суббота, 28 октября 2017 г.

ПАСТДАРҒОМДА 122 МИЛЛИОН СЎМГА КАТАК ҚУРИЛАЯПТИ...МИ?

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг уйга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида арзон нархдаги намунали уйлар қурилиши йўлга қўйилди. Бугун кўплаб фуқароларимиз мазкур уйлардан олишни ўз олдига мақсад қиган. Шу боис ҳам ҳозирги кунда арзон нархдаги намунали уйга бўлган талаб кўп. Бу борада барча вилоятлар имкон қадар қурилиш ишларини амалга оширмоқда. Бироқ, арзон нархдаги намунали уйларнинг сонига эътибор бериб, унинг сифатига панжа орасидан қараш ҳоллари бўлмоқдаки, бу ҳолат фуқароларнинг ҳаётига жидди хавф солувчи (худо кўрсатмасин, оқибати ўлим билан тугаши эҳтимоли катта бўлган) қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари, хусусан интернет нашрларида намунали уйларнинг бугунги аҳволи, уларнинг аянчли манзаралари ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Хабарларда келтирилган фото ва видео тасвирларни кўрган ҳар қандай киши ёқа ушлайди.
2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Қароридан сўнг қурилиш ташкилотлари томонидан уйларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратса керак деган ўй ўтганди ҳаёлдан. Аммо яна “чучварани хом санабман”.
Намунали уйларда қанчалик кўп камчиликлар учраётган бўлса, арзон нархдаги уй-жойларнинг қурилишидаги камчиликлари ҳам аввалгисидан қолишмаяпти. Бу қурилишларда ҳам маблағлар ўзлаштирилмоқда, яшашга яроқсиз, сифати паст уйлар барпо этилмоқда.
Пастдарғом тумани “Камолот” массивида янги лойиҳа асосида қиймати 122 миллион сўм бўлган намунавий уйлар қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги, ушбу ҳудудда уйларга буюртма берган фуқаролар қурилиш жараёнидаги сусткашлик ва камчиликлардан қаттиқ норози эканли тўғрисида ҳамкасбимнинг («СТВ» телеканали мухбири Мўтабар Нурмуҳаммедова) махсус репортажидан сўнг “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақл нақадар тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Туманда ҳам арзон уй-жойлар қурилиши аниқ бўлгач қанчадан-қанча оиланинг қувончи ичига сиғмаганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Уй олиш илинжида ўн эшикни таққиллатишу, эшик ортидаги одамнинг “розилигини олиш”нинг ҳам ўзи бўлмайди. Юзлаб, ҳатто минглаб талабгорлар ичида “Камолот” массивидан арзон нархдаги уйга эга бўлиш ҳуқуқини кўлга киритганларнинг бахтиёрлигинику айтмаса ҳам бўлади.
Ушбу массивдан уй олиш илинжида бир нечта фуқаро тегишли ҳужжатларни тўплаб "Қишлоқ қурилишинвест" инжиниринг компанияси вилоят филиалига топширишган. Ҳатто шартнома тузишиб, янги уй учун 2017 йилнинг январ ойида бошланғич тўловини ҳам тўлаб қўйишган. 
Афсус билан айтишимиз мумкинки, “216-сон таъмирлаш қурилиш” корхонаси томонидан уйлар шунчаки мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида қурилмоқда. Уйнинг деворига ёш боланинг қўли тегиб кетса ҳам қулаб тушиш даражасида. Наҳотки, Самарқанд вилоятида намунали уй қураётган қурилиш ташкилотлари шу даражада кўзбўямачиликка ўтиб кетган бўлса деган савол қийнайди кишини. Шунчаки қўл учида қурилаётган бу уйларнинг қурилиш талабларига жавоб бериши, уларнинг сифати қай даражада эканлигини назорат қиладиган бирор бир жавобгар ташкилот йўқ.
Борлари ҳам ўзаро “сиздан угина, биздан бугина” қабилида “яхши”, “сифатли”, “талабга жавоб беради”, “кўрсатилган ҳамма ишлар тўлиқ бажарилган” деган ёлғон хулосалару, сохта хатлар билан ёпилиб кетмоқда. Жабри эса, яна ўша соддадил уй эгасининг бўйнига. Унинг айби кредитга арзон нархдаги намунали уй олганлигида! (Қурилиш ташкилотларининг бунақанги найрангларини кўриб баъзан, 122 миллионга ўзингни, фарзандингни, оилангни, яқинларингни, дўстларингни ҳаётини хавфга солувчи уй олгунча, 122 минг сўмга чайла қуриб яшаган маъқул эмасмикин деб ўйлаб қоламан)   
Бундай кўзбўямачиликлар қачонгача давом этади. Бу қинғирликларнинг, оддий аҳолини алдашнинг сўнгги куни ҳам бормикан. Қурилиш ташкилотларининг виждони қачон уйғонади. Ҳардоимгидек, охири йўқ саволлар кишини қийнайди.
Қизиқ томони шундаки, янги уй эгалари билан тузилган шартномада уй-жойларнинг топширилиш муддати кўрсатилмаган. Очиқ қолдирилган. Шунчаки оғзаки тарзда мустақиллик байрами арафасида янги уйлар фойдаланишга топширилиши айтилган холос.   
Майли уйлар кеч бўлсада қурилиб битказилар, аммо уйларнинг сифатига ким кафолат беради. Девордаги ғиштларнинг бутунидан кўра, сингани кўп. Айрим деворлар ғишт териш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли қийшиқ қурилган. Деворлар бурчаклари орасида бир неча сантиметрли очиқ жойлар қолган. Цемент қоришмасини қўлга олсангиз уваланиб кетади.  
Хона ичидаги пардевор (перегородка)ни бир қўлингиз билан қимирлатишингиз мумкин. Худо кўрсатмасин, вазни оғирроқ одам бу деворга суянса устига қулаши ҳеч гап эмас. Хўш, бу уйда хонадон эгаси эртага қандай хотиржам яшай олади?  
Қоидага кўра, терилаётган ғиштлар орасига металл симлар қўйилиши керак. Аммо бундай симларни ҳар жойда бир дона учратасиз, холос. Қурувчилар "биз материалнинг борини ишлатамиз-да" деса, қурилиш корхонасининг иш юритувчиси "қурувчиларнинг эсидан чиққандир" дейди. Яна ўша “отангга бор, онангга бор”.
Нима бўлганда ҳам қурилаётган уй-жойлар сифати уй эгаларини хавотирга солмоқда. Қурувчиларнинг айтишича, энди бу деворларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг биргина йўли бор – деворларга сувоқ олдидан темир сетка ўрнатиш керак. Аммо бор-йўғи, симни эплаб ўрнатмаган қурилиш корхонаси қиммат нархдаги темир сетка ўрнатармикан?  
Қисқача қилиб айтганда Пастдарғом тумани “Камолот” массивидаги арзон нархдаги намунали уйларнинг қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Қурилишдаги масъулиятсизлик ва сусткашликдан норозилар сони ортиб бормоқда. Бироқ, аҳолининг дардини эшитадиган, қурилиш ишида ўзгариш қиладиган одамнинг ўзи йўқ?
Афсуски, Пастдарғом туманининг “Камолот” массивида қурилаётган арзон нархдаги намунали уйларнинг бугунги ҳолати ҳақиқаттан ҳам ачинарли аҳволда. Мазкур ташвишли холат юзасидан уй эгалари бир неча бор мутасадди ташкилот раҳбарлари, “Ўзбекистон-24” радиоканалию, “Зарафшон” газетасига ҳам мурожаат қилишган бўлсада, аммо вазият ўзгармаяпти. Нега?
Шу ўринда  ҳақли  бир савол туғилади. Наҳотки, вилоятда бундай “уддабуронлар”ни танобини тортиб қўйишнинг иложи йўқ. Ахир шахсан президентимиз ташаббуси билан қурилаётган уйларнинг айрим мутассадилар томонидан сифатсиз, мутлоқо яроқсиз ҳолатда қуриб берилаётганлигини  кўра-била туриб, лом-лум демаслик инсофданмикан.  
Виждонини аллақачон жиғилдонга айлантирган, таъбир жоиз бўлса, ҳукумат сиёсатига қўл учида қараётган масалага дахлдор айрим ташкилотларнинг кўзбўямачилиги-ю,  қинғир ишлари қачонгача давом этади. Ҳозирча оёғи ердан узилиб, кўзини ёғ қоплаган қурилиш ташкилоти эртага сичқоннинг уйи минг танга бўлиши мумкинлигини бир  ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди, назаримизда. Нима дедингиз?
Биз, бу масалага яна қайтамиз.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 7 октября 2017 г.

БОЛАЛАР ФУТБОЛИДАГИ НАЙРАНГБОЗЛИК

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарияти мамлакатимизда футболни тубдан ислоҳ қилишнинг янги режаларини ишлаб чиқмоқда. Федерация президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилга эътиборни кучайтириши айтиб ўтилган.
Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган бешта устувор масала бор. Булар орасида болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш, шунингдек, футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатларга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар белгилаб олиниши кўзда тутилган. Энг асосийси белгиланган устивор вазифаларни бажаришда оммавий ахборот воситалари билан доимо ҳамкорлик қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Ҳар бир мамлакатда футболни ривожлантиришда энг асосий бўғин бу болалар футболи ҳисобланади. Болалар футболида йўл қўйилган ҳар бир хато келажакда ўзининг салбий натижасини кўрсатиши аниқ. Минг афсуски, болалар футболидаги муаммолар, мавжуд камчиликлар, уларни ўз вақтида бартараф этилмагани бугун ўзининг аламли ва аччиқ натижасини кўрсатиб келмоқда. Жаҳон чемпионатидан мосуво бўлган катталар ортидан кичиклар ҳам Осиё чемпионатидан қуруқ қолишди. Бунда эса энг асосий омил сифатида болалар футболидаги таниш-билишчилик, болаларни ёшини кичрайтириш, ёки ёши катта футболчини кичик ёшдаги болалар мусобақасида ўйнатиш, ким ғолиб бўлиши кераклигини олдиндан белгилаш (кўп ҳолларда мусоба мезбони ғолиб бўлиши шарт) каби салбий иллатлар ва бошқа кўплаб омиллар сабаб бўлмоқда.
Йиллар давомида бундай ҳолатга панжа орасидан қаралиши натижасида бугун ўша эски қолипдан чиқолмайдиган футболдаги айрим масъуллар ҳамон ўз ишига юзаки боқиб, футболдаги мавжуд қонунларни, талабларни ўзи билганча тадбиқ этиб келишмоқда. (Футболимиздаги бундай найрангларни амалга оширувчи масъул раҳбар ва мураббийларни ҳали бери ўзгаришига ишониш қийин)
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан анъанавий тарзда Олий ва Биринчи
лига клублари қошидаги футбол мактаблари ўртасида турли ёш тоифасидаги болалар ўртасида тайёрлов гуруҳи мусобақалари ўтказилиб келинади. Жорий йилнинг 26 апрел куни ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометов томонидан тасдиқланган тайёрлов гуруҳи мусобақасининг Низомида 2001-2002 ва 2003-2004 йилда туғилган болалар ўртасида турнирни ўтказиш қоидалари аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Еттита гуруҳда икки босқичда ўтказиладиган мусобақага ПФЛ томонидан белгиланган худудий федерация раҳбарлари жавобгар қилиб белгиланган бўлиб, улар зиммасига тўлиқ Низом асосида турнирни ўтказиш вазифаси юклатилган. Мусобақа давомида Низомда кўрсатилган қоидалар бузилса жамоаларга қонуний чоралар кўрилиши белгиланган.
Аммо бу борада тайёрлов гуруҳи мусобақаларини ўтказилишига масъул бўлган худудий федерация раҳбарларининг ҳаммаси ҳам турнир Низоми асосида иш кўрмайди. Ёки кўришни истамайди. Боиси федерация томонидан зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган бешта масалалар қаторидан ўрин олган келишилган ўйинлар ва футболдаги коррупция ёинки шахсий адоват каби иллатлар бунга йўл қўймайди.
ЎФФ ва ПФЛ тасарруфида ўтказиладиган ҳар бир ўйинда учрашув қайдномаси (протокол) тўлдирилиши шарт. Ўйиндан сўнг қайдноманинг иккинчи бетида келтирилган ҳар бир ҳолат бўйича ЎФФ ва ПФЛ регламенти, шунингдек, мусобақа Низоми асосида тегишли қарорлар чиқарилади. Афсуски, болалар футболида қайдноманинг аҳамияти йўқ. (Қайднома (протокол) борасида сал кейинроқ тўхталамиз)
2017 йилнинг 14 июл куни 2003-2004 йилда туғилган болалар ўртасида тайёрлов гуруҳи республика биринчилигининг 5-гуруҳидан ўрин олган “Сўғдиёна” (Жиззах) ва “Динамо” (Самарқанд) футбол мактаблари тарбияланувчилари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтди. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган учршувда меҳмон жамоа майдон эгалари томонидан мусобақа Низомида белгиланган ёшдан катта ўйинчи тушганлигини тахмин қилишди.   
Хусусан, ўйинда 73-рақамда Алижон Ахматов номи остида ёши катта футболчи ҳаракат қилганлигига эътироз билдириш. 73-рақамдаги (унинг асли исм-шарифи Алижон Ахматов эканлигини “Сўғдиёна” мураббийи исботлаб бера олмаган) футболчи майдонга 40-дақиқада (77-рақамда ҳаракат қилган Муҳаммаджон Сувонқулов ўрнига) туширилди. Ўйинга тушиши билан 73-рақамдаги футболчи пенальтидан гол уришга муваффақ бўлди (41-дақиқада). Негадир учрашув ҳаками қайдномага гол муаллифи сифатида 11-рақамда ҳаракат қилган мезбонлар ўйинчиси Асадбек Отамуродов номини қайд этган. Қайд этганда ҳам пенальтидан эмас, балки ўйинда гол урилганлиги сифатида киритган. 43-дақиқада 73-рақамдаги (Алижон Ахматов) футболчи ўзининг иккинчи голини уришга муваффақ бўлди. 73-рақамдаги футболчи майдонда 26 дақиқа ҳаракат қилганидан сўнг, аниқроғи керакли натижа қайд этилгандан сўнг 66-дақиқада (21-рақамдаги Бегижон Икромов ўрнига) алмаштирилди. Ҳақиқатда исми Алижон Ахматов эканлиги шубҳа қилинган 73-рақамдаги футболчини майдондаги болалардан ёши катта эканлиги шундоққина билиниб турарди. (Ҳолатни ушбу видео орқали ҳам кўришингиз мумкин.) 
Учрашув тугаганидан сўнг 73-рақамда ҳаракат қилган Алижон Ахматовнинг лицензияси сўралиб, футболчининг ўзи чақирилганда “Сўғдиёна” жамоаси вакиллари ҳамда учрашув ҳакамлари уни чақириб келишдан бош тортишган. Шунингдек, ўйин давомида майдонда мезбон жамоанинг футболчиси рақами йўқ формада ҳаракат қилган.
65-дақиқада учрашув ҳаками кутилмаганда тўп аутга чиқиб кетгандан сўнг “Динамо” жамоасининг 3-рақамдаги ўйинчисига ҳеч қандай сабабсиз қизил карточка кўрсатиб ўйиндан четлатган. Бу ҳолатга “Динамо” мураббийи Алишер Ахмедов эътироз билдирганда, бундан 10-15 дақиқа аввалги қўполлиги учун кўрсатдим деган. Мана сизга болалар футболини ўлдиришни энг осон ва оддий йўли. Ҳали футболда ҳеч нимани кўрмаган болаларнинг руҳини синдириш ортида қандай мақсад кўзланган. Ёки бунинг ортида манфаатдор шахслар борми?!
Мазкур ҳолатлар бўйича ўйин куни ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометов номига Алишер Ахмедов томонидане билдирги ёзилган. Ушбу билдиргини Самарқанд вилоят футбол федерацияси Магометовга етказишини айтишган. Билдирги етиб бордими ёки йўқ ҳозирча бизга қоронғу! (Ўзининг қинғирликлари очилиб кетмаслиги учун ҳам юбормаганлиги аниқроқ назаримизда). Аммо мана орадан шунча вақт ўтган бўлсада мутасадди ташкилот томонидан бу борада ҳеч қандай муносабат билдирилгани йўқ.
Биз юқорида тилга олган аҳамияти йўқ қайднома ҳақида шу ерда тўхталиб ўтсак. Учрашувдан сўнг “Динамо” клуби мураббийи Алишер Ахмедов  “Сўғдиёна” жамоасининг 73-рақамли ўйинчиси ёши катта эканлиги ва сўраган вақтда ўйинчи бўлмаганлиги учун эътироз билдириб ўйин қайдномасининг “норозилик ҳақидаги хабарлар” қисмига ёзиб қолдирган.
Аммо негадир мусобақага масъул бўлган назоратчилар “протокол”даги эътирозни икки ойдан кўп вақт ўтган бўлишига қарамасдан кўриб чиқишгани йўқ. 
Нега? Нима сабабдан кўрилмаяпти?
Энг қизиғи, 21 июл куни Самарқандда бўлиб ўтган жавоб учрашувида Жиззахдаги ўйинда 73-рақамда Алижон Ахматов номи остида ўйнаган футболчи 10-рақамда Комилжон Қаххоров номидан ҳаракат қилган. Бироқ икки ҳолатда ҳам на гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Шуҳрат Сайфуллаев, на ПФЛ томонидан муносабат билдирилгани йўқ.
Бир жиҳатга диққат билан эътибор қаратишингизни сўраймиз. Дастлабки ўйинда 73-рақамда ҳаракат қилган футболчи Алижон Ахматов номи остида, жавоб ўйинида эса 10-рақамда Комилжон Қаххоров номи остида ҳаракат қилган. Бу ердаги яна бир чигал масала шундаги, агар юқоридаги икки футболчи ростдан ўз ёшида қайд этилган бўлса, унда нега ўйинларда битта шахс иккита ном билан майдонга туширилди? Ҳолатлар шуни кўрсатяптики, ҳар иккала ўйиннинг биттасида бир футболчи (73-рақам ёки 10-рақамли футболчи) қайдномага (протоколга) киритилмаган ҳолда ўйинда иштирок этган бўлиб чиқмаяптими? Ёки аксинча, ўйинларда битта ёши катта футболчи иккита ном остида майдонга туширилган ҳисобланмаяптими? (Ўйлаймизки ПФЛ тез орада бунга ҳам аниқлик киритади)
Мусобақани ўтказиш Низомининг 5-боби (Условия и сроки провединие соревнований) 5.5
бандига кўра ўйинда “заявка” қилинмаган футболчи ҳаракат қилса қоидани бузган жамоага техник мағлубият ёзилиши белгиланган (5.5. За неявку команды  на игру, ей засчитывается техническое поражение (-:+), а команде соперника победа (+:-).
Шунингдек, ушбу бобнинг 5.10 бандида жамоалар таркибида ёши катта ёки “заявка” қилинмаган футболчини ўйинга туширса ўйинда техник мағлубият қайд этилади деб белгилаб қўйилган. (5.10. В случае обнаружения в команде, в составе которой играл подставной футболист (старше установленного возраста или не заявленный), команде зачистывается техническое поражение в данном матче)
Қолаверса, ушбу 5-бобнинг 5.4 қисмида меҳмон жамоа ўйиндаги қайси рангли футболкада ҳаракат қилишини танлаши, ҳар бир футболчининг формасида қайдномада кўрсатилган рақами бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Агар футболкада ўйинчининг рақами қайд этилмаса ўйинга қўйилмаслиги аниқ қилиб белгиланган. (5.4. Право выбора цвета формы предоставляется команде “гостей”. Каждый футболист должен иметь на футболке номер, соответствующий номеру в протоколе. Футболист, не имеющий номера на футболке, к игре не допускается.)
5-гуруҳ ўйинларини ҳалол ва виждонан ўтишига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти Шуҳрат Сайфуллаев негадир “протокол”да кўрсатилган эътирозларни кўришни ҳоҳламади ва ҳамон ҳоҳламаяпти? Хўш, нега? Нима сабабдан Шуҳрат Сайфуллаев бу ишни кўришни истамади. Ёки истамаяпти? Балки, ўша ўйинларда “Сўғдиёна” жамоаси мураббийи ҳақиқатда бировнинг номидан бошқа бир ёши катта (ёки рўйхатда қайд этилмаган) футболчи  туширганини Шуҳрат Сайфуллаевга тушунтириб, ундан бу борада сиздан угина, биздан бугина қабилида иш тутганмикан?!
Балки, Шуҳрат Сайфуллаев ва Алишер Ахмедов ўртасидаги келишмовчилик сабаб 5-гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти эътирозларни кўриб чиқмаётгандир?! (Сўнгги маълумотларга кўра Алишер Ахмедов “Нафис” мини-футбол клубида футболчи ва мураббий бўлиб ишлаган йилларида ойликларни ололмаганлиги, шунингдек ҳалигача меҳнат дафтарчаси берилмаётганлиги сабабли Шуҳрат Сайфуллаев билан келишмовчилик юзага келган. Тахминимизча айнан шу сабабли Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти мавжуд ишни кўриб чиқишни истамаяпти. Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталиб ўтамиз) 
Ҳозирча бунинг аниқ сабаблари бизга қоронғу. Ҳар ҳолда мавжуд ҳолат бўйича шикоят билдирган “Динамо” жамоаси бош мураббийи Алишер Ахмедовнинг аризасига ҳамон панжа орасидан қараб келинаяпти. ПФЛни бу ишга нега эътибор қаратмаётганлиги эса футболимиздаги таниш-билишчилик борлигини кўрсатиб тураётгандек, назаримизда! (Яна бир бор такрорлаб ўтмоқчиман. Фарҳод Магометовга Алишер Ахмедов ёзган билдирги Самарқанд вилоят футбол федерацияси томонидан юборилмаган бўлиши ҳам мумкин)
Ўзбекистон футбол федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов журналистлар билан
бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Дунё тажрибасидан маълумки, раҳбариятнинг ишига баҳо бериш учун оммавий ахборот воситалари 100 кун ўтишини кутишади. Умид қиламанки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам ана шу 100 кунлик ўта мураккаб даврни яхши босиб ўтади. Бу давр оралиғида Федерация ичида ва ташқарисида кўп янгиликлар бўлади. Бу янгиликлар эса Сиз Ўзбекистон Футбол Федерациясидан фахрланишингиз учун амалга оширилади», дея гапириб ўтган эди.
Юқорида айтиб ўтилган ҳолат бўйича “Динамо” клуби мураббийининг мурожаатига 85 кун бўлди. Шунча кун оралиғида на 5-гуруҳ ўйинларига масъул бўлган Самарқанд вилоят футбол федерацияси вице-президенти Шуҳрат Сайфуллаев, на Прфессионал футбол лигаси Бош директори Фарҳод Магометовдан жавоб келмади. ЎФФ Президенти журналистлар билан учрашувга таъкидлаган 100 кун ўтишига ҳам саноқли кунлар қолди. Қани шу муҳлатдан сўнг Низомда келтирилган талаблар асосида жавобни ким берар экан. Шуҳрат Сайфуллаевми, Фарҳод Магометовми ёки ЎФФми?
Ҳақиқат қарор топадими ёки йўқ. Буни вақт кўрсатади.


Фарҳод НОРБЎТАЕВ