среда, 22 ноября 2017 г.

Шукуровми ёки Шукруллаев: ЎФФ можаронинг сабабига қизиқармикан?!

     Ўзбек футболида икки саволга жавоб топиш жуда мушкул. Бири келишилган ўйинлар бўлса, иккинчиси ёши урилган футболчилар. Аслида икки масалага ҳам виждонан ёндошилса Олий лиганинг сон саноқсиз келишилган ўйинларию, болалар футболида ёши кичрайтирилган минглаб “болалар”ни топиш муаммо эмас. Ҳаммаси масалага виждонан ёндошишда.

       Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Умид Аҳмаджонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилда зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала хусусида тўхталиб ўтганди. Кўтарилган масалалар ичида болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш ва футболчиларнинг ёшларини сохталаштириш каби иллатга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар белгилаб олиниши келтириб ўтилган.
       Янги таркибдаги федерация фаолиятига ҳам икки ойдан ошди. Аммо бу борада бирор бир салмоқли иш олиб борилаётганлиги сезилгани йўқ. Барча ҳамон эскича қарашлар билан юрибди. Айнан шу сабаб ҳам ўтказилаётган мусобақаларда масъулларнинг ўзгармаган қарашлари натижасида болалар футболида ҳам коррупцияю, қинғирликлар, футболчиларнинг ёшларини сохталаштиришу, келишилган ўйинлар авжига чиққан. ЎФФ бундай қарашларга қачон барҳам бериши ҳозирча номаълум.  
     
2-8 ноябр кунлари Фарғона шаҳрида ЎФФ томонидан 2006-2007 йилларда туғилган болалар ўртасида Олий лига қошидаги Болалар ўсмирлар футбол мактаблари биринчилиги ўтказилди. Мазкур турнир ўзининг одатий “анъаналари” билан бошқа мусобақалардан асло фарқ қилгани йўқ. Ҳакамларнинг биз ўрганиб қолган ўша-ўша ҳаракатлари, турнирда қатнашган жамоалар таркибида ёши катта болаларнинг иштироки, ҳакамларнинг кўп ҳолларда мусобақа мезбонига ёрдам бериши ва бошқа ҳолатлар. Хуллас, янгиланган ЎФФнинг ҳам ПФЛнинг ҳам ўзгаргани кўринмаган.  
      Афсус билан айтиш мумкинки, бизда футбол турнирларини ўтказишда ёзилмаган қонун бор. Мусобақа мезбони биринчилик ғолиби бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда кучли учликка кириши шарт! Бутун мусобақа давомида барча ҳаракатлар шунга қаратилади. Ахир, ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деб бежиз айтилмаганку! Афсуски, ЎФФ ташаббуси билан Фарғонада ўтказилган мусобақа ҳам бундан мустасно бўлмади! Ўрганган кўнгил ўртанса, нима қилсин.
       ЎФФнинг Олий лига жамоалари қошидаги футбол мактаблари ўртасидаги биринчиликда иштирок этиши юзасидан юборган хати, шунингдек, мусобақа регламентида турнирда 2006-2007 йилларда туғилган болалар иштирок этиши белгилаб қўйилган. Афсуски, бу борада ҳамма жамоалар ҳам регламентдан келиб чиққан ҳолда иш тутмаган. Аксарият жамоаларда 2-3 нафар, айримларида эса ҳатто 5-6 нафаргача “ўқланган” футболчиларнинг борлиги бизда болалар футболининг савияси ачинарли аҳволда эканлигини яна бир бор намоён қилди.
       Фарғонада ўтказилган мусобақанинг бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Турнирда иштирок этган “Динамо” ва “Шўртан” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг “Динамо” мураббийлари “Шўртан” жамоасида 1-рақамда ҳаракат қилган Сардор Шукуров, 11-рақамда ўйнаган Бунёд Абдурахмонов ва 17-рақамда ҳаракатланган Аброр Рахматуллаевларнинг ёшлари бўйича шубҳа қилиб, ўйин қайдномасига ўз эътирозларини билдиришган.  
       Ушбу масала ЎФФ ходими, Фарғона вилоят футбол федерацияси раҳбари ҳамда иккала жамоа вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилган. Бу борадаги баҳсли вазиятни қуйидаги видео орқали ҳам кўришингиз мумкин.
       Ўрганиш жараёнида “Шўртан” жамоаси мураббийи ўйинга қайдномага киритилмаган футболчини тушурганлиги аниқланганлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Футболчининг исми атайлаб ўзгартирилганми ёки бошқа сабабми бу ҳозирча бизга қоронғу (Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича маълумотлар тўпланмоқда).
       Фарғонада ўтказилган мусобақа давомида “Шўртан” жамоаси билан боғлиқ масала ортидан ўтган йили Навоийда ўтказилган бошқа бир мусобақада иштирокчи жамоалар ўртасида келишилган ўйинлар бўлиб ўтганлиги бизни ажаблантирди. Иккала жамоа мураббийлари билан бўлиб ўтган суҳбатда “Шўртан” жамоаси (клуб қошидаги футбол мактаби назарта тутилмоқда) Самарқанд жамоасига ютқазиб берганини айтган. Энг қизиғи, бу ишга Самарқанд вилоят футбол федерацияси масъулларининг аралашгани бизни ёқа ушлашга мажбур қилди. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин. Ана сизга болалар футболидаги найрангбозлик. Мана сизга болалар футболининг бугунги аҳволи.
       Ўзбекистон футбол федерациясида футболдаги коррупцияни олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди дейилганига ҳам кўп бўлди. ЎФФ президентининг шахсан назоратида бўладиган бўлинма қочон ўз фаолиятини бошлайди? Иш бошланганидан сўнг ўша қўмита виждонан иш юритишига ким кафолат бера олади. Хуллас, саволлар кўп.
Олий лига 29-турида Қаршида “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўйини ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Унинг ортидан чиқарилган қарорларнику айтмаса ҳам бўлади. Ўша ўйинда ҳаракат қилган ва гол урган Бобур Абдухолиқовга оид қизиқ воқеа юзасидан журналист Нодирхўжа Йўлдошев қуйидагича изоҳ қолдирган эди: “Агар "Бунёдкор" скаутлари уни кўриб Тошкентга олиб кетаман демаганларида ҳозир уни кўрмаётган бўлар эдик-ми? Бундан бир неча йил аввал тайёрлов гуруҳи мусобақасида ёши тоза бўлгани учун катталар ичида захирада ўтирарди. Лекин шундай бўлсада, "Бунёдкор" скаутларини назарига тушган. Ота-онаси билан гаплашиб иш ҳал қилинганида “Насаф” бекорга у назарга тушмаган бўлса керак деб, отаси билан келишиб клубда олиб қолган ва секин аста иккинчи лигага “заявка” қилган. Кейин дублга, мана асосий таркибда бугун авжига чиқди. Аслида бундай йўқ бўлиб кетган ўйинчилар қанча?
   Дарҳақиқат, болалар футболидаги анашундай қинғирликлар сабаб бугун ҳақиқатда истеъдодли болалар эътибордан четда қолиб кетмаяптими? Қанчадан-қанча иқтидор эгалари мураббийларнинг қурбонига айланмаяптими? 
   Эътиборингизни “Динамо” ва “Шўртан” мураббийлари ўртасида бўлиб ўтган яна бир суҳбатга қаратмоқчиман. Суҳбатда мусобақада иштирок этган “Бухоро” жамоаси вакилларида 2003-2004 йилда туғилган болалар ҳам борлиги айтиб ўтилган. Бундан кўриниб турибдики, биз юқорида тилга олганимиздек, кўплаб жамоаларда ёши кичрайтирилган футболчилар иштирок этган. Фақат қайси жамоада нечтадан ёши кичрайтирилган футболчилар ўйнагани ҳозирча номаълум. Ҳарҳолда, суҳбатда ёши катта болалар борлиги аниқ айтиб ўтилган. Бу борадаги аудиоёзувни ушбу манба орқали тинглашингиз мумкин.
Футбол ўйнаш, уни бошқариш учун ақл керак. Ўша ақлни ишлатиш учун эса юрак. Агар бошқарув юраги йўқ  инсонлар қўлига ўтадиган бўлса, футбол ўлади. Ўйлаймизки, Ўзбекистон футбол федерациясининг масъуллари томонидан Фарғонада ўтказилган мусобақа ва у билан боғлиқ барча ҳолатлар тўлиқ ўрганиб чиқилади. Бу жараёнга имкон бўлса журналистларни ҳам жалб этган ҳолда, вазият холис ва адолатли кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Яна бир гап. Ҳисобида миллиардлаб маблағи бўлган федерация наҳотки болалар иштирокидаги мусобақага бадал пули талаб қилса. Фарғонада ўтказилган мусобақага 700.000 сўм маблағ бадал пули қўйганини очиғи тушуниш қийин. Болалар футболи учун 5-10 миллион пул наҳотки арзимаса? Ахир, болалар бизнинг келажагимиз эмасми? (Бу мавзуга ҳали қайтамиз)
Хулоса ўрнида болалар футболи ҳақида сўз кетганда доимо эсланадиган гапни яна бир бор ёдга олмоқчиман. Футбол афсонаси Пеле бутун умрини  бахш қилган ўйин билан хайрлашув пайтида: “Болаларни асранг!” деганди. Бу иборани тагида чуқур маъно бор.
Болаларни асранг, футболга мурғак нигоҳ билан боқаётган болаларни...
Ҳакамнинг таъсири сабаб мағлубиятга учраган ҳамда кўзига ёш олган болаларни ...

Давоми бор...

Фарҳод НОРБЎТАЕВ
журналист