ёхуд инқирозга юз тутаётган “Динамо” ва сохта
“ведимостлар” ҳақида ҳақиқатлар
Раҳбарнинг энг
буюк мезони – адолат. Бу сўзнинг замирида бутун халқ тақдири, жамият истиқболи,
мамлакатимиз келажаги мужассам бўлган. Буни чуқурроқ тушунайлик, чуқурроқ
англайлик. Адолат ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. “Куч - адолатда” деган
Амир Темур бобомизнинг бизга қолдирган ўгит-насиҳатларини эсимиздан,
ҳаёлимиздан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.
Ислом Каримов
Дарҳақиқат, футбол ҳам худди шундай адолат талаб этиладиган ўйин. Чунки айнан
ушбу жозибаси ҳар ким ёқадиган ўйинда адолат бўлмоғи лозим. Боиси бугунги кунда
айнан футбол орқали бизнинг эртамиз эгалари соғлом ва баркамол бўлиши билан бир
қаторда яхши тарбия олиб, адолатли фарзанд,
Ватанга содиқ, юксак камолот эгаси бўлиб улғайиши
керак.
Сўнгги йилларда
Самарқанд вилоятида футболни ривожлантириш ва уни оммалаштириш борасида қатор
ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар футболини ривожлантириш,
уларни турли хил мусобақаларга жалб қилиш борасида вилоятда қилинаётган ишларни
кўриб кишининг дили қувнайди. Айниқса вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам
мини-стадионларнинг ташкил этилиши ва бу орқали минглаб ёшларимиз футбол билан
офушта бўлаётгани сўзимиз исботидир. Бироқ, болалар футболида қанчалик юксак
натижага эришмайлик, вилоятнинг бош жамоаси саналмиш “Динамо” профессионал
клубида амалга оширилаётган ишлар буларнинг мутлақо аксини кўрсатмоқда.
Натижада клубнинг аҳволи йилдан-йилга тобора ёмонлашиб бормоқда.
Алдагани...
Халқимизда
алдагани бола яхши, деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган. Сўнгги пайтларда
“Динамо”да бўлаётган ишлар бевосита шу нақлни ёдимизга солди. Сабаби...
Жорий йил
бошида “Динамо” ПФК биринчи вице президент Фирдавс Каримов вилоят ҳокими ва
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбарига “Динамо” клуби ҳалигача ПФЛ
лицензиясини олмагани, лицензиялаштириш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаса ОФК
томонидан жаримага тортилиши ва шунга ўхшаш бошқа масалалар кўтарилган мазмундаги
хат йўллаган.
Мазкур хатга
жавоб йўллаган ПФЛ директори Фарҳод Магометов “Динамо” ПФК алақачон
лицензиялаштирилганини, бу борада клуб барча ишларни амалга оширганлиги ва ОФК
томонидан ҳеч қандай жарима қўлланмаслигини исботловси сабабларни кўрсатиб,
клуб биринчи вице президентининг ёзган хати ҳеч қандай асосга эга эмаслигини
тасдиқловчи жавоб хати йўллаган. Хўш энди ўзингиз ўйлангчи, нега профессионал
футбол клубининг раҳбари вилоят раҳбарига ёлғон маълумотларга асосланган хатни
юборди. Бу хатни юборишдан мақсад нима? Гарчи ПФЛ тўлиқ асосда хатга жавоб
ёзган бўлсада “Динамо”да узоқ йиллардан бери ҳуқуқшунос бўлиб ишлаб келаётган
Шуҳрат Ҳотамов ПФЛнинг жавоби нотўғри эканлигини важ қилиб ўз билганидан
қолмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Чириган тизим...
Сўннги
пайтларда клуб раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида клуб
баъзаси мисли қамоқхона бўлиб қолгани ҳақида бир неча бор таъкидланган эди.
Мана учинчи йил кетаяптики аҳвол ўзгаргани йўқ. Клуб футболчиларининг ҳар бир
қадами жаримага тўлиб ётибди. Ўзига хос “бошқарув тизими”га эга бўлган клуб футболчилари
олаётган ойликларини жарималар билан ёпиб юборишмоқда. Аслида қўллаётган
жарималар асосли бўлсаку майли. Аммо буёғи ҳардоимгидек кўзбўямачилк.
Биргина мисол. Бир
вақтлар клубда фаолият юритган легионер футболчи Владимир Киликевичнинг ойлик
маошларини бермасликни мақсад қилиб клуб томонидан футболчининг спорт маҳорати
йўқолганлиги тўғрисида сохта ҳужжат, яъни буйруқ тайёрлаб ПФЛнинг эътирозлар
қўмитасига исботламоқчи бўлганди. Бироқ эътирозлар қўмитаси клуб томонида
чиқарилган буйруқда футболчининг ҳам имзоси бўлиши, у нима сабабдан ойлиги
қисқартирилганлигини билиши кераклигини айтиб эътирозни қабул қилмаганди.
Ваҳолангки якунда Киликевич “Бухоро” клубида ўйнаш учун клубнинг рухсатномасига
эҳтиёж чекканда, ҳуқуқшуноснинг қистови билан спорт формаси йўқолганлиги
ҳақидаги тайёрланган сохта буйруққа имзо чекиш шарти билан ўз
“открипителний”сини олишга муваффақ бўлган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сохта
ҳужжат орқали ушлаб қолинган футболчининг ойлиги клуб ҳисобига қолдими ёки
бошқанинг чўнтагини излаб топдими буниси бизга қоронғу.
Эски тос, эски ҳаммом
Ҳеч бир клуб
асосий футболчиларсиз Олий лига тугул Биринчи лига мусобақасида ҳам бирор бир
натижага эришолмайди. Айни пайтда жамоада олиб борилаётган ишларни оддий мухлис
тугул ҳатто футболнинг етук мутахассиси ҳам тушинмайди. Клуб янги мавсум
аввалида ўз таркибини деярли янгилаб бўлди. Ўзингиз ўйланг, ҳар мавсум ўз
таркибини ўзгартирадиган, ҳар олти ойда янги футболчи олиб келадиган жамоа
қайси мусобақада натижага эришган? Ўтган йили Равшан Ҳайдаров, бу йил Тажмурот
Агамуродов жамоа таркибини бутунлай ўзгартириб ташлади. Энг ачинарлиси “Динамо”
таркибидан маҳаллий футболчиларга умуман ўрин қолмаяпти. Шартнома имзолаган
футболчилар ҳам ўз меҳнати учун арзимас маблағ олмоқда. Клуб яқиндагина ўз
фаолиятини бошқа жамоада давом эттирмоқчи бўлган клуб қошидаги футбол мактаби
тарбияланувчиси, Ўзбекистон U-16 терма жамоаси аъзоси саналган ўйинчи Жонибек
Кўчимовнинг трансфер нархини 60 миллион қилиб белгилади. Табиийки ҳали етарли
тажрибага эга бўлмаган футболчини бирор бир жамоа бундай катта маблағ эвазига
сотиб олишмайди. Ўзига ҳос трансфер нархи асосида клуб Жонибек Кўчимов билан
якунда икки йиллик шартнома имзолаб, ойига атиги икки юз минг сўм ойлик белгилади.
Хўш, бу маошга кулайликми ёки йиғлайлик. Ахир бу пул қайси футболчининг
эҳтиёжларини қондиради?
Маҳаллий
ёшларни клубга жалб этиш ўрнига уларни “Динамо”дан бездириш, бугун кучга тўлиб
клубга нафи тегади деб турган футболчиларни бошқа жамоага трансфер қилиш орқали
клуб раҳбарияти ўз нафсининг қулига айланиб бормоқда. Биргина, ўтган йиллар
давомида жамоада катта тажриба тўплаган Абдулло Набиев “Машъал” клубига қўйиб
юборилди. Аввалига футболчининг нима сабабдан қўйиб юборилганлиги кўпчилик
самарқандлик футбол ишқибозлари учун мавҳумлигича қолаётганди. Сўнгги маълумотларга
кўра “Динамо” клуби “Машъал” жамоасидан футболчининг трансфери учун 45 миллион
сўм талаб қилаётган экан. Тўғри, кимдир клубнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш
учун мана шундай трансферларни амалга ошириш керак ва бошқа маҳаллий
футболчиларни қайта тайёрлаш лозим деган хулосага келар. Бироқ жамоанинг
ҳозирги аҳволида Абдулло Набиев каби футболчиларнинг қўйиб юборилиши тўғри
ишмикан. Ёки ушуб футболчи орқасидан ҳам клуб қандайдир манфаат изламоқдами?
Яна бир бошқа
футболчи Акмал Бозоров ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Айни пайтда ҳеч бир
жамоада тўп сурмаётган футболчи нега клуб мутасаддилари томонидан жамоага
таклиф этилмаяпти. Ахир ушуб футболчи ҳам ўз вақтида жамоага фойдаси теккан ва
кўплаб учрашувларда клубни мағлубиятдан қутқариб қолишда ўзининг ҳиссасини
қўшганку. Нега маҳаллий футболчиларга жамоадан ўрин топилмаяпти? Бунга клуб
раҳбарияти сабабчими ёки мураббийлар?
Ўз ҳомийларига
Самарқандда футболчи йўқ, дея эътироф этган клуб раҳбарияти вилоятда ташкил
этилаётган бирор бир мусобақага мураббийларни юборишмайди. Уларга маҳаллий
ёшларни кузатиш, улар орасидан иқтидорлиларни саралаб олиш ва тарбиялашдан кўра
ўқув-йиғинини баҳона қилиб Тошкентда меҳмонхоналарда ётиб дам олиш афзал.
Қарз муносабатни бузади
Биз юқорида “Динамо-плюс”
профессионал футбол клубининг шикоят хатию, унга жавоб йўллаган ПФЛ директори
Фарҳод Магометовнинг жавоб хати хусусида тўхталгандик. Ушуб хатга муносабат
билдирган Магометов клубнинг лицензия ишлари билан бир қаторда “Динамо”нинг
тўпланиб қолган қарзлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Келинг шу ҳақида
ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсак.
Оларда кирар
жоним, берарда чиқар жоним деганларидек, клуб 2014 йил ҳисобидан ПФЛ ва
футболчилардан тўпланган қарзлари анча маблағни ташкил этади. Хусусан, клуб
ўтган мавсумда ПФЛ томонидан тортилган қарийб 9 миллион сўмга яқин қарзини
ҳалигача тўлагани йўқ. Шунингдек, “Пахтакор” клуби билан бўлган ўйиндан сўнг
“Динамо” футбол ишқибозлари томонидан “халқ жамоаси”нинг автобуси ва машинасига
келтирилган зарарни ҳам ҳалигача қопламаган. Маълумотларга кўра ушбу жарима 28
миллион сўмни ташкил қилар экан. Қолаверса, янги мавсум бошланишидан аввал ПФЛ
томонидан белгиланган 110 миллионлик бадал пули ҳам тўланмаган. Ваҳолангки,
клубнинг кафолат хатида 2015 йилги мавсумнинг бадал пули 1 февралга қадар
тўланиши айтиб ўтилган. Энг қизиғи, ўтган йили трансфер нархи 7 миллион қилиб
белгиланган “Машъал” клубидан сотиб олинган футболчи Жасур Азимов учун тўланиши
лозим бўлган пулнинг 5 миллион сўми ҳалигача тўлангани йўқ. Хўш, нега биз
профессионал деб атаётган клуб ҳалигача қарзлар ботқоғига ботиб ётибди. Ахир
ҳар йил мавсум аввалида клуб ўз сметасини белгилаб олган ҳолда, ўша смета
асосида иш юритадику? Маълумотларга кўра ўтган йили “Динамо” ПФКнинг йиллик
сметаси етти миллиард сўмни ташкил этган. Энди айтингчи бу пуллар қаерга, ёки
кимнинг чўнтагини “излаб” топди.
Яқиндагина championat.asia
сайтида “Динамо футболчилари ЎФФга мурожаат этишди” сарлавҳа остида хабар эълон
қилинди. Ушбу хабарда Самарқанднинг “Динамо” клуби ўтган мавсум учун жамоа
футболчиларидан ҳамон қарзи борлиги айтиб ўтилган. Хабарда қайд этилишича жамоа
футболчилари 2014 йилнинг июн ойидан бери маошсиз ўйнаб келган. Клуб расмийлари
дастлаб, декабр, сўнг январ ойининг охиригача қарздорликдан қутилиши ҳақида
футболчиларга ваъда беришган. Бироқ мана феврал ойи тугаб март ойи бошландики
ҳамон футболчилар ўз маошларини олишолгани йўқ. Бу борада клуб қошидаги аёллар
жамоасини айтмаса ҳам бўлади. Улар қачон маош олишгани умуман эслай олмаса
керак.
Маълумотларга
кўра “Динамо” клуби раҳбарияти “Навбаҳор” билан бўлган ўйиндан кейинги мукофот
пулларини олганлиги тўғрисида футболчиларга бўш “ведимост”га қўл қўйиб
олдиришган. Худди шунга ўхшаш “ведимост”га 2014 йилнинг август ойи “питание”си
учун ҳам кўрсатилмаган маблағга қўл қўйдиришган. Аслида эса, қонунчилигимизда ҳар бир ишчи ходим олаётган
маошини ўзи билиши ва ойлик олганда аниқ сўмма кўрсатилиши белгиланган. Клуб
биринчи вице президенти Фирдавс Каримов томонидан сўммаси кўрсатилмаган
маблағларга мажбурий имзо қўйдирилиши жиноят эмасми? Хўш, бу йўл орқали давлат
томонидан ажратилган пуллар ўзлаштирилаяптими ёки тежаляптими? Назаримда
сўзимизнинг биринчиси ҳақиқатга яқинроқ.
“Динамо”
футболчиларнинг маошларини тўлашга келганда фақатгина легионер ўйинчи Андрей
Мельничук ўз маошларини олишга мушарраф бўлгану, қолганлар ҳамон қуруқ
ваъдаларга ишонишдан бошқа иложи йўқ. Нега клуб раҳбарияти легионер футболчини
“рози” қиладию маҳаллий футболчига келганда пул топилмайди. Чунки, легионер
футболчи агар пулини ололмаса тезда ФИФАга арз қилади. Балки шунинг олдини олиш
учун бу иш амалга оширилгандир. Аммо маҳаллий футболчиларни андишага йўйиб
уларни ярим йил давомида маошсиз ўйнатишга клубнинг ҳаққи бормикан аслида?
Андишанинг отини қўрқоқ қўйиб ўзимизнинг иқтидорли футболчиларни истаган куйига
ўйнатаётган клуб раҳбаридан келажакда нима кутсак бўлади? Хўш, манашундай ишлар
билан “Динамо” юксак марраларга эриша оладими?
Клубнинг
футболчи ва бошқа масалалардан тўпланган қарзлар борасида гап кетганда
Тошкентдаги ўқув-йиғин машғулотлари пайти турган меҳмонхоналар ҳақида ҳам
алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Клуб ўтган йили истиқомад қилган “Миракл” (Miracle)
меҳмонхонасидан ҳам 5 миллион сўмдан ошиқ қарзи бўлган. Жамоа мутасаддилари
узоқ вақт мобайнида ушбу қарзларини тўламай пойтахтдаги “Саёҳат” (Sayohat) меҳмонхонасига
туришга “мажбур” бўлишган. “Миракл” меҳмонхонаси ходимлари катта қийинчиликлар
билан ўз пулларини олгандир. Аммо “Саёҳат” меҳмонхонасининг хизматлари учун
клуб ҳақ тўладими йўқми бизга қоронғу. Ҳар ҳолда жорий йилги мавсумда жамоа
Тошкентдаги ўз меҳмонхоналарини ўзгартиришга мажбур бўлишган. Гап меҳмонхона
ҳақида кетар экан яна бир мавзуга тўхталиб ўтиш лозим. Клуб футболчилари
“Саёҳат” меҳмонхонасида истиқомад қилган вақтда жамоа раҳбариятининг қистови
билан икки кишилик хонага уч, баъзан тўрт киши туришга мажбур бўлишган. Энди
икки краватнинг ўртасига матрас тўшаб ётган футболчининг ҳолатини кўз
олдингизга келтираверинг. Балки буни ҳам иқтисодий тежамкорлик деб ўйларсиз?
Қорнимга эмас, қадримга...
Футбол шундай
мураккаб ўйинки, унинг қийинчиликларини яшил майдонда тўп сурган инсонгина
билади. Кимларнингдир назнида миллион-миллион пул топаётган футболчи биргина
жароҳати туфайли бор-будини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Клуб томонидан
тўланаётган пулни ўз вақтида олсаку майли. Аммо жамоа раҳбарларининг бугун
бераман, эрта бераман, индин бераман деган ёлғон гапларига учиб, маошсиз қолса
бундан ортиқ азоб йўқ назаримда.
Ҳаммамиз
биламизки клубга ўзининг катта меҳнати синган иқтидорли футболчи Сирожиддин
Сайфиев “Локомотив” билан ўйинда “темирйўлчилар” футболчиси Бобурбек
Йўлдошевнинг қўпол ҳаракати эвазига оёғини синдириб олди. Натижада футболчи
маълум вақт катта футболдан узоқлашишга сабаб бўлди. Майли, бу бир кўнгилсиз
ҳодиса, яшил майдонда бундай ҳолат бўлиб туради деб ўзимизни овунтирайлик. Аммо
клуб раҳбарияти томонидан футболчига ҳеч қандай ёрдам берилмагани, тўланиши
лозим бўлган маошлари шунча вақт ўтган бўлсада ҳамон тўланмаётгани, энг
ачинарлиси ҳатто инсонийлик юзасидан бўлсада бир бора қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол
сўралмаганини қандай тушиниш мумкин.
Яқинда
футболчилик фаолияти давомида жароҳат олиб футболни тарк этган Камолиддин
Кенжаевни қўллаб-қувватлаш мақсадида шоу дастури ўтказилиб, ундан тушган маблағ
футболчининг саломатлигини тиклашга ажратилди. Бу ташаббусни футболчилар қаторида
минглаб қашқадарёлик футбол ишқибозлари ҳам қўллаб-қувватлашди. Бундай хайрли
ишдан нафақат футболчи, балки унинг яқинлари ҳам қанчалик шод бўлганини изоҳлаш
шарт эмас назаримда. Оғир кунга қолган, яқинлари меҳрига ташна бўлиб турган
футболчи учун бундай хайрли ишни қилган инсонни таърифлаш ҳам шарт эмас
назаримда. Қисқаси бу савоб ишга қўл урганларга минг бора раҳмат айтсанг
арзийди.
Аммо Сирожиддин
Сайфиевга келганда “Динамо” раҳбарияти тутаётган иш ҳеч бир куракда турмайди. Олти
ойидан бери ойлик ололмаётган, боз устига жароҳат олиб клубнинг эътиборидан
четда қолган футболчининг кўнглидан нималар ўтаётгани бизга қоронғу. Майли вақт
ўтиши билан бу оғир кунлар ҳам ўтиб кетар. Аммо ўртада инсонийлик оқибатлари
йўқолиб кетаётганлигини унутмайлик.
Аслида эса
футболчилар билан тузиладиган шартномада келтирилган бандда жароҳат олган
футболчи тўлақонли клуб томонидан даволаниши кўзда тутилган. Бироқ клуб
раҳбарияти футболчининг мажбуриятларини талаб қилиб, ўзининг мажбуриятларига
келганда елка сиқишини умуман тушуниб бўлмайди. Минг афсуски бугун Сирожиддин
Сайфиев қаторига ёш ва умидли футболчи Фирдавс Абдусалимовни ҳам қўшишга
мажбурмиз.
Тўғриси, клубда
пул йўқлиги сабабли Сирожиддин Сайфиевнинг маоши ўз вақтида тўланмаётган бўлса
керак деб ўйлагандим. Аммо кейинчалик маълум бўлишича клубда футболчига, унинг
саломатлигига бўлган эътибор умуман йўқ экан. Яна бир бор таъкидлаб ўтишга
мажбурман клуб раҳбарияти, хусусан Фирдавс Каримовнинг ташаббуси билан
футболчиларга ишлатилаётган дори-дармон воситалари алоҳида рўйхат қилиниб,
имкон қадар ушбу харажат қисқартирилиш талаби қўйилибди. Натижада клуб шифокори
ҳар бир футболчига неча сантиметр лекопластер, неча грамм маз, ва бошқа дори
воситалари ишлатилганли тўғрисида алоҳида баённома тузишга мажбур бўлаётганига
тушунмайсан киши. Энг ёмони, ҳеч бир профессионал футбол клуб фаолиятига тўғри
келмайдиган, баъзи футболчилар эшитса куладиган жиҳати шундаки футболчилар
оладиган массажда овқат ёғи ишлатилиши ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Балки
ишонмаслигингиз мумкиндир, аммо кимнингдир яқини, яна кимнингдир дўсти
“Динамо”да тўп тепган бўлса сўрашингиз мумкин. Айнан улар ушбу фикрни
тасдиқлайди.
Мухтасар қилиб
айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ривожланишга юз бурган жамият юксак
малакали, салоҳияти фаол ҳаракатга кўчган раҳбар кадрларга эҳтиёжманд бўлади.
Бироқ, қайсидир раҳбар муайян вазифаларни бажариш ҳақида ваъда берган экан,
ваъдасини бажариши, агар заифлк қилса, ўз ўрнини бўшатиши керак. Боиси битта
заиф раҳбар туфайли минг-минг одам, миллионлаб фуқаро зарар кўриши мумкин. Минг
афсуски бугун нафақат “Динамо” профессионал футбол клуби, балки бутун бошли
Самарқанд футболи ва унинг минглаб ишқибозлари ўша зарарни кўришмоқда.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ