воскресенье, 30 марта 2014 г.

ЁМҒИРДАН ҚОЧИБ, ДЎЛГА ЙЎЛИҚҚАН "НЕФТЧИ"

Машҳур файласуфлардан бири “қонунларнинг кераги йўқ, чунки ёвуз одамлар уларга бўйсунмайдилар, эзгу одамлар эса қонунлар бўлса-бўлмаса, барибир ҳам жиноят содир қилмайди” деган эди.
Дарҳақиқат бугунги кунда мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳукумат томонидан чиқарилаётган қонунларнинг бари аввало ўзбек футболини ривожлантириб, унинг довруғини дунёга танитишга қаратилган. Бироқ сўнгги пайтларда футболимизда “салла деса каллани” олиб келадиган айрим раҳбарлар сабаб чиқарилаётган қонунларимизни айланиб ўтиш ҳоллари кўп бўлаяптики, бунинг жабрини фақатгина ўзбек футболию унинг мухлислари тортишмоқда. Энг ёмони футболимизда эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб шунчаки нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмаётган раҳбарларнинг сони ошса ошаяптики асло камаймаяпти.
Йиртилган ҳақиқат
Ўтган йилнинг 11 май куни ўз уйида “Гулистон”ни қабул қилган “Нефтчи” ғалабани “Фарғона ҳақиқати” газетасини йиртиш билан нишонлади. Дилёрбек Эрматовнинг бу ҳаракати бундан сал аввал ушбу газетада танқидга учралган Юрий Саркисянни ишдан олиш учун катта баҳона бўлди холос. Юрий Вазгеновичнинг “сайраши”га сабаб бўлган бу ҳаракат ўзини тўлақонли оқлади. Натижада чорак асрлик умрини Фарғона футболига бағишлаган инсон бир лаҳзанинг ичида ҳатто рахматга ҳам лойиқ кўрилмай жамоадан ҳайдалди. Қисқа фурсатдан сўнг ўзининг қилмишидан пушаймон бўлган футболчи яна ўша газетада ҳаммадан кечирим сўради. Аслида эса бу қилмиши учун Саркисяндан кечирим сўраши керак бўлган футболчи ўшандан бери “Нефтчи” жамоасининг сардори бўлиб келяпти. Мана мансаб ва амал учун ўз устозининг юзига оёқ қўйган шогирднинг иши. Кўриб қўйинг, устоз-шогирд муносабатини. Ушбу воқеаларнинг шунчаки қурбони бўлган Юрий Саркисяннинг ҳолини бир неча ҳафта олдин қўйилган “Футбол шарҳи” кўрсатувида кўрган бўлсангиз керак. Шундай экан изоҳга хожат йўқ.
Савол туғилади, хўш нега Фарғона футболи учун ўз умрини бағишлаган инсон ўша вилоятга керак бўлмай қолдию, бугун бўлса “Бунёдкор” учун тажрибали мураббий сифатида клубда эзозланиб, у ерда фаолият юритяпти? Зарбоп тўннинг ўрнига йиртиқ чопонни ҳам эп кўрмаган фарғоналик футбол мутасаддилари ўша воқеадан сўнг нима топишди. Ўз вақтида Саркисяннинг кетишини худди 90-йиллардаги “Нефтчи” қайтиб келгандек тантана қилганларнинг бугун қилаётган иши курак тугул текис асфалтда ҳам турмаяптику.
Мирзабоевнинг оилавий жамоаси
Ўзбекистонда фақат биттагина оилавий жамоа бор. Ҳа, топдингиз ўша “Суюнчи” фильмидаги
Шермат аканинг оилавий жамоаси. Ия, бу жамоа кинода холоску дерсиз. Йўқ, бугун ушбу жамоа ҳаётда ҳам ташкил этилди. Қачон дейсизми? Ўша матбуот анжуманида турли хил латифалари билан журналистлар орқали оммани кулдирадиган Юрий Саркисян кетгандан сўнг ташкил этилган “Мирзабоевлар оилавий жамоаси”.
Келинг шархимизни бошлашдан аввал “Нефтчи” жамоаси таркиби билан таништириб чиқай: жамоа бошлиғи – Комил Мирзабоев (вилоят футбол федерацияси вице президенти деган лавозимидан ташқари), жамоа мураббийи – Диёр Мирзабоев (Болалар ўсмирлар футбол макатби ва Фарғона футбол лицей-интернати мураббийлигидан ташқари эгаллаб турган лавозими).
Буни қарангки катта умидлар билан клубга келган Мурод Исмоилов “Нефтчи”да ҳам катта қўғирчоқ бўлиб юрибди. Клуб футболчиларининг тақдирини бош мураббий Исмоилов эмас, балки айнан клуб раҳбарининг ўғли Диёр Мирзабоев ҳал қилиши кўпчиликнинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмасдир-а! Ҳар икки гапнинг бирида “ҳоким ҳал қилади” деган гап билан ҳокимни айбдор қиладиган Комил Мирзабоев аслида жамоа уловини ўз ўғлига топшириб қўйганини “Нефтчи”га ўғлини олиб борган ота-оналару, жамоа аҳволидан хабардор кишиларгина билади холос.
Оддийгина 1993 йилда туғилган марғилонлик футболчи Ғанижон Қобилов билан ҳам клуб 2017 йилнинг 10 январига қадар 3 йиллик шартнома имзолаган. Бироқ ушбу футболчи Диёр Мирзабоевнинг “талаби”га тўғри келмагани учун у билан тузилган шартнома ПФЛ тасдиғига юборилмаган. Аниқроқ қилиб айтганда футболчининг шартномаси шунчаки кўзбўямачилик учун тузилган холос.
Қизиқ жиҳати шундаки, Ғайратжон Қобилов “Олмалик” ва “Бухоро” сингари клубларга бориш истагини билдирганда ушбу жамоалар “Нефтчи” билан шартномаси бўлгани учун уни клубга ололмаслигини таъкидлаган. Энди ўзингиз ўйланг, ёш футболчини чув тушириб, унинг келажагига тўсқинлик қилаётган раҳбарни Фарғона футболи фидойиси деб бўладими? Бу биргина мисол. Фарғона футболи учун меҳнат қилишга тайёр бўлган, бироқ “Нефтчи”га сиғмаган футболчилар кам деб ўйлайсизми? Яхшиямки Олий лигада бошқа жамоалар борки “Нефтчи”га кераги бўлмаган футболчилар ўша жамоаларнинг асосий таркибидан ўрин олиб майдонга тушишмоқда.
Ҳа, айтганча клуб техник директори, бош ҳисобчиси ва унинг ёрдамчилари ҳам оилавий жамоа қайдномасидан ўрин олганидан хабарингиз бўлса керак.
Ётиб есанг тоғ ҳам ағдарилади
Буғдойнинг исини олган сичқон деворни ҳам тешади. Буни қарангки, Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи”га келиши худди буғдойнинг исини олган сичқонга ўхшайди. Нега дейсизми? Ахир клуб ҳисобида ётган миллиардлаб пулнинг ҳидини билган одамнинг томоғи қимирламай қаери қимирласин. Келинг ҳаммасини бошидан бошлайлик.
Юрий Саркисяндан сўнг жамоага бош мураббий бўлиб келган Амет Маметга 100 миллион “подёмний” берган бошлиқ шу дондан бир чимдим олмаганига ҳеч ким ишонмайди. Ахир бир қоп буғдойни оилавий ўғирлаган сичқонлар ичида катта сичқон ўзининг улушини ажратмай иложи йўқда. Энг қизиғи айни пайтда ҳам Амет Маметга тузилган шартнома пуллари ҳамон тўланиб келинмоқда. Буни қарангки ушбу шартномадан ҳалигача вилоят ҳокимининг хабари йўқ экан.
Сўнгги пайтларда халқ оғзида молингни сот, қўйингни сот футболчи бўл. Жуда бўлмаса бирор бир клубга бир йил ё мураббий ё раҳбар бўлсанг кифоя, деган кинояли мақол юради. Сабаб дейсизми? Тўпиғи сув кўрмай туриб миллионлаб пулларни олаётган футболчию мураббийларга, уларнинг нонидан улуш олаётган раҳбарга ҳамманинг ҳам ҳаваси келади-да! Кимнинг ҳам пешона териси оқмай туриб пул топгиси келмайди дейсиз. Айниқса, “Нефтчи”дек клубнинг раҳбари сифатида миллиардлаб пулни бошқаришу, бу жамоанинг мураббийи бўлиб миллионлаб ойлик олишни истаган одамлар йўқ деб ўйлайсизми? Булар фақат ойлик. Мукофот пулидан тушадиган фойдани айтсак молу-қўй тугул уйини сотиб ҳам ё футболчи, ё мураббий, ёки клуб раҳбари бўламан деган одамлар сони кўпайиб қолиши аниқ. 
Гап келганда ўтган йилги “ҳайдалиш операцияси”нинг қурбонлари қаторида бўлган Анвар Бердиев ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Маълумотларга кўра Бердиев “Нефтчи”га ҳурмати сабаб клуб тўлаши лозим бўлган 35 миллион пулни олмасликка қарор қилган ва ушбу суммадан воз кечган. Бироқ клуб раҳбарининг талабига биноан футболчи оқ қоғозга олмаган пулини олдим деб қўл қўйиб берган. Хўш, айтингчи, Анварнинг пуллари кимнинг чўнтагини “излаб” топди. Бу жумбоқ саволга ҳали бери жавоб топилмаса керак. Бу ҳали ҳолваси. Анвар Бердиевдан ташқари Шерзод Ҳакимов, Бахтиёр Ёқубов сингари футболчиларнинг ҳам дарди ўз ичида. Улар ҳам олмаган пулини олдим деб жамоадан кетишган. Хўш ушбу футболчиларнинг пуллари қаерга кетган?
Чала футболнинг дала ўйинчилари
Етти ойда туғилган болани чала туғилган бола дейишади. Хўш, шундай экан олти ойлик шартномани қандай аташ керак. Чала тузилган шартномами? Чала туғилган боладай бир неча йилдан бери ярим йиллик шартномалар билан Олий лига жамоаларнинг пулини олаётган Зайниддин Тожиев, Ғулом Ўрунов, Вячеслав Понамарёв ва Мирзакамол Камолов сингари футболчилар ҳам Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи” ҳисобидаги катта кўтарма пулию, ёшидан ҳам катта ойлик эвазига клубга келгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, жуда катта кўтарма пули эвазига “Нефтчи” аъзосига айланган Зайниддин Тожиев вилоят ҳокимига голларим билан жамоага ёрдам бераман дедию бу ёғи “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидек битта қўзи бўлиб қолди. Айни пайтда ушбу футболчилардан фақатгина Вячеслав Понамарёвгина клубда холос. Қолганлари эса яна ўша чала шартномаси билан бошқа клубларнинг “қонини ичишмоқда”.
Яна бир гап. 2013 йилда “Олмалиқ” жамоасида ўйнаган, бироқ ушбу клубга керак бўлмай қолган Игор Петковични водийга келиши оз эмас кўп эмас нақд 200 миллион сўмга тушганини кўпчилик билмаса керак. Ҳозирда жамоада ўзини тиклаш билан банд бўлган футболчининг ойлиги ҳам АҚШ долларида тўланишига нима дейсиз? Иқтисодий аҳволни сабаб қилиб Биринчи лигадан бош тортаётган клубларнинг бир йиллик харажатига тенг пулни битта футболчига бераётган “Нефтчи” фақатгина Олий лигадан тушиб кетмаслик учун сарфлаяптими?
“Нефтчи” даволаш маркази
Ҳаммамизга маълумки ҳар йили мавсум олдидан барча жамоа футболчилари тиббий кўрикдан ўтказилади. Чиғатойда жойлашган ушуб ташкилотнинг якуний хулосасига асосан футболчиларга мавсум давомида майдонга тушиш ҳуқуқи берилади. Буни қарангки “Нефтчи” жамоасига чақирилган аксарият футболчилар ҳатто тиббий кўрикдан ўтолмаган. Хусусан, нигериялик футболчи Девид Ония ҳам тиббий кўрикдан ўтолмай, “заявка”га кирмаган бўлсада ҳамон жамоа ҳисобидан даволаниб юрибди.
Айниқса, Фарғонага россиялик легионер футболчи сифатида катта кўтарма пули эвазига чақирилган Левани Гвазава нима мақсадда клубга чақирилганини ҳеч ким тушунмайди. Хабарларга кўра клубнинг яхшигина пули эвазига ташриф буюрган россиялик футболчи Фарғонага ўз формасини тиклаш учун ташриф буюрган холос. Соғлиғини санаторияда тиклашга келган одамдек “Нефтчи”да “заявка”сиз яшаётган Мамажонов, Жалилов сингари футболчиларни санаб чарчайсан киши. Хўш, ўша футболчилар кимнинг ҳисобидан кун кўришмоқда. Ёки клубнинг пули шунчалик ошиб-тошиб ётибдими?
“Комил шоу”
Вилоят ҳокимининг буйруғига асосан фарғоналик ёш иқтидорли футболчиларни “Нефтчи” клубига саралаб олиш мақсадида ташкил этилган “Нефтчида ўйнашни ҳоҳлайсанми?” турнири ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Расмий номи барчани қизиқтирадиган ушбу турнир ёш футболчилар орасида “Комил шоу” номи билан машҳур. Ўнган йилнинг декабр ойида ўтказилган “Комил шоу” мусобақасида вилоятда ташкил этилган клубларда тўп сурувчи салкам 500 нафар фарғоналик ёши иқтидор эгалари иштирок этишган. Бироқ ушбу футболчиларнинг бирортаси “Нефтчи”нинг, аниқроқ қилиб айтганда клуб раҳбарининг талабига “жавоб” бермаган.
Энди ўзингиз ўйланг, 500 нафар футболчи орасидан клубга атиги бир нафар бўлсада футолчи муносиб кўрилмаган бўлса вилоятда футболни ўсиш дейиш керакми ёки ўлиш. Хўш бунинг учун вилоят футбол федерацияси вице президенти қандай жавоб беради. Фарғоналик ёшлардан ҳеч бир футболчи жамоага қабул қилинмагани вилоятдаги бирор бир мураббий илшамаётганидан далолат эмасми?
Яна бир ҳолат. Юрий Саркисяннинг “Нефтчи”дан кетиши орқали нафақат клубнинг ички тизими, балки эски уловлари ҳам четга чиқарилди. Булар қаторида узоқ йиллар давомида фарғоналик футболчиларни оғирини енгил қилиб келган “Икарус” автобуси ҳам эскилар қаторига қўшилди. Шу боис ҳам клуб янги автобусга эҳтиёж сезди. Натижада жамоага Хитойдан 47 минг АҚШ долларига “Фотон” русумли автобус олиб келинган.
Тушунарсиз ҳолат. Узоқ Хитойда 47 минг АҚШ доллар турган автобуснинг Фарғонага келганча нақд 450 миллион сўмга айланганини пашшадан фил ясашнинг исботи деса бўлади. Энг қизиғи шунча катта миқдорда келган автобус айни пайтда бузуқ бўлиб, клуб ўзининг эски “Икарус” автобусида юрганига кўпчилик ишонмаса керак.
Ишонч
Бир йил аввал Фарғона вилоят ҳокими “Нефтчи” жамоасига янги раҳбар сифатида Комил Мирзабоевни тайинлаганда унга катта ишонч билдирилган эди. Айниқса фарғоналик ёш футболчиларни ўстиришда, Олий лига ўйинларида вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун билдирилган ишончни сўз билан ифодалаш қийин. Ҳаммамиз биламизки ишонч катта нарса. Уни оқлаш шунчаки деворни оқлаш эмас. Вилоят ҳокими ўзи ишонч билдириб футболни ривожлантириш учун танлаган инсон вилоят футболини орқага тортиб турса, хўш футболда кимга ишониш керак. Ҳали бир йил бўлмасдан туриб фарғоналик футбол мухлисларининг нафратига учраган клуб раҳбаригами ёки “Ишонаманки, “Нефтчи” Олий лигадан тушиб кетмайди, деган Мурод Исмоиловга? Футболда кимга ишонишни ҳам билмай қолди мухлислар. Қисқаси, машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек, балиқ бошидан сасийди, думидан тоззаланади. Балиқни тоззалаш вақти келди, назаримда?!
                                                                 
                                                                                                                            Фарҳод НОРБЎТАЕВ

понедельник, 17 февраля 2014 г.

“ОДНО”ГА КИРМАГАН ХОТИН

Аёл киши “однокласники”га кирдими – бас! Рўза тутган киши оғзини чайқаса, сув томоғига кетмаса ҳамки, рўзаси очилади – шу оғиз чайқашидан баҳра олади-да! Акбаралининг қизига киракаш Ҳасаннинг ўғли “однокласники” сайтига киришни ўргатаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳаё борми шуларда? Ўзбекчилик деган туйғу қаерда қолди. “Одно”га кирадиган қизни кўрдингизми, қўлингизни ювиб қўлтиққа ураверинг.
Мулла Шокир ҳар куни ишдан қайтиб, маҳалладаги чойхонага чиқади ва кўнгли тортган одамларни атрофига тўплаб, ярим кечгача интернетда шармандаси чиқаётган хотинлар тўғрисида вайсаб ўтиради. Ҳатто, баъзиларини қўл телефонига олиб кўрсатиб ҳам қўяди.
– Азаматнинг хотини пайнет шахобчасида ишлайди, ҳар куни мингта одам билан суҳбатда бўлади. Ахир биттаси бўлсама бошқаси кўз қисади-да! Маликбойнинг хотини қандайдир интернет провайдир ташкилотида ишлайди, унинг ҳам куни интернет чуқалаш билан ўтади. А, бу кун бўйи интернетда бўлганидан сўнг йигитлар билан гаплашса эри билиб ўтирибдими? Илҳомбойнинг синглиси бўлса дастурловчи – интернетда аллақандай дастурлар яратади. Бутун иш фаолияти компьютерда бўлгандан сўнг “одно”га кирмайди деб ким кафолат беради. Ё тавба, шунча касблар бўла туриб қизини интернетга боғлаб қўйган оталарга ҳайронман... Шулар хотини ёки қизини “однокласники”да йигитлар билан гаплашиб ўтирганини кўриб қолсачи, бир баҳона қилса тамом. Ишониб кетаверади.
Интернетга кирадиган хотин-қизларнинг ҳар бир ҳаракатидан мулла Шокир бузуқликка далолат қиладиган талай белгилар топади. “Етти қават парда ичида” ўтирадиган ўз хотини эса булар қаршисида кўзига фаришта бўлиб кўринади. Интернет тугул ҳатто уй телефони ҳам жирингласа, эркак киши бўлса нима дейман деб кўтаргиси келмайди.
Бир куни кечқурун мулла Шокир компьютерда маълумотлар қидирар, хотини бўлса шундоқ ёнгинасида телевизор кўриб ўтирарди. Шу онда компьютердан бир талай эркакларнинг расмлари чиқиб қолди. Хотини беданадай питирлаб, беҳаёликдан қочиб нариги хонага ўтаётганда оёғини столга уриб олди. Оёғи столга ёмон тегди. Андишали хотиннинг кўнгли озди.
– Ахир, мунча! – деди мулла Шокир, – булар оддий расм бўлса, қолаверса сен интернетга кирмасанг, улар жонсиз расм.  
– Улар жонсиз бўлса ҳам эркакларнинг сурати! – деди хотини йиғламсираб.
Мулла Шокир ҳазил билан унинг аламини босмоқчи бўлди:
– Э, ҳали мен сенга интернетни ўргатаман деб юрибман-ку!
Хотин унинг юзига хўмрайиб қаради-да, кейин зарда қилиб ошхонага ўтиб кетди ва ўша томондан унинг овози эшитилди:
– Ҳар кимнинг гўри бошқа... Мен интернетга кириб беҳаёлик кўрмоқчи эмасман. Ундан кўра мана телевизорингизни ҳам йўқ қилиб ташлай қолинг...
У бир ҳафта бўйи қовоғини очмади, уч кеча ошхонадан бери келмади. Мулла Шокир ўша гапини ҳазиллашиб айтганини арз қилиш учун олдига келса тишлар, кетидан келса тепар эди. Бир кечаси гапни хотинининг диёнатли, покдомонлигидан бошлаган эди, хотин анча юмшади.
– Ҳазилингиз қурсин! – деди чироқни ўчираётиб, – интернет кишининг имонини қочиради. Интернет у ёқда турсин, ҳатто компьютерингиз “мишка”сини ҳам ушламайман, деб онт ичганман. Бир куни компьютерингиз ёқиғ қолиб, не вақтгача кўнглим ғаш бўлиб юрдим. Тушимда раҳматлик дадамни кўрдим, мен билан гаплашмайдилар. Гапни кўринг-а, айтгани кишининг юзи чидамайди. Бегона эркакнинг сурати аёл кишини қора қилар эмиш. Тавба қилдим...
– У нима дегани экан?
– Оббо, намунча суюлдингиз? Шунақа суратларга сизнинг ҳам суягингиз йўқ. Нари ётинг! Бегона эркак, кишининг қизлигини эсга солади дейди-да!
– Шунақа гапларни очиқ гапиришадими-а?
– Ё тавба, куни бўйи интернетга ўтириб, йигитлар билан гаплашгандан кейин уяти борми? Қуриб кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да! Тавба қилдим-ей...
Мулла Шокир эртасига чойхонага чиққанда яна интернетда беҳаё суратлару видеолари билан танилган аёллар ҳақида сўзлаб берди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам қўшди.  
– Ахир, биттаси ёши бир жойга борса ҳам мен билан танишмоқликни истади-да! Ўттиздан ўтиб ўтин бўлсанг ҳам ўлмас экансан-да, десам, ўттиздан ўтган бўлсам ҳам кўркамманда, дейди. Ё, тавба!!
Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зерикди шекилли, қаттиқ эснаб, деди:
– Мен сизга айтсам мулла Шокир, гап интернетда эмас. Ярим ишинг интернет билан битадиган замонда бу гапларни гапириш нотўғри. Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, ўзингизга шундай туюлади. Мана, мен сизга айтиб берай. Умримда интернетга кирган одам эмасдим. Яқинда четда ишлайдиган ўғлим билан гаплашиш учун интернет кафега кирдим. Қарасам жуда кўпчилиги қизлар экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга шу қизлар тайёрга ўхшаб кўринди. Шўхлигим тутиб, интернет орқали гапга олдим. Ҳазиллашдим, ирмоқ гаплардан ташладим. Индамаганидан сўнг бир шама қилиб кўрайчи дедим. Жонидан, ҳар куни интернетда ўтирасиз, сиз билан яқинроқ танишайлик деганимни биламан, шармандам чиқишига озгина қолди. Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди. 
Мулла Шокир бу одамни оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди:
– Беҳуда гап! Мана менинг хотиним қандай эканлигини ўзим биламан. Кунда бир дақиқа бўлса ҳам интернетга кирсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди:
– Нега интернетга кирмайди? Интернетга кирмай айнийдиганлар ҳам борку?! Тўғрисини айтайми? Интернетсиз хотин ҳаром ишга яқин бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб қарамасангиз, деразани очиб кўчага мўралайди. Интернетни чекласангиз, уни ўргатувчи чиқиб қизиқишини орттиради. Кун бўйи ишда бўлсангиз ўзи ўргатувчи нима ўргатаётганини қаердан ҳам билардингиз. Компьютер ва интернетни биладиган хотинчи, кўп ҳолларда ишингизга ёрдам беради. Интернетни яхши тушунга одам ҳуда-беҳуда гапларни қилиб ундан беҳаёлик қидирмай балки тўғри мақсадда фойдаланади.
Эҳтимол шундайдир, аммо мулла Шокирнинг хотини покдомон. Агар мулла Шокир ўн йил юзига кулиб қарамаса, инсон ҳаёти бутунлай интернет билан боғланиб қолса, бир ишни битириш учун пиёда юз чақрим босишга тўғри келса ҳам пинагини бузмайди. Ҳар қандай хотин билан иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон эрканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Шокир шундай фикрда: агар фаришта илгари ўтган бўлса – шунинг онаси, энди туғилса – шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса – шу хотиннинг ўзи. Ҳатто уйдан ташқарига чиққанда эркаклардан уялиб бошдан оёқ ўраниб юради. Кўчада юргандачи кўзойнак билан кўзларини ҳам ёпиб оладики уни ким эканлигини англолмайсан киши. Мана сизга хотинлик ибосию аёлнинг шарм-ҳаёси.
Мулла Шокирнинг хотини айнан эри сабаб “одно”да танишиб қолган бу аёл билан интернетда ҳар куни ёзишади. Беҳаёлик бўлмасин деб хотинининг сўзларини мулланинг ўзи печатлаб туради. Ҳол-аҳвол сўрашади. Ҳатто айрим пайтлари уйга келиб меҳмон бўлиб кетишади. Наинки шу чоққача мулла Шокирга товушини эшиттирмаса! Шариатни ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири – мулла Шокирнинг хотини, иккинчиси – шу!
Жуда одобли ва ақилли аёл. Бошқалар билан умуман гаплашмайди. Расмлар ҳақидаку гап бўлиши мумкин эмас. Бировнинг гапларига аралашмайди. Муҳокамаю “класс” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бегоналар билан гаплашмаслик мақсадида ҳатто профилини “закрит” қилиб олган. Бисотида битта дўсти бор. У ҳам бўлса мулла Шокирнинг хотини. У меҳмон бўлганда мулла Шокир бирор бир танишининг уйида қолади, ё бўлмасам қишлоққа кетади. У келган куни мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам бўлиб, истаганча дам олиб келади. Бордию сафарларга чиқадиган бўлса, хотинига тезда “одно”даги дугонасини чақириб, бирга бўлиб туришини айтади. Шу сабабли ҳам бир ҳафта ўн кун сафарга кетса ҳам мулла Шокирнинг кўнгли хотиржам.
Мулла Шокир сафарга узоқ қолиб кетадиган бўлса хотини:
– Қуриб кетсин, эрим тезроқ келмайди ҳам. Соғинчдан ўлиб бўлдим, узоқ кетиб келсангиз ҳам лоаққал соғиндим деб ўпишни ҳам билмайсиз! – деб гапирса мулла Шокир урушиб беради.  
– Ўзингга муносиб гапни гапир. Енгил бўлма! Дугонанг эшитиб қолса хафа бўлади.
Мулла Шокир сафарга кетадиган бўлиб қолди. Кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб, ўша фариштани чақириш мақсадида унга хат ёзди:
– Синглим, мен ўн кунлик хизмат сафарига кетяпман. Шаҳарда хотинимнинг энг яқин дугонаси фақат сизсиз. Шу боис келгунимча ўртоғингизни ёнига келиб туринг. Ўзингиз келган ва кўрган жой, бемалол айшларингни қилинглар, деб ёзиб юборди.   
Нариги томондан хўп деган жавоб келди. Шаҳарда мулла Шокир ишонадиган ягона хотин ҳам шу. Унинг наздида кўча-куйда юбка, шим кийиб юрадиган аёллар беҳаёдек. Шунинг учун ҳам хотинининг ўша ўраниб юрадиган аёлдан бошқа дугоналари йўқ.
Кетишидан бир кун аввал мулла Шокирнинг хотини эридан ўпкалади.
– Уятга ҳам ўлдирасиз кишини! – дейди йиғламсираб, – ўртоғим ҳар келанида менга бир нарса олиб келади. Мана бу сафар ҳам қуруқ келмабди. Мен бўлсам шу чоққача бирор нима беролганим йўқ. Ўзимку йилда бир нима ё оламан ё олмайман. Келишингизда шу бечорага бир нарса олиб келсангизчи сиз ҳам одам бўлиб.
– Э, девона, ўзи нарсага мухтож бўлса, сенга нарса олиб келармиди! Ҳарна бўлса худонинг бергани, олиб қўябер, яхши гапингни аяма!
– Ҳеч бўлмаса интернетига пул ташлаб юборинг, савоб бўлади. Кейинги сафар узоққа кетганингизда чақиришга хижолат қилмаймиз.
– Хай, майли. Ташлаб қўяман. Аммо мен келгунча сени ёлғиз ташлаб кетмасин. Қўни-қўшнилар билан кирди-чиқди қилманглар.
Хотинининг чеҳраси очилиб кетди-да, бурилиб ошхонага ўтар экан, қизларга хос шўхлик билан айланиб, деди:
– Бир нарсангизни бузиб қўйдим, айтсам урушмайсизми? Тунов куни олиб келган суратингиздаги одамлар худди кишининг афтига қараб турганга ўхшайди. Қолаверса ўша суратга ҳар сафар кўзим тушганида кимдир мени кузатаётгандек туюлаверади. Шунинг учун ҳам тескари қилиб қўймоқчи эдим йиртилиб қолди.
Мулла Шокирнинг аччиғи келди, чунки бу “Маккаи мукаррамани” бир тадбиркор ўртоғидан минг илтимос билан олган эди.
– Ахир, ундаги одамлар ҳаммаси ҳожи-ку!
– Ҳа, ўла қолсин, ҳожи одам эмасми!
Мулла Шокир хотинининг бу ишидан минг афсусланиб, сафар тараддудини кўра бошлади. Озгина вақтдан сўнг хотини билан хайрлашишга умидвор бўлиб турганда кўча эшигидан ёшгина бир хотин кириб келди. Бегона аёлнинг важоҳатидан бунинг уйига ё ўғри тушган ё бўлмасам ўт кетган одамга ўхшарди. Бегона хотин мулла Шокирга бир қарадида ичкарига отилди. Олдида эркак бўлатуриб уялмаганига мулла Шокирнинг ғаши келди ва шундай ибосиз хотинни ичкарига – фаришталар олдига киришини хоҳламади.
– Ҳай, ҳай! Хўш нима ишингиз бор?
Хотин тўғридаги уйга кириб кетди. Мулла Шокир дарғазаб бўлиб ўрнидан турди ва эшик олдига бориб бор товуши билан бақирди.
– Ҳай хотин, дейман, қандоқ беҳаёсан! Жинними ўзи бу...
Шу топда ичкаридан ўз хотинининг товуши эшитилди:
– Ё қанақа хотин бу, бировнинг уйига бостириб киради!..
Нимадир гурсиллаб ерга тушди, нимадир синди. Уйнинг эшиги шарақлаб очилди. Бир лаҳза жимликдан сўнг ҳалиги хотиннинг бақирган товуши эшитилди:
– Худо кўтарсин сен мегажинни! Иккита болам бор! Бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!!
Яна нимадир синди.
– Ҳай, нима гап?! – деди мулла Шокир бўсағада туриб, – синглим, сиз ўзингизни бир четга олинг!
– Нима дейди бу манжалақи!!
Бегона хотин айвонга чиқиб дод устига дод солди. Бир пасда уй қўни-қўшнилар билан тўлди. Мулла Шокир айвоннинг пастидан келиб у хотиннинг эгнидан тортган эди, хотин жон-жаҳти билан бир тепиб оғзи-бурнини қон қилди. Бунга ҳам қаноат қилмай унинг устига ташланди. Ана жанжал. Мана тўполон.
– Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади! Войдод хотинингга қўшгани бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!! Иккита болам бор...
Одамлар ажратмаганда бу хотин мулла Шокирни худди қутирган ит каби ғажиб ташлар энди. Нима бўлаётганига тушунмаётган мулла Шокир қонга беланганча ўзини четга олди. Хотини эшик ёнида деворга суянганча турар, рангги мурданикидай, ўзи қалтирар эди. Бегона хотин хушидан кетиб йиқилди. Икки киши – аёллар кириб, у фариштани уйдан олиб чиқишди. У аёллар кийимини кийиб олиб, камига ҳижоб ўраниб олган ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамма жим қолди. Бу сукунатни етмиш ёшли бир чол бузди. У мулла Шокирга қўлини пахса қилиб деди:

– Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми? Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг! Қўйинг-е, кўчиб кетинг маҳалладан, ё биз кўчиб кетамиз. Ҳаммани шарманда қилдингиз. 
Уйига йиғилган қўни-қўшни орасидан ёшгина қиз қўлига кесак олиб Мулла Шокирга ўқталди.
– Ҳа, ўл, турқинг қурсин! Тошбўрон қилайликми шу билан. Маҳаллада сабиб, ўқувчи қизларга кун бермасану, ўзингни қилган ишингни қара.
Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди. Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб мулла Шокирни янчиб юборди. У ҳозиргина тошбўрон қилмоқчи бўлган қизга қараб, бўғиқ товуш билан ўшқирди:
– Сен гапирма! Сенга ким қўйибди гапиришни! Уста Акбаралининг ўғлига “одно”дан профил очиб бер деб сўраганингни ўзим эшитганман!..
Ҳамма кулиб юборди. Маҳалладошлардан кимдир қичқирди:
– Ҳа, бу кишининг хотини “одно”га кирмаган!
Фарҳод Норбўтаев

P/S: Ҳикояни ўқиб бўлиб, шундоққина Абдулла Қаҳҳорнинг “Майиз емаган хотин” ҳикояси ёдингизга тушдими?! Балки ҳафсалангиз пир бўлгандир. Шундоқ ҳикояни расво қилибди деб. Бироқ домланинг ҳикояси бундан 79 йил аввал ёзилган бўлсада, воқеалар худди бугунгидек назаримда.
Беш қўл баробар эмас. Аммо “Ўргимчак тўри” исканжасида бўлган бугунги кунимизда ижтимоий тармоқларда аёл “қиёфаси”га кириб йигитларимиз билан гаплашаётган “йигитлар”, “Мой мир”да очиқчасига ўзини реклама қилиб танасини баҳолаётган беҳаёлар қанча. Саводсизликнинг ботқоғига айланаётган “однокласники” сайтини гапиришга ҳам уяласан киши. Замонавий кийинишни шариатга тўғри келмаслигини рўкач қилиб ҳижобга ўралиб қаернидир портлатиб, минглаб бегуноҳ инсонларни қурбон қилаётганлар ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Мен бугун аслида шулар ҳақида ёзмоқчийдим. Балки уддаладим балки йўқ билмадиму ҳарқалай Абдулла Қаҳҳорнинг шу ҳикоясидаги ғоя асосида нима демоқчилигимни озгина бўлсада сизга етказа олганимдан хурсандман.
Интернетдан оқилона фойдаланаётган хотин-қизларимиздан эса узр сўраб қоламан!

вторник, 28 января 2014 г.

САМАРҚАНД ФУТБОЛИ

ўзига хос доҳий ва ботқоқдаги футбол ҳақида ҳақиқатлар

Биз раҳбарларга доҳий деб эмас, аввало эл-юрт манфаатини ҳамма нарсадан улуғ қўйиб, унга хизмат қиладиган инсон деб биламиз. Айтиш керакки, доҳийлик эски совет даврига хос иллат бўлиб, унинг қолдиқлари баъзи жойларда ҳозирги вақтда ҳам кўзга ташланиб турибди.
Ислом Каримов

Самарқанд деганда ҳар бир инсон онгида бутун дунё цивилизациясининг маркази бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар ёдга келади. Самарқанд футболи дегандачи? Афсуски, бугун Самарқанд футболи деганда тилга олиб фахрланагидан, кўкраб уриб мақтанадиган, қалам тебратиб таърифлайдиган натижалар қолмади. Боиси, айни пайтга келиб Олий лига ўйинларида вилоят шарафини ҳимоя қилаётган “Динамо” клуби раҳбари ўзининг доҳиёна ишлари сабаб бутун вилоят футболини орқага тортиб келмоқда.
Ўтган йили вилоят ҳокими томонидан клубда туб ислоҳотлар амалга оширилиб жамоа раҳбарлигига Фирдавс Каримов келганди. Бутун ишонч, бутун умид унга қаратилган бир вақтда ҳали бир йил бўлмасдан туриб тарихий бир вилоят футболи орқага кетса кетаяптики, олдинга силжигани йўқ. Жаноб вице-президентнинг футболдаги доҳийлиги сабаб Самарқанд футболи ривожига узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали мураббийдан тортиб эндигина футболга қадам қўяётган болалару, умрини стадионда “Динамо”ни қўллаб-қувватлаш билан ўтказган кекса мухлислари, отасининг қўлидан тутиб футболга ошно бўлаётган мурғак қалбларни ҳам бирдек ранжитиб келмоқда.
Бугунги кунда давлат сиёсатининг устивор вазифалардан бири сифатида ёшларимизни спортга жалб қилиб, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш, келажагимиз эгаларини маънавий онгини ривожлантириб, турли хил ёт оқимлардан асраш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Айнан шуни ҳисобга олган ҳолда Юртбошимиз 2014 йилни “Соғлом бола” йили деб номлагани ҳам бежиз эмас.
Соғлом бола ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ва таъсири янада кучайтириш лозимлигини таъкидлаганини алоҳида эслаш зарур. Бироқ, айни пайтда Самарқанд футболи, хусусан “Динамо” жамоаси ҳақида гап кетганда амалга оширилаётган ишлар бунинг мутлақо акси бўлаётганига гувоҳ бўламиз.
Ҳозирда “Динамо” жамоасида мураббий бўлиб ишлаётган Равшан Ҳайдаровни ҳам мураббий ҳам инсон сифатида ҳурмат қилардим. Кўпчилик футбол мутахассилари Зарафшонда “Қизилқум” жамоасини боши берк кўчага кириб қолганига бош айбдор сифатида Ҳайдаровни кўрсатганда “Динамо”да бутунлай акси бўлишига ишонгандим. Бироқ, чучварани хом санаган эканман. Футболда узоқ йиллардан буён фолият юритиб келаётган инсон кимнингдир манфаати ҳисобига бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Биринчилигида вилоят шарафини ҳимоя қилиб, юздан ортиқ болаларни спортга жалб қилиб келаётган “Регистон” ва “Шердор” жамоаларининг фаолиятини тугатиб, ўрнига “Динамо” тасарруфида бошқа бир жамоа ташкил этишни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат қилишидан асосий мақсад нима эканлигини очиғи англолмадим. Ахир бу икки жамоани йўқотиш орқали бир неча юзлаб самарқандлик ёшларни спортдан йироқлашиб қолишини футболга қизиқмайдиган оддий инсон ҳам биладику.
Тажрибали мутахассис, футболимиз фахрийси сифатида эъзоз этиладиган инсон, узоқ йиллардан бери футболнинг нонини еб келаётган мураббий вилоят ҳокимидан Биринчи лига жамоаларини қисқартиришни, бутун футболни “Динамо” жамоаси, аниқроқ қилиб айтганда Фирдавс Каримов қўлига ўтиши учун ўз имзоси билан хат қилиб беришидан мақсад нима? Айнан ушбу ҳаракатнинг ўзи “Соғлом бола йили” давлат дастурини ҳозирданоқ бузилишига, юзлаб ёшларимизнинг кўчада назоратсиз қолишига сабаб бўлмайдими?
Юртбошимиз ҳар бир йиғилишда ёшларга катта эътибор бериш, уларни иш билан таъминлаш орқали турли хил оқимлардан асраш бугуннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини айтиб турган бир вақтда, бир инсонни вилоят футболи доҳийсига айлантириш учун бир неча юзлаб ёшларни футболга жалб этган жамоаларни йўқотишни талаб қилиш Равшан Ҳайдаровни профессионал мураббий эмаслигидан далолат бермайдими? Фарҳод Магометов Биринчи лигани кучайтирамиз деб турган вақтда ўзи иштирок этадиган чемпионат раҳбарига қарши иш қилишни қандай изоҳлаш керак.
Бир неча йиллар аввал ўз фаолиятини оддий маҳаллалараро футбол жамоаси сифатида бошлаган “Регистон” жамоасида бугун юзлаб болалар футбол билан машғул. Бу жамоа ўз кучи билан Биринчи лиганинг мунтазам иштирокчисига айланган бир вақтда клубни таг-томири билан йўқ қилиш кимга фойда келтиради. Вилоятнинг миллиардлаб маблағини сўраётган “Динамо” жамоасигами ёки шу мурожаат сабаб кўча безорисига айланиб қолиши мумкин бўлган келажак авлодгами? Ё бўлмасам, “Шердор” жамоасини олайлик. Бу жамоа ҳали ёш бўлсада, унинг таркибида ҳам элликдан ортиқ ёшларимиз иш билан таъминланиб, бекор қолишдан, турли хил оқимларга кириб кетишдан асраб қолинмоқдаку?
Юртбошимизнинг янгисини қурмасдан туриб, эскисини бузмайлик деган яхши бир гапи бор. Бироқ салланинг ўрнига каллани олиб келишдан мақсад нима? Ўзбек футболининг келажагига болта уриб, ёшларнинг соғлом ҳаёт тарзидан йироқлашишига айнан Фирдавс Каримов сингари раҳбарлару, Равшан Ҳайдавров каби мураббийлар сабабчи бўлмаяптимикан? Ҳайдаровнинг раҳбарнинг ён-атрофида парвона бўлиб, ўз ишини битиргунча “ака-ака”, “буюринг, хизматингиздамиз” деб тургани лаганбардорликнинг ўзгинаси эмасми?
Ҳаммамиз биламизки ҳозирги кунларда Олий лига жамоалари пойтахтимизда мавсумга тайёргарлик кўришмоқда. Хусусан “Динамо” жамоаси ҳам айни пайтда Тошкентда ўқув-йиғин машғулотларини ўтамоқда. Пойтахтимиздаги “Обод” клубининг сунъий қопламали майдонида “Динамо” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини кўргани бордим. Ўйиндан аввал “Сўғдиёна” жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев яқинда “Шўртан” жамоасига мураббий этиб тайинланган Мухтор Қурбоновга ўтган йили ҳар бир футболчини 1.280.000 сўмлик спорт формалари билан таъминлаганини таъкидлади. Агарда ушбу суммани математик таҳлил қиладиган бўлсак, “Сўғдиёна”да 40 нафар футболчи бор деб фараз қиламиз ва ўша суммани 40 нафар футболчига кўпайтирамиз. Калькуляторингизга 51.200.000 сўмга тенг қийматни кўрсатаётган бўлса сиз ҳисоблашда адашмагансиз.  
Худди шундай футболчиларни кийинтириш мақсадида ўтган мавсум “Динамо” жамоаси 140 миллион сўм сарф қилган. Аммо клубнинг ҳозирги вице-президентига бу сумма маъқул келмай, уни қисқартиришни қатъий талаб қилиб, якунда 84 миллион сўмлик форма олиш тўхтамига келишган. Бутун бошли жамоа учун бу яхши ҳол дейиш мумкиндир. Аммо профессионал футбол клубининг ўринбосарлар таркиби ва бир нечта ходимлари қўпол қилиб айтганда кийимсиз қолганини қандай тушуниш мумкин. Энг қизиғи, клуб раҳбарининг талаби 84 миллион сўм бўлиб, якунда ўша 140 миллион сўм кўчирилганини ҳоҳласангиз пулни тежаш, ҳоҳласангиз пулни ўзлаштириш деб билиш ўзингизга ҳавола. Маълумотларга кўра 2014 йилги мавсумда “Динамо” 220 миллион сўмга футболчиларга форма олишни режалаштириб турибди. Ҳатто бу борада вилоят ҳокимига расмий мурожаат қилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Энди тасаввур қилинг 220 миллионга неча кишини кийинтириш мумкин. Клубнинг режасини билмадиму, аммо ўтган йили “Сўғдиёна” жамоаси кийинган нарх асосида ҳисоблайдиган бўлсак бундай суммага 171 нафар футболчини кийинтириш имкони бор. Хўш айтингчи “Динамо” шунча футболчига форма олмоқчими ёки бундан бошқа мақсад кўзланганми? Агар вилоятнинг учта жамоасини жами футболчилари 171 нафар деб ҳисобласак, ҳар бир клубдан 57 нафар футболчи бир мавсумга етадиган формага эга бўлиш имкони бор. Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади деган гап бор. Аммо халқнинг пулини исроф қилма деган ҳақ гап борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
“Динамо” ва Самарқанд футболида сўнгги бир йил давомида бўлаётган ишларни кўриб наҳотки бутун бошли вилоятда футболни тушунадиган, футболда нима қилиш лозимлигини биладиган мутахассис қолмаган бўлса деган савол туғилади? Ёки бугун вилоятда Самарқанд футболининг доҳийига айланиб қолган Фирдавс Каримовни қилаётган ишларини назорат қиладиган одам қолмадими? Наҳот вилоят футболини алғов-далғов қилиб ташлаётган бу инсоннинг ўзи хон кўланкаси майдон бўлса?
Юртбошимиз ўтган йили Сурхондарё вилояти сессиясида Н.Чориевнинг фаолияти ҳақида тўхталар экан, бир ярим йил олдин катта ишонч билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасига сайлангани, атиги бир ярим йилда бу инсон ишончни оқламаганини алоҳида таъкидлаганди. Фирдавс Каримовнинг “Динамо” бошқарувига келганига энди бир йил бўлган бўлсада бугун вилоят футболи орқага кетаётганини ҳамма кўриб турибди. Наҳотки вилоят ҳокимига Самарқанд футболи инқирозга юз тутганини сезиш учун яна ярим йил керак бўлса. Жаноб вице-президентни кабинетга чақириб асл ҳисобот талаб қилиш вақти келмадимикан? Фирдавс Каримов “Динамо” жамоаси бошқарувига келганидан сўнг ўзининг узоқ йиллик фаолиятини Самарқанд вилоят футболига бағишлаган тажрибали мутахассислар ишсиз қолиб кетаётган бир вақтда, энди учта жамоани бир клубга бириктириб эртанги умидимиз бўлган ёшларни ҳам ишсиз қолдириш арафасида турганига қачонгача панжа орасидан қараб турамиз. Биз ишсизликка, соғлом ҳаётга шундай қараймизми?
Яқинда Самарқандга бориб вилоят футболида эришилаётган натижалар, Биринчи лигадаги “Регистон” ва “Шердор”, Олий лигада ўйновчи “Динамо” ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилиб юртбошимиз ҳар бир маърузасида нақадар ҳақ гапларни гапираётганлигига яна бир бор амин бўлдим.
“Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини билатуриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўлаяпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишларидан мутлақо холос бўлишимиз керак”.
Афсуски, Фирдавс Каримовнинг ён-атрофидаги одамлар, ўзларини андишага олиб, балки ишсиз қолишини ўйлаб вилоят футболини йўқ қилиб юбораётганини бир оғиз бўлсада айтишга урунмаяпти. Энг ёмони вилоят ҳокимига ҳам нотўғри маълумотлар орқали “Динамо” клуби доҳийсининг ишларини сир сақлаб келмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда эй баракатопгур, гап фақат ўзинг ҳақингда эмас, балки эл-юрт манфаати ҳақида борганда ҳаддидан ошган раҳбарни, келинг, эй жаноб, бир гаплашиб олайлик деган гапни айтадиган инсон қолмади. Ҳамма кўзанинг синишини кутиб турибди.
Бу гапларни бекорга яна бир бор эслатмадим. Боиси, яқиндагина пойтахтимизда аёллар ўртасида футзал бўйича ўнинчи бор ташкил этилган миллий чемпионатга старт берилди. Бироқ мазкур мусобақага мунтазам иштирок этиб келаётган собиқ “Шердор” ҳозирги “Динамо плюс” аёллар жамоаси иштирок этмади. Бунинг сабабини билиш мақсадида жамоа мураббийи Ибрагим Биляловга қўнғироқ қилганимда менга ҳеч қандай ахборот бермаслигини айтди. Хўш, бундай мураббийни қандай аташ мумкин. Мансабидан айрилиб қолишдан қўрқадиган андишали мураббийми ёки қорни очу, қулоғи тинч бўлишни истайдиган инсон дебми? Миллиардлаб пулларни айлантираётган клуб ҳеч қандай бадал пулисиз иштирок этиши мумкин бўлган мусобақага юбормаган раҳбарни ким деб аташ керак. Тежамкорми, тадбиркорми?
Ўзбекистон футбол федерацияси, шахсан Мираброр Усмоновнинг ташаббуси билан аёллар футболини ривожлантириш учун аёллар жамоасини Олий лига жамоаларига бириктириб улкан мақсадларни рижалаштирган бир вақтда, олдинлари ҳар бир мусобақага иштирок этиб келган жамоани турнирлардан олиб қолиш Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун масъул бўлган инсоннинг сўзини икки қилиш, унинг чиқарган қарорларига бўйсунмасликдан далолат эмасми? Энди айтингчи, қачонгача футболда олдимизга қўйилган улкан мақсадларни фақат тескарисини қилиб келамиз. Қачонгача салла билан калланинг фарқига бормаймиз.
Ўз нафсини пул билан ўраб олган Фирдавс Каримов ҳақидаги кескин гапларимни ўқиётган инсон балки мени шахсий хусуматда айблар. Бироқ бугун асл ҳақиқат шундай бўлиб турган бўлса, қандай қилиб мақтаб ёзиш мумкин. Сўзимни исботи сифатида ўтган бир йил ичида бўлган бошқа бир воқеаларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. 2013 йилда вилоятнинг футболга тегишли бўлган барча жабҳаларига ўз доҳийлигини кўрсатмоқчи бўлган вице-президент клуб тасарруфидаги мактаб директорини ҳам анча сарсону-саргардон қилишга муваффақ бўлди.
2009 йилда ЎФФ томонидан профессионал футбол клублари қошидаги футбол мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш, болаларни мусобақаларга мунтазам иштирок этишини таъминлаш мақсадида 60 миллион сўм ажратилган. “Динамо” ПФК қошидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби директори ушбу маблағдан унумли фойдаланиб битта “Исузу” русумли автобус олишга мувоффақ бўлган. Афсуски Фирдавс Каримов футбол мактабининг автобусига ҳам кўз олайтиргани, бунинг учун мактаб директорини кўп бора оввора қилганини қайси сўз билан изоҳлаш керак. Агарда автобусни “Динамо” клуби олиб берган бўлсаку тўғри тушуниш мумкиндир. Аммо Ўзбекистон футбол федерацияси ажратган маблағ эвазига келган автобусга эгалик қилишини нафс балоси дейишдан бошқа нарса деб бўлмайди.
Айнан юқорида қайд этилган воқеа Юртбошимиз айтганидек “бу ҳаётда инсонни синовдан ўтказадиган нарса – аввало нафс балосидир. Биз бу ҳақида, ундан огоҳ бўлиш, ундан ўзимизни асраш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин агар иймони суст бўлса, одам нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмайди” деган сўзи нақадар ҳақ эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.
Ўтган йили Самарқанд вилоят ҳокими вилоят клубларига маҳаллий футболчиларни жамоага жалб этишни талаб қилганди. Бироқ, футбол мактабидан чиққан ёш ва иқтидорли болаларни негадир “Динамо”га қабул қилишмаяпти. Хўш, нега? Мактаб директорининг сўзларига кўра ҳозирда 1997 йилда туғилган болалар тўлақонли клуб талабларига жавоб беради. Ҳатто уларнинг 6-7 нафарини “Динамо” мураббийлари рўйхатга ҳам олиб кетишган. Аммо ҳамон улар учун “Динамо” эшиклари ёпиқ. Ўша футболчилар ҳалигача клуб рўйхатида қолиб кетмоқда. Директордан бунинг сабабларини сўраганимда буни ўзи ҳам билмаслигини таъкидлади.
“Динамо” клубида вице-президентнинг амалга ошираётган “ўйинлари”ни инобатга олсак, клуб тасарруфидаги мактабда тарбия топаётган футболчиларни жамоа ўринбосарлар таркибига жалб қилишдан Фирдавс Каримов ҳеч қандай манфаат топмайди. Агар уларни жамоага чақирилса клуб мураббийлардан тортиб раҳбарларигача тайёр пулдан қуруқ қолиши аниқ.
Бугун уч-тўрт одам бир жойга йиғилиб, футболдан гап бошласа майдондан ташқаридаги ўйин қандай эканлигини билиб олиш қийин эмас. Вилоятга борганимда бир нечта футбол учрашувларини кузатишга муваффақ бўлдим. Худди шундай оддий одамлар билан суҳбатлашиб эшитган гапларим мени ҳам ҳайрон қолдирди. Бугун ўзбек футболида ўзига хос ном қозонган, айни дамда Азарбайжоннинг “Нефтчи” клубида фаолият юритаётган Боҳодир Насимовдан “Динамо”нинг асосий таркибига тушиши учун клубнинг ўша пайтдаги мураббийлари пул сўраганини эшитгандим. Аммо футболчининг бахтига Азамат Абдураимовнинг келиши ўша вақтда нафақат “Динамо”нинг, балки ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам доимий аъзосига айланиб қолгани айни ҳақиқат. Бугун Боҳодир Насимовдан сиздан асосий таркибга тушиш учун пул сўрашганми деб сўрашса йўқ дейиши мумкин. Чунки унинг оғир дамлари ортда қолди. Футболчи ўша дамларни эслагиси ҳам келмас. Бироқ унинг яқинлари Насимовнинг қанчалик қийналганию асосий таркибга тушиши учун пул сўраганини ҳалигача гапириб келади. Ҳамма вақт ҳам пул муаммони ҳал қилмайди. Пул ҳеч қачон инсонга истеъдод бермайди. Афсуски ҳозирги пайтда “Динамо” мураббийлари пул билан ёш футболчига иқтидор беришга ҳаракат қилишмоқда. Хўш, ўша иқтидорнинг нархи қанча туради дерсиз. Маълумотларга кўра ҳозирда 100 “кўкидан” 10 та санаган бола ўз-ўзидан “Динамо” аъзосига айланмоқда. Бу гапларни ким айтди дерсиз. Буни ўз ўғлини футболчи қилиб, унинг истиқболини кўриш илинжида, бировга мақтаниб, бировга афсусланиб яна бошқасига ноиложликдан айтган ота-оналар айтишмоқда.
Вилоят футболининг бошига келиб, ҳар икки гапнинг бирида маҳаллий футболчиларни клубга жалб қилаётгани ҳақида оғиз кўпириб, бош мақсадимиз шунга қаратилганлигини айтамизу, нега Омад Тайлоқовни “Андижон”га, Турғун Қобиловни “Сўғдиёна”га бериб юбораяпмиз. Нега Азамат Абдураимов ва Даврон Файзиев кўрган иқтидорни биз кўришни истамаяпмиз. Ёки пул кўзларни кўр қилиб қўймоқдами?
Халқимизда сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деган гап бор. Аммо манфаат бор жойда чўғни ҳам кўз юммай ютса бўларкан. Хабарларга кўра ўтган йили бутун бир бошли жамоани пароканда қилган мураббий Камо Газзаров тез орада Равшан Ҳайдаровга ёрдамчи мураббий сифатида ишга киришиш арафасида турибди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деймизу, нега яна эски ишимизни такрорлайверамиз. Нега “Динамо” учун тўп тепган Учқун Қобиловни футбол интернатига равона қиламизу, яна ўша нафси бузуқларни жамоага таклиф қиламиз. Гарчи ҳеч қайси жамоада “подёмний” расман ёзилмасада ҳатто Иккинчи лигада иштирок этувчи клуб талабига жавоб бермай қолган Максим Колядинга 40 миллион сўм кўтарма пул бериб мураббий қилиб оламиз. Нега профессионал клуб тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол спорт мактаби тарбияланувчилари қарзга овқат еб, бировларга ялиниб тўлашадию, футболга ажратилган пуллар “Динамо” ҳисобига ўтказилади. Нега биз фақат савол берамизу, жавобига келганда раддия билан ўзимизни оқлаймиз. Хўш, нега???
Самарқанд футболи, унинг бугунги аҳволи ҳақида сўз юритар эканман марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг “Самарқанд” номли шеъри ёдимга келди. Бир эсланг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Бу буюк бобокалонимизнинг тақдирига битилган шеър. Бу бутун инсониятга коинотни очиб берган аллома ҳақида қасида. Бу ҳар сафар ўқиганда кишиларни йиғлатадиган марсия. Бугун тарих ўзгарди. Ҳақиқат тикланди. Энди бу шеърни бир бора футболга бахшида қилиб ўқинг-а!:
Самарқандга борсам мен агар,
Футболини сўраб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман.
Фарҳод Норбўтаев

суббота, 25 января 2014 г.

БЕМОРНИНГ “ПРОПИСКА”СИ ҚАЕРДА?

Тошкентда ижарада яшайман. Квартира эгаси ҳар замонда ўз уйига меҳмон бўлиб келади. Бу гал ҳам одатдагидек яна меҳмон бўлиб келди. Бир ўзи эмас, ўғли билан. Кеч бўлиб қолди. “Хозяйка”нинг уйи шаҳардан узоқда бўлгани учун бугун шу ерда қолишини айтиб, нариги хонага жойлашди...
Чарчоқ босиб энди ухлашга тарадду кўра бошлагандим. Бир маҳал қўшни хонадан уй эгаси югуриб чиқиб ўғлига ёрдам беришини, унга нимадир бўлганини айтиб йиғлаб чақирди. Қўшни хонага югуриб кирсам ерга хириллаб ётган болага кўзим тушди. Шоша-пиша бориб оғзини очишга ҳаракат қилдим. Қарасам тили орқага тортаётган экан. Адашмасам бу касалликни халқ тилида судурги дейишади. Боланинг оғзини очишга ҳар қанча урунмай кучим етмади. Нима қилишимни билмай қўшнининг эшигини тақиллатдим. Эшикни очган аёлга уйимизда бир болага судурги бериб қолганини, зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилишини, агар уйда бирор эркак бўлса менга ёрдам беришини сўраб боланинг олдига ошиқдим.
Бир лаҳзада бутун подездаги қўшнилар ёрдамга чиқишди. Боланинг оғзини очишга уринар эканман онасига тилини тортинг, нафас олсин дедим. Аёл бир амаллаб боланинг оғзига қўл солиши билан бола яна қаттиқ оғзини ёпиб олди. Шу топда бармоғи ўғлининг оғзига қолиб кетган аёл вой қўлим деб жон борича бақириб юборди. Нима бўлаётганини англолмайман. Ўй-ҳаёлим боланинг оғзини очиб, нафас олишга ёрдам бериш. Кейин билсам ўша вақтда ўғлининг оғзида қолиб кетган онанинг бармоғи тирмалаб ташланган экан.
Бир оғизга тўрт эркак тармашиб, ўлим билан олишаётган боланинг оғзини очишга эришдик. Бу орада ёрдамга келган қўшни хотин қошиқ билан тилини босиб унинг нафас олишига кўмаклашди. Бир оз нафас олган боланинг ҳовури сал пасайган бўлсада, аммо унинг тили яна тортаётгани учун оғзини маҳкам ушлаб турдик. Бу орада тез ёрдам ҳам етиб келди. Боланинг аҳволини кўргач тезда биринчи ёрдам сифатида судургига қарши укол қилишди. Бола бир оз тинчлангандай бўлди...
Азага келган одам ўз дарди билан йиғлайди деганидек, шифокор даб-дурустдан бемор боланинг “прописка”сини сўраб қолди. Боланинг оғзини очган ҳолатда жаҳл билан шу ерда, шу квартирада “прописка”да туради дедим. Онанинг бўлса қулоғига ҳеч гап кирмайди. Фарзандини бу ҳолда кўриб ҳатто нима қилаётганини ҳам билмайди. Бу орада боланинг касала яна қайталана бошлади. Шифокор биринчисидан кучли бўлган иккинчи дорини ҳам беморга юборди. Тўрт эркак дори таъсир қилиб, бола тинчлангунча ушлаб турдик. 4-5 дақиқа ўтар ўтмас унинг судургиси камайгандек бўлди. Вақтдан фойдаланиб тўрт эркак бир амаллаб болани тез ёрдам машинасига жойлаштирдик...
Тез ёрдам машинасида касалхонага кетар эканмиз, қўли боғланган бола бақирар, унинг тепасида турган онаизор ўғлининг номини такрорлашу, калима қайтаришдан бошқа нарса айтолмасди. Квартирадан 5-6 чақрим узоқда жойлашган Кадешевадаги касалхонага ҳеч етолмаймиз. Назаримда 5-6 чақрим 50-60 чақримга айлангандек туюларди менга. Бор ҳаёлим тезроқ шифохонага етиб борсагу, оғриқдан азоб чекаётган болага шифокорлар ёрдам беришса деган ўй билан кетаётганимда тез ёрдам машинасидаги шифокор яна боланинг “прописка”си қаердалигини сўради.
Боланинг азобланаётганини кўрган онанинг ҳаёли ўғлида, қайси саволга нима деб жавоб бераётганини ҳам билмайди. Унга ёрдам бериш мақсадида ёнида бирга кетаётган одамларнинг ҳаёли эса унинг омон қолишида бўлган бир вақтда шифокорнинг “прописка” деган сўзини эшитиб асабларим таранглашиб кетди. Бошқа бир вазият бўлганда тўғриси шифокорга бошқача муомала қилардим. Балки мушт тушурардим. Афсуски ҳозир бир боланинг ҳаёти ҳал бўлаяпти.
Бир амаллаб касалхонага етиб келдик. Бемор болани қабул бўлимига киргиздик. Қисқа текширувдан сўнг яна ўша савол берилди. “Беморнинг “прописка”си қаерда?”. Дод солгим келди. Бир инсоннинг ҳаёти қил устида турган вақтдан унинг “прописка”си ҳаммасидан муҳимми? Бу саволга кейинроқ, балки эртага ҳам жавоб олса бўладику. Афсуски яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”...
Бола реанимация бўлимига ётқизилиб, тўлиқ шифокорлар назоратига ўтди. Ҳаммамиз биламизки жонлантириш бўлимига ташқаридан бегона одам кириши мумкин эмас. Шу сабабдан беморнинг аҳволини фақат шифокорлардан билиш мумкин. Эшик ортида жигарбандининг қай ҳолатда эканлигини билиш учун сарғайган ота-она. Она бечора тинимсиз йиғлашдан нарига ўтмайди. Эшик олдида турган ҳамшира, беморнинг аҳволи яхшиланганлигини, уни навбатчи шифокор текшираётганини айтди. Энди фақат бир имкон қолди. Фақат кутиш. Бошқа чора йўқ. Менинг ҳам ҳаёлим ичкарида нима бўлаётгани билан андармон. Бироқ қулоғим остида ҳамон ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Ё тавба, нега пойтахт шифокорларини беморнинг аҳволидан кўра унинг “прописка”си қизиқтиради. Ёки жон азобида ётган бемор тузалиши билан қочиб кетадими? Бу саволга вазият яхшилангандан сўнг ҳам жавоб олса бўладику? Йўқ, ундай эмас. Улар учун энг муҳими “прописка”. Бемор иккинчи масала. Мен бунга иккинчи бор гувоҳ бўлишим.
Шифокорларда Гиппократ қасами деган тушунча бор. Оқ халатни кийиб, инсонлар саломатлиги учун хизмат қиладиган ҳар бир доктор Гиппократ қасамини ичади. Тўғриси бу қасам ҳақида жуда кўп эшитганман. Гиппократ қасамида нималар ёзилганини билиш мақсадида ўзим ҳам ўша қасамни ўқиб чиққанман. Не ажабки бирор марта Гиппократ қасамида “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган савол берилишини эшитмаганман. Агарда яқин орада қасамга беморнинг “прописка”си сўралсин деган жумла қўшилмаган бўлса албатта.
Ҳаммаси ўтиб кетди. Навбатчи шифокор боланинг аҳволи яхши эканлиги, эртага янада чуқур ташҳис қўйиб уни даволаши ва тез орада соғайиб кетишини айтиб бизни хотиржам қилди. Юзида оз бўлсада хотиржамлик, бироқ, кўнгилда хадик, кўзида ёш олган она ҳамон йиғлашдан нарига ўтмайди. Хола, йиғламанг! Болангиз яхши. Тез орада соғайиб кетади дедиму ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқарида сигарет чекар эканман, боланинг саломатлиги яхши бўлганидан хурсанд бўлсамда, назаримда кимдир “Беморнинг “прописка”си қаерда?” деган саволни қайта-қайта бераётгандек туюлаверарди. Гўё бу саволга жавоб бермасам болага ҳеч ким қарамайдигандек. Ҳар чанд урунмай барибир “прописка” деган сўзни унутишнинг имкони бўлмади. Қайтанга ўтган йили бўлиб ўтган воқеани эмисга солиб юборди. Бу ҳақида ўша пайти аламимдан твиттер ва файсбук каби ижтимоий тармоқларда ҳам гапирганман. Тилига “прописка” боғлаб олган шифокорларни роса қарғаганман ўшанда.
Ўтган йили ёз ойларида уч ёшли боламнинг тоби қочиб қолди. Тез ёрдам машинасида Уч Қахрамон мавзесида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришди. Қабул бўлимига турган ўрта ёшдаги навбатчи шифокор ўғлимга биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига мени қаерда “прописка”га туришимни сўради. Қўлимда додлаганча турган боламга ёрдам кўрсатиш ўрнига шифокорнинг берган саволидан тутақиб кетдим. “Пропискам” Самарқандда. Ҳозирги аҳволда бунинг нима аҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса биринчи ёрдамни кўрсатинг деб илтимос қилдим. Дўхтир бўлса “прописка”сиз беморларни қабул қилолмаслигини айтиб, бизни  Республика юқумли касалликлар шифохонасига боришимизни, у ерда қабул қилишини айтиб қайтариб юборди.
Йўлда ўғлимнинг азобланаётганидан эзилиб, “прописка”сиз беморни қабул қилмаган дўхтирдан нафратланиб, жаҳлим чиқиб Республика юқумли касалликлар шифохонасига етиб келганимни ҳам билмай қолдим. Тез ёрдам машинасидан тушушим билан шифокорлар қўлимдаги болани олиб, биринчи ёрдам кўрсатишга тушиб кетди. Худога шукр. Оқ халатнинг ҳаммасида ҳам доғ бўлмас экан. У ердаги шифокору ҳамширалар менинг кимлигимни, қаерда ишлашимни энг муҳими ҳатто “пропискам”ни ҳам суриштирмасдан ўғлимни даволашди. Биласизми, ёзнинг иссиқ кунида мевадан ичи кетиб тоби қочган болам атиги ўн беш дақиқада ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетди. Қувончимдан йиғлаб юбордим. “Прописка”ни энг сўнгги даражага қўядиган, инсон ҳаёти ҳар қандай “прописка”дан устун эканлигини биладиган шифокорлар борлигидан хурсанд бўлиб йиғладим.
Афсуски, бугун яна ўша савол: “Беморнинг “прописка”си қаерда?”.
Пойтахтга келиб бир нарсани чуқур англаб етдим. “Прописка”сиз одам худди батарекасиз соатга, моторсиз машинага, қанотсиз қушу, пойдевори йўқ уйга ўхшаб қоларкан.
Тўғриси, кўп гапларни ёзмоқчи эдиму, афсуски Тошкентда “пропискам” йўқда.

P/S: Судурги сабаб касалхонага келган беморга яқиндан ёрдам берган шифокорларнинг барчасига рахмат. Бугун уларнинг саъй-ҳаракати билан бир инсоннинг жони омон қолди. Бир онаизорнинг кўнгли таскин топди. Юқоридаги гапларим орқали оқ халат соҳибларини қораламоқчи ё бўлмасам ўз касбига лаёқатсиз демоқчи эмасман. Уларнинг борига шукур. Айнан улар сабаб қанчадан-қанча беморлар ўз дардига даво топишмоқда. Фақатгина демоқчи бўлганим, ҳар қандай ҳолатда бўлган беморга тўлиқ ёрдам бериб, сўнг улардан “прописка” сўраса яхши бўларди. Акс ҳолда Тошкентга келган инсонлар оддий бош оғриғидан ҳам талвасага тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Фарҳод Норбўтаев