четверг, 31 марта 2016 г.

ҚУДУҚҚА ТЕРМУЛГАН ҚУДУҚЧАЛИКЛАР

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги тантанали маросимида “Агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди” деган сўзларни алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги кунда соддадил халқимизни осонлик билан алдаш, унинг ишончини қозониб, турли хил ваъдалар билан кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириш ҳоллари учраб туради.
СТВ телеканалида ижод қилувчи журналист Рухсора Ғофурова Пайариқ тумани Қудуқча қишлоғида истиқомад қилувчи аҳолининг шикоят хати асосида журналистик суриштирув ўтказиб, соддадил қишлоқ аҳлини қишлоққа электр энергияси ўтказиб беришда кўзбўямачиликка юз тутган ҳолатларнинг гувоҳи бўлди. Қуйида Рухсора Ғофурованинг Қудуқча қишлоғида яшаётган соддадил қишлоқ аҳлининг муаммолари ҳақидаги журналистик суриштируви билан танишишингиз мумкин.
                                                                                                                  
ЎН БЕШ “ЛИМОН”
Пайариқ тумани  Халқабод  хўжалиги  Қудуқча  қишлоғи  Самарқанд  шаҳридан сал кам 85  километр узоқликда  жойлашган. Ям-яшил  қир-адирлар   гўзал  табиат  қўйнида   умргузоронлик қилишнинг  ўзига  яраша  гашти билан бир қаторда муракаб  жиҳатлари  талайгина.  
Анашу  қийинчиликлардан   чарчаган  қудуқчаликларнинг  бир груҳи  СТВ  телеканалига  мурожат  билан   чикишди. Унда   ёзилишича шу  қишлоқда яшовчи 15 та хўжалик электр  энергияси билан боғлиқ муоммодан азият чекишмокда. Гап шундаки, илгари қишлоқда  100 хўжалик бўлса, ҳозир уларнинг сони 160 тага етган. Шу  боис  бу  ерга  қўйилган  электр  манбаи транспорматори шунча аҳолини бирдек электр билан таъминлашга кучи етмай қолган. Шунинг учун қишлоқдаги 15 та хўжалик алоҳида транспорматор қўйилиши учун туман электр корхонасига мурожат билан чиқишган. Туман мутахассилари эса бу масалада вилоят электр энергияси корхонасига мурожаат қилишган. Масала ижобий ҳал этилиши учун  вилоят электр энергияси ходимлари 15 миллион сўм маблағ сўрашган.
БЕР... БЕР... БЕР
- Ўн бешта хўжалик бир миллион сўмдан йиғиб берганмиз, дейди шу қишлоқда яшовчи Тохир Умиров. - 15 миллион сўм билан қилиб берамиз деб ваъда қилинган. Энди яна уч миллион сўм бераслар, шунда ишларинг битади деб турибди дея сўзида давом этди Тохир ака.  
Қишлоқ аҳолисининг айтишича, сўралган маблағ 15 та хўжаликнинг ҳар биридан бир миллион сўмдан йиғиб етказиб берилган. Ҳатто соҳа ходимлари тамонидан 8 та электр сими ўтказиладиган сим ёғочлар ҳам ўрнатилган. Аммо мана бир неча ойдирки электр симидан дарак йўқ.
- Вилоят электросветга обориб сим олиш учун хужжатларга қўл қўйдирилган. Ҳатто талаблонмага вилоят электр тармоқлари бошлиғи ҳам қўл қўйиб берган, дейди Бўрибой Арзиев. - Аммо бош инженер сим бермай турибди. Биздан яна уч миллион пул сўраяпти. Аммо бу пулни берсак ҳам симни ўтказиб беришига ким кафолат беришини билмаяпмиз. 
Бугун қишлоқ аҳолисини ташвишга соладиган нарса, электр энергияси ходимларига яна 3 миллион сўм йиғиб берадиган тақдирда ҳам иш охиригача етишига ишонч йўқлигида.
- Чорвамиз ҳам манашу 15 метр чуқурликдан чиқадиган сувдан ичади. Буларни ҳам суғоришнинг иложи йўқ, дейди Мамараим Назаров. Олти-етти километр узоқликдаги Тўсинсой деган жойдан суғориб келамиз.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА
Айнан шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят электр  тармоқлари корхонаси  техник масалалар бўйича директори Одил Мейлиевнинг ишхонасида бўлдик. Аммо у кишини иш хонасидан тополмадик. Мутахассисдан интервью олиш биз учун жуда муҳим эди. Шу боис Одил Мейлиев билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ масъул ходимга бир неча бор қўнғироқ қилишимизга қарамасдан у киши телефонини кўтармади. Бир неча дақиқадан сўнг Одил Мейлиевнинг ўзи биз билан алоқага чиқди.
- Кимдир уларни алдаб юрибди. Биз давлат дастури асосида қилиб беришга мажмурмиз. Бизнинг номимизни булғаб, ифлослик қилаётган бўлса эрта бунинг оқибати яхши бўлмайди, дейди Одил Мейлиев. – Бунинг орқасида кимдир турибди. Агар давлат дастурига киритилган бўлса бизда муаммо бўлмайди. Мен бу масалани ўрганиб натижасини сизга айтаман. 
Қудуқча  қишлоғига таббий газ етиб келмаган. Электр энергияси келгани билан ундан  тўлиқ фойдаланишда бир қатор муоммолар бор. Ичимлик суви 20-25 метр чуқурликдан   олинади. Вақти-вақти билан бериладиган электр энергияси билан сувни тортиб олиш мумкин. Бошқа вақтлари барча истеъмолга керакли бўлган сув қўл кучи билан тортиб олинади. 
- Свет йўқлигида, сувни олаётганимизда пақир қудуқнинг ёнига урилиб, олаётган сувимиз ҳам лойқа чиқади. Айрим ҳолларда мажбур  бўлиб ўша лойқа сувни ҳам ичишга мажбур бўламиз. Иложи борича тинитиб ичишга ҳаракат қиламиз, дейди  шу қишлоқда истиқомад қилувчи Мамарим ака Назаров.
- Электр токи кириб келса манашу ерларни жаннатга айлантиришимиз мумкин. Халқимизнинг барчаси меҳнатсевар. Ҳаммаси деҳқончилик билан шуғлланади, дея фикр билдирди Тохир Умиров.  
Бугун айни экин экиладиган қиладиган вакт. Қудуқчаликлар шу боис электр энергияси  кучи билан тортиб олинадиган сувга жуда ҳам мухтож.  Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмайдиган, ўзбекчиликда ҳар ишни харажати бор деб нима деса кўнадиган меҳнаткаш, болажон ва содда халқ яна қаерда ҳам бор. Ахир шундайлардан фойдаланмаса кимдан фойдаланиш мумкин. Аммо шундай фурсатдан ким фойдаланганлиги тез фурсатда аниқ бўлади. Вилоят электр тармоқлари корхонаси мутахассиси Одил Мейлиев бу масалага тезлик билан ойдинлик киритишга ваъда берди. Уйлаймизки электр энергияси корхонаси ходимлари чигаллашган бу муоммони  тезда ҳал этади.
                              Рухсора Ғафурова журналист
    Фирдавс Тошпўлатов тасвирчи
(Мазкур масалага бағишланган кўрсатув 29 март куни СТВ телеканалининг “Хабарлар” информацион дастури ҳамда “Долзарб мавзу” кўрсатувида намойиш этилган)
           
Президентимиз барча тузилмалар, аввало, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш зарур, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича аниқ жазо турлари, ҳуқуқий таъсир чоралари кўзда тутилиши керак.
Оддий халқнинг ишончини поймол қилиб, уларнинг соддадиллигидан фойдаланиб ўз вазифасига панжа орасидан қараётган  баъзи  мутасадди ходимларидан мазкур ҳолат бўйича изоҳни кутиб қоламиз.
         Фарҳод НОРБЎТАЕВ

суббота, 19 марта 2016 г.

ОҚ ҚОН ХАСТАЛИГИ БИЛАН ОҒРИГАН САМИР ПЎЛАТОВ “СТВ”ДАН МИННАТДОР

“СТВ” телеканали мухбирлари Шахло Аҳророва, Рухсора Ғофурова  ҳамда Зарина Ҳақбердиева 2015 йилнинг декабр ойида информацион дастурлар орқали 9 ёшли Самир Пўлатовнинг оқ қон касаллигига чалингани ҳақида хабар берган эди. Оғир хаста Самир Пўлатовнинг саломатлиги билан боғлиқ лавҳа “СТВ” телеканалида намойиш этилганидан сўнг кўплаб саховатпеша фуқароларимиз унга ёрдам беришди!
Икки ёшлигида шифокорлар томонидан оғир диагноз қўйилиб, шифохонада даволанаётган Самирнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар телекомпаниямиз ходимлар томонидан кузатиб борилди.
Телекомпаниямиз ҳамда Халқ демократик партиясининг “Самарқанд” Халқаро аэропорти бўлимининг ёрдами билан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Тошкентдаги Қон қуйиш ва гематология илмий-тадқиқот институти қошидаги республика шифохонасида Самирнинг бепул даволаниши учун ордер тақдим этилди.
Шундан сўнг Самир Тошкентдаги Қон қуйиш ва гематология илмий-тадқиқот институти қошидаги республика шифохонасида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.
Бугунги кунда Самир Пўлатов Самарқанд кўп тармоқли шифохонасида даволанаяпти. У доимо шифокорлар назоратида.
10 яшар Самирнинг қариндошлари ва яқинлари шундай қийин пайтда маънан қўллаб-қувватлаган ва ёрдам берган ватандошларимизга ҳамда “СТВ” телекомпаниясига миннатдорлигини билдирди.
Оқ қон хасталиги билан оғриган Самир Пўлатовга кўмак бермоқчи бўлган саховатпеша инсонлар Халқ банкининг Самарқанд вилояти бўлимида очилган 20206000900001005101 ҳисоб рақами орқали ўз ёрдамини кўрсатишлари мумкин!
Телефон: +99891-530-20-51 ва  +99891-536-79-55
Самарқанд шаҳри Ғиёсиддин Жамшед кўчаси (собиқ Невский) 14 уй.

Самир Пўлатовнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар “СТВ” телекомпанияси орқали доимий равишда кузатиб борилади.


“СТВ” телекомпанияси доимо халқ билан бирга!

понедельник, 7 марта 2016 г.

САЛЛА ЎРНИГА КАЛЛА ёхуд “туя” қилинган ўйингоҳ

Спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак деганидир.
Бинобарин, соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.
Ислом Каримов

“Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”. Соғлом авлод сўзлари оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб беради.
Жорий йилнинг 11 феврал куни Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришда эришилган қатор муваффақиятлар ҳақида сўз юритилган эди. Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда спорт – соғлом авлод, соғлом келажак шиори остида болалар спортини ривожлантириш бош мақсадимизга айланганлиги алоҳида тилга олинганди.
Бироқ, баъзида бу шиорга амал қилмай, айрим ҳолларда бошқа бир манфаат сабаб тайёр қурилган спорт майдончалари йўқ қилинмоқдаки бунинг сабабини қаердан қидиришни билмайсан киши.
Истиқлол йилларида ёшларни спортга жалб этиш мақсадида замонавий спорт иншоотлари барпо этилаётган бир вақтда Самарқанд шаҳридаги “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллалари ўртасида жойлашган футбол майдонининг бузиб ташланаётгани кишини таажжубга солади. Салкам ярим асрдан буён мазкур маҳалла болаларининг севимли масканига айланиб қолган футбол майдонини бузишга ва унинг ўрнига кўп қаватли уй қуриш учун рухсат берган шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари наҳотки соғлом авлодни тарбиялаш бош мақсадимиз эканини ҳамон тушуниб етмаган бўлса?!
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасида “Таълим муассаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Аммо SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли бино қурилишига 2015 йилнинг 19 августида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан рухсат берилган. Савол туғилади. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этган ҳолда соғлом турмуш тарзига етаклаш энг асосий мақсад бўлиб турган вақтда наҳотки шаҳар ҳокимлиги тайёр ҳолдаги футбол майдонини йўқотишга рухсат берган бўлса?! Ажабланарлиси шундаки, қурилишга изн беришдан олдин на шаҳар ҳокимияти ва на қурилиш компанияси иккалла маҳалла фуқароларининг бу борадаги фикрларини тинглаб кўрмаган.
Жорий йилнинг январ ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар худудида вояга етмаган болалар ўртасида содир бўлаётган жиноятларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этган шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчиликни кескин танқид қилиб, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида алоҳида тўхталиб, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошаётган раҳбарларни кескин танқид қилганди. Қизиқ, йиғилишда жиноятчиликни олдини олиш борасида бонг уриб гапирилиб, камчиликлар танқид қилинмоқдаю, аммо негадир ёшларни ёт ғоядан сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзини таъминлаш учун барпо этилган бутун бошли ўйингоҳни бир энли қоғоздаги буйруқ билан бузиб ташлашга рухсат берилмоқда. Бу ерда ҳатто донишманд ҳам мақсаднинг мантиғини тополмаса керак. Муллани айтганини қилу, қилганини қилма дегани шу бўлса ажабмас.
Беш мингга яқин фуқаро истиқомат қиладиган мазкур маҳалланинг ўйингоҳида ҳар йили ёзда маҳалла болалари ўртасида футбол бўйича турли мусобақалар ўтказилиб келинади. Болаларни спортга жалб этиш мақсадида маҳалла ширкати банкдан кредит олиб, ўйингоҳни болалар учун қайта таъмирлаб берган. Маҳалла фаоллари кейинчалик ўзаро келишган ҳолда сунъий қопламали футбол майдончаси қуришни режалаштирганди. Бироқ ҳеч ким кутмаган ҳолда бу ерга кўп қаватли уй барпо этиладиган бўлди.
SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси масъул ходимига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни, шунингдек мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг талаби асосида болалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга жалб этиш орқали уларни турли хил оқимлардан асрашмақсадимиз бўлиб турган вақтда нега тайёр ўйингоҳни бузаётганини билиш мақсадида мурожаат қилдик. Афсуски, ташкилот масъул ходими бизга бу ҳолатни изоҳлаб беришни ўзига мақул кўрмади.
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз Ислом Каримов “Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади”, деб таъкидлаганди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар – у қайси вазифада ишлаши, қайси бўғинни бошқаришидан қатъи назар, авваламбор ўзининг манфаати билан эмас, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш ҳақида чуқурроқ ўйлаши, узоқроқни кўриши ва жамоатчиликни ўз ортидан эргаштириш учун уларнинг ишончини қозониши керак, дея айтиб ўтганди.
Аммо “Амир Темур” ва “Ўрикзор” маҳалла фаоллари тайёр ўйингоҳни сақлаб қолиш мақсадида шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларга кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ улар қаерга мурожжат қилишмасин масала қурилиш ташкилоти фойдасига ҳал бўлиб келмоқда. Сабаби оддий. Жойни ҳатто келиб ҳам кўрмаган, маҳалла фуқароларининг дардига қулоқ солмаган шаҳар ҳокимининг қарори.
Тайёр спорт майдончасининг йўқолиши муаммонинг бир бўғини бўлса, унинг ўрнига қад ростлаётган кўп қаватли уй ҳам кейинчалик қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. SAM GARNET STRОY MONTAJ ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан қурилаётган уй ён атрофдаги кўп қаватли уйларда фавқулотда вазият юзага келганда, хусусан ёнғин содир бўлганда, тез тиббий ёрдам ва бошқа ҳолларда қутқарув машиналарининг кириши бирмунча қийинлашади. Зилзила пайтида ҳамма чиқадиган очиқ жой, маракалар ўтказиладиган майдон маҳаллалар аҳолисининг ҳаётини мушкуллаштиради.
2015 йилда Самарқандда болаларни спортга жалб этиш мақсадида 40 та спорт соғломлаштириш иншооти қурилган бўлса, жорий йилда 45 та яна шундай спорт иншоотларини барпо этиш режалаштирилган.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган айнан ана шундай таълим-тарбия, спорт ва маданият масканлари замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлодимиз камол топаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади, дея Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида Президентимиз таъкидлаб ўтганди.
Бироқ салла билан калланинг фарқига бормайдиган, келажак авлод саломатлигини ўз олдига устивор вазифа билиб, улкан мақсадларни кўзлаб иш юритиш ўрнига амалдаги қонунларга итоат этмасдан ўз вазифасини суистеъмол қилаётган шаҳар ҳокимияти вакилларининг тутаётган йўли ҳеч қандай куракда турмайди. Қайсидир йўллар билан ҳоким қарорига эга бўлиб олган қурилиш ташкилотининг айнан футбол майдончаси ўрнига кўп қаватли уй қуришни гапирмаса ҳам бўлади.
Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Қандай оғир бўлмасин, бу гапларни айтишдан мақсад шуки, сиз, ҳурматли депутатлар ва фаоллар билан ўртамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги, ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак", деб айтиб ўтганди Юртбошимиз. "Нега деганда, Энг катта куч – бу ҳақиқатдир. Ҳақиқатга суянган одам ҳеч қачон пушаймон бўлмайди". Афсуски, шаҳар ҳокимиятининг эътиборсизлиги, халқнинг мурожаатини атрофлича ўрганиб чиқилмаяпти. “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаролар излаётган ҳақиқат эшигини топиш эса тобора мушкул ишга айланиб бормоқда. Яна ҳам оддий қилиб айтадиган бўлсак, ҳеч бир мутасадди раҳбар оддий ҳақиқатни кўришни истамаяпти.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ

PS: “Ўрикзор” ҳамда “Амир Темур” маҳаллаларида жойлашган стадионнинг бузиб ташланиши юзасидан кўплаб ташкилотларга мурожаат қилинди. Бироқ фуқароларнинг қилинган мурожаатлари эътиборга олинмай, ҳамон “ёпиғли қозон ёпиғлилигича” қолиб келмоқда. “Соғлом она ва бола” йилида болалар саломатлиги бош мақсадимиз бўлиб турган бир вақтда тайёр ўйингоҳ нега бузиб ташланди? Биз мазкур масала юзасидан мутассади ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.