдан амалга ошираётган ислоҳотларимизни самарасиз қолишига олиб келяпти. Худди шундай аёллар футболида ҳам.
Аёллар футболини ривожлантириш ва уни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон футбол федерацияси қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, клублар қошида аёллар жамоасини ташкил қилиш ва уларни ЎФФ томонидан ташкиллаштирилаётган мусобақаларда иштирокини мунтазам таъминлаш вазифаси қўйилган. Ушбу талабни ҳар бир клуб ўзи тушунган ҳолда талқин қилиб, ўзи билган ишларни амалга оширмоқда. ЎФФ эса чиқарилган қарорларини бажарилишига келганда сусткашликка йўл қўяётгани, клублардан қарор ижросини қатъий талаб қилиши ўрнига андиша сақлаган ҳолда иш тутиши оқибатида эндигина оёққа тураётган аёллар футболи уч-тўрт қадам ташламасданоқ эмаклаб қолмоқда.
Юртимизда аёллар футболини ривожлантириш ва шу орқали уларни соғлом турмиш тарзига жалб этган ҳолда соғлом фарзандларни вояга етказиш бош мақсадларимиздан бирига айланган. Оммавий ахборот воситаларида аёллар спортини ривожлантириш борасида қилаётган ишлар ҳақидаги хабарларни кўриб дилинг қувнайди. Минг афсуски ҳамма жойда ҳам аёллар футболини ривожлантиришда кўнгилдагидек ишлар амалга оширилмаяпти. Эркаклар футболидаги барча кирдикорлар том маънода аёллар футболига ҳам кўчиб бўлган. Сабаби катта футболда узоқ йиллардан бери ишлаб «бўри»га айланиб олган футбол кушандаларидир. Қисқаси ёзаман деса гап кўп. Бошингизни оғритмасдан аёллар футболида бўлган бир воқеани айтиб ўтмоқчиман. Хулоса чиқариш ўзингиздан.
Хуллас, аёллар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган Самарқанднинг «Динамо» аёллар жамоаси қизлари 3-турни ўтказиш мақсадида 9-14 август кунлари Тошкентда бўлишган. Бу вақт оралиғида Ибрагим Билялов бошчилигидаги жамоа «Дунё» меҳмонхонасига жойлашишган. Турнирни яхшими ёмонми ўтказган қизлар меҳмонхонада турган вақтда эркаклар футболида камдан-кам учрайдиган ҳолат юз берди. Тошкентнинг «Пахтакор» аёллар жамоасида тўп сурувчи уч-тўртта қизлар 14 август куни кечаси келиб «Динамо» жамоаси дарвозабони Гўзал Алиқуловани дўппослаб кетишган. Ушбу воқеанинг келиб чиқиш сабаблари менга қоронғу. Ҳар ҳолда гап сўзларга кўра «разбор»чи қизлар ва жабрланувчи дарвозабон ижтимоий тармоқда ўзаро тортишиб қолган. Натижада ушбу тортишувнинг якуни «Дунё» меҳмонхонаси олдидаги муштлашув билан якунланган. Воқеанинг асл сабабини ўрганиб якуний хулосани чиқарадиган керакли ташкилотлар бор. Шунинг учун бу борадаги фикрларни уларга қолдирамиз. Аммо муштлашув чоғида «Динамо» қизлари бош мураббий Ибрагим Билялов ўз шогирдларига етарли даражада ёрдам беролмаган. Жабрланувчи қизни шифохонага олиб бориш ўрнига ўзининг спиртли ичмлик ичганини боҳона қилиб муаммони катталаштиришни, Ички ишлар ходимлари воқеадан бехабар қолишини истаганига тушунмайман.
Ибрагим Билялов ўзининг тинчлигини ўйлаб, ёпиғли қозонни ёпиғли қолдириш мақсадида жабрланувчи Гўзал Алиқуловани ички ишлар ходимларига мурожаат қилишига йўл қўймаганини тушуниб бўлмайди. Энди ўзингиз ўйланг, ёш қизларини ота-оналар бош мураббийга ишониб қўйсаю у ўзининг кайфи билан юрса адолатданми? Камига воқеани сир сақлаб ўзининг амалию клуб раҳбарининг тинчини ўйлаган мураббийдан яна нима кутиш мумкин. Клуб директори Алишер Латипов қаерга қараяпти? Вилоят футбол федерациясичи? Клубдан четлашиб, маълум вақтдан сўнг бир амаллаб таниш-билиш қилиб яна ўзининг эски мансабига қайтиб олган Алишер Латипов қилинган «харажат»ларни қоплашни ўйламасдан, оз бўлсада инсоф ва диёнат билан клубнинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратса бўлмайдими? «Динамо»ни тамомила монопол қилиб олиб, эски ҳамтовоқлар билан нафсни ўйлаш ҳам яхши оқибатларга олиб келмаслигини тушуниб етмадимикан. Қиз боланинг тақдирига шунчалик этиборсиз экан, қолган футболчиларнинг аҳволи қандайлигини тасаввур қилаверинг.
«Динамо»дан Фирдавс Каримов кетиб жамоада энди ўзгариш бўлишини кўпчилик орзу қилганди. Йўқ, гап фақат Фирдавс Каримовнинг ишдан кетишида эмаскан. Унгача ҳам эски «бўрилар» клуб ички тизимини тамомила издан чиқариб бўлган экан. Умуман олганда вилоятда футболни ривожлантириш, юзлаб самарқандлик футболчиларга клубнинг эшиги очиқ бўлиши учун эски «бўрилар»нинг изини йўқотиш зарур.  Вилоят раҳарига олтин вадалар бериб, кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб пулни олишадию, раҳбар эшигидан чиққандан сўнг ўзининг куйини чаладиган одамлар бор экан «Динамо» ҳали бери ижобий натижага эришмайди. Ҳатто аёллар футболида ҳам.
Ҳа, айтганча! Ўзбекистон футбол федерациясида аёллар футболига масъул бўлган ходимлар бу воқеага қандай қараркин. Кўрамиз, биз билган масъуллар воқеанинг асл сабабларини ўрганишар эканми ёки улар ҳам ўрага сичқон тушди гулдир-гуп дегандек иш тутишармикан. Қолганини вақт кўрсатади.


Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Сўнгги пайтларда «Динамо» жамоасида бўлаётган воқеаларни ёзаётганим футболни орқасидан нон топаётган айрим Самарқанд футболидаги «раҳбар»ларга ёқмаётган кўринади. Шунинг учун ҳам мен ҳақимда турли хил ёлғон-яшиқ гапларни айтиб ортимдан ғийбат қилиб юрибди. Ўша ғийбатчиларга айтар гапим: қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади. Ана ўшанда ҳар ким қилган ишига яраша жавоб беради. 

среда, 25 марта 2015 г.

УЧИНЧИ ТАНҚИД

Мақоламиз сарлавҳасини эшитиб бир оз ҳайратланган бўлишингиз табиий. Аммо мавзунинг ичига кирмасдан туриб ўта ҳаяжон ва эҳтиросларингизни ошкор қилишга чоғланмассиз деган умиддамиз. Ушбу ҳаяжону, эҳтиросларни барчасини «оптом» қилиб мақоланинг охирги қисмидаги изоҳлар бўлимига бира-тўла ёзишингиз мумкин.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида жуда муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, журналистика соҳасида аслида қандай қалам тебратиш ёки ижод қилишни футбол нашрлари ва интернет сайтлари кўпчиликка намоён қилиб бўлди. Афсуски, қалам аҳли қилаётган манашундай ижодкорлик «зангори экран» ижодкорларига ҳамон етиб бормагани кишини бироз таажубга солади.
Келинг, масалага сал бошқачароқ ёндошайлик. Юртимизда футболга қизиқувчиларни сони қанчалик кўп эканлигини яна бир бор эслатиш шарт эмас. Шу сабабли ҳам телерадиоканаллар ичида «Спорт» телеканали ўзининг етарлича мухлисига эга бўлиб олди. Минг афсуски мазкур телеканал республикамизнинг узоқ туманлари у ёқда турсин, ҳатто пойтахтга яқин бўлган Самарқанд вилоятининг айрим туманларида сифатли кўрсатмаётганлиги, ё бўлмаса умуман кўришнинг иложи йўқли кишини ўйлашга мажбур қилади. 
Биргина вилоятнинг Ургут, Қўшрабод туманларида тўлқин етиб бормаганлиги сабабли бу ернинг аҳолиси «Спорт» телеканали кўрсатувларини кўришдан мосуво бўлишган. Буларни-ку қўятурайлик, ҳатто вилоят марказига яқин айрим қишлоқларда ҳам эфирнинг сифати қониқарли деб бўлмайди. Энг ачинарлиси, Ургут ва Тайлоқ туманларида Тожикистон Республикасининг иккита канали сифатли тарзда эфирга узатилсаю, ўзимизнинг «Спорт» каналимиз кўрсатмаса роса алам қиларкан кишига. Айниқса терма жамоамиз ўйинлари вақти бу алам икки баравар ортиб кетади. Худди шундай ҳолатни Нуробод туманининг баъзи қишлоқларида ҳам учратишимиз мумкин. Қувонарлиси, Норободлик футбол ишқибозлари миллионлар ўйинига шу қадар қизиққанлиги туфайли «Спорт» телеканали хира-шира кўрсатадиган қишлоқларга бориб томоша қилишар экан. Очиғини айтиш керакки айрим футбол кўрсатувларини миллионлар ўйини ишқибозлари ҳар замонда айнан Тожикистон Республикаси телеканаллари орқали кўришига ичингиз ачийди. Мисол, яқинда бўлиб ўтган “Эл классико” ўйинини ҳам Тожикистоннинг учта телеканали олиб бердию, ўзимизнинг “Спорт” каналимиз ҳатто рекламасини қўйишга ҳам ярамади. Танқидга йўймангу, аммо «Спорт» телеканали ходимларининг ижодларини чеккага суриб, ҳеч ким билмайдиган, кўплар тушунмайдиган, баъзи шарҳларида ҳатто миллатчиликка борадиган Тожикистон телеканали журналистларининг шарҳини эшитиш…
Яна бир жиҳати шундаки, «Спорт» телеканали бугун ўз мавзусидан чеккага чиққан ҳолда сериал каналга айланиб бормоқда. Ишқибозларнинг медасига тегиб кетган Германия чемпионатини ҳисобга олмаганда бошқа чемпионатлар борлигини баъзи интернетдан узоқ футбол ишқибозлари деярли унитаёзди. Алам қиладиган жиҳати шундаки, аввалига транслация учун пул талаб қилмоқда деб Англия, Испания, Италия каби чемпионатларни кўришдан мосуво қилгани етмагандек, Олий лига ўйинларини ҳам кечагидан қолган ошдек ярим кечаси, айрим ҳолларда бир кун ўтгандан сўнг эфирга узатаётганини умуман тушунмайсан киши.
Бир товуққа ҳам дон керак ҳам сув керак деганларидек, «донсиз» қолган «Спорт» телеканали «сув»дан ҳам мосуво бўлишмоқда. «Спорт» телеканалини қанчалик мароқ билан томоша қилсанг, ундаги шарҳловчиларнинг оддий ҳолатдаги хатоларини кўриб шунчалик асаб бузиладики, асти қўяверинг. Айниқса миллий терма жамоамиз ва клубларимизнинг халқаро майдонгади ўйинларини шарҳлаш жараёнида эҳтиросга берилиб кетадиган шарҳловчилар ҳатто ўзлари нима дейишаётганини тушунмай қолишади. Энг қизиғи кўп ҳолларда футболчиларни танимаслиги оқибатида қўпол ҳатоликлар амалга ошириладики, буни оддий сўз билан ифодалаш қийин.
«Спорт» телеканалининг 2012 йилдаги Олий лига 2-туридан ўрин олган «Шўртан» – «Навбаҳор» учрашувидаги ажойиб “қовун тушди” шарҳи кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша шарҳда беллашувнинг иккинчи бўлим охирги 20-дақиқасигача ҳаммаси яхши кетаётган эди. Аммо бош ҳакам Ильгиз Танташев беллашув якунланганини билдирувчи хуштагини чалганида ўйинни шарҳлаган ҳамкасбимиз айтган гапи унча-бунча одамни ёқа ушлашга мажбур қилади. (Шарҳловчи ким эканлигини айтишни лозим деб билмадим). Хуллас, телевиденияда фаолият юритадиган ҳамкасбимиз телетомошабинлар билан қуйидаги сўзларни айтиб хайрлашди: «Учрашувнинг бош ҳаками Игорь Криушенко ўйинни якунловчи хуштагини чалди!». Тўғри, инсон адашади, лекин бу даражада деб ўйламайман, яна билмадим. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатида Игорь Криушенко деган рефери йўқ. У «Шўртан» бош мураббийи ҳисобланади.  Бунчалик эмасда, ўртоқ ҳамкасблар! Балки ўша йили Криушенкони ишдан кетишига айнан ўша журналистнинг “ҳиссаси” ҳам бордир. Яна ким билади дейсиз?! Афсуски бундай хатолар ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.
«Спорт» телеканали ижодкорлари ҳам футболимизда бўлгани каби сонга эътибор бериб сифатни иккинчи даражага олиб келишлари натижасида оддий ва қўпол хатоликларнинг юзага келиши телеканал ижодкорлари учун уятли саналмасмикан?
Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади дейди, халқимиз. Шундай экан биз ўз муаммоларимизни қанчалик яширсак бизни қийнайдиган муаммолар шунчалик кўпаяверади. Айнан мана шундай жиҳат орқали муаммонинг иккинчи тугуни келиб чиқади. Гарчи, биринчи мавзумиз билан ўртадаги боғлиқлик озгина йўқолсада, бизнинг лоқайдлигимиз туфайли бу муаммо олдингисиданда фожиали кўриниш олиши ҳеч гап эмас.
Халқимизда сен менга тегма мен сенга тегмайман деган мақол бор. Биз бугун бу мақолни ҳаётга тадбиқ қилмоқчи эмасмиз. Аниқроғи таҳлил қилмоқчимиз. Бугун бозор иқтисодиёти даврида барчамиз ишга шу қадар шўнғиб кетдикки, ҳатто ёнимиздаги одамларнинг нима иш билан шуғулланишига эътибор ҳам бермай қўйдик. Худди футболдаги каби, ЛОҚАЙД бўлиб бормоқдамиз. Яхшиси, гапни олиб қочмасдан аниқ мақсадга ўтақолайлик.
Бугунги кунга келиб юртимизда тамаки маҳсулотини истеъмол қилувчилар сони шу қадар
кўпайиб кетдики, ҳатто бу борада аниқ бир рақамларни келтиришга ҳам иккиланиб қоласан киши. Энг ёмони кашандаликда ўз жинсига тўғри келмайдиган чекувчиларнинг кўпаяётгани ачинарли. Жамиятимизда эркак ва аёл иш фаолияти қанчалик тенглашган сари уларнинг қилаётган ишлари ва ҳатти ҳаракатлари ҳам шу қадар тенглашмоқда. Ҳатто спортда ҳам. Бундоқ назар ташласак, катта кўчада кетаётганлар орасида биз билган сиполи, одоб-ахлоқда ҳаммага ибрат бўладиган аёллар ва қизларимиз ҳам бемалол сигарет чекиб юришмоқда. Қизлар учун сегарет чекиш қанчалик наф келтиради? Биз айнан манашу саволга жавоб топиш мақсадида кашандалик кўчасига кирган Лола (исми ўзгартирилган) исмли қизни сўзларини тингладик.
- Бу заҳри қотилнинг қанчалик зарар келтиришини биласизми?
- Йўқ билмайман. Билишни ҳам истамайман.
- Турмушга чиққанингиздан кейин-чи, ундан сўнг ҳам сигарет чекасизми?
- Буни вақт кўрсатади.
- Чекишдан қандай фойда топдингиз?
- Дастлаб, асабларимни тинчлантиришга ёрдам берарди. Кейинчалик, чекмасам ўзимни ёмон ҳис қила бошладим.
- Сиз эртага она бўласиз, шундайми? Унинг заҳри балки фарзандингиз қонига ҳам сингар?
- Мана шунақада, чекма дейсизлару яна аллақандай қўрқинчли гапларингиз билан одамни ўтакасини ёрасизлар (сумкасидан навбатдаги сигеретни олиб чека бошлади). Ўзи ҳар куни эшитадиган тана-маломатлар ҳам етиб ортади менга. Хўш, айтингчи, шундай асаббузурликдан кейин ҳам чекмай бўладими? Агар менинг ўрнимда бошқаси бўлганда аллақачон наркоман бўлиб кетарди...
- Мана шу нарсанинг ўрнига бирор бир спорт тури билан шуғулланганингизда балки саломатлигингиз учун фойдалироқ бўлармиди?!
- Тўғри, гарчи спорт билан шуғулланмасамда футболни жуда яхши кўраман. Айниқса,  Роналду ва Месси каби футболчиларнинг суратларидан ҳам анча мунча йиғиб қўйганман.
Эй, воҳ. Бу нима кўргилик. Захри қотил билан ошно тутинган бир ожиза шу ҳолида шунча спорт тури қолиб футболни яхши кўрармиш. Ҳатто жаҳон футболи юлдузларини айрим футболсевар мухлислардан кўра яхши билар экан-а!.. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек
афсус билан айтишимиз мумкинки, бугун орамизда мана шундай қизлар ҳам кўпайиб бормоқда.
«Йўқолган пичоғимнинг сопи олтиндан эди». Бу бежизга айтилмаган. Аммо йўқолган соғлигимизни «олтин сопи»ни қаердан топамиз. Бу катта муаммо. Соғлиқ ҳақида гапиравериб соғлигингизни қочириб қўйган бўлсак керак. Шунинг учун кейинги мавзумизни соғлиқни сақлаш тўғрисида юритсак. Яна ҳам аниқ қилиб айтадиган бўлсак спорт ҳақида, унинг ҳам миллионлар ўйини футбол ҳақида тўхталиб ўтсак.
Бу йил Осиё чемпионлар лигасида тўртта жамоамизнинг иштирок этаётгани кўпчилигимизни қувонтирганди. Минг афсуски ҳозирча “Насаф”дан бошқа жамоаларимиз ишончни оқлаганича йўқ. Қолганлар эса яна ўша эски баҳоналари билан қулоққа лағмон осишдан бошқа ишга ярамаяпти. Ярамаса ҳам керак. Қолаверса, ўтган йиллар давомида ОЧЛда кўпроқ ўрин олгунга қадар қанчалар ишларимизни «фотошоп» қилганимиз ўзимизга аён. Бугун ўша «фотошоп» ишларимиз амалда ўзини кўрсатмоқда. Юртимизга келган ОФК тафтиш комиссиясини алдаб ўзимиз ўйлаган квотани олгандирмиз. Аммо уларнинг ҳаммаси яхши дегани билан ғалвир сувдан кўтарилаётганда эришаётган натижаларимизга бир қарасак аслида ким кимни алдаганини билиш қийин эмас. Тўғри ҳали вақт бор. Жўжани санаш учун кузни кутишимиз керак. Бироқ аслида Осиё Чемпионлар лигасида қай даражада эканлигимизди кечаги ўйинлар айтиб турибди. Мана уч турки араб жамоалари клубларимизнинг асл қиёфасини очиб ташлаяптику? Худди Фонтамас сингари. Олдиндан бир гапни айтишим мумкинки келаси йилга иккита квотани сақлаб қолсак ҳам дўппимизни осмонга отишимиз керак. Чунки айни пайтда асл савиямиз фақат “икки”га баҳоланади. Ундан ортиғи таниш-билиш бўлиши аниқ.
Шу топда бир савол туғилади нега, нима учун бизнинг футболда амалга ошираётган ислоҳотларимиз ўз натижасини бермаяпти? Шунча қилган ҳаракатларимиз бекор кетмоқда. Ахир футболнинг энг катта мутасаддилари келиб бизнинг ишларимиздан хурсанд бўлиб кетганди-ку! Ҳа, хурсанд бўлиб кетганди. Фақат Тошкентга келганлари учун хурсанд бўлиб кетганди. Мабодо ҳаёл олиб бошқа бир вилоятга келганида борми? Буёғини гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, биз уларни йиғидан тўхтата олмасдик. Қўлига даста-даста рўмолча тутсак ҳам уларнинг кўз ёшлари тинмасди.
Бизнинг назаримизда федерация томонидан амалга оширилаётган ислоҳотли ишлар фақатгина пойтахт атрофида айлантириш билан оворамиз. Республикамизнинг қолган вилоятларида эса бунинг аксини кўришимиз мумкин. Кундан-кунга футболни назорат қилиш, унинг камчилигини аниқ ва равшан қилиб кўрсатиш йўқолиб бормоқда. Фақатгина саноқлигина спорт нашрларимиз буни амалга оширишмоқда холос. Уларнинг ҳам аксарияти қоғозга ўраб, монтаж қилиб, ё бўлмасам бир клубнинг манфаатини ҳимоя қилиб эфирга бермоқда. Мана шундай ишлардан сўнг қандай қилиб бизнинг футболимиз ривожлансин.
Бундан бир неча йиллар олдин ҳамкасбларимидан бири вилоят футболининг асл аҳволи хусусида бир-биридан чиройли кўрсатувлар бериб, ҳар бир вилоят футболига танқидий қараш қилиб озми-кўпми ўша жойларда ўзгариш бўлишига туртки бўлганди. Қани бугун ана шундай кўрсатувлар. Қани асл пардани кўтарадиган ижод аҳли. Ҳартугул федерациядан битта мутахасисни олиб вилоят футболини ҳар бир жабҳасини эринмасдан келиб ўз кўзлари билан кўриб, ипидан игнасигача текширса дарё-дарё камчиликларни кўриши турган гап.
Биз фақат бир ойда амалга оширган ишларнинг ҳисоботини оламизу, ундаги рақамларни кўриб натижаси яхши деб қўямиз. Аслида буёғини сув босиб ётганига қизиқмаймиз ҳам. Ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Очиғи эринамиз. Тошкентдан ташқарига чиқишга эринамиз. Бироқ, дам олиш бўлса дунёнинг энг узоқ мамлакатига ҳам борамиз. Эринмаймиз. Пойтахтга Это’o, Инеста, Пуёл, Ривалдо, Роналду ва Сколарини олиб келиш учун миллионлаб пулни сарфлаймизу. Атига юз минг кетадиган йўлга боришни истамаймиз. Чунки биз фақат олишга ўрганганмиз. Беришга эмас.
Шу топда Мирзабек Холмедовни бир аскияси ёдимга тушдиБир жуда кўп сўкинадиган одамни ҳажга юборибди. Зора, худо унга инсоф бериб тилини иймонли сўзлар билан бойитса деб. Хуллас... Ҳа, латифани охиригача айтмасдан юзингизда кулгу пайдо бўлдими? Қойил, зийраклигингизга. Аммо шундай бўлсада латифадаги охирги гапини яна бир бор ёдингизга солсамХуллас, ўша одам шайтонга тош отгандан сўнг меҳмонхонага келса бир тўда ШАЙТОН ўтирган экан. У кириши билан: эй, номард ЎЗИНГНИКИга ҳам тош отасанми, деб уни роса дўппослашган экан.
Мана энди сизга нима демоқчилигимни тушунган бўлсангиз керак. Ўзимникига тош отмай деб, муаммо устига муаммо қўшмоқдамиз. Ёпиғли қозонни ёпиғлигича қолдирмоқдамиз. Биз бир нарсани ҳамон тушуниб етганимиз йўқ. Кўза кунда эмас кунида синишини. Бизнинг бугунги мағлубиятларимиз кўзанинг емирилиши холос. Агар шу тарзда кетаверсак кўзамиз ҳам бир куни дарз кетиши аниқ.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

среда, 4 марта 2015 г.

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ

ёхуд инқирозга юз тутаётган “Динамо” ва сохта “ведимостлар” ҳақида ҳақиқатлар

Раҳбарнинг энг буюк мезони – адолат. Бу сўзнинг замирида бутун халқ тақдири, жамият истиқболи, мамлакатимиз келажаги мужассам бўлган. Буни чуқурроқ тушунайлик, чуқурроқ англайлик. Адолат ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. “Куч - адолатда” деган Амир Темур бобомизнинг бизга қолдирган ўгит-насиҳатларини эсимиздан, ҳаёлимиздан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.
Ислом Каримов

Дарҳақиқат, футбол ҳам худди шундай адолат талаб этиладиган ўйин. Чунки айнан ушбу жозибаси ҳар ким ёқадиган ўйинда адолат бўлмоғи лозим. Боиси бугунги кунда айнан футбол орқали бизнинг эртамиз эгалари соғлом ва баркамол бўлиши билан бир қаторда яхши тарбия олиб, адолатли фарзанд,  Ватанга содиқ, юксак камолот эгаси бўлиб улғайиши керак.
Сўнгги йилларда Самарқанд вилоятида футболни ривожлантириш ва уни оммалаштириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар футболини ривожлантириш, уларни турли хил мусобақаларга жалб қилиш борасида вилоятда қилинаётган ишларни кўриб кишининг дили қувнайди. Айниқса вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам мини-стадионларнинг ташкил этилиши ва бу орқали минглаб ёшларимиз футбол билан офушта бўлаётгани сўзимиз исботидир. Бироқ, болалар футболида қанчалик юксак натижага эришмайлик, вилоятнинг бош жамоаси саналмиш “Динамо” профессионал клубида амалга оширилаётган ишлар буларнинг мутлақо аксини кўрсатмоқда. Натижада клубнинг аҳволи йилдан-йилга тобора ёмонлашиб бормоқда.
Алдагани...
Халқимизда алдагани бола яхши, деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган. Сўнгги пайтларда “Динамо”да бўлаётган ишлар бевосита шу нақлни ёдимизга солди. Сабаби...
Жорий йил бошида “Динамо” ПФК биринчи вице президент Фирдавс Каримов вилоят ҳокими ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбарига “Динамо” клуби ҳалигача ПФЛ лицензиясини олмагани, лицензиялаштириш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаса ОФК томонидан жаримага тортилиши ва шунга ўхшаш бошқа масалалар кўтарилган мазмундаги хат йўллаган.
Мазкур хатга жавоб йўллаган ПФЛ директори Фарҳод Магометов “Динамо” ПФК алақачон лицензиялаштирилганини, бу борада клуб барча ишларни амалга оширганлиги ва ОФК томонидан ҳеч қандай жарима қўлланмаслигини исботловси сабабларни кўрсатиб, клуб биринчи вице президентининг ёзган хати ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тасдиқловчи жавоб хати йўллаган. Хўш энди ўзингиз ўйлангчи, нега профессионал футбол клубининг раҳбари вилоят раҳбарига ёлғон маълумотларга асосланган хатни юборди. Бу хатни юборишдан мақсад нима? Гарчи ПФЛ тўлиқ асосда хатга жавоб ёзган бўлсада “Динамо”да узоқ йиллардан бери ҳуқуқшунос бўлиб ишлаб келаётган Шуҳрат Ҳотамов ПФЛнинг жавоби нотўғри эканлигини важ қилиб ўз билганидан қолмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Чириган тизим...
Сўннги пайтларда клуб раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида клуб баъзаси мисли қамоқхона бўлиб қолгани ҳақида бир неча бор таъкидланган эди. Мана учинчи йил кетаяптики аҳвол ўзгаргани йўқ. Клуб футболчиларининг ҳар бир қадами жаримага тўлиб ётибди. Ўзига хос “бошқарув тизими”га эга бўлган клуб футболчилари олаётган ойликларини жарималар билан ёпиб юборишмоқда. Аслида қўллаётган жарималар асосли бўлсаку майли. Аммо буёғи ҳардоимгидек кўзбўямачилк.
Биргина мисол. Бир вақтлар клубда фаолият юритган легионер футболчи Владимир Киликевичнинг ойлик маошларини бермасликни мақсад қилиб клуб томонидан футболчининг спорт маҳорати йўқолганлиги тўғрисида сохта ҳужжат, яъни буйруқ тайёрлаб ПФЛнинг эътирозлар қўмитасига исботламоқчи бўлганди. Бироқ эътирозлар қўмитаси клуб томонида чиқарилган буйруқда футболчининг ҳам имзоси бўлиши, у нима сабабдан ойлиги қисқартирилганлигини билиши кераклигини айтиб эътирозни қабул қилмаганди. Ваҳолангки якунда Киликевич “Бухоро” клубида ўйнаш учун клубнинг рухсатномасига эҳтиёж чекканда, ҳуқуқшуноснинг қистови билан спорт формаси йўқолганлиги ҳақидаги тайёрланган сохта буйруққа имзо чекиш шарти билан ўз “открипителний”сини олишга муваффақ бўлган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сохта ҳужжат орқали ушлаб қолинган футболчининг ойлиги клуб ҳисобига қолдими ёки бошқанинг чўнтагини излаб топдими буниси бизга қоронғу.
Эски тос, эски ҳаммом
Ҳеч бир клуб асосий футболчиларсиз Олий лига тугул Биринчи лига мусобақасида ҳам бирор бир натижага эришолмайди. Айни пайтда жамоада олиб борилаётган ишларни оддий мухлис тугул ҳатто футболнинг етук мутахассиси ҳам тушинмайди. Клуб янги мавсум аввалида ўз таркибини деярли янгилаб бўлди. Ўзингиз ўйланг, ҳар мавсум ўз таркибини ўзгартирадиган, ҳар олти ойда янги футболчи олиб келадиган жамоа қайси мусобақада натижага эришган? Ўтган йили Равшан Ҳайдаров, бу йил Тажмурот Агамуродов жамоа таркибини бутунлай ўзгартириб ташлади. Энг ачинарлиси “Динамо” таркибидан маҳаллий футболчиларга умуман ўрин қолмаяпти. Шартнома имзолаган футболчилар ҳам ўз меҳнати учун арзимас маблағ олмоқда. Клуб яқиндагина ўз фаолиятини бошқа жамоада давом эттирмоқчи бўлган клуб қошидаги футбол мактаби тарбияланувчиси, Ўзбекистон U-16 терма жамоаси аъзоси саналган ўйинчи Жонибек Кўчимовнинг трансфер нархини 60 миллион қилиб белгилади. Табиийки ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган футболчини бирор бир жамоа бундай катта маблағ эвазига сотиб олишмайди. Ўзига ҳос трансфер нархи асосида клуб Жонибек Кўчимов билан якунда икки йиллик шартнома имзолаб, ойига атиги икки юз минг сўм ойлик белгилади. Хўш, бу маошга кулайликми ёки йиғлайлик. Ахир бу пул қайси футболчининг эҳтиёжларини қондиради?
Маҳаллий ёшларни клубга жалб этиш ўрнига уларни “Динамо”дан бездириш, бугун кучга тўлиб клубга нафи тегади деб турган футболчиларни бошқа жамоага трансфер қилиш орқали клуб раҳбарияти ўз нафсининг қулига айланиб бормоқда. Биргина, ўтган йиллар давомида жамоада катта тажриба тўплаган Абдулло Набиев “Машъал” клубига қўйиб юборилди. Аввалига футболчининг нима сабабдан қўйиб юборилганлиги кўпчилик самарқандлик футбол ишқибозлари учун мавҳумлигича қолаётганди. Сўнгги маълумотларга кўра “Динамо” клуби “Машъал” жамоасидан футболчининг трансфери учун 45 миллион сўм талаб қилаётган экан. Тўғри, кимдир клубнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш учун мана шундай трансферларни амалга ошириш керак ва бошқа маҳаллий футболчиларни қайта тайёрлаш лозим деган хулосага келар. Бироқ жамоанинг ҳозирги аҳволида Абдулло Набиев каби футболчиларнинг қўйиб юборилиши тўғри ишмикан. Ёки ушуб футболчи орқасидан ҳам клуб қандайдир манфаат изламоқдами?
Яна бир бошқа футболчи Акмал Бозоров ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Айни пайтда ҳеч бир жамоада тўп сурмаётган футболчи нега клуб мутасаддилари томонидан жамоага таклиф этилмаяпти. Ахир ушуб футболчи ҳам ўз вақтида жамоага фойдаси теккан ва кўплаб учрашувларда клубни мағлубиятдан қутқариб қолишда ўзининг ҳиссасини қўшганку. Нега маҳаллий футболчиларга жамоадан ўрин топилмаяпти? Бунга клуб раҳбарияти сабабчими ёки мураббийлар?
Ўз ҳомийларига Самарқандда футболчи йўқ, дея эътироф этган клуб раҳбарияти вилоятда ташкил этилаётган бирор бир мусобақага мураббийларни юборишмайди. Уларга маҳаллий ёшларни кузатиш, улар орасидан иқтидорлиларни саралаб олиш ва тарбиялашдан кўра ўқув-йиғинини баҳона қилиб Тошкентда меҳмонхоналарда ётиб дам олиш афзал.
Қарз муносабатни бузади
Биз юқорида “Динамо-плюс” профессионал футбол клубининг шикоят хатию, унга жавоб йўллаган ПФЛ директори Фарҳод Магометовнинг жавоб хати хусусида тўхталгандик. Ушуб хатга муносабат билдирган Магометов клубнинг лицензия ишлари билан бир қаторда “Динамо”нинг тўпланиб қолган қарзлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Келинг шу ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсак.
Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним деганларидек, клуб 2014 йил ҳисобидан ПФЛ ва футболчилардан тўпланган қарзлари анча маблағни ташкил этади. Хусусан, клуб ўтган мавсумда ПФЛ томонидан тортилган қарийб 9 миллион сўмга яқин қарзини ҳалигача тўлагани йўқ. Шунингдек, “Пахтакор” клуби билан бўлган ўйиндан сўнг “Динамо” футбол ишқибозлари томонидан “халқ жамоаси”нинг автобуси ва машинасига келтирилган зарарни ҳам ҳалигача қопламаган. Маълумотларга кўра ушбу жарима 28 миллион сўмни ташкил қилар экан. Қолаверса, янги мавсум бошланишидан аввал ПФЛ томонидан белгиланган 110 миллионлик бадал пули ҳам тўланмаган. Ваҳолангки, клубнинг кафолат хатида 2015 йилги мавсумнинг бадал пули 1 февралга қадар тўланиши айтиб ўтилган. Энг қизиғи, ўтган йили трансфер нархи 7 миллион қилиб белгиланган “Машъал” клубидан сотиб олинган футболчи Жасур Азимов учун тўланиши лозим бўлган пулнинг 5 миллион сўми ҳалигача тўлангани йўқ. Хўш, нега биз профессионал деб атаётган клуб ҳалигача қарзлар ботқоғига ботиб ётибди. Ахир ҳар йил мавсум аввалида клуб ўз сметасини белгилаб олган ҳолда, ўша смета асосида иш юритадику? Маълумотларга кўра ўтган йили “Динамо” ПФКнинг йиллик сметаси етти миллиард сўмни ташкил этган. Энди айтингчи бу пуллар қаерга, ёки кимнинг чўнтагини “излаб” топди.
Яқиндагина championat.asia сайтида “Динамо футболчилари ЎФФга мурожаат этишди” сарлавҳа остида хабар эълон қилинди. Ушбу хабарда Самарқанднинг “Динамо” клуби ўтган мавсум учун жамоа футболчиларидан ҳамон қарзи борлиги айтиб ўтилган. Хабарда қайд этилишича жамоа футболчилари 2014 йилнинг июн ойидан бери маошсиз ўйнаб келган. Клуб расмийлари дастлаб, декабр, сўнг январ ойининг охиригача қарздорликдан қутилиши ҳақида футболчиларга ваъда беришган. Бироқ мана феврал ойи тугаб март ойи бошландики ҳамон футболчилар ўз маошларини олишолгани йўқ. Бу борада клуб қошидаги аёллар жамоасини айтмаса ҳам бўлади. Улар қачон маош олишгани умуман эслай олмаса керак.
Маълумотларга кўра “Динамо” клуби раҳбарияти “Навбаҳор” билан бўлган ўйиндан кейинги мукофот пулларини олганлиги тўғрисида футболчиларга бўш “ведимост”га қўл қўйиб олдиришган. Худди шунга ўхшаш “ведимост”га 2014 йилнинг август ойи “питание”си учун ҳам кўрсатилмаган маблағга қўл қўйдиришган. Аслида эса, қонунчилигимизда ҳар бир ишчи ходим олаётган маошини ўзи билиши ва ойлик олганда аниқ сўмма кўрсатилиши белгиланган. Клуб биринчи вице президенти Фирдавс Каримов томонидан сўммаси кўрсатилмаган маблағларга мажбурий имзо қўйдирилиши жиноят эмасми? Хўш, бу йўл орқали давлат томонидан ажратилган пуллар ўзлаштирилаяптими ёки тежаляптими? Назаримда сўзимизнинг биринчиси ҳақиқатга яқинроқ.
“Динамо” футболчиларнинг маошларини тўлашга келганда фақатгина легионер ўйинчи Андрей Мельничук ўз маошларини олишга мушарраф бўлгану, қолганлар ҳамон қуруқ ваъдаларга ишонишдан бошқа иложи йўқ. Нега клуб раҳбарияти легионер футболчини “рози” қиладию маҳаллий футболчига келганда пул топилмайди. Чунки, легионер футболчи агар пулини ололмаса тезда ФИФАга арз қилади. Балки шунинг олдини олиш учун бу иш амалга оширилгандир. Аммо маҳаллий футболчиларни андишага йўйиб уларни ярим йил давомида маошсиз ўйнатишга клубнинг ҳаққи бормикан аслида? Андишанинг отини қўрқоқ қўйиб ўзимизнинг иқтидорли футболчиларни истаган куйига ўйнатаётган клуб раҳбаридан келажакда нима кутсак бўлади? Хўш, манашундай ишлар билан “Динамо” юксак марраларга эриша оладими?
Клубнинг футболчи ва бошқа масалалардан тўпланган қарзлар борасида гап кетганда Тошкентдаги ўқув-йиғин машғулотлари пайти турган меҳмонхоналар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Клуб ўтган йили истиқомад қилган “Миракл” (Miracle) меҳмонхонасидан ҳам 5 миллион сўмдан ошиқ қарзи бўлган. Жамоа мутасаддилари узоқ вақт мобайнида ушбу қарзларини тўламай пойтахтдаги “Саёҳат” (Sayohat) меҳмонхонасига туришга “мажбур” бўлишган. “Миракл” меҳмонхонаси ходимлари катта қийинчиликлар билан ўз пулларини олгандир. Аммо “Саёҳат” меҳмонхонасининг хизматлари учун клуб ҳақ тўладими йўқми бизга қоронғу. Ҳар ҳолда жорий йилги мавсумда жамоа Тошкентдаги ўз меҳмонхоналарини ўзгартиришга мажбур бўлишган. Гап меҳмонхона ҳақида кетар экан яна бир мавзуга тўхталиб ўтиш лозим. Клуб футболчилари “Саёҳат” меҳмонхонасида истиқомад қилган вақтда жамоа раҳбариятининг қистови билан икки кишилик хонага уч, баъзан тўрт киши туришга мажбур бўлишган. Энди икки краватнинг ўртасига матрас тўшаб ётган футболчининг ҳолатини кўз олдингизга келтираверинг. Балки буни ҳам иқтисодий тежамкорлик деб ўйларсиз?
Қорнимга эмас, қадримга...
Футбол шундай мураккаб ўйинки, унинг қийинчиликларини яшил майдонда тўп сурган инсонгина билади. Кимларнингдир назнида миллион-миллион пул топаётган футболчи биргина жароҳати туфайли бор-будини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Клуб томонидан тўланаётган пулни ўз вақтида олсаку майли. Аммо жамоа раҳбарларининг бугун бераман, эрта бераман, индин бераман деган ёлғон гапларига учиб, маошсиз қолса бундан ортиқ азоб йўқ назаримда.
Ҳаммамиз биламизки клубга ўзининг катта меҳнати синган иқтидорли футболчи Сирожиддин Сайфиев “Локомотив” билан ўйинда “темирйўлчилар” футболчиси Бобурбек Йўлдошевнинг қўпол ҳаракати эвазига оёғини синдириб олди. Натижада футболчи маълум вақт катта футболдан узоқлашишга сабаб бўлди. Майли, бу бир кўнгилсиз ҳодиса, яшил майдонда бундай ҳолат бўлиб туради деб ўзимизни овунтирайлик. Аммо клуб раҳбарияти томонидан футболчига ҳеч қандай ёрдам берилмагани, тўланиши лозим бўлган маошлари шунча вақт ўтган бўлсада ҳамон тўланмаётгани, энг ачинарлиси ҳатто инсонийлик юзасидан бўлсада бир бора қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўралмаганини қандай тушиниш мумкин.
Яқинда футболчилик фаолияти давомида жароҳат олиб футболни тарк этган Камолиддин Кенжаевни қўллаб-қувватлаш мақсадида шоу дастури ўтказилиб, ундан тушган маблағ футболчининг саломатлигини тиклашга ажратилди. Бу ташаббусни футболчилар қаторида минглаб қашқадарёлик футбол ишқибозлари ҳам қўллаб-қувватлашди. Бундай хайрли ишдан нафақат футболчи, балки унинг яқинлари ҳам қанчалик шод бўлганини изоҳлаш шарт эмас назаримда. Оғир кунга қолган, яқинлари меҳрига ташна бўлиб турган футболчи учун бундай хайрли ишни қилган инсонни таърифлаш ҳам шарт эмас назаримда. Қисқаси бу савоб ишга қўл урганларга минг бора раҳмат айтсанг арзийди.
Аммо Сирожиддин Сайфиевга келганда “Динамо” раҳбарияти тутаётган иш ҳеч бир куракда турмайди. Олти ойидан бери ойлик ололмаётган, боз устига жароҳат олиб клубнинг эътиборидан четда қолган футболчининг кўнглидан нималар ўтаётгани бизга қоронғу. Майли вақт ўтиши билан бу оғир кунлар ҳам ўтиб кетар. Аммо ўртада инсонийлик оқибатлари йўқолиб кетаётганлигини унутмайлик.
Аслида эса футболчилар билан тузиладиган шартномада келтирилган бандда жароҳат олган футболчи тўлақонли клуб томонидан даволаниши кўзда тутилган. Бироқ клуб раҳбарияти футболчининг мажбуриятларини талаб қилиб, ўзининг мажбуриятларига келганда елка сиқишини умуман тушуниб бўлмайди. Минг афсуски бугун Сирожиддин Сайфиев қаторига ёш ва умидли футболчи Фирдавс Абдусалимовни ҳам қўшишга мажбурмиз.
Тўғриси, клубда пул йўқлиги сабабли Сирожиддин Сайфиевнинг маоши ўз вақтида тўланмаётган бўлса керак деб ўйлагандим. Аммо кейинчалик маълум бўлишича клубда футболчига, унинг саломатлигига бўлган эътибор умуман йўқ экан. Яна бир бор таъкидлаб ўтишга мажбурман клуб раҳбарияти, хусусан Фирдавс Каримовнинг ташаббуси билан футболчиларга ишлатилаётган дори-дармон воситалари алоҳида рўйхат қилиниб, имкон қадар ушбу харажат қисқартирилиш талаби қўйилибди. Натижада клуб шифокори ҳар бир футболчига неча сантиметр лекопластер, неча грамм маз, ва бошқа дори воситалари ишлатилганли тўғрисида алоҳида баённома тузишга мажбур бўлаётганига тушунмайсан киши. Энг ёмони, ҳеч бир профессионал футбол клуб фаолиятига тўғри келмайдиган, баъзи футболчилар эшитса куладиган жиҳати шундаки футболчилар оладиган массажда овқат ёғи ишлатилиши ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Балки ишонмаслигингиз мумкиндир, аммо кимнингдир яқини, яна кимнингдир дўсти “Динамо”да тўп тепган бўлса сўрашингиз мумкин. Айнан улар ушбу фикрни тасдиқлайди.
Мухтасар қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ривожланишга юз бурган жамият юксак малакали, салоҳияти фаол ҳаракатга кўчган раҳбар кадрларга эҳтиёжманд бўлади. Бироқ, қайсидир раҳбар муайян вазифаларни бажариш ҳақида ваъда берган экан, ваъдасини бажариши, агар заифлк қилса, ўз ўрнини бўшатиши керак. Боиси битта заиф раҳбар туфайли минг-минг одам, миллионлаб фуқаро зарар кўриши мумкин. Минг афсуски бугун нафақат “Динамо” профессионал футбол клуби, балки бутун бошли Самарқанд футболи ва унинг минглаб ишқибозлари ўша зарарни кўришмоқда.


Фарҳод НОРБЎТАЕВ

воскресенье, 30 марта 2014 г.

ЁМҒИРДАН ҚОЧИБ, ДЎЛГА ЙЎЛИҚҚАН "НЕФТЧИ"

Машҳур файласуфлардан бири “қонунларнинг кераги йўқ, чунки ёвуз одамлар уларга бўйсунмайдилар, эзгу одамлар эса қонунлар бўлса-бўлмаса, барибир ҳам жиноят содир қилмайди” деган эди.
Дарҳақиқат бугунги кунда мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳукумат томонидан чиқарилаётган қонунларнинг бари аввало ўзбек футболини ривожлантириб, унинг довруғини дунёга танитишга қаратилган. Бироқ сўнгги пайтларда футболимизда “салла деса каллани” олиб келадиган айрим раҳбарлар сабаб чиқарилаётган қонунларимизни айланиб ўтиш ҳоллари кўп бўлаяптики, бунинг жабрини фақатгина ўзбек футболию унинг мухлислари тортишмоқда. Энг ёмони футболимизда эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб шунчаки нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмаётган раҳбарларнинг сони ошса ошаяптики асло камаймаяпти.
Йиртилган ҳақиқат
Ўтган йилнинг 11 май куни ўз уйида “Гулистон”ни қабул қилган “Нефтчи” ғалабани “Фарғона ҳақиқати” газетасини йиртиш билан нишонлади. Дилёрбек Эрматовнинг бу ҳаракати бундан сал аввал ушбу газетада танқидга учралган Юрий Саркисянни ишдан олиш учун катта баҳона бўлди холос. Юрий Вазгеновичнинг “сайраши”га сабаб бўлган бу ҳаракат ўзини тўлақонли оқлади. Натижада чорак асрлик умрини Фарғона футболига бағишлаган инсон бир лаҳзанинг ичида ҳатто рахматга ҳам лойиқ кўрилмай жамоадан ҳайдалди. Қисқа фурсатдан сўнг ўзининг қилмишидан пушаймон бўлган футболчи яна ўша газетада ҳаммадан кечирим сўради. Аслида эса бу қилмиши учун Саркисяндан кечирим сўраши керак бўлган футболчи ўшандан бери “Нефтчи” жамоасининг сардори бўлиб келяпти. Мана мансаб ва амал учун ўз устозининг юзига оёқ қўйган шогирднинг иши. Кўриб қўйинг, устоз-шогирд муносабатини. Ушбу воқеаларнинг шунчаки қурбони бўлган Юрий Саркисяннинг ҳолини бир неча ҳафта олдин қўйилган “Футбол шарҳи” кўрсатувида кўрган бўлсангиз керак. Шундай экан изоҳга хожат йўқ.
Савол туғилади, хўш нега Фарғона футболи учун ўз умрини бағишлаган инсон ўша вилоятга керак бўлмай қолдию, бугун бўлса “Бунёдкор” учун тажрибали мураббий сифатида клубда эзозланиб, у ерда фаолият юритяпти? Зарбоп тўннинг ўрнига йиртиқ чопонни ҳам эп кўрмаган фарғоналик футбол мутасаддилари ўша воқеадан сўнг нима топишди. Ўз вақтида Саркисяннинг кетишини худди 90-йиллардаги “Нефтчи” қайтиб келгандек тантана қилганларнинг бугун қилаётган иши курак тугул текис асфалтда ҳам турмаяптику.
Мирзабоевнинг оилавий жамоаси
Ўзбекистонда фақат биттагина оилавий жамоа бор. Ҳа, топдингиз ўша “Суюнчи” фильмидаги
Шермат аканинг оилавий жамоаси. Ия, бу жамоа кинода холоску дерсиз. Йўқ, бугун ушбу жамоа ҳаётда ҳам ташкил этилди. Қачон дейсизми? Ўша матбуот анжуманида турли хил латифалари билан журналистлар орқали оммани кулдирадиган Юрий Саркисян кетгандан сўнг ташкил этилган “Мирзабоевлар оилавий жамоаси”.
Келинг шархимизни бошлашдан аввал “Нефтчи” жамоаси таркиби билан таништириб чиқай: жамоа бошлиғи – Комил Мирзабоев (вилоят футбол федерацияси вице президенти деган лавозимидан ташқари), жамоа мураббийи – Диёр Мирзабоев (Болалар ўсмирлар футбол макатби ва Фарғона футбол лицей-интернати мураббийлигидан ташқари эгаллаб турган лавозими).
Буни қарангки катта умидлар билан клубга келган Мурод Исмоилов “Нефтчи”да ҳам катта қўғирчоқ бўлиб юрибди. Клуб футболчиларининг тақдирини бош мураббий Исмоилов эмас, балки айнан клуб раҳбарининг ўғли Диёр Мирзабоев ҳал қилиши кўпчиликнинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмасдир-а! Ҳар икки гапнинг бирида “ҳоким ҳал қилади” деган гап билан ҳокимни айбдор қиладиган Комил Мирзабоев аслида жамоа уловини ўз ўғлига топшириб қўйганини “Нефтчи”га ўғлини олиб борган ота-оналару, жамоа аҳволидан хабардор кишиларгина билади холос.
Оддийгина 1993 йилда туғилган марғилонлик футболчи Ғанижон Қобилов билан ҳам клуб 2017 йилнинг 10 январига қадар 3 йиллик шартнома имзолаган. Бироқ ушбу футболчи Диёр Мирзабоевнинг “талаби”га тўғри келмагани учун у билан тузилган шартнома ПФЛ тасдиғига юборилмаган. Аниқроқ қилиб айтганда футболчининг шартномаси шунчаки кўзбўямачилик учун тузилган холос.
Қизиқ жиҳати шундаки, Ғайратжон Қобилов “Олмалик” ва “Бухоро” сингари клубларга бориш истагини билдирганда ушбу жамоалар “Нефтчи” билан шартномаси бўлгани учун уни клубга ололмаслигини таъкидлаган. Энди ўзингиз ўйланг, ёш футболчини чув тушириб, унинг келажагига тўсқинлик қилаётган раҳбарни Фарғона футболи фидойиси деб бўладими? Бу биргина мисол. Фарғона футболи учун меҳнат қилишга тайёр бўлган, бироқ “Нефтчи”га сиғмаган футболчилар кам деб ўйлайсизми? Яхшиямки Олий лигада бошқа жамоалар борки “Нефтчи”га кераги бўлмаган футболчилар ўша жамоаларнинг асосий таркибидан ўрин олиб майдонга тушишмоқда.
Ҳа, айтганча клуб техник директори, бош ҳисобчиси ва унинг ёрдамчилари ҳам оилавий жамоа қайдномасидан ўрин олганидан хабарингиз бўлса керак.
Ётиб есанг тоғ ҳам ағдарилади
Буғдойнинг исини олган сичқон деворни ҳам тешади. Буни қарангки, Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи”га келиши худди буғдойнинг исини олган сичқонга ўхшайди. Нега дейсизми? Ахир клуб ҳисобида ётган миллиардлаб пулнинг ҳидини билган одамнинг томоғи қимирламай қаери қимирласин. Келинг ҳаммасини бошидан бошлайлик.
Юрий Саркисяндан сўнг жамоага бош мураббий бўлиб келган Амет Маметга 100 миллион “подёмний” берган бошлиқ шу дондан бир чимдим олмаганига ҳеч ким ишонмайди. Ахир бир қоп буғдойни оилавий ўғирлаган сичқонлар ичида катта сичқон ўзининг улушини ажратмай иложи йўқда. Энг қизиғи айни пайтда ҳам Амет Маметга тузилган шартнома пуллари ҳамон тўланиб келинмоқда. Буни қарангки ушбу шартномадан ҳалигача вилоят ҳокимининг хабари йўқ экан.
Сўнгги пайтларда халқ оғзида молингни сот, қўйингни сот футболчи бўл. Жуда бўлмаса бирор бир клубга бир йил ё мураббий ё раҳбар бўлсанг кифоя, деган кинояли мақол юради. Сабаб дейсизми? Тўпиғи сув кўрмай туриб миллионлаб пулларни олаётган футболчию мураббийларга, уларнинг нонидан улуш олаётган раҳбарга ҳамманинг ҳам ҳаваси келади-да! Кимнинг ҳам пешона териси оқмай туриб пул топгиси келмайди дейсиз. Айниқса, “Нефтчи”дек клубнинг раҳбари сифатида миллиардлаб пулни бошқаришу, бу жамоанинг мураббийи бўлиб миллионлаб ойлик олишни истаган одамлар йўқ деб ўйлайсизми? Булар фақат ойлик. Мукофот пулидан тушадиган фойдани айтсак молу-қўй тугул уйини сотиб ҳам ё футболчи, ё мураббий, ёки клуб раҳбари бўламан деган одамлар сони кўпайиб қолиши аниқ. 
Гап келганда ўтган йилги “ҳайдалиш операцияси”нинг қурбонлари қаторида бўлган Анвар Бердиев ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Маълумотларга кўра Бердиев “Нефтчи”га ҳурмати сабаб клуб тўлаши лозим бўлган 35 миллион пулни олмасликка қарор қилган ва ушбу суммадан воз кечган. Бироқ клуб раҳбарининг талабига биноан футболчи оқ қоғозга олмаган пулини олдим деб қўл қўйиб берган. Хўш, айтингчи, Анварнинг пуллари кимнинг чўнтагини “излаб” топди. Бу жумбоқ саволга ҳали бери жавоб топилмаса керак. Бу ҳали ҳолваси. Анвар Бердиевдан ташқари Шерзод Ҳакимов, Бахтиёр Ёқубов сингари футболчиларнинг ҳам дарди ўз ичида. Улар ҳам олмаган пулини олдим деб жамоадан кетишган. Хўш ушбу футболчиларнинг пуллари қаерга кетган?
Чала футболнинг дала ўйинчилари
Етти ойда туғилган болани чала туғилган бола дейишади. Хўш, шундай экан олти ойлик шартномани қандай аташ керак. Чала тузилган шартномами? Чала туғилган боладай бир неча йилдан бери ярим йиллик шартномалар билан Олий лига жамоаларнинг пулини олаётган Зайниддин Тожиев, Ғулом Ўрунов, Вячеслав Понамарёв ва Мирзакамол Камолов сингари футболчилар ҳам Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи” ҳисобидаги катта кўтарма пулию, ёшидан ҳам катта ойлик эвазига клубга келгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, жуда катта кўтарма пули эвазига “Нефтчи” аъзосига айланган Зайниддин Тожиев вилоят ҳокимига голларим билан жамоага ёрдам бераман дедию бу ёғи “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидек битта қўзи бўлиб қолди. Айни пайтда ушбу футболчилардан фақатгина Вячеслав Понамарёвгина клубда холос. Қолганлари эса яна ўша чала шартномаси билан бошқа клубларнинг “қонини ичишмоқда”.
Яна бир гап. 2013 йилда “Олмалиқ” жамоасида ўйнаган, бироқ ушбу клубга керак бўлмай қолган Игор Петковични водийга келиши оз эмас кўп эмас нақд 200 миллион сўмга тушганини кўпчилик билмаса керак. Ҳозирда жамоада ўзини тиклаш билан банд бўлган футболчининг ойлиги ҳам АҚШ долларида тўланишига нима дейсиз? Иқтисодий аҳволни сабаб қилиб Биринчи лигадан бош тортаётган клубларнинг бир йиллик харажатига тенг пулни битта футболчига бераётган “Нефтчи” фақатгина Олий лигадан тушиб кетмаслик учун сарфлаяптими?
“Нефтчи” даволаш маркази
Ҳаммамизга маълумки ҳар йили мавсум олдидан барча жамоа футболчилари тиббий кўрикдан ўтказилади. Чиғатойда жойлашган ушуб ташкилотнинг якуний хулосасига асосан футболчиларга мавсум давомида майдонга тушиш ҳуқуқи берилади. Буни қарангки “Нефтчи” жамоасига чақирилган аксарият футболчилар ҳатто тиббий кўрикдан ўтолмаган. Хусусан, нигериялик футболчи Девид Ония ҳам тиббий кўрикдан ўтолмай, “заявка”га кирмаган бўлсада ҳамон жамоа ҳисобидан даволаниб юрибди.
Айниқса, Фарғонага россиялик легионер футболчи сифатида катта кўтарма пули эвазига чақирилган Левани Гвазава нима мақсадда клубга чақирилганини ҳеч ким тушунмайди. Хабарларга кўра клубнинг яхшигина пули эвазига ташриф буюрган россиялик футболчи Фарғонага ўз формасини тиклаш учун ташриф буюрган холос. Соғлиғини санаторияда тиклашга келган одамдек “Нефтчи”да “заявка”сиз яшаётган Мамажонов, Жалилов сингари футболчиларни санаб чарчайсан киши. Хўш, ўша футболчилар кимнинг ҳисобидан кун кўришмоқда. Ёки клубнинг пули шунчалик ошиб-тошиб ётибдими?
“Комил шоу”
Вилоят ҳокимининг буйруғига асосан фарғоналик ёш иқтидорли футболчиларни “Нефтчи” клубига саралаб олиш мақсадида ташкил этилган “Нефтчида ўйнашни ҳоҳлайсанми?” турнири ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Расмий номи барчани қизиқтирадиган ушбу турнир ёш футболчилар орасида “Комил шоу” номи билан машҳур. Ўнган йилнинг декабр ойида ўтказилган “Комил шоу” мусобақасида вилоятда ташкил этилган клубларда тўп сурувчи салкам 500 нафар фарғоналик ёши иқтидор эгалари иштирок этишган. Бироқ ушбу футболчиларнинг бирортаси “Нефтчи”нинг, аниқроқ қилиб айтганда клуб раҳбарининг талабига “жавоб” бермаган.
Энди ўзингиз ўйланг, 500 нафар футболчи орасидан клубга атиги бир нафар бўлсада футолчи муносиб кўрилмаган бўлса вилоятда футболни ўсиш дейиш керакми ёки ўлиш. Хўш бунинг учун вилоят футбол федерацияси вице президенти қандай жавоб беради. Фарғоналик ёшлардан ҳеч бир футболчи жамоага қабул қилинмагани вилоятдаги бирор бир мураббий илшамаётганидан далолат эмасми?
Яна бир ҳолат. Юрий Саркисяннинг “Нефтчи”дан кетиши орқали нафақат клубнинг ички тизими, балки эски уловлари ҳам четга чиқарилди. Булар қаторида узоқ йиллар давомида фарғоналик футболчиларни оғирини енгил қилиб келган “Икарус” автобуси ҳам эскилар қаторига қўшилди. Шу боис ҳам клуб янги автобусга эҳтиёж сезди. Натижада жамоага Хитойдан 47 минг АҚШ долларига “Фотон” русумли автобус олиб келинган.
Тушунарсиз ҳолат. Узоқ Хитойда 47 минг АҚШ доллар турган автобуснинг Фарғонага келганча нақд 450 миллион сўмга айланганини пашшадан фил ясашнинг исботи деса бўлади. Энг қизиғи шунча катта миқдорда келган автобус айни пайтда бузуқ бўлиб, клуб ўзининг эски “Икарус” автобусида юрганига кўпчилик ишонмаса керак.
Ишонч
Бир йил аввал Фарғона вилоят ҳокими “Нефтчи” жамоасига янги раҳбар сифатида Комил Мирзабоевни тайинлаганда унга катта ишонч билдирилган эди. Айниқса фарғоналик ёш футболчиларни ўстиришда, Олий лига ўйинларида вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун билдирилган ишончни сўз билан ифодалаш қийин. Ҳаммамиз биламизки ишонч катта нарса. Уни оқлаш шунчаки деворни оқлаш эмас. Вилоят ҳокими ўзи ишонч билдириб футболни ривожлантириш учун танлаган инсон вилоят футболини орқага тортиб турса, хўш футболда кимга ишониш керак. Ҳали бир йил бўлмасдан туриб фарғоналик футбол мухлисларининг нафратига учраган клуб раҳбаригами ёки “Ишонаманки, “Нефтчи” Олий лигадан тушиб кетмайди, деган Мурод Исмоиловга? Футболда кимга ишонишни ҳам билмай қолди мухлислар. Қисқаси, машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек, балиқ бошидан сасийди, думидан тоззаланади. Балиқни тоззалаш вақти келди, назаримда?!
                                                                 
                                                                                                                            Фарҳод НОРБЎТАЕВ